Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмасининг Устави (ЎзР ВМ 28.12.2017 й. 1030-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 28 декабрдаги

1030-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳузуридаги

Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмасининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмасининг (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) асосий мақсади ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Уюшма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


3. Уюшма давлат муассасаси шаклида юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, қонун ҳужжатларига мувофиқ банкларда миллий ва хорижий валютада ҳисоб рақамларига эга бўлади.


4. Уюшманинг тўлиқ расмий номи:

ўзбек тилида: "Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси" давлат муассасаси;

рус тилида: государственный орган "Творческий союз кинодеятелей Узбекистана";

инглиз тилида: "The Creative Union of Filmmakers of Uzbekistan" public institution.

5. Уюшма фаолияти ихтиёрийлик, тенг ҳуқуқлилик, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик принципларига асосланади.


6. Уюшма жойлашган жойи (почта манзили): Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси 98-уй.



2-БОБ. УЮШМАНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Уюшманинг асосий мақсади миллий кино санъатининг бой анъаналари ва ютуқларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, одамларнинг маънавий камолотида кино санъатининг ўрнини юксалтириш, замон талаблари даражасидаги етук асарлар яратиш, уларда миллий анъаналарни улуғлаш орқали умуминсоний қадриятларни тараннум этиш, жаҳон кино санъати соҳасида қўлга киритилган ютуқлардан унумли фойдаланиш, шунингдек, киноижодкорларнинг профессионал ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишдан иборат.


8. Уюшманинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўзбек халқининг бир асрдан зиёд тарихга эга бўлган кино санъати анъаналарини бойитиш, халқимиз, айниқса, ёш авлод онгида миллий маданиятимиз ва қадриятларимизга нисбатан ҳурмат туйғусини ошириш;

миллий кинематография йўналишларини белгилаш, янги бадиий жамоалар тузиш, бой анъаналарга таянган ҳолда жаҳон андозалари даражасидаги замонавий миллий кино санъати мактабини яратиш;

Ўзбекистон кино санъатини мамлакатимизда ва чет элларда тарғиб этиш, хорижий кино усталари билан ижодий алоқаларни ўрнатиш ва кенгайтириш;

миллий ва халқаро кинофестивалларида иштирок этиш ҳамда уларни ташкил қилиш, кино соҳасида маданий-ижтимоий тадбирлар, ижодий учрашувлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

аҳолининг кино санъатига бўлган талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш мақсадида социологик тадқиқотлар олиб бориш, соҳага оид статистик ва таҳлилий маълумотлар тайёрлаш;

кино соҳасида кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш масалаларини ҳал қилишда бевосита иштирок этиш, шу соҳа мутахассисларини тайёрлайдиган ўқув муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш;

ўзига хос ижод мактабини яратган ўзбек киноарбоблари, етук кино мутахассислари тажрибасини оммалаштириш;

ижодий-амалий танловларни ташкил этиш орқали иқтидорли ёш ижодкорларни аниқлаш, уларни саралаб олиб, ижодий имкониятларини рўёбга чиқаришга амалий ёрдам бериш;

хорижий мамлакатлар киноижодкорлари фаолиятига доир янгилик ва илғор тажрибаларни Ўзбекистон киноижодкорлари орасида оммалаштириш;

киноижодкорларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш, рағбатлантириш, уларнинг меҳнат, турмуш ва дам олиш шароитларини яхшилашга ёрдам бериш;

кекса, нафақага чиққан кино фахрийларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш;

миллий ва халқаро ҳамкорлар ҳамда мутахассисларни жалб қилган ҳолда долзарб мавзуларда конференциялар, симпозиумлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа турли тадбирлар уюштириш;

ўз фаолияти ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш учун матбуот анжуманлари ўтказиш, оммавий ахборот воситалари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа воситалар орқали маълумотлар бериб бориш.

Уюшма Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолиятни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. УЮШМАНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


9. Уюшманинг ҳуқуқлари:

ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни эркин тарқатиш;

алоҳида хизмат кўрсатган киноижодкорларни, кино соҳаси мутахассисларини Давлат мукофотлари ва фахрий унвонларга тавсия этиш;

долзарб мавзуларда янги кино асарлари яратишга буюртма бериш;

кинематография соҳасидаги халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар ижодий жамоалари билан ҳамкорлик қилиш.

Уюшма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Уюшманинг мажбуриятлари:

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, шунингдек, ушбу Низомда белгиланган талабларга риоя этиш;

ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан, молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш.

Уюшмага қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юклатилиши мумкин.



4-БОБ. УЮШМА ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


11. Уюшмани "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳузуридаги ҳайъат томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган раис бошқаради.


12. Уюшма раиси:

Уюшма фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади ва Уюшма номидан иш кўради;

турли ташкилотларда, шу жумладан, хорижий ташкилотларда Уюшма номидан ишончномасиз ҳаракат қилади;

Уюшма номидан қонун ҳужжатларига мувофиқ шартномалар, битимлар, тузади, хўжалик фаолиятини юритади;

ўзига берилган ҳуқуқлар доирасида ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда банклар ва кредит ташкилотларида ҳисобварақлари очади;

Уюшманинг молиявий ва банк ҳужжатларини имзолайди;

Уюшманинг штатлар жадвалини ва йиллик харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Уюшма ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

ўз фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча молиявий ва моддий ресурслар манбаларини жалб қилади, пул маблағлари ва моддий бойликлар олиш учун ҳисоб-китобларни ва тўлов ҳужжатларини имзолайди;

Уюшма ходимларининг меҳнат интизомига риоя қилишини таъминлайди, ўз ваколатлари доирасида Уюшманинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқ ва кўрсатмалар беради;

Уюшма фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди, Уюшманинг фаолиятини тартибга солишга қаратилган ҳужжатларни (низомлар, йўриқномалар, регламентлар, тартиб-қоидалар ва ҳаказолар) тасдиқлайди.

Уюшма раиси ўз ваколатларининг бир қисмини раис ўринбосарига юклашга ҳақли.


13. Раиснинг ўринбосари:

Уюшманинг жорий фаолиятини амалга оширади;

Уюшманинг ижтимоий-сиёсий фаолияти, ижодий йўналиши ва оммавий-ташкилий масалаларига доир дастурий вазифаларни амалга оширади;

кинематография ташкилотлари, киноижодкорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан боғлиқ фаолиятнинг ташкилий жиҳатларини мувофиқлаштириш ишлари билан шуғулланади;

Уюшма раиси томонидан берилган бошқа вазифаларни амалга оширади;

Уюшма раиси ўз ваколатларини бажара олмай қолган тақдирда (касаллиги, сафардалиги ёки бошқа сабаблар билан) унинг вазифаларини вақтинча бажаради.



5-БОБ. УЮШМАНИНГ ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ

ВА МОЛ-МУЛКИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

МАНБАЛАРИ


14. Уюшма бинолар, иморатлар, иншоотлар, уй-жой фонди, ер участкалари, транспорт, ускуналар, асбоб-анжомлар, пул маблағларига ва ушбу Низомда кўрсатилган фаолиятни моддий таъминлаш учун зарур бўлган бошқа мол-мулкка эга бўлиши мумкин.


15. Уюшма "Ўзбеккино" Миллий агентлиги томонидан оператив бошқарув асосида берилган мол-мулкдан фойдаланади, шунингдек, ўз фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш учун мол-мулкни ижарага олади.


16. Уюшма мол-мулкини пул ва бошқа шаклда шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

миллий ва хорижий ҳамкорлар билан ўзаро келишув ва лойиҳалар доирасида тушадиган маблағлар;

мақсадли ёрдам, шу жумладан, аниқ мақсадли дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган субсидиялар, ижтимоий буюртмалар ва грантлар;

Уюшма мулкини ижарага беришдан олинадиган даромадлар;

тадбиркорлик фаолиятидан олинган ҳамда фақат ушбу Низомда қайд этилган мақсадлар учун ишлатиладиган даромадлар (фойда);

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


17. Уюшма қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўз мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни бошқариш ҳуқуқига эга.

Уюшма ўзига тегишли мол-мулкни молиявий маблағлар билан бирга мустақил тасарруф этади.


18. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан бериладиган мол-мулк, ҳомийлик хайриялари ёки васият шаклида ўтказиладиган пул маблағлари ва бошқа мулк объектлари Уюшмага мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


19. Уюшманинг фаолиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 29 декабрь