Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.11.2017 й. 886-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 ноябрдаги

886-сон қарорига

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни

ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, унинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, мазкур Низомга амал қилади.


3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган миллий валютадаги шахсий ғазна ҳисобварақларига ҳамда тижорат банкларида миллий ва чет эл валютасида банк ҳисобварақларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрига эга бўлади.

Жамғарманинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - O`zbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Madaniyat va san`atni rivojlantirish jamg`armasi;

қисқартирилган номи - Madaniyat va san`atni rivojlantirish jamg`armasi;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Art and Culture Development Foundation under the Cabinet of Ministers of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - Art and Culture Development Foundation;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Фонд развития культуры и искусства при Кабинете Министров Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Фонд развития культуры и искусства.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

молиявий, ташкилий ва ижодий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбобларини ҳамда тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳаларида уларнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасида халқаро маданият ташкилотлар ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда маданият ва санъатга доир ҳомийликни ривожлантиришга кўмаклашиш;

маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзбек санъатининг жаҳон бадиий ва маданий маконига интеграциялашувига кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатимизнинг маданий ва илмий-техник салоҳиятини ҳамда рақобатбардошлиги билан боғлиқ жиҳатларни намойиш этиш;

маданият ва санъат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу билан бирга, маданият ва санъат муассасаларини зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш;

хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз музейлари ва бошқа маданият муассасалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш;

маданий мерос соҳасида давлат сиёсатини юритишга кўмаклашиш;

халқаро стандартларга мувофиқ янги маданият муассасаларини қуриш учун молиявий маблағ ва кўмак бериш;

маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни капитал ҳамда жорий таъмирлаш;

халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни биргаликда молиялаштиришни ташкил этишни таъминлаш;

жаҳондаги илғор тажрибаларни мамлакатимизда жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш;

аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш ҳажмини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

қонунчиликда белгиланган манбалардан тушаётган маблағларни жамғаришни таъминлаш;

ажратилаётган мақсадли маблағлардан тўғри, самарали ва мақсадли фойдаланиш устидан тизимли назорат ўрнатиш;

Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар учун мақсадли маблағлар ажратиш.


5. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) молиявий, ташкилий ва ижодий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш асосида маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, маданият арбобларини ҳамда тасвирий санъат, адабиёт, театр, мусиқа ва хореография соҳаларида уларнинг ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида:

маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

миллий ва хорижий маданият ҳамда санъат намояндаларининг ижоди билан танишишга доир тадбирларни ташкил этиш;

маданият ва санъатни ривожлантириш, маданий мерос соҳаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

маданият ва санъатнинг турли соҳаларини оммалаштириш, шунингдек, маданият арбобларини қўллаб-қувватлаш тадбирларини ўтказиш;

Жамғарма томонидан ўтказиладиган тадбирларнинг календарь режасини тузиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига киритиш;

маданият ва санъатни ҳамда ушбу соҳадаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича тадбирларни амалга ошириш;


б) халқаро ва давлатлараро маданий алоқаларни кенгайтириш, маданият ва санъат соҳасида халқаро маданият ташкилотлари ва хайрия жамғармалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, хорижий сармоя ва грантларни жалб этиш, мамлакатимизда маданият ва санъатга доир ҳомийликни ривожлантиришга кўмаклашиш борасида:

хорижий шериклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзаро тадбирлар, шу жумладан уларнинг инвестиция лойиҳаларида, грантларни ажратишдаги иштирокини ташкил этиш ва Ўзбекистон Республикаси маданияти ва санъатини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа ёрдамлар кўрсатиш;

ўзбек маданияти ва санъатини оммалаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган халқаро маданий тадбирларнинг республика ва унинг ташқарисида ўтказилишини ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикасида меценатликни ривожлантиришга кўмаклашиш;


в) маданиятлараро ижодий мулоқотни йўлга қўйиш ва ўзбек санъатининг жаҳон бадиий ва маданий маконига интеграциялашувига кўмаклашиш, шунингдек, мамлакатимизнинг маданий ва илмий-техник салоҳияти ҳамда рақобатбардошлиги билан боғлиқ жиҳатларни намойиш этиш борасида:

маданият ва санъат арбобларини жаҳон маданий ҳамжамиятига кенг жалб этиш, шу жумладан уларнинг халқаро кўргазмалар, конференциялар, фестиваллар ва шу кабилардаги иштирокини таъминлашга доир тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

Ўзбекистон маданияти ва санъатини жаҳон даражасида кенг тарғиб қиладиган адабиётлар яратиш ва уларни хорижий нашриёт уйлари орқали оммалаштириш;


г) маданият ва санъат соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шу билан бирга, маданият ва санъат муассасаларини зарур адабиётлар ва даврий нашрлар билан таъминлаш борасида:

маданият ва санъат соҳаси учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга, уларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашга, ёшлар ҳамда Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантиришга қаратилган фаолият билан шуғулланувчи шахсларни рағбатлантиришга доир тадбирларни, шу жумладан, грант дастурларини шакллантириш орқали ташкил этиш;

Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни ўқитиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тадбирлар учун мақсадли маблағлар ажратиш;


д) хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз музейлари ва бошқа маданий муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш борасида:

хорижий тажрибани доимий ўрганиш ва музейлар ҳамда бошқа маданият муассасаларининг фаолияти самарадорлигини оширишда кўмаклашиш;

музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият муассасаларида инклюзив муҳитни яратиш;


е) маданий мерос соҳасида давлат сиёсатини юритишга кўмаклашиш борасида:

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги фаолиятини ривожлантириш, унинг ваколат доирасига кирувчи масалалар, ижро ва меҳнат интизомини таъминлаш бўйича тавсиялар бериш;

Маданий мерос агентлиги таклифига асосан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг ҳар йиллик манзилли рўйхатини кўриб чиқиш ҳамда келишиш;

Маданий мерос агентлиги тизимидаги ташкилотларнинг раҳбарлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичлари (индикаторлари)ни мониторинг қилиб бориш;


ж) халқаро стандартларга мувофиқ янги маданий муассасалар қуриш учун молиявий маблағ ва кўмак бериш борасида:

маданият ва санъат объектларини лойиҳалаш, реставрация, реконструкция ҳамда қурилиш-таъмирлаш бўйича мазкур мақсадлар учун ажратилган республика бюджети ва ўз маблағлари ҳисобидан буюртмачи функциясини бажариш;

жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, янги маданият муассасаларини қуриш ишларини амалга оширишга хорижий мутахассисларни жалб қилиш;

халқаро стандартларга мувофиқ янги маданият муассасаларини қуриш ишларини амалга ошириш;

маданият муассасаларини қуриш учун мақсадли молиявий маблағлар ажратиш;


з) маданият ва санъат муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларни капитал ҳамда жорий таъмирлаш борасида:

музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

маданият муассасаларини лойиҳалаш, реставрация, реконструкция қилиш ва қуриш учун етакчи халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб этиш;

музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият муассасаларида реставрация, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларини белгиланган тартибда амалга ошириш;


и) халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорликда лойиҳаларни биргаликда молиялаштиришни ташкил этишни таъминлаш борасида:

халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш;

Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъатни ривожлантиришга йўналтирилган грантлар ажратиш ва бошқа кўмак беришда халқаро институтлар, хорижий мамлакатлар ҳукуматлари, ҳомийлар ва донорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма тадбирларни, шу жумладан, уларнинг инвестиция лойиҳаларида иштирок этишини ташкил этиш;


к) жаҳондаги илғор тажрибаларни мамлакатимизда жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш мақсадида маданият ва санъат соҳасини молиялаштириш бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш борасида:

маданият ва санъат соҳасида жаҳондаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва таҳлил қилиб бориш;

илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича асосли таклифларни тайёрлаш;

илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режалари ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини тайёрлаш;


л) аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш ҳажмини кўпайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш:

жорий ҳолатни ўрганиш, шунингдек, маданият ва санъат ташкилотлари томонидан аҳолига кўрсатилаётган пулли хизматлар ҳажмини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

пулли асосда ноёб бренд маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва реализация қилиш, роялти тизимини қўллаш, шу жумладан китоб, босма нашрлар савдоси ва Жамғарма томонидан ўтказиладиган маданий тадбирларга чипта савдосини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида мамлакатимиз маданияти ва санъати соҳасидаги энг яхши ютуқларни тарғиб қилиш мақсадида хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш;


м) қонунчиликда белгиланган манбалардан тушаётган маблағларни жамғаришни таъминлаш борасида:

таҳлил ўтказиш ва Жамғармага маблағларнинг ўз вақтида тушишини таъминлаш;

Жамғармага маблағларнинг тушиши ва сарфланишини прогноз қилиш;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини молия ташкилотларига жойлаштириш;


н) ажратилаётган мақсадли маблағлардан тўғри, самарали ва мақсадли фойдаланиш устидан тизимли назорат ўрнатиш борасида:

ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини мониторинг қилиш;

Жамғарманинг даромад ва харажатлари сметаларини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш;

Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ҳисобини юритиш ва уларнинг бажарилиши бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳар чораклик ҳисоботни тақдим этиш;


о) Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича тадбирлар учун мақсадли маблағлар ажратиш борасида:

Жамғарма ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларни рағбатлантириш бўйича таклифларни, уларга давлат мукофотлари бериш юзасидан тақдимномаларни киритиш;

хизмат вазифаларини бажариш чоғидаги алоҳида хизматлари учун ва пенсияга чиқиши муносабати билан қимматбаҳо совғалар билан мукофотлаш;

ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш (ходимлар учун уй-жой қуриш ва харид қилиш, санаторий-курортда даволаниш ва тиббий хизмат кўрсатиш, мукофотлар тўлаш, устамалар белгилаш, моддий ёрдам ва бошқалар);

ходимларининг лавозим маоши, илмий даражалари, узоқ муддат узлуксиз хизмати учун устама ҳақлар, байрам кунлари учун мукофотлар, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар, рағбатлантириш тўловлари, қўшимча моддий рағбатлантириш тўловлари ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловларни тўлаб бориш.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


6. Жамғарма фаолияти Жамғарма раиси томонидан бошқарилади.

Жамғарма раиси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. Жамғарма раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Жамғарма раисининг таклифига биноан Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Жамғарма раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари мақоми ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, тиббий ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича тегишли равишда вазирга, вазирнинг биринчи ўринбосарига ҳамда вазир ўринбосарига тенглаштирилади.


7. Жамғарма раиси:

Жамғарманинг тузилмасини тасдиқлайди ҳамда зарур ҳолларда, унга Жамғарма ходимларининг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тайёрлайди ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига тақдим этади;

Жамғарманинг штатлар сонини ва Жамғармани таъминлаш маблағларининг чекланган умумий миқдорини белгилаш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига таклифлар киритади;

Жамғармага юкланган асосий вазифалар ва функцияларга мувофиқ Жамғарма фаолиятини ташкил этади, ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида Жамғарманинг штатлар жадвалини шакллантиради, хўжалик, меҳнат ва бошқа шартнома ҳамда ҳужжатларни Жамғарма номидан имзолайди;

Жамғарма раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари лавозимларига номзодларни тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш бўйича белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;

маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни шартнома асосида уларга, истисно тариқасида, Жамғарма маблағлари ҳисобидан иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда жалб қилади;

Жамғарма маблағлари ҳисобидан Жамғарма ходимларига уларнинг асосий эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошлари (тариф ставкалари)га қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар, устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар ҳамда узоқ муддат хизмат қилгани учун устама ҳақ тўлаш тартиби ва миқдорларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги марказий аппарати бошқарув ходимлари, ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарлари, шу жумладан давлат музейлари директорлари лавозимларига номзодларни тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш масалаларини кўриб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини текширишни ташкил этади, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўради;

ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши ҳақидаги ҳисоботни тақдим этади;

Жамғарма маблағлари тушумларини кўпайтириш ва улардан самарали фойдаланилиши, шу жумладан хорижий инвестиция ва ҳомийларни жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

мазкур Низомга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


8. Жамғарма раисининг таклифига биноан Жамғарманинг Васийлик кенгаши тузилиши мумкин, унинг таркиби Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланади.


9. Жамғарма ҳузурида маданият ва санъат арбобларидан иборат Эксперт кенгаш тузилиши мумкин, унинг таркиби Жамғарма раиси томонидан тасдиқланади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


10. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига асосан ажратиладиган республика бюджети маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари, меценатлик кўмаги, грантлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


11. Жамғарма раиси Жамғарма маблағларининг тасарруфчиси ҳисобланади.


12. Жамғармани таъминлаш маблағларининг чекланган умумий миқдори Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланади.


13. Жамғармани таъминлаш харажатлари қоплангандан сўнг Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланган Жамғарма даромад ва харажатлари сметасига мувофиқ мазкур Низомнинг 4 ва 5-бандларида назарда тутилган вазифа ва функцияларни бажариш учун йўналтирилади.


14. Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметаси бюджетдан ташқари маблағлар бўйича бюджет ташкилотлари учун (чораклар, тушумлар манбалари ва уларнинг сарфланиш йўналишлари бўйича) қонунчиликда белгиланган тартибда тузилади ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан тасдиқланади.


15. Жамғарманинг бўш маблағларидан грант асосида миллий маданий давлат дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштириш (биргаликда молиялаштириш) учун фойдаланилиши мумкин.


16. Жамғармага, истисно тариқасида, товарларни (ишларни, хизматларни) сотиб олиш учун етказиб берувчилар билан импорт битимлари (шартномалари) тузилган тақдирда, Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобидан (Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар бундан мустасно) 15 фоиздан ортиқ аванс тўлашга рухсат берилади.



6-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Жамғарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

белгиланган тартибда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан Жамғарма ваколатларига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотларни сўраш ва олиш;

ўз банк ҳисобварақларида мазкур Низомнинг 11-бандида белгиланган манбалардан тушадиган маблағларни жамғариш;

Жамғарма томонидан ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, молиялаштиришни тўхтатиш ёки ажратилган маблағларни қайтариб олиш;

вақтинча бўш маблағларни ликвидли молиявий инструментларга (депозитлар, қимматли қоғозлар, облигациялар ва шу кабиларга) жойлаштириш;

Жамғарма маблағларининг маданият ва санъатни ривожлантиришга доир аниқ лойиҳалар учун ажратилишида шартларни белгилаш;

ўз мақсад ва вазифаларини амалга ошириш учун хорижий ҳамкорлар шартномалар тузиш;

маданият ва санъатни ривожлантиришнинг турли масалалари бўйича белгиланган тартибда ташаббуслар билан чиқиш;

ёшлар ҳамда Ўзбекистон маданияти ва санъатини ривожлантиришга қаратилган фаолият билан шуғулланувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланган шахсларга грантлар шаклида маблағлар ажратиш;

оммавий ахборот воситаларида ўз фаолияти ҳақида материаллар чоп этиш;

Жамғарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Жамғармага юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бўлган бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш;

ўз ваколатлари доирасида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш;

идоравий мансублигидан қатъи назар, республикадаги барча музейлар, маданий мерос объектлари ва маданият ва санъат муассасалари Жамғарма лойиҳаларининг амалга оширилишига ўз ваколатлари доирасида яқиндан кўмаклашиш;

Жамғарма идоравий мансуб ташкилотларининг давлат мулкини бир бўлинмадан бошқасига белгиланган тартибда ўз ташкилий тузилмаси доирасида, текин фойдаланиш ҳуқуқи билан бериши мумкин;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган фаолият турларини амалга ошириш.

Жамғарма қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18. Жамғарма:

мазкур Низомда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилишини таъминлаши;

Жамғарма маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши юзасидан доимий назоратни амалга ошириши;

Жамғарма даромадларининг истиқболли кўрсаткичлари бажарилиши самарадорлигини таҳлил қилиш, аниқланган ва маблағларининг келиб тушишига салбий таъсир кўрсатаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриши шарт.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Жамғарма ҳар йили қонунчиликка мувофиқ молиявий ҳисоботни тайёрлайди. Жамғарманинг молиявий ҳисоботи молиявий йил якунлангандан сўнг аудиторлик ташкилотлари томонидан мажбурий тартибда текширилади. Молиявий ҳисобот, аудиторлик хулосаси ҳар йили 1 майдан кеч бўлмаган муддатда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига тақдим этилади.

Жамғарма маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан назорат қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


20. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


21. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 6 ноябрь