Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.05.2018 й. 318-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 1 майдаги

318-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари

ва коммуникацияларини ривожлантириш

вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.


2. Вазирлик ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Вазирлик:

а) қуйидагилар:

ахборотлаштириш, электрон ҳукумат, электрон тижорат, электрон рақамли имзодан фойдаланиш, телекоммуникациялар ва почта алоқаси соҳасида;

сунъий интеллект асосидаги дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш учун технологик шароитларни яратувчи;

Ўзбекистон Республикаси Телекоммуникациялар тармоқларини бошқариш тизимини шакллантириш ва унинг самарали фаолиятини таъминловчи;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадио маҳсулотлар тарқатилиши соҳасида махсус ваколатли орган;

б) телекоммуникациялар соҳасидаги лицензияловчи орган;

в) Радиочастоталар бўйича Республика кенгашининг ишчи органи ҳисобланади ҳамда унинг фаолиятини ташкилий-техник, норматив-ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, мувофиқлаштириш, материалларни ишлаб чиқиш ва тайёрлашга доир жорий тезкор ишларни бажаради;

г) радиочастота органи ҳисобланади;

д) Халқаро электралоқа иттифоқида, Бутунжаҳон почта иттифоқида ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги бошқа халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш ваколати берилган орган ҳисобланади.


5. Вазирликнинг электромагнит мослашув ва радиочастота спектри мониторингини таъминлаш бўйича радиочастота органи сифатидаги функциясини "Электромагнит мослашув маркази" давлат унитар корхонаси бажаради.


6. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


7. Вазирлик "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамияти ва "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг устав фондларидаги акциялар давлат пакетлари бўйича акциядор ҳуқуқини амалга оширади.


8. Вазирлик ва унинг тузилмасига кирадиган ташкилотлар юридик шахслар ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисобрақамларига, шу жумладан чет валютасидаги ҳисобрақамларига эга.


9. Вазирликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, қисқартмаси - Ахборот технологиялари вазирлиги;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Министерство по развитию информационных технологий и коммуникаций Республики Узбекистан, қисқартмаси - Мининфоком;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Ministry for development of information technologies and communications of the Republic of Uzbekistan, қисқартмаси - MITC.


10. Вазирликнинг жойлашган жойи: Тошкент шаҳри, 100047, Амир Темур шоҳ кўчаси, 4.



2-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ТУЗИЛМАСИ


11. Вазирлик тузилмасига қуйидагилар киради:

Вазирликнинг марказий аппарати;

Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари;

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция;

"Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази" давлат муассасаси;

"UZINFOCOM давлат ахборот хизматларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор" МЧЖ;

"Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази" давлат муассасаси;

"UNICON.UZ" Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази" ДУК;

"Электромагнит мослашув маркази" ДУК;

"Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази" ДУК;

"ALOQALOYIНA" ДУК;

"Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази" ДУК;

"Республика махсус алоқа узели" ДУК;

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси;

Давлат фельдъегерлик хизмати;

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети;

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига тегишли бўлган фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб;

Тошкент шаҳридаги Инха университети;

"Ўзбекистон почтаси" АЖ;

"Ўзбектелеком" АК;

Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти;

юридик шахс мақомига эга бўлган идоравий мансуб ташкилотлар.



3-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


§ 1. Вазирликнинг вазифалари ва функциялари


12. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) ахборот технологиялари, телекоммуникациялар, электрон ҳукуматни жорий қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, ахборот жамияти ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда муносабатларни тартибга солиш;

2) "охирги миля" принципи бўйича Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни кенгайтириш йўли билан телекоммуникация инфратузилмасини, мультисервисли алоқа тармоқлари технологияларини, мобил алоқа бозорини, бошқа замонавий телекоммуникация хизматларини, шунингдек, почта алоқаси ва логистикаси хизматларини ривожлантириш ҳамда модернизациялаш;

3) давлат органларининг ахборот тизимлари ва ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилишда, идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни ташкил қилишда, ягона электрон реестрлар ва маълумотлар базаларини, "ягона дарча" тамойили бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимларини шакллантиришда ягона технологик ёндашув амалга оширилишини таъминлаш;

4) давлат бошқарувига ва иқтисодиётнинг реал секторига инновацияларни жорий қилишга, рақамли иқтисодиёт ўсишини рағбатлантиришни, сунъий интеллект асосидаги дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, шу жумладан, ишлаб чиқаришда комплекс автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий қилиш, электрон тижоратнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳисобига таъминлаш;

5) шаҳар ва ҳудудий инфратузилмани бошқаришнинг замонавий интеллектуал тизимларини жорий қилиш ва ривожлантиришга кўмаклашиш, шу жумладан уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт логистикаси, шошилинч хизматлар, уларни кейинчалик интеграциялаш ҳамда "ақлли" ва "хавфсиз" шаҳар ягона комплексига бирлаштириш;

6) технопарклар ва коворкинг-марказлар фаолиятини ташкил қилиш йўли билан, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий рақобатбардош ва экспорт қилиш учун мўлжалланган дастурий маҳсулотлар ва хизматларни маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришни рағбатлантириш, шароитлар яратиш ва инвестицияларни жалб қилиш;

7) етакчи хорижий компаниялар ва таълим муассасаларининг энг яхши амалиётига асосланиб ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни, бу соҳадаги стратегик ва лойиҳа бошқаруви, менежмент, маркетинг бўйича кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакаси оширилишини ташкил қилиш;

8) тармоқлар, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва ресурсларининг киберхавфсизлигини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилишнинг замонавий технологияларини жорий қилиш, шахсий ва биометрик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича технологияларнинг қўлланишини тартибга солишда иштирок этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

9) тақдим этиладиган телекоммуникация ва почта алоқаси хизматларининг юқори сифатини таъминлаш мақсадида ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилинишининг давлат назоратини амалга ошириш;

10) ахборот технологиялари ва коммуникацияларини қўллаш ва ривожлантириш, шу жумладан техник стандартлар, регламентларни жорий этишни ташкил қилиш масалалари бўйича, шунингдек, Вазирлик фаолияти соҳасига кирадиган бошқа йўналишлар бўйича халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш.


13. Вазирлик ўз зиммасига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


1) ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ва қўлланиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда муносабатларни тартибга солиш соҳасида электрон ҳукумат тизимини жорий қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш, ахборот жамияти ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш соҳасида:

электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни, шунингдек, ахборот технологиялари ва коммуникациялар, телекоммуникациялар ва почта алоқасини истиқболли ривожлантириш бўйича дастурларни, шу жумладан кенг полосали фойдалана олиш замонавий воситаларини жорий қилиш, маълумотлар узатиш, йўлдош ва мобил алоқа, телерадиоэшиттириш рақамли тизимлари, юридик ва жисмоний шахсларга электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштириш, рақобатбардош дастурий маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, ахборот тизимлари ва ресурсларини ривожлантириш, ахборот жамияти ва рақамли иқтисодиётни шакллантириш бўйича дастурларни босқичма-босқич ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

ахборотлаштириш, электрон ҳукуматни ривожлантириш, ахборот жамияти, рақамли иқтисодиёт, телекоммуникация ва почта алоқаси, радиоалоқа, телерадиоэшиттириш ва матбуот тарқатиш тармоқлари, электрон рақамли имзодан ва радиочастоталар спектридан фойдаланиш соҳасидаги стратегик устуворликларни шакллантиради ва амалга оширади;


2) "охирги миля" принципи бўйича Интернет тармоғидан кенг полосали фойдалана олишни кенгайтириш йўли орқали телекоммуникация инфратузилмасини, мультисервисли алоқа тармоқлари технологияларини, мобил алоқа бозорини, бошқа замонавий телекоммуникация хизматларини, шунингдек, почта алоқаси хизматлари ва логистикасини ривожлантириш ҳамда модернизациялаш соҳасида:

радиочастоталар спектрини тақсимлаш ва фойдаланиш, ваколати доирасида ушбу соҳада қонун ҳужжатларига риоя қилинишининг назоратини амалга ошириш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

телекоммуникация тармоқларини бошқариш, уларнинг самарали ишлашини таъминлаш, телекоммуникация ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни ривожлантириш, телекоммуникация хизматларига бўлган эҳтиёжларни янада тўлиқ қондириш, шунингдек, тармоқлардан давлат органлари, Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатларида устувор фойдаланишни таъминлаш учун операторлар ва провайдерлар, идоравий тармоқлар эгаларининг тармоқларини мувофиқлаштирган ҳолда бошқариш тизимини яратиш бўйича ишларнинг мувофиқлаштирилишини ташкил қилади;

телекоммуникация тармоқларини ривожлантиришнинг давлат ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилишини ва улар амалга оширилишини ташкил қилади;

белгиланган тартибда телекоммуникация тармоқлари хизматларини кўрсатиш қоидалари, телекоммуникация тармоқлари, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари тизимлари ва воситаларини яратиш ҳамда таъминлаш бўйича хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг давлат назоратини ташкил қилиш ва амалга ошириш қоидалари ва тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл оммавий ахборот воситалари телерадиомаҳсулотларини тарқатиш соҳасида давлат бошқарувини амалга оширади;

телефон рақамлаш режаси ва тизимини тасдиқлайди, рақам сиғимларини, сигнализация пунктларининг кодларини, телекоммуникация тармоқларини идентификациялаш кодларини ажратади, улардан фойдаланишни ҳисобга олади ва назорат қилади, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг адресли маконини тақсимлайди;

фавқулодда вазиятларда идоравий мансублигидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси операторларининг телекоммуникация ресурслари ва тармоқларидан (махсус истеъмолчиларнинг тармоқлари ва воситаларидан ташқари) устувор фойдаланиш ва марказлаштирилган бошқарувини таъминлайди;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ваколатли органларга кўмаклашади;

телекоммуникация тармоқлари хизматларининг сифат кўрсаткичлари ва нормативларини тасдиқлайди ва уларнинг белгиланган тартибда бажарилишининг назоратини амалга оширади;

операторлар телекоммуникация тармоқларининг тақдим этилаётган хизматларнинг сифат нормативларига мувофиқ сифатини тизимли мониторингини ва ҳолатини баҳолашни, телекоммуникация тармоқларини бошқариш тизимида тақдим этиладиган телекоммуникация хизматларининг сифат кўрсаткичлари ҳисобга олинишини автоматлаштиришни ташкил қилади;

махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда универсал телекоммуникация хизматлари рўйхатини, шунингдек, уларга тарифларни тасдиқлайди ва уларнинг сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди;

тегишли махсус ваколатли орган билан келишган ҳолда телекоммуникация хизматларининг алоҳида турлари рўйхатини белгилайди, шунингдек, белгиланган тартибда фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг ва тармоқлараро уланишлар учун тарифларни келишади;

телекоммуникациялар, маълумотлар узатиш тармоқларини улаш, операторлар ва провайдерлар томонидан ўзаро хизматлар кўрсатиш ва улар ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларни ўтказиш тартиби ва шартларини тасдиқлайди;

радиочастота спектри, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишни мониторинг қилиш, шунингдек, радиохалақитларни, шу жумладан индустриал радиохалақитларни йўқ қилиш ишларини ташкил этади;

Вазирлик тизимидаги моддий воситаларни давлат захирасига тўплаш режасини ва сафарбарлик режасини, тузилмасини, таркибини, меъёрини ишлаб чиқади;

Мудофаа вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Махсус авария-тиклаш бошқармасининг куч воситалари билан давлат бошқаруви органларини ва хўжалик бирлашмаларини алоқа билан таъминлаш учун авария-тиклаш ишларини ва ўта муҳим, тоифаланган ва стратегик муҳим объектлар тизимини қўриқлашни таъминлашни ташкиллаштиради;

почта алоқасини ривожлантириш давлат ва тармоқ дастурларини, почта алоқаси хизматлари ва логистикасини ривожлантириш ва модернизациялашда стратегик устуворликни замонавий, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда даврий босма нашрларни тарқатиш тармоғини ривожланиш ва модернизациялаш бўйича устувор йўналишларини ишлаб чиқиш;

белгиланган тартибда почта алоқаси хизматлари кўрсатиш қоидалари, почта алоқаси хизматларининг сифат кўрсаткичлари ва нормативларини, даврий босма нашрларни етказиб беришнинг назорат муддатларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда бажарилишини назорат қилади;

махсус ваколатли давлат органи билан келишув бўйича универсал почта алоқаси хизматлари рўйхатини тасдиқлайди;

белгиланган тартибда универсал почта алоқаси хизматлари учун тарифларни тасдиқлайди;

почта тўлови давлат белгиларининг намуналарини ва почта маркаларини нашр қилиш, уларни муомалага киритиш ва муомаладан чиқариш тартибини тасдиқлайди, шунингдек, почта тўлови давлат белгиларининг давлат коллекцияси шакллантирилишини ташкил қилади;

почта алоқаси операторлари ва провайдерлари учун мажбурий бўлган почта индекслари, ёзма хат-хабарларни олиш частотаси нормативларини, шунингдек, почта жўнатмалари ўтишининг назорат муддатларини тасдиқлайди;

почта, курьерлик жўнатмалари ва пул маблағларини ташиш учун фойдаланиладиган почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг транспорт воситаларида жойлаштириладиган махсус фарқлаш белгилари, франкирлаш машиналаридан фойдаланиш тартиби, почта алоқаси миллий оператори ишчисининг форма кийимини ва кўкрак нишонини тасдиқлаш ва кийиб юриш тартибини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда почта алоқаси операторлари ва провайдерлари учун жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини тасдиқлайди;


3) давлат органларининг ахборот тизимлари ва ресурсларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилиш, идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни ташкил қилиш, ягона электрон реестрлар ва маълумотлар базаларини, электрон давлат хизматларини "ягона дарча" принципи бўйича шакллантиришга ягона технологик ёндашувни амалга ошириш соҳасида:

"Электрон ҳукумат" тизимини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва электрон ҳукумат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш;

электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш;

электрон ҳукумат соҳасида, шу жумладан электрон давлат хизматларини кўрсатиш доирасида идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни таъминлайди, давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

электрон ҳукумат соҳасидаги мониторингни амалга ошириш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш, шунингдек, идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги ҳисобот материалларини шакллантириш ва таҳлил қилишни амалга оширади;

"Электрон ҳукумат" тизими инфратузилмасининг марказий маълумотлар базалари, идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик қилиш тизими, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, Ягона идоралараро ижро электрон тизими, Маълумотларни қайта ишлаш ва идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи қисмида ишлашини таъминлайди;

давлат органларида "Электрон ҳукумат" тизимининг ривожланиш даражасини, шу жумладан электрон ҳукумат лойиҳаларини амалга ошириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларига эришиш даражасини амалга оширади;

ахборотларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш, узатиш ва алмашиш бўйича стандартлар ва техник талаблар асосида "Электрон ҳукумат" тизимининг техник асосини шакллантиради;

ҳудудларда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш ва жорий қилиш, шу жумладан "Электрон ҳокимият" ахборот тизимини яратиш ва жорий қилиш жараёнларини мувофиқлаштиради;

идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқади;

электрон давлат хизматларининг регламентларини келишади;

давлат органларининг фаолияти ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида давлат бошқарувидаги иштироки тўғрисидаги ахборотдан фойдалана олишни таъминлашни ҳисобга олган ҳолда давлат органлари фаолиятининг ошкоралигини ошириш ишларини мувофиқлаштиради;


4) давлат бошқарувига ва иқтисодиётнинг реал секторига инновацияларни жорий қилиш, рақамли иқтисодиёт ўсишини рағбатлантириш, шу жумладан ишлаб чиқаришда комплекс автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий қилиш, электрон тижоратнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитларни яратиш соҳасида:

иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларининг ҳақиқий эҳтиёжини ҳисобга олиб, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишнинг устувор йўналишларини белгилайди;

ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотларни бошқарув ва ишлаб чиқариш-технологик жараёнларга кенг татбиқ қилиш ва улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг (устав фондларида давлат улуши бўлган) мувофиқлаштирилишини амалга оширади;

хўжалик юритувчи субъектлар ва олий таълим муассасаларининг ички ва ташқи бозорларда ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва реализация қилишга қаратилган ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш учун керакли ташкилий-техник шароитларни яратади;

Дастурий таъминот ишлаб чиқувчиларининг миллий реестрини юритиш ва янада ривожлантириш ҳамда рақобатбардош маҳаллий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқишни рағбатлантириш бўйича таклифлар киритиш, шунингдек, истиқболли лойиҳалар ва инновацион технологияларни яратиш билан банд бўлган ёш истеъдодли дастурчиларга ёрдам кўрсатади;

сунъий интеллект соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб бориш ҳамда сунъий интеллект технологиялари асосида бошқарув ва ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича инновацион маҳсулотларни ҳамда уларнинг моделлари, алгоритмлари ва дастурий таъминотини ишлаб чиқиш ва иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва давлат бошқаруви тизимида сунъий интеллект технологияларини жорий қилади;

5) шаҳар ва ҳудудий инфратузилмаси бошқарувининг замонавий интеллектуал тизимларини жорий қилиш ва ривожлантириш, шу жумладан уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт логистикаси, шошилинч хизматлар, уларни кейинчалик интеграциялаш ҳамда "ақлли" ва "хавфсиз" шаҳар ягона комплексига бирлаштириш соҳасида:

шаҳар ва ҳудудий инфратузилмани бошқаришнинг замонавий интеллектуал тизимларини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг тизимли мувофиқлаштирилишини амалга ошириш, шу жумладан уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт логистикаси, шошилинч хизматлар, уларни кейинчалик интеграциялаш ҳамда "ақлли" ва "хавфсиз" шаҳар ягона комплексига бирлаштирган ҳолда;

"Хавфсиз шаҳар" комплексини яратиш ва янада ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, унинг "Электрон ҳукумат" тизими билан, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари билан интеграциялашуви;

шаҳар ва ҳудудий инфратузилма бошқарувининг замонавий интеллектуал тизимларини жорий қилиш ва ривожланиши билан боғлиқ масалалар бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборотга оид ўзаро ҳамкорлигининг самарали тизимини шакллантириш бўйича қарорлар қабул қилиш;


6) технопарклар ва коворкинг-марказлар фаолиятини ташкил қилиш йўли билан, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий рақобатбардош ва экспорт қилиш учун мўлжалланган дастурий маҳсулотлар ва хизматларни маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришни рағбатлантириш, шароитлар яратиш ва инвестицияларни жалб қилиш соҳасида:

миллий контент, веб-ресурслар ва миллий домен зонасини ривожлантириш ва оммавийлаштириш учун қулай шароитларни яратиш, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида яратиладиган маҳаллий ахборот ресурсларини янада илгари суриш ва оммавийлаштириш;

фойдаланувчиларнинг, аввало бутун ёшларнинг замонавий эҳтиёжларига жавоб берадиган оммавий ахборот ресурслари яратилиши ва ривожланишини таъминлаш, таълим берувчи ахборот тармоғининг имкониятларини кенгайтириш;

бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғининг глобал ва миллий сегменти ривожланишининг асосий йўналишлари ва тенденцияларининг тизимли таҳлилини ўтказиш, уни ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда электрон тижорат соҳасидаги давлат дастурлари, концепциялари ва стратегиялари ишлаб чиқилишини ташкил қилиш;

электрон тижорат соҳасидаги тадқиқотларни ва мониторингини ташкил қилиш, ички ва ташқи бозорларда электрон тижоратнинг ривожланиши учун шароитлар яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

электрон тижорат соҳасида тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шароитларни яратиш;


7) етакчи хорижий компаниялар ва таълим муассасаларининг энг яхши амалиётига асосланиб ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни, бу соҳадаги стратегик ва лойиҳа бошқаруви, менежмент, маркетинг бўйича кадрларни қайта тайёрлаш ва малакаси оширилишини ташкил қилиш соҳасида:

ахборот технологиялари ва коммуникациялар, ахборотлаштириш, электрон ҳукумат, телерадиоэшиттириш, телекоммуникациялар ва почта алоқаси соҳасида дастурий маҳсулотлар, маълумотлар базалари, миллий ахборот ресурсларини ишлаб чиқиш ва замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда барча даражали ахборот-коммуникация тармоқларини шакллантириш йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил қилиш;

ахборот-коммуникация технологиялари замонавий бозорининг ривожланиш тенденцияларини ва чет эл тажрибасини ҳисобга олиб, таълимнинг янги йўналишлари учун ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасида мутахассисларни тайёрлаш бўйича таълим стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

ўқув жараёнларида ахборот технологияларидан фойдаланиш қисмида, шу жумладан етакчи чет эл таълим муассасаларининг мутахассислари ва экспертларини жалб қилган ҳолда таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш комплекс дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ходимлари томонидан олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари базасида компьютер техникаси ва бутунжаҳон Интернет тармоғида ишлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини эгаллашлари бўйича малака ошириш курсларини ташкил қилиш;

ахборот-коммуникация технологиялари, компьютер ва дастурий инжиниринг, телекоммуникация ва телевизион технологиялар, почта алоқаси технологиялари, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги менежмент ва иқтисодиёт касблари, йўналишлари ва ўқитиш ихтисосликлари бўйича Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг иқтидорли талабалари ва ўқувчиларини аниқлаш ва улар учун Вазирлик стипендияларини тайинлаш;

илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни, замонавий телекоммуникация воситалари ва радиочастоталар спектридан фойдаланиш, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ва ахборот-коммуникация технологияларининг бошқа соҳаларида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш;


8) тармоқлар, дастурий маҳсулотлар, ахборот тизимлари ва ресурсларининг киберхавфсизлигини таъминлаш ва уларни ҳимоя қилишнинг замонавий технологияларини жорий этиш, шахсий ва биометрик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича технологияларнинг қўлланишини тартибга солишда иштирок этиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси киберхавфсизлигини таъминлаш, электрон рақамли имзодан фойдаланиш, ахборот ресурсларини ҳимоя қилиш бўйича техник инфратузилмани янада ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

телекоммуникация ва почта алоқаси, телерадиоэшиттириш тармоқлари, ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари, шу жумладан "Электрон ҳукумат" тизимининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, замонавий талаблардан келиб чиқиб, ахборот хавфсизлиги таҳдидларидан ҳимоя қилиш самарали воситалари ва методларини жорий қилиш, тезкор-қидирув чора-тадбирлари тизимларини жорий қилиш, шунингдек, улардан давлат, Ўзбекистон Республикаси мудофааси ва миллий хавфсизлиги манфаатларида ва фавқулодда вазиятлар шароитларида устувор фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикасининг ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизлигини, телекоммуникациялар ва почта алоқаси, ахборотлаштириш соҳасидаги ўта муҳим ва тоифалаштирилган объектларнинг узлуксиз ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларнинг техник кучлари ва воситаларидан фойдаланиб, табиий фалокатлар оқибатларини тугатиш бўйича давлат дастурини, чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларини лойиҳалаш, ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, амалга ошириш, таъмирлаш, жорий қилиш ва фойдаланиш ишларида иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси ахборот маконидаги рухсатсиз киришга уринишлар ва компьютер вирус ҳужумлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш ва жавоб қайтариш методлари ва воситаларидан фойдаланиб, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғининг миллий сегментидаги веб-сайтларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш механизмини амалга ошириш;

телекоммуникациялар, электрон ҳукумат, почта алоқаси, ахборотлаштириш ва радиочастоталар спектри соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг мониторингини ўтказиш, уларни аниқлаш ва тўхтатиш қисмида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ишлаш;

ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлиги таҳдидларини аниқлаш ва уларга қарши курашиш, ахборот-коммуникация технологияларидан жиноий, разведка ва террористик мақсадларда фойдаланиш билан курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш ва жорий қилиш йўли билан ушбу мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини тўхтатиш;

ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик таҳдидлари тўғрисидаги ахборотларни йиғиш ва таҳлил қилиш, керакли ахборотни тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этиш;

ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш соҳасида илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, лойиҳа, қидирув ва технологик ишланмаларни ташкил қилиш ва ўтказиш;

телекоммуникация тармоқларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича операторлар ва провайдерларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида белгиланган тартибда давлат томонидан тартибга солишни амалга ошириш;

электрон рақамли имзо очиқ калитларининг инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида стратегик устуворликларни шакллантириш ва амалга ошириш;

давлат органлари учун махсус дастурий маҳсулотларнинг мажбурий экспертизаси ўтказилишини ташкил қилиш;

давлат органлари учун Миллий ахборот тизими доирасида янгидан ишлаб чиқилаётган ёки харид қилинаётган махсус дастурий маҳсулотларнинг мажбурий дастлабки экспертизасини ўтказиш;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан биргаликда электрон ёзувларнинг ҳисобга олиш регистрларида сақланишини таъминлаш;


9) тақдим этилаётган телекоммуникация ва почта алоқаси хизматларининг юқори сифатини таъминлаш мақсадида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишининг давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

телекоммуникациялар соҳасида юридик шахсларнинг фаолиятини лицензиялаш ва назоратини белгиланган тартибда амалга ошириш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия шартномалари шартларининг бажарилиши, радиочастоталар спектридан самарали фойдаланиш, давлат органлари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ахборот тизимларида, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ишида телекоммуникация тармоқларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича техник ва технологик талаблар бажарилишининг таҳлили ва назорати ўтказилишини ташкил қилиш;

Ўзбекистон Республикасида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни сотиб олиш (бериш), лойиҳалаш ва қуриш (ўрнатиш), олиб кириш ва эксплуатация қилиш талабномаларини кўриб чиқиш ва рухсат бериш;

Вазирлик ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция ёрдамида почта алоқаси операторлари, провайдерлари томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашишнинг ички назорат қоидаларига риоя қилишларининг мониторингини ва назоратини ташкил қилиш;


10) ахборот технологиялари ва коммуникацияларини қўллаш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар, чет эл компаниялари, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида:

белгиланган тартибда идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни тайёрлайди;

Вазирлик фаолиятининг йўналишлари бўйича халқаро ҳамкорлик бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

республикада ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини мунтазам равишда мониторинг ва таҳлилини ўтказиш, улар асосида уни янада такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлайди;

инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ҳамда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини, электрон ҳукуматни янада ривожлантиришга, Интернет тармоғининг миллий сегментини, шу жумладан давлат буюртмаси доирасида, почта алоқаси, телекоммуникациялар, телерадиоэшиттириш воситалари ва тармоқларини, радиомониторинг техник воситалари, дастурий маҳсулотларни ривожлантиришга чет эл инвестицияларини жалб қилишда иштирок этади.


14. Вазирлик ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек, Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирадиган ҳудудий бўлинмалар ва бошқа ташкилотлар орқали ҳал қилади.



§ 2. Вазирлик марказий аппаратининг

вазифалари ва функциялари


15. Қуйидагилар Вазирлик марказий аппаратининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) Вазирлик ваколатига тегишли масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш ва такомиллаштириш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник регламентлар, стандартларни ишлаб чиқиш, ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишни ташкил қилиш;

2) Вазирлик ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича комплекс давлат ва тармоқ дастурларини, ривожлантириш дастурларини, чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш, белгиланган тартибда қабул қилиш учун келишиш ва уларнинг бажарилишини ташкил қилиш;

3) Ўзбекистон Республикасида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш ва юқори ташкилотларга киритиш;

4) телекоммуникациялар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл оммавий ахборот воситаларининг телерадиомаҳсулотларини тарқатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш ишларини ташкил қилиш;

5) Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича юқори ва бошқа ташкилотлар учун ҳужжатлар, таҳлилий материаллар ва бошқа ахборотни тайёрлаш;

6) Вазирлик Ҳайъатининг кенгашларини ташкил қилиш, кенгашларга ахборот-таҳлилий ва ҳисобот материалларини тайёрлаш, шу жумладан Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, тасарруфидаги ташкилотлари томонидан тақдим этилган ахборот-таҳлилий ва ҳисобот материалларини тайёрлаш;

7) Вазирлик, унинг ҳудудий бошқармалари, тасарруфидаги ташкилотларнинг улар зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича бошқа вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ишлашларини ташкил қилиш;

8) Вазирлик ҳудудий бошқармалари, тасарруфидаги ташкилотлар ва корхоналар, шунингдек, телекоммуникация тармоқлари операторлари ва провайдерларининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

9) ахборот технологиялари ва коммуникациялари, электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари доирасида тендер савдолари ва танловларини ташкил қилиш ва ўтказиш;

10) Вазирлик, унинг ҳудудий ва тасарруфидаги ташкилотларининг тегишли даврдаги фаолиятининг устувор йўналишларини белгилаш;

11) давлат органларининг "Электрон ҳукумат" тизимини ва ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича фаолиятини, шу жумладан "Электрон ҳокимият" ахборот тизимини яратиш ва жорий этишни мувофиқлаштириш;

12) Вазирлик фаолиятининг йўналишлари бўйича илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш;

13) белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (таклифлари, аризалари, шикоятлари)ни кўриб чиқиш;

14) Вазирлик фаолиятининг йўналишлари бўйича халқаро ҳамкорликдаги ишларни мувофиқлаштириш.


16. Вазирликнинг марказий аппарати ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) ҳукумат қарорлари, техник регламентлар, давлат стандартлари, давлат ва тармоқ статистик ҳисобот шакллари ҳамда Вазирлик ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича бошқа идоралараро ҳужжатларнинг лойиҳаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқади, келишади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва тегишли идораларга киритади;

2) белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

3) Вазирлик фаолиятининг йўналишлари бўйича комплекс давлат ва тармоқ дастурларини, ривожлантириш дастурлари, чора-тадбирлар режалари бажарилишининг назоратини, уларни бажариш бўйича ҳисобот маълумотларини йиғишни ва таҳлил қилишни, зарур бўлганда, белгиланган тартибда тузатишлар киритишни амалга оширади;

4) мунтазам асосда республикада ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси ривожланишини ҳамда халқаро тажриба мониторингини ва таҳлилини ўтказади, улар асосида уни янада такомиллаштиришга доир таклифларни тайёрлайди;

5) телекоммуникациялар соҳасида лицензиялар олиш учун аризалар ва ҳужжатларнинг чет эл оммавий ахборот воситалари телерадиомаҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш ҳуқуқи учун тақдим этилган ҳужжатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигининг экспертизаси ўтказилишини ташкил қилади;

6) Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича юқори ташкилотлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар учун ҳужжатлар, статистик маълумотлар, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа ахборот тайёрланишини ташкил қилади;

7) Вазирлик Ҳайъати кенгашлари учун тақдим этиладиган ахборот-таҳлилий ва ҳисобот материалларини умумлаштиради, таҳлил қилади, маълумотномалар, ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди, Вазирлик Ҳайъати кенгашларининг якунлари бўйича баённомалар ва буйруқларни тайёрлайди;

8) ҳужжатларни тайёрлайди, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширишга доир ташкилий чоралар кўради;

9) Вазирлик вазифалари ва функцияларининг ҳудудий бошқармалар томонидан бажарилишини назорат қилиш мақсадида улар томонидан тақдим этилаётган ҳисоботлар, ахборот материалларини кўриб чиқади, умумлаштиради, таҳлил қилади, жойларга бориб улар фаолиятининг назоратини ўтказади;

10) инвестицион лойиҳалар бўйича ҳужжатларни тайёрлайди ҳамда тендер ва танлов савдоларини ўтказади, тендер ва танлов савдоларининг натижалари бўйича тегишли баённомаларни тайёрлайди ва тасдиқлайди;

11) Вазирлик фаолиятининг устувор йўналишларига мувофиқ, Вазирликнинг ярим йиллик иш режасини шакллантиради ва тасдиқлайди, унинг бажарилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади ;

12) давлат органларида ахборот технологиялари ва электрон ҳукуматнинг ривожланиш даражаси таҳлилини ўтказади ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш ва идоралараро ўзаро ҳамкорлик тартибини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади;

13) Вазирлик фаолиятининг йўналишлари бўйича илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни режалаштириш ва ўтказишни мувофиқлаштиради, ушбу ишлар натижаларини жорий қилади, тасарруфидаги ташкилотларда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича режалаштириш ва мувофиқлаштириш ишларини амалга оширади;

14) қонунчиликда белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (таклифлари, аризалари, шикоятлари) кўриб чиқилишини ташкил қилади, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келадиган сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида, мурожаатларни умумлаштиради ва таҳлил қилади;

15) Вазирлик фаолиятининг йўналишлари бўйича давлатлараро ва ҳукуматлараро шартномаларни ишлаб чиқиш учун материалларни тайёрлаш, халқаро идоралараро шартномаларни тузиш бўйича ишларни ташкил қилади, белгиланган тартибда халқаро анжуманларда иштирок этувчи делегациялар таркибини шакллантиради ва келишади ҳамда улар учун вазифаларни белгилайди, республика мутахассисларини халқаро ташкилотларнинг ишида иштирок этиш учун таклиф қилади;

16) ҳужжатларни сифатли ва ўз вақтида ишлаб чиқишни ҳамда уларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва молиявий экспертизасини ўтказишни, уларни юқори ташкилотларга киритишни ташкил қилади;

17) тезкор, ташкилий, кадрлар, молиявий, ишлаб чиқариш-хўжалик ва Вазирлик ваколатига тегишли бўлган бошқа масалаларни ҳал қилади;

18) телефон рақамлаш режаси ва тизимини ишлаб чиқади, тасдиқлайди, фойдаланувчиларга номер сиғимларини, сигнализация пунктларининг кодларини, телекоммуникация тармоқларини идентификациялаш кодларини ажратади, улардан фойдаланишни ҳисобга олади ва назорат қилади;

19) белгиланган тартибда телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялайди, ташкилотлар ва лицензия эгаларининг фаолиятини назорат қилади;

20) телекоммуникация ва почта алоқаси операторлари, провайдерлари ҳамда телекоммуникация ва почта алоқаси хизматларидан фойдаланувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлар масалаларини кўриб чиқади;

21) махсус ваколатланган тегишли монополияга қарши орган билан почта алоқаси ва телекоммуникация универсал хизматлари рўйхатини келишган ҳолда тасдиқлайди, шунингдек, почта алоқаси ва телекоммуникация универсал хизматлари учун тарифларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

22) электрон давлат хизматларининг регламентларини келишади;

23) телекоммуникация, почта алоқаси, телерадиоэшиттириш тармоқлари, ахборот тизимлари ва ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ҳозирги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг самарали воситалари ва усулларини жорий қилиш, тезкор-қидирув чора-тадбирлар тизимларини жорий қилиш, шунингдек, улардан Ўзбекистон Республикасининг давлат, мудофаа ва миллий хавфсизлик манфаатларида ҳамда фавқулодда вазиятлар шароитларида устувор тарзда фойдаланиш бўйича ишларни мувофиқлаштиради;

24) электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш марказларини давлат рўйхатига олиш ва электрон рақамли имзо калитларини рўйхатга олиш марказларининг (кейинги ўринларда Рўйхатга олиш маркази деб аталади) ваколатланган шахсларига электрон рақамли имзо калитларининг сертификатларини беради;

25) давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантиришга масъул бўлган бўлинма раҳбарларини ҳар йил якунлари бўйича тегишли орган ва ташкилот фаолиятига ахборот тизимлари, электрон давлат хизматлари ва ахборотлаштиришни жорий этиш режалари ва дастурларининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилганлиги учун мукофотлашни амалга оширади;

26) давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантиришга масъул бўлган бўлинма раҳбарлари ва ходимларини аттестациядан ўтказади;

27) ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш учун масъул бўлган ижро этувчи ҳокимият республика органлари бўлинмаларининг раҳбарлари лавозимига номзодларни келишади.

28) Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг адрес маконидан фойдаланиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, домен номлари тизимини белгилайди.



§ 3. Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси,

вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий

бошқармаларининг вазифалари

ва функциялари


17. Қуйидагилар Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) ахборот технологиялари, телекоммуникациялар, почта алоқасини ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш, ҳудудларда "Электрон ҳукумат" тизимини жорий қилиш соҳасида чора-тадбирларни амалга ошириш;

2) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари, прокуратура, ички ишлар идоралари ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари раҳбарлик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш секторлари билан, шунингдек, қонун ҳужжатларида кўзда тутилган, секторлар таркибига киритилган бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

3) ҳудудларда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини такомиллаштириш, ҳудудларни ривожлантириш бўйича комплекс дастурларни, чора-тадбирлар режаларини ишлаб чиқиш, шу жумладан Вазирлик ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга доир таклифлар киритиш;

4) Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ишлаш;

5) объектлар ва тармоқ корхоналарининг қўриқланишини, радиочастоталар спектридан фойдаланиш хавфсизлигини, почта, телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан маълумотлар узатиш ва телерадиоэшиттириш тармоқларида, ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган профилактика чораларини амалга ошириш;

6) Вазирлик ва тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун улар ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳужжатларни, статистик маълумотларни, таҳлилий материалларни, хулосаларни ва бошқа ахборотни тайёрлаш;

7) ҳудудларни ривожлантириш комплекс дастурларини, чора-тадбирлар режаларини ва уларнинг ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича таклифлар киритиш.


18. Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ўзларига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

1) ахборот технологиялари, телекоммуникациялар, почта алоқаси, ахборот хавфсизлигини ва киберхавфсизликни таъминлаш, ҳудудларда "Электрон ҳукумат" тизимини жорий қилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этадилар;

2) ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш бўйича ўтказиладиган ўрганишларда, мунтазам тарзда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси ривожланишини мониторинг ва таҳлил қилишда иштирок этадилар;

3) телекоммуникациялар соҳасида лицензия олиш учун аризаларни ва тегишли ҳужжатларни қабул қиладилар, уларни лицензиялар бериш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш учун Вазирликнинг марказий аппаратига юборадилар, ариза берувчига лицензиялар ва лицензия шартномаларининг расмийлаштирилган бланкаларини берадилар;

4) ахборот-коммуникация технологиялари, "Электрон ҳукумат" тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги, телекоммуникациялар ва почта алоқаси масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳудудий бўлинмалари билан ўзаро ишлайдилар;

5) ўтказиладиган ўрганишлар асосида ҳудудларда ахборот-коммуникация технологиялари, электрон ҳукумат, ахборот хавфсизлиги, телекоммуникациялар ҳамда почта алоқаси ва логистика хизматлари ва технологиялар ривожланишини такомиллаштириш, шунингдек, даврий босма нашрларни тарқатиш тармоғини ривожлантириш ва модернизациялаш бўйича асосланган таклифларни ишлаб чиқадилар;

6) радиочастоталар спектридан хавфсиз фойдаланишда мониторинг ўтказиш, қоидабузарликларни аниқлаш ва тўхтатиш, телерадиоэшиттириш ва маълумотлар узатиш техник воситаларидан фойдаланишда, телевизион ва радиодастурларни тарқатиш, маълумотлар узатиш бўйича суиистеъмолликлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилиш ҳолатларининг олдини олишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бўлинмалари билан ўзаро ишлайдилар;

7) Вазирлик тасарруфига кирувчи ташкилотлар ва корхоналарнинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштирадилар;

8) юридик ва жисмоний шахслар мурожаатларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ, зарур бўлганда жойларга бориб, тегишли ташкилотлар, операторлар ва провайдерларнинг вакилларини жалб қилган ҳолда, почта алоқаси, телекоммуникация хизматлари кўрсатиш, телерадиоузатишлар ва даврий босма нашрларни тарқатиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳисобга олиб кўриб чиқилишини таъминлайдилар;

9) ҳудудда "Хавфсиз шаҳар" комплексини, шунингдек, Ижро интизоми ягона идоралараро электрон тизимини ва "Электрон ҳокимият" ахборот тизимини жорий қилиш ва янада ривожлантириш масалаларини бажариш ишларини мувофиқлаштирадилар;

10) маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳамда республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларида давлат хизматлари ва маъмурий процедураларни ахборотлаштириш тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича ҳудудий дастурлар бажарилишини таъминлайдилар.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА ВАЗИРЛИКНИНГ

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ,

ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ

ҲУДУДИЙ БОШҚАРМАЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ҲАМДА ЖАВОБГАРЛИГИ


§ 1. Вазирликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


19. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

2) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни киритиш;

3) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

4) давлат статистика органларидан Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича керакли статистик ахборотни бепул олиш;

5) Вазирлик ва унинг тасарруфига кирувчи тузилмаларнинг давлат мулкини ўз ташкилий тузилмаси доирасида беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида, бир бўлинмадан бошқа бўлинмага белгиланган тартибда бериш;

6) Вазирлик ва унинг тасарруфига кирувчи ташкилотлар ходимларини, тегишли соҳада улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрлари бажарилишини ҳисобга олиб, моддий рағбатлантириш тартиби, миқдори ва шартларини белгилаш;

7) Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиш;

8) Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

9) Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини белгиланган тартибда ифодалаш;

10) давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш даражаси ва самарадорлигини, электрон ҳукумат лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларига эришиш даражасини, шунингдек, электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифати бўйича текширувларни ўтказиш;

11) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш доирасида йўл қўйиладиган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар юбориш;

12) иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборот-коммуникация технологиялари ва электрон ҳукуматнинг самарадорлиги ва сифати даражасини баҳолаш натижаларига асосан, вазирликлар ва идоралар, компаниялар, уюшмалар, йирик корхоналар ва бирлашмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг эгаллаб турган лавозимларига муносиблигини кўриб чиқиш ва таклифлар киритиш;

13) белгиланган тартибда ахборот-таҳлилий ва эксперт ишларини амалга ошириш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, шунингдек, олимлар ва мутахассисларни жалб қилиш;

14) иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборот-коммуникация технологиялари ва электрон давлат хизматларини жорий қилиш масалалари билан боғлиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳайъати кенгашларида иштирок этиш;

15) ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш учун масъул бўлган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари махсус таркибий бўлинмалари раҳбарларининг лавозимларига номзодларни кўриб чиқиш ва келишиш;

16) телекоммуникациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, радиочастоталар спектридан фойдаланиш, электрон ҳукумат ва почта алоқаси соҳасидаги назорат ва мониторинг натижалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг аниқланган бузилишларини бартараф этиш тўғрисида кўрсатмалар бериш;

17) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологиялари ва "Электрон ҳукумат" тизимини жорий қилиш, маъмурий процедураларни ахборотлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ишлари ва лойиҳаларини молиялаштириш харажатларининг сметаларини кўриб чиқиш ва келишишда иштирок этиш;

18) ташкилотлар томонидан ахборот-коммуникация технологиялари, телекоммуникация ва почта алоқаси хизматлари кўрсатиш нормалари ва қоидаларига риоя қилишларини, шунингдек, телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг фаолиятини назорат қилиш;

19) аниқланган камчиликлар бартараф этилгунча почта ва телекоммуникациялар соҳасида фаолиятни амалга ошираётган ва тақдим этиладиган хизматлар сифати, телекоммуникация воситалари, республика ҳудудида фойдаланиладиган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар радионурланишларининг параметрлари бўйича белгиланган нормалар, стандартлар, техник регламентларнинг бузилишига йўл қўядиган хўжалик юритувчи субъектларнинг айрим қурилмалари ва технологик участкалари ишини вақтинча тўхтатиш;

20) телекоммуникациялар, телерадиоэшиттириш, радиочастоталар спектридан фойдаланиш, почта алоқаси, ахборотлаштириш, электрон ҳукумат, электрон рақамли имзодан ва радиочастоталар спектридан фойдаланиш, ахборот хавфсизлиги, телерадиоэшиттириш соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи, барча вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш;

21) телекоммуникациялар соҳасида фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия шартномалари талаблари ва шартлари бажарилишининг мунтазам мониторингини, назоратини амалга ошириш;

22) Вазирлик ходимларининг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги бўйича нафақалар тўлашни амалга ошириш, мавжуд кредиторлик қарздорлигини узиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ижтимоий ривожланиш ва моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини ташкил этиш учун Вазирликнинг ривожлантириш жамғармасини шакллантириш;

23) Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасаларининг, шунингдек, етакчи халқаро ва чет эл компанияларининг мутахассисларини маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш;

24) бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғида, шу жумладан ижтимоий тармоқларда юқори ижтимоий қизиқиш уйғотган объектив, ишончли бўлмаган мақолаларга ўз вақтида жавоб қайтариш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органларига тавсиялар бериш;

25) фавқулодда вазиятларда (ҳарбий ҳаракатлар, зилзилалар, сув тошқинлари, ёнғинлар, эпидемиялар ва бошқаларда) ҳар қандай почта алоқаси, телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан ҳамда ахборот тизимларидан фойдаланиш ҳамда марказлашган телекоммуникация тармоқларини чеклаш ёки тўхтатиб қўйиш бўйича устуворликни аниқлаш, истисно тарзда телекоммуникация хизматлари истеъмолчиларининг махсус телекоммуникация тармоқлари;

26) Ўзбекистон Республикасида радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни сотиб олиш (бериш), лойиҳалаш ва қуриш (ўрнатиш) учун керакли рухсатномаларни бериш;

27) радиочастоталар спектридан фойдаланишни тўхтатиш, тўхтатиб туриш ва чеклаш, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар белгиланган стандартлар, техник регламентлар ва техник нормаларга мос бўлмаган ҳолда, фуқаролар хавфсизлигини таъминламаслик фактлари аниқланганда, радиочастоталар спектридан фойдаланганлик учун тўлов киритилмаганда, шунингдек, алоҳида ҳолатларда белгиланган тартибда улардан фойдаланишни тақиқлаш;

28) давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантиришга масъул бўлган бўлинма раҳбарларини ҳар йил якунлари бўйича тегишли орган ва ташкилот фаолиятига ахборот тизимлари, электрон давлат хизматлари ва ахборотлаштиришни жорий этиш режалари ва дастурларининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилганлиги учун мукофотлаш;

29) Маҳаллий дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш учун дастурий маҳсулотларнинг маҳаллий бозорининг ривожланиш ҳолатини ўрганиш ва таҳлил қилиш.

Вазирлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


20. Вазирлик қуйидагилар учун жавоб беради:

1) Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни самарали бажариш, шунингдек, ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг тегишли соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши;

2) Вазирлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш;

3) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини амалга ошириш сифати, натижалари ва оқибатлари;

4) соҳани ривожлантириш, шунингдек, ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича дастурлар, чора-тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларни самарали амалга ошириш;

5) фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ҳимоя қилишни таъминлаш;

6) ахборот технологиялари ва коммуникациялари, ахборотлаштириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, "Электрон ҳукумат" тизимини жорий қилиш, электрон рақамли имзодан ва радиочастоталар спектридан фойдаланиш, телекоммуникациялар ва почта алоқаси соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

7) электрон ҳукумат, ахборотлаштириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, телекоммуникациялар ва почта алоқаси соҳасига инвестициялар жалб қилинишини таъминлаш;

8) Ўзбекистон Республикаси Телекоммуникация тармоқларини бошқариш тизимини шакллантириш ва унинг самарали ишлашини таъминлаш;

9) Радиочастоталар бўйича республика кенгаши фаолиятининг ташкилий-техник ва норматив-ҳуқуқий таъминотини таъминлаш;

10) Вазирликка юкланган бошқа вазифаларни самарали бажариш.



§ 2. Вазирлик марказий аппаратининг

ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


21. Вазирликнинг марказий аппарати ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун:

1) давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларидан ва унинг тасарруфидаги ташкилотлардан, шунингдек, телекоммуникация корхоналаридан ва лицензиатлардан Вазирлик марказий аппаратида кўриб чиқиладиган масалаларни таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;

2) зарур бўлганда, белгиланган тартибда Вазирликда кўриб чиқиладиган масалаларни ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш учун Вазирлик ҳудудий бошқармалари ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар, телекоммуникация корхоналарининг раҳбарлари ва вакилларини, лицензиятларни жалб қилиш, бу мақсадлар учун эксперт ва ишчи гуруҳлар тузиш;

3) Вазирлик ҳудудий бошқармаларидан ва унинг тасарруфидаги ташкилотлардан улар томонидан киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг пухта ишлаб чиқилишини талаб қилиш, зарур бўлганда уларни камчиликларни бартараф этиш учун қайтариш;

4) Вазирлик ҳудудий бошқармалари ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар, телекоммуникация корхоналари раҳбарлари ва вакиллари, лицензиатлар иштирокидаги Вазирлик ҳайъат мажлиси ва йиғилишларини ўтказиш;

5) Вазирлик ҳудудий бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар, корхона раҳбарларига ва лицензиатларга тезкор ҳал қилиниши талаб этиладиган ва Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ масалалар бўйича белгиланган тартибда топшириқ бериш;

6) Вазирлик ҳудудий бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар, телекоммуникация корхоналари ва лицензиатлар томонидан қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари, шунингдек, Вазирлик ва унинг раҳбарияти томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ва топшириқларнинг бажарилиши бўйича фаолиятини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш;

7) хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига автоматлаштирилган дастурий маҳсулотларни жорий қилиш соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар тайёрлаш;

8) Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда юқори органларга киритиш;

9) Вазирлик ваколатига кирадиган масалаларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

10) Вазирлик ва унинг тасарруфидаги ташкилотлар ходимларини соҳадаги фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича параметрларнинг бажарилишини ҳисобга олган ҳолда моддий рағбатлантириш тартиби, миқдори ва шартларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

11) Вазирлик ваколатларига кирадиган масалалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, давлат ва ҳўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиш;

12) вазирликлар ва идоралар, компаниялар, уюшмалар, йирик корхоналар ва бирлашмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг иқтисодиёт соҳаларида ахборот-коммуникация технологиялари ва электрон ҳукуматни жорий этиш самарадорлиги ва сифати даражасини баҳолаш натижалари асосида эгаллаб турган лавозимларига мос келиши бўйича таклифларни кўриб чиқиш ва киритиш;

13) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳайъатларининг, иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларида ахборот-коммуникация технологиялари ва электрон давлат хизматларини жорий қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлисларда қатнашиш;

14) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ривожлантириш учун масъул ихтисослаштирилган таркибий бўлинмаларнинг раҳбарлари лавозимига номзодларни кўриб чиқиш ва келишиш;

15) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ва "Электрон ҳукумат" тизимини жорий қилиш, маъмурий процедураларни ахборотлаштириш ҳамда электрон давлат хизматлари кўрсатиш бўйича ишлар ва лойиҳаларни молиялаштиришга қилинадиган харажатлар сметасини кўриб чиқиш ва келишиш;

16) ташкилотлар томонидан ахборот-коммуникация технологиялари, телекоммуникация ва почта алоқаси хизматлари кўрсатиш бўйича қоидалар ва нормаларга риоя қилиниши, шунингдек, ўзининг ваколати доирасида телекоммуникация операторлари ва провайдерларининг фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

17) почта ва телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритаётган ва кўрсатиладиган хизматларининг сифати бўйича белгиланган нормалар, стандартлар, техник регламентлар ва талаблар, республика ҳудудида фойдаланишда бўлган телекоммуникациялар воситалари, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар параметрларининг бузилишига йўл қўяётган хўжалик юритувчи субъектларнинг айрим қурилмалари ва технологик участкалари ишини, аниқланган камчиликлар бартараф қилингунга қадар, вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиш;

18) телекоммуникациялар, телерадиоэшиттириш, радиочастота спектридан фойдаланиш, почта алоқаси, ахборотлаштириш, электрон ҳукумат, электрон рақамли имзо ва радиочастота спектридан фойдаланиш, ахборот хавфсизлиги соҳасида фаолиятни тартибга соладиган, барча вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

19) телекоммуникациялар соҳасида фаолиятни амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензия битимлари талаблари ва шартлари бажарилиши устидан назорат, тизимли мониторинг олиб бориш;

20) давлат ва хўжалик бошқаруви органларига Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида, шу жумладан, ижтимоий тармоқларда юқори даражада ижтимоий қизиқиш уйғотадиган нохолис, ишончли бўлмаган мақолаларга ўз вақтида эътибор қаратиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

21) фавқулодда ҳолатларда (ҳарбий ҳаракатлар пайтида, зилзилаларда, сув тошқинларида, ёнғинларда, эпидемиялар ва бошқаларда) барча тармоқлар ва почта алоқаси воситалари, телекоммуникация ва ахборот тизимлари, шунингдек, марказлаштирилган телекоммуникация тармоқлари ва воситалари бошқарувидан фойдаланиш, ишини чеклаш ёки тўхтатиб қўйишда, телекоммуникация хизматлари махсус истеъмолчилари тармоқларидан ташқари, устуворликни аниқлаш ҳуқуқига эга.

Вазирликнинг марказий аппарати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


22. Вазирлик марказий аппарати:

1) Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек, унинг тасарруфидаги ташкилотлар билан бирга, Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;

2) Вазирлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича Вазирлик марказий аппарати бўлинмаларининг ишини ташкил қилиш;

3) Вазирлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси кўриб чиқиши учун киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинадиган қарорларни сифатли тайёрлаш ва экспертиза қилиш;

4) ҳудудий бошқармалар томонидан ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантириш, шунингдек, ахборот технологиялари ва коммуникациялари, почта алоқаси ва телекоммуникациялар соҳасида ҳудудларнинг муаммоли масалаларини ҳал қилиш ва иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар амалга оширилишини ташкил қилиш;

5) фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини ва ҳимоясини таъминлаш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлик ҳайъати кўриб чиқиши учун киритиладиган ҳужжатлар ва материалларни сифатли ва ўз вақтида тайёрланиши учун жавоб беради.


§ 3. Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси,

вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий

бошқармаларининг ҳуқуқлари ва

жавобгарлиги


23. Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун:

1) белгиланган тартибда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳудудий бўлинмаларидан Вазирлик ваколатларига кирадиган масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ахборотни сўраш ва олиш;

2) кўриб чиқиш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифлар киритиш;

3) мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда почта алоқаси ва телекоммуникациялар хизматлари, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича қоидалар ва нормаларга риоя қилиниши мониторингини амалга ошириш;

4) мулкчилик шаклидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси қонунчилигига амал қилиши юзасидан назоратни амалга ошириш;

5) лицензия битимлари талаблари ва шартлари бажарилиши, шунингдек, ҳудудларда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида фаолиятни амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қонунларга риоя қилиниши устидан тизимли мониторингни амалга ошириш;

6) электрон ҳукумат соҳасида ҳудудий лойиҳаларнинг ўз вақтида бажарилишини, идоралараро ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари ривожланиши ва жорий қилиниши мониторингини олиб бориш;

7) белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Вазирликка давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш даражаси, сифати ва самарасини баҳолаш натижаларига кўра эгаллаб турган лавозимларига тўғри келиш-келмаслиги таклифини киритиш;

8) давлат ва хўжалик бошқаруви ҳудудий органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифати ҳамда самарадорлиги бўйича ўрганишлар ўтказиш;

9) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлисларда иштирок этиш;

10) ахборот технологиялари ва коммуникациялари, почта алоқаси ва телекоммуникациялар соҳасини ривожлантириш, шунингдек, Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича давлат ва тармоқ дастурлари, чора-тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар бажарилишининг назоратини амалга ошириш;

11) ташкилотлар томонидан, почта алоқаси, телекоммуникациялар ва ахборот-коммуникациялар технологиялари хизматлари кўрсатиш бўйича нормалар ва қоидаларга риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш;

12) ҳудудларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ўзаро ҳамкорлик тизимини такомиллаштириш юзасидан Вазирликка таклиф киритиш ҳуқуқига эга.

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


24. Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари:

1) Вазирлик ҳудудий бошқармаларининг фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларига эришишни таъминлаш;

2) Вазирликка киритиладиган ҳужжатлар ва таклифлар лойиҳалари сифати, якуний натижалари ҳамда амалга оширилишининг оқибатлари, шунингдек, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан қабул қилинадиган қарорлар;

3) туманларда (шаҳарларда) аниқланган муаммоларни ҳар томонлама, чуқур таҳлил қилиш ва умумлаштириш асосида, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасини ривожлантириш бўйича таклифларни тайёрлаш;

4) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида соҳани ривожлантириш, муаммоли масалаларни ҳал қилиш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатларни самарали амалга ошириш;

5) фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя қилинишини ва унинг ҳимоясини таъминлаш учун жавоб беради.



5-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


25. Қуйидагилар Вазирнинг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

2) Вазирлик фаолиятига умумий раҳбарликни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжати билан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори ва бошқа қонун ҳужжатлари билан юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва комплекс тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

4) Вазирлик, ҳудудий бошқармалар ва унинг таркибий бўлинмалари фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалдаги чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси таркибий бўлинмалари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан, шунингдек, Вазирликнинг фаолият соҳасига кирадиган масалалар бўйича тегишли вазирликлар ҳамда идоралар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарларининг топшириқларини бажариш;

7) ўзининг ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Вазирлик бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини белгилаш, ўзининг ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларининг Вазирлик фаолиятининг айрим участкаларига раҳбарлик қилиш юзасидан шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;

8) Вазирлик фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Вазирлик ва ўз ўринбосарларининг ҳар чоракдаги иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

9) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилишини ташкил этиш ва мониторинг қилишнинг амалдаги тизимини яратиш, Вазирлик фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, таркибий бўлинмалар ва ҳудудий бошқармалар, шунингдек, тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқларининг самарали ва натижавий бажарилиши, шунингдек, ижро интизомини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, барча даражадаги ҳокимиятлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

10) Вазирлик ходимларининг қайта тайёрланиши ва малакаси тизимли оширилишини ташкил этиш;

11) Вазирлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шароитлар яратиш, Вазирликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

12) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг номенклатурасига кирадиган вакант лавозимларга таклиф қилинган кадрларнинг, шунингдек, Вазирликка ишга қабул қилинадиган бошқа кадрларнинг касб маҳорати, билимга эгалиги, амалий тажрибаси, иш ва ахлоқий-маънавий сифатларининг юқори даражаси кафолатланишини таъминлаш;

13) Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Регламенти талабларига қатъий мувофиқ равишда фаолият соҳасининг масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, уларни ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш, Ўзбекистон Республикасининг "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги, "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ уларнинг Вазирлар Маҳкамасининг Девонида ишлаб чиқилишида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раҳбарияти ҳузурида ҳимоя қилинишида ва Вазирликнинг қонун лойиҳасини тайёрлаш бўйича фаолиятини ташкил этишда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Администрациясида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

14) Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;

15) Вазирликка тақдим қилинган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўлиқ ва ҳар томонлама кўриб чиқилишини таъминлаш, уларнинг пухта бажарилган экспертизасини ўтказиш, шунингдек, белгиланган муддатларда уларни келишиш (уларга виза қўйиш);

16) қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мос ҳолда Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини уюштириш ва ташкил этиш, хизмат сафарларининг асослилигини, самарадорлигини ва натижадорлигини, сафар харажатлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланишни таъминлаш;

17) ўз ўринбосарларининг ва таркибий бўлинмалар ҳамда ҳудудий бошқармалар раҳбарлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигининг танқидий таҳлилини мунтазам олиб бориш, Вазирлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлар бўйича зарур чоралар кўриш;

18) Вазирлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўзининг ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимларида бундан буён қолишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

19) Вазирлик ходимларининг тасдиқланган ходимлар Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишини таъминлаш;

20) "Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа қонун бузилишларининг олдини олиш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, қонунни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни содир этишга ёрдам берувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

21) Вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ишини ташкил этишнинг замонавий шакллари жорий қилинишини таъминлаш;

22) давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини, сифатини ва фойдалана олишликни ошириш, шу жумладан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширишда "ягона дарча" принципини жорий қилиш йўли билан, Ўзбекистон Республикасининг "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Қонунини бажариш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

23) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни самарали ташкил қилиш, аҳоли билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, шахсий қабулларни, шу жумладан, қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ва муддатларда жисмоний шахслар ҳамда юридик шахслар вакилларининг сайёр қабулларини мунтазам равишда ўтказиш;

24) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ўзаро ҳамкорлик қилишни, Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг улар ишида фаол қатнашишини ташкил қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган мурожаатлари ўз вақтида ва мукаммал кўриб чиқилишини таъминлаш;

25) давлат сирларига киритилган ва махфий тусдаги ахборотлар билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

26) Вазирлик ходимлари, шунингдек, Вазирликнинг ташкилий тузилмасига кирадиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан бажарилиши шарт бўлган буйруқлар, фармойишлар, қарорлар ва кўрсатмалар чиқариш;

27) Вазирликнинг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари тузилмасига, зарур ҳолларда Вазирликнинг белгиланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш.

Вазир қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


26. Қуйидагилар Вазир ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

2) Вазир вақтинча бўлмаганда, тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

3) Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва унга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

4) Вазирлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва унинг фаолиятининг мутасаддилик қилинадиган йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган концепциялар, комплекс дастурлар ҳамда тадбирлар амалга оширилишини чуқур ва танқидий таҳлил қилиш;

5) мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларнинг прогноз кўрсаткичларга эришишини сўзсиз таъминлаш чораларини кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини тизимли равишда эшитиш ҳамда қайд этилган кўрсаткичларга эришиш борасида уларнинг шахсий масъулиятини ошириш;

6) мутасаддилик қилинадиган бўлинмалар раҳбарларининг ҳар чораклик режаларини тасдиқлаш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ҳамда топшириқлари бажарилишини таъминлаш, Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларида ижро интизомини мустаҳкамлашга доир комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, топшириқларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

8) Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазирнинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш;

9) Вазирга мутасаддилик қиладиган бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишга доир таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионал даражаси, чуқур билимга, амалий тажрибага эгалиги, ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларининг юқорилиги кафолатланганини таъминлаш, уларнинг касб малакасини ошириш, Вазирлик мутасаддилик қиладиган таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

10) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли тайёрлашини таъминлаш, Вазирлик таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кейинчалик муҳокама этиш учун кўриб чиқиш ҳамда уларга виза қўйиш, Вазир томонидан имзолаш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Регламенти талабларига мувофиқ уларнинг Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, шунингдек, Вазирнинг топшириғига биноан Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

11) Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ҳамда ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни ҳуқуқий, молиявий, иқтисодий ва бошқа экспертизадан пухта ўтказиш;

12) қонун ҳужжатлари талабларига қатъий мувофиқ равишда хизмат сафарларини ташкил қилиш, хизмат сафарларининг асослилиги, самарадорлиги ва натижадорлигини ҳамда хизмат сафарлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланишни таъминлаш;

13) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларининг фаолияти самарадорлиги ҳамда натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, уларнинг Вазирлик ҳайъати мажлисларида шахсий ҳисоботларини эшитиш ва якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

14) Вазирлик мутасаддилик қиладиган фаолиятига тааллуқли масалалар бўйича амалий чоралар кўриш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Вазирга киритиш;

15) мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолиши ёки қолмаслиги мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масаласини кўриб чиқиш тўғрисида Вазирга таклифлар киритиш, функционал мажбуриятлар ва юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

16) Вазирлик ходимларининг тасдиқланган одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишини, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари томонидан кўрсатилган қоидаларга риоя қилинишини таъминлаш;

17) Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши кураш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашадиган сабаблар ҳамда шароитларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

18) Вазирга давлат хизматлари кўрсатиш ва улардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда сифатини оширишга доир таклифлар киритиш;

19) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишларни ташкил қилиш, аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, қонунчиликда белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ҳамда юридик шахслар вакилларини мунтазам шахсан қабул қилиш, шу жумладан сайёр қабул қилиш;

20) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилиш, Вазирлик ходимлари ва раҳбариятининг қабулхоналар фаолиятида фаол иштирок этишини ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахслардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига келиб тушадиган мурожаатларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш;

21) давлат сирларига киритилган ахборот ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш.


27. Қуйидагилар Вазирлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

2) таркибий бўлинмалар фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш, ушбу бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

3) ўз ваколатлари доирасида Вазирлик ҳудудий бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш;

4) прогноз кўрсаткичлар бажарилишини тизимли таҳлил қилиш ва Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган бўлинмалар ва ҳудудий бошқармаларининг мазкур кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чоралар кўриш бўйича Вазирнинг мутасадди ўринбосарларига таклифлар киритиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ҳамда топшириқлари бажарилишини таъминлаш, Вазирлик таркибий бўлинмаларининг ходимлари томонидан ижро интизомини мустаҳкамлашга доир комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, топшириқларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилиши учун таркибий бўлинмалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

6) Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазирнинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш;

7) таркибий бўлинмаларнинг ҳар чораклик иш режаларини ишлаб чиқишни таъминлаш, уларни тасдиқлаш учун киритиш, уларда кўрсатилган вазифалар ва тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

8) таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар бажарилишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятига амалий ва услубий кўмаклашиш;

9) таркибий бўлинмалар фаолияти бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун Вазирлик раҳбариятига киритиш;

10) Вазир ўринбосарларига таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишга доир таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионал даражаси, чуқур билимга, амалий тажрибага эгалиги, ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларининг юқорилиги кафолатланганини таъминлаш, уларнинг касб малакасини ошириш, таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

11) таркибий бўлинмаларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли тайёрлашини таъминлаш, Вазирлик таркибий бўлинмаларида тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кейинчалик муҳокама этиш учун кўриб чиқиш ҳамда имзолаш, Вазир томонидан имзолаш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Регламенти талабларига мувофиқ уларнинг Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Аппаратида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

12) Вазирликка тақдим этилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ҳамда ҳар томонлама кўриб чиқиш, уларни экспертизадан пухта ўтказиш;

13) қонун ҳужжатлари талабларига қатъий мувофиқ равишда хизмат сафарларини ташкил қилиш, хизмат сафарларининг асослилиги, самарадорлиги ва натижадорлигини ҳамда хизмат сафарлари учун ажратиладиган маблағлардан мақсадли ҳамда оқилона фойдаланишни таъминлаш;

14) таркибий бўлинмалар ходимларининг фаолияти самарадорлиги ҳамда натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, мажлисларда уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш ва якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

15) Вазирлик ходимларининг тасдиқланган одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этишини, таркибий бўлинмаларнинг ходимлари томонидан кўрсатилган қоидаларга риоя қилинишини таъминлаш;

16) Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ таркибий бўлинмаларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашадиган сабаблар ҳамда шароитларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

17) Вазирлик раҳбариятига давлат хизматлари кўрсатиш ва улардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда сифатини оширишга доир таклифлар киритиш;

18) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, Қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ҳамда юридик шахслар вакилларини мунтазам шахсан қабул қилиш, шу жумладан сайёр қабул қилиш;

19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ўзаро ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган мурожаатларини ўз вақтида ва мукаммал кўриб чиқиш;

20) давлат сирларига киритилган ахборот ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш.


28. Қуйидагилар Вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари раҳбарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиш;

2) Вазирлик ҳудудий бошқармаларининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, ушбу бошқармаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, шунингдек, Вазирликнинг қарорлари билан юкланган вазифа ҳамда функциялар бажарилишини ташкил қилиш;

3) ҳудудий бошқармалар фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга сўзсиз эришиш бўйича амалий чораларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ҳамда топшириқлари бажарилишини таъминлаш, ҳудудий бошқармаларнинг ходимлари томонидан ижро интизомини мустаҳкамлашга доир комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, топшириқларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилиши учун ҳудудий бошқармалар ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

5) Вазирлик ҳайъати қарорлари, Вазирнинг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш;

6) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожланиш секторлари билан Вазирлик фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича ҳамкорлик қилиш;

7) ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, ҳудудий бошқармаларнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини, Вазирлик фаолиятининг айрим участкаларига раҳбарлик учун ўз ўринбосарлари ҳамда бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлик даражасини белгилаш;

8) Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, Вазирлик ҳудудий бошқармалари ва ўз ўринбосарлари ишларининг ҳар чораклик режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

9) Вазирлик ҳудудий бошқармаларига кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароитлар яратиш, ҳудудий бошқармаларнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

10) Вазир номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган номзодларнинг, шунингдек, ҳудудий бошқармаларга ишга қабул қилинадиган бошқа кадрларнинг профессионал даражаси, чуқур билимга эгалиги, ишчанлик ва маънавий-ахлоқий фазилатлари юқорилиги кафолатланганини таъминлаш;

11) ҳудудий бошқармалар ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолиши ёки қолмаслиги мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масалани кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

12) ҳудудий бошқармалар ходимлари томонидан Вазирлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

13) Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ Вазирлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, уларнинг содир этилишига кўмаклашадиган сабаблар ҳамда шароитларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунларни такомиллаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

14) прогноз кўрсаткичлар бажарилишини тизимли таҳлил қилиш ва ҳудудий бошқармаларнинг мазкур кўрсаткичларга сўзсиз эришишини таъминлашга қаратилган қўшимча чоралар кўриш бўйича Вазирнинг мутасадди ўринбосарларига таклифлар киритиш;

15) ҳудудий бошқармалар ходимларининг фаолияти самарадорлиги ҳамда натижадорлигини тизимли равишда танқидий таҳлил қилиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини йиғилишларда эшитиш ва якунлари бўйича зарур чоралар кўриш;

16) ҳудудий бошқармалар фаолияти бўйича қонунчиликни такомиллаштиришга, шунингдек, давлат хизматлари кўрсатиш ва улардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда сифатини оширишга доир таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни Вазирлик раҳбариятига кўриб чиқиш учун киритиш;

17) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, Қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда жисмоний шахсларни ҳамда юридик шахслар вакилларини мунтазам шахсан қабул қилиш, шу жумладан сайёр қабул қилиш;

18) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ўзаро ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан келиб тушадиган мурожаатларини ўз вақтида ва мукаммал кўриб чиқиш;

19) давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилишни таъминлаш.



6-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


29. Вазир:

1) Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

2) ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган Вазирликнинг жавобгарлик соҳалари бўйича;

3) ушбу Низомнинг 25-бандида қайд этилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


30. Вазир ўринбосарлари:

1) Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;

2) ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган масалалар юзасидан жавобгарлик соҳалари бўйича;

3) ушбу Низомнинг 26-бандида қайд этилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


31. Марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари:

1) тегишли таркибий бўлинмаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилиши;

2) ушбу Низомнинг 22-бандида назарда тутилган Вазирлик марказий аппаратининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

3) ушбу Низомнинг 27-бандида қайд этилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


32. Вазирликннг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари:

1) ҳудудий бошқармаларга юкланган вазифалар ва функцияларнинг амалга оширилиши;

2) ушбу Низомнинг 24-бандида назарда тутилган Вазирлик ҳудудий бошқармаларининг жавобгарлик соҳалари бўйича;

3) ушбу Низомнинг 28-бандида қайд этилган ўз функционал вазифаларининг сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.



7-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ


§ 1. Вазирлик раҳбарияти


33. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган Вазир бошчилик қилади.

Вазир ўзининг мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси ҳисобланади.


34. Вазирнинг биринчи ўринбосари ва бошқа ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


35. Вазир бўлмаган вақтда унинг ваколатларини, мажбуриятларнинг тақсимланишига мувофиқ, унинг ўринбосарлари амалга оширади.


36. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари Вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


37. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар тўғрисидаги низом Вазир томонидан тасдиқланади, қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.


38. Вазир бир вақтнинг ўзида Радиочастоталар бўйича республика кенгаши раисининг ўринбосари ҳисобланади.



§ 2. Вазирлик марказий аппарати таркибий

бўлинмаларининг унинг ҳудудий бошқармалари

билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби


39. Вазирлик марказий аппарати таркибий тузилмаларининг унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги марказий аппарат таркибий тузилмаларининг раҳбарлари томонидан таъминланади.


40. Вазирлик марказий аппаратининг таркибий тузилмалари Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари билан ўз фаолияти йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиб:

1) топшириқларни ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотларга етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

2) Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларига ва идоравий мансуб ташкилотларига таркибий тузилмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

3) Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолияти амалиётини текширади ва ўрганади, умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

4) Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотлар ўрганилишини ташкил этади;

5) Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чоралар кўради;

6) Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотларидан тушган таклифларни кўриб чиқади;

7) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари иштирокини ташкил этади, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича улардан тушган таклифларни кўриб чиқади.


41. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари Вазирлик марказий аппаратининг таркибий тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, шу жумладан:

1) Вазирлик раҳбарияти топшириқлари ижроси ҳақида ахборот беради;

2) ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича фаолият натижалари тўғрисида марказий аппаратга ахборот тақдим этади;

3) уларнинг фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида ишда аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида ахборот беради;

4) ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда Вазирликнинг марказий аппаратига тақдим этади;

5) ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш муаммолари, шу жумладан аҳолининг энг муҳим муаммоларини ҳал қилишга қаратилган таклифларни Вазирликнинг марказий аппаратига юборади;

6) комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро ҳамкорлик натижалари тўғрисида ахборот беради;

7) ваколатли органлар томонидан ўтказилган ўз фаолиятини текшириш натижалари тўғрисида ахборот беради.


42. Вазирлик марказий аппарати таркибий тузилмалари ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий мансуб ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар Вазирнинг топшириғига биноан унинг тегишли ўринбосари томонидан кўриб чиқилади. Агар кўриб чиқилгандан сўнг келишмовчиликлар тартибга солинмаса, бу масала бўйича қарор бевосита Вазир томонидан қабул қилинади.



§ 3. Вазирликнинг давлат ва хўжалик бошқаруви

бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти

органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро

ҳамкорлик қилиш тартиби


43. Вазирлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


44. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколати доирасида бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари тегишли ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича "йўл хариталари"ни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар билан ўзаро яқин ҳамкорлик қилади.


45. Вазирлик Вазирлар Маҳкамасининг IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаментига бириктирилган ташкилотлар рўйхатига киради ва унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг таркибий бўлинмалари томонидан мутасаддилик қилинади.


§ 4. Вазирликнинг ҳайъати, бошқа кенгаш,

маслаҳат, эксперт органлари


46. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек, Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Вазирнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

47. Ҳайъатга қуйидаги вазифалар юкланади:

Вазирлик фаолиятининг ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Вазирлик тизими ходимлари ва раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чораларини кўрган ҳолда таркибий ва ҳудудий тузилмалар ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари ҳисоботлари мунтазам равишда эшитилишини ташкил этиш;

Вазирлик фаолияти соҳасидаги ҳудудий ва тармоқ дастурлари амалга оширилишининг натижадорлигини тизимли равишда кўриб чиқиш;

жойларда Вазирлик фаолияти соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинишини таъминлаган ҳолда ҳайъатнинг кенгайтирилган мажлислари ўтказилишини ташкил этиш, шунингдек, юзага келган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

Вазирлик марказий аппарати ва унинг тизимига кирадиган лавозимлар номенклатурасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Вазирлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш масалаларини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари билан белгиланган вазифалар ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг ижро интизомини мустаҳкамлаш ва шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича масалаларни кўриб чиқиш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқишга ҳақлидир.


48. Ҳайъат мажлисига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари, уларнинг ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклиф этилиши мумкин.


49. Ҳайъат, агар унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.


50. Ҳайъат қарорлари вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади.


51. Ҳайъат раиси ва аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган келишмовчиликлар ҳақида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам Вазирлар Маҳкамасига ёзма равишда ўз фикрини хабар қилиши мумкин.


52. Ҳайъат фаолияти тартиби Вазирлик ҳайъати томонидан тасдиқланган регламент билан белгиланади.


53. Вазирлик алоқа, ахборот технологиялари, телекоммуникациялар, почта алоқаси, ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик, радиочастота спектридан фойдаланиш, "Электрон ҳукумат" тизимини жорий этиш ва ривожлантириш, электрон тижорат, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ва вазир томонидан тасдиқланадиган низомлар соҳасида, Вазирлик фаолияти соҳасига кирадиган бошқа йўналишлар бўйича эксперт кенгашлар ва бошқа маслаҳат берувчи органларни ташкил қилиш ҳуқуқига эга.


54. Алоқа, ахборот технологиялари, телекоммуникациялар, почта алоқаси, ахборот хавфсизиги, киберхавфсизлик, радиочастота спектридан фойдаланиш, "Электрон ҳукумат" тизими, электрон тижорат, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ва Вазирлик фаолияти соҳасига кирадиган бошқа йўналишлар бўйича долзарб масалаларни кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш кенгаш, маслаҳат ва экспертлик органларининг асосий вазифалари ҳисобланади.



8-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИ ВА НАТИЖАДОРЛИГИНИ

БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ ВА ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ


55. Вазирлик фаолиятининг самарадорлиги мунтазам баҳоланади.


56. Вазирлик самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мутасаддилик қилувчи комплекси раҳбари томонидан тасдиқланадиган Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.


57. Давлат органи фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

Вазирлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш;

Вазирлик фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари кўрилади.


58. Вазирлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услубиёти қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



9-БОБ. ВАЗИРЛИКНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ

ВА УЛАРНИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


59. Вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари фаолияти, меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси ва моддий-техник таъминотини молиялаштириш Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси, бюджетдан ташқари фондларнинг маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган смета доирасида қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


60. Вазирлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши (тариф сеткаси бўйича маош ва рағбатлантириш коэффициенти), устамалар, мукофотлар, қўшимча ҳақлар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади.


61. Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан Вазирликнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари Вазирлик ҳайъати томонидан белгиланади.

Вазирликнинг Ривожлантириш жамғармаси ва бошқа жамғармаларга келиб тушадиган маблағлар ҳисобидан ходимларга қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тўловлар ҳам амалга оширилиши мумкин.


62. Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобига:

ижтимоий инфратузилма объектлари (санаторий-профилакторий ва спорт-соғломлаштириш муассасалари, дам олиш уйлари, ихтисослаштирилган мактаблар ва соҳанинг бошқа муассасалари)ни сотиб олиш ва уларга эгалик қилишни ташкил қилиш;

замонавий суғурта хизматлари (тиббий суғурта, ҳаёт суғуртаси ва бошқа суғурта турлари)ни кенг қўллаш;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ижтимоий тусдаги бошқа тадбирларни ташкил қилиш ҳуқуқига эга.


63. Вазирликнинг идоравий мансуб хўжалик ҳисобидаги ташкилотларининг моддий-техник таъминоти, шунингдек, улар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирлик маблағлари, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

"UNICON.UZ" - Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази ДУК қошида фаолият юритадиган Алоқа объектларининг давлат кадастри хизмати, Стандартлаштириш таянч ташкилоти, Таянч метрология хизмати, Атамашунослик ва луғатлар хизмати, ZiyoNet тармоғининг ресурс маркази, "UZINFOCOM" давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интегратор" қошида фаолият юритадиган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати порталини ахборот билан таъминлаш ва ривожлантириш гуруҳлари, "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш маркази" давлат муассасаси Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Вазирликнинг Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази фаолиятини, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва қўшимча рағбатлантириш жамғармасини, шунингдек, моддий-техник таъминотини молиялаштириш "Хавфсиз шаҳар" комплексидан фойдаланган ҳолда аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар тўловидан келиб тушадиган суммадан ўн фоиз миқдоридаги маблағлар ҳисобига, етмаган қисми бўйича эса - Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


64. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари юридик шахс ҳисобланмайди ва ўз фаолиятини вазир томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ амалга оширади.



10-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ,

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

АДМИНИСТРАЦИЯСИНИНГ ТЕГИШЛИ ТАРКИБИЙ

БЎЛИНМАЛАРИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ОЛДИДА ҲИСОБОТ БЕРИШИ

65. Вазир Вазирликнинг фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тизимли равишда ҳисобот беради.


66. Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Вазирлик раҳбарларига юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича улар фаолияти устидан мунтазам мониторинг олиб боради, Вазирлик фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.

67. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича Вазирликнинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантирилади ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлари учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


68. Вазирликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 май