Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Кичик ҳажмли кемалардан ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш Қоидалари (АВ томонидан 06.02.2018 й. 2969-сон билан рўйхатга олинган Фавқулодда вазиятлар вазирининг 27.12.2017 й. 531-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 6 февралда 2969-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Фавқулодда вазиятлар вазирининг

2017 йил 27 декабрдаги

531-сон буйруғига

ИЛОВА



Кичик ҳажмли кемалардан ва улар турадиган

базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги кўллар, дарёлар, денгизлар, сув омборлари, каналлар ва бошқа умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларида (бундан буён матнда сув ҳавзалари деб юритилади) кичик ҳажмли кемалар ва улар турадиган базалардан (иншоотлардан) фойдаланиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги атамалар ва тушунчалар қўлланилади:


кичик ҳажмли кемалар турадиган база (иншоот) - кичик ҳажмли кемаларни жамлаш учун махсус жиҳозланган жой. Қирғоқда кичик ҳажмли кемалар жамланадиган бинолар, иншоотлар мажмуи билан туташиб кетган сув ҳавзалари билан биргаликдаги қирғоқ ҳудуди;


акватория - табиий шаклланган ёки сунъий равишда ҳосил қилинган сув йиғиладиган (кўллар, дарёлар, денгизлар, сув омборлари, каналлар ва шу кабилар) ландшафтлар;


гидроцикл (сув мотоцикли) - ички ёнув двигателига эга бўлган, сув юзаси бўйича сирпаниш йўли билан ҳаракат қилишга мўлжалланган тез юрар махсус сув транспорти воситаси;


сузиш жойи - кема тури ва моделини инобатга олиб кемаларда сузишга рухсат этилган сув ҳавзаси ҳудуди.


2. Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган кичик ҳажмли кемалар қуйидаги турларга бўлинади:

асосий двигателлар қуввати 55 кВтдан (75 от кучи) ва йўловчи сиғими 12 кишидан ортиқ бўлмаган ўзиюрар кемалар;

қуввати ва двигатели сонидан қатъи назар, осма моторли кемалар;

гидроцикллар (сув мотоцикллари);

юк кўтариш қобилияти 80 регистр тоннадан ортиқ бўлмаган ўзи юрмас бошқа сузувчи объектлар;

шишириладиган моторсиз, эшкакли қайиқлар.


3. Кичик ҳажмли кемалар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясида (бундан буён Инспекция деб юритилади) белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши, моторли кемалар ва эшкакли қайиқларни рўйхатдан ўтказиш китоби ва кема билетига тегишли ёзувлар киритилиши лозим.


4. Инспекция томонидан рўйхатдан ўтмаган ва техник кўрикдан ўтмаган кичик ҳажмли кемадан фойдаланиш тақиқланади.


5. Сув ҳавзаларининг алоҳида қисмларида кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш чекланиши мумкин. Бунда, аҳоли камида 10 кун олдин телекоммуникация воситалари ва оммавий ахборот воситалари орқали огоҳлантирилади.


6. Кичик ҳажмли кема ҳайдовчилари ҳамда кемаларни сақлаш ва фойдаланишга масъул бўлган шахслар мазкур Қоидаларда қайд этилган кемаларнинг хавфсиз сузишига, сувда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи, хавфсизлиги, бахтсиз ҳодисалардан муҳофазаланиши ҳамда табиий атроф муҳитнинг ифлосланишини олдини олишга масъулдир.


7. Сув ҳавзаларида кичик ҳажмли кемалардан фойдаланган ҳолда мусобақалар, экскурсиялар ва бошқа тадбирларни ўтказишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Инспекцияга маълум қилинади ҳамда Инспекция томонидан қутқарув гуруҳи жалб этилади.


8. Сув ҳавзаларида ўтказиладиган машғулот, мусобақа ёки бошқа тадбирларда кемаларнинг хавфсиз сузишлари ва иштирокчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш тадбир ташкилотчилари ва Инспекция зиммасига юклатилади.


9. Мазкур Қоидалар талабларининг кичик ҳажмли кема мулкдорлари, ҳайдовчилари ва кема сақланадиган иншоотлар (базалар) томонидан бажарилишини назорат қилиш Инспекция зиммасига юклатилади.



2-БОБ. КИЧИК ҲАЖМЛИ КЕМАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


10. Кичик ҳажмли кемалардан сув ҳавзаларида фойдаланишга рўйхатга олиш рақами бортга ёзилган ва барча йўловчиларни сиғдириш, юк кўтариш, моторлар сони ва қуввати, мумкин бўлган елканлар майдони, сузиш жойи, кема сузиши мумкин бўлган тўлқин баландлиги, сувга ботиш чегараси, сув усти борти, қутқарув ва ўт ўчиргич, хабар бериш чироқлари, навигация воситалари билан жиҳозлаш шартларга риоя қилган ҳолда техник кўрикдан ўтгандан сўнг рухсат берилади.


11. Кичик ҳажмли кемаларни сувга тушириш Инспекция томонидан сув акваториясида белгилаб берилган жойдан амалга оширилади.


12. Моторли кичик ҳажмли кемаларни бошқаришга кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлган шахсларга рухсат берилади.


13. Кичик ҳажмли кемалар томонидан сув ҳавзаларидан фойдаланишга сув ҳавзаларида навигация очилгандан ёпилгунга қадар бўлган вақт давомида, сел ва сув тошқини мавсуми ўтгандан сўнг рухсат этилади.


14. Кичик ҳажмли кемаларга уларнинг тўхташ жойлари, портлар, аҳоли турар жойлари чегараларида 30 км. соатгача тезликда, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойларида 10 км. соатдан ортиқ бўлмаган тезликда ҳаракат қилишга рухсат этилади.


15. Гидроцикл (сув мотоцикли)дан фойдаланиш фақат куннинг ёруғ вақтларида, кўриниш 10 кабельтдан (1 кабельт 185,2 метрга тенг узунлик ўлчови) кам бўлмаган, тўлқинланиш 2 баллдан юқори бўлмаганда (катта тўлқиннинг баландлиги 0,75 метр) ҳамда улар турадиган базаларда зарур бўлганда сув мотоциклига ёрдам берадиган навбатчи қайиқ бўлганда рухсат этилади.


16. Гидроцикл (сув мотоцикли)да сузиш махсус белгиланган ҳудудларда, чўмилиш жойларида эса чўмилиш ҳудудини белгиловчи махсус чегарадан 150 метрдан узоқ бўлган масофада рухсат этилади. Чўмилиш зонасига кириш тақиқланади.


17. Ўзиюрар кичик ҳажмли кемаларни (моторли қайиқлар, катерлар, сув мотоцикллари (гидроцикллар) ва бошқаларни) бошқаришни ўзга шахсга топшириш, фақатгина мазкур шахс кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлгандагина рухсат берилади.


18. Кичик ҳажмли кема бортининг ички томонида ва ён тахталарида, йўловчилар сиғими (юк кўтариши) тўғрисидаги ёзувлар бўлиши шарт.


19. Кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш вақтида кема билетида кўрсатилган таъминотларга кўра кема бортида эшкаклар тўплами, эшкак қулоқлари, қутқарув ва ўт ўчиргичлар бўлиши шарт.


20. Кичик ҳажмли кемалардан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:

ўрнатилган тартибда рўйхатдан, техник кўрикдан ўтмаган, борт рақамлари бўлмаган, қутқарув воситаларига эга бўлмаган, рухсатсиз жиҳозланган кемаларни бошқариш;

юк олиш меъёрларини бузган ҳолда йўловчи сиғдириш, белгиланган сув чегара ҳудудларини ва сузиш қоидаларини бузган ҳолда, алкоголли ичимликлар, наркотик моддалар истеъмол қилиб маст ҳолатда кемани бошқариш, кема бошқарувини кемани бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки маст ҳолатда бўлган шахсга бериш;

маневрлаш, борт чироқлари ва белгиларини ишлатиш, товушли сигналларни бузиш, гидротехника иншоотлари, техник воситалар, қайиқларнинг йўл белгилари ва навигация (кема қатнови) белгиларига шикаст етказиш, вақтинчалик ёки доимий сузиш учун ёпилган ҳудудларга рухсатсиз кириш ёки тақиқланган жойларда атайин тўхташ;

пляжлар ҳавзаларида, бошқа чўмилиш жойлари ва аҳоли оммавий дам оладиган жойларида ҳаракат қилиш, пляжлар чегаралари ва одамлар чўмиладиган жойлар чегараларида чўмилувчиларга сув мотоциклларида 150 метр масофагача яқинлашиш;

кичик ҳажмли кемаларда 12 ёшгача бўлган болаларни қутқарув жилетларисиз ва катта одамлар кузатувисиз олиб юриш;

сузувчи навигация белгилари, юк ва йўловчи тушириш жойлари, кўприклар тагида тўхташ, маневр қилиш, дарё флоти транспортларининг бевосита яқинида тўхташ, бошқа сув кемаларига ҳалақит бериш;

кема билетида тегишли ёзувлари бўлмаган эшкакли қайиқларга мотор ўрнатиш;

браконьерлик ва бошқа ноқонуний мақсадларда кемалардан фойдаланиш;

ҳаракат вақтида бир кемадан бошқасига ўтиш, кема бортига ўтириш, кемани силкитиш ва чўмилганда, ҳаракат вақтида палубасиз кемаларда одамларнинг жой алмашишига йўл қўйиш (авария-қутқарув ва қидирув ишларини олиб бораётган экипаж аъзоларидан ташқари);

ёқилғи қуйишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик;

бортдан ташқарига чиқиндиларни, ахлатларни ва бошқаларни ташлаш, нефть маҳсулотларини тўкиш;

авария-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган чегаралар, сувдан ўтиш жойлари ва земснарядлар ишлаётган жойлар ҳамда кўприклар, каналлар ва шлюзларга яқин жойларда кемаларни қувиб ўтиш;

туман пайтида ва бошқа мўлжални олиш қийин бўлган ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳаракат қилиш.


21. Қуйидаги носозликларда кичик ҳажмли кемалардан фойдаланиш тақиқланади:

кема корпусида жойлашувидан қатъи назар, тешиклар бўлганда;

герметиклик ҳолати бузилганда;

конструкцияда кўрсатилган рулни бириктириш қурилмалари бўлмаганда, қисмларининг ишдан чиқиши ёки унинг ишончли ишлаши таъминланмаганда;

ёқилғи сизиб чиққанда, двигателда титраш мавжуд бўлганда, тутун ўчиргич бўлмаганда ёки унинг носозлигида, двигателни масофадан туриб бошқариш тизими шикастланганда, реверс-редуктори ишончли ишламаганида, моторни ишга тушириш реверслари носоз бўлганда;

кемадаги жиҳозлар ва қутқарув воситалари кема билетида кўрсатилган жиҳозларга ва қутқарув воситаларига мос келмаганда;

фарқловчи чироқлари йўқлиги ёки носозлигида.



3-БОБ. КИЧИК ҲАЖМЛИ КЕМА

ҲАЙДОВЧИЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


22. Кичик ҳажмли кемалар ҳайдовчилари Инспекциянинг мансабдор шахсларининг талаби бўйича қуйидагиларни тақдим этишлари шарт:

моторли кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани;

кичик ҳажмли кеманинг ҳар йиллик техник кўрикдан ўтганлиги ва сузишга яроқлилигини тасдиқловчи кема билетини.


23. Кичик ҳажмли кема ҳайдовчиларининг мажбуриятлари:

хавфсиз сузиш, одамларнинг ҳаёти ва хавфсизлигига, инсон соғлиғини сақлашга ҳамда бахтсиз ҳодисалар ва табиий атроф-муҳитни ифлосланишининг олдини олган ҳолда мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиш;

сув ҳавзасига чиқишидан аввал кеманинг мазкур Қоидалар талаблари асосида созлигини, қутқарув асбоб-анжомлари ва бошқа воситалар билан таъминланганлигини текшириш ҳамда уларни сузиш жараёнида техник ҳолатини кузатиб бориш;

йўловчиларни кемага чиқаришда ва туширишда, уларни шахсан кўрикдан ўтказиш, сузиш жараёнида мазкур Қоидалар талабларига риоя қилинишини ва йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш;

кичик ҳажмли кемага ва йўловчиларга хавф туғдирмаган ҳолда, хавфга учраган ёки қурбон бўлиши мумкин бўлган барча шахсларга ёрдам кўрсатиш;

сувда жабрланганларга биринчи ёрдам бериш ва қутқарув хизматини чақиртириш;

кичик ҳажмли кемадаги аварияли ҳолат бўйича ва бахтсиз ҳодисага учраган фуқаролар тўғрисида Инспекцияга хабар бериш;

ҳудудларда кема тоифасига қараб сузишни амалга ошириш, сузиш шароитларини билиш, сузиш ҳудудида навигация ва гидрометеорологик шароитларни билиш;

кичик ҳажмли кемада сузиш жараёнида кема эгаси ва бошқа шахсларни қутқарув жилетларида бўлишини таъминлаш;

сув ҳавзаларида кемаларни хавфсиз сузиши, сувда одамларнинг хавфсизлигини ва тартибни сақлаш бўйича Инспекция мансабдор шахсларининг талабларини бажариш;

Инспекция мансабдор шахсларининг талабларига асосан шахсини тасдиқловчи, кемани бошқаришга рухсат берувчи ҳужжатларни ва кема билетини тақдим этиш ҳамда улар талабига асосан кемани тўхтатиш;

кичик ҳажмли кемалар турадиган базалар (иншоотлар)дан фойдаланиш талабларини бажариш;

кичик ҳажмли кемалар бошқа кемалар билан тўқнашганда, кемадаги фуқароларга ёрдам кўрсатиш, вазият тўғрисида Инспекцияга хабар қилиш;

чўккан кемалар тўғрисидаги хабарни, чўккан жойи, вақти ва сабаблари тўғрисидаги маълумотларни зудлик билан Инспекцияга ва кема мулкдорига етказиш;

кичик ҳажмли кемалардаги фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа талабларни бажариш.


24. Кичик ҳажмли кемалар ҳайдовчиларига қуйидагилар тақиқланади:

кичик ҳажмли кемани бошқарув ҳуқуқини берувчи ҳужжатсиз бошқариш;

кичик ҳажмли кемаларни алкоголли ичимликлар, наркотик моддалар истеъмол қилиб маст ҳолатда бошқариш;

кичик ҳажмли кемаларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга (кичик ҳажмли моторли кемаларни бошқаришга ўргатиш ёки кемани бошқариш учун амалий имтиҳон топшириш ҳолатларидан ташқари) ва маст ҳолатдаги шахсларга кема бошқарувини бериш;

кема билетида қайд этилган шартлар бузилган, тегишли анжомлар тўплами етишмаган ва техник носоз бўлган кичик ҳажмли кемаларни бошқариш;

кемада рухсат этилган одамлар сони ва юк кўтариш меъёрини бузиш;

йўловчиларни кемаларга чиқаришда ва уларни туширишда кемаларда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш қоидаларини бузиш;

ҳаракат вақтида бир кемадан бошқасига ўтиш, кема бортига ўтириш, кемани силкитиш;

кема қувватидан ошиб кетадиган двигатель (ёки двигателларни) ўрнатиш;

туман пайтида ва бошқа ноқулай метеорологик шароитларда кемаларни бошқариш;

бошқа кемалар ҳаракатига ҳалақит бериш;

кичик ҳажмли кемаларда қоронғи вақтда сигнал учун мўлжалланган чироқларсиз чиқиш;

кичик ҳажмли кемаларда 12 ёшгача бўлган болаларни хавфсизлик жилетларисиз ташиш ва чўмилишни билмайдиган ёш болаларни кузатувчисиз олиб юриш (ҳар бир болага биттадан);

чўмилиш учун мўлжалланган акваторияларга киришда пляжда белгиланган чегараларга 150 метрга яқинлашиш (авария қутқарув ишларида қўлланиладиган кемалар, қутқарув ва қидирув ишларида қўлланиладиган кемалардан ташқари);

кемани сузиш белгиларига боғлаб қўйиш;

кичик ҳажмли кемаларни бошқа кемалар ўтиш жойида, кўприк атрофида ёки кўприк остида тўхтатиш - лангар (якорь) ташлаш;

кема билетига тегишли ёзувлар киритилмаган ҳолда ўзбошимчалик билан эшкакли кемаларга мотор ўрнатиш;

кемадан браконьерлик мақсадида ва бошқа қонунга зид бўлган мақсадларда фойдаланиш;

ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилмаган ҳолда ёқилғи қуйиш;

бортдан ахлат, чиқинди ва бошқа предметлар ёки нефть маҳсулотларини тўкиш;

кема йўлларида кўриш чегараланган пайтда кемадан фойдаланиш ва хавфли юкларни ташиш;

кичик ҳажмли кемалар ҳаракатланаётган пайтда одамларни бошқа кемага ўтказиш ва палубасиз кемалардан сувга шўнғиш;

кичик ҳажмли кемага унинг билетида кўрсатилмаган қўшимча жиҳозларни ўрнатиш.



4-БОБ. КИЧИК ҲАЖМЛИ КЕМАЛАР ТУРАДИГАН

БАЗАЛАРДАН (ИНШООТЛАРДАН) ФОЙДАЛАНИШ


25. Кемалар турадиган базалар (иншоотлар) санитар қўриқлаш зонасидан ташқарида, марказлаштирилган хўжалик-истеъмол сув таъминоти манбалари ва санитар зоналардан четда, сув оқими тез бўлмаган, тўлқинлардан ҳимояланган ҳудудларда жойлаштирилади.

Туриш базаси гидротехник иншоотлардан 500 метрдан кам бўлмаган, рекреацион зонадан 250 метр ва яшаш жойларидан 50 метрдан кам бўлмаган чегара масофасида жойлашиши керак.


26. Кичик ҳажмли кемалар турадиган база (иншоот) аҳоли оммавий дам олиш масканлари (пляж), кичик ҳажмли кемалар сузиши тақиқланган жойларни кўрсатувчи навигацион белгилар билан жиҳозланган бўлиши, маълумот берувчи белгилар (тақиқловчи, огоҳлантирувчи, ёзувли) билан таъминланиши лозим. Тегишли белгилар кемалар турадиган база (иншоот) эгаси томонидан ўрнатилади ва қатнов даври бошланишидан аввал Инспекция томонидан кўрикдан ўтказилади.


27. Кема турадиган база (иншоот) ҳудуди ёнғин хавфсизлиги, санитар-эпидемиологик ва экологик талабларга жавоб бериши лозим.


28. Кема турадиган база(иншоот)да қуйидагилар тақиқланади:

белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмаган кичик ҳажмли кемаларни киритиш ва сақлаш;

тўхташ жойида кемалардан хавфсиз фойдаланиш талабларини, шарт-шароитларини бузиш;

белгиланган тўхташ жойида кириш-чиқиш тартибини бузиш.


29. Кема турадиган база (иншоот)да кичик ҳажмли кемалар қайд қилинган рақами билан журналга киритилади ва унда кема тури, эгаси, унинг манзили ва телефон рақами, туриш жойи, йил давомида ҳаракатланиш учун техник кўрикдан ўтказилган вақти тўғрисида маълумотлар юритилади.


30. Кичик ҳажмли кема турадиган база (иншоот)да кичик ҳажмли кемаларнинг кириш-чиқиши журналга тартиб билан ёзилиши керак, унда кема рақами, ҳайдовчининг фамилияси, исми, отасининг исми, кема олинган вақт, сузиш йўналиши ва мақсади, тахминий қайтиш вақти ва аниқ қайтган вақти белгиланади.


31. Кичик ҳажмли кемаларни қуйидаги ҳолларда кема турадиган база (иншоот)дан чиқиши тақиқланади:

ҳайдовчида кичик ҳажмли моторли кемани бошқариш учун бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжат ва унинг ҳар йилги техник кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар кўрсатилмаганда;

борт рақами кема билетидаги рақам билан тўғри келмаганда;

кема ҳайдовчиси унинг мулкдори бўлмаганда кемани бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжат тақдим қилинмаганда;

кема таъмирталаб бўлганда;

белгиланган қутқарув анжомлари, ёнғинга қарши ва сув чиқариш воситалари йўқ бўлганда;

йўловчилар сиғими, юк кўтариш, юк ва йўловчиларни жойлаштириш меъёрларининг бузилиши натижасида кеманинг бир томонга оғиши кузатилганда;

кичик ҳажмли кемаларда йўловчилардан ташқари портловчи ва ёнувчи моддалар бўлганда;

гидрометереологик ҳолат сузиш учун хавф туғдирган ҳолларда;

кеманинг ҳайдовчиси маст ҳолатда бўлганда.


32. Кичик ҳажмли кемалар турадиган база(иншоот)га олиб келинган кема бузилган ёки фойдаланишга яроқсиз ҳолатда бўлса, чиқиш (кириш) журналида унинг техник ҳолати тўғрисида қисқача ёзув қайд қилинади. Авария ҳолатлари тўғрисида Инспекцияга хабар берилади.



5-БОБ. КИЧИК ҲАЖМЛИ КЕМАЛАРДАН

ХАВФСИЗ ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИДА

НАЗОРАТНИ АМАЛГА ОШИРИШ


33. Кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш учун қуйидаги мақсадларда назорат амалга оширилади:

кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидалари, шунингдек бундай кемалардан ва улар турадиган базалар (иншоотлар)дан фойдаланиш қоидалари бузилишини аниқлаш ва бартараф этиш;

сув ҳавзаларида фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш.


34. Кичик ҳажмли кемаларни рўйхатдан ўтказиш қоидалари бузилишини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида рейд тартибида назорат ишлари амалга оширилади. Рейд тартибидаги назоратни амалга ошириш муддатлари ва давомийлиги Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан белгиланади.


35. Инспекциянинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатларда ва тартибда айбдор шахсларга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштиради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


36. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


37. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 7 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 12 февраль, 6-сон, 108-модда