Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 16.10.2017 й. 832-сон "Жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари бўйича маблағларнинг йиғилишини амалга ошириш учун солиқ инспекторларини тўлов терминаллари билан таъминлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

16.10.2017 й.

N 832



ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРДАН

ОЛИНАДИГАН МОЛ-МУЛК ВА ЕР СОЛИҚЛАРИ

БЎЙИЧА МАБЛАҒЛАРНИНГ ЙИҒИЛИШИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ УЧУН СОЛИҚ ИНСПЕКТОРЛАРИНИ ТЎЛОВ

ТЕРМИНАЛЛАРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги ПФ-5116-сонли "Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони талабларини бажариш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Солиқ инспекторлари ўзларига бириктирилган участкада мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчи жисмоний шахсларни, шунингдек тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахсларни ҳисобга олиш юзасидан тегишли ишларни бажаришлари ҳамда улар тегишли солиқларни ўз вақтида тўлашларини назорат қилишлари маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органлари томонидан жисмоний шахслардан олинадиган солиқ тўловлари ҳисобига маблағлар электрон платформада ишлашга мослаштирилган кўп функцияли махсус тўлов дастурлари ёхуд тўлов терминаллари орқали бевосита банк пластик карточкалари ва нақд пул шаклида ундирилиши тартиби белгилансин.

3. Тижорат банклари:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасини 2017 йил 1 ноябрга қадар участка солиқ инспекторлари учун 2190 дона замонавий кўп функцияли тўлов терминаллари билан таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати органларидан тўлов терминалларини ажратиш тўғрисидаги мурожаати келиб тушган даврдан бошлаб, етти иш куни давомида тегишли дастурий таъминотли замонавий кўп функцияли тўлов терминаллари билан таъминласин, шунингдек уларни участка солиқ инспекторлари томонидан қўллаш тартиби тўғрисида тушунтириш ишларини олиб борсин;

электрон платформада ишлашга мослаштирилган кўп функцияли махсус тўлов дастурлари ёхуд тўлов терминаллари орқали тўланган пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг даромадлар бўйича тегишли ғазна ҳисобварақларига кейинги банк иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ўтказилишини таъминласинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини тўлов терминаллари орқали банк пластик карточкаларидан давлат солиқ хизмати органлари ва тижорат банкларига ташриф буюрмасдан тўлаш имконияти мавжудлигини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишини таъминласин.


5. Мазкур қарор ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Д.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Р. Парпиев зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                            А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 17 октябрь