Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.09.2017 й. 728-сон "Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.09.2017 й.

N 728



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ЯГОНА ИНТЕРАКТИВ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ

ПОРТАЛИ ОРҚАЛИ ЭЛЕКТРОН ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурини бажариш, шунингдек электрон ҳукумат марказий маълумотлар базаси ва ахборот тизимлари комплекслари билан интеграциялаш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон давлат хизматларини кўрсатиш сифатини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг (кейинги ўринларда Ягона портал деб аталади) янги версияси ишга туширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ягона порталда жорий этиш мақсадида давлат хизматларига бўлган талабни баҳолаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;

Ягона порталда давлат хизматларига бўлган энг кўп талабни баҳолаш натижасида аниқланган энг кўп талаб қилинадиган давлат хизматлари жорий этилади;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш "Ўзинфоком" маркази (кейинги ўринларда "Ўзинфоком" маркази деб аталади) Ягона порталда электрон давлат хизматларини жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интегратор ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари давлат хизматларини кўрсатувчи давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда давлат органлари деб аталади) билан шартнома асосида талабгор электрон давлат хизматларини Ягона порталда ва расмий веб-сайтларда жорий этишда иштирок этадилар;

мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ва тўлов тизимлари операторлари Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги билан тузилган шартнома асосида ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда, ўзларининг мобил иловалари орқали Ягона порталдаги электрон давлат хизматларини кўрсатишлари мумкин.

4. "Ўзинфоком" марказига қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

Ягона портални техник қўллаб-қувватлашни таъминлаш;

Ягона портал орқали электрон давлат хизматлари кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш;

Ягона порталда электрон давлат хизматларини жорий қилишда давлат органларига методологик ва техник ёрдам кўрсатиш;

Ягона порталнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш;

Ягона портал фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш, кўрсатиладиган электрон давлат хизматларининг рўйхатини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва киритиш.


5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қуйидагиларни таъминласин:

икки ой муддатда давлат хизматларига бўлган талабни баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

давлат органлари билан биргаликда мавжуд бўлган энг талабгор бўлган электрон давлат хизматларини Ягона порталнинг янги версиясига босқичма-босқич ўтказиш;

давлат органларига Ягона порталдаги давлат органининг шахсий кабинетидан фойдалана олишларини таъминлаш.


6. Давлат органлари:

бир ҳафта муддатда марказий аппаратнинг ва уларнинг ташкилий тузилмасига кирадиган ташкилотларнинг электрон давлат хизматлари кўрсатишда ваколатли бўлган ходимларини белгиласинлар, уларни "Электрон ҳукумат" (id.gov.uz) тизимидан фойдаланувчиларни идентификация қилиш Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтказсинлар;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги сўрови бўйича электрон давлат хизматларини автоматлаштирилган тарзда тақдим этиш учун тегишли веб-сервислар ишлаб чиқилишини ва кузатиб борилишини таъминласинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Х. Шерматов зиммасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                          А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 15 сентябрдаги

728-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар

2. Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 июндаги 188-сон қарори билан тасдиқланган Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали тўғрисидаги низомда:


а) 6-банднинг иккинчи хатбошидаги "раҳбар ёки раҳбар томонидан ўрнатилган тартибда белгиланадиган бошқа шахс" сўзлари "мансабдор шахслар, давлат органининг раҳбарлари ёки ўрнатилган тартибда белгиланадиган бошқа ваколатли шахс" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 10-бандда:

иккинчи хатбошидаги "Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти" сўзлари "Ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти" сўзлари билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"Порталга интерактив давлат хизматларини жорий этишда давлат органларига методологик ва техник ёрдам бериш";


в) 11-банднинг учинчи хатбошидаги "Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти" сўзлари "Ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаменти" сўзлари билан алмаштирилсин;


г) 13-банддаги "тегишли" сўзидан кейин "манбалари бўлмиш" сўзлари қўшилсин.






Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 15 сентябрдаги

728-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини

йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда юридик ва жисмоний шахслар билан ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2007 йил 23 августдаги 181-сон қарори 1-бандининг иккинчи хатбоши (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2007 йил, 8-сон, 50-модда.), шунингдек қарорга 2-илова.


2. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг давлат ахборот ресурсларини ҳамда интерактив давлат хизматларини ҳисобга олишни такомиллаштиришга оид айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" 2009 йил 20 августдаги 239-сон қарорига илованинг 2-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2009 йил, 8-сон, 61-модда).


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2010 йил 24 мартдаги 52-сон қарорига 1-илованинг 38-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 йил, 3-сон, 12-модда).


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида нотариат институтини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2010 йил 5 майдаги ПФ-4216-сон Фармонини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида" 2010 йил 2 июндаги 104-сон қарорига 3-илованинг 7-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2010 йил, 6-сон, 25-модда).


5. Вазирлар Маҳкамасининг "Жойларда компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 1 февралдаги 24-сон қарорига илованинг 2-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 йил, 2-сон, 3-модда).


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2012 йил 1 ноябрдаги 313-сон қарорига 1-илованинг 87-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 йил, 11-сон, 79-модда).


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Интерактив давлат хизматлари кўрсатишни ҳисобга олган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 30 декабрдаги 378-сон қарорига 2-илованинг 2-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 йил, 12-сон, 95-модда).


8. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2013 йил 31 майдаги 152-сон қарорига илованинг 7-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 йил, 5-сон, 34-модда).


9. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2013 йил 9 сентябрдаги 244-сон қарорига 1-илованинг 55-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2013 йил, 9-сон, 64-модда).


10. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида" 2014 йил 17 июлдаги 196-сон қарорига 1-илованинг 28-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2014 йил, 7-сон, 73-модда).


11. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2015 йил 31 мартдаги 74-сон қарорига илованинг 9-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2015 йил, 3-сон, 22-модда).


12. Вазирлар Маҳкамасининг ""Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари ҳақида" 2016 йил 3 июндаги 188-сон қарори 1-бандининг иккинчи хатбоши (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2016 йил, 6-сон, 47-модда), шунингдек қарорга 1-илова.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 25 сентябрь, 38-сон, 1036-модда