Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси (ЎзР 25.01.2018 й. ЎРҚ-462-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ

ЮРИТИШ ТЎҒРИСИДАГИ

КОДЕКСИ


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилик

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


2-модда. Маъмурий суд ишларини

юритиш вазифалари

Маъмурий суд ишларини юритиш вазифалари қуйидагилардан иборат:

маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини, фуқаролар, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг (бундан буён матнда юридик шахслар деб юритилади) ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш;

қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантириш.



3-модда. Ушбу Кодекснинг амал қилиш соҳаси

Ушбу Кодекс фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этишда маъмурий суд ишларини юритишни амалга ошириш тартибига нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Кодекс маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритишга нисбатан татбиқ этилмайди.



4-модда. Судга мурожаат қилиш ҳуқуқи

Ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун маъмурий судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар мурожаат қилишга ҳақли.

Судга мурожаат қилиш ҳуқуқидан воз кечиш ҳақиқий эмас.



5-модда. Судга мурожаат қилиш шакли

Судга мурожаат қилиш:

фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишлар бўйича, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда - ариза (шикоят) ва илтимоснома шаклида;

апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанциялари судларига мурожаат этилганда, шунингдек ушбу Кодекс ҳамда бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда шикоят (протест) шаклида амалга оширилади.

Мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.



6-модда. Маъмурий иш

Маъмурий иш ишда иштирок этувчи шахслар ва маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан судга тақдим этилган ёхуд суд томонидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар, шунингдек қоғозда расмийлаштирилган суд ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар асосида шакллантирилади.

Маъмурий иш электрон шаклда шакллантирилиши мумкин.

Маъмурий иш электрон шаклда шакллантирилган ҳолларда, ишда иштирок этувчи шахслар ва маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари ўзларининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган ҳужжатларни судга электрон шаклда тақдим этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар ва маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари томонидан судга тақдим этилган ёзма ҳужжатлар ишга электрон шаклда қўшиб қўйилади, шундан сўнг ёзма ҳужжатлар уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.

Маъмурий иш электрон шаклда шакллантирилган тақдирда, суд ҳужжатлари судьянинг (судьяларнинг) электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади, суд мажлисларининг ҳамда алоҳида процессуал ҳаракатларнинг баённомалари эса раислик қилувчининг ва суд мажлиси котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Электрон шаклдаги маъмурий ишни бошқа маъмурий судга ёки бошқа органга ўтказиш ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Электрон шаклда шакллантирилган маъмурий иш қоғоздаги кўчирма нусхасига эга бўлиши мумкин.



7-модда. Суд ҳужжатлари

Суд ҳал қилув қарори, ажрим, қарор шаклидаги суд ҳужжатларини қабул қилади.

Биринчи инстанция судида ишни мазмунан кўриш натижалари бўйича ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинади.

Апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларини (протестларини) кўриш натижалари бўйича апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари судлари томонидан қарорлар қабул қилинади.

Иш мазмунан ҳал этилмасдан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари ажримлар шаклида чиқарилади.



2-БОБ. МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ

ЮРИТИШ ПРИНЦИПЛАРИ


8-модда. Одил судловнинг фақат суд

томонидан амалга оширилиши

Маъмурий ишлар бўйича одил судлов ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича фақат суд томонидан амалга оширилади.



9-модда. Қонун ва суд олдида тенглик

Маъмурий ишлар бўйича одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, юридик шахсларнинг эса мулкчилик шаклидан, жойлашган еридан, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.



10-модда. Судьяларнинг мустақиллиги

ва фақат қонунга бўйсуниши

Одил судловни амалга оширишда судьялар мустақилдирлар ва фақат қонунга бўйсунадилар.

Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Судьялар мустақиллигининг кафолатлари қонун билан белгиланади.



11-модда. Суднинг фаол иштироки

Маъмурий суд ишларини юритиш суднинг фаол иштироки асосида амалга оширилади.

Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, аризалари, илтимосномалари, улар томонидан тақдим этилган далиллар ва ишнинг бошқа материаллари билан чекланмасдан маъмурий ишнинг тўғри ҳал қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текширади.

Суд ўз ташаббуси ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномаси бўйича қўшимча далиллар тўплайди, шунингдек маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларини ҳал қилишга қаратилган бошқа ҳаракатларни бажаради.

Ишда иштирок этувчи шахслар ишнинг ҳақиқий ҳолатларини текширишда ва далилларни тўплашда судга кўмаклашиши шарт.



12-модда. Маъмурий суд ишлари юритиладиган тил

Маъмурий суд ишлари ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда юритилади.

Маъмурий суд ишлари юритилаётган тилни билмайдиган суд процесси иштирокчиларининг таржимон орқали иш материаллари билан танишиш, суд ҳаракатларида иштирок этиш ҳамда судда ўз она тилида ёки эркин танланган мулоқот тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

Суд муҳокамаси жараёнида қабул қилинадиган суд ҳужжатлари суд мажлиси қайси тилда ўтказилган бўлса, ўша тилда тузилади.



13-модда. Суд муҳокамасининг ошкоралиги

Судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилади.

Давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда, ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади. Ишни ёпиқ мажлисда видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио- ва видеоёзуви эса амалга оширилмайди.

Эшитиш ёпиқ суд мажлисида ўтказилган тақдирда, ишни электрон шаклда шакллантиришга йўл қўйилмайди.

Ишни ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.



14-модда. Суд муҳокамасининг бевоситалиги

Суд маъмурий ишни кўриб чиқишда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.



15-модда. Маъмурий ишларни қонунчилик асосида ҳал қилиш

Суд маъмурий ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонунчилик, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.

Суд маъмурий ишни кўраётганда маъмурий органнинг ҳужжати қонунга мувофиқ эмаслигини, шу жумладан ҳужжат ваколат доирасидан четга чиқилган ҳолда қабул қилинганлигини аниқласа, қонунга мувофиқ қарор қабул қилади.

Низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар ҳам мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунидан келиб чиқиб ҳал қилади.

Маъмурий ишларни кўриб чиқишда қонунчилигидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар фуқаролар ва юридик шахсларнинг фойдасига талқин этилади.


16-модда. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

Суд ҳужжатларини бажармаслик ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.



3-БОБ. СУДНИНГ ТАРКИБИ


17-модда. Ишларнинг якка тартибда

ва ҳайъатда кўрилиши

Биринчи инстанция бўйича маъмурий ишлар (бундан буён матнда иш деб юритилади) туманлараро маъмурий судида, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судида судья томонидан якка тартибда, Ўзбекистон Республикаси Олий судида биринчи инстанция бўйича ишлар уч нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда кўрилади.

Ишни апелляция, кассация ва тафтиш тартибида кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда амалга оширилади.

Ишни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида тафтиш тартибида кўриш ҳайъатда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати аъзоларининг кўпчилиги иштирокида амалга оширилади.

Иш ҳайъатда кўрилаётганда судьялардан бири суд мажлисида раислик қилади.

Ишни кўришда барча судьялар тенг ҳуқуқлардан фойдаланади.

Ушбу Кодексга биноан судьяга ишни якка тартибда кўриш ва айрим масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқи берилган тақдирда, судья суд номидан иш кўради.    



18-модда. Суд таркибини шакллантириш

Муайян ишни кўриш учун суд таркиби судьяларнинг иш ҳажми ва ихтисослашуви ҳисобга олинган ҳолда, суд таркибини шакллантиришга суд муҳокамаси натижасидан манфаатдор бўлган шахсларнинг таъсир кўрсатиши истисно этиладиган тартибда, автоматлаштирилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда шакллантирилади.

Бир судья ёки суд таркиби томонидан кўрилиши бошланган иш айнан шу судья ёки суд таркиби томонидан кўриб чиқилиши керак.

Судья ёки судьялардан бири:

судья ушбу Кодексда белгиланган тартибда ўзини ўзи рад қилган ёки судьяни рад қилиш ҳақида ариза берилган ва бу қаноатлантирилган тақдирда;

судья йўқлиги сабабли ишни кўриш имкони бўлмаган тақдирда алмаштирилиши мумкин.

Судья алмаштирилганидан сўнг ишни кўриш бошидан бошланади.



19-модда. Масалаларни суд томонидан ҳайъат

таркибида ҳал қилиш тартиби

Суд томонидан иш ҳайъат таркибида кўрилаётганда юзага келадиган масалалар судьялар томонидан кўпчилик овоз билан ҳал қилинади. Судьяларнинг бирортаси овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Суд мажлисда раислик қилувчи судья ҳаммадан кейин овоз беради.

Кўпчиликнинг фикрига қўшилмаган судья суд ҳужжатига имзо қўйиши шарт ва у ўзининг алоҳида фикрини ёзма шаклда баён қилишга ҳақли, алоҳида фикр муҳрланган конвертда ишга қўшиб қўйилади, лекин эълон қилинмайди. Ишда иштирок этувчи шахслар судьянинг алоҳида фикри билан таништирилмайди.

Юқори инстанция суди судьянинг алоҳида фикри билан танишишга ҳақли.



20-модда. Ишни кўришда судьянинг такрор

иштирок этишига йўл қўйилмаслиги

Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси суди томонидан бекор қилинган бўлса, шу ишни биринчи инстанция судида янгидан кўришда иштирок этиши мумкин эмас, бундан янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш ҳоллари мустасно.

Ишни биринчи инстанция судида кўришда иштирок этган судья шу ишни апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни апелляция инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмас.

Ишни тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда, шунингдек ишни юқори турувчи суд томонидан тафтиш тартибида қайта кўришда иштирок этиши мумкин эмас.         



4-БОБ. СУДЬЯНИ ВА МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ

ЮРИТИШНИНГ БОШҚА ИШТИРОКЧИЛАРИНИ

РАД ҚИЛИШ


21-модда. Судьяни рад қилиш

Судья қуйидаги ҳолларда ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим, агар у:

1) мазкур иш илгари кўрилганда судья сифатида иштирок этган бўлса ва ишни кўришда унинг такрорий иштирок этишига ушбу Кодекс талабларига мувофиқ йўл қўйилмаса;

2) мазкур иш илгари кўрилганда унда прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлиси котиби, вакил ёки гувоҳ сифатида иштирок этган бўлса;

3) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса;

4) ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса;

5) ишни кўраётган ҳайъат таркибидаги судьянинг қариндоши бўлса.



22-модда. Прокурорни, экспертни, мутахассисни,

таржимонни ва суд мажлиси котибини

рад қилиш

Прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлиси котиби қуйидаги ҳолларда ишни кўришда иштирок этиши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим, агар у:

1) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ёки улар вакилларининг қариндоши бўлса;

2) ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислигига шубҳа туғдирувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Экспертни ва мутахассисни рад қилиш учун қуйидагилар ҳам асос бўлади:

1) унинг ишда иштирок этувчи шахсларга ёки уларнинг вакилларига ишнинг муҳокамаси пайтида ёки ўтмишда хизмат вазифаси юзасидан ёхуд бошқа жиҳатдан тобе бўлганлиги;

2) у ўтказган тафтиш материаллари судга мурожаат қилиш учун асос ёки сабаб бўлиб хизмат қилган бўлса ёхуд ишни кўришда улардан фойдаланилаётган бўлса.



23-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризалар

Ушбу Кодекснинг 21 ва 22-моддаларида кўрсатилган асослар мавжуд бўлса, судья, прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби ва таржимон ўзини ўзи рад қилиш ҳақида арз қилиши шарт. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан ҳам шу асосларга кўра уларни рад қилиш ҳақида арз қилиниши мумкин. Прокурорни, экспертни, мутахассисни, суд мажлиси котибини, таржимонни рад қилиш суднинг ташаббусига кўра ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Ўзини ўзи рад қилиш ёки рад қилиш ҳақидаги ариза асослантирилган бўлиши ва ишни мазмунан кўриш бошлангунига қадар маълум қилиниши керак.

Иш кўрилаётганда ўзини ўзи рад қилиш ёки рад қилиш ҳақида ариза беришга, агар ўзини ўзи рад қилиш ёки рад қилиш учун асос ўзини ўзи рад қилиш ёхуд рад қилиш ҳақида ариза берган шахсга ишни мазмунан кўриш бошланганидан кейин маълум бўлиб қолган тақдирдагина йўл қўйилади.

Айни бир шахс томонидан айни бир асослар бўйича такроран рад қилиш билдирилиши мумкин эмас. Такроран рад қилиш билдирилган тақдирда, у кўриб чиқилмайди.



24-модда. Рад қилиш тўғрисидаги

аризани ҳал этиш тартиби

Рад қилиш тўғрисида арз қилинган тақдирда, суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг фикрини, агар рад қилиниши талаб этилаётган шахс тушунтириш беришни хоҳласа, унинг ҳам фикрини эшитади.

Ишни якка тартибда кўраётган судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала суд раиси томонидан ҳал қилинади.

Иш ҳайъат таркибида кўрилаётганда судьяни рад қилиш тўғрисидаги масала рад қилиниши талаб этилаётган судьянинг иштирокисиз суд таркибининг кўпчилик овози билан ҳал қилинади. Рад қилишни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сони тенг бўлиб қолса, судья рад қилинган ҳисобланади.

Бир нечта судьяни ёки ишни кўраётган суднинг бутун таркибини рад қилиш тўғрисидаги масала шу суд таркиби томонидан оддий кўпчилик овоз билан ҳал қилинади.

Прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котибининг ва таржимоннинг ўзини ўзи рад қилиши ёки уларни рад қилиш тўғрисидаги масала ишни кўраётган суд томонидан ҳал этилади.

Судьянинг ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги масала ушбу моддада назарда тутилган тартибда ҳал этилади.

Рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.



25-модда. Рад қилиш тўғрисидаги аризани

қаноатлантириш оқибатлари

Ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги ёки судьяни ёхуд бир нечта судьяни ёинки бутун суд таркибини рад қилиш ҳақидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда иш ўша судда, бироқ судьяларнинг бошқа таркибида кўрилади.

Агар ўзини ўзи рад қилишни ва рад қилишни қаноатлантириш натижасида ишни айни ўша судда кўриш учун суднинг янги таркибини шакллантириш имкони бўлмаса, иш бошқа судга ўтказилиши керак.



5-БОБ. МАЪМУРИЙ ИШЛАРНИНГ СУДГА

ТААЛЛУҚЛИЛИГИ ВА СУДЛОВГА

ТЕГИШЛИЛИГИ


§ 1. Судга тааллуқлилик


26-модда. Судга тааллуқли ишлар

Маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир, бундан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига, фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий судларга ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар мустасно.

Қонун билан маъмурий судга тааллуқли ишлар жумласига бошқа ишлар ҳам киритилиши мумкин.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий суд ўзига тааллуқли ишларни фуқаролар, юридик шахслар ва маъмурий органлар, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга ошираётган чет эл юридик шахслари, халқаро ташкилотлар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокида кўради.

Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса иқтисодий судга ёки фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштиришга йўл қўйилмайди.


27-модда. Суд томонидан ҳал этиладиган ишлар

Суд:

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

2) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

3) сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

4) нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

5) давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги;

6) ушбу Кодекснинг 27-1-моддасида кўрсатилган инвестиция низолари бўйича;

7) ушбу Кодекснинг 27-2-моддасида кўрсатилган рақобат тўғрисидаги; ;

8) маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича ундириш сўзсиз тартибда амалга ошириладиган ижро ҳужжати ёки бошқа ҳужжат устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.

Суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган, қонун билан ўзининг ваколатига киритилган бошқа ишларни ҳам ҳал қилади.

27-1-модда. Инвестициявий низолар бўйича ишлар

Инвестициявий низолар жумласига инвесторлар билан маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги улар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ қарорларига, ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) доир ишлар киради.

27-2-модда. Рақобат тўғрисидаги ишлар

Рақобат тўғрисидаги ишлар бўлиб юридик шахслар, шу жумладан чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган, маъмурий суд судловига тегишли низолар ҳисобланади.



27-3-модда. Иш материалларини судга

тааллуқлилигига кўра маъмурий суддан

бошқа судга ўтказиш

Талаб судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда маъмурий судга тақдим этилган бўлса, ариза (шикоят) тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказилади.

Агар ариза (шикоят) судга тааллуқлилик қоидаларини бузган ҳолда иш юритишга қабул қилинганлиги ишни кўриб чиқиш чоғида аниқланса, маъмурий суд иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга кўриб чиқиш учун ўтказиш ва маъмурий суд ишини юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Аризани (шикоятни), иш материалларини маъмурий суддан судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Маъмурий суддан тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказилган ариза (шикоят), иш материаллари ўзига ўтказилган суд томонидан қабул қилиб олиниши керак.

Ўзбекистон Республикасида судлар ўртасида судга тааллуқлилик тўғрисидаги низоларга йўл қўйилмайди.

§ 2. Судловга тегишлилик


28-модда. Ишларнинг судловга тегишлилиги

Судга тааллуқли ишлар туманлараро маъмурий судлар томонидан кўрилади, бундан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли ишлар мустасно.

Инвестиция низолари бўйича йирик инвесторнинг, рақобат тўғрисидаги ишлар бўйича томонларнинг хоҳишига кўра ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўриб чиқилади.    



29-модда. Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари

судловига тегишли ишлар

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари биринчи инстанция суди сифатида давлат сирлари билан боғлиқ ишларни кўради.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари алоҳида ҳолатларга қараб, ҳар қандай ишни туманлараро маъмурий суддан олиб қўйишга ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.



30-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий

суди судловига тегишли ишлар

Ўзбекистон Республикаси Олий суди биринчи инстанция суди сифатида:

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

2) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги ишларни кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди қонун билан ўз ваколатларига киритилган бошқа ишларни ҳам биринчи инстанция суди сифатида кўради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди алоҳида ҳолатларга қараб, ҳар қандай ишни исталган маъмурий суддан олиб қўйишга ва уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритувига қабул қилишга, ишни бир суддан бошқасига ўтказишга ҳақли.


31-модда. Ҳарбий судлар судловига тегишли ишлар

Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари қонун билан ўз ваколатига киритилган маъмурий ишларни кўриб чиқади.



32-модда. Судловга тегишлиликнинг

умумий қоидалари

Фуқаронинг ёки юридик шахснинг аризаси (шикояти) қарорлари, ҳаракатлари (ҳарактсизлиги) устидан шикоят қилинаётган маъмурий орган жойлашган ер ёхуд мансабдор шахснинг иш жойи бўйича судга тақдим этилади.



33-модда. Аризачининг танлови бўйича

судловга тегишлилик

Турли ерларда жойлашган бир нечта жавобгарга нисбатан ариза (шикоят) аризачининг танлови бўйича жавобгарлардан бири жойлашган ердаги судга тақдим этилади.

Йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризалари (шикоятлари) жавобгар жойлашган ердаги туманлараро маъмурий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига тақдим этилиши мумкин.

Йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъво аризалари (шикоятлари), шунингдек товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган даъво аризалари туманлараро маъмурий судга ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига тақдим этилиши мумкин.


34-модда. Ишни бир маъмурий суддан

бошқасига ўтказиш

Суд томонидан судловга тегишлилик қоидаларига риоя этилган ҳолда қабул қилиб олинган иш, гарчи кейинчалик бошқа маъмурий суднинг судловига тегишли бўлиб қолса ҳам, илгариги суд томонидан мазмунан кўрилиши керак.

Суд ишни қуйидаги ҳолларда бошқа маъмурий судга ўтказади, агар:

1) иш судловга тегишлилик қоидасини бузган ҳолда қабул қилинганлиги ишни шу судда кўриш вақтида маълум бўлса;

2) бир ёки бир нечта судья рад қилинганидан кейин уларни мазкур судда алмаштириш мумкин бўлмай қолса, шунингдек ишни ушбу судда кўриш мумкин бўлмай қолган бошқа ҳолларда.

Ишни бошқа маъмурий судда кўришга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Бир суддан бошқа судга юборилган иш у юборилган судда кўриш учун қабул қилиб олиниши керак.

Маъмурий судлар ўртасида судловга тегишлилик тўғрисидаги низоларга йўл қўйилмайди.



6-БОБ. МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ

ЮРИТИШ ИШТИРОКЧИЛАРИ


§ 1. Маъмурий процессуал ҳуқуқ

лаёқати ва муомала лаёқати


35-модда. Маъмурий процессуал ҳуқуқ лаёқати

Барча фуқаролар ва юридик шахсларнинг маъмурий процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиш лаёқати (маъмурий процессуал ҳуқуқ лаёқати) тенг равишда эътироф этилади.



36-модда. Маъмурий процессуал муомала лаёқати

Судда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш лаёқати вояга етган фуқаролар ва юридик шахсларга тегишлидир.

Вояга етмаган шахс қонунда ўн саккиз ёшгача никоҳ қуриш мумкин бўлган ҳолда - никоҳ қурган вақтдан бошлаб, шунингдек у қонунда белгиланган тартибда тўлиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилинган ҳолда (эмансипация) судда ўз процессуал ҳуқуқларини шахсан амалга ошириши ва процессуал мажбуриятларини бажариши мумкин.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг, шунингдек муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, ҳомийлар, тарбияловчи, даволовчи муассасалар ёки бошқа шунга ўхшаш муассасалар маъмурияти) томонидан ҳимоя қилинади. Бироқ, суд вояга етмаган шахснинг ўзини ёки муомала лаёқати чекланган фуқарони бундай ишларда иштирок этишга жалб қилишга ҳақли.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича вояга етмаган шахс судда ўз ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини шахсан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ, суд вояга етмаган шахснинг қонуний вакилларини бундай ишларда иштирок этишга жалб қилишга ҳақли.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг, шунингдек руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) натижасида муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари судда уларнинг қонуний вакиллари томонидан ҳимоя қилинади.



§ 2. Маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг

таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари


37-модда. Маъмурий суд ишларини юритиш

иштирокчиларининг таркиби

Ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиларидир.



38-модда. Ишда иштирок этувчи шахслар

Тарафлар, учинчи шахслар, прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ўз зиммаларига юклатилган ваколатларга кўра ишда иштирок этувчи шахслардир.



39-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ишда иштирок этувчи шахслар иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, кўчирма нусха олиш, рад қилиш тўғрисида арз қилиш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, саволлар бериш, илтимосномалар киритиш, арз қилиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни кўриш давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўз важларини, хулосаларини тақдим қилиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важларига эътироз билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳамда ушбу Кодексда ўзларига берилган бошқа процессуал ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодексда назарда тутилган процессуал мажбуриятларга эга ва улар ўзларига тегишли барча процессуал ҳуқуқлардан инсофли равишда фойдаланиши керак.


40-модда. Тарафлар

Аризачи ва жавобгар маъмурий суд ишларини юритишдаги тарафлардир.

Ўзларининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида талаб тақдим этаётган ёки манфаатларини кўзлаб талаб тақдим этилган фуқаролар ва юридик шахслар аризачилардир.

Ариза (шикоят) талаби қаратилган маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг мансабдор шахслари жавобгарлардир.

Тарафлар тенг процессуал ҳуқуқлардан фойдаланади.



41-модда. Ишда бир нечта аризачи ва

жавобгарнинг иштирок этиши

Талаб бир нечта аризачи томонидан биргаликда ёки бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилиши мумкин.

Аризачилар ва жавобгарларнинг ҳар бири бошқа тарафга нисбатан суд процессида мустақил қатнашади.

Процессда биргаликда иштирок этувчилар ишни олиб боришни шерик иштирокчилардан бирига топшириши мумкин.

Бошқа жавобгарнинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, биринчи инстанция суди ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар аризачининг розилиги билан ўша жавобгарни ишда иштирок этиш учун жалб этади.

Агар қонунчиликда ишда бошқа жавобгар иштирокининг мажбурийлиги назарда тутилган бўлса, суд ўз ташаббуси билан шу жавобгарни ишда иштирок этиш учун жалб этади.

Суд аризачининг илтимосномаси бўйича ҳам бошқа жавобгарни ишда иштирок этиш учун жалб этишга ҳақли. Бошқа жавобгарни ишда иштирок этишга жалб этиш ҳақида ёки жалб этишни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Бошқа жавобгар ишда иштирок этиш учун жалб этилганда ишни кўриш бошидан бошланади.



42-модда. Ишга дахлдор бўлмаган

жавобгарни алмаштириш

Суд ариза (шикоят) бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан талаб тақдим этилганини аниқласа, ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар дахлдор бўлмаган жавобгарни аризачи розилиги билан дахлдор бўлган жавобгар билан алмаштирилишига йўл қўйиши мумкин.

Агар аризачи жавобгарни бошқа шахс билан алмаштиришга рози бўлмаса, суд аризачининг розилиги билан бу шахсни иккинчи жавобгар сифатида ишга жалб этиши мумкин.

Ишга дахлдор бўлмаган жавобгар алмаштирилганлиги тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ишга дахлдор бўлмаган жавобгар алмаштирилганидан сўнг ишни кўриш бошидан бошланади.



43-модда. Процессуал ҳуқуқий ворислик

Тарафлардан бири низоли ёки суд ҳужжати билан аниқланган ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган ҳолда (юридик шахснинг қайта ташкил этилиши, фуқаронинг вафот этиши ва мажбуриятлардаги шахслар ўзгаришининг бошқа ҳолларида) суд бу тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштиради.

Ҳуқуқий ворислик маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида амалга оширилиши мумкин.

Тарафни ҳуқуқий ворис билан алмаштириш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Тарафни ҳуқуқий ворис билан алмаштириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Тараф ҳуқуқий ворис билан алмаштирилганидан кейин маъмурий суд ишларини юритиш алмаштириш амалга оширилган босқичнинг ўзида давом эттирилади.

Ҳуқуқий ворис ишга киришгунига қадар суд процессида амалга оширилган барча ҳаракатлар ҳуқуқий ворисга ўрнини бўшатиб берган шахсга қай даражада мажбурий бўлган бўлса, ҳуқуқий ворис учун ҳам шу даражада мажбурийдир.


44-модда. Низонинг предметига нисбатан мустақил

талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар ишга киришиши мумкин. Улар аризачининг барча ҳуқуқларидан фойдаланадилар ва унинг барча мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

Агар низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс ишга суд муҳокамаси бошланганидан кейин киришса, ишни кўриш бошидан бошланади.



45-модда. Низонинг предметига нисбатан мустақил

талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилгунига қадар, агар иш ушбу шахсларнинг тарафлардан бирига нисбатан ҳуқуқлари ёки мажбуриятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлса, аризачи ёхуд жавобгар тарафида ишга киришиши мумкин. Улар тарафнинг илтимосномаси билан ёки суднинг ташаббуси билан ҳам ишда иштирок этишга жалб қилиниши мумкин.

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар тарафнинг процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва унинг процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан арз қилинган талабнинг асосини ёки предметини ўзгартириш, талабдан воз кечиш, арз қилинган талабни тан олиш ёхуд келишув битими тузиш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш ҳуқуқи мустасно.

Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахсни ишда иштирок этишга жалб қилиш ҳақида ёки уни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Агар низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ишга суд муҳокамаси бошланганидан кейин киришса, ишни кўриш бошидан бошланади.



46-модда. Ишда прокурорнинг иштироки

Прокурор барча ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.

Прокурор фуқаролар ва юридик шахсларнинг, шунингдек жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиб, судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ариза туманлараро маъмурий судларга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар ёки уларнинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ёки уларнинг ўринбосарлари томонидан тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари Ўзбекистон Республикасининг барча маъмурий судларига ариза тақдим этишга ҳақли.

Прокурорнинг ўз аризасидан воз кечиши аризачини ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Прокурор томонидан аризачининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган талабдан аризачининг воз кечиши аризани кўрмасдан қолдиришга олиб келади.

Қонунда назарда тутилган ёки суд мазкур ишда прокурор иштирок этиши зарур деб топган ҳолларда, ерга оид ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ ишларда, шунингдек прокурорнинг аризаси асосида қўзғатилган ишларда прокурор иштирок этиши шарт.

Ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён қилади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир аризаси бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.

Фуқаронинг, юридик шахснинг, жамият ва давлатнинг манфаатларини кўзлаб ариза тақдим этган прокурор аризачининг ҳуқуқларидан фойдаланади ҳамда унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими тузиш ҳуқуқи мустасно.


47-модда. Ишда давлат органлари ва

бошқа шахсларнинг иштироки

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, давлат органлари ва бошқа шахслар фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ариза бериши мумкин. Ариза берган мазкур органлар ва шахслар аризачининг барча ҳуқуқларидан фойдаланади ҳамда унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олади.

Давлат органи ва бошқа шахснинг ўзи берган аризадан воз кечиши аризачини ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Давлат органи ва бошқа шахс томонидан аризачининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тақдим этилган талабдан аризачининг воз кечиши аризани кўрмасдан қолдиришга олиб келади.



48-модда. Одил судловни амалга оширишга

кўмаклашувчи шахслар

Маъмурий суд ишларини юритишда ишда иштирок этувчи шахслар билан бир қаторда одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар - гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар иштирок этиши мумкин.



49-модда. Суд мажлисининг котиби

Суд мажлиси вақтида судьянинг ёрдамчиси (катта ёрдамчиси) суд мажлисининг котиби вазифаларини бажаради.

Суд мажлисининг котиби маъмурий ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширади, ишда иштирок этувчи шахсларни суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида хабардор қилади ҳамда уларнинг судга келган-келмаганлигини текширади, келмаганлиги сабабларини аниқлаштиради ва бу ҳақда судьяга маълум қилади, бажарилаётган процессуал ҳаракатлар бўйича баённома юритади, судьянинг суд мажлисига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, шунингдек суд ҳужжатини ижрога юбориш билан боғлиқ бўлган бошқа топшириқларини бажаради.



50-модда. Гувоҳ

Ишга доир бирор-бир ҳолатдан хабардор ҳар қандай шахс гувоҳ бўлиши мумкин.

Қуйидагилар гувоҳ сифатида чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмас:

фуқаролик, иқтисодий, маъмурий иш бўйича вакиллар ёки жиноят иши бўйича ҳимоячилар, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича адвокатлар - вакил, ҳимоячи ёки адвокат вазифаларини бажариши муносабати билан ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида;

жисмоний нуқсонлари ёки руҳий ҳолатининг бузилганлиги сабабли фактларни тўғри идрок қилишга ёки улар ҳақида тўғри кўрсатувлар беришга лаёқатсиз шахслар.


51-модда. Гувоҳнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Гувоҳ адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш, маъмурий суд иши юритилаётган тилни билмаса ёки етарли даражада билмаса, ўз она тилида кўрсатувлар бериш ва бу ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш, кўрсатувларини ўз қўли билан ёзиб бериш, кўрсатувлар беришда ёзма қайдлар ва ҳужжатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Гувоҳ суднинг чақирувига биноан келиши, иш юзасидан ўзи хабардор бўлган маълумотлар ва ҳолатлар ҳақида тўғри кўрсатувлар бериши, судья ва ишда иштирок этувчи шахсларнинг саволларига жавоб бериши, суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Гувоҳ била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлик учун жиноий жавобгар бўлади, суд томонидан бу ҳақда огоҳлантирилиб, тилхат олинади.

Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.

Қонунга мувофиқ касбий бурчини бажариши жараёнида ўзига маълум бўлиб қолган маълумотлар ва ҳолатлар юзасидан кўрсатув беришни рад қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга нисбатан кўрсатув бериш мажбурияти татбиқ этилмайди.



52-модда. Эксперт

Хулоса бериш учун фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида зарур махсус билимларга эга жисмоний шахс эксперт сифатида тайинланиши мумкин.

Давлат суд-экспертиза муассасаси эксперти, нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг эксперти, бошқа корхона, муассаса, ташкилот ходими ёки ўзга жисмоний шахс эксперт сифатида иштирок этиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, шунингдек қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар эксперт сифатида жалб этилиши мумкин эмас.



53-модда. Экспертнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Эксперт: экспертиза предметига тааллуқли иш материаллари билан танишиш, улардан зарур маълумотларни ёзиб олиш ёки кўчирма нусхалар олиш; жойида кўздан кечиришда иштирок этиш ва экспертизани ўтказиш учун зарур қўшимча материаллар ва текшириш объектлари тақдим этилиши ҳақида илтимосномалар бериш; суд муҳокамасида экспертиза предметига оид далилларни текширишда иштирок этиш ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга ва гувоҳларга суднинг рухсати билан саволлар бериш; ашёвий далиллар ва ҳужжатларни кўздан кечириш; ўз хулосасида нафақат ўз олдига қўйилган саволлар бўйича, балки экспертиза предметига оид ва иш учун аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича ҳам хулосаларини баён этиш; ўз хулосаси ёки кўрсатувлари ишда иштирок этувчи шахслар ва гувоҳлар томонидан нотўғри талқин қилинганлиги хусусида суд мажлиси баённомасига киритилиши лозим бўлган баёнотлар бериш; агар у маъмурий суд иши юритилаётган тилни билмаса ёки етарлича билмаса, ўз она тилида хулоса тақдим этиш ва кўрсатувлар бериш ҳамда бундай ҳолда таржимон хизматидан фойдаланиш; агар ишни юритаётган суднинг ҳал қилув қарорлари, судьянинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) экспертнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузаётган бўлса, бу қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.

Эксперт: ушбу Кодекснинг 21 ва 22-моддаларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, ўзини ўзи рад этиши ҳақида дарҳол арз қилиши; ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона ёзма хулоса бериши; суд мажлисида шахсан иштирок этиш учун суднинг чақирувига биноан келиши; ўзи ўтказган экспертиза хусусида кўрсатувлар бериши ва ўзи берган хулосани тушунтириш учун қўшимча саволларга жавоб бериши; экспертиза ўтказилиши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор қилмаслиги; тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материалларининг бут сақланишини таъминлаши; суд муҳокамаси вақтида тартибга риоя қилиши шарт.

Эксперт била туриб нотўғри хулоса берганлик учун жиноий жавобгар бўлади.

Агар эксперт қўйилган саволларни ўзининг махсус билимлари асосида ҳал қилиш мумкин бўлмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг ёхуд материалларнинг яроқсизлигига ёки хулоса бериш учун етарли эмаслигига ва уларни тўлдириб бўлмаслигига ёхуд фан ва суд-экспертлик амалиётининг ҳолати қўйилган саволларга жавоб топиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган далолатнома тузади ҳамда уни экспертизани тайинлаган судга юборади.



54-модда. Мутахассис

Маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш ва илмий-техника воситаларини қўллашда ёрдам кўрсатиш йўли билан далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда кўмаклашиш мақсадида фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган, вояга етган, иш натижасидан манфаатдор бўлмаган шахс суд мажлисида ёки процессуал ҳаракатларда иштирок этиш учун суд томонидан мутахассис сифатида жалб қилиниши мумкин.

Мутахассисни суд мажлисида иштирок этиш учун жалб қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Суднинг мутахассисни чақириш ҳақидаги талаби унинг иш берувчиси учун мажбурийдир.

Суд мутахассисни тарафнинг илтимосномасига кўра ҳам жалб этишга ҳақли. Ишда иштирок этувчи шахслар махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган аниқ шахсни мутахассис сифатида жалб этиш тўғрисида судга илтимоснома бериши мумкин.



55-модда. Мутахассиснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Мутахассис сифатида чақирилган шахс: қандай мақсадда чақирилганлигини билиш; агар тегишли билим ва кўникмаларга эга бўлмаса, иш юритишда иштирок этишни рад қилиш; суднинг рухсати билан процессуал ҳаракат иштирокчиларига саволлар бериш; процессуал ҳаракат иштирокчиларининг эътиборини ўзининг далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашда, илмий-техника воситаларини қўллашда, экспертиза тайинлаш учун материаллар тайёрлашда кўмаклашиш чоғидаги ҳаракатлари билан боғлиқ ҳолатларга қаратиш; ўзи иштирок этган процессуал ҳаракат баённомаси, шунингдек суд мажлиси баённомасининг тегишли қисми билан танишиш ва унинг иштирокида амалга оширилган ҳаракатларнинг кечиши ҳамда натижалари қайд қилинишининг тўлиқлиги ва тўғрилиги хусусида баённомага киритилиши лозим бўлган арзлар ва фикрларни билдириш; агар иш юритишда иштирок этиш унинг хизмат вазифалари доирасига кирмаса, процессуал ҳаракатларни амалга оширишдаги иштироки билан боғлиқ харажатларнинг ўрни қопланиши ва бажарган иши учун пул мукофоти олиш ҳуқуқига эга.

Мутахассис сифатида жалб этилган шахс: суднинг чақируви бўйича келиши; процессуал ҳаракатларни амалга оширишда ва суд муҳокамасида махсус билим, кўникмалардан ва илмий-техника воситаларидан фойдаланган ҳолда иштирок этиши; маслаҳатлар бериши ва ўзи бажараётган ҳаракатлар юзасидан тушунтиришлар бериши шарт.

Агар мутахассис суд узрсиз деб топган сабабларга кўра суднинг чақируви бўйича келмаса, шунингдек маслаҳатлар (тушунтиришлар) беришни асоссиз равишда рад этса, унга нисбатан ушбу Кодексда белгиланган тартибда жарима солиниши мумкин.

Жарима солиниши мутахассисни келиш ва маслаҳатлар (тушунтиришлар) бериш мажбуриятидан озод қилмайди.



56-модда. Таржимон

Таржима қилиш учун зарур тилларни биладиган ҳамда ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда суд томонидан тайинланган шахс таржимондир.

Маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари, гарчи таржима қилиш учун зарур тилларни билса ҳам, таржимон вазифаларини ўз зиммасига олишга ҳақли эмас.



57-модда. Таржимоннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Таржимон: таржимани аниқлаштириш учун суд мажлиси иштирокчиларига саволлар бериш; агар таржима қилиш учун тегишли билимга эга бўлмаса, суд муҳокамасида иштирок этишни рад қилиш; суд мажлиси баённомаси билан танишиш; таржима ёзувларининг ёзилиши тўғрилиги хусусида эътирозлар тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Таржимон суднинг чақируви бўйича келиши; таржимани аниқ, тўлиқ ва тўғри амалга ошириши; суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

Таржимон била туриб нотўғри таржима қилганлик учун жиноий жавобгар бўлади, суд томонидан бу ҳақда огоҳлантирилиб, ундан тилхат олинади.



§ 3. Судда вакиллик


58-модда. Вакиллар орқали иш юритиш

Судда юридик шахсларнинг ишларини уларнинг қонунчиликда ёки таъсис ҳужжатларида берилган ваколатлар доирасида ҳаракат қиладиган органлари ва (ёки) уларнинг вакиллари юритади.

Фуқаролар ўз ишларини судда шахсан ўзлари ва (ёки) вакиллари орқали юритишга ҳақлидир. Фуқаронинг ишда шахсан иштирок этиши уни иш бўйича вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.



59-модда. Қонуний вакиллик

Муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини судда уларнинг қонуний вакиллари (ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) ҳимоя қилади.

Белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилган фуқаро иштирок этиши лозим бўлган иш бўйича унинг вакили сифатида бедарак йўқолган шахснинг мол-мулкини қўриқлаш ва бошқариш учун тайинланган шахс қатнашади.

Вафот этган ёки белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган шахснинг меросхўри иштирок этиши керак бўлган иш бўйича, агар меросни ҳали ҳеч ким қабул қилиб олмаган бўлса, васий ёхуд мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун тайинланган сақловчи меросхўрнинг вакили сифатида қатнашади.

Қонуний вакил судда иш олиб боришни ўзи вакил сифатида танлаган бошқа шахсга топшириш ҳуқуқига эга.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахснинг, муомалага лаёқатсиз ёки бедарак йўқолган деб топилган шахснинг қонуний вакили вакиллик қилинаётган шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига тааллуқли ишлар кўриб чиқилаётганда унинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни амалга оширади.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаган шахснинг, муомала лаёқати чекланган деб топилган шахснинг қонуний вакили ишлар кўриб чиқилаётганда шу шахснинг манфаатларини кўзлаб барча процессуал ҳаракатларни чекланган ҳуқуқлар доирасида амалга оширади.

Қонуний вакиллар ва вакиллар ўз манфаатларини кўзлаб ёки уни вакил қилган шахснинг манфаатларига зид равишда процессуал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.



60-модда. Шартнома бўйича (ихтиёрий) вакиллик

Ишонч билдирувчи ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судда иш юритишни шартнома бўйича (ихтиёрий) вакилликка биноан вакилга топширади.

Қуйидагилар шартнома бўйича (ихтиёрий) вакил бўлиши мумкин:

1) адвокатлар;

2) насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган ёки ён шажара бўйича қариндошлар, шунингдек эр (хотин) ёхуд унинг қариндошлари;

3) юридик шахсларнинг ходимлари - ушбу юридик шахсларнинг ишлари бўйича;

4) нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари - ушбу ташкилотлар аъзоларининг ишлари бўйича;

5) қонунга биноан бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган нотижорат ташкилотларнинг ваколатли вакиллари;

6) биргаликда процессуал иштирок этувчилардан бири бошқа биргаликдаги иштирокчиларнинг топшириғи бўйича;

7) ишни кўриб чиқаётган суд томонидан ишда жисмоний шахсларнинг вакиллари сифатида иштирок этишга рухсат берилган шахслар.

Судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин.

Суд аризачининг илтимосига кўра, "Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт.

Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокат жалб этиладиган пайтга қадар суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради. Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши керак.


61-модда. Вакилнинг ваколатларини расмийлаштириш

Вакилнинг ваколатлари қонунга мувофиқ берилган ва расмийлаштирилган ишончномада кўрсатилган бўлиши керак.

Фуқаролар томонидан бериладиган ишончномалар нотариуслар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахслар томонидан тасдиқланади.

Давлат бошқаруви органларининг, мансабдор шахснинг вакиллари тегишли орган раҳбарининг ёки мансабдор шахснинг имзоси билан бериладиган ишончнома бўйича иш олиб боради.

Юридик шахс номидан бериладиган ишончнома раҳбар томонидан имзоланиб, имзо юридик шахснинг муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Юридик шахсларнинг раҳбарлари судга ўз хизмат мавқеини ёки ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этади.

Адвокатнинг ваколатлари қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланади.


62-модда. Вакилнинг ваколатлари

Судда иш юритиш ваколатлари вакилга барча процессуал ҳаракатларни ваколат берувчи номидан амалга ошириш ҳуқуқини беради, бундан келишув битими тузиш ҳуқуқи мустасно.

Шартнома бўйича вакиллик қилувчининг арз қилинган талабдан тўлиқ ёки қисман воз кечиш, унинг асосини ёки предметини ўзгартириш, аризачининг талабларини тан олиш, ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш (бошқа шахсга ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш ваколатларининг ҳар бири ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлиши керак.



63-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар

вакилларининг ваколатларини текшириш

Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар вакилларининг ваколатларини текшириши шарт.

Суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар вакилларининг ваколатларини тан олиш ва уларнинг суд мажлисида иштирок этишига рухсат бериш тўғрисидаги масалани мазкур шахслар судга тақдим этган ҳужжатларни текшириш асосида ҳал этади. Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва улар вакилларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар суд мажлиси баённомасига киритилади, зарур бўлганда эса уларнинг кўчирма нусхалари ишга қўшиб қўйилади.

Ишда иштирок этувчи шахс, унинг вакили ўз ваколатларини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни тақдим этмаган ёки қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаган ҳужжатларни тақдим этган тақдирда, суд тегишли шахснинг ишда иштирок этишга оид ваколатларини тан олишни рад этади, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.


64-модда. Судда вакил бўла олмайдиган шахслар

Қуйидаги шахслар судда вакил бўла олмайди:

1) вояга етмаган шахслар, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно;

2) васийлик ва ҳомийлик белгиланган шахслар;

3) судьялар, прокурорлар, терговчилар, суриштирувчилар, суд девони ходимлари бундан улар қонуний вакил (ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар) сифатида, шунингдек тегишли суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органларининг вакили сифатида иштирок этган ҳоллар мустасно;

4) манфаатлари ваколат берувчининг манфаатларига зид бўлган шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган ёки илгари ёрдам кўрсатган шахслар;

5) судья, прокурор, суд мажлисининг котиби, эксперт, мутахассис, таржимон билан қариндошлик муносабатларида бўлган шахслар.



7-БОБ. ДАЛИЛЛАР ВА ИСБОТЛАШ


65-модда. Далиллар тушунчаси ва уларнинг турлари

Иш бўйича далиллар ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган фактлар ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар асосида суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг арз қилинган талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди. Бундай маълумотлар ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари), гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан аниқланади.

Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.



66-модда. Исботлаш

Исботлаш ишни мазмунан кўриш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш мақсадида далилларни тўплаш, текшириш ва баҳолашдан иборатдир.



67-модда. Исботлаш мажбурияти

Агар ушбу Кодексда маъмурий ишлар бўйича исботлаш мажбуриятлари тақсимланишининг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, ишда иштирок этувчи шахслар ўз талабларига ёки эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳақиқий ҳолатларни исботлаши керак.

Аризачи далилларни йиғишда ўз имкониятлари доирасида иштирок этиши шарт. Аризачи ўзига етказилган зарарнинг миқдорини исботлаши шарт.

Исботлаш мажбурияти қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашилаётган маъмурий органларнинг ва мансабдор шахсларнинг зиммасига юклатилади. Маъмурий органлар ва мансабдор шахслар ўз эътирозларига асос қилиб келтираётган фактларни ҳам тасдиқлаши шарт. Мазкур шахслар қарор қабул қилишда, ҳаракатларни содир этишда фақат ўзи таянган асосларни келтириши мумкин.

Агар тараф суд томонидан талаб этилган далилни ўзида ушлаб турган ва уни суд томонидан белгиланган муддатда суднинг сўровига кўра тақдим этмаётган бўлса, ундаги маълумотлар ушбу тарафнинг манфаатларига қарши қаратилган деб фараз қилинади ва мазкур тараф томонидан тан олинган деб ҳисобланади.



68-модда. Далилларни тақдим этиш

ва талаб қилиб олиш

Тарафлар ўз талабларини ёки эътирозларини қайси далиллар билан асослаб бераётган бўлса, ўз ихтиёридаги ушбу барча далилларни судга тақдим этиши шарт. Маъмурий орган ҳам маъмурий суд ишларини юритишнинг барча материалларини тақдим этиши шарт.

Агар тақдим этилган далиллар ишни тўғри ҳал қилиш учун етарли бўлмаса, суд ўз ташаббусига ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра қўшимча далилларни талаб қилиб олади.

Ишда иштирок этувчи шахслар бирон-бир далилни йўқ қилишга ёки яширишга ёхуд далилни текширишга ва баҳолашга далилларни олишни имконсиз қилиб қўйган ёки қийинлаштирган ҳолда бошқача тарзда монелик қилишга ҳақли эмас. Бундай ҳолда суд монелик қилаётган тарафнинг зиммасига, ушбу Кодексда белгиланган қоидалардан қатъи назар, исботлаш мажбуриятини юклатиши мумкин.    

Ишда иштирок этувчи шахс ишда иштирок этаётган ёки иштирок этмаётган шахсдаги зарур далилларни мустақил олиш имконига эга бўлмаса, ўша далилни талаб қилиб олиш тўғрисида судга илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли. Илтимосномада ушбу далил билан иш учун аҳамиятга эга бўлган қандай ҳолатлар аниқланиши мумкинлиги, далилнинг аломатлари ва у турган жой кўрсатилиши керак.

Далилни талаб қилиб олиш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилиб, унда ушбу далилни тақдим этиш муддати ва тартиби кўрсатилади.

Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этаётган шахсларга, шунингдек суд томонидан талаб қилинаётган далилни сақлаётган шахсга, юборилади.

Суд талаб қилаётган далилни сақлаётган шахс уни бевосита судга юборади ёки судга топшириш учун тегишли ажримни тақдим этган шахсга беради.

Агар шахс суд талаб қилаётган далилни тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса ёки суд белгилаган муддатда тақдим эта олмаса, у шу муддат ичида бу ҳақда судни сабабларни кўрсатган ҳолда хабардор қилиши шарт.

Далилни сақлаётган шахс талаб қилинаётган далилни тақдим этиш мажбуриятини суд узрсиз деб топган сабабларга кўра бажармаган тақдирда, уни сақлаётган шахсга ушбу Кодексда белгиланган тартибда жарима солинади.

Талаб қилинаётган далилга эга бўлган шахсга жарима солиниши уни далилни судга тақдим этиш мажбуриятидан озод қилмайди.



69-модда. Далилларни улар турган жойда

кўздан кечириш ва текшириш

Судга олиб келиш имконияти бўлмаган ёки олиб келиниши қийин бўлган далилларни, шунингдек тез бузиладиган ашёвий далилларни суд улар турган жойда кўздан кечириши ва текшириши мумкин.

Далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Зарур ҳолларда, далилларни кўздан кечириш ва текширишда иштирок этиш учун одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар чақирилиши мумкин.

Тез бузиладиган ашёвий далиллар ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан дарҳол кўздан кечирилиши ва текширилиши мумкин.

Ёзма ва ашёвий далилларни улар турган жойда бевосита кўздан кечириш ва текшириш жараёнида ушбу Кодекснинг 175-моддасида белгиланган тартибда суд томонидан баённома тузилади.

Далилларни мустаҳкамлаш учун баённома тузиш билан бирга аудио-, видеоёзувга олиш, фотосуратга тушириш, кўчирма нусхалар, режалар, чизмалар тайёрлаш ва ахборотни акс эттиришнинг бошқа усуллари қўлланилиши мумкин. Далилларни мустаҳкамлашнинг бундай усули қўлланилганлиги баённомада акс эттирилади, маълумотларни акс эттирувчи материаллар баённомага илова қилинади.



70-модда. Далилларнинг алоқадорлиги

Суд фақат ишга алоқадор бўлган далилларни қабул қилади.

Агар тақдим этилган далиллар кўрилаётган ишга алоқадор бўлмаса, улар иш материалларига қўшиб қўйилмайди, уларнинг далил сифатида рад қилинганлиги суд ҳужжатида акс эттирилади.



71-модда. Далилларнинг мақбуллиги

Қонунчиликка мувофиқ муайян далиллар билан тасдиқланиши лозим бўлган иш ҳолатлари бошқа далиллар билан тасдиқланиши мумкин эмас.



72-модда. Исботлашдан озод қилиш асослари

Ишнинг маъмурий суд томонидан барчага маълум деб топилган ҳолатларини исботлаш талаб этилмайди.

Маъмурий суднинг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар суд шу шахслар иштирок этаётган бошқа ишни кўраётганида янгидан исбот қилинмайди.

Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки иқтисодий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бошқа ишни кўраётган маъмурий суд учун фуқаролик ишлари бўйича суднинг ёки иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорида аниқланган ва ишда иштирок этувчи шахсларга дахлдор бўлган ҳолатларга доир масалалар бўйича мажбурийдир.

Жиноят ишлари бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукми муайян ҳаракатлар содир этилганлиги ёки содир этилмаганлиги ва улар кимлар томонидан содир этилганлиги масалалари бўйича маъмурий суд учун мажбурийдир.



73-модда. Далилларга баҳо бериш

Суд далилларга ишнинг барча ҳолатларини жамлаб, уларни суд мажлисида қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончига кўра баҳо беради.

Ҳар бир далил ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан, далилларнинг йиғиндиси эса, етарлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозим.

Агар текшириш натижасида далилнинг ҳақиқатга тўғри келиши аниқланса, у ишончли деб тан олинади.

Ҳеч қандай далил суд учун олдиндан белгилаб қўйилган кучга эга эмас.

Суд тарафнинг ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида ҳал қилинадиган, далиллар мақбуллиги тўғрисидаги аризасига боғланиб қолмайди.

Суд ҳужжатнинг ёки бошқа ёзма далилнинг фақат кўчирма нусхаси билан тасдиқланадиган ҳолатларни, агар ҳужжатнинг асл нусхаси йўқотилган ҳамда судга топширилмаган бўлса, ва ушбу ҳужжатнинг низолашаётган тарафларнинг ҳар бири томонидан тақдим этилган кўчирма нусхалари ўзаро бир хил бўлмаса, ва ҳужжатнинг асл мазмунини бошқа далиллар ёрдамида аниқлаб бўлмаса, исбот қилинган деб ҳисоблаши мумкин эмас.



74-модда. Ёзма далиллар

Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар, шартномалар, маълумотномалар, амалий ёзишмалар, шу жумладан факсимил, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг ишончлилигини аниқлаш имконини берувчи бошқа усулда олинган ўзга ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллардир.

Ёзма далиллар асл нусхада ёки тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхада тақдим этилади. Агар кўрилаётган ишга ҳужжатнинг фақат бир қисми алоқадор бўлса, унинг тасдиқланган кўчирмаси тақдим этилиши мумкин.

Иш ҳолатлари қонунчиликка мувофиқ ҳужжатларнинг фақат асл нусхалари билан тасдиқланиши лозим бўлса, шунингдек бошқа зарур ҳолларда суднинг талаби билан уларнинг асл нусхалари тақдим этилади.

Судга тақдим этиладиган, тўлиқ ёки қисман чет тилида тузилган ёзма далилларга уларнинг тегишли тарзда тасдиқланган таржималари илова қилинади.

Чет давлатда олинган ҳужжат, агар у қонунчиликда белгиланган тартибда легаллаштирилган бўлса, судда ёзма далил деб тан олинади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида назарда тутилган ҳолларда чет давлатда олинган ҳужжат легаллаштирилмасдан судда ёзма далил деб тан олинади.



75-модда. Ҳужжатларнинг аслини қайтариш

Ишда мавжуд бўлган ҳужжатларнинг асли уларни тақдим этган шахсларнинг илтимосномасига кўра суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин, агар суд ҳужжатни қайтариш низонинг тўғри ҳал қилинишига зарар етказмайди деган хулосага келса, ишни юритиш жараёнида ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунга қадар уларга қайтариб берилиши мумкин. Илтимоснома билан бир вақтда мазкур шахслар ҳужжат аслининг тегишлича тасдиқланган нусхасини тақдим этадилар ёки ишда қолаётган нусханинг аслига тўғрилиги суд томонидан тасдиқланишини илтимос қиладилар.



76-модда. Ашёвий далиллар

Ўзининг ташқи кўриниши, ички хоссалари ва мазмуни, турган жойи ёки бошқа белгилари билан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлаш воситаси бўлиб хизмат қила оладиган ашёлар ашёвий далиллардир.



77-модда. Ашёвий далилларни сақлаш

Ашёвий далиллар судда сақланади.

Судга олиб келиниши мумкин бўлмаган ашёвий далиллар турган жойида сақланади. Улар батафсил тавсифланиши, зарур бўлган тақдирда эса муҳрлаб қўйилиши, фотосуратга ёки видеоёзувга туширилиши лозим.

Суд ва ашёвий далилларни сақловчи уларни ўзгармайдиган ҳолатда сақлаш бўйича чоралар кўради.

Ашёвий далилларни сақлаш харажатлари ушбу Кодекснинг 115-моддасида белгиланган қоидаларга мувофиқ тарафлар ўртасида тақсимланади.



78-модда. Ашёвий далилларни қайтариш

Суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин ашёвий далиллар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга қайтариб берилади ёки суд шу ашёларга кимнинг ҳуқуқи бор деб топган бўлса, ўша шахсларга берилади ёхуд суд томонидан белгиланадиган бошқа тартибда реализация қилинади.

Айрим ҳолларда, суд ашёвий далилларни кўздан кечириб ва текшириб чиққанидан кейин, агар ашёвий далилларни тақдим этган шахслар уларни қайтариб беришни илтимос қилган бўлса ва бундай илтимосноманинг қаноатлантирилиши низонинг тўғри ҳал этилишига зарар келтирмаса, улар кимдан олинган бўлса, ўша шахсларга ишни юритиш жараёнида қайтариб берилиши мумкин.

Суд ашёвий далилларни қайтариш масалалари юзасидан ажрим чиқаради.

Қонунга мувофиқ айрим шахсларнинг эгалигида туриши мумкин бўлмаган ашёлар тегишли ташкилотларга топширилади.



79-модда. Экспертиза

Ишни кўриб чиқиш вақтида юзага келадиган, фан, техника, санъат ёки ҳунар соҳасида махсус билимларни талаб қиладиган масалаларни тушунтириб бериш учун суд ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг розилиги билан экспертиза тайинлайди. Агар экспертизани тайинлаш қонунда белгилаб қўйилган ёки шартномада назарда тутилган бўлса ёки тақдим этилган далилнинг қалбакилаштирилганлиги тўғрисидаги аризани текшириш учун ёхуд қўшимча экспертиза тайинлаш зарур бўлса, суд экспертизани ўз ташаббуси билан тайинлаши мумкин.

Экспертиза ўтказилиши зарур бўлган масалаларнинг доираси ва мазмуни суд томонидан белгиланади. Ишда иштирок этувчи шахслар судга экспертиза ўтказиш вақтида тушунтириб берилиши лозим бўлган саволларни тақдим этишга ҳақли. Суд ишда иштирок этувчи шахслар тақдим этган саволлар рад қилинганлигини асослаб бериши шарт.

Ишда иштирок этувчи шахслар: ўзлари кўрсатган шахсларни эксперт сифатида жалб этиш тўғрисида ёки экспертизани муайян экспертиза муассасасида ўтказиш ҳақида илтимос қилишга, экспертни рад этиш тўғрисида арз қилишга; экспертиза тайинлаш ҳақидаги ажримга эксперт олдига қўйилган масалаларга қўшимча масалалар киритиш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишга; экспертга тушунтиришлар беришга; эксперт хулосаси билан ёки хулоса беришнинг имкони бўлмаганлиги ҳақидаги хабар билан танишишга; қўшимча ёки такрорий экспертиза ўтказиш ҳақида илтимоснома киритишга ҳақли.

Экспертиза тайинлаш тўғрисида ёки экспертиза тайинлаш ҳақидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Экспертиза тайинлаш тўғрисидаги ажримда: экспертизани тайинлаш асослари; экспертнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёки экспертиза ўтказилиши лозим бўлган экспертиза муассасасининг номи; эксперт олдига қўйилган саволлар; эксперт ихтиёрига тақдим этиладиган материаллар ва ҳужжатлар; экспертизани ўтказиш ва судга хулосани тақдим этиш керак бўлган муддат кўрсатилади.

Тараф экспертизада иштирок этишдан бўйин товлаган, экспертларга текшириш учун зарур материаллар ва ҳужжатларни тақдим этмаган ҳолларда ҳамда бошқа ҳолларда, агар ишдаги мавжуд ҳолатларга кўра ва шу тарафнинг иштирокисиз экспертиза ўтказиш имкони бўлмаса, суд айнан қайси тараф экспертизадан бўйин товлаётганлигидан, шунингдек унинг учун экспертиза қандай аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, қайси факт юзасидан экспертиза тайинланган бўлса, ўша фактни тасдиқланган ёки инкор этилган деб топишга ҳақли.

Ишонч билдирувчи шахснинг розилиги билан адвокат шартнома асосида экспертиза ўтказилишига доир адвокат сўровини давлат суд-экспертиза муассасалари ва нодавлат суд-экспертиза ташкилотларига юбориши мумкин.


80-модда. Экспертизани ўтказиш тартиби

Экспертиза суд мажлисида ёки, агар текширишнинг хусусиятига кўра зарур бўлса ёхуд текшириш объектларини суд мажлисига олиб келиш имкони бўлмаса, суд мажлисидан ташқарида ўтказилади. Ишда иштирок этувчи шахслар экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлишга ҳақли, бундан ушбу иштирок этиш экспертнинг нормал ишлашига халақит бериши мумкин бўлган ҳоллар мустасно.



81-модда. Қўшимча ва такрорий экспертизалар

Қўшимча экспертиза эксперт (экспертлар комиссияси) хулосасидаги бўшлиқларни тўлдириш учун тайинланади ва шу ёки бошқа эксперт (экспертлар комиссияси) томонидан ўтказилади.

Эксперт (экспертлар комиссияси) хулосаси асосланмаган бўлса ёки унинг тўғрилигига шубҳа туғилганда ёхуд унга асос қилиб олинган далиллар ишончли эмас деб топилганда ёки экспертизани ўтказишнинг процессуал қоидалари жиддий бузилганда такрорий экспертиза тайинланади.

Такрорий экспертиза тайинланганда эксперт (экспертлар комиссияси) олдига илгари қўлланилган текшириш усулларининг илмий асосланганлиги тўғрисидаги масала қўйилиши мумкин.

Такрорий экспертизани тайинлаш тўғрисидаги ажримда такрорий экспертизани тайинлаган суднинг биринчи (олдинги) экспертиза хулосасига рози эмаслиги сабаблари кўрсатилиши лозим.

Такрорий экспертизани ўтказиш бошқа экспертга (экспертлар комиссиясига) топширилади. Биринчи (олдинги) экспертизани ўтказган эксперт (экспертлар комиссияси) такрорий экспертизани ўтказишда ҳозир бўлиши ва тушунтиришлар бериши мумкин, лекин у текширишда ва хулоса тузишда иштирок этмайди.



82-модда. Экспертизанинг экспертлар

комиссияси томонидан ўтказилиши

Экспертиза бир хил (комиссиявий экспертиза) ёки турли хил (комплекс экспертиза) суд-эксперт ихтисослигидаги бир нечта эксперт томонидан ўтказилиши мумкин.

Экспертизанинг экспертлар комиссияси томонидан ўтказилиши экспертизани тайинлаган суд ёки мазкур экспертизанинг ўтказилишини ташкил этувчи давлат суд-экспертиза муассасаси, нодавлат суд-экспертиза ташкилоти ёхуд бошқа корхона, муассаса, ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.

Экспертизани ўтказиш топширилган экспертлар комиссияси ўз олдига қўйилган саволларни ҳал этиш заруриятидан келиб чиқиб, ўтказиладиган текширишларнинг мақсади, кетма-кетлиги ва ҳажмини келишиб олади.

Экспертизани ўтказиш ўзига топширилган экспертлар комиссияси таркибида ҳар бир эксперт текширишларни мустақил ва алоҳида ўтказади, шахсан ўзи ва комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан олинган натижаларни баҳолайди ҳамда қўйилган саволлар юзасидан хулосаларини ўз махсус билимлари доирасида шакллантиради.

Текширишларнинг экспертлар комиссияси таркибига киритилмаган шахслар томонидан тўлиқ ёки қисман ўтказилишига йўл қўйилмайди.



83-модда. Комиссиявий экспертиза

Комиссиявий экспертиза ўтказилаётганда экспертларнинг ҳар бири текширишларни тўлиқ ҳажмда ўтказади ва улар олинган натижаларни биргаликда таҳлил қилади. Экспертлар умумий фикрга келганидан сўнг биргаликдаги хулосани ёки хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисидаги ҳужжатни тузади ва имзолайди.

Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.



84-модда. Комплекс экспертиза

Комплекс экспертиза иш учун аҳамиятга молик ҳолатларни фақат турли махсус билим соҳаларидан фойдаланган ҳолда бир нечта текшириш ўтказиш йўли билан аниқлаш мумкин бўлган ҳолларда тайинланади.

Комплекс экспертизани ўтказишда экспертларнинг ҳар бири ўз ваколати доирасида текширишлар олиб боради. Комплекс экспертизанинг хулосасида экспертларнинг ҳар бири қайси текширишларни ва қанча ҳажмда олиб борганлиги, қайси фактларни шахсан ўзи аниқлаганлиги ҳамда қандай хулосаларга келганлиги кўрсатилади. Экспертларнинг ҳар бири хулосанинг ушбу текширишлар баён этилган қисмини имзолайди ва улар учун жавобгар бўлади.

Умумий хулоса (хулосалар) олинган натижаларни баҳолашга ва ушбу хулосани (хулосаларни) шакллантиришга ваколатли бўлган экспертлар томонидан чиқарилади. Агар экспертлар комиссияси якуний хулосасининг ёки унинг бир қисмининг асоси экспертлардан бири (алоҳида экспертлар) томонидан аниқланган фактлардан иборат бўлса, бу ҳақда хулосада кўрсатилиши керак.

Экспертлар ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан тақдирда, уларнинг ҳар бири келишмовчиликлар келиб чиққан барча ёки айрим масалалар бўйича алоҳида хулоса беради.

Агар комплекс экспертизани ўтказиш давлат суд-экспертиза муассасасига ёки нодавлат суд-экспертиза ташкилотига топширилган бўлса, экспертизани ташкил этиш унинг раҳбари зиммасига юклатилади.


85-модда. Экспертнинг ёки экспертлар

комиссиясининг хулосаси

Эксперт ёки экспертлар комиссияси текширишларни ўтказиб бўлганидан кейин тегишинча эксперт ёхуд экспертлар комиссияси таркибига кирувчи ҳар бир эксперт имзоси билан тасдиқланадиган хулоса тузади.

Хулосада: экспертиза ўтказилган сана ва жой; экспертизани ўтказиш асоси; экспертизани тайинлаган суд тўғрисидаги маълумотлар; эксперт тўғрисидаги (фамилияси, исми, отасининг исми, маълумоти, ихтисослиги, иш стажи, илмий даражаси, илмий унвони, эгаллаб турган лавозими) ва экспертизани ўтказиш топширилган ташкилот ҳақидаги маълумотлар; била туриб нотўғри хулоса берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида экспертнинг огоҳлантирилганлиги; эксперт олдига қўйилган саволлар; экспертга тақдим этилган текшириш объектлари ва иш материаллари; экспертиза ўтказилаётганда ҳозир бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар; текширишларнинг қўлланилган усуллар кўрсатилган ҳолдаги мазмуни ва натижалари, шунингдек бу текширишлар, агар экспертлар комиссияси ишлаган бўлса, ким томонидан ўтказилганлиги; текшириш натижаларининг баҳоланиши, қўйилган саволларга берилган асосли жавоблар; иш учун аҳамиятга эга бўлган ва экспертнинг ташаббусига кўра аниқланган ҳолатлар акс эттирилган бўлиши керак.

Хулосани ва унинг натижаларини тасвирловчи материаллар ушбу хулосага илова қилинади ҳамда унинг таркибий қисми бўлиб хизмат қилади. Текширишнинг олиб борилиши, шарт-шароитлари ва натижаларини ҳужжатлаштирадиган материаллар давлат суд-экспертиза муассасасида ёки нодавлат суд-экспертиза ташкилотида ёхуд бошқа корхонада, муассасада, ташкилотда қонунчиликда белгиланган муддатларда сақланади. Улар экспертизани тайинлаган суднинг талабига биноан ишга қўшиб қўйиш учун тақдим этилади.

Агар тақдим этилган текшириш объектларининг, материалларнинг ёки экспертнинг махсус билимлари етарли эмаслиги текшириш давомида маълум бўлиб қолса, хулоса қўйилган айрим саволларга жавоб беришни рад этиш асосини ўз ичига олган бўлиши керак.

Текшириш тугаганидан сўнг хулоса, текшириш объектлари ва иш материаллари экспертизани тайинлаган судга юборилади.

Хулоса суд мажлисида текширилади ҳамда бошқа далиллар билан бир қаторда баҳоланади.



86-модда. Мутахассиснинг маслаҳати (тушунтириши)

Мутахассис маслаҳатни (тушунтиришни) судга оғзаки ёки ёзма шаклда беради.

Мутахассиснинг ёзма шаклда берилган маслаҳати (тушунтириши) суд мажлисида ўқиб эшиттирилади, текширилади ва ишга қўшиб қўйилади. Оғзаки маслаҳат (тушунтириш) бевосита суд мажлисининг (процессуал ҳаракатнинг) баённомасига ёзиб қўйилади.

Маслаҳатни (тушунтиришни) ойдинлаштириш ва тўлдириш мақсадида мутахассисга саволлар берилиши мумкин.



87-модда. Гувоҳнинг кўрсатувлари

Ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномаси бўйича суд гувоҳни суд мажлисида кўрсатувлар бериш учун чақиртириши мумкин.

Гувоҳни чақириш ҳақида илтимоснома киритувчи шахс иш учун аҳамиятга молик қайси ҳолатларни гувоҳ тасдиқлаши мумкинлигини кўрсатиши ва унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойини судга маълум қилиши шарт.

Гувоҳ иш бўйича ўзига маълум бўлган маълумотлар ва ҳолатларни судга оғзаки хабар қилади. Гувоҳ суднинг таклифига кўра ўз кўрсатувларини ёзма шаклда баён қилиши мумкин.

Агар гувоҳ ўзи билган маълумотларнинг манбаини кўрсатиб бера олмаса, у хабар қилган маълумотлар далил ҳисобланмайди.



88-модда. Ишда иштирок этувчи

шахсларнинг тушунтиришлари

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг иш учун аҳамиятга эга бўлган ўзларига маълум ҳолатлар тўғрисидаги тушунтиришлари текширилиши ва бошқа далиллар билан бирга баҳоланиши лозим. Ишда иштирок этувчи шахс суднинг таклифига кўра ўз тушунтиришларини ёзма шаклда баён этиши мумкин.

Бошқа шахс ўз талабларини ёки эътирозларини асослаётган фактларнинг ишда иштирок этувчи шахс томонидан тан олиниши суд учун мажбурий эмас.

Суд тан олинган фактни, агар унда фактни тан олиш ишнинг ҳолатларига мувофиқ эканлигига, алдаш, зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, чалғитиш таъсирида ёки ҳақиқатни яшириш мақсадида қилинмаганига шубҳа туғилмаса, аниқланган деб ҳисоблаши мумкин.



89-модда. Далилларни таъминлаш

Зарур далилларни тақдим этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади деб ҳисоблашга асоси бўлган шахслар ишни ўз юритувига қабул қилган суддан ушбу далилларни таъминлаш тўғрисида илтимос қилиши мумкин.

Далилларни таъминлаш тўғрисидаги аризада таъминланиши зарур бўлган далиллар, тасдиқланиши учун ушбу далиллар зарур бўлган ҳолатлар, далилларни таъминлаш тўғрисида аризачини илтимоснома билан мурожаат қилишга ундаган сабаблар кўрсатилиши керак.

Далилларни таъминлаш тўғрисидаги масала ушбу Кодекснинг 95-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.



90-модда. Суд топшириқлари

Ишни кўраётган суд бошқа туман ёки шаҳар ҳудудидаги далилларни олиш зарур бўлган тақдирда, тегишли судга муайян процессуал ҳаракатларни бажаришни топширишга ҳақли.

Суд топшириғи тўғрисидаги ажримда кўрилаётган ишнинг мазмуни қисқача баён қилинади, аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар, топшириқни бажарадиган суд тўплаши керак бўлган далиллар кўрсатилади.

Суд топшириғи тўғрисидаги ажрим топшириқ берилган суд учун мажбурийдир ва ажрим олинган пайтдан эътиборан ўн беш кунгача бўлган муддатда бажарилиши керак.



91-модда. Суд топшириғини бажариш тартиби

Суд топшириғи ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича суд мажлисида бажарилади. Ишда иштирок этувчи шахслар мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Бироқ, уларнинг судга келмаганлиги суд мажлисини ўтказишга тўсқинлик қилмайди.

Суд топшириғининг ижроси тўғрисида ажрим чиқарилиб, у ишни кўраётган судга дарҳол барча материаллар билан бирга юборилади.

Ишда иштирок этувчи шахслар, суд топшириғини бажарган судга тушунтиришлар ёки кўрсатувлар берган гувоҳлар ишни кўраётган суд мажлисида ўзлари иштирок этган тақдирда, умумий тартибда тушунтиришлар ва кўрсатувлар берадилар.



8-БОБ. МАЪМУРИЙ СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА

ДАСТЛАБКИ ҲИМОЯ ЧОРАЛАРИ


92-модда. Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш асослари

Ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси бўйича суд, агар:

1) маъмурий ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар аризачининг ёки манфаатларини кўзлаб ариза берилган шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишининг аниқ хавфи мавжуд бўлса;

2) аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бундай чораларни кўрмасдан туриб ҳимоя қилиш мумкин бўлмаса ёки қийин бўлса, дастлабки ҳимоя чораларини кўриши мумкин.

Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида фуқарога ёки юридик шахсга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талабни кўриб чиқишда суд аризачининг аризасига кўра дастлабки ҳимоя чораларини кўриши шарт.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўришга маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида йўл қўйилади.



93-модда. Дастлабки ҳимоя чоралари

Қуйидагилар дастлабки ҳимоя чоралари бўлиши мумкин:

1) жавобгарга муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш;

2) бошқа шахсларга низо предметига тааллуқли бўлган муайян ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаш;

3) мол-мулкни реализация қилишни тўхтатиб туриш;

4) маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг низолашилаётган ҳужжати ижросини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш;

5) жавобгарнинг мол-мулкини ёки пул маблағларини хатлаш.

Суд томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта дастлабки ҳимоя чоралари кўрилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чоралари арз қилинган талабга мос бўлиши керак.



94-модда. Дастлабки ҳимоя чораларини

кўриш тўғрисидаги ариза

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза судга ариза (шикоят) билан бир вақтда ёки иш юритиш жараёнида берилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) тарафларнинг номлари (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

3) талаб предмети;

4) дастлабки ҳимоя чорасини кўриш зарурлигининг асослантирилганлиги;

5) аризачи кўришни сўраётган дастлабки ҳимоя чорасининг тури;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Аризада бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Вакил томонидан имзоланган аризага ишончнома ёки унинг аризани имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилинади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги илтимоснома аризада (шикоятда) баён этилиши мумкин.

Агар дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги илтимоснома аризада (шикоятда) баён этилса, мазкур илтимосномада ушбу модда иккинчи қисмининг 4 ва 5-бандларида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.



95-модда. Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш

тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш

Ариза (шикоят) билан бирга берилган дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш билан бир вақтда, ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан суд томонидан кўриб чиқилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза суд мажлиси чоғида берилган тақдирда, у шу мажлисда кўриб чиқилиши керак.

Агар дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ариза иш юритиш жараёнида берилган бўлса, у келиб тушганидан кейинги кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақидаги ёки дастлабки ҳимоя чораларини кўришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин. Шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.



96-модда. Дастлабки ҳимоя чораларининг бир

турини бошқаси билан алмаштириш

Дастлабки ҳимоя чораларининг бир турини бошқаси билан алмаштиришга йўл қўйилади.

Дастлабки ҳимоя чоралари турини алмаштириш ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра амалга оширилиши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чоралари турини алмаштириш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал этилади. Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Бироқ уларнинг келмаганлиги дастлабки ҳимоя чоралари турини алмаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Дастлабки ҳимоя чоралари турини алмаштириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Дастлабки ҳимоя чоралари турини алмаштириш ҳақидаги ёки алмаштиришни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.



97-модда. Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш

тўғрисидаги ажримни ижро этиш

Дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ажрим суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда дарҳол ижро этилади.

Кўрилган дастлабки ҳимоя чораларини ижро этиш мажбурияти суд томонидан зиммасига юклатилган шахсга дастлабки ҳимоя чораларини кўриш тўғрисидаги ажримни ижро этмаганлик учун ушбу Кодексда белгиланган тартибда суд жаримаси солинади.



98-модда. Дастлабки ҳимоя чораларини бекор қилиш

Дастлабки ҳимоя чоралари ишни кўраётган суд томонидан ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра бекор қилиниши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масала суд мажлисида ҳал қилинади. Ишда иштирок этувчи шахслар мажлиснинг вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Бироқ уларнинг келмаганлиги дастлабки ҳимоя чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Дастлабки ҳимоя чораларини бекор қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган кундан кейинги кундан кечиктирмасдан юборилади.

Ариза (шикоят) қаноатлантирилган тақдирда, дастлабки ҳимоя чоралари суд ҳужжати амалда ижро этилгунига қадар ўз кучини сақлайди.

Аризани (шикоятни) қаноатлантириш рад этилган, ариза (шикоят) кўрмасдан қолдирилган, иш юритиш тугатилган ҳолларда, дастлабки ҳимоя чоралари тегишли суд қарори қонуний кучга киргунига қадар ўз кучини сақлайди. Бироқ суд кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилиш билан бир вақтда ёки улар қабул қилинганидан кейин дастлабки ҳимоя чораларини бекор қилиш ҳақида ажрим чиқариши мумкин.

Дастлабки ҳимоя чораларини бекор қилиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



9-БОБ. ИШ ЮРИТИШНИ ТЎХТАТИБ ТУРИШ


99-модда. Суднинг иш юритишни

тўхтатиб туриш мажбурияти

Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туриши шарт:

1) мазкур ишни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича суд, жиноят ишлари бўйича суд, маъмурий суд ёки иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан, шунингдек тергов ҳаракатлари олиб борилаётган иш ёки масала юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда;

2) ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро вафот этганда, агар низоли ҳуқуқий муносабатлар ҳуқуқий ворисликка йўл қўйса;

3) ишда иштирок этувчи шахс бўлган фуқаро муомала лаёқатини йўқотганда.


100-модда. Суднинг иш юритишни

тўхтатиб туриш ҳуқуқи

Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туришга ҳақли:

1) суд томонидан экспертиза тайинланганда;

2) ишда иштирок этувчи шахс бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда;

3) аризачи бўлган фуқаро давлат мажбуриятини бажариш учун жалб қилинганда.


101-модда. Иш юритишни тўхтатиб

туриш муддатлари

Иш юритиш:

1) ушбу Кодекс 99-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда - тегишли суднинг суд ҳужжати қонуний кучга киргунига ёки тергов ҳаракатлари тугаллангунига қадар;

2) ушбу Кодекс 99-моддасининг 2 ва 3-бандларида ва 100-моддасининг 2-бандида назарда тутилган ҳолларда - ишда иштирок этувчи шахснинг ҳуқуқий вориси аниқлангунига, муомалага лаёқатсиз шахсга вакил тайинлангунига, янги ташкил этилган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтгунига қадар;

3) ушбу Кодекс 100-моддасининг 1-бандида назарда тутилган ҳолларда - суд томонидан экспертиза хулосаси олингунига қадар;

4) ушбу Кодекс 100-моддасининг 3-бандида назарда тутилган ҳолларда - иш юритишни тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳолат бартараф этилгунига қадар тўхтатиб турилади.



102-модда. Иш юритишни тўхтатиб

туришнинг ҳуқуқий оқибатлари

Иш юритиш тўхтатиб турилган тақдирда, ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда белгиланган ёхуд суд томонидан тайинланган муддатларнинг ўтиши тўхтатиб турилади.

Иш юритиш тиклангунига қадар суд бирор-бир процессуал ҳаракатни амалга оширишга ҳақли эмас, бундан дастлабки ҳимоя чораларини кўришга ва далилларни таъминлашга қаратилган ҳаракатлар мустасно.



103-модда. Иш юритишнинг тикланиши

Иш юритишни тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф қилинганидан кейин иш юритиш тикланади.



104-модда. Иш юритишни тўхтатиб

туриш ва уни тиклаш тартиби

Иш юритишни тўхтатиб туриш, уни тиклаш тўғрисида ёки уни тиклашни рад этиш ҳақида суд ажрим чиқаради.

Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисидаги, иш юритишни тиклашни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.


10-БОБ. АРИЗАНИ (ШИКОЯТНИ)

КЎРМАСДАН ҚОЛДИРИШ


105-модда. Аризани (шикоятни) кўрмасдан

қолдириш асослари

Суд қуйидаги ҳолларда аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдиради, агар:

1) фуқаролик ишлари бўйича суд, маъмурий суд иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;

2) ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

3) аризачи биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса;

4) аризачининг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан арз қилинган талабдан аризачи воз кечган бўлса;

5) ариза (шикоят) суд муомалага лаёқатсиз деб топган шахс томонидан берилган бўлса.


106-модда. Аризани (шикоятни) кўрмасдан

қолдириш тартиби

Аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Суд ажримида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги, давлат божини бюджетдан қайтариш ҳақидаги масалалар ҳал қилиниши мумкин.

Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



107-модда. Аризани (шикоятни) кўрмасдан

қолдириш оқибатлари

Аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин аризачи судга ариза (шикоят) билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.



11-БОБ. ИШ ЮРИТИШНИ ТУГАТИШ


108-модда. Иш юритишни тугатиш асослари

Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тугатади, агар:

1) иш маъмурий судга, фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлмаса;

2) суднинг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса;

3) аризачи бўлган юридик шахс тугатилган бўлса;

4) ишда тараф ҳисобланган фуқаронинг вафот этганидан сўнг низоли ҳуқуқий муносабат ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса;

5) аризачи талабидан воз кечган ва суд уни қабул қилган бўлса;

6) давлат рўйхатидан ўтишни рад этиш ёки бундан бўйин товлаш тўғрисидаги аризани (шикоятни) кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққан бўлса;

7) тўпланган материалларнинг йўқотилган суд ишини ёки ижро ишини юритишни тиклаш учун етарли эмаслиги;

8) келишув битими тузилган ва у суд томонидан тасдиқланган бўлса.


109-модда. Иш юритишни тугатиш

тартиби ва оқибатлари

Иш юритишни тугатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Суд ажримда иш юритишни тугатиш асосларини кўрсатади, шунингдек суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш ва қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда давлат божини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги масалаларни ҳал қилади.

Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан судга такроран мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.



12-БОБ. СУД ХАРАЖАТЛАРИ


110-модда. Суд харажатларининг турлари

Суд харажатлари давлат божидан ва ишни кўриш билан боғлиқ суд чиқимларидан иборат бўлади.



111-модда. Давлат божи

Давлат божини тўлаш асослари, миқдори ва тартиби, уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, тўлашдан озод қилиш тартиби, давлат божини қайтариш тартиби қонунда белгиланади.



112-модда. Давлат божини қайтариш

Давлат божи қонунчиликда белгиланган ҳолларда қайтарилиши лозим.

Суд ҳужжатида давлат божини тўлиқ ёки қисман қайтариш учун асос бўладиган ҳолатлар кўрсатилади.

Давлат божи тўланган, лекин судга келиб тушмаган ёки ушбу суд қайтарган аризалар (шикоятлар), апелляция, кассация ва тафтиш шикоятларига доир давлат божлари ҳамда божни тўлиқ ёки қисман қайтариш назарда тутиладиган суд ҳужжатларига доир суд томонидан берилган маълумотномага асосан қайтарилади.


113-модда. Суд чиқимлари

Суд чиқимлари, суд хабарномалари ва суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатларидан, суд тайинлаган экспертизани ўтказиш, гувоҳни чақириш, далилларни жойида кўздан кечириш, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлардан, шунингдек ишни кўриш билан боғлиқ бошқа харажатлардан иборатдир.

Почта харажатларининг суммаси суд томонидан белгиланади, бироқ бу сумма базавий ҳисоблаш миқдорининг ўндан бир қисмидан ошмаслиги керак ва суднинг депозит ҳисобварағига киритилиши лозим.

Суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатларнинг суммаси суд томонидан белгиланади ва ишда иштирок этувчи шахслардан ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ушбу Кодекснинг 115-моддасига мувофиқ ундирилади.



114-модда. Экспертлар, мутахассислар, гувоҳлар ва

таржимонларга тегишли суммаларни тўлаш

Экспертлар, мутахассислар, гувоҳлар ва таржимонларга судга келиш билан боғлиқ бўлган йўлкира, хона ижараси бўйича харажатларнинг ўрни қопланади ва кундалик харажатлар учун ҳақ тўланади.

Экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар суднинг топшириғи бўйича бажарган иш уларнинг хизмат вазифалари доирасига кирмаса, улар бу иш учун ҳақ олади.

Экспертлар, мутахассислар ва гувоҳларга тўланиши лозим бўлган сумма тегишли илтимоснома билан мурожаат қилган ишда иштирок этувчи шахс томонидан суднинг депозит ҳисобварағига олдиндан ўтказилади. Агар илтимоснома иккала тарафга тегишли бўлса, талаб қилинадиган суммани улар тенг бўлиб ўтказади. Агар экспертиза суднинг ташаббуси билан тайинланса, тўланиши лозим бўлган сумма экспертга суд томонидан депозит ҳисобварағидан тўланади. Бу суммалар ишда иштирок этувчи шахслардан ушбу Кодекснинг 115-моддасига мувофиқ ундирилиб, суднинг депозит ҳисобварағига ўтказилади. Экспертлар, мутахассислар, гувоҳлар ва таржимонларга тегишли бўлган суммалар улар ўз вазифаларини бажарганларидан кейин суд томонидан тўланади.

Тўланиши лозим бўлган суммаларни тўлаш тартиби ва миқдори қонунчиликда белгиланади.


115-модда. Суд харажатларининг тақсимланиши

Суд харажатлари ишда иштирок этувчи шахсларнинг қаноатлантирилган талаблар миқдорига мутаносиб равишда уларнинг зиммасига юклатилади.

Ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафга иш бўйича қилинган барча суд харажатларининг ўрни, гарчи бошқа тараф давлат божини тўлашдан озод этилган бўлса ҳам ушбу бошқа тараф ҳисобидан қопланади.

Аризачи тўлашдан белгиланган тартибда озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган талаблар миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан республика бюджети даромадига ундирилади.

Аризачининг талаблари у судга мурожаат қилганидан сўнг жавобгар томонидан ихтиёрий равишда қаноатлантирилса, суд харажатлари жавобгарнинг зиммасига юклатилади.

Давлат божи тўлашдан озод қилинган давлат органлари ҳамда бошқа шахслар томонидан юридик шахслар ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб арз қилинган талабларни қаноатлантириш рад этилган ёки улар қисман қаноатлантирилган тақдирда, давлат божи манфаатлари кўзланиб ариза тақдим этилган шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган қисмига мутаносиб равишда ундирилади.

Ишда иштирок этувчи шахслар суд харажатларини тақсимлаш тўғрисида келишиб олса, суд ушбу келишувга мувофиқ ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг апелляция, кассация ва тафтиш шикояти бериш билан боғлиқ ҳолда қилган суд харажатлари ушбу моддада баён этилган қоидаларга мувофиқ тақсимланади.


13-БОБ. ПРОЦЕССУАЛ МУДДАТЛАР


116-модда. Процессуал муддатларни

белгилаш ва ҳисоблаш

Процессуал ҳаракатлар ушбу Кодексда ёки бошқа қонунларда белгиланган муддатларда амалга оширилади, процессуал муддатлар белгиланмаган ҳолларда эса улар суд томонидан тайинланади.

Процессуал ҳаракатларни амалга ошириш муддатлари албатта юз бериши керак бўлган воқеа кўрсатилган аниқ календарь сана билан ёки вақтнинг ҳаракат амалга оширилиши мумкин бўлган даври билан белгиланади.

Процессуал муддатлар йиллар, ойлар ва кунлар билан ҳисобланади.

Йиллар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг ўтиши календарь сананинг эртасидан ёки бошланиши аниқланган воқеа юз берган кундан бошланади.



117-модда. Процессуал муддатларнинг тугаши

Йиллар билан ҳисобланадиган процессуал муддат белгиланган муддатнинг охирги йилининг тегишли ойи ва кунида тугайди.

Ойлар билан ҳисобланадиган процессуал муддат белгиланган муддатнинг охирги ойининг тегишли кунида тугайди.

Агар ойлар билан ҳисобланадиган процессуал муддатнинг тугаши тегишли куни бўлмаган ойга тўғри келса, муддат шу ойнинг охирги кунида тугайди.

Кунлар билан ҳисобланадиган процессуал муддат белгиланган муддатнинг охирги кунида тугайди.

Процессуал муддатнинг охирги куни иш куни бўлмаган кунга тўғри келган ҳолларда, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни деб ҳисобланади.

Процессуал ҳаракат белгиланган муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртгача бажарилиши мумкин.

Агар ариза (шикоят) ва бошқа ҳужжатлар почтага топширилган, электрон ҳужжат тарзида юборилган, тегишли органга ёхуд уларни қабул қилиб олиш ваколатига эга бўлган шахсга процессуал муддатнинг охирги куни соат йигирма тўртга қадар берилган бўлса, муддат ўтказиб юборилган деб ҳисобланмайди.

Агар процессуал ҳаракат бевосита судда ёки бошқа ташкилотда амалга оширилиши керак бўлса, муддат ушбу судда ёки ташкилотда иш куни тугаган ёхуд тегишли операциялар тугатилган соатда тугайди.



118-модда. Процессуал муддатларни

ўтказиб юбориш оқибатлари

Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда белгиланган процессуал муддатлар ёки суд томонидан тайинланган муддат ўтиши билан процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини йўқотади. Бу ҳолатда процессуал муддатларнинг ўтиши кўрсатилган шахсларни ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажаришдан озод қилмайди.

Процессуал муддатлар ўтгандан кейин берилган аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатлар, агар ўтказиб юборилган муддатларни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд уни қаноатлантириш рад этилган бўлса, уларни тақдим этган шахсларга қайтарилади.



119-модда. Процессуал муддатларни тўхтатиб туриш

Иш юритиш тўхтатиб турилиши билан барча ўтиб кетмаган процессуал муддатларнинг ўтиши тўхтатиб турилади. Иш юритиш тикланган кундан эътиборан процессуал муддатларнинг ўтиши давом этади.



120-модда. Ўтказиб юборилган процессуал

муддатларни тиклаш

Суд ушбу Кодексда ва бошқа қонунларда белгиланган, ўтказиб юборилган процессуал муддатни, агар у ўтказиб юборилиш сабабларини узрли деб топса, ишда иштирок этувчи шахснинг аризасига кўра тиклашга ҳақли.

Ўтказиб юборилган процессуал муддатни тиклаш ҳақида ёки тиклашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Процессуал муддатни тиклаш ҳақидаги ёки тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.


121-модда. Суд томонидан тайинланган

процессуал муддатларни узайтириш

Суд томонидан тайинланган процессуал муддатлар ишда иштирок этувчи шахснинг аризаси бўйича шу суд томонидан узайтирилиши мумкин.

Процессуал муддатни узайтириш ҳақида ёки узайтиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.



14-БОБ. СУД ЖАРИМАЛАРИ


122-модда. Суд жарималарини солиш

Суд жарималари ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда суд томонидан солинади.

Суд томонидан солинадиган суд жаримасининг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ошмаслиги керак, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, шунингдек ташкилотлар томонидан суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда суд жаримаси солинади. Суд ҳужжати такроран ижро этилмаган тақдирда, дастлабки солинган жариманинг ўн баравари миқдорида суд жаримаси солинади.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажрими ижро этилмаган тақдирда, ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган миқдорда суд жаримаси солинади.    

Суд томонидан давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва бошқа органларнинг, шунингдек ташкилотларнинг мансабдор шахсларига солинган суд жарималари уларнинг шахсий маблағларидан ундирилади.

Суд жарималари республика бюджети даромадига ундирилади.



123-модда. Суд жаримаси солиш тўғрисидаги

масалани кўриб чиқиш тартиби

Суд мажлисида ҳозир бўлган шахсга нисбатан суд жаримасини солиш ҳақидаги масала шу суд мажлисида ҳал этилади.

Суд мажлисида ҳозир бўлмаган шахсга нисбатан суд жаримасини солиш ҳақидаги масала бошқа суд мажлисида ҳал этилади. Ўзига нисбатан суд жаримаси солиш тўғрисидаги масала кўрилаётган шахс суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Бироқ тегишли тарзда хабардор қилинган шахснинг келмаганлиги суд жаримаси солиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Суд жаримаси солиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Суд жаримасини солиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси жарима солинган шахсга юборилади.

Суд жаримасини солиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Суд жаримасини солиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) ажримнинг ижросини тўхтатиб қўймайди.



15-БОБ. СУД ХАБАРНОМАЛАРИ

ВА ЧАҚИРУВЛАРИ


124-модда. Суд хабарномалари ва

чақирувларини юбориш тартиби

Ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суд ажрими орқали хабардор қилинади, ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки ушбу шахсларга тилхат олиб топширилади ёхуд хабардор қилинганлиги факти қайд этилишини таъминлайдиган алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилинади. Маъмурий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари суд ажрими орқали, зарур ҳолларда эса чақирув қоғозлари, телеграммалар, факслар, телетайплар ҳамда бошқа алоқа воситалари орқали хабардор қилинади ва судга чақирилади.

Суд хабарномалари ва чақирувлари иш материалларига қўшиб қўйилади.



125-модда. Тегишли тарзда хабардор қилиш

Агар суд маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиси ўзига юборилган ажримнинг кўчирма нусхасини олганлиги ёки ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа усулда хабардор қилинганлиги тўғрисида суд мажлиси бошлангунига қадар маълумотларга эга бўлса, ушбу иштирокчи тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади.

Маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиси қуйидаги ҳолларда ҳам суд томонидан тегишли тарзда хабардор қилинган деб ҳисобланади, агар:

ажрим йўлланган шахс ажримнинг кўчирма нусхасини олишни рад этган ва ушбу рад этиш қайд этилган бўлса;

суд томонидан юридик шахснинг судга маълум бўлган охирги жойлашган ери (почта манзили), фуқаронинг яшаш жойи бўйича юборилган ажримнинг кўчирма нусхаси олувчи кўрсатилган манзилда йўқлиги сабабли топширилмаган ва бу ҳақда алоқа муассасаси судни хабардор қилган бўлса;

ажримнинг кўчирма нусхаси суд томонидан электрон почта орқали ёки хабардор қилинганлик фактини тасдиқловчи бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилган кундан эътиборан уч кун ўтган бўлса.



126-модда. Маъмурий иш юритиш

вақтида манзилнинг ўзгариши

Ишда иштирок этувчи шахслар иш юритиш вақтида ўз манзили ўзгарганлиги ҳақида судга хабар бериши шарт. Бундай хабар мавжуд бўлмаган тақдирда, ажримнинг кўчирма нусхаси судга маълум бўлган охирги манзилга юборилиб, гарчи олувчи шу манзилда бўлмаса ҳам ёки яшамаса ҳам у етказиб берилган деб ҳисобланади.

Агар ишда иштирок этувчи шахслар ўз телефон ва факс рақамларини, электрон манзилини судга маълум қилган бўлса, уларнинг иш юритиш вақтида ўзгарганлиги тўғрисида судни ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида хабардор қилиши керак.



15-1-БОБ. КЕЛИШУВ БИТИМИ

126-1-модда. Тарафларнинг келишуви

Тарафлар маъмурий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида низони келишув битимини тузган ҳолда тўлиқ ҳажмда ёки қисман ҳал этиши мумкин.

Тарафларнинг келишуви ихтиёрийлик, ҳамкорлик ва тенг ҳуқуқлилик принциплари асосида амалга оширилади.

Тарафларнинг келишувига фақат жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) мавжуд бўлганда йўл қўйилади.

Тарафларнинг келишуви фақат уларнинг низоли оммавий ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларига тааллуқли бўлиши ҳамда тарафларнинг ўзаро ён беришига йўл қўйилган тақдирда амалга оширилиши мумкин.

Келишув битими суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган деб ҳисобланади.

Ушбу Кодекс 27-моддаси биринчи қисмининг 1, 3, 4 ва 5-бандларида назарда тутилган ишлар бўйича, шунингдек учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган шартларни назарда тутадиган ишлар бўйича келишув битимининг тузилишига йўл қўйилмайди.



126-2-модда. Келишув битимининг шакли ва мазмуни

Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва уни тузган шахслар томонидан имзоланади.

Келишув битими албатта ижро этилишга оид талабларга жавоб бериши ҳамда унда мажбуриятларни бажаришнинг тарафлар томонидан келишилган шартлари, тартиби ва муддатлари ҳақидаги қоидалар, шунингдек суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши керак.

Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.

Келишув битими суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масалага нисбатан ҳам тузилиши мумкин.

Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида, ушбу Кодексда белгиланган умумий тартибда ҳал этади.

Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта нусха ортиқ бўлган нусхаларда тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.



126-3-модда. Келишув битимини тасдиқлаш

тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала иш қайси суднинг иш юритувида бўлса, ўша суд томонидан, суд мажлисида тарафлар албатта иштирок этган ҳолда кўриб чиқилади. Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади.

Келишув битимини тузган, суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган шахслар суд мажлисига келмаган тақдирда, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала суд томонидан кўриб чиқилмайди.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда битимнинг қонун талабларига мувофиқлигини ҳамда учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдорлигини аниқлаш учун суд ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган ишнинг ҳақиқий ҳолатларини, важлар ва далилларни текширади, уларга баҳо беради.

Суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тўлиқ ёки қисман тугатилганлиги кўрсатилади.

Келишув битими апелляция ёки кассация, тафтиш инстанцияси суди томонидан тасдиқланган тақдирда, ажрим чиқарилиб, иш бўйича илгари қабул қилинган барча суд ҳужжатлари ушбу ажрим билан бекор қилинади ва иш юритиш тугатилади. Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани апелляция ёки кассация, тегишли тафтиш инстанцияси суди томонидан кўриб чиқишда тегишли суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилиги текширилмайди.

Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда, битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Ижро босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масала битим судга тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатда, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қоидалар бўйича кўриб чиқилади.

Суд келишув битимини қисман тасдиқлашга, ўзгартиришга ёки ундан тарафлар томонидан келишилган бирон-бир шартни чиқариб ташлашга ҳақли эмас. Суд ушбу битимдан қонунга зид бўлган ёки учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган айрим шартларни чиқариб ташлашни тарафларга таклиф қилишга ҳақли.



126-4-модда. Келишув битимини тасдиқлаш

тўғрисидаги суд ажрими

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ажримида ушбу Кодекснинг 169-моддасида назарда тутилганидан ташқари қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) келишув битимининг шартлари;

2) келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги хулоса;

3) суд харажатларининг тақсимланиши;

4) иш юритишни тугатиш тўғрисидаги маълумотлар.

Апелляция ёки кассация, тафтиш инстанцияси судининг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримида ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган маълумотлардан ташқари иш бўйича аввал қабул қилинган барча суд ҳужжатларини бекор қилиш ҳақидаги кўрсатма бўлиши керак.

Суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги суд ажримида келишув битимининг шартлари ва келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги хулоса, шунингдек суд ҳужжатининг ижро этилмаслиги ҳақидаги шартлар кўрсатилиши керак.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги суд ҳужжатлари устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Келишув битимини тузган шахслар уни ушбу битимда назарда тутилган тартибда ва муддатларда ихтиёрий равишда бажаради.

Суд томонидан тасдиқланган келишув битими ушбу битимда назарда тутилган муддатларда ихтиёрий равишда бажарилмаган тақдирда, битим ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга кўра бажарилиши лозим.



126-5-модда. Келишув битимини тасдиқлашни рад этиш

Суд келишув битимини тасдиқлашни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) унинг шартлари қонунчиликка зид бўлса;

2) унинг шартлари учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлса;

3) унинг шартлари кўриб чиқилаётган низо (иш) предмети билан боғлиқ бўлмаса;

4) жавобгарда маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) мавжуд бўлмаса;

5) битим шарт асосида тузилган бўлса.

Келишув битимини тасдиқлашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади. Бунда суд муҳокамаси умумий тартибда ўтказилади.

Келишув битимини тасдиқлашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

II БЎЛИМ. БИРИНЧИ ИНСТАНЦИЯ

СУДИДА ИШ ЮРИТИШ


16-БОБ. ИШ ҚЎЗҒАТИШ


127-модда. Иш қўзғатиш асослари

Суд:

1) манфаатдор шахсларнинг;

2) прокурорнинг;

3) давлат органлари ва бошқа шахслар юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонун бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда, шу давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг аризалари бўйича иш қўзғатади.



128-модда. Аризанинг (шикоятнинг)

шакли ва мазмуни

Ариза (шикоят) судга ёзма шаклда берилади. У аризачи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Аризада (шикоятда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза (шикоят) берилаётган суднинг номи;

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатлар (агар улар мавжуд бўлса);

4) арз қилинган талабларнинг асосларини тасдиқловчи далиллар;

5) аризачининг қонунчиликка асослаб келтирган талаблари, талаб бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилганда эса уларнинг ҳар бирига нисбатан талаблар;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Аризада (шикоятда) аризачининг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Аризада (шикоятда), агар низони тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлса, бошқа маълумотлар, шунингдек аризачидаги мавжуд бўлган илтимосномалар кўрсатилади.

Аризачи ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талабни, агар улар маъмурий судга тааллуқли бўлса, битта аризага (шикоятга) бирлаштиришга ҳақли.



129-модда. Аризанинг (шикоятнинг) ва унга

илова қилинадиган ҳужжатларнинг

кўчирма нусхаларини юбориш

Аризачи ариза (шикоят) бераётганда жавобгарга ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган, уларда бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши шарт.



130-модда. Аризага (шикоятга) илова

қилинадиган ҳужжатлар

Аризага (шикоятга) қуйидагиларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:

1) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини, агар бу ушбу тоифадаги ишлар учун қонунда назарда тутилган бўлса;

1-1) белгиланган тартибда ва миқдорда почта харажатлари тўланганлигини;

2) аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга ҳамда учинчи шахсларга юборилганлигини;

3) арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатларни;

4) аризани (шикоятни) имзолаш ваколатини, агар у вакил томонидан имзоланган бўлса.



131-модда. Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул

қилиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш

тартиби ва муддатлари

Агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, судья аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги, қабул қилишни рад этиш, қайтариш ёки судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш ҳақидаги масалани ариза (шикоят) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай якка тартибда ҳал қилади.

Аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ҳақида, қабул қилишни рад этиш, қайтариш ёки судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади, ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ажрим чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмай юборилади.

Судга тааллуқлилигига кўра фуқаролик ишлари бўйича суддан ёки иқтисодий суддан ариза (шикоят) ёки иш материаллари келиб тушганда судья ариза (шикоят) ушбу Кодекснинг 128, 129 ва 130-моддаларида кўрсатилган талабларга мувофиқ эмаслигини аниқлагач, ариза (шикоят) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай аризачини камчиликларни бартараф этиш зарурлиги ҳақида хабардор қилади ва унга бунинг учун ўн кундан ошмайдиган муддат беради.



132-модда. Аризани (шикоятни) иш юритишга

қабул қилиш ва иш қўзғатиш

Судья ушбу Кодексда назарда тутилган талабларга риоя этган ҳолда берилган аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиши ва иш қўзғатиши шарт.

Судья ушбу Кодекс 130-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 3-бандларида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган аризани, агар аризага давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисидаги ёки аризачида мавжуд бўлмаган далилларни талаб қилиб олиш ҳақидаги илтимосномалар илова қилинган ҳамда бу илтимосномалар қаноатлантирилган бўлса, иш юритишга қабул қилишга ва иш қўзғатишга ҳақли.

Судьянинг ушбу Кодекс 130-моддаси биринчи қисмининг 1 ва 3-бандларида назарда тутилган талабларни бузган ҳолда берилган аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантириш ҳақидаги хулосаси аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда асослантирилган бўлиши керак.



133-модда. Аризани (шикоятни) иш юритишга

қабул қилишни рад этиш

Судья аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) иш маъмурий судга, фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлмаса;

2) маъмурий суднинг айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрими ёхуд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;

3) суднинг иш юритишида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса.

Аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза (шикоят) судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.



134-модда. Аризани (шикоятни) қайтариш

Судья аризани (шикоятни) ва унга илова қилинган ҳужжатларни қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) аризанинг (шикоятнинг) ушбу Кодекснинг 128-моддасида белгиланган шакли ва мазмунига риоя қилинмаган бўлса;

1-1) аризачи судьянинг ушбу Кодекс 131-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган кўрсатмасини белгиланган муддатда бажармаган бўлса;

2) ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлиб, уларнинг айримлари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга ёки иқтисодий судга тааллуқли бўлса;

3) ариза (шикоят) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

4) иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;

5) жавобгар ва учинчи шахсларга аризанинг (шикоятнинг) ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар тақдим этилмаган бўлса;

6) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

7) битта аризада (шикоятда) бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғланмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса;

8) аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар аризани (шикоятни) қайтариб олиш тўғрисида аризачидан ариза келиб тушган бўлса;

9) ариза (шикоят) суд муомалага лаёқатсиз деб топган шахс томонидан берилган бўлса.

Аризани (шикоятни) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ажрим бекор қилинган тақдирда, ариза (шикоят) судга дастлабки мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Аризанинг (шикоятнинг) қайтарилиши йўл қўйилган камчиликлар бартараф этилгандан кейин судга такроран умумий тартибда мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.



135-модда. Ариза (шикоят) юзасидан ёзма фикр

Ишда иштирок этувчи шахс ариза (шикоят) юзасидан арз қилинган талабга қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ёзма фикрини ишда иштирок этувчи шахсларга ёзма фикрнинг ҳамда уларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далилларни иш кўриладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборишга ҳақли.

Ариза (шикоят) юзасидан ёзма фикрда ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг турган жойи (почта манзили), телефонлари, факслари рақамлари, электрон почта манзили (агар улар мавжуд бўлса) кўрсатилади.

Ариза (шикоят) бўйича ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг иш юритишга доир ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.



136-модда. Ариза (шикоят)нинг асосини ёки предметини

ўзгартириш, ариза (шикоят)дан воз кечиш

Аризачи ишни биринчи инстанция судида кўриш чоғида ишнинг мазмунан кўрилиши якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ариза (шикоят)нинг асосини ёки предметини ўзгартиришга ҳақли.

Аризачи ишни ҳар қандай инстанция судида кўришда ишни кўриш якуни бўйича чиқариладиган суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ариза (шикоят)дан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли.

Суд ариза (шикоят)нинг асоси ва предмети бир вақтда ўзгартирилишини қабул қилмайди. Суд, шунингдек ариза (шикоят)дан воз кечишни, агар бу қонунчиликка зид бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, қабул қилмайди. Бундай ҳолларда суд ишни мазмунан кўради.

Ариза (шикоят)нинг асосини ёки предметини ўзгартиришни, аризачининг ариза (шикоят)дан тўлиқ ёки қисман воз кечишини қабул қилиш ҳақида ёхуд қабул қилишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилади.



137-модда. Ишларни битта иш юритишга бирлаштириш

Биринчи инстанция суди айни бир шахслар иштирок этувчи бир турдаги бир нечта ишни битта иш юритишга бирлаштиришга ҳақли.

Ишларни бирлаштиришга суднинг иш кўриш якуни бўйича ҳужжати қабул қилингунига қадар йўл қўйилади. Ишлар бирлаштирилганда улар бўйича иш кўриш муддати кейинроқ тайинланган иш бўйича белгиланади.

Ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисида ажрим чиқарилади.



138-модда. Талабларнинг бир қисмини

алоҳида иш юритишга ажратиш

Агар суд талабларни ажратиб кўришни мақсадга мувофиқ деб топса, у бир ёки бир нечта бирлаштирилган талабни алоҳида иш юритишга ажратишга ҳақли.

Талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратишга ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ёки уни қабул қилиш билан бир вақтда йўл қўйилади.

Талабларнинг бир қисмини алоҳида иш юритишга ажратиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ажратилган талаб бўйича иш кўриш муддати ажрим чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.



17-БОБ. ИШНИ СУД МУҲОКАМАСИГА ТАЙЁРЛАШ


139-модда. Ишни суд муҳокамасига

тайёрлаш тўғрисидаги ажрим

Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда ўзи ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар, ушбу ҳаракатлар амалга оширилиши керак бўлган муддатлар, суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.

Судьянинг ишни суд муҳокамасига тайёрлаш бўйича ҳаракатлари аризани (шикоятни) иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисидаги ажримда баён этилиши мумкин.



140-модда. Судьянинг ишни суд муҳокамасига

тайёрлаш бўйича ҳаракатлари

Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида қуйидаги ҳаракатларни ариза (шикоят) келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай амалга оширади:

1) ишда иштирок этиш учун бошқа жавобгарни ёки учинчи шахсни жалб этиш масаласини кўриб чиқади;

2) манфаатдор шахсларни ишни юритиш тўғрисида хабардор қилади;

3) ишда иштирок этувчи шахсларни уларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга бўлган ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилади;

4) ишда иштирок этувчи шахсларга, бошқа ташкилотларга, уларнинг мансабдор шахсларига муайян ҳаракатларни амалга оширишни, шу жумладан низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишни таклиф этади;

5) гувоҳларни чақиртиради;

6) экспертиза тайинлаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади;

7) тарафларга зарур далилларни олишга кўмаклашади, тарафларнинг илтимосномаси бўйича уларни талаб қилиб олади;

8) тарафларнинг илтимосномаси бўйича дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ва далилларни таъминлаш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;

9) бошқа шахсларнинг ишга киришиши, ишларни битта иш юритишга бирлаштириш ёки арз қилинган талабларини алоҳида иш юритишга ажратиш, сайёр суд мажлисини ўтказиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади;

10) ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;

11) тарафларни келиштириш чораларини кўради.

Судья ишнинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишини таъминлашга қаратилган бошқа ҳаракатларни ҳам амалга оширади.



18-БОБ. СУД МУҲОКАМАСИ


141-модда. Суд муҳокамасининг муддатлари

Агар ушбу Кодексда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, суд муҳокамаси ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда тугалланиши керак.

Алоҳида ҳолларда, суд муҳокамасининг муддати суд раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.



142-модда. Сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари

(қарорлари) устидан берилган шикоятларни

кўриб чиқиш муддати ва тартиби

Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоят суд томонидан шикоят берилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай кўриб чиқилиши, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.

Шикоят суд томонидан аризачини ва тегишли сайлов комиссиясининг вакилини, шунингдек, прокурорни, агар шикоят аризачига эмас, балки бошқа фуқарога дахлдор бўлса, ўша шахсни ҳам чақирган ҳолда кўриб чиқилади. Бу шахсларнинг келмаслиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори чиқарилиши биланоқ дарҳол тегишли сайлов комиссиясига ва аризачига топширилади.



143-модда. Суд мажлиси

Иш муҳокамаси суд мажлисида амалга оширилади. Суднинг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.

Суд ташаббусига кўра ёки маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчиларининг илтимосномасига кўра суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилиши мумкин.

Мажлисда раислик қилувчи судья:

1) суд мажлисини очади ва қандай иш кўрилишини эълон қилади;

2) маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари мажлисга келган-келмаганлигини, уларнинг ваколатларини, мажлисга келмаган шахслар тегишли равишда хабардор қилинган-қилинмаганлигини ҳамда уларнинг келмаганлиги сабаблари тўғрисида қандай маълумотлар борлигини текширади;

3) суд таркибини эълон қилади, прокурор, эксперт, мутахассис, суд мажлиси котиби, таржимон сифатида кимлар иштирок этаётганлигини маълум қилади ҳамда ишда иштирок этувчи шахсларга уларнинг рад қилиш ҳуқуқини тушунтиради;

4) келган гувоҳларни сўроқ қилиш бошлангунига қадар уларни мажлис залидан чиқариб юборади;

5) суд процесси иштирокчиларига уларнинг процессуал ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтиради;

6) таржимонни била туриб нотўғри таржима қилганлик учун, экспертни била туриб нотўғри хулоса берганлик учун, гувоҳни била туриб ёлғон кўрсатув берганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантиради;

7) далилларни текшириш тартибини белгилайди;

8) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар аниқланишини таъминлаб, мажлисга раҳбарлик қилади;

9) мажлисда тегишли тартибни таъминлаш чораларини кўради.

Маъмурий суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига эга. Суд мажлисининг фототасвирига, видеоёзувига, шунингдек радио ва телевидение орқали трансляция қилинишига ишни кўраётган суднинг рухсати билан йўл қўйилади.


144-модда. Суднинг видеоконференцалоқа

режимидаги мажлисида иштирок этиш

Ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этишга ҳақли.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида шахсларнинг иштирок этиш ҳуқуқи ҳақида ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажримда кўрсатилиб, ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга, одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларга ҳамда уларнинг бундай мажлисда иштирок этишига кўмаклашадиган тегишли судга юборилади.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисини ўтказишга кўмаклашадиган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг вакиллари ваколатларини тасдиқловчи ишончномалар, шунингдек суд мажлисида тақдим этилган далиллар ишни кўраётган судга юборилишини таъминлайди.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларнинг видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этиш ҳуқуқи биринчи, апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари судларининг суд мажлисида амалга оширилиши мумкин.


145-модда. Суд мажлисидаги тартиб

Судьялар мажлис залига кириб келганида ва ундан чиқиб кетаётганида залда ҳозир бўлганларнинг барчаси ўринларидан туради.

Суд процесси иштирокчилари судга "Ҳурматли суд!" деган сўзлар билан мурожаат қилади. Улар судга ўз тушунтиришлари ва кўрсатувларини, саволларга жавобларини тик туриб беради. Бу қоидадан четга чиқишга фақат раислик қилувчининг рухсати билан йўл қўйилиши мумкин.

Суд мажлиси суднинг нормал ишлашини ва суд процесси иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлайдиган шароитларда ўтказилади. Суд мажлиси залида ҳозир бўлган ҳамда суднинг рухсати билан суд мажлисининг фототасвирини, видеоёзувини, радио ва телевидение орқали трансляциясини амалга ошираётган шахсларнинг ҳаракатлари суд мажлисидаги тартибга халақит бермаслиги керак. Бу ҳаракатлар суд томонидан вақт бўйича чекланиши мумкин.

Мажлис вақтида тартиб бузилган тақдирда, раислик қилувчи тартибни бузган шахсни суд номидан огоҳлантиради. Тартиб такроран бузилган тақдирда, мазкур шахс раислик қилувчининг фармойиши билан суд мажлиси залидан чиқариб юборилиши мумкин.

Суднинг ҳал қилув қарорини мажлис залида ҳозир бўлганларнинг барчаси тик туриб эшитади.



146-модда. Далилларни текшириш

Суд муҳокамаси давомида суд иш бўйича далилларни текширади: ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришларини, гувоҳларнинг кўрсатувларини, экспертларнинг хулосаларини, мутахассисларнинг маслаҳатларини (тушунтиришларини) эшитади, ёзма далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради, шунингдек ёзма шаклда тақдим этилган тушунтиришлар, кўрсатувлар ва хулосаларни ўқиб эшиттиради.

Аудио- ва видеоёзувларни намойиш қилиш суд мажлиси залида ёки ушбу мақсад учун махсус жиҳозланган бошқа хонада амалга оширилади. Аудио- ва видеоёзувлар намойиш қилинганлиги факти суд мажлиси баённомасида акс эттирилади.



147-модда. Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларнинг

аризалари ва илтимосномаларини ҳал қилиши

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг янги далилларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги ҳамда иш муҳокамаси билан боғлиқ бошқа барча масалалар бўйича аризалари ва илтимосномалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фикрлари суд томонидан эшитиб бўлинганидан кейин ҳал қилинади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Суднинг ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризалари ва илтимосномаларини қаноатлантириш тўғрисидаги ёки қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги хулосалари ишни кўриш натижалари бўйича чиқарилган суд ҳужжатида баён қилиниши мумкин.



148-модда. Ариза (шикоят) юзасидан ёзма фикр, қўшимча далиллар

тақдим этилмаганлиги, шунингдек ишда иштирок этувчи

шахслар судга келмаганлиги оқибатлари

Суд ишда иштирок этувчи шахсларга ариза (шикоят) юзасидан тақдим этишни таклиф қилган ёзма фикр ёки қўшимча далиллар тақдим этилмаганлиги ишни мавжуд материаллар бўйича кўришга тўсқинлик қилмайди.

Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган аризачи суд мажлисига келмаса, аризачининг ишни унинг йўқлигида кўриш тўғрисидаги аризаси бўлган тақдирда, арз қилинган талаб унинг йўқлигида ҳал қилиниши мумкин.

Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган жавобгар, учинчи шахслар суд мажлисига келмаса, иш уларнинг йўқлигида кўрилиши мумкин.



149-модда. Суд муҳокамасини кейинга қолдириш

Суд қуйидаги ҳолларда суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли:

агар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахс суд мажлисига кела олмаслиги сабабларини асослаган ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган бўлса ва башарти ушбу шахснинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаса;

ишда иштирок этувчи шахснинг ўз вакили суд мажлисига узрли сабабга кўра кела олмаганлиги муносабати билан қилган илтимосномаси бўйича;

суд процесси иштирокчиларидан бирортаси, агар суд ишни унинг иштирокисиз кўриш мумкин эмас деб ҳисобласа, келмаган тақдирда;

тарафнинг қўшимча далиллар тақдим этиш зарурати билан боғлиқ ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси бўйича;

суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётганда видеоконференцалоқа ўрнатиш имкони бўлмаган тақдирда;

тараф низони келишув йўли билан ҳал қилиш мақсадида судга кўмаклашишни сўраб мурожаат этган тақдирда, тарафнинг илтимосномасига кўра.

Суд суднинг мажлисида ишни кўриш мумкин бўлмаган бошқа ҳолларда ҳам суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.

Суд муҳокамаси уни кейинга қолдиришга асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган муддатга, ушбу Кодексда суд муҳокамаси учун белгиланган муддат доирасида кейинга қолдирилиши мумкин.

Суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Агар суд мажлисида тарафлар ҳозир бўлса, суд келган гувоҳларни суд муҳокамаси кейинга қолдирилгунига қадар сўроқ қилишга ҳақли. Бу гувоҳларнинг кўрсатувлари янги суд мажлисида ўқиб эшиттирилади. Ушбу гувоҳларни янги суд мажлисига такроран чақириш фақат зарур ҳолларда амалга оширилади.

Ишда иштирок этувчи, аммо суд мажлисига келмаган шахслар ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда янги суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Суд мажлисига келган ишда иштирок этувчи шахслар иш материалларига қўшиб қўйиладиган тилхат орқали хабардор қилинади.

Суд муҳокамаси кейинга қолдирилганидан сўнг давом эттирилади.

Зарурат бўлганда, ишнинг муҳокамаси у қолдирилганидан кейин бошидан бошланади.



150-модда. Суд мажлисида танаффус

Суд ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига ёки ўз ташаббусига кўра суд мажлисида танаффус эълон қилиши мумкин.

Суд мажлисида танаффус уч кундан ошмаган муддатга эълон қилиниши мумкин. Танаффус ҳақида суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

Танаффус тугаганидан кейин суд мажлиси давом эттирилади, бу ҳақда раислик қилувчи суд мажлисида эълон қилади. Танаффусдан олдин текширилган далиллар такроран кўриб чиқилмайди, шу жумладан ишда иштирок этувчи шахсларнинг вакиллари алмаштирилганда ҳам такроран кўриб чиқилмайди.

Ишда иштирок этувчи шахслар танаффус эълон қилингунига қадар суд мажлисида ҳозир бўлганлигидан ёки бўлмаганлигидан қатъи назар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ҳисобланади ҳамда уларнинг танаффус тугаганидан кейин суд мажлисига келмаганлиги суд мажлисини давом эттиришга тўсқинлик қилмайди.



151-модда. Суд музокаралари

Барча далиллар текширилганидан кейин суд мажлисида раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслардан уларда иш бўйича қўшимча материаллар бор-йўқлигини аниқлайди. Суд бундай материаллар мавжуд бўлмаган тақдирда, суд музокараларига ўтади.

Суд музокаралари ишда иштирок этувчи шахсларнинг оғзаки чиқишларидан иборат бўлади. Музокараларда улар иш бўйича ўз нуқтаи назарини асослайди.

Суд музокараларида биринчи бўлиб аризачи, кейин низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс ва жавобгар сўзга чиқади. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс ишда қайси аризачининг ёки жавобгарнинг тарафида иштирок этаётган бўлса, шу аризачидан ёки жавобгардан кейин сўзга чиқади

Бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг вакиллари суд музокараларида биринчи бўлиб сўзга чиқади.

Суд музокаралари иштирокчилари суд томонидан аниқланмаган ҳолатларга ва суд мажлисида текширилмаган ёки суд томонидан йўл қўйиб бўлмайдиган деб тан олинган далилларга таянишга ҳақли эмас.

Ишда иштирок этувчи прокурор суд музокараларида низонинг мазмунига доир фикрини охирида баён этади, бундан ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.



152-модда. Далилларни текширишни тиклаш

Агар суд музокаралари вақтида ёки кейин қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки янги далилларни текшириш зарур деб топса, у далилларни текширишни тиклайди, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида кўрсатилади.

Далилларни қўшимча текшириш тугаганидан кейин суд музокаралари ушбу Кодексда белгиланган тартибда ўтказилади.



153-модда. Суд ҳужжатини қабул қилиш учун суднинг

алоҳида хонага (маслаҳатхонага) кириши

Суд иш бўйича далилларни текшириш ва суд музокаралари тугаганидан кейин суд ҳужжатини қабул қилиш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киради.



19-БОБ. СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


§ 1. Ҳал қилув қарорини қабул қилишнинг

умумий қоидалари


154-модда. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш

Суд ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Суд ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.

Суднинг ҳал қилув қарори суд муҳокамаси тугаганидан кейин қабул қилинади.

Суднинг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши керак. У суд мажлисида текширилган далилларгагина асосланган бўлиши мумкин.



155-модда. Ҳал қилув қарори қабул

қилинишининг сир тутилиши

Суднинг ҳал қилув қарори алоҳида хонада (маслаҳатхонада) қабул қилинади.

Иш ҳайъатда кўриб чиқилаётганда ҳал қилув қарори судьялар маслаҳати сирини сақлаш таъминланадиган шароитларда, суд мажлисида иштирок этаётган судьялар томонидан кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Суд ҳал қилув қарорини қабул қилаётган маслаҳатхонада фақат ишни кўриб чиқаётган суд таркибига кирадиган судьялар бўлиши мумкин. Ушбу хонага бошқа шахсларнинг кириши, шунингдек суд таркибига кирмайдиган шахслар билан мулоқотда бўлишнинг бошқа усуллари тақиқланади.

Судьялар ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғидаги муҳокама мазмуни тўғрисидаги, суд таркибига кирган айрим судьяларнинг нуқтаи назари ҳақидаги маълумотларни бирор-бир шахсга хабар қилишга, судьялар маслаҳати сирини бошқа усулда ошкор қилишга ҳақли эмас.



156-модда. Ҳал қилув қарорини қабул қилиш

чоғида ҳал этиладиган масалалар

Ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида суд:

1) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ўз талаблари ва эътирозларини асослантириш учун келтирган далиллари ва эътирозларига баҳо беради;

2) иш учун аҳамиятга эга бўлган қайси ҳолатлар аниқланганлигини ва қайсилари аниқланмаганлигини белгилайди;

3) ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қайси қонунчилик ҳужжатларини ушбу иш бўйича қўллаш мумкин эмаслигини ҳал қилади;

4) ушбу иш бўйича қайси қонунчилик ҳужжатларини қўллаш зарурлигини аниқлайди;

5) ишда иштирок этувчи шахсларнинг қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлари борлигини белгилайди;

6) талабни қаноатлантириш лозимлигини ёки лозим эмаслигини ҳал қилади.

Зарур бўлган ҳолларда, суд дастлабки ҳимоя чораларини сақлаб қолиш ёки бекор қилиш, ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш, ҳал қилув қарорини ижро этишнинг тартиби ва муддати, ашёвий далилларнинг кейинги тақдири; суд харажатларини тақсимлаш билан боғлиқ бўлган бошқа масалаларни ҳам ҳал қилади.

Суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда далилларни қўшимча текшириш ёки иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни аниқлашни давом эттиришни зарур деб топса, суд муҳокамасини янгидан бошлайди, бу ҳақда ажрим чиқаради. Бундай ҳолда суд муҳокамаси фақат қўшимча текшириш эҳтиёжи бўлган ҳолатлар доирасида олиб борилади.



157-модда. Ҳал қилув қарорини тузиш

Ҳал қилув қарори суд мажлисида раислик қилувчи ёки ишни кўраётган суд таркибининг бошқа судьялари томонидан алоҳида ҳужжат тарзида ёзма шаклда тузилади.

Ҳал қилув қарори судья томонидан имзоланади, иш ҳайъат томонидан кўрилган тақдирда эса, ҳал қилув қарорини қабул қилишда иштирок этган барча судьялар, шу жумладан алоҳида фикрга эга бўлган судьялар томонидан имзоланади.

Ҳал қилув қарори бир нусхада тузилади ва ишга қўшиб қўйилади.



158-модда. Ҳал қилув қарорининг мазмуни

Суднинг ҳал қилув қарори кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Ҳал қилув қарорининг кириш қисмида ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи; суд таркиби, суд мажлиси котиби; иш рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана ва жой; талаб предмети; ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек уларнинг вакиллари ва суд процессининг бошқа иштирокчилари кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг баён қисмида ишда иштирок этувчи шахсларнинг арз қилинган талаблари ва эътирозлари, тушунтиришлари, аризалари ва илтимосномаларининг қисқача баёни бўлиши керак.

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида:

ишнинг суд томонидан аниқланган ҳақиқий ҳолатлари;

суднинг иш ҳолатлари тўғрисидаги хулосалари асосланган далиллар;

суднинг у ёки бу далилларни рад қилганлигининг, ишда иштирок этувчи шахсларнинг важларини қабул қилганлигининг ёки рад этганлигининг асослари;

ҳал қилув қарорини қабул қилишда суд амал қилган қонунчилик ҳужжатлари ҳамда суд ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонунчилик ҳужжатларини қўлламаганлигининг асослари кўрсатилиши керак.

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорларига ҳаволалар кўрсатилиши мумкин.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида арз қилинган талаблардан ҳар бирини тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ҳақидаги ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисидаги хулосалар бўлиши керак.

Зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаб қаноатлантирилган тақдирда, ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида ундирилиши лозим бўлган сумма кўрсатилади.

Агар суд ҳал қилув қарорини ижро этиш тартибини белгилаган ёки унинг ижросини таъминлаш чораларини қабул қилган бўлса, бу ҳақда ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида суд харажатларини ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида тақсимлаш, ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) муддати ва тартиби кўрсатилади.



§ 2. Ҳал қилув қарори қабул қилинганидан

кейин суднинг ҳаракатлари


159-модда. Ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттириш

Суднинг ҳал қилув қарори суд раислик қилувчи томонидан муҳокамаси тугалланган суд мажлисининг ўзида ўқиб эшиттирилади.

Суд муҳокамаси тугалланган суд мажлисида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг фақат хулоса қисми ўқиб эшиттирилади.

Ҳал қилув қарорининг ўқиб эшиттириладиган хулоса қисми ҳал қилув қарорини қабул қилишда иштирок этган барча судьялар томонидан имзоланиши ва ишга қўшиб қўйилиши керак.

Ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда тузиш ва имзолаш беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши мумкин.

Суд мажлисида раислик қилувчи ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилганидан кейин ишда иштирок этувчи шахслар асослантирилган ҳал қилув қарори билан қачон танишишлари мумкинлиги, уни ишда иштирок этувчи шахсларга юбориш тартибини, шунингдек ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) тартибини тушунтириб беради.



160-модда. Ҳал қилув қарорининг ўзгармаслиги

Иш бўйича ҳал қилув қарори эълон қилинганидан сўнг ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг ўзи уни бекор қилишга ёки ўзгартиришга ҳақли эмас, бундан қонуний кучга кирган суд ҳужжатининг янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилиши мустасно.



161-модда. Ҳал қилув қарорининг кўчирма

нусхаларини юбориш

Суд ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаларини топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали ишда иштирок этувчи шахсларга ҳал қилув қарори эълон қилинган кундан эътиборан беш кун ичида юборади ёки тилхат олиб топширади, ушбу шахсларнинг электрон почта манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса ҳал қилув қарори электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда суд ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаларини бошқа шахсларга ҳам юборади.



162-модда. Қўшимча ҳал қилув қарори

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд қуйидаги ҳолларда қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилади, агар:

1) ишда иштирок этувчи шахслар далиллар тақдим этган бирор-бир талаб бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинмаган бўлса;

2) суд ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилиб, жавобгар амалга ошириши шарт бўлган ҳаракатларни кўрсатмаган бўлса;

3) суд харажатлари тўғрисидаги масала ҳал этилмаган бўлса.

Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар қўйилиши мумкин.

Қўшимча ҳал қилув қарори ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига ёки суднинг ташаббусига кўра қабул қилиниши мумкин.

Суд томонидан қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масала мазкур бобда белгиланган қоидалар бўйича суд мажлисида ҳал қилинади. Ишда иштирок этувчи шахслар ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинади. Бироқ тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш тўғрисидаги масалани кўришга тўсқинлик қилмайди.

Қўшимча ҳал қилув қарори асосий ҳал қилув қарори билан бирга қонуний кучга киради.

Қўшимча ҳал қилув қарори устидан асосий ҳал қилув қарори билан бирга шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Қўшимча ҳал қилув қарорини қабул қилиш рад этилган тақдирда, ажрим чиқарилади.



163-модда. Ҳал қилув қарорини тушунтириш

Ҳал қилув қарори ноаниқ бўлган тақдирда, ишни ҳал қилган суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг аризасига, шунингдек суд ҳал қилув қарорининг ижроси ўз зиммасига юклатилган органлар ва давлат ижрочисининг аризасига кўра ҳал қилув қарорини унинг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда тушунтиришга ҳақли.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахсларни, давлат ижрочисини ёки суд ҳужжатини ижро этиш зиммасига юклатилган бошқа органларни ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилган ҳолда суд мажлисида кўрилади. Бироқ мазкур шахсларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Ҳал қилув қарорини тушунтириш ҳақида ёки тушунтиришни рад қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.


164-модда. Ёзувдаги хатоларни ва

арифметик хатоларни тузатиш

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд ёзувда йўл қўйилган хатоларни ва арифметик хатоларни ҳал қилув қарорининг мазмунини ўзгартирмаган ҳолда, ишда иштирок этувчи шахснинг, давлат ижрочисининг, суд ҳал қилув қарорининг ижроси зиммасига юклатилган бошқа органларнинг аризасига кўра ёки ўз ташаббуси бўйича тузатишга ҳақли.

Ёзувдаги йўл қўйилган хатоларни ёки арифметик хатоларни тузатиш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахсларни, давлат ижрочисини ёки суд ҳал қилув қарорининг ижроси зиммасига юклатилган бошқа органларни ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилган ҳолда суд мажлисида кўрилади. Бироқ мазкур шахсларнинг келмаганлиги аризани кўришга тўсқинлик қилмайди.

Ёзувдаги йўл қўйилган хатоларни ёки арифметик хатоларни тузатиш тўғрисидаги ариза у берилган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда кўриб чиқилади.

Ёзувдаги хатоларни, арифметик хатоларни тузатиш тўғрисида ёки тузатишни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади.

Ёзувдаги хатоларни, арифметик хатоларни тузатиш тўғрисидаги ёки тузатишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



§ 3. Ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши

ва уни ижрога қаратиш тартиби


165-модда. Ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кириши

Ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач, қонуний кучга киради. Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.    



166-модда. Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш

Ҳал қилув қарорини ижро этиш мумкин бўлмай қолади ёки қийинлашади деб ҳисоблаш учун асоси бўлган шахслар ушбу ҳал қилув қарорини қабул қилган судга унинг ижросини таъминлаш тўғрисида ариза бериши мумкин.

Аризада ижроси таъминланиши зарур бўлган ҳал қилув қарори ва уни таъминлаш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилишга аризачини ундаган сабаблар кўрсатилиши керак.

Ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлаш тўғрисидаги масала ушбу Кодекснинг 95-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.



167-модда. Ҳал қилув қарорини ижрога қаратиш

Ҳал қилув қарори у қонуний кучга кирганидан сўнг ижрога қаратилади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларга доир ҳал қилув қарорлари дарҳол ижро этилиши лозим.



20-БОБ. СУД АЖРИМИ ВА ҚАРОРИ


168-модда. Ажрим чиқариш

Суд ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ажрим чиқаради.

Ушбу Кодексда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолларда, ажрим алоҳида суд ҳужжати тарзида чиқарилади.

Мураккаб бўлмаган масалаларни ҳал этиш чоғида суд ажримни ўз жойида чиқариши мумкин. Бундай ажрим суд мажлисининг баённомасига киритилади. Ажримлар чиқарилганидан кейин дарҳол ўқиб эшиттирилади.



169-модда. Ажримнинг мазмуни

Алоҳида суд ҳужжати тарзида чиқариладиган ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) суднинг номи, ишнинг рақами, ажрим чиқарилган сана, суд таркиби, суд мажлиси котиби, низо предмети;

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

3) ажрим чиқарилаётган масала;

4) суднинг хулосаларига олиб келган асослар ҳамда суд амал қилган қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари;

5) кўриб чиқилаётган масала бўйича хулоса;

6) агар қонунда назарда тутилган бўлса, ажрим устидан шикоят қилиш (протест келтириш) тартиби ва муддати.



170-модда. Ажримни ўқиб эшиттириш

Суд мажлисида чиқарилган ажрим раислик қилувчи томонидан ўша суд мажлисининг ўзида ўқиб эшиттирилади.



171-модда. Ажримнинг кўчирма

нусхаларини юбориш

Суд алоҳида суд ҳужжати тарзида ажрим чиқарган тақдирда, ажрим чиқарилганидан кейин беш кунлик муддатда унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга ва ажрим дахлдор бўлган бошқа шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса ажрим электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.



172-модда. Ажримни ижро этиш

Агар қонунда ёки суд томонидан бошқа муддат белгиланмаган бўлса, суднинг ажрими дарҳол ижро этилади.



173-модда. Ажрим устидан шикоят қилиш (протест

келтириш) тартиби ва муддатлари

Суднинг ажрими устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек ажрим ишнинг келгусидаги ҳаракатига тўсқинлик қилган тақдирда, суднинг ҳал қилув қароридан алоҳида тарзда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Бошқа ажримлар устидан апелляция шикояти (протести) берилмайди, лекин бу ажримларга қарши эътирозлар суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятига (протестига) киритилиши мумкин.

Агар ушбу Кодексда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда унинг устидан шикоят (протест) берилиши мумкин.


174-модда. Хусусий ажрим

Ишни кўриш чоғида давлат органининг ёки бошқа органнинг, юридик шахснинг, мансабдор шахснинг ёки фуқаронинг фаолиятида қонунчилик ҳужжатларининг бузилганлиги аниқланган тақдирда, уларнинг ишда иштирокидан қатъи назар, суд хусусий ажрим чиқаришга ҳақли.

Хусусий ажрим билан суд тегишли органдан ёки мансабдор шахсдан қонунчилик ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани ўзларининг ваколатига мувофиқ кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин.

Хусусий ажрим тегишли давлат органларига ва бошқа органларга, юридик шахсларга, мансабдор шахсларга юборилади, улар кўрилган чоралар тўғрисида бир ойлик муддатда судга хабар қилиши шарт.

Хусусий ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Агар суд низони кўраётганида шахсларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатларини аниқласа, у жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун бу ҳақда тегишли материалларни илова қилган ҳолда прокурорга хабар қилади.


21-БОБ. СУД БАЁННОМАСИ


175-модда. Баённоманинг мазмуни

Суд мажлиси чоғида, шунингдек суд мажлиси залидан ташқарида айрим процессуал ҳаракатлар бажарилганда баённома юритилади.

Суд мажлисининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

1) суд мажлиси ўтказилган йил, ой, сана ва жой;

2) ишни кўраётган суднинг номи, суд таркиби ва суд мажлисининг котиби;

3) ишнинг номи ва рақами;

4) ишда иштирок этувчи шахслар ва суд процессининг бошқа иштирокчилари келганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

5) ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига суд томонидан уларнинг процессуал ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

6) суд томонидан алоҳида хонага (маслаҳатхонага) кирмасдан жойида чиқарилган ажримлар;

7) ишда иштирок этувчи шахсларнинг оғзаки арзлари ва илтимосномалари;

8) ишни кўриш чоғида судга тақдим этилган барча ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг ёзма хулосалари ҳақидаги маълумотлар;

9) ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг ўз хулосаларини оғзаки тушунтиришлари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари), ашёвий ва ёзма далилларнинг кўздан кечирилганлиги, олиб қўйилганлиги, схемалар тузилганлиги, видео ва фототасвирга олинганлиги ҳақидаги маълумотлар;

10) алоҳида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида олинган маълумотлар;

11) суд музокараларининг мазмуни ва прокурорнинг фикри;

12) суднинг ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори ўқиб эшиттирилганлиги ҳақидаги маълумотлар.

Суд мажлиси баённомасида бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Суд мажлиси аудио- ёки видеоёзувга олинган тақдирда, суд мажлиси баённомасида фақат мазкур модда иккинчи қисмининг 1-4, 6-8, 11-бандларида назарда тутилган масалалар юзасидан ёзув киритилади, ишда иштирок этувчи шахслар берган тушунтиришларнинг бошланган ва тугаган вақти, гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертларнинг ўз хулосалари юзасидан берган оғзаки тушунтиришлари, музокаралар ва прокурорнинг фикри акс эттирилади, шунингдек суд мажлисини ёзиб олишнинг техник воситаларидан фойдаланилганлиги тўғрисида белги қўйилади. Электрон ёхуд бошқа аудио- ёки видеоёзувлар жамланган воситалар суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилади.

Суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилган тақдирда, суд мажлиси баённомасида ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилганлардан ташқари қуйидаги маълумотлар ҳам кўрсатилиши керак:

суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилганлиги тўғрисидаги;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашган суднинг номи ҳақидаги;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган судга келган ишда иштирок этувчи шахслар ва суд процессининг бошқа иштирокчилари тўғрисидаги;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга кўмаклашаётган суднинг ҳамда ишни кўраётган суднинг ахборот-коммуникация технологиялари ходимлари ҳақидаги.


176-модда. Баённома юритиш

Баённома суд мажлиси котиби томонидан суд мажлисининг ўзида ёки алоҳида процессуал ҳаракат бажарилганида суд мажлиси залидан ташқарида юритилади.

Баённома суд мажлиси тугаганидан ёки алоҳида процессуал ҳаракат амалга оширилганидан сўнг уч кундан кечиктирмасдан раислик қилувчи ва суд мажлиси котиби томонидан имзоланиши керак.



177-модда. Баённома юзасидан фикр-мулоҳазалар

Суд процесси иштирокчилари суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқишга ҳақли ва у имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида баённома юзасидан баённомада йўл қўйилган хатоликларни ёки ундаги маълумотларнинг тўлиқ эмаслигини кўрсатган ҳолда ёзма фикр-мулоҳазалар бериши мумкин.

Суд мажлисининг баённомаси юзасидан ёзма фикр-мулоҳазалар улар берилган кундан кейин беш кун ичида суд процесси иштирокчиларини чақирмасдан кўриб чиқилиши керак.

Суд мажлисининг баённомаси юзасидан берилган ёзма фикр-мулоҳазаларни раислик қилувчи кўриб чиқади ва ушбу фикр-мулоҳазаларга қўшилса, уларни қабул қилади, қўшилмаган тақдирда эса уларни рад этади.

Суд мажлисининг баённомаси юзасидан ёзма фикр-мулоҳазалар қабул қилинганлиги ҳақида ёки рад этилганлиги тўғрисида ажрим чиқарилади.

Суд мажлисининг баённомаси юзасидан судга беш кунлик муддатни ўтказиб тақдим этилган ёзма фикр-мулоҳазалар суд томонидан кўриб чиқилмайди ва ишга қўшиб қўйилади, бу ҳақда ёзма фикр-мулоҳазалар берган шахсга маълум қилинади.

Суд процесси иштирокчилари суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви билан танишиш ҳуқуқига эга.

Суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзувининг кўчирма нусхалари суд процесси иштирокчиларига ишни кўриб чиққан суднинг рухсати билан берилади.



22-БОБ. ИДОРАВИЙ НОРМАТИВ-ҲУҚУҚИЙ ҲУЖЖАТНИ

ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАР

БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШ


178-модда. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳақиқий

эмас деб топиш тўғрисидаги ишларни кўриш тартиби

Фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор бўлган, вазирликлар ва идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (бундан буён матнда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат деб юритилади) ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидалар бўйича, мазкур бобда белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда кўрилади.    



179-модда. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий

эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга

мурожаат қилиш ҳуқуқи

Ўзига нисбатан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши татбиқ этиладиган фуқаро ёки юридик шахс мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланган унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузган деб ҳисобласа, ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.



180-модда. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий

эмас деб топиш тўғрисидаги аризанинг мазмуни

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекснинг 128-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Аризада қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органнинг номи;

2) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, эълон қилиш манбаи ва у тўғрисидаги бошқа маълумотлар;

3) аризачининг фикрига кўра, унинг ушбу идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг айрим қисмлари билан бузилаётган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари;

4) аризачининг фикрига кўра, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг алоҳида қисмлари нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган қайси қонунчилик ҳужжатига зид бўлса, ўша қонун ҳужжатининг номи;

5) аризачининг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаби.

Аризага ушбу Кодекснинг 130-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек низолашилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матни илова қилинади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида судга ариза берилганлиги низолашилаётган ҳужжатнинг ёки унинг айрим қоидаларининг амал қилишини тўхтатиб турмайди.



181-модда. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни

ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни

кўриб чиқиш хусусиятлари

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш суд томонидан ҳайъат таркибида кўрилади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш низолашилаётган ҳужжатни қабул қилган орган вакилларининг мажбурий иштирокида кўриб чиқилади.

Суд идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни кўришда унинг тўлалигича ёки муайян қисми нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган қонунчилик ҳужжатига мувофиқлигини, шунингдек низолашилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органнинг ваколатларини ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат руйхатидан ўтганлигини текширади.


182-модда. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни

ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш

бўйича суднинг ҳал қилув қарори

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 19-бобида белгиланган қоидалар бўйича суд томонидан қабул қилинади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни кўриш натижаси бўйича суд аризани қаноатлантириш ҳақида ёки қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш ҳақидаги ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органнинг номи, ҳужжатнинг номи, рақами ва қабул қилинган санаси;

2) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилганлиги;

3) суд харажатларини тақсимлаш.

Суднинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни кўриш натижаси бўйича қабул қилган ҳал қилув қарори у қабул қилинган пайтдан эътиборан қонуний кучга киради.

Суд томонидан тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг айрим қисмлари суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан қўлланилмайди ва улар ҳужжатни қабул қилган орган томонидан нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган қонунчилик ҳужжатига мувофиқлаштирилиши керак.


183-модда. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни

ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш бўйича

суднинг ҳал қилув қарорини эълон қилиш

Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори суд томонидан давлат органларининг низолашилаётган ҳужжат эълон қилинган расмий нашрларига юборилади ҳамда кўрсатилган нашрларда дарҳол эълон қилиниши лозим.



23-БОБ. МАЪМУРИЙ ОРГАНЛАРНИНГ ВА ФУҚАРОЛАР

ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИНИНГ, УЛАР МАНСАБДОР

ШАХСЛАРИНИНГ ҚАРОРЛАРИ, ҲАРАКАТЛАРИ (ҲАРАКАТСИЗЛИГИ)

УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ


184-модда. Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи

бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг

қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят

қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш тартиби

Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан ушбу Кодексда назарда тутилган умумий қоидаларга кўра, мазкур бобда белгиланган хусусиятларни инобатга олган ҳолда кўриб чиқилади.

Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар, агар уларни кўриб чиқиш қонун билан бошқа давлат органларининг ваколатига киритилмаган бўлса, судда кўриб чиқилади.

Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни юритиш фуқаролар ёки юридик шахсларнинг (бундан буён матнда манфаатдор шахс деб юритилади) аризалари асосида қўзғатилади.



185-модда. Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи

бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг

қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза

(шикоят) билан судга мурожаат этиш ҳуқуқи

Манфаатдор шахс маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ариза (шикоят) билан, агар бу қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли:

унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузган;

унинг ҳуқуқлари, эркинликларини амалга оширишга ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга тўсиқлар вужудга келтирган;

унинг зиммасига қонунга хилоф равишда бирор-бир мажбурият юклаган;

унинг у ёки бу соҳадаги фаолиятни амалга ошириши учун бошқа тўсиқлар вужудга келтирган деб ҳисобласа, судга мурожаат қилишга ҳақли.



186-модда. Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи

бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг

қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза

(шикоят) билан судга мурожаат этиш муддатлари

Агар ушбу Кодексда ёки ўзга қонунларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг қарори, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан олти ой ичида судга берилиши мумкин.

Давлат ижрочисининг қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) манфаатдор шахсга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлган пайтдан эътиборан ўн кун ичида судга берилиши мумкин.

Ариза (шикоят) беришнинг узрли сабабга кўра ўтказиб юборилган муддати суд томонидан тикланиши мумкин.



187-модда. Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи

бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг

қарорини ҳақиқий эмас, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини)

қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги аризанинг

(шикоятнинг) шакли ва мазмуни

Маъмурий органларнинг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорларини ҳақиқий эмас, улар мансабдор шахсларининг, ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги ариза (шикоят) ушбу Кодекснинг 128-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Аризада (шикоятда) қуйидагилар ҳам кўрсатилиши керак:

1) устидан шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган ёки шикоят қилинаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг номи, мансабдор шахснинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;

2) устидан шикоят қилинаётган қарорнинг номи, рақами, у қабул қилинган сана, устидан шикоят қилинаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

3) аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарор, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) туфайли унинг бузилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги маълумотлар;

4) аризачининг фикрига кўра, устидан шикоят қилинаётган қарорнинг, ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қайси қонунчиликка зид эканлиги;

5) аризачининг қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги талаби.

Аризага (шикоятга) ушбу Кодекснинг 130-моддасида кўрсатилган ҳужжатлар, шунингдек устидан шикоят қилинаётган қарорнинг матни илова қилинади.



188-модда. Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи

бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг

қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан

шикоят қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд

муҳокамасининг хусусиятлари

Маъмурий органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги иш устидан шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган ёки устидан шикоят қилинаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган органнинг ёки мансабдор шахснинг вакиллари иштирокида кўриб чиқилади. Бироқ суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган ушбу шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриш учун тўсқинлик қилмайди.

Устидан шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган ёки устидан шикоят қилинаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг, мансабдор шахснинг вакиллари суд мажлисига келишини суд мажбурий деб топиши ва уларни тушунтиришлар бериш учун суд мажлисига чақириши мумкин.

Маъмурий органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш чоғида суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунийлигини, устидан шикоят қилинаётган қарорни қабул қилган ёхуд устидан шикоят қилинаётган ҳаракатни (ҳаракатсизликни) содир этган органнинг ёки мансабдор шахснинг ваколатларини текширади, шунингдек устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузганлигини аниқлайди.



189-модда. Маъмурий органнинг, фуқаролар ўзини ўзи

бошқариш органининг, улар мансабдор шахсларининг

қарори, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят

қилиш тўғрисидаги иш бўйича суднинг

ҳал қилув қарори

Маъмурий органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 19-бобида белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.

Суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунчиликка зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Суд агар устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қоидалари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаётганлигини аниқласа, у арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Қарорни ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш ҳақидаги ҳал қилув қарорининг хулоса қисмида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) қарорни қабул қилган ёки ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этган органнинг (мансабдор шахснинг) номи, қарорнинг номи, рақами, у қабул қилинган сана, устидан шикоят қилинаётган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилган сана ва жой;

2) қарорнинг тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас ёки ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) қонунга хилоф деб топилганлиги;

3) суд харажатларини тақсимлаш.

Қарор ҳақиқий эмас, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга хилоф деб топилган тақдирда суд тегишли органнинг ёки мансабдор шахснинг зиммасига қуйидаги мажбуриятларни юклайди:

қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш ёки муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёхуд аризачининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишларини бошқача усулда бартараф этиш;

йўл қўйилган бузилишларни бартараф этиш ва ҳал қилув қарорининг ижроси тўғрисида судга ва аризачига, агар суд томонидан бошқача муддат белгиланмаган бўлса, суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиш.

Суднинг ишни кўриш натижаси бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган пайтдан эътиборан бир ой ўтгач, қонуний кучга киради.


25-БОБ. ЙЎҚОЛГАН СУД ИШИНИ

ЮРИТИШНИ ТИКЛАШ


194-модда. Йўқолган суд ишини юритишни

тиклашнинг умумий қоидалари

Суд йўқолган суд ишини юритишни ишда иштирок этувчи шахсларнинг, прокурорнинг аризасига, шунингдек ўз ташаббусига кўра тиклаши мумкин.

Йўқолган суд ишини юритиш тўлиқ ёки унинг суд фикрига кўра тикланиши зарур бўлган қисми тикланади. Суднинг ҳал қилув қарори ёки иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими, агар улар иш юзасидан чиқарилган бўлса, тикланиши шарт.

Аризачи йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш чоғида суд томонидан қилинган суд харажатларини тўлашдан озод қилинади. Била туриб ёлғон ариза берилганда суд харажатлари аризачидан ундириб олинади.



195-модда. Йўқолган суд ишини юритишни

тиклаш тўғрисидаги ариза

Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза ишни кўриб чиққан судга берилади.

Аризада иш тўғрисидаги батафсил маълумотлар бўлиши керак.

Аризачида сақланиб қолган ва ишга дахлдор бўлган ҳужжатлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, гарчи улар белгиланган тартибда тасдиқланмаган бўлса ҳам аризага илова қилинади.



196-модда. Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш

тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш

Суд йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш чоғида иш юритишнинг сақланиб қолган қисмидан, суд ишини юритиш йўқолгунига қадар ушбу ишдан фуқаролар ва ташкилотларга олиб берилган ҳужжатлардан, бу ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларидан, шунингдек ишга дахлдор бўлган бошқа ҳужжатлардан фойдаланади.

Суд процессуал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида ҳозир бўлган шахсларни, суднинг ҳал қилув қарорини ижро қилган шахсларни, зарур ҳолларда эса йўқолган суд ишини кўриб чиққан суд таркибига кирган шахсларни ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилиши мумкин.



197-модда. Йўқолган суд ишини юритишни

тиклаш тўғрисидаги ариза бўйича

суднинг ҳал қилув қарори

Йўқолган суд ҳал қилув қарорини ёки иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримни тиклаш тўғрисидаги суд ҳал қилув қарорида суд тикланаётган суд ҳужжатининг мазмуни судга тақдим этилган ва йўқолган иш бўйича суд процессининг барча иштирокчилари иштирокидаги суд мажлисида текширилган қайси аниқ маълумотлар асосида аниқланган деб ҳисоблаши кўрсатилади.



198-модда. Йўқолган суд ишини юритишни

тиклаш тўғрисидаги ариза бўйича

иш юритишни тугатиш

Тўпланган материаллар йўқолган суд ишини юритишни аниқ тиклаш учун етарли бўлмаса, суд ажрим чиқариб, иш юритишни тугатади. Бу ҳолда аризачи умумий тартибда ариза (шикоят) тақдим этишга ҳақли.



199-модда. Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш

билан боғлиқ суд ҳужжатлари устидан шикоят

қилиниши (протест келтирилиши)

Йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш) мумкин.



III БЎЛИМ. СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ҚАЙТА КЎРИШ


26-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

СУДИДА ИШ ЮРИТИШ


200-модда. Апелляция шикояти бериш

(протест келтириш) ҳуқуқи

Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга, прокурор эса апелляция протести келтиришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти беришга ҳақлидир, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Суднинг ҳал қилув қарори устидан тўлиқ ёки қисман шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.


201-модда. Апелляция шикоятларини (протестларини) кўрувчи судлар

Апелляция шикоятлари (протестлари):

туманлараро маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда - Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан;

ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳал қилув қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.



202-модда. Апелляция шикоятини

(протестини) бериш тартиби

Апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни апелляция инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.


203-модда. Апелляция шикоятини

(протестини) бериш муддати

Агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси судининг судьяси томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддатини тиклашни рад этиш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.


204-модда. Апелляция шикоятининг

(протестининг) шакли ва мазмуни

Апелляция шикояти (протести) судга ёзма шаклда берилади ва шикоятни (протестни) берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Апелляция шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) апелляция шикояти (протести) йўлланаётган суднинг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи, ишнинг рақами ва ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, талабнинг предмети;

4) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ҳамда шикоят (протест) берган шахснинг қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига, иш ҳолатларига ва далилларга ҳавола қилган ҳолда ҳал қилув қарорини нотўғри деб ҳисоблаш учун келтирган асослари;

5) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Апелляция шикоятида шикоят бераётган шахснинг ёки унинг вакилининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.



205-модда. Апелляция шикоятининг (протестининг)

кўчирма нусхаларини юбориш

Апелляция шикоятини (протестини) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган, бу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларни юбориши ёки тилхат билан шахсан топшириши керак.



206-модда. Апелляция шикоятига (протестига)

илова қилинадиган ҳужжатлар

Апелляция шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

1) давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция шикояти ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3) апелляция шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, вакилнинг уни имзолашга доир ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Апелляция протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга протестнинг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Аризани (шикоятни) қайтариш ёки аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан берилган апелляция шикоятига (протестига) қайтарилган ариза (шикоят) ва уни судга бериш чоғида унга илова қилинган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.



207-модда. Апелляция шикоятини (протестини) иш

юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани

ҳал этиш тартиби ва муддати

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш масаласи шикоят (протест) иш билан бирга судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай апелляция инстанцияси суди судьяси томонидан якка тартибда ҳал қилинади.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки уни қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.


208-модда. Апелляция шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилиш

Ушбу Кодексда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган апелляция шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилинади.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) кўриш бўйича суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи кўрсатилади.



209-модда. Апелляция шикоятини (протестини) иш

юритишга қабул қилишни рад этиш

Судья апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) апелляция шикояти (протести) қонунга мувофиқ апелляция тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

3) апелляция шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатининг тикланиши рад этилган бўлса;

5) апелляция шикоятидан (протестидан) уни берган шахс воз кечганлиги (уни чақириб олганлиги) сабабли апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим мавжуд бўлса.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, апелляция шикоятини беришда тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Апелляция шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва илова қилинган ҳужжатлар билан бирга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, апелляция шикояти (протести) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.



210-модда. Апелляция шикоятини

(протестини) қайтариш

Апелляция шикояти (протести) судья томонидан қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:

1) апелляция шикояти (протести) имзоланмаган бўлса ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс ёки мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) апелляция шикоятига (протестига) унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинмаган бўлса;

3) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ҳамда миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат апелляция шикоятига илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божи ва почта харажатларини тўлаш муддатини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

4) апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарорини қабул қилган судни четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса;

5) апелляция шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;

6) апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар шикоятни (протестни) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида ариза тушган бўлса.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримда апелляция шикоятини (протестини) қайтариш асослари кўрсатилади, апелляция шикоятини бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш ҳақидаги масала ҳал этилади.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар билан бирга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, апелляция шикояти (протести) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган деб ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, шикоят (протест) берган шахс апелляция шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.



211-модда. Апелляция шикояти (протести)

юзасидан ёзма фикр

Ишда иштирок этувчи шахс апелляция шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини олганидан кейин унинг юзасидан ёзма фикрини ҳамда ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга ёзма фикрнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далилларни апелляция шикояти (протести) кўриб чиқиладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборишга ҳақли.

Апелляция шикояти (протести) юзасидан ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ишни юритишга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.

Апелляция шикояти (протести) юзасидан ёзма фикрга илгари тақдим этилмаган ҳужжатлар илова қилиниши мумкин. Бу ҳолда ёзма фикрга ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга уларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилинади.



212-модда. Апелляция инстанцияси суди томонидан

ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш

Апелляция шикояти (протести) уни бериш муддати ўтказиб юборилган ҳолда берилган ва ушбу муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилган тақдирда, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорининг ижросини ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра тўхтатиб туришга ҳақли.

Ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ёки унинг ижросини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда кўрсатилади.

Ҳал қилув қарорининг ижроси апелляция инстанцияси суди томонидан апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш натижалари бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар бўлган муддатга тўхтатиб турилади.



213-модда. Апелляция шикоятини (протестини)

кўрмасдан қолдириш

Агар апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг унинг имзоланмаганлиги ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси ва исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги аниқланса, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдиради.

Апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд томонидан ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин шикоят (протест) ушбу Кодексда белгиланган тартибда судга янгидан берилиши мумкин.



214-модда. Апелляция шикояти (протести)

бўйича иш юритишни тугатиш

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади, агар:

1) апелляция шикояти (протести) ушбу Кодексга мувофиқ апелляция тартибида шикоят қилинмайдиган суд ҳужжати устидан берилган ва хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

2) апелляция шикояти (протести) апелляция тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва у апелляция инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

3) апелляция шикояти суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

4) апелляция шикояти иш юритишга қабул қилинганидан сўнг шикоят берган шахс томонидан шикоятдан воз кечиш тўғрисида ариза келиб тушган ва воз кечиш апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинган бўлса;

5) апелляция протести иш юритишга қабул қилинганидан сўнг протест келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор томонидан протестни чақириб олиш тўғрисида ариза келиб тушган бўлса;

6) апелляция шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ишда тараф бўлган юридик шахс тугатилган бўлса;

7) апелляция шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар ишда тараф бўлган фуқаро вафот этса, низоли ҳуқуқий муносабат эса ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Агар апелляция шикоятида (протестида) шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарорини қабул қилган биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар арз қилинган бўлса, апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятининг (протестининг) шу талабларга тааллуқли қисми бўйича иш юритишни тугатади.

Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича апелляция шикояти (протести) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.



215-модда. Апелляция инстанцияси суди

томонидан ишни кўриш тартиби

Апелляция инстанцияси суди ишни суд мажлисида ушбу бобда белгиланган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда биринчи инстанция судида кўриш қоидалари бўйича кўради.

Апелляция инстанцияси судида: ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги; талабнинг предметини ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги; ишга учинчи шахсларни жалб этиш тўғрисидаги қоидалар, шунингдек ушбу Кодексда биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди, бундан ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш ҳоли мустасно.

Апелляция инстанцияси судининг суд мажлисига суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг келмаганлиги ишни уларнинг иштирокисиз кўришга тўсқинлик қилмайди, бундан жамият ёки давлат манфаатларини кўзлаб қўзғатилган ишлар бўйича прокурорнинг келмаганлиги мустасно.


216-модда. Апелляция шикоятидан воз кечиш.

Апелляция протестини чақириб олиш

Апелляция шикояти берган шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар ундан воз кечишга ҳақли.

Суд шикоятдан воз кечишни ушбу Кодекс 136-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича рад этишга ва ишни апелляция тартибида кўришга ҳақли.

Апелляция протести келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар протестни чақириб олишга ҳақли.


217-модда. Апелляция инстанцияси судида ишни кўриш доираси

Суд ишни апелляция инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.

Апелляция инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт.

Биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинмайди ва кўрилмайди.


218-модда. Апелляция шикоятини (протестини) кўриш муддати

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади.

Алоҳида ҳолларда апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.


219-модда. Апелляция инстанцияси судининг ваколатлари

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича:

1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;

3) ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;

4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд аризани (шикоятни) тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

5) ушбу Кодекс 220-моддаси бешинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.

Ушбу Кодекс 220-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда апелляция инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади.

Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бу ҳолда қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 115-моддасида назарда тутилган тартибда тақсимланиши тўғрисида кўрсатилади.         



220-модда. Ҳал қилув қарорини ўзгартириш

ёки бекор қилиш учун асослар

Ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;

2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;

4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёхуд нотўғри қўлланилганлиги.

Моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши қуйидагилардан иборат:

1) қўлланилиши лозим бўлган қонуннинг ёки бошқа қонунчилик ҳужжатининг қўлланилмаганлиги;

2) қўлланилиши мумкин бўлмаган қонуннинг ёки бошқа қонунчилик ҳужжатининг қўлланилганлиги;

3) қонуннинг ёки бошқа қонунчилик ҳужжатининг нотўғри талқин қилинганлиги.

Процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Суднинг ҳал қилув қарори қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин, агар:

1) суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоида ишни кўриш чоғида бузилган бўлса;

2) суд мажлиси баённомаси имзоланмаган ёки ушбу Кодекс 176-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа шахслар томонидан имзоланган ёхуд, агар суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилган бўлса, аудио- ва видеоёзувнинг электрон ёки бошқа ташувчилари суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилмаган бўлса;

3) судьялар маслаҳатининг сир сақланиши тўғрисидаги қоида бузилган бўлса.

Қуйидаги процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги ҳар қандай ҳолда биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади:

1) ишнинг суд томонидан ноқонуний таркибда кўрилганлиги;

2) ишнинг ишда иштирок этувчи, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир шахс йўқлигида кўрилганлиги;

3) ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги;

4) ҳал қилув қарорининг судья ёки, агар иш судьялар ҳайъати таркибида кўрилган бўлса, судьяларнинг бири томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланганлиги;

5) ишда суд мажлиси баённомасининг мавжуд эмаслиги;

6) билдирилган талаб бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинмаганлиги;

7) ишнинг судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда кўрилганлиги.           

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, агар тарафлар ўртасида келишув битими тузилган ва у апелляция инстанцияси суди томонидан тасдиқланган бўлса, бекор қилади.


221-модда. Апелляция инстанцияси судининг қарори

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилади, қарор ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.

Апелляция инстанцияси судининг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

1) апелляция инстанцияси судининг номи, қарорни қабул қилган суд таркиби, суд мажлиси котиби;

2) ишнинг рақами, қарор қабул қилинган сана ва жой;

3) апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг процессуал ҳолати;

4) ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек улар вакилларининг ва суд процесси бошқа иштирокчиларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

5) талаб предмети;

6) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, уни қабул қилган судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;

7) иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори мазмунининг қисқача баёни;

8) апелляция шикоятида (протестида) келтирилган ҳал қилув қарорининг қонунийлигини ва асослилигини текшириш тўғрисида талаб билдирилишига доир асослар;

9) апелляция шикояти (протести) юзасидан ёзма фикрда баён қилинган важлар;

10) ишда иштирок этувчи ва суд мажлисида ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари;

11) апелляция инстанцияси суди томонидан аниқланган иш ҳолатлари; суднинг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосалари учун асос бўлган далиллар; суд қарорни қабул қилишда амал қилган қонунлар ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари; суднинг у ёки бу далилларни рад этишига ва ишда иштирок этувчи шахслар ҳавола қилган қонунларни ва бошқа қонунчилик ҳужжатларини қўлламаганлигига доир сабаблар;

12) агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори тўлиқ ёки қисман бекор қилинган ёхуд ўзгартирилган бўлса, апелляция инстанцияси суди унинг хулосаларига қўшилмаганлигининг сабаблари;

14) апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари тўғрисидаги хулосалар.

Апелляция инстанцияси судининг қарорида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг тақсимланиши кўрсатилади.

Апелляция инстанцияси суди қарорининг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у қабул қилинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 161-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.


222-модда. Биринчи инстанция судининг қарори

устидан апелляция шикояти (протести)

Биринчи инстанция судининг қарори устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган апелляция шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш учун назарда тутилган тартибда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилади.



223-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими

устидан апелляция шикояти (протести)

Биринчи инстанция судининг ажрими устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда апелляция тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Биринчи инстанция судининг ажрими устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган апелляция шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриш учун назарда тутилган тартибда апелляция инстанцияси суди томонидан кўрилади.

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ажрими устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) ажримни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) ажримни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга;

3) аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш, аризани (шикоятни) қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш, иш юритишни тугатиш, аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни биринчи инстанция судига кўриб чиқиш учун юборишга;

4) ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни кўриб чиқиш учун тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.


27-БОБ. КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

СУДИДА ИШ ЮРИТИШ


224-модда. Кассация шикояти бериш (протести келтириш) ҳуқуқи

Ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса кассация протести беришга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти беришга ҳақли, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан тўлиқ ёки қисман шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



225-модда. Кассация шикоятларини (протестларини) кўрувчи судлар

Кассация шикоятлари (протестлари):

туманлараро маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда -Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари томонидан;

ҳудудий ҳарбий судларнинг ҳал қилув қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг биринчи инстанция бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.



226-модда. Кассация шикоятини (протестини) бериш тартиби

Кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судига йўлланади, бироқ ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни кассация инстанцияси судига иш билан бирга юбориши шарт.



227-модда. Кассация шикоятини (протестини) бериш муддати

Кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин.

Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра кассация инстанция судининг судьяси томонидан, башарти илтимоснома кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин.

Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ёки уни тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади.    



228-модда. Кассация шикоятининг (протестининг) шакли ва мазмуни

Кассация шикояти (протести) судга ёзма шаклда берилади ва шикоят (протест) берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Кассация шикоятида (протестида) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) кассация шикояти (протести) йўлланаётган суднинг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган суднинг номи;

4) ишнинг рақами, ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, талаб предмети;

5) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ва шахс қонунларга ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига, иш ҳолатларига ҳамда далилларга ҳавола қилинган ҳолда суд ҳужжатини нотўғри деб ҳисоблаш учун келтирган асослар;

6) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Кассация шикоятида уни бераётган шахснинг ёки унинг вакилининг телефон, факс рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.



229-модда. Кассация шикоятининг (протестининг)

кўчирма нусхаларини юбориш

Кассация шикоятини (протестини) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация шикоятининг (протестининг) ва унга илова қилинган, бу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши ёки тилхат олиб шахсан топшириши керак.



230-модда. Кассация шикоятига (протестига)

илова қилинадиган ҳужжатлар

Кассация шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

1) давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация шикоятининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3) кассация шикояти вакил томонидан имзоланган тақдирда, кассация шикоятига вакилнинг имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.

Кассация протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация протести ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Аризани (шикоятни) қайтариш тўғрисидаги, аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ажрим устидан берилган кассация шикоятига (протестига) қайтарилган ариза (шикоят) ва уни судга тақдим этиш чоғида унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

230-1-модда. Ишни талаб қилиб олиш

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекс 224-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича кассация протести киритиш тўғрисидаги масаласини ҳал қилиш учун тегишли суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли.          



231-модда. Кассация шикоятини (протестини) иш

юритишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани

ҳал этиш тартиби ва муддати

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масала шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай кассация инстанцияси суди судьяси томонидан якка тартибда ҳал қилинади.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.



232-модда. Кассация шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилиш

Ушбу Кодексда белгиланган шакл ва мазмун талабларига риоя қилинган ҳолда берилган кассация шикояти (протести) кассация инстанцияси судининг иш юритувига қабул қилинади.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;

3) шикоятни (протестни) берган шахснинг, протест келтирган мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми (номи);

4) устидан кассация шикояти (протести) берилган суд ҳужжатлари;

5) суд мажлисининг вақти ва жойи.


233-модда. Кассация шикоятини (протестини)

иш юритишга қабул қилишни рад этиш

Судья кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) кассация шикояти (протести) ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) кассация шикояти (протести) қонунга мувофиқ кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

3) кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) кассация шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш рад этилган бўлса;

5) кассация шикоятидан (протестидан) уни берган шахс воз кечганлиги (чақириб олганлиги) сабабли кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим мавжуд бўлса.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, кассация шикояти (протести) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.



234-модда. Кассация шикоятини (протестини) қайтариш

Кассация шикояти (протести) судья томонидан қуйидаги ҳолларда қайтарилади, агар:

1) кассация шикояти (протести) имзоланмаган бўлса ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёки мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) кассация шикоятининг (протестининг) шаклига ва мазмунига нисбатан ушбу Кодекснинг 228-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ёки кассация шикоятига (протестига) ушбу Кодекс 230-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;

3) кассация шикоятига (протестига) унинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигига доир далиллар илова қилинмаган бўлса;

4) давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат кассация шикоятига илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлаш муддатини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

5) кассация шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;

6) шикоят (протест) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида суд ажрими чиқарилгунига қадар ариза келиб тушган бўлса;

7) шикоят (протест) ҳал қилув қарорини қабул қилган суд четлаб ўтган ҳолда юборилган бўлса.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримда кассация шикоятини (протестини) қайтариш асослари кўрсатилади, кассация шикоятини бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоятни (протестни) берган шахсга шикоят (протест) ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга юборилади.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, кассация шикояти (протести) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Шикоят (протест) берган шахс ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин кассация шикояти (протести) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.

235-модда. Кассация шикояти (протести)

юзасидан ёзма фикр билдириш

Ишда иштирок этувчи шахс кассация шикоятининг (протестининг) кўчирма нусхасини олганидан кейин унинг юзасидан ёзма фикрини ҳамда ушбу ёзма фикрнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни кассация шикояти (протести) кўриб чиқиладиган кунгача етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборишга ҳақли.

Кассация шикояти (протести) юзасидан ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ишни юритишга ваколати борлигини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.



236-модда. Суд ҳужжатларининг ижросини тўхтатиб туриш

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, кассация инстанцияси суди (судьяси) биринчи инстанция судида қабул қилинган ҳал қилув қарорининг ижросини кассация инстанциясида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туради.

Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда суд ҳужжатининг ижроси тўхтатиб турилиши ҳақида кўрсатилади.



237-модда. Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш

Агар кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг унинг имзоланмаганлиги ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки мансаб мавқеи ёки фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги аниқланса, кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдиради.

Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги суд ажрими устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Кассация шикоятини (протестини) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин шикоят (протест) ушбу Кодексда белгиланган тартибда судга янгидан берилиши мумкин.



238-модда. Кассация шикояти (протести)

бўйича иш юритишни тугатиш

Кассация инстанцияси суди кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади, агар:

1) кассация шикояти (протести) ушбу Кодексга мувофиқ кассация тартибида шикоят қилинмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилган ва у хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

2) кассация шикояти (протести) кассация тартибида кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва у кассация инстанцияси суди томонидан хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

3) кассация шикояти (протести) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

4) шикоят берган шахс томонидан шикоятдан воз кечиш тўғрисидаги ариза кассация шикояти иш юритишга қабул қилингандан кейин келиб тушган ва воз кечиш кассация инстанцияси суди томонидан қабул қилинган бўлса;

5) протест келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор томонидан протестни чақириб олиш тўғрисидаги ариза кассация протести иш юритишга қабул қилингандан кейин келиб тушган бўлса;

6) ишда тараф бўлган юридик шахс кассация шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар тугатилган бўлса;

7) ишда тараф бўлган фуқаро кассация шикояти (протести) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар вафот этса, низоли ҳуқуқий муносабат эса ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Агар кассация шикоятида (протестида) шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) ҳал қилув қарорини қабул қилган биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар арз қилинган бўлса, кассация инстанцияси суди кассация шикоятининг (протестининг) бу талабларга тааллуқли қисми бўйича иш юритишни тугатади.

Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим устидан тафтиш шикояти (протести) берилиши мумкин.

Кассация шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича кассация шикояти (протести) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.



239-модда. Кассация инстанцияси суди

томонидан ишни кўриш тартиби

Кассация инстанцияси суди ишни суд мажлисида ушбу бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда, биринчи инстанция судида кўриш қоидалари бўйича кўради.

Кассация инстанцияси судида: ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги; талабнинг предметини ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги; ишга учинчи шахсларни жалб этиш тўғрисидаги қоидалар, шунингдек ушбу Кодексда биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди, бундан ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўриш ҳоли мустасно.

Суд муҳокамасини ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган, кассация шикояти (протести) берган шахснинг ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг кассация инстанцияси судининг суд мажлисига келмаганлиги ишни улар йўқлигида кўришга тўсқинлик қилмайди.          



240-модда. Кассация шикоятидан воз кечиш.

Кассация протестини чақириб олиш

Кассация шикояти берган шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар ундан воз кечишга ҳақли.

Суд шикоятдан воз кечишни ушбу Кодекс 136-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича рад этишга ва ишни кассация тартибида кўришга ҳақли.

Кассация протести келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар протестни чақириб олишга ҳақли.

Кассация шикоятидан воз кечилганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли кассация шикояти (протести) бўйича иш юритиш тугатилганлиги, агар суд ҳужжати устидан бошқа шахслар томонидан шикоят қилинган бўлса, бошқа шахсларнинг кассация шикоятини кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.


241-модда. Кассация инстанцияси

судида ишни кўриш доираси

Суд ишни кассация инстанциясида кўриш чоғида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослилигини текширади. Суд янги далилларни текшириши ва янги фактларни аниқлаши мумкин.

Кассация инстанциясининг суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ҳажмда текшириши шарт.

Биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талаблар кассация инстанцияси суди томонидан қабул қилинмайди ва кўрилмайди.


242-модда. Ишни кассация инстанцияси судида кўриш муддати

Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикоятини (протестини) уни иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади.

Алоҳида ҳолларда, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқиш муддати ишни кўриб чиқаётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.



243-модда. Кассация инстанцияси судининг ваколатлари

Кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;

3) ҳал қилув қарорини ўзгартиришга;

4) ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд аризани (шикоятни) тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

5) ушбу Кодекс 244-моддаси бешинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.

Ушбу Кодекс 244-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар аниқланганда кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади.

Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бу ҳолда қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 115-моддасида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатилади.



244-модда. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув

қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;

2) суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;

3) ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;

4) моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги.

Моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши қуйидагилардан иборат:

1) қўлланилиши лозим бўлган қонуннинг ёки бошқа қонунчилик ҳужжатининг қўлланилмаганлиги;

2) қўлланилиши мумкин бўлмаган қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжати қўлланилганлиги;

3) қонун ёки бошқа қонунчилик ҳужжати нотўғри талқин қилинганлиги.

Процессуал ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ёки нотўғри қўлланилганлиги, агар бу нотўғри ҳал қилув қарори қабул қилинишига олиб келган бўлса ёки олиб келиши мумкин бўлса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Суднинг ҳал қилув қарори қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин, агар:

1) суд иши юритилаётган тил тўғрисидаги қоида ишни кўриш чоғида бузилган бўлса;

2) суд мажлиси баённомаси имзоланмаган ёки ушбу Кодекс 176-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа шахслар томонидан имзоланган ёхуд, агар суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзуви амалга оширилган бўлса, аудио- ва видеоёзувнинг электрон ёки бошқа ташувчилари суд мажлиси баённомасига қўшиб қўйилмаган бўлса;

3) ҳал қилув қарорини қабул қилиш чоғида судьялар маслаҳатининг сир сақланиши тўғрисидаги қоида бузилган бўлса.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ҳар қандай ҳолда бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) суд томонидан ишнинг қонунга хилоф таркибда кўрилганлиги;

2) ишнинг суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир ишда иштирок этувчи шахс йўқлигида кўрилганлиги;

3) суд томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги;

4) ҳал қилув қарорининг судья ёки, агар иш судьялар ҳайъати таркибида кўрилган бўлса, судьяларнинг бири томонидан имзоланмаганлиги ёхуд ҳал қилув қарорида кўрсатилганидан бошқа судьялар томонидан имзоланганлиги;

5) ишда суд мажлиси баённомасининг мавжуд эмаслиги;

6) билдирилган талаб бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинмаганлиги;

7) ишнинг судга тааллуқлилик қоидалари бузилган ҳолда кўрилганлиги.

Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини, агар тарафлар ўртасида келишув битими тузилган ва у кассация инстанцияси суди томонидан тасдиқланган бўлса, бекор қилади.



245-модда. Кассация инстанцияси судининг қарори

Кассация инстанцияси суди кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилади, қарор ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.

Кассация инстанцияси судининг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

1) кассация инстанцияси судининг номи, қарорни қабул қилган суд таркиби, суд мажлисининг котиби;

2) ишнинг рақами, қарор қабул қилинган сана ва жой;

3) кассация шикоятини (протестини) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг процессуал ҳолати;

4) ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек улар вакилларининг ва суд процессининг бошқа иштирокчиларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

5) талаб предмети;

6) ҳал қилув қарори қабул қилинган сана, уни қабул қилган судьяларнинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари;

7) иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори мазмунининг қисқача баёни;

8) кассация шикоятида (протестида) келтирилган ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тўғрисида талаб арз қилинишига сабаб бўлган асослар;

9) кассация шикояти (протести) юзасидан ёзма фикрда баён қилинган важлар;

10) ишда иштирок этувчи ва суд мажлисида ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари;

11) кассация инстанцияси суди томонидан аниқланган иш ҳолатлари; суднинг ушбу ҳолатлар тўғрисидаги хулосалари учун асос бўлган далиллар; суд қарор қабул қилишда амал қилган қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари; суднинг у ёки бу далилларни рад этишига ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар ҳавола қилган қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатларини қўлламаганлигига доир сабаблар;

12) агар биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори тўлиқ ёки қисман бекор қилинган бўлса, унинг хулосаларига кассация инстанцияси суди қўшилмаганлигининг сабаблари;

13) кассация шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича хулосалар.

Кассация инстанцияси судининг қарорида ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларининг тақсимланиши кўрсатилади.

Кассация инстанцияси суди қарорининг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи шахсларга у қабул қилинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 161-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Кассация инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.


247-модда. Биринчи инстанция судининг ажрими,

қарори устидан берилган кассация шикояти (протести)

Биринчи инстанция судининг апелляция инстанциясида кўрилмаган ажримлари, қарорлари устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда кассация тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Биринчи инстанция судининг ажрими, қарори устидан ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган кассация шикояти (протести) ушбу бобда суднинг ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикоятини (протестини) кўриш учун назарда тутилган тартибда кассация инстанцияси суди томонидан кўрилади.

Кассация инстанцияси суди биринчи инстанция судининг ажрими, қарори устидан берилган шикоятни (протестни) кўриб чиқиш натижаларига кўра қуйидагиларга ҳақли:

1) ажримни, қарорни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасдан қолдиришга;

2) ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга ёхуд бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга;

3) аризани (шикоятни) қабул қилишни рад этиш, аризани (шикоятни) қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш, иш юритишни тугатиш, аризани (шикоятни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни биринчи инстанция судига кўриб чиқиш учун юборишга;

4) ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни кўриб чиқиш учун тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.



248-модда. Кассация инстанцияси судининг ажрими

устидан шикоят қилиш (протест келтириш)

Кассация инстанцияси судининг ушбу Кодексда устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) назарда тутилган ажримлари устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин.


28-БОБ. СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАФТИШ ТАРТИБИДА

ҚАЙТА КЎРИШ БЎЙИЧА ИШ ЮРИТИШ

249-модда. Тафтиш тартибида шикоят қилиш

(протест келтириш) ҳуқуқи

Туманлараро маъмурий судларнинг, ҳудудий ҳарбий судларнинг қонуний кучга кирган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори, ажрими, қарори, шунингдек апелляция ёки кассация инстанцияси судининг қарори, ажрими устидан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига қуйидаги шахслар томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин:

ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, ушбу судлар тафтиш инстанциясининг суд ҳужжатлари ва ушбу судлар томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи инстанция бўйича қабул қилинган, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига қуйидаги шахслар томонидан тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин:

ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахслар томонидан;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари томонидан.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишлар бўйича суд ҳужжатлари, шунингдек тафтиш тартибида қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан қуйидаги шахслар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига тафтиш тартибида протест келтириши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси - ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг мурожаатига асосан;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори - прокурор иштирокида кўрилган иш бўйича, шунингдек бошқа ишлар бўйича ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда.



250-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятларни

(протестларни) кўрувчи судлар

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест):

ушбу Кодекс 249-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан берилганда - Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан;

ушбу Кодекс 249-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан берилганда - Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Бош прокурорининг ушбу Кодекс 249-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан киритилган протести Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсати томонидан кўрилади.



251-модда. Тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш тартиби

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўрадиган Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди номига йўлланади, лекин ҳал қилув қарорини қабул қилган судга берилади.

Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд шикоят (протест) келиб тушган кундан эътиборан беш кунлик муддатда уни ишни тафтиш тартибида кўрадиган судга иш билан бирга юбориши шарт.

Мазкур Кодекс 249-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган суд ҳужжатлари устидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.



252-модда. Тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати кассация инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингунига қадар ўтган тақдирда, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кассация инстанцияси суди қарор қабул қилган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ишни тафтиш тартибида кўриш якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди қарор қабул қилгунига қадар ўтган бўлса, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Бош прокурорининг протести ушбу Кодекс 249-моддаси биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай келтирилиши мумкин.

Тафтиш тартибида шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ой ичида берилган ва шикоят (протест) бериш муддатининг ўтказиб юборилиши сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кўриб чиқилмайди.



253-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятнинг (протестнинг) мазмуни

Тафтиш тартибидаги шикоятда (протестда) қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) шикоят (протест) йўлланаётган тафтиш инстанцияси судининг номи;

2) шикоят (протест) бераётган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг жойлашган ери (почта манзили ёки яшаш жойи);

3) устидан шикоят (протест) берилаётган ҳал қилув қарорини, қарорни қабул қилган суднинг номи;

4) ишнинг рақами, ҳал қилув қарори, қарор қабул қилинган сана;

5) шикоят (протест) бераётган шахснинг талаблари ва шикоят (протест) бераётган шахс суд ҳужжатини қонунларга ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларига, иш ҳолатларига ҳамда далилларга ҳавола қилган ҳолда нотўғри деб ҳисоблашига оид асослар;

6) шикоятга (протестга) илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Ишда иштирок этмаган шахснинг тафтиш тартибидаги шикоятида устидан шикоят қилинаётган, қонуний кучга кирган суд ҳужжати билан унинг қандай ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатлари бузилганлиги кўрсатилиши керак.

Тафтиш тартибидаги шикоятда (протестда) шикоятни (протестни) берган шахснинг ёхуд унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят шикоятни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланган бўлиши керак. Протест уни келтирган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши керак.



254-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятнинг

(протестнинг) кўчирма нусхаларини юбориш

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) бераётган шахс ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга тафтиш тартибидаги шикоятнинг (протестнинг) ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини юбориши ёки тилхат олиб шахсан топшириши керак.



255-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятга (протестга)

илова қилинадиган ҳужжатлар

Тафтиш шикоятига қуйидагилар илова қилинади:

1) давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

2) ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга тафтиш шикоятининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3) тафтиш тартибидаги шикоят вакил томонидан имзоланган тақдирда, унинг шикоятни имзолашга бўлган ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат.

Тафтиш тартибидаги протестга ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга протест ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Апелляция ёки кассация шикоятини (протестини) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ёхуд апелляция ёки кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги суд ажрими устидан берилган тафтиш тартибидаги шикоятга (протестга) қабул қилиниши рад этилган ёки қайтарилган шикоят (протест) ва уни судга тақдим этиш чоғида унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ҳақидаги ёки қайтариш тўғрисидаги ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига берилган тафтиш тартибидаги шикоятга (протестга) қабул қилиниши рад этилган ёхуд қайтарилган шикоят (протест) ҳамда уни судга тақдим этиш чоғида унга қўшиб берилган ҳужжатлар ҳам илова қилиниши керак.



256-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

иш юритишга қабул қилишни рад этиш

Тафтиш инстанцияси судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни қуйидаги ҳолларда рад этади, агар:

1) шикоят (протест) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) шикоят (протест) қонуний кучга кирмаган ёки қонунга мувофиқ тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

3) шикоят (протест) Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

4) шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларида, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

5) шикоят (протест) ишни тафтиш тартибида кўраётган суд томонидан илгари кўрилган суд ҳужжати устидан берилган бўлса;

6) шикоятни (протестни) бериш муддати ўтказиб юборилган ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган бўлса;

7) тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахс ундан воз кечганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим мавжуд бўлса, бундан Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг шикоятдан воз кечилганлиги, протест чақириб олинганлиги сабабли тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида берилган шикоят (протест) мустасно.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш асослари кўрсатилади, шикоятни бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) судга дастлаб мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.



257-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш

Тафтиш инстанцияси судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) шикоят (протест) имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси ва исми- шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

2) шикоятнинг (протестнинг) мазмунига нисбатан ушбу Кодекснинг 253-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ёки шикоятга (протестга) ушбу Кодекс 255-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса;

3) шикоятга давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, қонунда давлат божини тўлаш муддатини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилган ҳолларда эса, бу ҳақда илтимоснома мавжуд бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

4) шикоят (протест) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;

5) шикоят (протест) берган шахсдан уни қайтариб олиш (чақириб олиш) тўғрисида шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида суд ажрими чиқарилгунига қадар ариза келиб тушган бўлса;

6) шикоят (протест) ушбу Кодекс 251-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган тақдирда ҳал қилув қарорини қабул қилган суд четлаб ўтилган ҳолда юборилган бўлса.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажримда шикоятни (протестни) қайтариш асослари кўрсатилади, тафтиш тартибидаги шикоятни бериш чоғида тўланган давлат божини қайтариш тўғрисидаги масала ҳал этилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажримнинг кўчирма нусхаси шикоят (протест) берган шахсга шикоят (протест) ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга юборилади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қайтариш тўғрисидаги ажрим бекор қилинган тақдирда, шикоят (протест) дастлаб судга мурожаат қилинган кунда берилган ҳисобланади.

Шикоят (протест) берган шахс ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин тафтиш тартибидаги шикоят (протест) билан судга умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақли.



258-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва

Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси

Ҳарбий суди томонидан иш юритишга қабул қилиш

тўғрисидаги масалани ҳал этиш тартиби ва муддати

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки уни қайтариш тўғрисидаги масала шикоят (протест) судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда ҳал қилинади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки уни қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.



259-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва

Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси

Ҳарбий суди томонидан иш юритишга қабул қилиш

Ушбу Кодексда шакл ва мазмунга нисбатан белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинади ва суд муҳокамасида кўриб чиқиш учун тайинланади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари;

3) шикоятни (протестни) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

4) устидан шикоят берилган (протест келтирилган) суд ҳужжатлари;

5) суд мажлисини ўтказиш вақти ва жойи.



260-модда. Ишни талаб қилиб олиш

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича ишни тегишли суддан талаб қилиб олишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекс 249-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган шахсларнинг мурожаати мавжуд бўлган тақдирда ёки прокурор иштирокида кўрилган ишлар бўйича тафтиш тартибида протест киритиш масаласини ҳал этиш учун тегишли суддан ишни ўз ваколатлари доирасида талаб қилиб олишга ҳақли.



261-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг

судьяси томонидан тафтиш тартибидаги шикоятни

(протестни) ўрганиш

Ушбу Кодекснинг 249 - 255-моддаларида белгиланган қоидаларга мувофиқ берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси томонидан ўрганилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) унга илова қилинган материаллар билан бирга, зарур бўлган тақдирда эса ишни талаб қилиб олган ҳолда ўрганади.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) ўрганиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси:

1) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни ушбу Кодекснинг 256-моддасида назарда тутилган асосларга кўра рад этиш тўғрисида;

2) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) ушбу Кодекс 257-моддаси биринчи қисмининг 1 - 6-бандларида назарда тутилган асосларга кўра қайтариш тўғрисида;

3) агар суд ҳужжатларини тафтиш тартибида текшириш асослари мавжуд бўлмаса, тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида;

4) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисида беш кундан кечиктирмай ажрим чиқаради, тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида ёки тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисида эса шикоят (протест) Ўзбекистон Республикаси Олий судига келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ажрим чиқаради.

Ажримнинг кўчирма нусхаси тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахсга ва ишда иштирок этувчи шахсларга ажрим чиқарилганидан кейинги кундан кечиктирмай, ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.



262-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий

ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун

ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажрим

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари;

3) шикоят берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

4) устидан тафтиш тартибида шикоят берилган суд ҳужжатлари;

5) суд ҳужжатлари қабул қилинган иш мазмунининг қисқача баёни;

6) тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш асослари.

Тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилганда шикоят ва унга илова қилинган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида қолади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ёки унинг ўринбосари судьянинг тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримига қўшилмасликка ҳамда тафтиш тартибидаги шикоятни берган шахснинг аризасига асосан уни бекор қилиш ва шикоятни кўриб чиқиш учун иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақида ажрим чиқаришга ҳақли.

Тафтиш тартибидаги шикоятни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказишни рад этиш тўғрисидаги ажримни бекор қилиш ҳақидаги ариза суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят қилиш учун белгиланган муддат доирасида берилиши мумкин.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат ўтгандан кейин берилган ариза кўриб чиқилмайди.



263-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни)

иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон

Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича

судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисидаги ажрим

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш ва уни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ажрим чиқарилган сана ва жой;

2) ажрим чиқарган судьянинг фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари;

3) шикоят (протест) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

4) устидан тафтиш шикояти (протест) берилган суд ҳужжатлари;

5) суд ҳужжатлари қабул қилинган иш мазмунининг қисқача баёни;

6) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш асосларининг асослантирилган баёни;

7) суд мажлисининг вақти ва жойи.



264-модда. Тафтиш тартибидаги шикоят (протест)

юзасидан ёзма фикр билдириш

Ишда иштирок этувчи шахс тафтиш тартибидаги шикоятнинг (протестнинг) кўчирма нусхаларини олгач, унинг юзасидан ёзма фикрини ҳамда ёзма фикрнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ёзма фикр тафтиш тартибидаги шикоят (протест) кўриб чиқиладиган кунга қадар етиб боришини таъминлайдиган муддатда судга юборишга ҳақли.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) юзасидан ёзма фикр ишда иштирок этувчи шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ишни юритишга бўлган ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.



265-модда. Тафтиш тартибидаги шикоят (протест)

бўйича суд ҳужжатларининг ижросини тўхтатиб туриш

Ишни тафтиш тартибида кўраётган суд (судья) ишда иштирок этувчи шахсларнинг илтимосномасига кўра, суд ҳужжатининг ижросини тафтиш тартибида иш юритиш тамомлангунига қадар тўхтатиб туришга ҳақли.

Судья тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримда суд ҳужжатининг ижросини тўхтатиб туриш тўғрисида ёки унинг ижросини тўхтатиб туриш рад этилиши ҳақида кўрсатади.



266-модда. Ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилиш

Тафтиш тартибида шикоят (протест) берган шахс, шунингдек ишда иштирок этувчи шахслар ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида ушбу Кодекснинг 124-моддасида белгиланган тартибда хабардор қилинади. Иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни тафтиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатида иш тафтиш тартибида кўрилганда ишда иштирок этувчи шахслар тушунтиришлар бериш учун чақиртирилиши мумкин. Бу ҳолда уларга ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабарнома юборилади. Бироқ иш муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.



266-1-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни

(протестни) кўрмасдан қолдириш

Агар тафтиш тартибидаги шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг унинг имзоланмаганлиги ёхуд уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки мансаб мавқеи ёки фамилияси ва исми-шарифининг бош ҳарфлари кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланганлиги аниқланса, ишни тафтиш тартибида кўраётган суд шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдиради.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш тўғрисида суд ажрим чиқаради.

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин шикоят (протест) ушбу Кодексда белгиланган тартибда судга янгидан берилиши мумкин.



266-2-модда. Тафтиш тартибидаги шикоят

(протест) бўйича иш юритишни тугатиш

Ишни тафтиш тартибида кўраётган суд тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни қуйидаги ҳолларда тугатади, агар:

1) шикоят (протест) суд ҳужжати устидан шикоят қилиш (протест келтириш) ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

2) шикоят (протест) Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судига апелляция ёки кассация тартибида кўрилмаган суд ҳужжати устидан берилган, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига эса Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибида кўрилмаган ёки ушбу Кодексга мувофиқ тафтиш тартибида шикоят қилинмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилган ва хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

3) шикоят (протест) тафтиш тартибида ушбу суд томонидан кўрилган суд ҳужжати устидан берилган ва хатога йўл қўйилиб, иш юритишга қабул қилинган бўлса;

4) шикоят берган шахс томонидан шикоятдан воз кечиш тўғрисида шикоят иш юритишга қабул қилинганидан кейин ариза келиб тушган бўлса ва воз кечиш тафтиш инстанцияси суди томонидан қабул қилинган бўлса;

5) протест келтирган прокурордан ёки юқори турувчи прокурордан протестни чақириб олиш тўғрисида протест иш юритишга қабул қилинганидан кейин ариза келиб тушган бўлса;

6) ишда тараф бўлган юридик шахс шикоят (протест) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар тугатилган бўлса;

7) ишда тараф бўлган фуқаро шикоят (протест) бўйича суд ҳужжати қабул қилингунига қадар вафот этса, низоли ҳуқуқий муносабат эса ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 171-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритиш тугатилган тақдирда, айни бир шахснинг айни шу асослар бўйича тафтиш тартибидаги шикоят (протест) билан судга такроран мурожаат қилишига йўл қўйилмайди.



266-3-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятни

(протестни) кўриш муддатлари

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест) тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибидаги шикоят (протест) у кўриб чиқиш учун ўтказилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

Алоҳида ҳолларда, тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриб чиқиш муддати ишни кўраётган судлов ҳайъати томонидан кўпи билан бир ойга узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига келиб тушган тафтиш тартибидаги протест у Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига келиб тушган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмай кўрилиши керак.



266-4-модда. Ишни тафтиш инстанцияси судида кўриш тартиби

Иш ушбу Кодексда белгиланган қоидалар бўйича, мазкур бобда назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда тафтиш тартибида кўрилади.

Ишни тафтиш тартибида кўриш раислик қилувчининг ёки судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади.

Маърузачи ишнинг ҳолатларини, иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжатларининг мазмунини, тафтиш тартибидаги шикоятда (протестда) келтирилган важларни, унга доир келиб тушган ёзма фикрларни баён қилади. Шундан сўнг суд мажлисида ҳозир бўлган ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилади.

Дастлаб тафтиш тартибида шикоят берган шахс ёки унинг вакили тушунтириш беради, агар иш прокурорнинг протести бўйича кўрилаётган бўлса, дастлаб прокурор сўзга чиқади. Суд ҳужжати устидан ҳар иккала тараф томонидан шикоят берилган тақдирда, биринчи бўлиб аризачи сўзга чиқади.

Ушбу Кодекснинг 47-моддасида назарда тутилган тартибда ишда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа шахслар, агар улар суд ҳужжати устидан шикоят бермаган бўлса, судда тарафлар ва учинчи шахслардан кейин сўзга чиқади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари эшитилганидан кейин тафтиш инстанцияси суди қарор қабул қилиш учун маслаҳатхонага киради.

Тафтиш инстанцияси судининг қарори ишни кўриш тугаши биланоқ дарҳол қабул қилинади.

Алоҳида ҳолларда асослантирилган қарорни тайёрлаш беш кунгача бўлган муддатга кечиктирилиши мумкин, бироқ суд унинг қарор қисмини суд муҳокамаси тамомланган мажлиснинг ўзидаёқ эълон қилиши керак.

Судьялар маслаҳатлашуви, қарор чиқариш ва уни ўқиб эшиттириш ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.



266-5-модда. Тафтиш тартибидаги шикоятдан воз кечиш.

Тафтиш тартибидаги протестни чақириб олиш

Тафтиш тартибида шикоят берган шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар ундан воз кечишга ҳақли.

Протест келтирган шахс ёки юқори турувчи мансабдор шахс ишни кўриш якуни бўйича суд ҳужжати чиқарилгунига қадар протестни чақириб олишга ҳақли.



266-6-модда. Тафтиш инстанцияси судининг ишни кўриш доираси

Суд ишни тафтиш тартибида кўриш чоғида қуйи инстанцияларнинг судлари томонидан моддий ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилганлигини ва процессуал қонун талабларига риоя этилганлигини иш материаллари бўйича текширади.

Тафтиш инстанцияси суди биринчи инстанция судида кўриб чиқиш предмети бўлмаган янги талабларни қабул қилмайди ва кўриб чиқмайди.

Тафтиш инстанциясининг судида: ишларни битта иш юритишга бирлаштириш тўғрисидаги; талабнинг предметини ёки асосини ўзгартириш ҳақидаги; ишда иштирок этишга учинчи шахсларни жалб қилиш ҳақидаги қоидалар, шунингдек ушбу Кодексда фақат биринчи инстанция судида ишни кўриш учун белгиланган бошқа қоидалар қўлланилмайди.



266-7-модда. Тафтиш инстанцияси судининг ваколатлари

Суд шикоятни (протестни) тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва янги қарор қабул қилишга;

3) ушбу Кодекс 244-моддаси бешинчи қисмининг 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда қарорни бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун суд ҳужжати бекор қилинган апелляция ёки кассация инстанцияси судига юборишга;

4) ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга;

5) ҳал қилув қарорини, қарорни тўлиқ ёки қисман бекор қилишга ва иш юритишни тугатишга ёхуд аризани (шикоятни) тўлиқ ёки қисман кўрмасдан қолдиришга;

6) айрим суд ҳужжатларини бекор қилишга ва иш бўйича илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга;

7) ушбу Кодекс 244-моддаси бешинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.

Суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бу ҳолда қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 115-моддасида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатилади.



266-8-модда. Суд ҳужжатини ўзгартириш ёки бекор қилиш асослари

Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни ёки ажримни тафтиш тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Суднинг мазмунан тўғри бўлган ҳал қилув қарори, қарори ёки ажрими фақат юзаки асослар бўйича бекор қилиниши мумкин эмас.



266-9-модда. Тафтиш инстанцияси судининг қарори

Тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича суд қарор қабул қилади, қарор ишни кўрган судьялар томонидан имзоланади.

Ишни тафтиш тартибида кўрган суднинг қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

1) қарорни қабул қилган суднинг номи ва таркиби, суд мажлисининг котиби;

2) иш рақами, қарор қабул қилинган сана ва жой;

3) шикоят (протест) берган шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг процессуал ҳолати;

4) ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек улар вакилларининг ва суд процесси бошқа иштирокчиларининг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми);

5) шикоят қилинаётган (протест келтирилаётган) суд ҳужжатлари мазмунининг қисқача баёни;

6) шикоятда (протестда) келтирилган суд ҳужжатларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тўғрисида талаб арз қилинишига сабаб бўлган асослар;

7) шикоят (протест) юзасидан ёзма фикрда баён қилинган важлар;

8) ишда иштирок этувчи ва суд мажлисида ҳозир бўлган шахсларнинг тушунтиришлари;

9) суд томонидан аниқланган иш ҳолатлари;

10) ишни кўрган суд қайси сабабларга кўра ўз хулосаларига келган бўлса, ўша сабаблар ҳамда ўзи амал қилган қонунларга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳавола;

11) шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича суд хулосалари;

12) агар иш янгидан кўриш учун юборилаётган бўлса, суд томонидан бажарилиши керак бўлган ҳаракатлар.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати мажлисида раислик қилувчи томонидан имзоланади.

Ишни тафтиш тартибида кўрган суднинг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарори якуний ҳисобланади ва унинг устидан шикоят қилинмайди (протест келтирилмайди).



266-10-модда. Тафтиш инстанцияси суди

кўрсатмаларининг мажбурийлиги

Ишни тафтиш тартибида кўрган суднинг қарорида баён этилган кўрсатмалар мазкур ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир.

Ишни тафтиш тартибида кўраётган суд ҳал қилув қарорида, қарорда аниқланмаган ёхуд рад этилган ҳолатларни аниқлашга ёки исботланган деб ҳисоблашга, у ёки бу далилнинг ишончлилиги ёки ишончсизлиги, бир далилнинг бошқаларидан устунлиги, ишни янгидан кўришда қандай қарор қабул қилиниши кераклиги тўғрисидаги масалаларни олдиндан ҳал этишга ҳақли эмас.



266-11-модда. Суднинг ажрими, қарори устидан

берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест)

Суднинг ажрими, қарори устидан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда тафтиш тартибида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ушбу Кодекснинг 249-моддасида назарда тутилган ажрим, қарор устидан мазкур Кодексда белгиланган қоидалар бўйича берилган тафтиш тартибидаги шикоят (протест) ушбу бобда тафтиш тартибидаги шикоятларни (протестларни) кўриш учун назарда тутилган тартибда тафтиш инстанцияси суди томонидан кўрилади.

Тафтиш инстанцияси суди ажрим, қарор устидан берилган шикоятни (протестни) кўриш натижалари бўйича қуйидагиларга ҳақли:

1) ажримни, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга;

2) ажримни, қарорни тўлиқ ёки қисман ўзгартиришга ёки бекор қилишга ва масалани мазмунан ҳал қилишга ёхуд илгари қабул қилинган суд ҳужжатларидан бирини ўз кучида қолдиришга;

3) ажримни, қарорни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), ишни мазмунан кўриш учун тегишли инстанция судига юборишга;

4) ажримни бекор қилишга ва аризани (шикоятни), иш материалларини кўриб чиқиш учун судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга.



266-12-модда. Тафтиш инстанцияси судининг ажримлари

устидан шикоят қилиш (протест келтириш)

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) иш юритишга қабул қилишни рад этиш, қайтариш, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш, тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига ушбу Кодексда суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) беришнинг белгиланган муддати ичида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьясининг тафтиш тартибидаги шикоятни иш юритишга қабул қилишни рад этиш, тафтиш тартибидаги шикоятни қайтариш тўғрисидаги ажрими ушбу Кодексда тафтиш тартибида шикоят бериш учун белгиланган муддат ичида шикоят берган шахснинг илтимосномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ёки унинг ўринбосари томонидан бекор қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьясининг тафтиш тартибидаги протестни иш юритишга қабул қилишни рад этиш, тафтиш тартибидаги протестни қайтариш тўғрисидаги ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига ушбу Кодексда белгиланган тартибда суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида протест бериш муддати ичида протест келтирилиши мумкин.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бўйича иш юритишни тугатиш, тафтиш тартибидаги шикоятни (протестни) кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим, шунингдек ушбу Кодексда устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) назарда тутилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг бошқа ажримлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раёсатига ушбу Кодексда белгиланган тартибда суд ҳужжати устидан тафтиш тартибида шикоят (протест) бериш муддати ичида протест келтирилиши мумкин.

29-БОБ. ҚОНУНИЙ КУЧГА КИРГАН СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ЯНГИ ОЧИЛГАН ҲОЛАТЛАР БЎЙИЧА ҚАЙТА КЎРИШ

ЮЗАСИДАН ИШ ЮРИТИШ


267-модда. Суднинг қонуний кучга кирган суд ҳужжатини

янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳуқуқи

Суд ўзи қабул қилган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатини ушбу бобда назарда тутилган асосларга кўра ва тартибда янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриши мумкин.



268-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги

очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрадиган судлар

Биринчи инстанция суди томонидан қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори, ажрим янги очилган ҳолатлар бўйича шу ҳал қилув қарорини, ажримни қабул қилган суд томонидан қайта кўрилади.

Янги очилган ҳолатлар бўйича апелляция, кассация ёки тафтиш инстанцияси судининг суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган қарорлари ва ажримларини қайта кўриш суд ҳужжати ўзгартирилган ёки янги суд ҳужжати қабул қилинган инстанция томонидан амалга оширилади.


269-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги

очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш асослари

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асослар қуйидагилардан иборат:

1) суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар;

2) экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги, била туриб нотўғри таржима қилинганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган бўлса ва улар мазкур иш бўйича қонунга хилоф ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган бўлса;

3) ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг ёхуд судьянинг мазкур ишни кўриш чоғида содир этилган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан аниқланган жиноий қилмишлари;

4) маъмурий суднинг ёки фуқаролик ишлари бўйича суднинг, жиноят ишлари бўйича суднинг ёки иқтисодий суднинг мазкур иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишга асос бўлган суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг шундай ҳужжати бекор қилинганлиги.



270-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган

ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги

аризани бериш тартиби ва муддати

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар ёки прокурор томонидан берилади.

Аризага ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.

Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб тан олса, суд томонидан тикланиши мумкин.



271-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган

ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги

аризанинг шакли ва мазмуни

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда берилади. Ариза уни берган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ариза берилаётган суднинг номи;

2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;

3) аризачи янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни талаб қилаётган суд ҳужжатини қабул қилган суднинг номи, ишнинг рақами, суд ҳужжати қабул қилинган сана, талаб предмети;

4) аризачининг ҳужжатларга ҳавола қилинган фикри бўйича суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган янги очилган ҳолат;

5) ариза бераётган шахснинг талаби;

6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.

Аризага қуйидагилар илова қилинган бўлиши керак:

1) янги очилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари;

3) ариза ва ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

4) ариза вакил томонидан имзоланган тақдирда, уни имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.



272-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги

очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги

аризани иш юритишга қабул қилиш

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза, агар у ўзининг шакли ва мазмунига нисбатан ушбу Кодексда қўйиладиган талабларга риоя этилган ҳолда берилган бўлса, тегишли суднинг иш юритишига қабул қилинади.

Аризани суднинг иш юритишига қабул қилиш тўғрисидаги масала у судга келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай судья томонидан якка тартибда ҳал қилинади.

Аризани иш юритишга қабул қилиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.



273-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини

янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш

тўғрисидаги аризани қайтариш

Суд қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳолларда қайтаради, агар:

1) ариза ушбу Кодекснинг 270 ва 271-моддаларида белгиланган қоидалар бузилган ҳолда берилган бўлса;

2) ариза белгиланган муддат тугаганидан сўнг берилган бўлса ва уни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаса;

3) ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш сабаблари узрсиз деб ҳисобланиб, шунга кўра ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашга асослар мавжуд бўлмаса.

Аризани қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Аризани қайтариш тўғрисидаги суд ажрими устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилгач, ариза берган шахс ариза билан судга янгидан мурожаат қилишга ҳақли.



274-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги

очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги

аризани кўриб чиқиш тартиби ва муддати

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза у судга келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда, ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўриб чиқилади. Бироқ суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.



275-модда. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган

ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб

чиқиш натижалари юзасидан суд томонидан

чиқариладиган ажрим

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари юзасидан суд аризани қаноатлантириш ва илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилиш ҳақида ёки аризани қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажримнинг кўчирма нусхаси ишда иштирок этувчи шахсларга юборилади.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича чиқарилган ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Суд ҳужжати янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилинган тақдирда, илгари ўзи қабул қилган суд ҳужжатини бекор қилган суднинг ўзи ишни ушбу Кодексда белгиланган умумий тартибда кўради.



IV БЎЛИМ. СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ИЖРО ЭТИШ


276-модда. Суд ҳужжатларини ижрога қаратиш

Суд ҳужжатлари қонуний кучга киргач ижрога қаратилади, бундан қонунчиликда белгиланган тартибда дарҳол ижро этиш ҳоллари мустасно.

Суд ҳужжатининг ижроси ҳал қилув қарори (қарори) асосида, пул маблағларини мажбурий ундириш бўйича суд ҳужжатининг ижроси эса суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари, агар суд томонидан бошқа муддат белгиланмаган бўлса, улар қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар томонидан ижро этилиши лозим. Маъмурий органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа органлар, ташкилотлар, шунингдек мансабдор шахслар суд ҳужжати ижро этилганлиги тўғрисида судни хабардор қилиши шарт.

Суд ҳужжати ижро этилмаган тақдирда, ушбу Кодекснинг 14-бобида белгиланган тартибда ва миқдорда биринчи инстанция суди томонидан суд жаримаси солинади ҳамда суд ҳужжатини ижро этиш учун бир ойдан ошмайдиган такрорий муддат берилади.


277-модда. Ижро варақаси

Суд томонидан берилган, ундирувчининг суд ҳужжатини мажбурий тартибда ижро эттириш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ижро варақасидир.



278-модда. Ижро варақасини бериш

Суд ҳужжати бўйича битта ижро варақаси берилади, бундан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Агар суд ҳужжатини ижро этиш турли жойларда ёхуд бир нечта ундирувчи фойдасига амалга оширилиши керак бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига кўра ижро этиш жойи ёхуд суд ҳужжатининг ушбу ижро варақаси бўйича ижро этилиши лозим бўлган қисмини кўрсатган ҳолда бир нечта ижро варақасини беради.

Ижро варақаси суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан берилади.

Суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан сўнг беш кун ичида ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосномасига кўра давлат ижрочисига ижро этиш учун юборилади.

Бюджетга маблағларни ундириш учун ижро варақаси қарздор турган жойдаги давлат ижрочисига суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг беш кун ичида юборилади.

Ижро варақаси электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин.



279-модда. Ижро варақасининг мазмуни

Ижро варақасида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

1) ижро варақасини берган суднинг номи;

2) ижро варақаси берилган иш ва унинг рақами;

3) ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати қабул қилинган сана;

4) ундирувчи ва қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, қарздор жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари), шунингдек қарздор юридик шахснинг солиқ тўловчи идентификация рақами;

5) суд ҳужжатининг хулоса қисми;

6) суд ҳужжати қонуний кучга кирган сана;

7) ижро варақаси берилган сана ва уни ижрога тақдим этиш муддати.

Ижро варақаси судья томонидан имзоланади ва суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади.



280-модда. Ижро варақасини ижрога

тақдим этиш муддати

Ижро варақаси суд ҳужжати қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч йил ичида ёки дарҳол ижро этилиши лозим бўлган суд ҳужжати қабул қилинганидан кейинги кундан эътиборан ижрога тақдим этилиши мумкин.

Агар суд ҳужжатининг ижроси тўхтатиб қўйилган бўлса, унинг ижроси тўхтатиб қўйилган вақт ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддатга қўшиб ҳисобланмайди.



281-модда. Ижро варақасини ижрога тақдим

этиш муддатининг узилиши

Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати:

ижро варақаси ижрога тақдим этилганда;

ижро варақаси қарздор томонидан қисман ижро этилганда узилади.

Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддати узилгандан сўнг муддатнинг ўтиш даври янгидан бошланади. Муддат узилгунига қадар ўтган вақт янги муддатга қўшиб ҳисобланмайди.

Ижро варақаси уни тўлиқ ёки қисман ижро этиш имконияти йўқлиги сабабли ундирувчига қайтарилган тақдирда, ижро варақасини муддат узилгандан кейин ижрога тақдим этишнинг янги муддати ижро варақаси ундирувчига қайтарилган кундан эътиборан ҳисоблаб чиқарилади.



282-модда. Ижро варақасини ижрога тақдим этишнинг

ўтказиб юборилган муддатини тиклаш

Ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддатини ўтказиб юборган ундирувчи ижро варақасини берган судга ёки у ижро этиладиган жойдаги судга ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.

Муддатни ўтказиб юбориш сабаблари суд томонидан узрли деб топилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.

Ундирувчининг ижро варақасини ижрога тақдим этиш муддатини тиклаш тўғрисидаги аризаси у судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда суд мажлисида кўриб чиқилади.

Ундирувчи, қарздор суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида ариза келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай чиқарилган суд ажрими орқали, ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Бироқ суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ундирувчи ва қарздорга юборилади.

Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



283-модда. Ижро варақасининг дубликатини бериш

Ижро варақаси йўқотилган тақдирда, уни берган суд ундирувчининг аризасига кўра ижро варақасининг дубликатини бериши мумкин.

Ижро варақасининг дубликатини бериш тўғрисидаги ариза ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтгунига қадар берилиши мумкин, бундан ижро варақаси давлат ижрочиси ёки ижрони амалга оширувчи бошқа шахс томонидан йўқотилган ва бу ҳақда ундирувчига ижро варақасини ижрога тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтгандан сўнг маълум бўлган ҳоллар мустасно. Ушбу ҳолларда ижро варақасининг дубликатини бериш тўғрисидаги ариза ижро варақаси йўқотилганлиги ундирувчига маълум бўлган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин.

Ижро варақасининг дубликатини бериш тўғрисидаги ариза судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда суд мажлисида кўриб чиқилади.

Ундирувчи, қарздор суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида ариза келиб тушган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай чиқарилган суд ажрими орқали, ушбу Кодекснинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда хабардор қилинади. Бироқ, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.

Аризани кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ундирувчи ва қарздорга юборилади.

Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



284-модда. Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси

Агар ижро этилган суд ҳужжати ўзгартирилиб ёки бекор қилиниб, билдирилган талабни тўлиқ ёки қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса ёхуд иш юритиш тугатилса ёки ариза (шикоят) кўрмасдан қолдирилса, бекор қилинган ёки тегишли қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича аризачининг фойдасига ундирилган ҳамма нарса жавобгарга қайтарилади.

Агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилиниб ёки ўзгартирилиб, билдирилган талабни тўлиқ ёхуд қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса ёхуд иш юритиш тугатилса ёки ариза (шикоят) кўрмасдан қолдирилса, суд бекор қилинган ёки тегишли қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича ундиришни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш ҳақида суд ҳужжатини қабул қилади.



285-модда. Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси

тўғрисидаги масалани ҳал қилиш

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги масала илгари қабул қилинган суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳақида янги суд ҳужжатини қабул қилган суд томонидан ҳал этилади.

Агар суд ҳужжатини бекор қилиш ёки ўзгартириш тўғрисидаги қарорда унинг қайтарма ижроси тўғрисида кўрсатма бўлмаса, жавобгар биринчи инстанция судига тегишли ариза беришга ҳақли.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза судга келиб тушган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда, тарафлар чақиртирилмасдан ва суд муҳокамасисиз кўриб чиқилади.

Аризага илгари қабул қилинган суд ҳужжати ижро этилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Суд ҳужжатининг қайтарма ижроси тўғрисидаги ариза қаноатлантирилган тақдирда, суд ундирилган маблағларни қайтариш учун ижро варақаси беради.



286-модда. Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш

Суд берган ижро варақаси асосида давлат ижрочиси томонидан қўзғатилган ижро ишини юритишни суд қонунда назарда тутилган ҳолларда, ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризасига кўра тўхтатиб туриши ёки тугатиши мумкин.

Маъмурий суд томонидан берилган ижро варақаси асосида кўзғатилган ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш ўша суд ёки давлат ижрочиси жойлашган ердаги маъмурий суд томонидан амалга оширилади.

Ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги ариза у келиб тушган кундан эътиборан йигирма кунлик муддатда, тарафлар чақиртирилмасдан ва суд муҳокамасисиз кўриб чиқилади.

Ижро ишини юритишни тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек давлат ижрочисига юборилади.

Ажрим устидан у чиқарилган кундан бошлаб ўн кунлик муддатда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



287-модда. Ижро ишини юритишни тиклаш

Ижро ишини юритишни тўхтатган суд ижро ишини юритишни уни тўхтатишга асос бўлган сабаблар ёки ҳолатлар бартараф этилгандан кейин ундирувчининг, давлат ижрочисининг аризаси бўйича тиклайди.

Ижро ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ариза у келиб тушган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда, тарафлар чақиртирилмасдан ва суд муҳокамасисиз кўриб чиқилади.

Аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилиб, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек давлат ижрочисига юборилади.

Ижро иши юритишни тиклашни рад этиш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



288-модда. Ижро варақасини чақириб олиш

ва янги ижро варақасини бериш

Суд ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар, арифметик хатолар билан берилган, шунингдек ўзгартирилган (бекор қилинган) суд ҳужжати асосида берилган ижро варақасини ундирувчининг, қарздорнинг, давлат ижрочисининг аризасига ёки ўз ташаббусига кўра тарафларни чақиртирмасдан ҳамда суд муҳокамасисиз чақириб олишга ва унинг ўрнига янги ижро варақасини беришга ҳақли.

Ижро варақасини чақириб олиш ва янги ижро варақасини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича ажрим чиқарилади, унинг кўчирма нусхаси ундирувчига, қарздорга, шунингдек, агар суд қарорининг ижроси давлат ижрочисининг иш юритувида бўлса, давлат ижрочисига юборилади.

Ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар, арифметик хатолар билан берилган ёки ўзгартирилган (бекор қилинган) суд ҳужжати асосида берилган ижро варақаси ундирувчи ёки давлат ижрочиси томонидан уни берган судга ижро этилмасдан қайтарилади.

Ижро варақасини чақириб олиш ва янги ижро варақасини бериш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 26 январь