Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.12.2017 й. 976-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 11 декабрдаги

976-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Ўзбеккино" Миллий агентлиги

ҳузуридаги Миллий кинематографияни

ривожлантириш жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма миллий кино маҳсулотларини яратишнинг белгиланган йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари прогноз кўрсаткичларининг тегишли қисмини молиялаштириш, Агентлик тизимидаги кинематография объектларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кинематография соҳасини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилади.

3. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўазначилигида очилган "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ягона шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ва мазкур Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

давлат буюртмаси ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган фильмларнинг кинопрокатидан тушадиган маблағлар;

давлат буюртмаси ва Жамғарма маблағлари ҳисобидан ишлаб чиқарилган фильмларни намойиш этиш мобайнида жойлаштириладиган тижорат эълонларидан тушадиган маблағларнинг 10 (ўн) фоизига тенг миқдордаги мажбурий ажратмалар;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини қонун ҳужжатларига мувофиқ банк депозитлари шаклида ва бошқа шаклларда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

Агентлик томонидан кино ва бошқа маданий-ижтимоий тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ бўлган фаолиятдан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


5. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш унинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ амалга оширилади.


6. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметаси бюджет ташкилотлари учун бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади.


7. Жамғарманинг маблағлари қуйидагиларни молиялаштириш учун сарфланади:

миллий кино маҳсулотларини яратишнинг белгиланган йиллик ишлаб чиқариш ҳажмлари прогноз кўрсаткичларининг тегишли қисмини молиялаштириш;

кинематография соҳасида фаолият кўрсатаётган ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш;

ёш, истеъдодли ва истиқболли кино ижодкорларнинг етакчи хорижий таълим муассасаларида таҳсил олиши билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштириш;

республика, ҳудудий ва давлатлараро аҳамиятга эга маданий-ижтимоий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, миллий кинематографияни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ва режаларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар;

Агентлик тизимидаги кинематография ташкилотларини модернизация қилиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, шу жумладан, миллий кино маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун замонавий кино технологиялар, асбоб-ускуналар, жиҳозлар харид қилиш;

Агентлик ҳузуридаги Бадиий кенгаш аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар;

миллий фильмларни хорижда кенг тарғиб қилиш ва халқаро кинофестиваллардаги иштирокини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар;

Ўзбекистон Республикасида бўлиб ўтадиган кинематографияни ривожлантиришга доир хорижий ва халқаро тадбирлар ҳамда учрашувларни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар;

Жамғарма Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган миқдорларда Агентлик ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш.

Жамғарма маблағлари "Ўзбеккино" Миллий агентлигига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа мақсадлар учун ҳам ишлатилади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


8. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш Агентлик бош директори раислик қилувчи Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.

Кузатув кенгаши таркиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Кузатув кенгаши унинг мажлисида ушбу Кенгаш аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.

9. Кузатув кенгаши:

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлайди;

ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган тадбирлар Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштирилишини белгилайди;

зарур ҳолларда тасдиқланган харажатлар сметаларига тегишли ўзгартиришлар киритади.


10. Кузатув кенгаши мажлиси ҳар чоракда бир маротаба, зарур бўлганда навбатдан ташқари чақирилади.


11. Жамғарма маблағларини бошқариш, шакллантириш ва улардан фойдаланиш мониторингини олиб бориш Агентликнинг Иқтисодий таҳлил, молиялаштириш ва жамғарма маблағларидан фойдаланишни мувофиқлаштириш бошқармаси (кейинги ўринларда Бошқарма деб аталади) томонидан амалга оширилади.


12. Бошқарма:

Жамғарманинг маблағлари ҳисоби юритилишини таъминлайди;

Жамғарма фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлайди;

Кузатув кенгашига Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини молиялаштириш тўғрисида таклифлар киритади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ЮЗАСИДАН ҲИСОБОТ,

НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


13. Жамғарма бўйича маблағлар тушуми ва харажатлари ҳисоби Агентлик томонидан алоҳида юритилади.


14. Агентлик томонидан ҳар чоракда кейинги ойнинг 15-кунигача Жамғарма маблағларининг жамланиши ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни Кузатув кенгашига тақдим этади.


15. Ҳисоботлар ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 20-кунигача Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади.


16. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади.


17. Жамғарма маблағларининг сарфланишида Агентлик:

Жамғарма маблағлари бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилиши;

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб беради.


18. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмай қолган маблағлари кейинги йилга ўтади ва олиб қўйилмайди.


19. Жамғарма маблағларининг тўғри шакллантирилиши ва фойдаланилиши юзасидан назорат белгиланган тартибда давлат молиявий назорат органи томонидан амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. Жамғармани тугатиш ёки қайта тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


21. Жамғарма маблағларидан фойдаланишда келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 12 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 18 декабрь, 50-сон, 1228-модда