Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.05.2017 й. ПҚ-2996-сон "Касаначиликни янада ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.05.2017 й.

N ПҚ-2996



КАСАНАЧИЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

УЧУН ҚУЛАЙ ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Банд бўлмаган аҳолини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб қилишнинг самарали воситаларидан бири бўлган касаначиликни янада ривожлантириш ҳамда замонавий машина, асбоб-ускуналар, хом ашё ва материалларни харид қилиш учун молиявий ресурслар билан фойдаланишни кенгайтириш орқали оила бюджетлари даромадларини кўпайтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Марказий банки, Молия вазирлиги ва тижорат банкларининг Тошкент шаҳрида тижорат банклари томонидан "Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум" масъулияти чекланган жамиятини (кейинги ўринларда Консорциум деб юритилади) 50,0 млрд сўмлик бошланғич устав капитали билан ташкил этиш ва уни иштирокчилари орасида 1-иловага мувофиқ тақсимлаш борасидаги таклифлари маққуллансин.


2. Консорциумга:

мазкур қарорнинг 2-иловасида келтирилган рўйхатга мувофиқ замонавий машина, асбоб-ускуналар, хом ашё ва материалларни харид қилишга касаначи ва (ёки) касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи корхоналарга заёмларни ажратиш;

мазкур қарорнинг 2-иловасида келтирилган касаначилик турлари бўйича уй шароитида маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) ишлаб чиқариш учун маркетинг амалга ошириш ва буюртмачиларни топиш вазифалари билан таркибий бўлинмаларини ҳамда касаначи ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи ташкилотлар ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатишни таъминлаш бўйича - Тошкент шаҳрининг барча туманларида филиалларни ташкил этиш;

амалга оширилаётган иш ҳажмларига мувофиқ Консорциумнинг таркибий бўлинмалари ходимлари сонини мустақил белгилаш;

касаначилар ва касана маҳсулотларини ишлаб чиқаришга буюртма берувчи ташкилотлар билан маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш борасидаги шартномаларни тузиш ҳуқуқлари берилсин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

касаначиларга замонавий машина, асбоб-ускуналар, хом ашё ва материалларни харид қилиш учун займларни ажратиш сотиб олинаётган товарларнинг кафилликка олиш орқали амалга оширилади;

2017 йилнинг 1 июлидан бошлаб касаначилар учун жисмоний шахсларга қўлланиладиган даромад солиғи қатъий 7,5 фоиз миқдорида белгиланади.


4. Консорциумни барча турдаги солиқлар тўлашдан озод этилиб, бўшаётган маблағларни устав жамғармасини тўлдирилишига йўналтирсин.

5. Тошкент шаҳри ҳокимияти манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда Консорциумга фаолиятини ташкил этиш ва келгусида амалга ошириш масалаларида амалий ёрдам кўрсатсин.


6. Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент шаҳри ҳокимияти икки ҳафта муддатида Консорциум ва унинг туман филиалларини жойлаштириш учун бино ва хоналарни ажратиш борасида таклифлар киритсин.


7. "Маҳалла" хайрия жамоат жамғармаси ва фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари:

касаначилар билан корхоналар ўртасида ўзаро иқтисодий ҳамкорлик борасидаги, шу жумладан корхоналар буюртмаларини уй шароитларида бажариш истагини билдирувчи маҳаллалар аҳолисини аниқлаш фаолиятини жадаллаштиришни;

аҳоли орасида касаначилик афзалликларини тушунтириш бўйича жадал тарғибот ишларини амалга оширилишини таъминласинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Иқтисодиёт вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда Консорциум иштирокчилари билан биргаликда касаначиларга замонавий машина, асбоб-ускуналар, хом ашё ва материалларни харид қилиш учун займларни тақдим этиш тартиботлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиб бир ойлик муддатда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритсин.


9. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги босма ва электрон оммавий ахборот воситаларни, шу жумладан Интернет умумжахон ахборот тармоғини кенг жалб қилган ҳолда мазкур қарорнинг мақсади ва вазифаларини аҳоли орасида тизимли равишда мунтазам ва хар томонлама ёритиб борилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Иқтисодиёт вазирлиги ва Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 24 майдаги

ПҚ-2996-сонли қарорига

1-ИЛОВА



"Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум"

масъулияти чекланган жамиятининг иштирокчилари

таркиби ҳамда уларнинг устав капиталидаги

УЛУШИ

Т/р

Консорциум иштирокчилари


Иштирокчилар улуши


млрд сўм


улуш, фоизда


1.

Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки


7,5

15,0

2.

"Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ


7,5

15,0

3.

"Асака" АТБ


7,5

15,0

4.

"Ипотека-банк" АТИБ


7,5

15,0

5.

АТ "Халқ банки"


5,0

10,0

6.

"Микрокредитбанк" АТБ


5,0

10,0

7.

"Турон банк" АТБ


5,0

10,0

8.

"Алоқа банк" АТБ


5,0

10,0

Жами:


50,0

100%

       





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 24 майдаги

ПҚ-2996-сонли қарорига

2-ИЛОВА



"Касаначиликни қўллаб-қувватлаш бўйича Консорциум"

масъулияти чекланган жамияти томонидан ажратиладиган

заёмлар эвазига ташкил этиладиган касаначилик турлари

РЎЙХАТИ


1. Тўқима ва трикотаж маҳсулотларни ишлаб чиқариш.


2. Галантерея (атторлик) маҳсулотларини ишлаб чиқариш.


3. Қандолат ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш.


4. Мебель маҳсулотларини ишлаб чиқариш.


5. Электротехника маҳсулотларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш.


6. Боғдорчилик ва ободонлаштириш хизматлари.



"Халқ сўзи", 2017 йил 26 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 29 май, 21-сон, 390-модда