Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.11.2017 й. 924-сон "Жазони ўташ муассасалари ҳузурида давлат унитар корхоналарини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.11.2017 й.

N 924



ЖАЗОНИ ЎТАШ МУАССАСАЛАРИ ҲУЗУРИДА

ДАВЛАТ УНИТАР КОРХОНАЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 11 августдаги ПҚ-3200-сон қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш муассасалари ҳузурида ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширадиган давлат унитар корхоналарини иловага* мувофиқ рўйхат бўйича ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, жазони ижро этиш муассасалари давлат унитар корхоналарининг муассислари ҳисобланади.

Жазони ижро этиш муассасалари давлат унитар корхоналарини юқори малакали менежерлар, мутахассислар, муҳандис-техник ва ишлаб чиқариш ходимлари билан таъминласинлар.


2. Қуйидагилар ташкил этиладиган давлат унитар корхоналарининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини, жумладан, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш орқали ривожлантириш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш ва озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш;

ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятида ишларни ташкил этишнинг замонавий шакл ва услубларини, ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш;

ускуналар ва бошқа техникадан фойдаланиш, моддий-техника ва ёқилғи- энергетика ресурсларини тежаш самарадорлигини ошириш, ускуналарни сақлаш, уларни жорий таъмирлаш ва улардан фойдаланиш бўйича бошқа ишларни бажариш;

ўзларига бериладиган ва жазони ижро этиш муассасаларида жойлашган объектлар ҳамда ҳудудларни шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ сифатли сақлаш ҳамда улардан фойдаланишни таъминлаш;

ўз ишлаб чиқариш фаолиятини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ташкил этиш;

жазони ижро этиш муассасалари билан шартнома асосида маҳкумлар бандлигини таъминлаш ва улар учун қўшимча иш ўринлари яратиш ишларини ташкил этиш;

маҳкумларда зарур меҳнат кўникмалари ва меҳнатни ҳурмат қилиш муносабатларини шакллантириш, меҳнат натижасида маҳкумларнинг маънавий ва моддий манфаатдорлиги учун шароитлар яратиш;

меҳнат интизоми, технологик интизом ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш.


3. Давлат унитар корхоналари фаолияти қуйидагилар ҳисобига молиялаштирилиши белгилансин:

фаолият йўналиши бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотишдан тушадиган даромадлар;

давлат унитар корхоналарининг давлат мулкини ташкилотларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ижарага беришдан тушадиган даромадлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг:

давлат унитар корхоналари бозор конъюнктураси ва ўз фаолиятининг хусусиятларини ҳисобга олиб, товарлар (ишлар, хизматлар) учун шартнома (эркин) нархларини (тарифларини) ва рентабеллигини мустақил белгилаши;

давлат унитар корхоналари товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш нархларини (тарифларини) шакллантиришда ўз ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва корхоналарни техник қайта жиҳозлаш харажатларини, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш-техника базасини модернизациялашни мажбурий ҳисобга олиши;

товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш нархлари (тарифлари) давлат унитар корхонаси директори томонидан ушбу корхона фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси, унинг бўлинмалари ва муассасалари эҳтиёжлари учун эса - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан келишган ҳолда тасдиқланиши;

давлат унитар корхоналари жазони ижро этиш муассасалари ҳудудидаги бино ва иншоотларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан келишиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг қарорлари асосида ҳудудий ягона буюртмачи хизматларини жалб қилган ҳолда товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотишдан корхона ихтиёрида қоладиган даромад ҳисобидан қуриш ҳамда реконструкция қилиш ҳуқуқига эга экани тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги икки ой муддатда:

жазони ижро этиш муассасалари ҳузуридаги давлат унитар корхоналарининг тузилмаси ва намунавий уставини тасдиқласин;

жазони ижро этиш муассасалари давлат унитар корхоналарининг уставлари тасдиқлашини;

давлат унитар корхоналарини бинолар ва зарур ишлаб чиқариш базаси билан таъминласин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, шунингдек, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари давлат унитар корхоналаридаги мавжуд чорва моллари бош сонидан келиб чиққан ҳолда, ушбу ҳудудда чорва моллари боқиладиган яйловлар учун зарур миқдорда сув чиқариш қудуқлари, скважиналар билан таъминланган ва ҳосилдор қўшимча ер майдонлари ажратиш чораларини кўрсинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги давлат унитар корхоналари ишлаб чиқарадиган маҳсулот турлари ҳақида реклама ва уларнинг нархлар прейскуранти оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида жойлаштирилишини таъминласин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 23 ноябрь