Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.11.2017 й. 891-сон "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.11.2017 й.

N 891




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР

АКАДЕМИЯСИНИНГ АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ

ДАВЛАТ АДАБИЁТ МУЗЕЙИ ФАОЛИЯТИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Миллий маънавиятимизнинг такомил босқичларида асосий ўрин тутувчи ўзбек халқ оғзаки ижодиёти ва ёзма адабиётининг тарихан шаклланган адабий мактаблари, буюк аждодларимизнинг бадиий сўз санъати ривожига қўшган улкан ҳиссаси, илмий мероси, ўзбек фольклори ва адабиётининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, бошқа халқлар адабиётлари билан алоқалари, фольклор ва адабиётнинг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ илмий муаммоларни тадқиқ этиш орқали кенг жамоатчилик, энг аввало, ёш авлод ўртасида ватанпарварлик, аждодлар меросига ворислик, азалий анъаналарга содиқлик, келажакка ишонч ғояларини тарғиб этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи (кейинги ўринларда Музей деб аталади) ўзбек халқ оғзаки ижоди дурдоналари, ёзма адабиётининг энг қадимги давридан шу кунгача бўлган тарихий тараққиёт босқичларини чуқур тадқиқ қилиш ва уни турли экспозициялар кўринишида тарғиб қилиш орқали халқимиз, авваломбор, ёшларимизнинг маданий-маърифий савиясини юксалтиришга хизмат қиладиган илмий муассаса эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар Музейнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

ўзбек халқ оғзаки ижодиёти дурдоналари, ёзма адабиётининг қадимги даврдан шу кунгача бўлган тарихий тараққиёт босқичларини чуқур ўрганиш, уни мамлакатимиз тарихининг таркибий қисми сифатида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда экспозиция заллари орқали акс эттириш;

ўзбек адабиёти билан боғлиқ янги кашф этилган манба, архив ҳужжатлари ва тарихий ашёларни илмий тадқиқ этиш;

музей фондида сақланаётган Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларимизнинг қўлёзмаларини илмий тавсифлаш, тадқиқ этиш, улар асосида электрон каталоглар тайёрлаш, уларнинг илмий-танқидий матнларини яратиш ва ноёб қўлёзмаларнинг факсимиль нашрларини амалга ошириш;

музей фондлари ва экспонатларини мамлакатимиз ва хориждаги ўзбек фольклори ва адабиёти билан боғлиқ турли ҳужжатлар, экспонатлар ва бошқа ашёлар билан мунтазам бойитиб бориш;

ўзбек адабиётини тарғиб қилган шоир ва олимлар таваллуди, ўзбек адабиёти тарихи билан боғлиқ муҳим саналарни нишонлаш бўйича республика ва халқаро миқёсда илмий анжуманлар ўтказиш, ўзбек адабиётини ўрганган республикамиз ва хорижлик таниқли олимлар иштирокида семинарлар, халқаро анжуманлар ташкил қилиш;

таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда Музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлаш, Музейнинг илмий базасидан фойдаланган ҳолда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ишига кўмаклашиш;

хорижий музейлар, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатиш, уларнинг тажрибаларидан фойдаланиш, адабиёт соҳасида нашр этилган илмий-бадиий, тарихий ҳужжатлар, интернет тармоғидаги материалларни ўрганиш ва таҳлил этиш.


3. Қуйидагилар Музей фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг Музейни сақлаш ва фаолият юритиши билан боғлиқ маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан ўтказиладиган танловларнинг натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

ҳомийлар, халқаро молия институтлари ва бошқа институтларнинг, хорижий ҳукумат ташкилотларининг грантлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Маданият вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, "Ўзархив" агентлиги, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда Музей экспозицияларини янгилаш, фольклор ва ёзма адабиёт, ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодига оид манба ва қўлёзмалар, ҳужжатлар, кино, фото материаллар ва ашёлар билан доимий тўлдириб боришни таъминлаш;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Музейни сайёҳлар ташриф буюрадиган маконга айлантириш чораларини кўрсин;

Музейнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш ва моддий-техника базасини ривожлантириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018-2019 йилларда Музей биносини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ҳамда Музей биносига туташ ҳудудни ободонлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Музей биносини реконструкция қилиш ва унга туташ ҳудудни ободонлаштириш ишлари бўйича:

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниясини буюртмачи этиб белгилаш;

бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича 2018-2019 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда Музейни реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва Музейни реконструкция қилиш учун зарур капитал қўйилмалар лимитларини назарда тутсин.


8. Белгилаб қўйилсинки:

Музей биносига туташ, шу жумладан Алишер Навоий ҳайкали жойлашган ҳудудни ободонлаштириш билан боғлиқ барча харажатлар Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан;

Музейни замонавий техник воситалар, шу жумладан интерактив инфокиоск ва мониторлар, стенд ва подиумлар билан жиҳозлаш учун зарур маблағлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий муассасалар объектларини сотишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси белгиланган тартибда Музей биносини реконструкция қилиш ва унга туташ ҳудудни ободонлаштириш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилиши ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Молия вазирлиги билан биргаликда Музейда реконструкция ва жиҳозлаш ишлари тугагандан сўнг Музей тузилмасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

белгиланган тартибда Музейни зарур алоқа турлари ва воситалари, жумладан интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратсин;

Музейга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилган ҳолда мавзуга оид виртуал экскурсиялар ташкил этиш, Музей экспозицияларида замонавий ахборот киоскларини ўрнатиш ҳамда виртуал музейни ташкил этиш чораларини кўрсин.


12. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг янгидан ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 18 майдаги 292-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 20-сон, 371-модда) иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С. Йўлдошев зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, илм-фан ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 6 ноябрдаги

891-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси

Фанлар академиясининг янгидан ташкил этилган

илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини

ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"

2017 йил 18 майдаги 292-сон қарорига

киритилаётган ўзгартиришлар


2-бандда:

ўзбек тилидаги матннинг ўнинчи хатбошисидаги "институтининг" сўзи "институтининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин" сўзлари билан алмаштирилсин;

ўн биринчи хатбоши чиқариб ташлансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 7 ноябрь