Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.04.2018 й. 266-сон "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.04.2018 й.

N 266




"ЎЗБЕКТЕЛЕКОМ" АКЦИЯДОРЛИК

КОМПАНИЯСИНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА

БАЗАСИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


"Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва давлат мулкидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг "Telmax Elektroniks" МЧЖга тегишли бўлган Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Невич маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган "Невич синов-тажриба базаси"нинг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда (кейинги ўринларда объект деб аталади) "Ўзбектелеком" акциядорлик компаниясининг устав капиталига давлат улушини ошириш ҳисобига бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда "Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси устав капиталидаги давлат улуши объектнинг баҳолаш ташкилоти томонидан баҳоланган қийматига оширилишини ҳамда топшириш қабул-қилиш ишлари амалга оширилишини ва унга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент вилояти Паркент туманини 2017-2018 йилларда комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 5 июндаги 357-сон қарорига 9-иловадаги 1-позиция чиқариб ташлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги келгусида объектдан ҳамда унинг ҳудудидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминласин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири А.И. Ахмедхаджаев, Тошкент вилояти ҳокими Ғ.И. Ибрагимов зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                      А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 6 апрель