Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли ва масофавий божхона назорати тизимларини қўллаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.10.2017 й. 814-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 11 октябрдаги

814-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси

орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли ва масофавий

божхона назорати тизимларини қўллаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли ва масофавий божхона назорати тизимларини қўллаш тартиби ва талабларини, шунингдек божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахслар томонидан божхона операцияларини бажариш учун товарларни декларациялаш шакли сифатида "яшил" ёки "қизил" йўлакни танланиши қоидаларини белгилайди.

2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар ишлатилади:


масофавий божхона назорати - халқаро аэропортлар орқали учиб кетаётган йўловчиларни махсус ажратилган жойларда хавфни бошқариш тизимидан фойдаланган ҳолда танлаб олиш тамойили асосида ҳамда масофавий визуал кузатувни амалга ошириш орқали божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишни таъминлайдиган тизим;

"Яшил" йўлак - кириб келиш ва чиқиб кетиш жойларида махсус белгиланган, жисмоний шахсларнинг қўл юки ва кузатиб борилаётган багажидаги товарларини божхона чегарасидан олиб ўтиши учун мўлжалланган жой;

"Қизил" йўлак - кириб келиш ва чиқиб кетиш жойларида махсус белгиланган, жисмоний шахсларнинг ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган қўл юки ва кузатиб борилаётган багажидаги товарларини, шунингдек декларацияланиши жисмоний шахснинг ихтиёрига кўра амалга ошириладиган товарларни божхона чегарасидан олиб ўтиши учун мўлжалланган жой;


Божхона ҳудудига кириб келиш ва ушбу ҳудуддан чиқиб кетиш жойи - Ўзбекистон Республикаси давлат (божхона) чегаралари орқали ўтказиш пунктларида жойлашган, шунингдек фуқаролар, транспорт воситалари ва юкларни чегара ва божхона назорати амалга ошириладиган чегара божхона комплекслари ва постлари, халқаро қатновлар (парвоз) учун очиқ аэропортлар,темир йўл станциялари (бекатлар).



2-БОБ. БОЖХОНА ҲУДУДИГА КИРИБ КЕЛИШ

ВА УШБУ ҲУДУДДАН ЧИҚИБ КЕТИШ ЖОЙЛАРИДА

ИККИ ЙЎЛАКЛИ ТИЗИМНИ ҚЎЛЛАШ ТАЛАБЛАРИ


3. Божхона ҳудудига кириб келиш ва ушбу ҳудуддан чиқиб кетиш жойларида икки йўлакли тизимни қўллашга "Яшил" ва "Қизил" йўлакларнинг хар бири учун биттадан кам бўлмаган йўлаклар ажратилади. Умумий йўлаклар сони йўловчилар оқимининг ҳажми ва мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда божхона органлари томонидан белгиланади.


4. Ҳар бир йўлакка ҳаракатланиш йўналиши ва ҳар бир йўлакка кириш аниқ белгиланган ва ажратилган бўлиши керак.

"Яшил йўлак"га кириш оқ фонга туширилган яшил рангдаги саккиз бурчак кўринишидаги махсус график белги, шунингдек давлат, рус ва инглиз тилларидаги "Yashil yo`lak", "Зелёный коридор" ва "Green channel", "Yozma deklaratsiyalanmaydigan tovarlar", "Товары, не подлежащие письменному декларированию" ва "Nothing to declare" ёзувлари билан белгиланади.

"Қизил йўллак"ка кириш оқ фонга туширилган қизил рангдаги квадрат кўринишидаги махсус график белги, шунингдек давлат, рус ва инглиз тилларида "Qizil yo`lak", "Красный коридор" ва "Red channel", "Yozma deklaratsiyalanadigan tovarlar", "Товары, подлежащие письменному декларированию" ва "Goods to declare" ёзувлари билан белгиланади.

Божхона ҳудудига кириш ёки ундан чиқиш жойи жойлашган ҳудудда фаолият олиб борувчи божхона органи томонидан мақсадга мувофиқ деб топилган тақдирда, ёзувлар учун давлат, рус ва инглиз тилларидан бошқа исталган тилдан фойдаланишга йўл қўйилади.


5. "Яшил" ва "Қизил" йўлакларга кириш ва улардан чиқиш жойлари эни 50 сантиметргача бўлган тегишли рангдаги чизиқлар билан белгиланади.

Кириш ва чиқиш жойларини белгилаб турган чизиқлар орасидаги масофа 2 метрдан кам бўлмаслиги лозим.


6. "Яшил" ва "қизил" йўлаклар:

а) автомобиль йўллари (пиёдалар) ва темир йўл вокзалларида жойлашган ўтказиш пунктларида:

божхона ҳудудига кириб келиш жойларида - чегара назоратидан ўтгандан сўнг;

божхона ҳудудидан чиқиш жойларида - чегара назоратидан ўтишдан олдин;

б) халқаро ҳаво йўллари (парвозлар) учун очиқ аэропортларда кириб келишда жисмоний шахс йўлакни танлашда кузатиб бориладиган багажга эга бўлиши учун багаж бериладиган жойдан сўнг жойлаштирилиши зарур.

7. Халқаро ҳаво йўллари (парвозлар) учун очиқ аэропортларнинг божхона ҳудудидан чиқиб кетишда махсус ажратилган жойларда визуал кузатувни амалга ошириш орқали божхона назорати ва расмийлаштирувини ўтказиш имконини берувчи масофавий божхона назорати тизимидан фойдаланишга рухсат этилади.

8. "Яшил" ва "қизил" йўлаклар бошқа йўлак орқали ҳаракатланаётган шахсларни кузатишга имкон бермайдиган тарзда ажратилган бўлиши керак.


9. Божхона органи, божхона ҳудудига кириб келиш ёки ушбу ҳудуддан чиқиб кетиш жойларида, жисмоний шахсга божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларни декларациялашни амалга ошириш учун англаган ҳолда тегишли йўлакчани танлаш имконини берувчи, тўғридан-тўғри икки йўлакли тизимдан олдин ахборот зонасини ташкил этиши лозим.


10. Ахборот зонасида жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжи учун божхона чегараси орқали олиб ўтиш масалалари бўйича божхона қонунчилигидаги асосий қоидалар ва назорати божхона органларига юклатилган бошқа қонун ҳужжатлари бўйича қисқача маълумотлар ҳамда икки йўлакли тизимдан фойдаланиш тартиби, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисидаги огоҳлантириш бўлиши лозим.


11. Ахборот зонаси стендлар, пештахталар, табло ва бошқа мосламалар билан давлат, рус ва инглиз тилларида, шунингдек божхона ҳудудига кириш ёки ундан чиқиш жойи жойлашган ҳудудда фаолият олиб борувчи божхона органи томонидан мақсадга мувофиқ деб топилган бошқа тиллардаги ахборот материаллари билан жиҳозланган бўлиши лозим.

Ахборот зонасида йўловчи божхона декларациясининг тоза бланк захиралари ва давлат, рус ва инглиз тилларида тўлдириш бўйича намуналарга эга бўлган бланкларни тўлдириш жойи бўлиши лозим.



3-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ "ЯШИЛ"

ЙЎЛАК ОРҚАЛИ ЎТИШИ ТАРТИБИ


12. "Яшил" йўлакда товарларни декларациялаш оғзаки тарзда амалга оширилади, бундан қуйидагилар мустасно:

олиб кирилиши ёки олиб чиқилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқланган ёхуд чекланган товарлар;

қиймати ва (ёки) миқдори республикага жисмоний шахс томонидан божхона тўловлари солинмайдиган товарларни олиб киришнинг чекланган нормаларидан ва республикадан жисмоний шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона декларациясини тақдим этмасдан товарларни олиб чиқишнинг чекланган нормаларидан ошиб кетган товарлар;

ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган, олиб кирилишига ва олиб чиқилишига рухсат этилган суммаларнинг чекланган нормалари миқдоридаги Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютаси.


13. Ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида олиб ўтилаётган товарлар уларни кузатиб бораётган шахс томонидан декларацияланади.


14. Жисмоний шахснинг "яшил" йўлак орқали ўтиши божхона мақсадлари учун ушбу шахсда ёзма равишда декларацияланиши лозим бўлган товарлар йўқлигини божхона органига маълум қилиш деб қаралади.

Бу жисмоний шахсларни божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этилганлигини англатмайди.


15. Жисмоний шахсларнинг "яшил" йўлак орқали олиб кирилиши, олиб чиқилиши тақиқланган ёки чекланган товарлар ёки қиймати ва (ёки) миқдори товарларни республикага жисмоний шахс томонидан божхона тўловлари солинмайдиган товарларни олиб киришнинг чекланган нормаларидан ёки республикадан жисмоний шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона декларациясини тақдим этмасдан товарларни олиб чиқишнинг чекланган нормаларидан, шунингдек ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган олиб кирилишига ва олиб чиқилишига рухсат этилган суммаларнинг чекланган нормаларидан ошадиган миқдоридаги Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютасини олиб ўтаётганлиги тўғрисида шубҳа ва маълумот бўлганда, божхона органининг ваколатли шахси ушбу шахсга нисбатан божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлар талабларига риоя этилишини таъминловчи божхона назорати назорати шаклларини қўллаши мумкин.

16. "Яшил" йўлак орқали ўтаётган ёки ҳаракатланаётган жисмоний шахсларда олиб кирилиши, олиб чиқилиши тақиқланган ёки чекланган товарлар, қиймати ва (ёки) миқдори товарларни республикага жисмоний шахс томонидан божхона тўловлари солинмайдиган товарларни олиб киришнинг чекланган нормаларидан ёки республикадан жисмоний шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона декларациясини тақдим этмасдан товарларни олиб чиқишнинг чекланган нормаларидан, шунингдек ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган олиб кирилишига ва олиб чиқилишига рухсат этилган суммаларнинг чекланган нормаларидан ошадиган миқдоридаги Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютаси мавжудлиги аниқланганда, бундай шахслар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


4-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ "ҚИЗИЛ"

ЙЎЛАК ОРҚАЛИ ЎТИШИ ТАРТИБИ


17. "Қизил" йўлак орқали ўтадиган жисмоний шахслар белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдиради.


18. Ўн олти ёшга тўлмаган шахснинг қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажида олиб ўтилаётган товарлар уларни кузатиб бораётган шахс томонидан декларацияланади.


19. Божхона органлари "қизил" йўлакда божхона назорати шаклларини қўллашда танлаб олиш принципига асосланади ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлайдиган божхона назорати шаклларини қўллаш билан чекланади. Божхона назорати шаклларини танлаш божхона органи мансабдор шахси томонидан белгиланади.


20. "Қизил" йўлак орқали ҳаракатланаётган шахсларда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ёзма равишда декларацияланиши лозим бўлган товарлар аниқлан тақдирда, ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.


21. Жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари солинмайдиган товарларни республикага олиб киришнинг чекланган нормаларидан ёки божхона декларациясини тақдим этмасдан товарларни республикадан олиб чиқиб кетишнинг чекланган нормаларидан ошадиган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда қонун ҳужжатларида белгиланган божхона расмийлаштирувининг умумий қоидалари қўлланилади.


5-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ХАЛҚАРО АЭРОПОРТЛАРИНИНГ УЧИБ КЕТИШ

ЖОЙИДАГИ МАСОФАВИЙ БОЖХОНА НАЗОРАТИ

ТИЗИМИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР

22. Халқаро аэропортларининг учиб кетиш йўналишида жисмоний шахсларнинг божхона декларациясини расмийлаштириш ва уларга божхона қонунчилиги бўйича тушунтиришлар бериш учун йўловчилар ҳаракатига таъсир қилмайдиган алоҳида божхона расмийлаштируви жойи ташкил этилади.

Божхона расмийлаштируви жойи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида "Божхона", "Таможня" ва "Customs" ёзувлари бўлган махсус график белги билан белгиланади.


23. Божхона расмийлаштируви жойи халқаро аэропортларнинг учиб кетиш йўналишида йўловчиларни рўйхатдан ўтказиш ва багажни топшириш ҳамда чегара назоратидан ўтиш жойлари оралиғидаги ҳудудида жойлаштирилади.


24. Божхона назорати зонасига кириш ва ундан чиқиш жойлари эни 50 сантиметр бўлган линиялар билан белгиланади.


25. Божхона назорати зонасига кириш жойларига давлат тилида, рус ва инглиз тилларида "Божхона назорати зонаси", "Зона таможенного контроля" ва "Customs cоntrol zone" ёзувлари бўлган махсус белгилар ўрнатилади.


26. Божхона назорати зонасига кириб келиш жойларида божхона қонунчилиги тўғрисида бевосита жисмоний шахслар учун божхона чегараси орқали ҳаракатланганда декларацияланиши лозим бўлган товарлар тўғрисида замонавий ахборот ҳудудлари ташкил этилади.


27. Ахборот ҳудудида масофавий божхона назорати тизимига оид божхона қонунчилиги ва бажарилишини назорат қилиш божхона органларига юкланган бошқа қонунчиликнинг асосий қоидалари, шунингдек, божхона қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш жойлаштирилиши керак.


28. Ахборот ҳудуди давлат тили, рус ва инглиз тилларидаги, шунингдек, фаолият кўрсатадиган ҳудудида божхона ҳудудидан чиқиб кетиш жойи жойлашган божхона органлари қўлланилишини мақсадга мувофиқ деб биладиган бошқа ҳар қандай тилдаги ахборот материалларини ўз ичига олган стендлар, шчитлар, табло ва бошқа қурилмалар билан жиҳозланиши даркор.

Ахборот ҳудудида йўловчи божхона декларациялари бланкларини тўлдириш жойлари, тоза бланкалар ва давлат тили, рус ҳамда инглиз тилларида тўлдириш намуналари бўлиши лозим.



6-БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ МАСОФАВИЙ

БОЖХОНА НАЗОРАТИДАН ЎТИШИ ТАРТИБИ

29. Жисмоний шахслар ва уларнинг қўл юклари Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг авиация хавфсизлиги бўлинмалари (кейинги ўринларда - авиация хавфсизлиги бўлинмалари) ходимлари томонидан текшириш орқали назорат қилинади.

Текшириш давомида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олиб чиқилиши тақиқланган, чекланган ёки олиб чиқишнинг чекланган нормаларидан ошиб кетадиган товарлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий ва хорижий валюта бойликлари аниқланганда, товарлар қонунчилик талаблари асосида олиб ўтилаётганлигига аниқлик киритиш мақсадида авиация хавфсизлиги бўлинмалари томонидан текшириш жараёнига божхона органлари ходимлари таклиф этилади.

Аниқлик киритиш мақсадида ўтказилган божхона назоратида ноқонуний тарзда олиб чиқиб кетилаётган товарларга нисбатан божхона органлари томонидан дастлабки процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилади.


30. Жисмоний шахсларнинг багажларини назорат қилиш технологик схемаларга мувофиқ божхона органлари ва авиация хавфсизлиги бўлинмалари томонидан алоҳида ёки ҳамкорликда амалга оширилади.


31. Масофавий божхона назорати тизими жорий этилган халқаро аэропортларда жисмоний шахслар ва уларнинг қўл юклари божхона органлари томонидан божхона назоратидан ўтказилмайди.

Жисмоний шахслар, уларнинг қўл юклари ва багажлари қуйидаги ҳолларда божхона назоратидан ўтказилади:

божхона назоратини ўтказиш "Хавфни бошқариш" автоматлаштирилган ахборот тизими томонидан буюрилганда;

божхона органларида давлат органлари, шунингдек, хорижий давлатлар божхона, бошқа давлат органлари ва халқаро ташкилотлардан олинган маълумотлар мавжуд бўлганида;

божхона органларига фуқароларнинг божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилишига оид тезкор хабарлари келиб тушганда;

божхона назоратининг тегишли шаклларини қўллаш натижасида жисмоний шахснинг ўзини тутиш ҳаракатларида қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг етарлича аломатлари аниқланганда.


32. Масофавий божхона назоратидан ўтишда қуйидаги ҳолатларда товарлар оғзаки декларацияланади:

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олиб чиқилиши тақиқланмаган ва (ёки) чекловлар белгиланмаган товарлар олиб ўтилганда;

қиймати ва (ёки) миқдори республикадан жисмоний шахс томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган божхона декларациясини тақдим этмасдан олиб чиқиш нормалари доирасидаги товарлар олиб ўтилганда;

ёзма декларацияланмасдан олиб чиқишга рухсат этилган нақд валюта маблағлари чекланган нормалардан ошмаганда.


33. Жисмоний шахсларнинг белгиланган божхона назорати зонаси орқали ёзма декларациясиз ўтиши, божхона мақсадлари учун божхона органига мазкур шахснинг ёзма декларацияланадиган товарлари йўқлиги ҳақида маълум қилиш сифатида кўриб чиқилади.

Бунда жисмоний шахслар божхона қонунчилиги талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этилмайди.

Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш тартиби божхона органлари томонидан белгиланади.


34. Жисмоний шахслар ёнида, қўл юки ва кузатиб борилаётган багажларида ёзма декларацияланиши лозим бўлган товарлар мавжуд бўлган тақдирда, ушбу товарлар ҳақида ёзма декларациялаш орқали божхона органи ходимига божхона декларациясини тақдим этиши шарт.



7-БОБ. ИККИ ЙЎЛАКЛИ ТИЗИМ ЖОРИЙ

ЭТИЛМАГАН ЧЕГАРА БОЖХОНА ПОСТЛАРИДА

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРНИНГ БОЖХОНА НАЗОРАТИ

ВА РАСМИЙЛАШТИРУВИДАН ЎТИШИ ТАРТИБИ

35. Икки йўлакли тизим жорий этилмаган чегара божхона постларида жисмоний шахслар ўтиши учун божхона назорати ва расмийлаштируви жойлари ташкил этилади.

Мазкур жойлар кириш ва чиқиш қисмлари эни 50 сантиметр бўлган линиялар билан белгиланади.

Шунингдек, божхона назорати зонасига ушбу жойларга киришда давлат тилида, рус ва инглиз тилларида "Божхона", "Таможня" ва "Сustoms" ёзувлари бўлган махсус белгилар ўрнатилади.


36. Жисмоний шахслар ёнида, қўл юки ва кузатиб борилаётган багажларида ёзма декларацияланиши лозим бўлган товарлар мавжуд бўлган тақдирда, божхона декларацияси божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан декларациялаши шарт.


37. Жисмоний шахслар белгиланган божхона назорати ва расмийлаштируви жойи орқали ёзма декларациясиз ўтиши, божхона мақсадлари учун божхона органига мазкур шахснинг ёзма декларацияланадиган товарлари йўқлиги ҳақида маълум қилиш сифатида кўриб чиқилади.

Бунда жисмоний шахслар божхона қонунчилиги талабларига риоя этиш мажбуриятидан озод этилмайди.

Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш тартиби божхона органлари томонидан белгиланади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА

38. Ушбу Низомда белгиланган талабларнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 13 октябрь