Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.07.2017 й. 455-сон "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйларида яшайдиган ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.07.2017 й.

N 455



"МУРУВВАТ" ВА "САХОВАТ" ИНТЕРНАТ УЙЛАРИДА

ЯШАЙДИГАН   НОГИРОНЛИГИ   БЎЛГАН   ШАХСЛАР

ВА КЕКСАЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИ

ЯНАДА КУЧАЙТИРИШЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


"Мурувват" ва "Саховат" интернат уйларида яшайдиган ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни (кейинги ўринларда ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар деб аталади) ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг таклифларига биноан "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш Республика васийлик кенгаши (кейинги ўринларда Республика васийлик кенгаши деб аталади) ва юридик шахс ташкил этмасдан Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ташкил қилинганлиги;

Жамғарма маблағлари хайрия эҳсонлари, техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар) ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига шакллантирилиши;

Жамғарма маблағларидан "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйларини, ижтимоий, тиббий ва маданий-маиший хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, яшаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ҳар хил маданий тадбирлар, танловлар, спорт мусобақалари, семинарлар ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа мақсадлар учун фойдаланилиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйларини қўллаб-қувватлаш ҳудудий васийлик кенгашлари (кейинги ўринларда ҳудудий васийлик кенгашлари деб аталади) ташкил қилиш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин.


3. Белгилаб қўйилсинки, Республика васийлик кенгаши Жамғармани бошқарувчи ҳамда ҳудудий васийлик кенгашлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.


4. Қуйидагилар Республика васийлик кенгаши ва ҳудудий васийлик кенгашларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга;

"Мурувват" ва "Саховат" интернат уйларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, бинолари ва ҳудудларини ободонлаштиришга, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган тадбирларни молиялаштириш ва амалга оширишга;

"Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини жадал ривожлантиришни таъминлаш учун Жамғармага хайрия эҳсонлари, техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар) ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағларни жалб қилишга;

ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун ҳар хил маданий ва хайрия тадбирлари (хайрия концертлари, республиканинг маданий-тарихий диққатга сазовор жойларига экскурсиялар, театрлаштирилган ва цирк томошалари, маданият ва санъатнинг машҳур намояндалари билан учрашувлар), танловлар ва спорт мусобақалари тайёрлашга;

Жамғарма маблағларини бошқаришга, улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилишни таъминлашга;

"Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолияти сифати ва самарадорлигини оширишга, ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга, шу жумладан "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилашга, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш юзасидан таклифлар тайёрлашга;

ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг самарали ва замонавий талабларга жавоб берадиган тизимини яратишга;

манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларни "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тадбирларга жалб қилишга;

болаларни оилада тарбиялашнинг ўрни ва аҳамияти тўғрисида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали маърифий ишлар олиб боришга;

"Мурувват" интернат уйларида интеллектуал ривожланишда ижобий динамика кузатилаётган ногиронлиги бўлган шахсларда меҳнат кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган замонавий шакл ва усулларни жорий қилишга кўмаклашиш.

5. Қуйидагилар:

"Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш Республика васийлик кенгаши тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

"Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳудудий васийлик кенгашлари тўғрисида намунавий низом 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва Республика васийлик кенгашининг:

айрим ногиронлиги бўлган болалар "Мурувват" интернат уйларида олдин ногиронлиги бўлган болалар "Мурувват" интернат уйларида тарбияланган 18 ва ундан катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг руҳий ва жисмоний ривожланиши ва ҳолати хусусиятларини инобатга олиб улар учун бўлимлар ташкил қилиш;

тижорат банкида ҳисоб рақамига эга бўлган Тошкент шаҳар 2-сон ногиронлиги бўлган болалар "Мурувват" интернат уйида ижтимоий шериклик доирасида махсус бўлим ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. Интеллектуал ривожланишда ижобий динамикага эга бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахсларни кейинчалик жамиятга интеграция қилиш учун уларнинг мустақил ҳаётий ва меҳнат кўникмаларини ривожлантириш орқали уларни ижтимоий ва касбий реабилитация қилиш тадбирларини амалга ошириш бўлимнинг асосий мақсади ҳисобланади.

7. Белгилансинки:

Республика васийлик кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан;

ҳудудий васийлик кенгашларининг таркиблари Республика васийлик кенгаши билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан тасдиқланади;

"Мурувват" ва "Саховат" интернат уйларида даволаш-меҳнат терапиясини амалга ошириш ва реабилитация қилиш мақсадида юридик шахс ташкил этмасдан даволаш-ишлаб чиқариш (меҳнат) цехлари, устахоналар ва ёрдамчи хўжаликлар ташкил этилиши мумкин, уларнинг товарларини сотишдан олинган даромадлар интернат уйларнинг алоҳида бюджетдан ташқари ғазначилик шахсий ҳисоб рақамларида жамланади ва улардан (товарларни ишлаб чиқариш ва сотиш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш бўйича жами харажатларнинг ўрни тўлдирилгандан кейин) қаттиқ ва юмшоқ инвентарь сотиб олиш, шунингдек "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйларининг бошқа эҳтиёжлари учун фойдаланилади.

Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг ҳисоб рақамларида жамланадиган маблағларидан, шу жумладан тижорат банкида очилган хорижий валютадаги ҳисоб рақамидаги маблағларидан танлов (тендер), электрон савдолар ўтказмасдан ва Республика товар-хом ашё биржасининг махсус электрон порталида эълонларни жойлаштирмасдан Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан ўтказиладиган энг яхши таклифларни танлаш асосида Республика васийлик кенгашининг қарорларига мувофиқ фойдаланилади.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари икки ҳафта муддатда Республика васийлик кенгаши билан келишган ҳолда "Мурувват" ва "Саховат" интернат уйлари ҳудудий васийлик кенгашларининг таркиби ва низомини тасдиқласинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                            А. Арипов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 10 июль, 27-сон, 619-модда