Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.11.2017 й. 908-сон "Ташкилотни қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашаётган ташкилот сифатида идентификациялаш механизми тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

13.11.2017 й.

N 908



ТАШКИЛОТНИ ҚАЙТА ТИКЛАНАДИГАН

МАНБАЛАРДАН ЭНЕРГИЯ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

ҚУРИЛМАЛАРИ ТАЙЁРЛАШГА ИХТИСОСЛАШАЁТГАН

ТАШКИЛОТ СИФАТИДА ИДЕНТИФИКАЦИЯЛАШ

МЕХАНИЗМИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида" 2017 йил 26 майдаги ПҚ-3012-сон қарорига мувофиқ, берилаётган имтиёзлар бўйича солиқ қонунчилигини қўллашда ягона ёндашувни таъминлаш, қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашаётган ташкилотларни идентификациялаш механизмини жорий этиш, шунингдек, уларнинг маҳсулотларини қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тоифасига киритиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2015-2019 йиллар учун иқтисодиёт ва ижтимоий тармоқ соҳаларида энергия ҳажмини қисқартириш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида" 2015 йил 5 майдаги ПҚ-2343-сон қарори 5-бандининг учинчи хатбошига мувофиқ, қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашган корхоналар ва ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб 5 йил муддатга барча солиқлардан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод этилиши маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ташкилотни қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашган ташкилот сифатида идентификациялаш механизми тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашган ташкилотларга ушбу қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ солиқ имтиёзлари берилишида кўмаклашишни;

қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш қурилмалари тайёрлашга ихтисослашган ва солиқ имтиёзлари берилаётган ташкилотларнинг ягона маълумотлар базаси шакллантирилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича технологияларни жорий этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда энергия самарадорлигини ошириш масалалари, ёқилғи-энергетика ресурсларидан тежамкорлик билан оқилона фойдаланишнинг муҳимлиги мунтазам ёритиб борилишини таъминласин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви раиси А.С. Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖ бошқаруви раиси Н.С. Отажонов ҳамда "Ўзстандарт" агентлиги бош директори А.У. Каримов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                      А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 14 ноябрь