Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.11.2017 й. 909-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 13 ноябрдаги

909-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Хавфли геологик

жараёнларни кузатиш давлат хизмати тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизматининг (кейинги ўринларда Давлат кузатиш хизмати деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Давлат кузатиш хизмати давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг рўй бериши мумкин бўлган фалокатли оқибатлар тўғрисида қарор қабул қилишлари ва аҳолини огоҳлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш, аҳоли пунктлари ва бошқа объектларни ушбу жараёнлар таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий ва хўжалик фаолият натижасида рўй берадиган хавфли геологик экзоген жараёнларнинг (кўчкилар, кўчишлар, чўкишлар, суффозиялар, карстлар) пайдо бўлиши ҳамда ривожланишини кузатувчи, шунингдек, прогонозлаштирувчи орган ҳисобланади.


3. Давлат кузатиш хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат геология қўмитаси деб аталади) тизимига киради ва бевосита Давлат геология қўмитасига бўйсунади.


4. Давлат кузатиш хизмати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Давлат геология қўмитасининг буйруқларига ва ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


5. Давлат кузатиш хизмати ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Давлат кузатиш хизмати хавфли геологик жараёнларни кузатиш, уларнинг шаклланиши шароитларини, ривожланишини ўрганиш, рўй бериши мумкин бўлган фалокатли оқибатлари тўғрисида аҳолини, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини огоҳлантириш ва хабардор қилиш юзасидан Давлат геология қўмитасига ҳисобот беради.


7. Давлат кузатиш хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ўз ваколатлари доирасида бериладиган ёзма кўрсатмалари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир. Давлат кузатиш хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ёзма кўрсатмаларини бажармаганлик учун қайд этилган органлар ва юридик шахсларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


8. Давлат кузатиш хизмати юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган банк ҳисоб рақамларига эгадир.



2-БОБ. ДАВЛАТ КУЗАТИШ ХИЗМАТИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар Давлат кузатиш хизматининг асосий вазифалари ҳисобланади:

хавфли геологик жараёнлар ривожланадиган жойларни аниқлаш ва уларнинг фаоллашишини прогнозлаштириш;

хавфли геологик жараёнларнинг юзага келиши ва ривожланишининг мониторинги олиб борилишини ташкил қилиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларни уларнинг рўй бериши мумкин бўлган фалокатлари ва оқибатлари тўғрисида хабардор қилиш ва огоҳлантириш;

Давлат кузатиш хизматининг ёзма кўрсатмалари, шунингдек, хулосаларида баён этилган талабларнинг барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар, уларнинг идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

хавфли геологик жараёнларнинг янги манбалари шаклланишининг олдини олиш мақсадида уларнинг кучайиши мумкин бўлган минтақалардаги ҳудудлардан оқилона фойдаланиш бўйича тавсияномалар тайёрлаш ва бериш.


10. Юкланган вазифаларга мувофиқ Давлат кузатиш хизмати қуйидаги функцияларни бажаради:


а) хавфли геологик жараёнлар ривожланадиган жойларни аниқлаш ва уларнинг фаоллашишини прогнозлаштириш соҳасида:

хавфли геологик жараёнларни кузатиш ишларини олиб боришни таъминлайди;

хавфли геологик жараёнларнинг салбий таъсиридан аҳоли яшаш пунктларини ҳимоя қилишнинг узоқ муддатли дастурларини ва ҳудудий чизмалар мажмуини чизишда иштирок этади;

республика ҳудудида хавфли геологик жараёнлар рўй бериши тўғрисидаги ахборотга оид маълумотлар банкини шакллантиради ва тўлдириб боради, техноген фаолиятнинг хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойлардаги геологик муҳитга таъсирини таҳлил қилади, турли идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар бўйича хавфли геологик жараёнларнинг таъсири оқибатида етказилган зарарларни ҳисобга олиб боради, тоғ ёнбағирларининг мустаҳкамлигини сақлаш бўйича тавсияномалар беради;

амалга оширилган тавсияномаларнинг амалий аҳамиятини ҳар йили таҳлил қилади ва баҳолайди;


б) хавфли геологик жараёнлар юзага келиши ва ривожланишининг мониторинги олиб борилишини ташкил қилиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларни уларнинг рўй бериши мумкин бўлган фалокатлари ва оқибатлари тўғрисида хабардор қилиш ва огоҳлантириш соҳасида:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларни хавфли геологик жараёнларнинг фаоллашиши мумкинлигидан хабардор қилади ва огоҳлантиради, хавфли геологик жараёнларни кузатиш ишларини ташкил этиш бўйича тавсияномалар беради;

Давлат кузатиш хизмати, зарур бўлса, ўзининг хабардор қилиш тизимидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (кейинги ўринларда ФВВ деб аталади), унинг ҳудудий бошқармалари, бўлинмалари ва бошқа идораларининг хабардор қилиш тизимидан фойдаланиши мумкин;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳудудлардан фойдаланишнинг жорий ҳамда истиқбол режаларини, шу жумладан, хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойлардаги саноат ва хўжалик қурилишларининг лойиҳаларини келишади ҳамда уларни ўзлаштириш мумкинлиги тўғрисида хулосалар беради;

аҳоли яшаш жойлари ва халқ хўжалиги объектларини хавфли геологик жараёнлар таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар лойиҳаларини лойиҳалаш ташкилотлари билан келишади, зарур ҳолларда шундай тадбирларни муҳандислик-геологик жиҳатдан асослашни тузишда (мураккаб ва алоҳида муҳим объектларда) иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат экология қўмитаси деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси деб аталади) ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази билан биргаликда хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш ва жойлаштириш схемаларини, шаҳарлар ва аҳоли яшайдиган бошқа жойларнинг бош режаларини экспертизадан ўтказади, хўжалик фаолиятининг хавфли геологик жараёнларни кучайтириши мумкин бўлган салбий таъсирларига баҳо беради;

ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича, шунингдек, хорижий тажрибани ўрганиш ва жорий этиш бўйича белгиланган тартибда халқаро ҳамкорликни амалга оширади;


в) Давлат кузатиш хизматининг ёзма кўрсатмалари, шунингдек, хулосаларида баён этилган талабларнинг барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар, уларнинг идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

хавфли геологик жараёнлар кучайиши тўғрисида муҳандислик-геология ахбороти, уларнинг олдини олиш ёки салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар кўриш учун хулосалар ва ёзма кўрсатмалар беради;

ФВВ билан биргаликда, зарур ҳолларда, Давлат кузатиш хизматининг ёзма кўрсатмалари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилмаётгани тўғрисидаги материалларни прокуратура органларига беради;


г) хавфли геологик жараёнларнинг янги манбалари шаклланишининг олдини олиш мақсадида уларнинг кучайиши мумкин бўлган минтақалардаги ҳудудлардан оқилона фойдаланиш бўйича тавсияномалар тайёрлаш ва бериш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, ФВВга, Давлат экология қўмитаси ва "Давархитектқурилиш" қўмитасига хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойлардаги ҳудудларни ўзлаштириш тартиби тўғрисидаги талабларни ва ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

хавфли геологик жараёнларнинг белгиларини кузатиш масаласи бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга маслаҳат беради;

фойдаланишнинг нотўғри тартибида хавфли геологик жараёнларнинг юзага келишига, ривожланишига ёки уларнинг кучайишига олиб келувчи янги (реконструкция қилинган) объектлар ҳамда иншоотларни қабул қилиш ва ишга тушириш бўйича давлат комиссияси ишида қатнашади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни бажаради.


11. Давлат кузатиш хизмати унга юкланган вазифаларни ҳал этади ва ўзининг функцияларини бевосита ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бажаради.



3-БОБ. ДАВЛАТ КУЗАТИШ ХИЗМАТИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


12. Давлат кузатиш хизмати унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хулосалар асосида хавфли геологик жараёнлар таъсирига учраган жойларда аҳолини бошқа жойга кўчириш, объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш тартибини бошқа муддатга кўчириш ёки ўзгартириш тўғрисида ижро этилиши шарт бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

хавфли геологик жараёнларни аниқлаш ва ривожланишини ўрганиш мақсадида идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, махфийлик тартибидаги объектлар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар ҳудудига тўсиқларсиз кириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслардан, идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, аҳоли яшаш пунктлари ва объектларни текшириш вақтида зарур ҳолларда алоқа воситалари, бино ва транспорт воситаси билан таъминлашларини сўраш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ҳудудлардан тоғ ёнбағирларининг бардошлилигини сақлашга доир талаб ва тавсияларни бузган ҳолда фойдаланаётган корхоналар (ташкилотлар) фаолиятини тўхтатиш тўғрисида таклифлар киритиш;

ФВВ билан биргаликда хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда мансабдор шахслар, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан объектлар ва улардан фойдаланиш талабларини қўпол равишда бузиш ёки мунтазам равишда бажармаслик ҳолларига йўл қўйилаётганлиги, шунингдек, яшовчиларни хавфли жойлардан кўчириш ҳақидаги ёзма кўрсатмалар бажарилмаётганлиги тўғрисидаги материалларни прокуратура органларига тақдим этиш;

хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган ҳудудларнинг чегарасини ҳар йили белгилаш ҳамда шунга мувофиқ равишда хавфсиз жойларга кўчириш лозим бўлган объектлар сони ва рўйхатига зарур ўзгартиришлар киритиш, илгари берилган тавсиялар ва ёзма кўрсатмаларнинг мазмунини аниқлаш;

хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган шарт-шароитларни ўрганиш масалаларини ишлаб чиқиш мақсадида белгиланган тартибда Давлат геология қўмитасининг Давлат геология фонди, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фонд материалларидан бепул ва навбатдан ташқари фойдаланиш;

хавфли геологик жараёнлар кучайган даврда шошилинч хабардор қилиш ва огоҳлантириш зарурати туғилганда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш;

Давлат кузатиш хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.


13. Кузатиш хизматининг Бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарларига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда аҳолини бошқа жойга кўчириш (муайян жойдан вақтинчалик кўчириш), объектлар қуриш ва улардан фойдаланиш тартибини бошқа муддатга кўчириш ёки ўзгартириш, шунингдек, бошқа ишларни амалга ошириш тўғрисида ёзма кўрсатмалар бериш;

хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда, агар объектлар қурилиши хулосалар ва экспертиза далолатномаларисиз, лойиҳаларга риоя этилмасдан амалга оширилганда ёки Давлат кузатиш хизматининг тавсиялари бажарилмаганда ёхуд бу ишлар ҳудудлардан фойдаланишга доир амалдаги нормативларга риоя этилмай бажарилганда ўз ваколатлари доирасида қурилиш ишларини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида судга мурожаат қилиш;

агар кейинги фаолияти хавфли геологик жараёнларнинг пайдо бўлишига, ривожланишига ёки кучайишига олиб келса, идоравий мансублигидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар (ташкилотлар)нинг фаолиятини тўхтатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таклифлар киритиш;

агар объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш шарт-шароитлари хавфли геологик жараёнларнинг пайдо бўлишига, ривожланишига ёки кучайишига олиб келадиган бўлса, муҳандислик-геологик фонд материалларини ўрганиш ва асосли далиллар, шунингдек хавфли геологик жараёнлар ривожланган ҳудудларнинг жорий ҳолатидан келиб чиқиб илгари берилган хулосаларга зарур ўзгартиришлар киритиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Давлат кузатиш хизматининг ёзма кўрсатмалари бажарилмаганлиги ҳақида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва уларни тегишли органларга юбориш.


14. Давлат кузатиш хизматининг давлат инспекторларига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

хулосалар асосида аҳолини бошқа жойга кўчириш (муайян жойдан вақтинчалик кўчириш), объектлар қуриш ва улардан фойдаланиш вақтини бошқа муддатга кўчириш ёки ўзгартириш, шунингдек, хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда бошқа ишларни амалга ошириш тўғрисида бажариш мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар бериш;

агар объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш шарт-шароитлари хавфли геологик жараёнларнинг пайдо бўлишига, ривожланишига ёки кучайишига олиб келадиган бўлса, хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда ҳудудларни ўзлаштириш юзасидан илгари берилган хулосаларга зарур ўзгартиришларни бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарлари билан келишган ҳолда киритиш;

хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларнинг чегарасини аниқлаш ҳамда шунга мувофиқ равишда хавфсиз жойларга кўчириш лозим бўлган хўжаликлар сони ва объектлар рўйхатига доир муҳандислик-техникавий тадбирларга ўзгартиришлар киритиш;

хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда янги (реконструкция қилинган) объектлар ва иншоотларни қабул қилиш ва фойдаланишга топшириш бўйича давлат комиссиялари ишида қатнашиш;

Давлат кузатиш хизмати органлари ва мансабдор шахсларининг ёзма кўрсатмалари бажарилмаганлиги ҳақида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ва уларни тегишли органларга бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарлари билан келишган ҳолда юбориш.


15. Давлат кузатиш хизмати қуйидагиларга мажбурдирлар:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хавфли геологик жараёнларнинг пайдо бўлиши ва кучайиши мумкин бўлган шарт-шароитларни мунтазам ўрганиш, уларнинг рўй бериши мумкинлиги тўғрисида ҳар йили материаллар тайёрлаш;

аҳоли яшаш жойлари ва халқ хўжалиги объектларини ушбу жараёнларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш ва амалга ошириш учун уларнинг рўй бериши мумкин бўлган ҳалокатли оқибатлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маълум қилиш ҳамда хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойлардаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, юридик ва жисмоний шахсларни хабардор қилиш ва огоҳлантириш;

ФВВга ўрганилаётган ҳудудларда хавфли геологик жараёнларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, шунингдек, хавф кўрсатгичлари тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида ва тўлиқ тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси давлат манфаатларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, хавфли геологик жараёнлар кучайиши мумкин бўлган жойларда ҳудудлардан фойдаланишда тор маҳкамачилик, маҳаллийчилик кўринишларининг олдини олиш.


16. Давлат кузатиш хизмати ва унинг мансабдор шахслари уларга юкланган вазифалар ва функциялар самарали амалга оширилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. ДАВЛАТ КУЗАТИШ ХИЗМАТИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


17. Давлат кузатиш хизматига Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Давлат геология қўмитаси раиси томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ раҳбарлик қилади.

Бошлиқ Давлат геология қўмитаси раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва озод қилинадиган икки нафар ўринбосарга эга бўлади.

Давлат кузатиш хизматининг бошлиғи хавфли геологик жараёнларни кузатиш хизмати бош давлат инспектори (кейинги ўринларда кузатиш хизмати бош давлат инспектори деб аталади) ҳисобланади.

Давлат кузатиш хизмати бошлиғининг ўринбосарлари кузатиш хизмати бош давлат инспекторининг ўринбосарлари ҳисобланадилар.

Кузатиш хизмати давлат инспекторларининг шахсий таркиби уч йилда бир маротаба, агар зарур бўлса, ҳар йили Давлат кузатиш хизмати бошлиғи тақдимномасига биноан Давлат геология қўмитаси раиси томонидан тасдиқланади.


18. Давлат кузатиш хизмати бошқарув аппаратидан, давлат инспекторлари, ёрдамчи бўлинмалар, шунингдек, режимли гидрогеологик станцияларга тенглаштирилган ҳудудий кузатув станцияларидан иборат бўлади.


19. Давлат кузатиш хизмати бошлиғи:

Давлат кузатиш хизмати фаолиятига раҳбарлик қилади ва Давлат кузатиш хизматига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг ваколатлари белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Давлат кузатиш хизматининг давлат инспектори, ҳудудий станциялари ва ёрдамчи бўлинмаларининг ваколатларини белгилайди;

Давлат кузатиш хизмати бошқарув аппарати ходимлари, ҳудудий станциялар ва ёрдамчи бўлинмалар бажариши мажбурий бўлган мажбурий буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Давлат кузатиш хизматининг штатлар жадвалини Давлат геология қўмитасига келишиш учун киритади ва уни тасдиқлайди;

Давлат кузатиш хизмати ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилади ва белгиланган тартибда алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлар номзодларини мукофотлашга тавсия қилади;

Давлат кузатиш хизмати ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Давлат кузатиш хизмати бошқарув аппарати, ёрдамчи бўлинмалари ва ҳудудий станцияларида ижро интизомини мустаҳкамлашга доир ишларни мувофиқлаштиради;

Давлат кузатиш хизмати ваколатига кирувчи масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижро қилиш ишларни назорат қилади ва мувофиқлаштиради;

Давлат кузатиш хизмати бошлиғи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


20. Давлат кузатиш хизматида зарур ҳолларда хавфли геологик жараёнларни кузатиш жараёнида аниқланган муаммоларни тезкор ҳал этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган ҳолда республикада шаклланаётган кўчкилар ҳолатини таҳлил қилиш мақсадида бошлиқ (штаб раиси), унинг ўринбосарлари, шунингдек, ҳудудий кузатиш станциялари бошлиқларидан иборат таркибда тезкор штаб ташкил этилади.



5-БОБ. ДАВЛАТ КУЗАТИШ

ХИЗМАТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ


21. Давлат кузатиш хизматини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш йиллик минерал хомашё базани ривожлантириш ва қайта тўлдиришнинг давлат дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига амалга оширилади.

Минерал-хомашё базани ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастурига киритилмаган ва уларни амалга ошириш учун қўшимча харажатларни талаб қиладиган қўшимча ишларни бажаришни молиялаштириш буюртмачиларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


22. Давлат кузатиш хизмати томонидан олинган фойда, шунингдек, жамланган амортизация тўловлари ва бошқа тушумлар унинг тасарруфида қолади, белгиланган тартибда моддий-техника базани мустаҳкамлаш ва ахборот-коммуникацион тизимини ривожлантириш, касб маҳоратининг юқори даражаси, лавозим мажбуриятлари сифатли бажарилганлиги, ижодий фаоллиги ва ташаббускорлиги учун ходимларни рағбатлантириш учун фойдаланилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Давлат кузатиш хизматини қайта ташкил қилиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 14 ноябрь