Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларнинг ишларини ташкил этиш тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 08.08.2017 й. ПҚ-3182-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 8 августдаги

ПҚ-3182-сон қарорига

3-ИЛОВА



Туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудларни комплекс

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича

секторларнинг ишларини ташкил этиш тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом республиканинг туманлари (шаҳарлари) ва ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторларнинг асосий вазифалари, функциялари ва ваколатларини, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Республиканинг туманлари (шаҳарлари) ва ҳудудларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор (кейинги ўринларда сектор деб юритилади) тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг кўмаклашувчи коллегиал ишчи тузилмаси ҳисобланади.


2. Сектор:

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорига мувофиқ, тегишли прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари билан келишган ҳолда ҳамда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органларининг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари (кейинги ўринларда секторлар раҳбарлари деб юритилади) бошчилигида;

бир маъмурий-ҳудудий бирлик ҳудудида, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан белгиланадиган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ҳолати, бошқа иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳалар ҳамда бошқа мезонларни инобатга олган ҳолда унинг умумий майдонини тўртга бўлиш йўли билан ташкил этилади.


3. Тўртга бўлинган қисмларнинг ҳар бири сектор раҳбарига бириктирилади (кейинги ўринларда - бириктирилган ҳудуд деб юритилади).

Секторлар таркибига бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритилиши мумкин.


4. Секторлар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқларига, тегишли ҳоким ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллик органининг қарорларига, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


5. Секторлар зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий-ахборот воситалари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



2-БОБ. СЕКТОРЛАРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


6. Секторларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

уй-жой коммунал ва йўл хўжалиги, энергия, сув ва иссиқлик таъминоти, транспорт қатнови, архитектура, арзон уй-жойлар қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, намунавий маҳалла ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини шакллантириш соҳасидаги муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал этиш бўйича аниқ мақсадга қаратилган тадбирларни ўтказиш;

ижтимоий муҳофазанинг манзиллилиги, истеъмол бозорида нархларнинг барқарорлиги, ижтимоий соҳа объектлари, энг аввало, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа муассасаларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, уларнинг табиий, иқтисодий ва инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қурилиши тугалланмаган объектлардан, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми ва ҳудуднинг экспорт имкониятларини кенгайтириш, жойларда замонавий бозор инфратузилмасини ташкил этиш, хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринларини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

деҳқон хўжаликлари, томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш бўйича чоралар кўриш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳуқуқбузарликларни, айниқса вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактика қилиш ҳамда уларни барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан ишларни ташкил этиш.



3-БОБ. СЕКТОРЛАРНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ

ВА ВАКОЛАТЛАРИ


7. Зиммаларига юкланган вазифаларга мувофиқ секторлар тегишли бириктирилган ҳудудларда қуйидаги функцияларни бажарадилар:

қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш ва топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойиш ва топшириқларини тўлиқ ҳамда ўз вақтида амалга оширилишига кўмаклашадилар;

ишларнинг ҳаққоний ҳолати, тўпланган муаммолар ва тизимли камчиликларни, биринчи навбатда, уйма-уй юриш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш йўли билан чуқур ва ҳар томонлама ўрганишни амалга оширадилар;

амалга оширилаётган ишларнинг якуний натижаларини таъминлаш мақсадида аниқланган ва аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни бевосита жойларда бартараф этиш бўйича ваколатлари доирасида аниқ чоралар кўрадилар;

ўрганиш натижаларини умумлаштирадилар ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятидаги кўзланган ислоҳотларни самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлайдилар, уларни юқори турувчи органларга киритадилар;

жойлардаги маҳаллий муаммоларни ҳал этишда давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг, уларнинг зиммасидаги вазифа ва функциялардан келиб чиққан ҳолда, жавобгарлигини ошириш ҳамда кучларни жамлаш бўйича чораларни амалга оширадилар;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрадилар;

аҳоли бандлиги, хусусан, ёшларни ишга жойлаштиришни таъминлашда амалий ёрдам кўрсатадилар;

ижтимоий соҳа объектларини (соғлиқни сақлаш, таълим, шу жумладан, мактабгача таълим, умумтаълим, ўрта-махсус таълим муассасалари) самарали фаолият юритиши, уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашадилар;

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан кўрсатилган коммунал ва эксплуатация хизматлари учун тўловларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда тўланишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширадилар;

аҳоли пунктлари, муқаддас қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этадилар;

турар-жой коммунал хўжалигини яхшилаш чораларини кўрадилар, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, коммунал хизматлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига кўмаклашадилар;

масъул ташкилотлар билан биргаликда ижтимоий ҳаётда оиланинг ролини кучайтириш чора-тадбирларини амалга оширадилар;

ёшларни ватанпарварлик, қонунга итоаткорлик руҳида тарбиялаш, соғлом турмуш тарзини юритиш, билим олишга интилиш, уларда китоб ўқишга қизиқиш уйғотиш, шу жумладан, уюшмаган ёшларни аниқлаш ва улар билан профилактика ишларини ўтказиш чора-тадбирларини кўрадилар;

корхона, муассаса ва ташкилотларда санитария-гигиена ва ёнғинга қарши кураш нормаларига риоя этилиши устидан белгиланган тартибда назоратни ташкил этадилар;

деҳқон бозорлари ва "Элга хизмат" корхоналарида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари мониторингини амалга оширадилар;

тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек,фаолият кўрсатмаётган ва бўш ётган объектларни хўжалик фаолиятига жалб этишга кўмаклашадилар;

ишлаб чиқаришга жалб қилинмаган ресурсларни, меҳнат ва ишлаб чиқариш салоҳиятини аниқлайдилар;

фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга оширадилар.

Секторлар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширадилар.


8. Зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун сектор раҳбари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органлари, бошқа орган ва ташкилотлардан зарур материал ҳамда маълумотларни сўраш ва олиш;

маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда мутахассисларини, зарурат бўлганда, аниқланган муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиш, уларни ҳал этиш чораларини амалга ошириш учун жалб этиш;

маҳаллий вакиллик ва ижроия ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига ўрганиш натижалари бўйича таклифлар киритиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш ва бошқа чоралар кўриш юзасидан тегишли материалларни юбориш;

маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, бошқа давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

секторлар штаби таркибига киритилган идора ва ташкилотлар вакилларини рағбатлантириш ва уларни жавобгарликка тортиш учун ҳокимликка ҳамда иш берувчи ташкилотларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган таклифлар киритиш;

идора ва ташкилотларнинг секторлар штаби аъзоларини алмаштириш тўғрисидаги таклифи юзасидан муносабат билдириш;

ҳар ҳафтада сектор штаби аъзоларининг сектордаги ҳамда уларга бевосита бириктирилган маҳаллалардаги фаолияти юзасидан ахборотини эшитиш.

Сектор раҳбари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



4-БОБ. СЕКТОРЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Секторларнинг фаолияти "маҳалла - туман (шаҳар) - вилоят - республика" принципи асосида ташкил этилади ва қуйидагиларни назарда тутади:

уйма-уй юриш ва аҳоли билан учрашувлар асосида энг қуйи бўғинда -маҳаллада долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўриш, туман (шаҳар)ни ривожлантириш бўйича дастурларга киритиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

маҳаллаларда аниқланган муаммоларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида туманлар (шаҳарлар)ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш, туманлар (шаҳарлар) халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрини ривожлантириш бўйича дастурларга киритиш, шунингдек, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

туманлар (шаҳарлар)да аниқланган муаммоларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари сессияларида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш, давлат, ҳудудий, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига таклифлар тайёрлаш ва киритиш, шунингдек, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун таклифлар тайёрлаш ва киритиш;

ҳудудлар "йўл хариталари" амалга оширилишининг самарадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар томонлама танқидий таҳлил ва умумлаштириш ўтказиш, шунингдек, давлат, ҳудудий, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ҳамда амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти олдида ҳар чораклик ҳисобот бериш тизимини жорий этиш, қабул қилинган қарорлар ижросини назорат қилиш, жойлардаги тизимли камчиликларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқишни ташкил этиш, мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш.

10. Туманлар (шаҳар) ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил этиш мақсадида, секторлар раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган йиллик "Йўл хариталари" ишлаб чиқади.

"Йўл хариталари"да ҳудудларни комплекс ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва топшириқлари ижроси бўйича, энг аввало:

аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ва муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатиш;

тадбиркорликни ривожлантириш, инвестициялар жалб этиш;

томорқа участкаларидан самарали фойдаланиш;

мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, ва бошқа қишлоқ хўжалиги фаолияти турларини ривожлантириш;

аҳолининг уй-жой ва коммунал шароитларини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш;

ҳуқуқбузарликларни, шу жумладан, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида барвақт олдини олиш ва профилактикаси бўйича чоралар назарда тутилади.


10-1. Секторларда сектор аъзолари ишини мувофиқлаштириш ҳамда умумлаштириш мақсадида сектор штаби (кейинги ўринларда - штаб) ташкил этилади.

10-2. Сектор штаби таркибига ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган намунавий рўйхатга асосан идора ва ташкилотларнинг вакиллари (кейинги ўринларда - штаб аъзолари) киритилади.

10-3. Штаб аъзолари сектор раҳбари қарори билан маҳаллалар кесимида секторнинг муайян ҳудудига бевосита бириктириладилар.

Штаб аъзоси зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилади:

секторлар вазифа, функция ва ваколатларини амалга оширишни ташкил этади;

секторда ўзлари мансуб бўлган идора ва ташкилот фаолияти йўналиши бўйича муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чораларини кўради;

бириктирилган маҳаллаларда барча йўналишдаги муаммоларни ҳар чоракда камида бир маротаба уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни тўлиқ ўрганиш ва қайд этиш орқали аниқлаш ҳамда ҳал этиш чораларини кўради;

аниқланган муаммоларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида уларни туманлар (шаҳарлар)ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш бўйича "йўл хариталари"га киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

секторда тегишли идора ва ташкилот фаолияти йўналиши бўйича ҳамда ўзига бевосита бириктирилган маҳаллалардаги ижтимоий ва иқтисодий ҳолат бўйича шахсан масъул ҳисобланади.

10-4. Идора ва ташкилотларнинг штаб аъзоларини бириктириш ва алмаштириш тўғрисидаги таклифи сектор раҳбари билан келишилади, улар лавозимидан озод этилган, ишдан бўшатилган, бошқа ишга ўтказилган ёхуд соғлиғи ҳолатига кўра сектордаги фаолиятини бажара олмайдиган ҳолатлар бундан мустасно.

10-5. Сектор штаби фаолиятини доимий асосда ташкил этиш мақсадида жамоатчилик асосида сектор штаби котиби (кейинги ўринларда - котиб) доимий равишда фаолият юритади.

Котиб зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилади:

сектор фаолиятига оид маълумотлар, сектор томонидан амалга оширилган ишлар ҳисоботини шакллантириш ва юритиш;

секторда амалга оширилган ишлар ҳамда қабул қилинган фуқаролар ва юридик шахслар вакилларининг мурожаатларини ўз вақтида қайд этиб бориш;

штаб аъзолари фаолиятини ташкилий жиҳатдан мувофиқлаштириш;

амалга оширилган ишларни тизимли таҳлил қилиш, йўл қўйилган камчиликлар, бажарилмаган тадбирларнинг сабабларини аниқлаш ҳамда сектор раҳбарига ахборот бериш;

секторнинг "йўл харитаси"га киритиш учун таклифларни умумлаштириш;

республика ягона тизимлаштирилган электрон ахборот тизимига маълумотларни киритиб боради;

тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ахборот-таҳлил гуруҳлари ҳамда туманлар (шаҳарлар) иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимларига ҳар ойда камида бир маротаба сектор фаолиятига оид маълумотлар ва ҳисоботларни тақдим этиб боради.

Котиб фаолияти асосий иш жойидан ажралган ҳамда лавозим маоши сақлаб қолинган ҳолда ташкил этилади.

Котиб штабга ҳокимнинг қарори асосида бириктирилади.

11. Сектор раҳбарлари ва аъзолари иш вақтининг учдан икки қисмидан кам бўлмаган даврини жойларда ишларнинг ҳаққоний ҳолатини, шу жумладан, аҳоли билан мулоқот қилиш ҳамда уйма-уй юриш йўли билан ўрганишга ажратадилар. Бунда секторлар раҳбарлари ва аъзолари бир чорак мобайнида ўзларига бириктирилган ҳудуднинг барча жойларида уйма-уй, шу жумладан, уй хўжаликлари ва бошқа объектлар бўйлаб юришни амалга оширилишини таъминлашлари шарт.


12. Уйма-уй юришни ҳисобга олиш учун секторлар раҳбарлари томонидан тегишлича Жўқорғи Кенгес раиси, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Ички ишлар вазири, давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, прокурорлари, ички ишлар бошқармаси (бош бошқармаси) ва давлат солиқ бошқармалари бошлиқлари томонидан имзоланган ҳамда муҳрланган ип ўтказиб тикилган дафтар юритилади.

Сектор раҳбарининг уйма-уй юриш дафтарига бориб кўрилган уй хўжалигининг эгаси, аниқланган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрсатилган ҳолда уйма-уй юриш санаси, вақти ва жойлари тўғрисидаги ва бошқа зарур маълумотлар киритилади.

Дафтарларни марказлашган ҳолда тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан таъминланади.


13. Сектор раҳбарлари ва аъзолари "Йўл харитасида" белгиланган тадбирларни самарали амалга оширилиши бўйича шахсан жавобгардирлар.



4-1-БОБ. СЕКТОРЛАР ҲУДУДИДА ЖИНОЯТЛАРНИНГ

ОЛДИНИ ОЛИШ

13-1. Секторлар ҳудудидаги барча маҳаллалар криминоген вазиятдан келиб чиқиб, ушбу Низомнинг 13-2-бандида белгиланган тартибда ҳар йили январь ойида "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифаларга ажратилади. Бунда:

"яшил" тоифадаги маҳалла - ҳудудида жиноят содир этилмаган маҳалла;

"сариқ" тоифадаги маҳалла - ҳисобот даврида ҳудудида содир этилган жиноятларнинг ҳар минг аҳоли сонига нисбатан салмоғи туман (шаҳар) кўрсаткичи билан баробар ёки ундан паст бўлган маҳалла;

"қизил" тоифадаги маҳалла - ҳудудида, шу жумладан алоҳида тоифадаги шахслар, яъни вояга етмаганлар, аёллар, ишсизлар, илгари судланганлар, маст ҳолатдаги, профилактик ҳисобда ёки маъмурий назорат остида турувчи шахслар томонидан содир этилган жиноятларнинг ҳар минг аҳоли сонига нисбатан салмоғи туман (шаҳар) кўрсаткичига нисбатан юқори бўлган маҳалла ҳисобланади.


13-2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Миллий гвардияси, Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси томонидан республиканинг барча маҳаллалари ҳар йили январь ойида ҳисобот даврида ҳудудда содир этилган жиноятлар таҳлилидан келиб чиқиб, "қизил", "сариқ" ва "яшил" тоифаларга ажратилади.

Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳар ой якуни бўйича жиноятлар статистикаси маҳаллабай таҳлил қилиниб, ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар маҳаллалар кесимида ҳисоблаб чиқилади ҳамда туман (шаҳар) бўйича мазкур тоифа жиноятларнинг умумий салмоғи ҳар ўн минг аҳолига нисбатан шакллантирилади.

Секторлар ҳудудидаги маҳаллаларда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97, 98, 99, 103, 104, 105, 106, 109, 110, 112, 115, 118, 119, 122, 123, 125, 126, 128, 129, 132, 134, 136, 137, 138, 139, 140, 141, 141-1, 142, 164, 165, 166, 169, 170, 173, 215, 217, 219, 225, 229, 244, 245, 249, 263, 263-1, 267, 269 ва 277-моддаларида назарда тутилган жиноятлар ҳисобланади.


13-3. Секторлар ҳудудидаги маҳаллаларда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар статистикаси ички ишлар органлари томонидан ҳар ой якуни бўйича "Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика" ягона ахборот тизими орқали маҳаллалар кесимида таҳлил қилинади ҳамда тегишли идораларга тақдим этилади.

Ички ишлар органлари томонидан секторлар раҳбарларига бириктирилган ҳудудлардаги "қизил", "сариқ" ва "яшил" тоифадаги маҳаллалар тўғрисидаги асослантирилган таҳлилий маълумотлар ҳар чорак якуни бўйича сектор раҳбарларига киритиб борилади.


13-4. Сектор раҳбарлари "яшил" тоифадаги маҳаллаларда секторлар штаби таркибига киритилган идора ва ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишларни бевосита ўрганиб чиқади ҳамда ушбу тоифадаги маҳаллаларнинг ижобий иш услублари, амалга оширган тадбирларини секторнинг "сариқ" ва "қизил" тоифадаги маҳаллаларида оммалаштириш чораларини кўради.

Сектор раҳбарлари томонидан "яшил" тоифадаги маҳаллаларнинг ижобий тажрибаларни бошқа тоифадаги маҳаллаларга оммалаштиришда қуйидагилар самарали ташкил этилганлигига эътибор қаратилади:

"Темир дафтар", "Аёллар дафтари" ҳамда "Ёшлар дафтари"га киритилган шахслар билан олиб борилаётган тадбирлар;

аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган тадбирлар;

ички ишлар органлари профилактик ҳисобида турган ёҳуд соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобига олинган шахслар билан олиб борилаётган тадбирлар;

фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар.



5-БОБ. СЕКТОР РАҲБАРЛАРИ ВА СЕКТОР

ШТАБИ АЪЗОЛАРИНИНГ ҲИСОБДОРЛИГИ

ВА ФАОЛИЯТИНИ БАҲОЛАШ

14. Сектор раҳбарлари ҳар чоракда секторнинг фаолияти тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари олдида ҳисобот берадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари, шунингдек, тегишли ҳудудга бириктирилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг масъул мансабдор шахслари иштирок этишлари мумкин.


15. Секторнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг тегишли ҳудудга бириктирилган ўринбосарлари томонидан мувофиқлаштирилади.


16. Туманлар (шаҳарлар) ва ҳудудлар секторлари раҳбарлари амалга оширилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тизимли равишда ҳисобот бериб борадилар.


17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда секторлар раҳбарларининг фаолиятини, улар томонидан зиммаларига юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилиши юзасидан доимий мониторингини амалга оширади, қуйидаги асосий мезонлар бўйича уларнинг фаолиятини холисона баҳолайди:

ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатининг реал ўзгариши;

тасдиқланган "йўл хариталари" ижросининг аҳволи;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ҳужжатлари, тегишли ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур ҳудудларга ташрифи жараёнидаги топшириқларининг бажарилиши;

уйма-уй юриш, халқ билан мулоқот, аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни ечиш бўйича кўрилаётган чораларнинг натижалари самарадорлиги;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига, энг аввало, такроран келиб тушган жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш самарадорлиги;

сектор раҳбарларининг уйма-уй юриш дафтаридаги ёзувларнинг ҳаққонийлиги;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қўшган ҳиссаси.

Сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолашда уларнинг ҳуқуқбузарликлар профилактикасига қўшган ҳиссаси натижасида ҳудудидаги "яшил" тоифадаги маҳаллалар салмоғи юқорилигига эътибор қаратилади.

Мониторинг ва баҳолаш натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президентига алоҳида ўрнак кўрсатган секторлар раҳбарлари, давлат органлари мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйган жиддий камчиликлари учун уларни лавозимдан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортиш бўйича ҳар чоракда таклифлар киритиб борадилар.

18. Сектор штаби аъзолари ҳар ҳафта сектордаги ҳамда ўзларига бевосита бириктирилган маҳаллалардаги фаолияти юзасидан сектор раҳбарига ахборот берадилар.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 14 август, 32-сон, 802-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2017 йил, 8-сон, 464-модда