Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ёшлар тадбиркорлик кластерлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.10.2017 й. 834-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 16 октябрдаги

834-сон қарорига

ИЛОВА



Ёшлар тадбиркорлик кластерлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ёшлар тадбиркорлик кластерлари фаолиятини ташкил этиш, шунингдек ёшлар тадбиркорлик субъектларини танлаш ва кластерлар ҳудудида жойлаштириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ёшлар тадбиркорлик кластери (кейинги ўринларда кластер деб аталади) - муҳандислик-техник коммуникациялар билан таъминланган ва ёшлар тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижара ҳуқуқида фойдаланиш учун бериладиган ишлаб чиқариш майдонларини ўз ичига олган ҳудуд;


ёшлар тадбиркорлиги - ёш фуқаролар юридик шахс ташкил этмасдан, шунингдек таъсисчилари ёшлар ҳисобланган юридик шахслар амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти;


кластер иштирокчиси - кластер ишлаб чиқариш майдонларида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган ёшлар тадбиркорлик субъекти;


ишлаб чиқариш майдони - кластер иштирокчиларига 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга ижара тўловининг "нол" ставкаси бўйича ижарага бериладиган ишлаб чиқариш ва қўшимча бинолар, иншоотлар.



2-БОБ. КЛАСТЕРЛАР ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА БОШҚАРИШ


3. Кластерлар тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва юритиш учун ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш майдонларини тақдим этиш орқали уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида ташкил этилади.

Кластерни ташкил этиш ҳақидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан келишилган ҳолда қабул қилинади ҳамда унда кластерни ташкил этиш учун бериладиган бинолар ва иншоотлар белгиланади, уларнинг умумий ишлаб чиқариш майдони кўрсатилади.

Ишлаб чиқариш майдонлари кластер иштирокчиларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашлари томонидан тақдим этиладиган асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ, кластернинг коммунал ва бошқа фойдаланиш харажатларини қоплаш шарти билан ижара ҳақининг "нол" ставкаси бўйича берилади.


4. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тегишли туман ва шаҳар кенгашлари кластерлар фаолиятини бошқариш вазифаларини амалга оширади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашлари кластер фаолият кўрсатадиган даврда кластерларни тезкор бошқариш ҳуқуқи асосида жойлаштириш учун белгиланган тартибда тақдим этилган мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва ижарага бериш ҳуқуқига эга.


5. Қуйидагилар кластерлар фаолиятини ташкил этишни молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг тегишли маҳаллий бюджетлари маблағлари;

кластер иштирокчиларига пулли хизматлар кўрсатишдан тушадиган даромадлар;

кластер иштирокчиларининг фойдаланиш тўловларидан тушадиган даромадлар.

Кластерлар фаолияти қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам молиялаштирилиши мумкин.


6. Кластерлар фаолиятини бошқаришда қуйидагилар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман ва шаҳар бўлимларининг асосий вазифалари ва функциялари ҳисобланади:

кластер иштирокчилари билан лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида битимлар (кейинги ўринларда битим деб аталади) ва ишлаб чиқариш майдонларининг ижара шартномалари, шунингдек кластер ҳудудида хизматлар кўрсатиш ҳақида шартномалар тузиш;

кластер иштирокчиларининг битимлар ва ижара шартномаларига мувофиқ ўз зиммасига олган вазифаларни бажаришининг мониторингини олиб бориш;

кластернинг ташкилий-бошқарув фаолиятини амалга ошириш;

кластер иштирокчиларини уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланиши мониторингини олиб бориш;

кластер иштирокчиларига ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда кўмаклашиш;

кластер иштирокчилари ўртасида, шунингдек бошқа ишлаб чиқариш корхоналари билан кооперация алоқаларини ривожлантиришга ёрдам бериш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига кластерлардан ташқарида тадбиркорлик фаолиятини давом эттириш ҳамда янада ривожлантириш учун ер участкалари рўйхатини шакллантириш бўйича буюртманомалар тақдим этиш.


7. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашлари кластер иштирокчиларининг фаолиятини ташкил этиш ва ёшлар тадбиркорлик субъектининг фаолият кўрсатиши билан боғлиқ пулли хизматлар (ускуналар, мебель, техника ва бошқа жиҳозларни ижарага бериш, маркетинг ва бошқа тадқиқотлар ўтказиш, ҳужжатлар тайёрлаш, техник хизматлар кўрсатиш ва бошқалар) кўрсатиш ҳуқуқига эга.



3-БОБ. КЛАСТЕР ИШТИРОКЧИЛАРИНИ

ТАНЛАШ ВА ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


8. Ёшлар тадбиркорлик субъектларига кластернинг ишлаб чиқариш майдонларини бериш учун улар биринчи навбатда, тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини берадиган саноатнинг турдош тармоқлари ва хизматлар кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тегишли туман ва шаҳар кенгашлари томонидан танлаб олинади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашлари, зарурат бўлганда, ёшлар тадбиркорлик субъектларига кластер ишлаб чиқариш майдонлари бериш учун уларни танлаб олишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Савдо-саноат палатаси, шунингдек бошқа давлат органларининг тегишли мутахассисларини жалб этиши мумкин.


9. Ёшлар тадбиркорлик субъекти кластер ишлаб чиқариш майдонларида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ёки шаҳар кенгашига тадбиркорни жойлаштириш учун ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда лойиҳа паспорти илова қилинган аризани тақдим этади.


10. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ёки шаҳар кенгаши ёшлар тадбиркорлик субъекти тақдим этган лойиҳа паспортини унинг қуйидаги мезонларга мос келиши бўйича кўриб чиқади:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқига аъзолик;

50 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган ишлаб чиқариш майдонига эҳтиёж мавжудлиги;

техник ва технологик ускуналарни ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун монтаж ва демонтаж қилиш енгил ҳисобланади ва 2 кундан кўп вақтни олмайди;

кластерлар ишлаб чиқариш майдонларида жойлаштириладиган лойиҳаларда савдо фаолиятини амалга ошириш, экологик хавфсизликни таъминлашнинг юқори нормаларини талаб этадиган кимёвий, экологик хавфли маҳсулотлар ишлаб чиқариш назарда тутилмаган;

тахмин қилинаётган тадбиркорлик фаолияти кўп энергия талаб қиладиган ишлаб чиқариш ҳисобланмайди;

кластер ҳудудида жойлаштириладиган тадбиркорлик субъекти ходимлари умумий сонининг камида 70 фоизи 35 ёшгача бўлган ходимлардан иборат.


11. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ёки шаҳар кенгаши аризани олган санадан бошлаб, 5 иш куни мобайнида ёшлар тадбиркорлик субъектининг таклифи ва лойиҳа паспортини кўриб чиқади ҳамда лойиҳа параметрлари ушбу Низомнинг 10-банди талабларига мос келса, субъект билан лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим ва ишлаб чиқариш майдонини тақдим этиш учун ижара шартномасини тузади.


12. Ёшлар тадбиркорлик субъектларининг кластернинг ишлаб чиқариш майдонларини бериш учун аризалари 2-иловага мувофиқ схема бўйича кўриб чиқилади.


13. Бир кунда битта ишлаб чиқариш майдони учун икки ёки ундан кўп ариза тушганда, яратиладиган янги иш ўринлари сони, ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг (ишлар, хизматларнинг) рақобатбардошлиги ва харидоргирлиги, лойиҳани амалга ошириш муддатлари ва ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаш бўйича энг жозибадор таклифларни тақдим этган даъвогар мақбул деб топилади.

Бошқа тенг шароитларда экспертбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этадиган ва лойиҳани амалга ошириш учун реал молиявий имкониятларга эга даъвогарлар устунликка эга бўлади.


14. Лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимда:

битим предмети;

лойиҳани амалга ошириш бўйича вазифаларнинг ҳажмлари, турлари ва жадвали, шу жумладан янги иш ўринлари яратиш мажбуриятлари;

томонларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

битимни бекор қилиш шартлари;

низоларни ҳал этиш тартиби назарда тутилиши зарур.

Томонларнинг ихтиёрига кўра, лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битимда бошқа шартлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


15. Ишлаб чиқариш майдони бериш бўйича ижара шартномасида Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2009 йил 8 апрелдаги 102-сон қарорида белгиланган шартлар назарда тутилиши керак.



4-БОБ. КЛАСТЕР ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


16. Кластер иштирокчилари:

тузилган ижара шартномаси доирасида ажратилган ишлаб чиқариш майдонларига мустақил эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш;

муҳандислик-техник коммуникацияларнинг узлуксиз ишлаши таъминланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.


17. Кластер иштирокчилари қуйидагиларга мажбур:

кластерда битим ёки шартнома тузилгандан сўнг 3 кундан кечиктирмасдан ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаши шарт. Бунда лойиҳани амалга ошириш борасида объектив сабаблар мавжуд бўлса, ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаш муддатини 3 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтиришга рухсат этилади;

ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш бошланган пайтдан икки ойдан кечиктирмасдан янги иш ўринларини ташкил этиш ва битим ёки ижара шартномасида назарда тутилган миқдорда қўшимча ходимларни ёллашни таъминлаш;

тузилган битим ва шартнома шартларини ўз вақтида бажариш.



5-БОБ. ЛОЙИҲАЛАР АМАЛГА ОШИРИЛИШИ

МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ БОРИШ


18. Кластер иштирокчилари лойиҳани амалга ошириш шартномаси тузилган санадан бошлаб, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашларига ҳар ойнинг лойиҳани амалга оширишнинг ҳолати, яратилган иш ўринлари, маҳсулот (хизматлар) ишлаб чиқариш ҳажмлари, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалалар хусусида батафсил ахборот тақдим этади.


19. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашлари Кластер иштирокчилари томонидан тақдим этилган ахборот асосида ҳар ойда лойиҳанинг амалга оширилиши, шунингдек кластер иштирокчиларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланиши мониторингини олиб боради.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи умумлаштирилган натижаларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кластерлар фаолиятини ташкил этиш, шунингдек кластерларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳар чоракда ахборот тақдим этади.


20. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси назорат қилувчи органлар билан, жумладан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тадбирлари доирасида ўзаро ҳамкорлик масаласида кластерлар фаолиятини мувофиқлаштиради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва кластер иштирокчилари ушбу Низом талабларига риоя этилиши юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.






Низомга

1-ИЛОВА



Инвестиция лойиҳаси паспортининг

ШАКЛИ

     

I. АРИЗА БЕРУВЧИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ

    

1.

Ф.И.О.(жисмоний шахслар учун)/Ташкилотнинг номи ва ариза берувчининг ташкилий-ҳуқуқий шакли (юридик шахслар учун)



2.

Паспорт маълумотлари /Корхона таъсисчилари ҳақидаги маълумотлар - таъсисчиларнинг паспорт маълумотлари, уларнинг корхона устав капиталидаги улуши



3.

Яшаш манзили /Юридик манзил



II. ЛОЙИҲА ҲАҚИДА АХБОРОТ

1.

Лойиҳанинг номланиши



2.

Лойиҳа таърифи ва мақсади



3.

Ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё ва бутловчи буюмларнинг (маҳаллий ва/ёки импорт) асосий турлари



4.

Талаб этиладиган ишлаб чиқариш майдони (кв.м)



5.

Ишлаб чиқариш учун махсус ускуналарга бўлган эҳтиёж



6.

Ускуналарни монтаж ва демонтаж қилиш учун зарур давр (кун)



7.

Электр энергиясига бўлган эҳтиёж (бир соатда кВт)



8.

Табиий газга бўлган эҳтиёж (бир йилда куб метр)



9.

Техник сувга бўлган эҳтиёж (бир йилда куб метр)



10.

Ишлаб чиқариш фаолиятини бошлашнинг тахмин қилинаётган санаси



11.

Лойиҳанинг экологик хавфсизлиги



12.

Яратилаётган, шу жумладан ёшлардан иборат иш ўринлари сони



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИЛИШИ МЎЛЖАЛЛАНАЁТГАН

МАҲСУЛОТ ҲАҚИДА АХБОРОТ

1.

Маҳсулот номи



2.

Белгиланган мақсади ва асосий хусусиятлари



3.

Тахмин қилинаётган йиллик қувват (физик ҳажмда)



IV. МОЛИЯВИЙ-ИҚТИСОДИЙ КЎРСАТКИЧЛАР

1.

Лойиҳа қиймати



2.

Молиялаштириш манбалари (ўз маблағлари, кредитлар ва бошқалар)



3.

Машиналар ва ускуналар қиймати



4.

Лойиҳанинг тахмин қилинаётган ўзини оқлаш муддати



       





Низомга

2-ИЛОВА



Кластер ишлаб чиқариш майдонларини бериш учун ёшлар

тадбиркорлик субъектларининг аризаларини кўриб чиқиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар



Тадбир



Муддатлари


I босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан келишилган ҳолда


1. Кластерни ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилиш.


зарур бўлганда









II босқич

Ёшлар тадбиркорлик субъекти

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ёки шаҳар кенгаши


   

1. Ёшлар тадбиркорлик субъектини жойлаштириш тўғрисида лойиҳа паспорти илова қилинган аризани тақдим этиш.



Ихтиёрига кўра



2. Кластерда ёшлар тадбиркорлик субъектини жойлаштириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш.


ариза олинган санадан бошлаб 5 иш куни давомида

3. Кластерда ёшлар тадбиркорлик субъектини жойлаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги (мувофиқ эмаслиги) тўғрисида қарор чиқариш.

    







III босқич

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ёки шаҳар кенгаши


       

1. Ёшлар тадбиркорлик субъекти билан кластерда лойиҳани амалга ошириш тўғрисида битим ва ишлаб чиқариш майдони бериш бўйича ижара шартномаси тузиш.



5 кун мобайнида



2. Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ёшлар тадбиркорлик субъектини жойлаштириш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида қарор қабул қилинган ҳолатда уни кластерда ишлаб чиқариш майдонини тақдим этиш асосли рад этилгани хусусида ёзма равишда хабардор қилиш.

       

3 кун мобайнида







IV босқич

Ёшлар тадбиркорлик субъекти


          

1. Кластерда ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаш.



         

шартнома ёки битим тузилган пайтдан бошлаб 3 ойдан кечиктирмасдан




2. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ва шаҳар кенгашларига лойиҳани амалга оширишнинг ҳолати ҳақида батафсил ахборот тақдим этиш.


лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги битим тузилган пайтдан бошлаб ҳар ойда


Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг туман ёки шаҳар кенгаши

3. Лойиҳанинг амалга оширилиши, шунингдек кластер иштирокчиларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжларига мувофиқ муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланишининг мониторингини олиб бориш.


ҳар ойда

4. Вазирлар Маҳкамасига кластерлар фаолиятини ташкил этиш, шунингдек кластерларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот тақдим этиш.


ҳар чоракда

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 17 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 23 октябрь, 42-сон, 1084-модда