Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Давлат экспертизаси ҳудудий бошқармаси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 01.08.2017 й. 571-сон қарорига 8-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 августдаги

571-сон қарорига

8-ИЛОВА



Давлат экспертизаси ҳудудий бошқармаси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Давлат экспертизаси ҳудудий бошқармасининг (кейинги ўринларда Ҳудудий бошқарма деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқларини ҳамда фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Ҳудудий бошқарма Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг (кейинги ўринларда Давархитектқурилиш деб аталади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади, ўз фаолиятида Давархитектқурилишга, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Архитектура ва қурилиш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри архитектура ва қурилиш бош бошқармаларига бўйсунади ва ҳисобот беради.


3. Ҳудудий бошқарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда Давархитектқурилишнинг қарорлари ва буйруқларига амал қилади.


4. Ҳудудий бошқарма юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, банкда ҳисоб рақамларига эга бўлади.



2-БОБ. ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Ҳудудий бошқарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

марказлаштирилган манбалар ҳисобига амалга ошириладиган шаҳарсозлик ҳужжатларининг, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобига объектлар қурилишининг техник-иқтисодий асосларини ва техник-иқтисодий ҳисобларининг мустаҳкамликка, ёнғин ва портлаш хавфсизлиги ҳамда шаҳарсозлик, ижтимоий, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, ёқилғи-энергетика, хом ашё ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланилиши, лойиҳа ечимларининг амалдаги нормативлар ва стандартларга мувофиқлиги юзасидан белгиланган тартибда давлат экспертизаси ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлаш;

архитектура-режалаштириш ва шаҳарсозлик ечимлари даражасини ошириш;

лойиҳалаштириш ишларини ва қурилиш ишлаб чиқаришини такомиллаштириш ҳамда лойиҳалаштириш ва шаҳарсозлик соҳасидаги илғор тажрибани ўрганиш ва оммалаштириш;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачилар, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги шаҳарсозлик ҳужжатларига оид келишмовчиликларни кўриб чиқиш.


6. Ҳудудий бошқарма ўзига юкланган вазифалар доирасида қуйидаги функцияларни амалга оширади:

мулкчилик шаклларидан ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, техник-иқтисодий асосларни ва техник-иқтисодий ҳисобларни, корхоналар, бинолар, иншоотлар, муҳандислик тармоқлари ва йўл қурилиши объектларини қуриш, кенгайтириш ва реконструкция қилишга доир лойиҳалаштириш ҳужжатларини, қишлоқ аҳоли яшаш жойлари ва шаҳар типидаги аҳоли яшаш жойларининг лойиҳалаштириш-режалаштириш ҳужжатларини белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказади;

экспертиза натижаларини умумлаштиради, улар тўғрисида Давархитектқурилишнинг Лойиҳаолди ва шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бошқармасини хабардор қилади, шаҳарсозлик ҳужжатларини ва экспертизани такомиллаштириш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритади;

шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар томонидан ишлаб чиқилган шаҳарсозлик ҳужжатлари юзасидан хулосалар беради;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачиларга шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишда (қайта ишлаб чиқишда), уларни экспертизадан ўтказишда ҳамда инвестиция фаолиятининг техник ва иқтисодий масалалари бўйича маслаҳатлар беришда шартнома асосида хизматлар кўрсатади;

шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги буюртмачилар, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги шаҳарсозлик ҳужжатларига оид келишмовчиликларни кўриб чиқади.



3-БОБ. ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Ҳудудий бошқарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат экспертизасини ўтказиш учун манфаатдор ташкилотларни, олий таълим муасасаларини, шунингдек олимлар ва мутахассисларни (штатдан ташқари экспертларни) шартнома асосида жалб этиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат экспертизасини ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун шаҳарсозлик ҳужжатларини қайта ишлашга юбориш;

шаҳарсозлик фаолияти субъектларидан давлат экспертизасини ўтказишга доир қўшимча ҳужжатларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

шаҳарсозлик фаолияти субъектларидан давлат экспертизасини ўтказиш жараёнида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилишини талаб қилиш;

зарур ҳолатларда, ишлаб чиқилган шаҳарсозлик ҳужжатларини техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўйган ташкилотларнинг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳуқуқи учун берилган лицензияларининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида Давархитектқурилишга таклифлар киритиш;

шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчиларда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича қурилиш нормалари ва қоидаларига, йўриқномалар ва кўрсатмаларга риоя қилиниши мониторингини олиб бориш.


8. Ҳудудий бошқарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ҲУДУДИЙ БОШҚАРМА

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Ҳудудий бошқармага Давархитектқурилиш раисининг буйруғи билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Ҳудудий бошқарма бошлиғи давлат бош эксперти ҳисобланади.


10. Ҳудудий бошқарма бошлиғи:

Ҳудудий бошқарма фаолиятига раҳбарлик қилади ва Ҳудудий бошқармага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Давархитектқурилиш билан келишилган ҳолда штат жадвалларини тасдиқлайди;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқаради;

Ҳудудий бошқарма ходимларини ишга қабул қилади ва улар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилади;

белгиланган тартибда Ҳудудий бошқарма маблағлари ва мол-мулкини тасарруф этади, шартномалар тузади, банкларда ҳисоб рақамлар очади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


11. Ҳудудий бошқарма фаолиятини молиялаштириш Ҳудудий бошқарманинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


12. Ҳудудий бошқарма ҳар ойда Давархитектқурилишнинг ҳисоб рақамига ўз даромадларининг 10 фоизи миқдорида маблағ ўтказади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


13. Ҳудудий бошқармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 7 август, 31-сон, 781-модда