Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.11.2017 й. 923-сон "Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида хатларини жўнатиш харажатларини молиялаштиришни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.11.2017 й.

N 923



МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ ЎТАЁТГАН

ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ВА РЕЗЕРВЧИЛАРНИНГ

ҲАРБИЙ ЙИҒИНЛАРДА ҚАТНАШИШ ДАВРИДА

ХАТЛАРИНИ ЖЎНАТИШ ХАРАЖАТЛАРИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг хатларини ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида жўнатиш харажатларини молиялаштиришни тартибга солиш, шунингдек, почта алоқаси соҳасининг ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикасининг "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида"ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида" 2006 йил 14 январдаги ПҚ-257-сон қарорига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида ҳарбий қисмлар томонидан жўнатиладиган хатларини бепул юбориш ҳуқуқига эга эканликлари маълумот учун қабул қилинсин.


2. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларни ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида махсус маркаланган почта конвертлари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилаб қўйилсинки, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг ҳарбий йиғинларда қатнашиш давридаги оддий хатлари ҳарбий қисмлар томонидан почта алоқаси соҳасидаги махсус ваколатли орган томонидан ўрнатилган тартибда муомалага киритилган белгиланган намунадаги махсус маркаланган почта конвертларида жўнатилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2018 йил 1 январдан бошлаб, ҳар йили келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳарбий қисмларининг муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва резервчиларнинг ҳарбий йиғинларда қатнашиш даврида жўнатиладиган оддий хатларини махсус маркаланган почта конвертларида жўнатиш харажатларини қоплашни назарда тутсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Ш.Х. Шерматов зиммасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 23 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 27 ноябрь, 47-сон, 1154-модда