Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.05.2018й. 320-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 3 майдаги

320-сон қарорига

ИЛОВА


Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг насос

агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган

электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон

Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар

ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатган ва уни белгиланган тартибда туман электр тармоқлари ташкилотидан рўйхатдан ўтказган истеъмолчиларга нисбатан татбиқ этилади.

Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий сектор бошқарувига берилган давлат сув хўжалиги тизимидаги насос станциялари ва суғориш қудуқлари, шунингдек истеъмолчиларнинг пахта ва ғалла майдонларида шўр ювиш, нам ва яхоб сув бериш тадбирлари, бошқа экинлар ҳамда ғалладан бўшаган ерларга такрорий экинларни суғориш учун истеъмол қилинган электр энергияси қиймати уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


истеъмолчилар - пахта ва ғалла экин майдонларини насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари орқали суғорадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар;


субсидия - пахта хом ашёси ва ғалла етиштирувчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр энергияси қийматини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган молиявий ёрдам;


туман ишчи гуруҳи - истеъмолчиларга субсидия ажратишда кўмаклашувчи туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳлари;


субсидияланадиган электр энергияси миқдори - туман ишчи гуруҳининг хулосасига асосан Давлат бюджетидан қоплаб бериладиган истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғи истеъмол қиладиган электр энергияси миқдори.


"Agro-subsidiyа" ЯАТ - қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига субсидия ажратиш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишишнинг ягона ахборот тизими.


3. Субсидиялар истеъмолчиларга:

пахта хом ашёси ва ғалла экинларини мавжуд томчилатиб, ёмғирлатиб ёки дискрет суғориш тизимларидан (кейинги ўринларда - сувни тежайдиган суғориш технологияси) фойдаланган ҳолда суғоришда истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 100 фоизи;

пахта ва ғалла майдонларини сувни тежайдиган суғориш технологиясидан фойдаланмаган ҳолда суғоришда истеъмол қилинган электр энергияси қийматининг 50 фоизи миқдорида ажратилади.

Истеъмолчиларга субсидия ажратиш бўйича материалларни жамлаш, кўриб чиқиш ҳамда ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш "Agro-subsidiyа" ЯАТ орқали амалга оширилади.


4. Истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш бўйича шартномаларни тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш ва мониторингини олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги "Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5059-сон Фармонига, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 сентябрдаги "Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида шартномавий муносабатларни такомиллаштириш ва мажбуриятлар бажарилиши учун томонларнинг жавобгарлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 383-сон ҳамда 2018 йил 12 январдаги "Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 22-сон қарорларига асосан тартибга солинади.



II БОБ. СУБСИДИЯ УЧУН ТАЛАБНОМАЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ


5. Ҳар бир туманда (Қувасой шаҳрида) туман (Қувасой шаҳар) ҳокимлиги (кейинги ўринларда - туман ҳокимлиги) томонидан Истеъмолчиларнинг пахта ва ғалла майдонларини суғориш учун насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари сарфлаган электр энергия харажатларини қоплаш учун субсидия ажратишга кўмаклашувчи туман (Қувасой шаҳар) ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда - туман ишчи гуруҳи) 1-иловага мувофиқ намунавий таркибда тузилади.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлими туман ишчи гуруҳининг ишчи органи ҳисобланади.


6. Туман ишчи гуруҳи келгуси йил учун ҳар календарь йилнинг 1 июлига қадар (2024 йил учун 10 февралга қадар) истеъмолчиларнинг пахта ва ғалла майдонларини суғоришда сарфланадиган электр энергияси қийматини давлат бюджетидан қоплаш бўйича туман манзилли рўйхатларини экин тури, ер майдонлари ва контур рақамлари, сув манбаи, ўрнатилган насос агрегатларининг параметрлари (русуми, қуввати, сув сўриш қувурлари ва босимли қувурлар узунлиги ҳамда диаметри, сувни кўтариш баландлиги ва бошқалар), жорий қилинган ёки жорий қилиниши режалаштирилган замонавий сувни тежайдиган суғориш технологияси тури ва майдони, истеъмол қилинадиган электр энергияси миқдори бўйича туман манзилли рўйхатларини шакллантиради, ишчи гуруҳининг барча аъзолари томонидан имзоланади ва туман ишчи гуруҳининг раҳбари томонидан тасдиқланади.

Бунда, кейинги йилда суғориш ишлари учун истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғи чиқариб берадиган сувнинг ойма-ой миқдори туман қишлоқ хўжалиги бўлими томонидан "Сув етказиб бериш хизмати" ДМ билан келишилган ҳолда тегишли гидромодулли районлаштириш ва суғориш режими бўйича ҳисоб-китоб қилинган лимитда белгиланган ҳажмда олинади.

Манзилли рўйхатлар тўғри шакллантирилганлигига туман ишчи гуруҳи раҳбарининг ўринбосари масъул ҳисобланади.


7. Тасдиқланган туман манзилли рўйхатлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари томонидан умумлаштирилиб, ҳар календарь йилнинг 10 июлига (2024 йил учун 1 мартга) қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юборилади.


8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манзилли рўйхатларни Сув хўжалиги вазирлиги ва Энергетика вазирлиги билан келишади ҳамда зарур бўлган маблағларни келгуси йил бюджет параметрларини шакллантиришда инобатга олиш учун ҳар календарь йилнинг 20 июлига қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим этади.


9. Истеъмолчиларнинг асосланган таклифлари бўйича туман манзилли рўйхатларига туман ҳокими томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


10. Манзилли рўйхатни ишлаб чиқиш ва субсидия миқдорини ҳисоблашда қуйидаги формулалардан фойдаланиш мумкин:


Wээ= Qэд х tна/ ηна (1)


бунда:

Wээ - истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғи истеъмол қиладиган электр энергияси миқдори, кВт;

Qэд - насос агрегати ёки суғориш қудуғи электр двигателининг қуввати, кВт /соат;

tна - насос агрегати ёки суғориш қудуғининг ишлаш давомийлиги, соат;

ηна - насос агрегати ёки суғориш қудуғининг фойдали иш коэффициенти.

Насос агрегати ёки суғориш қудуғининг ишлаш давомийлиги қуйидаги формула билан ҳисобланади:


tна = Wсув бр / Qна (2)


бунда:

Qна - насос агрегати ёки суғориш қудуғининг сув сарфи, куб м/соат.

Wсув бр - истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғига бириктирилган пахта ва бошоқли дон экинларини суғоришга сарфланган жами сув ҳажми (сувнинг суғориш тармоғида йўқолишларини ҳисобга олинган ҳолда), куб м.


Wсув бр = Wсув / ηст (3)


бунда:

ηст - истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғи чиқарган сувни экин майдонигача етказувчи суғориш тармоғининг фойдали иш коэффициенти;

Wсув - истеъмолчининг насос агрегати ва суғориш қудуғига бириктирилган пахта ва бошоқли дон экинларини суғоришга сарфланган сув ҳажми.


Wсув = ωпахтахqпахта + ωдонхqдон (4)


бунда:

ωпахта - пахта майдони, га;

ωдон - бошоқли дон экин майдони, га;

q пахта - ғўзани суғориш меъёри, куб м/га;

qдон - бошоқли дон экинларини суғориш меъёри, куб м/га.



III БОБ. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ НАСОС АГРЕГАТЛАРИ

ВА СУҒОРИШ ҚУДУҚЛАРИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАН ЭЛЕКТР

ЭНЕРГИЯСИ ҚИЙМАТИНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


11. Истеъмолчиларнинг пахта хом ашёси ва ғалла етиштиришда насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергиясининг қийматини қоплаш "Agro-subsidiyа" ЯАТ орқали амалга оширилади.


12. Истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қиймати туман электр тармоқлари корхонаси билан истеъмолчи ўртасида белгиланган тартибда тузилган ва рўйхатдан ўтказилган шартнома асосида ойма-ой ҳисоб-китоб қилиб борилади.


13. Туман манзилли рўйхатларига киритилган истеъмолчилар ўзларининг ҳисобида бўлган насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси харажатлари Давлат бюджетидан қопланиши юзасидан туман ишчи гуруҳига "Agro-subsidiyа" ЯАТ орқали 2-иловага мувофиқ ҳар календарь йилнинг 5 декабрига қадар электрон шаклда ариза билан мурожаат қилади.

Аризага туман электр тармоқлари ташкилотлари билан тузилган шартнома ҳамда ўрнатилган электр ҳисоблагич (ёки қиёслов ва метрологик кўрик) ҳақидаги маълумотлар илова қилинади.

Истеъмолчилардан бошқа ҳужжатларни тақдим қилишни талаб қилиш тақиқланади.


14. Туман ишчи гуруҳи ариза тушган кундан эътиборан уч иш кунида:

истеъмолчиларнинг тасдиқланган туман манзилли рўйхатларида борлигини;

экин тури, умумий майдони ва суғориш турларини;

электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускунаси белгиланган талабларга мослигини ҳамда унинг кўрсаткичлари суғориш учун талаб этиладиган ва ҳақиқатда фойдаланилган сув миқдорига мослигини жойига чиққан ҳолда ўрганади.


15. Ўрганиш натижасига кўра туман ишчи гуруҳи истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари пахта ва ғалла майдонларига берган сув миқдорини ҳамда истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисоб-китоб қилади ва "Agro-subsidiyа" ЯАТ орқали субсидия ажратилиши мақсадга мувофиқлиги юзасидан 3-иловага мувофиқ хулосага электрон имзо қўяди.

Туман ишчи гуруҳи аъзолари томонидан имзоланган хулоса туман ҳокими томонидан электрон имзо билан тасдиқланади.

Бунда, туман ишчи гуруҳи аъзолари истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси харажатларини қоплаш бўйича хулосаларни расмийлаштиришда қуйидагиларга шахсан масъул ҳисобланади:

туман ҳокими - ишчи гуруҳ томонидан истеъмолчиларнинг субсидия ажратиш тўғрисидаги расмийлаштирилган ҳужжатларининг ҳаққонийлигига;

туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари - аризалар белгиланган муддатда жойида тўлиқ ўрганилишига ва расмийлаштирилишига, шунингдек келгуси йил учун манзилли рўйхатлар шакллантирилишига;

туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи - истеъмолчиларнинг экин тури, суғорилган майдони ва суғориш турига, шунингдек замонавий сувни тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган майдонларнинг ўлчамига ва ишчи орган вазифасини бажаришга;

"Сув етказиб бериш хизмати" ДМ раҳбари - насос агрегатининг сув чиқариш қобилиятига, жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш технологияларининг турига ҳамда суғориш учун амалда сарфланган сув миқдорини аниқлашга;

туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи - электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускунаси ўрнатилганига, унинг кўрсаткичлари ҳаққонийлигига ҳамда ишчи гуруҳга тақдим этилган ҳужжатлар архивини шакллантиришга;

хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг туман филиали бошқарувчиси - истеъмолчиларнинг тижорат банкидаги ҳисобварағи ва СТИР рақами тўғри киритилишига;

туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси - истеъмолчиларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришга ҳамда уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга шахсан масъул ҳисобланади.


16. Туман ишчи гуруҳи томонидан расмийлаштирилган хулосалар кўриб чиқиш учун "Agro-subsidiyа" ЯАТ орқали белгиланган тартибда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига юборилади.


17. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

пахта хом ашёси ва ғалла етиштиришда насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергиясининг харажатлари қоплаб бериладиган истеъмолчиларнинг рўйхатини улар келиб тушган кундан бошлаб уч иш кунида Сув хўжалиги вазирлиги ва Энергетика вазирлиги билан келишади;

якуний келишилган рўйхатларга мувофиқ истеъмолчиларнинг насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергиясининг қийматини истеъмолчиларнинг аризада кўрсатилган тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларига ўтказиб беради.


18. Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси истеъмолчиларнинг электр энергиясидан тўғри ва мақсадли фойдаланиши, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси истеъмолчиларнинг сув ресурсларидан тўғри фойдаланиши юзасидан доимий мониторинг олиб боради.


19. Истеъмолчининг насос агрегатлари ва суғориш қудуғидан ўзаро келишувга кўра бошқа фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига тегишли қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш учун фойдаланилиши мумкин.

Бунда, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун (пахта хом ашёси ва ғалла бундан мустасно) сарфланган электр энергияси харажатлари истеъмолчиларнинг ўз маблағи ҳисобидан қопланади.



IV БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


20. Электр таъминоти шартномаси мажбуриятларини бажариш жараёнида юзага келадиган барча келишмовчилик ва низолар музокара ўтказиш орқали ҳал қилинади. Келишмовчиликларни музокара ўтказиш орқали ҳал қилишнинг иложи бўлмаганда, улар суд тартибида ҳал қилинади.


21. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузуридаги Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини субсидиялаш бўйича техник ишчи гуруҳ томонидан ушбу субсидиянинг самарадорлик кўрсаткичи баҳоланади. Бунда:

субсидияни ажратиш натижасида субсидия ажратилган субъектларнинг маҳсулот етиштириш ҳажми ошганда, субсидиянинг самарадорлик кўрсаткичи "ижобий";

субсидия олувчи субъект томонидан олинган субсидиядан фойдаланилмаётганлиги ёки ундан самарасиз фойдаланаётганлиги, шунингдек, субсидиялардан бошқа мақсадларда фойдаланилганлиги аниқланганда, субсидиянинг самарадорлик кўрсаткичи "салбий" деб баҳоланади.


22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Истеъмолчиларнинг экин майдонларини суғориш

учун насос агрегатлари истеъмол қилган электр

энергияси қийматини қоплаш учун субсидия

ажратишга кўмаклашувчи туман ишчи гуруҳи

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


1. Туман ҳокими, Ишчи гуруҳ раҳбари


2. Туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари


3. "Сув етказиб бериш хизмати" ДМ раҳбари


4. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси


5. Хизмат кўрсатувчи тижорат банки раҳбари


6. Туман электр тармоқлари корхонаси бошлиғи


7. Туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи, Ишчи гуруҳ котиби.






Низомга

2-ИЛОВА



Истеъмолчиларнинг экин майдонларини суғориш

учун насос агрегатлари истеъмол қилган электр

энергияси қийматини қоплаш учун субсидия

ажратишга кўмаклашувчи туман ишчи

гуруҳига "______________" раҳбари

____________ томонидан


АРИЗА


____________ ҳудудида фаолият кўрсатаётган "____________" фермер хўжалиги (МЧЖ) томонидан 20___ йил жами ___ гектар ер участкасида, жумладан, ___ рақамли контурда ____ гектар, ___ рақамли контурда ___гектар, ___ рақамли контурда _____ гектар экин майдонида пахта/бошоқли дон етиштириш учун учун насос агрегати/суғориш қудуғи ўрнатилган.


1. Насос агрегати/суғориш қудуғи сони _____.


2. Cувни тежайдиган суғориш технологияси жорий қилинган майдон _________, жумладан, ___ рақамли контурда ____ гектар, ___ рақамли контурда ___гектар.


3. Техник ҳолати соз/носоз.


4. Ҳисобот йили.


5. Ҳисобот ойи.


6. Ҳисобот ойи бошига электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускунаси кўрсаткичи.


7. Ҳисобот ойи якунига электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускунаси кўрсаткичи.


8. Насос агрегати ва суғориш қудуғи истеъмол қиладиган электр энергияси миқдори.

Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришда насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергиясининг қийматини қоплаш учун субсидия ажратишга кўмаклашувчи __________ тумани ишчи гуруҳининг хулосасини беришингизни сўрайман.

Хизмат кўрсатувчи тижорат банки "______________".

Ҳисобрақам: ______________

Сана: ______________

Туман электр тармоқлари ташкилотлари билан тузилган шартнома илова қилинади.

"______________" фермер хўжалиги раҳбари



(имзо)

       





Низомга

3-ИЛОВА



Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчиларининг насос

агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қиладиган электр

энергияси қийматини қоплашга субсидия ажратиш юзасидан

ХУЛОСА


Ушбу хулоса ________________________ _______________ тумани ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 320-сон қарори талабларига мувофиқ "_______________" ___________ мурожаатини жойида ўрганиб чиқиш якуни бўйича расмийлаштирилди.


1. Хулоса расмийлаштирилган сана

Ҳисобот йили

Ҳисобот ойи


2. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи тўғрисида умумий маълумотлар

Номи

Ҳудуд/туман номи

СТИР

Банк ҳисобрақами

Хизмат кўрсатувчи банк номи/МФО рақами


3. Жами экин майдони

шундан пахта хом ашёси (контур рақами ва гектар) ва бошоқли дон (контур рақами ва гектар) экилган майдон

жами пахта хомашёси экилган майдон

шундан сувни тежайдиган суғориш тизимларидан фойдаланилган майдон

жами бошоқли дон экилган майдон

шундан сувни тежайдиган суғориш тизимларидан фойдаланилган майдон.


4. Насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари сони


5. Насос агрегатлари ва суғориш қудуқларининг техник параметрлари

Русуми, номи

Қуввати, кВт

сув сўриш қувури узунлиги, метр

сув сўриш қувури диаметри, мм

босимли қувур узунлиги, метр

босимли қувур диаметри, мм

сувни кўтариш баландлиги, метр


6. Насос агрегати ёки суғориш қудуғининг ишлаш давомийлиги, соат

Насос агрегати ёки суғориш қудуғининг сув сарфи, куб м/соат

Экинларини суғоришга сарфланган жами сув ҳажми, куб метр

шундан пахта хомашёси ва бошоқли дон учун, куб метр

шундан пахта хомашёси учун, куб метр

сувни тежайдиган суғориш тизимлари ишлатилган ҳолда, куб метр

сувни тежайдиган суғориш тизимлари ишлатилмаган ҳолда, куб метр

шундан бошоқли дон учун, куб метр

сувни тежайдиган суғориш тизимлари ишлатилган ҳолда, куб метр

сувни тежайдиган суғориш тизимлари ишлатилмаган ҳолда, куб метр

Ҳисобот ойи бошига электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускунаси кўрсаткичи, кВт

Ҳисобот ойи якунига электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускунаси кўрсаткичи, кВт

Насос агрегати ва суғориш қудуғи истеъмол қиладиган электр энергияси миқдори, кВт

шундан пахта хомашёси ва бошоқли дон учун, кВт

шундан пахта хомашёси учун, кВт

сувни тежайдиган суғориш тизимлари ишлатилган ҳолда, кВт

сувни тежайдиган суғориш тизимлари ишлатилмаган ҳолда, кВт

шундан бошоқли дон учун, кВт

сувни тежайдиган суғориш тизимлари ишлатилган ҳолда, кВт

сувни тежайдиган суғориш тизимлари ишлатилмаган ҳолда, кВт


7. Субсидияланадиган электр энергия миқдори, кВт


8. Ажратилиши лозим бўлган субсидия миқдори, млн сўм.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 3 май