Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.09.2017 й. 688-сон "Ёнғинлар профилактикаси кунларини ўтказиш ва ёнғин хавфсизлиги чораларини кучайтириш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.09.2017 й.

N 688



ЁНҒИНЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИ

КУНЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ВА ЁНҒИН

ХАВФСИЗЛИГИ ЧОРАЛАРИНИ

КУЧАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 23 майдаги ПҚ-2992-сон қарорини бажариш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 23 майдаги ПҚ-2992-сон қарорига мувофиқ ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Ёнғинлар профилактикаси куни этиб белгиланганлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари ҳузурида ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар ташкил этилиб, уларнинг вазифалари белгиланганлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматига ёнғинлар профилактикаси кунларини ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси юкланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳузурида ташкил этилган ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар фаолияти назорат қилинишини;

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ёнғинлар пайдо бўлишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини;

"Тасвирий ойина" ижодий бирлашмаси билан биргаликда жамоат жойлари ва жамоат транспортида ёнғинга қарши мавзуга бағишланган кўргазмали ташвиқот материаллари (қўлланмалар, эсдаликлар, флаерлар, плакатларни) жойлаштирилишини (тарқатилишини);

жамоатчиликни профилактика кунлари доирасида ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишга кенг жалб этишни;

ёнғин хавфсизлиги бўйича комиссиялар билан биргаликда ёнғинлар профилактикаси кунларини ўтказиш доирасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасида ҳар йили ўтказиладиган танловларни ҳар чоракда таҳлил этиш, танловлар якунларига кўра ғолибларни эсдалик совғалари билан мукофотлаш ташкил этилишини таъминласинлар.


3. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари:

ҳар чоракда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи юзасидан йиғилишлар ўтказсин ва уларда идоравий мансуб объектлар, турар жой фонди ва ҳудудларнинг ёнғинга қарши ҳолатини танқидий таҳлил қилсинлар;

газ, энергетика ва сув хўжалиги, иситиш мосламаларининг ҳолати ва яроқлилигига алоҳида эътибор қаратсинлар;

идоравий мансуб объектларни ёнғинга қарши ҳолатга мослаштириш учун ҳар йили мақсадли маблағлар ажратсинлар, шунингдек, улардан қатъий белгиланган мақсадларда фойдаланилиши назорат қилинишини таъминласинлар;

ёнғин хавфсизлиги нормалари бузилишининг ҳар бир ҳолати юзасидан ёнғин келиб чиқишига йўл қўйган мансабдор шахслар ва ходимларни батафсил текширсинлар ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортсинлар;

объектлардаги ёнғин хавфсизлиги бўлинмаларини ёнғин техникаси ва ускуналари билан таъминлаш чораларини кўрсинлар;

ёнғинга қарши тарғибот ҳамда ишчилар, хизматчилар, таълим муассасалари ўқувчилари ва аҳолини ёнғин хавфсизлиги чораларини қўллаш бўйича ўқитиш ишларини кучайтирсинлар, ёнғинларнинг олдини олиш тадбирларига жамоатчиликни кенг жалб этсинлар;

ўзларининг тасарруфидаги ёнғиндан ҳимоя қилиш тизимлари ва воситалари, ёнғинга қарши сув таъминоти манбаларини (гидрантлар, резервуарлар, ҳовузлар, ички ёнғин кранлари) яроқли ҳолатга келтириш чораларини кўрсинлар.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, ўта муҳим объектлар хавфсизлигини таъминлаш ташкил этилишини назорат қилиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар раҳбарлари ўта муҳим объектлар ва уларнинг юқори ташкилотлари раҳбарлари билан биргаликда ўта муҳим ҳамда тоифаланган объектларни текшириш ва уларда ёнғин-профилактика текширувларини ўтказиш давомида давлат ёнғин назорати органлари томонидан ёнғин хавфсизлиги соҳасида аниқланган камчиликларни бартараф этишга доир кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда:

"Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасига мувофиқ таълим муассасаларида мажбурий фан сифатида жорий этиш учун ёнғин хавфсизлиги чораларини қўллаш бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш ва ўргатиш бўйича махсус дастурларни икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ҳамда тасдиқласинлар;

болаларни ёнғин хавфсизлиги чораларини қўллашга ўқитиш, уларга касб танлашга кўмаклашиш, ёнғинга қарши тарғибот ишларини мунтазам ўтказиш, шунингдек ёнғинларнинг олдини олиш, ўқувчиларга ёнғинлар пайтида тўғри ҳаракат қилиш бўйича амалий кўникмаларни сингдириш ва мустаҳкамлаш мақсадида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этиладиган ёш ўт ўчирувчилар дружиналари билан тизимли асосда ишлашни ташкил этиш бўйича жамоат йўриқчиларини тайёрлаш борасида самарали ишларни мунтазам ташкил этсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадокомпанияси, давлат оммавий ахборот воситалари:

ёнғинлар профилактикаси кунларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритсинлар, ёнғин хавфсизлиги бўйича мавзуга оид махсус мавзули видеороликлар ишлаб чиқилишини ва уларнинг мунтазам намойиш этилишини таъминласинлар;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва давлат ёнғин назорати органлари билан биргаликда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи узоқ вақтдан буён ҳал этилмаётган объектлар ва аҳоли пунктларига рейдлар ташкил этсинлар;

хайр-эҳсон қилувчиларнинг маблағларини жалб этган ҳолда ёнғин хавфсизлиги мавзусида плакатлар, буклетлар ва бошқа турдаги кўргазмали ташвиқот материаллари чоп этилишини ташкил этсинлар.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Ҳар йили ёнғин хавфсизлиги ойлигини ўтказиш тўғрисида" 2011 йил 18 ноябрдаги 309-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири А.А. Азизов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                       А. Арипов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 11 сентябрь, 36-сон, 954-модда