Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Молия органлари ва давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларни кўпайтиришга ва солиқ солинадиган базани кенгайтиришга йўналтирилган ишларини такомиллаштириш борасидаги фаолиятини тартибга солиш ва ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида Вақтинчалик низом (ЎзР ВМ 29.06.2017 й. 445-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 29 июндаги

445-сон қарорига

1-ИЛОВА



Молия органлари ва давлат солиқ хизмати

органлари, шунингдек маҳаллий ижро этувчи

ҳокимият органларининг Ўзбекистон Республикаси

Давлат бюджетига тушумларни кўпайтиришга ва солиқ

солинадиган базани кенгайтиришга йўналтирилган ишларини

такомиллаштириш борасидаги фаолиятини тартибга солиш

ва ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Вақтинчалик низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 7 июндаги ПФ-5075-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет ваколатларини кенгайтириш ва маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги масъулиятини ошириш тўғрисида" 2017 йил 7 июндаги ПҚ-3042-сон қарорига мувофиқ маҳаллий бюджетлар даромадлари параметрларининг сўзсиз бажарилиши бўйича молия органлари, давлат солиқ хизмати органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлик қилишини тартибга солади ва вазифаларини белгилайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги марказий аппаратининг малакали мутахассислари томонидан ҳар ойда жойларга чиққан ҳолда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши динамикаси ва тенденцияларидан келиб чиқиб қўшимча захираларни излаш натижалари ва шу асосда туман бюджетининг даромад базасини кенгайтириш ҳисобга олинган ҳолда бюджетлар даромадларининг аниқлаштирилган прогноз параметрлари шакллантирилади ҳамда ижро учун туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг молия бўлимларига (кейинги ўринларда молия бўлимлари деб аталади) юборилади.


3. Мазкур Вақтинчалик низомнинг бажарилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси асосий эътиборни солиқ тўловчилар - жисмоний ва юридик шахслар фаолияти устидан назоратни жойига чиққан ҳолда амалга оширадиган мансабдор шахсларга ҳар куни йўл-йўриқ беришни, лавозим ваколатлари шахсий бойлик орттириш мақсадида суиистеъмол қилиниши, шунингдек қисқа муддатли текширишлар ўтказишда функционал мажбуриятларга риоя этилмаслик ҳолатларини бартараф этиш ва қонунчилик доирасида қатъий жазолашни ўз ичига қамраб олувчи коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда тизимли назорат қилади ҳамда давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг шахсий масъулиятини кучайтириш чора-тадбирларини амалга оширади.



2-БОБ. МОЛИЯ ОРГАНЛАРИ ВА ДАВЛАТ

СОЛИҚ ХИЗМАТИ ОРГАНЛАРИНИНГ ЎЗАРО

ҲАМКОРЛИГИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


4. Маҳаллий бюджетлар даромадлар қисмини шакллантириш масалалари бўйича молия бўлими раҳбарининг ўринбосари ҳар ойда ишлаб чиқариш динамикаси ва тенденцияларига, ҳажмларининг ўзгаришига, янги ишлаб чиқариш қувватлари очилишига ва солиқ тўловчиларнинг сонини танқидий баҳолашга асосланган баҳолаш кўрсаткичлари тизимидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва мажбурий ажратмалар тушумлари прогнозининг ҳисоб-китобини амалга оширади.


5. Маҳаллий бюджетнинг прогноз параметрларини ишлаб чиқишда молия бўлимлари аниқланган қўшимча тушумлар манбаини, шу жумладан аниқланган тадбиркорлик субъектларини, шунингдек туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясининг маълумотлар базасида ҳисобга олинмаган солиқ солиш объектларини ҳам ҳисобга олади.


6. Молия бўлими раҳбари ҳар чоракда ойма ой тақсимланган маҳаллий бюджет параметрлари прогнозини тасдиқлатиш учун туманлар ҳокимларига киритади, кейинчалик туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияларига ижро этиш учун етказади.


7. Туманлар молия органлари ва давлат солиқ хизмати органларининг ўзаро ҳамкорлиги ўзаро ҳамкорлик йўналишлари, масъул ходимлар ва ойма ой тақсимланган маҳаллий бюджет даромадлари параметрларининг прогнози илова қилинган ўзаро ҳамкорлик натижалари бўйича тайёрланадиган ҳужжатлар шакллари белгиланган туман (шаҳар) молия бўлим ва давлат солиқ инспекциясининг қўшма буйруғи асосида ташкил этилади.


8. Туманлар молия органлари ва давлат солиқ хизмати органларининг ўзаро ҳамкорлиги:

жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи тўловчиларни ва тушумларни тўлиқ қамраб олишни;

бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятидан, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган солиқ тушумларини тўлиқ қамраб олишни;

инвестиция лойиҳаларини, Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан тушумларни оширишни;

фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклаш ҳамда паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг молиявий аҳволини яхшилашни;

дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг ўсишини қисқартиришни ва маҳаллий бюджетларга тушумларни оширишни таъминлаш ишларини олиб бориш доирасида амалга оширилади.


9. Туман молия бўлими ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясининг ҳудудий бошқармалари ходимлари мониторинг натижалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими биринчи ўринбосарига аниқланган қўшимча захиралар тўғрисидаги ахборотларни алоҳида шакл бўйича ёзма ёки электрон тарзда тақдим этадилар. Бир вақтнинг ўзида солиқлар ва тўловлар манбалари, тўловчилар, ҳисобга олинмаган солиқ солиш объектлари, шунингдек давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари бўйича аниқланган захиралар тўғрисидаги маълумотлар туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияларига тўловларни ундириш ва ҳисобга қўйиш чораларини кўриш учун юборилади.

10. Молия бўлимлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси аниқланган қўшимча манбаларни солиқ солиш базасига киритиш бўйича барча чораларни кўради ва кўрилган чоралар бўйича алоҳида шаклда маълумотларни ёзма тарзда ёки электрон шаклда молия бўлимига тақдим этади.


11. Молия органлари ва давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек иқтисодий комплекснинг бошқа бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш учун туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари томонидан мазкур Вақтинчалик низом ижросини таъминлаш учун ҳар куни тезкор хизмат йиғилишлари ўтказилади.



3-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН ОЛИНАДИГАН

МОЛ-МУЛК СОЛИҒИ ВА ЕР СОЛИҒИ ТЎЛОВЧИЛАРНИ

ТЎЛИҚ ҚАМРАБ ОЛИШ ВА ТУШУМЛАР ТУШИШИНИ

ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


12. Давлат солиқ хизмати органлари ва молия бўлими ходимлари бир иш кун давомида жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқларнинг тўланишини назорат қилиш мақсадида 25 тадан кам бўлмаган объектларни бориб кўради.


13. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси деб аталади) туман органларида ҳисобга олинмаган жисмоний шахсларнинг объектлари ва ер участкалари аниқланган ҳолларда, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциялари уларни кейинчалик ҳисобга қўйиш учун кўрсатилган органларга ахборот тақдим этади.


14. Ташкилот ходимларининг жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан қарздорликлари мавжуд бўлганда, туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси томонидан қарздорлар рўйхати шакллантирилади ва кейинчалик солиқ қарзини белгиланган тартибда ундириш юзасидан ёрдам кўрсатиш учун ушбу ташкилотларга ёки уларнинг юқори органларига юборилади.



4-БОБ. БОЗОРЛАР ВА САВДО КОМПЛЕКСЛАРИ

ФАОЛИЯТИДАН ТУШАДИГАН ТУШУМЛАРНИ

ТЎЛИҚ ҚАМРАБ ОЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


15. Давлат солиқ хизмати органлари ва молия бўлимлари ходимлари томонидан бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва бошқа тўловларнинг автоматлаштирилган банк тизимлари орқали тўлиқ тушиши мақсадида ҳар куни битта бозор ва савдо комплексида савдо жойларининг сотувчилар билан тўлиқ бандлиги кузатиб борилади ва ҳисоб-китоб қилинади.


16. Бозорларнинг тушумлари камайган ҳолларда давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан нақд пул тушуми тушишининг хронометражи ташкил этилади, тушумларнинг пасайиб кетиши сабаблари аниқланади ва қўшимча маблағлар тушумлари бўйича зарур чоралар кўрилади.


17. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлардан тушадиган тушумларни қамраб олиш бўйича қуйидаги чораларни амалга оширадилар:

бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ундирилиши устидан белгиланган тартибда назорат ўрнатадилар;

нақд пул тушуми тўлиқ тушишини таъминлаш мақсадида савдо ва хизмат кўрсатиш (3тадан кам бўлмаган) объектларида хронометраж ташкил этадилар;

деҳқон бозорларида қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларига сунъий равишда нархларни оширишга йўл қўймаслик бўйича назорат тадбирларини ўтказадилар;

бозорлар ва савдо комплексларида сифатсиз, қалбакилаштирилган (сохта) ёки контрабанда товарларини тайёрлаш ва сотишга йўл қўймаслик бўйича назоратни амалга оширадилар ва текширишларни ташкил қиладилар.


18. Давлат солиқ хизмати органлари ва молия бўлимлари ходимлари томонидан, шунингдек қуйидагиларни аниқлаш бўйича қўшма тадбирлар амалга оширилади:

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси органларида рўйхатга олинмаган нотурар жой объектларини аниқлаш ва кейинчалик уларни солиқ солиш объекти сифатида ҳисобга қўйиш;

бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудларида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахсларни аниқлаш ҳамда уларни солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйишни таъминлаш;

бозор ва савдо комплексига туташ ҳудудларда автотўхташ жойларини аниқлаш ва туман (шаҳар) ҳокимига автотўхташ жойларини бозорлар ва савдо комплексларининг таркибига ўтказиш бўйича тегишли қарор қабул қилиш тўғрисида таклиф киритиш.



5-БОБ. ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОРЛАРДАН

ОЛИНАДИГАН ҚАТЪИЙ БЕЛГИЛАНГАН СОЛИҚ

ТУШУМЛАРИНИНГ ТЎЛИҚ ТУШИШИНИ

ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


19. Давлат солиқ хизмати органлари ва молия бўлими ходимлари якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган тўловлар тушумини назорат қилиш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширадилар:

қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадали тушишини таъминлайдилар;

ҳар куни қатъий белгиланган солиқ ва суғурта бадалларидан қарзи мавжуд бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар (3 тадан кам бўлмаган) билан профилактик суҳбат ўтказадилар, шунингдек мазкур қарзларни ундириш чораларини кўрадилар;

ҳар куни фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишнинг мавжудлиги юзасидан (3 тадан кам бўлмаган) уларни кузатадилар.


20. Ҳафта давомида давлат солиқ хизмати органлари ва молия бўлими ходимлари:

якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилмаган ёлланма (камида 2 нафар) ходимларини аниқлайдилар ва уларни ҳисобга қўйишни таъминлайдилар;

фаолиятини вақтинча тўхтатган (камида 2 нафар) якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини қайта тиклаш юзасидан кўмаклашадилар;

солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида йирик миқдордаги пул айланмаларини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг (камида 2 нафар) фаолиятини таҳлил қиладилар;

расмий рўйхатдан ўтган фаолият турига мос келмайдиган фаолият билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларни (камида 2 нафар) аниқлайдилар ва уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган таъсир чораларини кўрадилар;

жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни белгиланган муддатларда ва тартибда давлат солиқ хизмати органларига тақдим этмаган, шунингдек ушбу даромадлари тўғрисидаги декларация бўйича ҳисобланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаларини тўламаган жисмоний шахсларнинг рўйхатини шакллантиради ҳамда белгиланган тартибда солиқ қарзини ундириш ва айбдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиш чораларини кўради.



6-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ЛОЙИҲАЛАРИНИ ВА

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИ ДОИРАСИДАГИ

ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ҲИСОБИГА

ТУШУМЛАРНИ КЎПАЙТИРИШНИ ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


21. Инвестиция лойиҳалари ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига маҳаллий бюджетларга тушумларни кўпайтириш юзасидан ўзаро ҳамкорлик доирасида давлат солиқ хизмати органлари ва молия бўлимлари ходимлари тегишли йил учун тасдиқланган инвестиция лойиҳалари ва Маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги лойиҳаларнинг бажарилишини назорат қилиш бўйича туман (шаҳар) иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимларига ҳар томонлама кўмаклашадилар.


22. Давлат солиқ хизмати органлари ва молия бўлимлари ходимлари инвестиция лойиҳалари ва маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг амалга оширилиши устидан назорат қилишга кўмаклашиш доирасида бир иш куни давомида ўртача 2 та объектларни ўрганади.


23. Туман (шаҳар) молия бўлимлари ҳамда иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари инвестиция лойиҳалари ва маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг бажарилмаётганлиги, ортда қолаётганлиги сабабларини ўрганадилар ва ўрганиш якунлари бўйича қолоқликнинг ўрнини тўлдириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар қабул қилиш учун туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосарига аниқ таклифлар киритадилар.


24. Туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари лойиҳа ташаббускорлари, шунингдек туман (шаҳар) тижорат банклари, молия бўлимлари, иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари билан биргаликда аниқлаштирилган тармоқ жадвалларининг бажарилиши, шунингдек тегишли қувватларнинг ишга туширилиши устидан таъсирчан мониторинг ўрнатади.



7-БОБ. ФАОЛИЯТ КЎРСАТМАЁТГАН КОРХОНАЛАРНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТИКЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


25. Давлат солиқ инспекцияси ходимлари бир иш куни давомида фаолият кўрсатмаётган корхоналарга (камида 2 та) борадилар ва ўрганадилар ҳамда ўрганиш якуни бўйича мазкур корхоналарнинг рўйхатини тузадилар, уларнинг фаолияти бўйича материалларни йиғадилар ва туман (шаҳар) молия бўлимларига ҳамда иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимларига тақдим этадилар.


26. Туман (шаҳар) молия бўлимлари ҳамда иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари корхоналарнинг фаолият юритмаслик сабабларини аниқлайдилар ва улар фаолиятини тиклаш бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосарига аниқ таклифлар киритадилар.


27. Туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари корхона муассислари, шунингдек банк, иқтисодиёт ва молия органлари билан биргаликда фаолият кўрсатмаётган корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини тиклаш чора-тадбирларини ташкил этадилар ва уларнинг амалга оширилиши устидан таъсирчан мониторинг ўрнатадилар.


28. Туманлар (шаҳарлар) молия бўлимлари ва давлат солиқ инспекциялари Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий органларига қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорларини аниқлашда, кейинчалик уларнинг рўйхатини шакллантириш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 23 февралдаги ПҚ-2796-сон қарори билан ташкил этилган қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини хатловдан ўтказиш ҳамда аниқлаш бўйича Идоралараро комиссияга (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) киритишда кўмаклашадилар.


29. Туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекциялари қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари мулкдорлари томонидан инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаганлиги тўғрисида Комиссия хулосаси асосида:

солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллайдиган қурилиши тугалланмаган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари - юридик шахсларнинг солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтишини;

ўзларига тегишли қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдорлари - юридик ва жисмоний шахслар томонидан мол-мулк солиғини ва ер солиғини икки карра оширилган ставка бўйича тўлашларини таъминлайдилар.



8-БОБ. ПАСТ РЕНТАБЕЛЛИ ВА ЗАРАР

КЎРИБ ИШЛАЁТГАН КОРХОНАЛАРНИНГ

МОЛИЯВИЙ АҲВОЛИНИ СОҒЛОМЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


30. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари тегишли тадбиркорлик субъектларининг молиявий ҳисоботларини таҳлил қилиш якунлари бўйича паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг рўйхатини тузадилар, уларнинг фаолияти бўйича материалларни йиғадилар ва туман (шаҳар) молия бўлимлари ҳамда иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимларига ахборот тақдим этадилар.


31. Туманлар (шаҳарлар) молия бўлимлари ҳамда иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари давлат солиқ инспекцияси томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича корхоналар фаолиятининг паст рентабеллиги ва зарар кўриб ишлаши сабабларини ўрганиб, кейинчалик туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосарига уларнинг молиявий аҳволини яхшилашни назарда тутувчи аниқ таклифлар киритадилар.


32. Туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари паст рентабелли ва зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг муассислари ва раҳбарияти, шунингдек бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда уларни молиявий соғломлаштириш чораларини кўради.



9-БОБ. ДЕБИТОРЛИК ВА КРЕДИТОРЛИК ҚАРЗЛАРНИНГ

ЎСИШИНИ ҚИСҚАРТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ


33. Туманлар (шаҳарлар) молия бўлимлари ва давлат солиқ инспекциялари томонидан ҳар кунлик асосида:

хўжалик юритувчи субъектларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ҳолати таҳлил қилинади ва уларни қисқартириш бўйича амалий чоралар кўрилади;

айрим хўжалик юритувчи субъектларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини қисқартириш ишлари амалга оширилади;

етказиб берилган энергия ресурслари учун тўловларни тўлиқ ундириш ва нореал қарзлар ҳосил бўлиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган корхоналарнинг ўзаро ҳисоб-китоблари тизимини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.


34. Амалга оширилган ишлар натижаси бўйича маълумот ва таклифлар ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш бўйича Республика комиссияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2004 йил 14 апрелдаги 182-сон қарори билан ташкил этилган тегишли муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш ҳудудий комиссияларига кўриб чиқиш учун киритилади.


35. Тегишли муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш ва бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш ҳудудий комиссияси ҳар ойда тармоқлар ва туман (шаҳар)лар бўйича дебиторлик ва кредиторлик қарзларнинг ҳолатини, шунингдек туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари таклифларини кўриб чиқади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари, молия бўлимлари ва давлат солиқ инспекциялари билан биргаликда дебиторлик ва кредиторлик қарзларни ўсишига йўл қўймаслик йўли билан бюджет параметрлари устидан мониторинг олиб боради.



10-БОБ. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРГА СОЛИҚ

МАЖБУРИЯТЛАРИНИ БАЖАРИШДА ЁРДАМ

КЎРСАТИШ ВА ТЎЛОВ ИНТИЗОМИНИ

МУСТАҲКАМЛАШ


36. Туманлар (шаҳарлар) молия бўлимлари ва давлат солиқ инспекциялари давлат хизматларини кўрсатиш йўли билан, шу жумладан ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида тадбиркорлик субъектларига солиқ мажбуриятларини бажаришда ёрдам берадилар.


37. Солиқ тўловчиларга солиқ солиш ва солиқ мажбуриятларининг бажарилиши билан боғлиқ бўлган, мавжуд солиқ имтиёзлари ва переференциялари тўғрисидаги маълумотлар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан кенг тушунтириш ишларини олиб бориш, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар орқали етказилади.


38. Туманлар (шаҳарлар) молия бўлимлари ва давлат солиқ инспекциялари маҳаллаларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига солиқ солиш масалалари юзасидан маслаҳатлар берадилар, солиқ тушумлари моҳиятини ва солиқ мажбуриятлари бажарилишини тушунтирадилар.



11-БОБ. ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ ИЖРОСИ

ЮЗАСИДАН ЖАВОБГАРЛИК ВА НАЗОРАТ


39. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри молия органлари ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳудуд бўйича амалга оширилган ишларнинг умумлашган маълумоти ҳар куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига тақдим этилади.


40. Мазкур Вақтинчалик низом талаблари ижроси юзасидан жавобгарлик ва назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига юклатилади.


41. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳар ойда мазкур Вақтинчалик низомнинг бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 июль, 27-сон, 614-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2017 йил, 6-сон, 125-модда