Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.09.2017 й. 708-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 11 сентябрдаги

708-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши,

вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар

ҳокимликлари ҳузуридаги Ёнғин хавфсизлиги

бўйича комиссиялар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги Ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссияларнинг (кейинги ўринларда комиссиялар деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Комиссиялар давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маъмурий-ҳудудий бирликларнинг ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган фаолиятини мувофиқлаштирувчи органлар ҳисобланади.


3. Комиссиялар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

Шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги комиссияларга ҳисобот берадилар.


5. Комиссияларни моддий-техник таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ мажбуриятлар, тегишли равишда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига юкланади.



2-БОБ. КОМИССИЯЛАРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ,

ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


6. Қуйидагилар комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинлар келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

тасдиқланадиган жадвалларга мувофиқ маҳаллалар ҳудудларида ёнғинга қарши машқларни тизимли асосда ўтказиш, йўллар, кириш йўллари ва сув манбаларининг ҳолатини ўрганиш, ушбу тадбирларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллар)нинг мажбурий иштирок этиши;

ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни баҳолаш ва улар мониторингини олиб бориш, шунингдек, улар самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;

қишлоқ жойларда ва чекка аҳоли пунктларида кўнгилли ёнғин бўлинмалари ташкил этилишига, шунингдек, уларни моддий ва ижтимоий рағбатлантиришга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги институти билан биргаликда объектлар раҳбарларининг комплекс ўқув-амалий йиғинларини ташкил этиш тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш ва аҳоли орасида кўргазмали ташвиқот ўтказиш.


7. Комиссиялар ўзларига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

а) ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинлар келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш соҳасида:

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

ёнғин билан боғлиқ вазият мураккаблашганда тегишли ҳудудда алоҳида (мавсумий) ёнғинга қарши режимларни жорий этган ҳолда ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни ўчириш чораларини ташкил этади;

ёнғин хавфсизлиги соҳасида илғор маҳаллий ва хорижий тажрибани ўрганади ва ёяди;

вазирликлар ва идоралар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари иштирокида ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳудудий дастурлар ва тадбирлар лойиҳаларини, уларни амалга ошириш учун молиялаштириш манбалари ва ҳажмларини, шунингдек, моддий-техник ресурсларни аниқлаган ҳолда ишлаб чиқади;

б) тасдиқланадиган жадвалларга мувофиқ маҳаллалар ҳудудларида ёнғинга қарши машқларни тизимли асосда ўтказиш, йўллар, кириш йўллари ва сув манбаларининг ҳолатини ўрганиш, ушбу тадбирларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллар)нинг мажбурий иштирок этиши соҳасида:

ўзаро ҳамкорлик қилувчи тузилмалар ва идораларни жалб этган ҳолда объектларда, аҳоли яшаш жойларида ва одамлар оммавий тўпланадиган жойларда, шунингдек, сувсиз туманларда ёнғин-тактик машқлар ўтказилишини ташкил этади;

одамлар оммавий бўладиган объектларда ва кўп қаватли биноларда эвакуация қилиш бўйича амалий машқлар ярим йилда камида бир марта ўтказилишини ташкил этади;

ёнғинларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш, аҳолини ёнғин хавфсизлиги чораларига ўқитиш соҳасида корхоналар ходимларининг касб тайёргарлиги ва малакаси даражасини ошириш вазифаларини ҳал этишда иштирок этади;

тегишли қарорлар қабул қилиш учун ёнғинга қарши сув билан таъминлаш тизимидаги ва сувсиз туманлардаги мавжуд муаммолар ва камчиликлар бўйича давлат органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитади;

в) ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида;

ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштиради, уларга ахборот ёрдами, методик ёрдам ва бошқа ёрдам беради:

ёнғинларнинг олдини олиш масалалари бўйича шаҳарлар ва туманлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган тадбирларни ташкил этади;

ёнғин органлари бўлинмаларини ташкил этиш ва мустаҳкамлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ёнғин хавфсизлиги ҳудудий бошқармалари (бўлимлар, бўлинмалар) раҳбарларининг, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг таклифларини кўриб чиқади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар тайёрлайди;

г) ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни баҳолаш ва улар мониторингини олиб бориш, шунингдек, улар самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш соҳасида;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳудудида юз берган ёнғинлар масалаларини, шунингдек, уларнинг олдини олиш ишларининг ҳолатини кўриб чиқади;

давлат қабул комиссияларининг белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган ҳужжатларисиз фойдаланилаётган объектлар ишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади ва шаҳарсозлик соҳасидаги махсус ваколатли органга таклифлар киритади;

ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа норматив ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

д) қишлоқ жойларда ва чекка аҳоли пунктларида кўнгилли ёнғин бўлинмалари ташкил этилишига, шунингдек, уларни моддий ва ижтимоий рағбатлантиришга кўмаклашиш соҳасида;

норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ ва юз берган ёнғинларни таҳлил қилиш асосида аҳоли пунктларида янги ёнғин деполари қуриш масалаларини кўриб чиқади;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига таклифлар киритади ҳамда қишлоқ жойларда ва чекка аҳоли пунктларида кўнгилли ёнғин бўлинмалари ташкил этилишига кўмаклашади;

ёнғин хавфсизлигига харажатлар юзасидан маҳаллий бюджетларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ижро этишни, шу жумладан ташкил этиладиган кўнгилли ёнғин бўлинмаларини сақлашга, шунингдек, уларни моддий ва ижтимоий рағбатлантириш бўйича чораларни белгилаш ва кўришни таъминлайди;

е) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги институти билан биргаликда объектлар раҳбарларининг комплекс ўқув-амалий йиғинларини ташкил этиш тадбирлари амалга оширилишини таъминлаш ва аҳоли орасида кўргазмали ташвиқот ўтказиш соҳасида:

минтақада ёнғин хавфсизлиги чораларига ўқитиш бўйича объектлар раҳбарларининг ҳар йилги комплекс ўқув-амалий йиғинларини ташкил этади;

"Тасвирий ойина" ижодий бирлашмаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда йилнинг ҳар чорагида жамоат жойларида, дўконларда, бекатларда ёнғин пайтида ҳаракат қилиш тартибини ва уларнинг юзага келишга йўл қўймаслик чораларини намойиш қилувчи материалларнинг (йўриқномалар, эсдаликлар, флайерлар, инфографикли плакатлар) кўргазмали ташвиқотини амалга оширади.



3-БОБ. КОМИССИЯЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Комиссиялар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан комиссияларга юкланган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни сўраш ва олиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига комиссияларнинг кўриб чиқиши учун киритиладиган зарур материалларни тайёрлашни топшириш:

ёнғин хавфсизлиги масалаларини ўрганиш учун мутахассисларни ва комиссиялар ишида иштирок этиш учун манфаатдор ташкилотларнинг вакилларини жалб этиш:

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун йўналтирилган давлат бошқаруви органларига марказлаштирилган тартибда ажратилган молиявий ресурслар ва моддий-техника ресурслар ўзлаштирилишини назорат қилиш;

мактабларда ва бошқа таълим муассасаларида болалар махсус дастурлар асосида ёнғин хавфсизлиги чоралари қўлланилишига ўқитилиши ташкил этилишига кўмаклаш;

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

ёнғин хавфсизлиги талабларини бажармаётган мансабдор шахслар ва фуқароларни жавобгарликка тортиш ва ёнғин келиб чиқиши ҳолатидаги объектлардан фойдаланишни тўхтатиш тўғрисидаги таклифларни тегишли назорат ва суд органларига киритиш.

Комиссиялар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Комиссиялар уларга юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши учун жавоб берадилар.



4-БОБ. КОМИССИЯЛАР ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


10. Мажлислар комиссиялар ишининг асосий шакллари ҳисобланади. Мажлисларда уларнинг ваколатига тегишли бўлган масалалар муҳокама қилинади ва ҳал этилади.

Комиссияларнинг навбатдаги ва навбатдан ташқари мажлислари ўтказилиши мумкин.

Комиссиялар мажлислари йил чорагида камида бир марта ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасида юзага келаётган вазиятдан келиб чиқиб ўтказилади. Навбатдан ташқари мажлислар комиссиялар раислари ёки уларнинг ўринбосарлари ташаббуси билан ўтказилади.


11. Комиссиялар мажлиси, агар уларда комиссиялар аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.


12. Комиссиялар мажлислари баённомалар билан расмийлаштирилади, баённомаларда кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусияти кўрсатилади. Баённомалар раислар томонидан тасдиқланади ва масъул котиблар томонидан имзоланади.


13. Мажлисда кўриб чиқилган масала бўйича қарор, агар мажлисда иштирок этган комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи унинг учун овоз берса, қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлиб қолганда раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


14. Комиссиялар томонидан қабул қилинадиган қарорлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига комиссияларнинг масъул котиблари томонидан етказилади.

Шаҳарлар ва туманлар комиссияларининг қарорлари устидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан юқори турувчи комиссияга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёхуд судга шикоят қилиниши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги комиссияларнинг қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёхуд судга шикоят қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини талаб этадиган масалалар бўйича комиссиялар белгиланган тартибда тегишли таклифлар киритадилар.


15. Комиссияларга раислар бошчилик қилади, уларнинг ваколатига қуйидагилар киради:

комиссиялар иши самарадорлигини таъминлаш;

комиссиялар мажлисларини чақириш;

комиссиялар иш регламентларини тасдиқлаш ва мажлисларини олиб бориш;

комиссиялар аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорлар бажарилиши устидан назорат қилинишини ташкил этиш.

Комиссиялар раислари комиссияларга юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.

Раислар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.


16. Комиссиялар раисларининг ўринбосарлари комиссиялар раисларининг топшириқларини бажарадилар, улар бўлмаганда уларнинг вазифаларини ижро этадилар.


17. Масъул котиблар:

комиссияларнинг иш юритиши бевосита юритилишини;

йиллик иш режалари ишлаб чиқилишини, уларнинг бажарилиши устидан назорат қилинишини, тасдиқланган иш режаларига мувофиқ комиссияларнинг жорий ишлари ташкил этилишини, шунингдек, комиссиялар мажлисларига зарур материаллар тайёрланишини;

комиссиялар мажлислари ўтказилиши вақти ва жойи тўғрисидаги маълумотлар комиссиялар аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга етказилишини;

тасдиқланган баённомалар расмийлаштирилишини, комиссиялар аъзоларига, давлат ва хўжалик бошқаруви тегишли органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ташкилотларга етказилишини;

комиссияларнинг қабул қилинган қарорлари ижро этилиши устидан назорат қилинишини, шунингдек, уларни амалга ошириш бўйича комиссиялар раисларига тегишли маълумотлар ва таклифлар киритилишини;

комиссиялар мажлисларига тегишли материалларни тайёрлаш учун маълумотлар ўз вақтида тўпланишини ташкил этишни;

комиссиялар фаолияти тўғрисидаги ҳисобот материаллари тайёрланишини;

комиссияларнинг қарорларига мувофиқ бошқа функцияларнинг амалга оширилишини таъминлайдилар.


18. Шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳудудидаги комиссиялар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги комиссияларга ҳисобот материалларини йилнинг ҳар чорагида, кейинги ойнинг 10-кунида тақдим этадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар ярим йилда бир марта ҳисобот материалларини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасига тақдим этадилар, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот-таҳлилий материаллар ва бошқа материалларни тайёрлайди, умумлаштиради ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.


19. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси:

комиссиялар фаолиятини ўрганиш якунлари ва жойларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ вазият бўйича зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини;

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан зарур материаллар олинишини;

юзага келаётган вазият бўйича ахборот-таҳлилий ва бошқа материаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини ва ижтимоий соҳа объектларида ва иқтисодиёт тармоқларида ёнғин хавфсизлиги таъминланишини, шунингдек, комиссиялар фаолияти мониторинги олиб борилишини;

комиссиялар фаолияти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг комиссиялар фаолиятига тегишли масалалар бўйича қабул қилинган қарорлари бажарилиши жойнинг ўзига чиқиб ўрганилишини таъминлайдилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 18 сентябрь, 37-сон, 994-модда