Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.07.2017 й. 529-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 19 июлдаги

529-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини

ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Ер муносабатлари ва давлат кадастрларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3024-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда Давергеодезкадастр деб аталади) амалдаги штатларига қўшимча равишда киритилган штат бирликларини сақлаш, Давергеодезкадастрнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, унинг ходимларини рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.


3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган Давергеодезкадастрнинг ягона шахсий ҳисобварағида жамланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

Давергеодезкадастр органлари томонидан ерлардан хўжасизларча фойдаланганлиги ёки уларни яроқсиз ҳолга туширганлиги, хўжалик ичидаги ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқилганлиги, давлат ер кадастрини юритиш қоидалари бузилганлиги, чегара ва чеклов белгиларини йўқ қилинганлиги ёки шикастланганлиги учун солинадиган жарималарнинг 100 фоизи;

фуқароларнинг уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги учун ундириладиган жарималарнинг 10 фоизи;

кадастр ҳужжатларини техник хатловдан ўтказиш ва расмийлаштириш бўйича давлат хизматларига белгиланган нархларни 25 фоизга ошириш ҳисобига тушадиган маблағларнинг (солиқлар ҳисоблангандан кейин) 100 фоизи;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида жойлаштиришдан олинган даромадлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


5. Жамғарманинг маблағларидан фойдаланиш Жамғарманинг ҳар йили тасдиқланадиган даромадлари ва харажатлар сметаларига мувофиқ амалга оширилади.


6. Жамғарма маблағларидан қуйидагиларни молиялаштириш учун фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 31 майдаги ПҚ-3024-сон қарорига мувофиқ Давергеодезкадастрнинг амалдаги штатларига қўшимча равишда киритилган штат бирликларини сақлаш;

ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри органлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

Давергеодезкадастр тизими органлари ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш билан боғлиқ харажатлар;

хизмат ва махсус автотранспорт, шунингдек, бошқа моддий-техника воситаларини сотиб олиш, уларга сервис хизмати кўрсатиш, эҳтиёт қисмлари ва ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш;

ходимларни рағбатлантириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан, хизмат турар жойлари қуриш, тиббий хизмат кўрсатиш;

тармоққа оид илмий ишлар, инновация лойиҳалари ва илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ихтиролар, илмий ишлар яратишни рағбатлантириш, тармоқ масалаларига оид методик кўрсатмалар ва мақолаларни нашр этиш, илмий-амалий конференцияларни ташкил этиш ва ўтказиш;

коммунал-эксплуатация ва жорий сақлаш бўйича бошқа хизматлар харажатларини қоплаш.

Жамғарма маблағлари Давергеодезкадастрга юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа мақсадлар учун ҳам ишлатилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ


7. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Давергеодезкадастр раиси бошқарадиган Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

Кузатув кенгаши таркиби Давергеодезкадастр раиси томонидан тасдиқланади ва унга лавозимига кўра Давергеодезкадастр раиси ўринбосарлари, Иқтисодий таҳлил ва бухгалтерия ҳисоби бошқармаси бошлиғи киради.

Кузатув кенгаши унинг мажлисида ушбу кенгаш таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.


8. Кузатув кенгаши:

Жамғарма даромадлари ва харажатларини тасдиқлайди;

мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган тадбирларни жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштирилишини белгилайди;

зарур ҳолларда тасдиқланган харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади.


9. Кузатув кенгаши мажлиси ҳар чоракда бир маротаба, зарур бўлганда навбатдан ташқари ҳолларда чақирилади.


10. Жамғарма маблағларини тўплаш ва сарфлашни тезкор бошқариш Давергеодезкадастрнинг Иқтисодий таҳлил ва бухгалтерия ҳисоби бошқармаси (кейинги ўринларда Бошқарма деб аталади) томонидан амалга оширилади.


11. Бошқарма:

Жамғарманинг маблағлари ҳисоби юритилишини таъминлайди;

Жамғарма фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлайди;

Кузатув кенгашига Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари бўйича молиялаштириш тўғрисида таклифлар киритади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИЛИШИ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ,

НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


12. Жамғарма бўйича маблағлар тушуми ва ҳаракати ҳисоби Давергеодезкадастр томонидан алоҳида юритилади.


13. Ҳудудий органларнинг ғазначилик ҳисоб рақамларида жамланган маблағлардан фойдаланиш ҳақида ҳисоботлар белгиланган тартибда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-санасигача Давергеодезкадастрга тақдим этилади.


14. Давергеодезкадастр томонидан ҳар чоракдан кейинги ойнинг 15-санасида Жамғарма маблағларини жамланиши ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни Кузатув кенгашига тақдим этади.


15. Ҳисоботлар ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-санасигача Давергеодезкадастр томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.


16. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.


17. Жамғарма маблағларининг сарфланишида Давергеодезкадастр қуйидагилар учун жавобгардир:

жамғарма маблағлари бухгалтерия ҳисобини тўғри юритилишига;

жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланишга.


18. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.


19. Жамғарма маблағларининг тўғри шакллантирилиши ва фойдаланилиши юзасидан назорат белгиланган тартибда давлат молиявий назорат органи томонидан амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. Жамғармани тугатиш ёки қайта тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


21. Жамғарма маблағларидан фойдаланилишида келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 31 июль, 30-сон, 733-модда