Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.04.2018 й. 272-сон қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 6 апрелдаги

272-сон қарорига

1-ИЛОВА



Аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Аҳолига киновидео хизмати кўрсатиш ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, аҳолига киновидео хизматини кўрсатувчи юридик шахслар (кейинги ўринларда киновидео-томоша ташкилотлари деб аталади) томонидан амалга оширилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


киновидео-томоша ташкилотлари - фильмларни оммавий намойиши учун кинотехнологик ускуналар билан жиҳозланган бино ёки унинг бир қисмига эга бўлган ташкилот;

киновидео хизмати - киновидео-томоша ташкилотлари томонидан оммавий намойишга мўлжалланган фильмларни ва бошқа аудиовизуал асарларни томошабинларга тақдим қилиш;


киносеанс - фильмларни ёки маълум бир фильмлар дастурини муайян вақт ичида танаффуссиз бир марталик намойиш қилиш вақти;


томошабин - киновидео-томоша ташкилотлари томонидан тақдим этилган киновидео хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахс;


фильм - кинотеатр ва кинозалларда оммавий намойиш қилишга мўлжалланган аудиовизуал асар, телевидениеда намойиш қилишга мўлжалланган телефильм ёки телесериал бундан мустасно.


2-БОБ. КИНОВИДЕО ХИЗМАТИ

КЎРСАТИШНИНГ АСОСИЙ ҚОИДАЛАРИ


5. Муайян киносеанс учун кириш чиптасининг (шу жумладан, электрон шаклда) сотилиши билан киновидео-томоша ташкилоти ва томошабин ўртасида киновидео хизмати кўрсатишга шартнома тузилган деб ҳисобланади. Кириш чиптасида киновидео-томоша ташкилотининг номи, киносеанс вақти ва санаси, ўриндиқ жойи ва чипта нархи кўрсатилган бўлиши шарт.


6. Киновидео-томоша ташкилотлари томошабинларга киновидео хизмати кўрсатиш вақтида киносеансдан ташқари қўшимча хизматларни (мусиқий дастур, киножурнал ва ҳ.к.) ҳам кўрсатиши мумкин.


7. "Ўзбеккино" Миллий агентлиги тизимидаги киновидео-томоша ташкилотларига кириш чипталари нархи Агентлик томонидан, бошқа киновидео-томоша ташкилотларига кириш чипталарининг нархи ушбу ташкилотларнинг ўзлари томонидан мустақил белгиланади.


8. Киновидео-томоша ташкилотлари муайян киносеансга аввалдан чипталар савдосини ташкил қилиши мумкин.


9. Киновидео-томоша ташкилотлари жамоа бўлиб фильм томоша қилишга келувчилар учун чипта буюртма қилинишига имконият яратиб бериши лозим.


10. Киновидео-томоша ташкилотлари муайян киносеанс бошланишидан камида 30 дақиқа аввал белгиланган киносеансга чипталар савдосини бошлаши шарт. Кинозалга кириш сеансдан камида 15 дақиқа олдин бошланади.


11. Етти ёшгача бўлган болалар вояга етган кузатувчи ҳамроҳлигида, болалар учун белгиланган нархларда кириш чиптаси билан кинозалга киритилади.


12. Болалар учун мўлжалланган махсус киносеансларга ташриф буюрган катта ёшдаги томошабинлар катталар учун белгиланган нархларда чипта сотиб олади.


13. Репертуарда режалаштирилган фильмларнинг алмаштирилишига фақат техник бузилишлар, фильмнинг ишдан чиқиши ёки йўқолиши, шунингдек, белгиланган муддатда фильм киновидео-томоша ташкилотига етиб келмаган ҳолатларда рухсат берилади.


14. Репертуарда режалаштирилган фильм киносеанс учун кинозалга йиғилган томошабинларнинг сонидан қатъи назар чипта сотилган бўлса намойиш қилиниши шарт.


15. Киносеанс вақтида видеокамера, телефон, планшет ва бошқа рақамли электрон жиҳозлардан фойдаланиш, намойиш этилаётган фильмни видео-фото тасвирга олиш, баланд овозда гаплашиш ва бошқа томошабинларга халақит бериш тақиқланади.


16. 2019 йил 1 январдан бошлаб, мулкчилик шаклидан қатъий назар, барча киновидео-томоша ташкилотларида намойиш қилинадиган миллий фильмлар ҳажмлари - суткада иккитадан кам бўлмаслиги, 2021 йил 1 январдан эса шу каби тўлиқ метражли фильмлар ойлик экран вақтининг 25 фоизидан кам бўлмаслиги, байрам кунлари 40 фоиздан кам бўлмаслиги керак.


3-БОБ. КИНОВИДЕО-ТОМОША

ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Киновидео-томоша ташкилотлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

томошабинлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўзига тегишли бино ва иншоот ҳудудига, шу жумладан, кинозалларга кузатув камераларини ўрнатиш, бунда кузатув камерасидан томошабиннинг шахсий ҳаётига дахлдор видеоёзувлардан нусха олиш, кўпайтириш ва тарқатиш қатъиян тақиқланади;

ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган тақиқларни бузган томошабинни чипта учун тўланган маблағни қайтармаган ҳолда кинозалга киритмаслик ёки кинозалдан чиқариб юбориш.

Киновидео-томоша ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18. Киновидео-томоша ташкилотлари қуйидагиларга мажбурдир:

кириш чипталари сотиладиган кассаси ва кириш жойида кинотеатр номи, жойлашган жойи (почта манзили), телефон рақами, иш вақти, раҳбариятининг фамилияси, исми ва отасининг исмининг бош ҳарфлари каби маълумотларни акс эттириш;

ушбу Низомни ўз расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек, жамоат жойлари, махсус стендлар, бинонинг ҳамма кўриши мумкин бўлган бошқа жойларига осиб қўйиш йўли билан томошабинларнинг танишишларига имконият яратиш;

кинофильмларни сифатли намойиш қилиш, зарур кинотехнологик ускуналар мавжудлигини таъминлаш, томошабинларга сифатли хизмат кўрсатиш, қулайликлар яратиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш;

томошабинлар учун ҳожатхона, она ва бола хонаси, биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш воситаларидан бепул фойдаланишга имконият яратиб бериш;

ёнғин хавфсизлиги ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этиш.

Киновидео-томоша ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.


19. Киновидео-томоша ташкилотлари томошабинларга қуйидагилар тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумот бериб бориши шарт:

намойиш қилинаётган ва намойиши режалаштирилаётган фильмлар (фильм ишлаб чиқарилган йил, ишлаб чиқарувчи мамлакат, киностудия, бош роль ижрочилари ва ҳаказолар) ҳақидаги маълумотлар;

чипталар нархи;

болаларга мўлжалланган киносеанслар учун чипталар нархи;

кинозал ўриндиқларининг жойлашуви чизмаси;

киносеанснинг аниқ бошланиш вақти ва давомийлиги;

томошабинларга кўрсатиладиган қўшимча хизматлар (пуллик хизматлар учун уларнинг нархлари);

айрим тоифадаги томошабинлар учун белгиланган имтиёзлар.



4-БОБ. ТОМОШАБИНЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


20. Томошабинлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

киновидео-томоша ташкилотлари томонидан томошабинларга кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида тўлиқ ва аниқ маълумотлар олиш;

киновидео хизмати ва бошқа қўшимча хизматлардан белгиланган тартибда фойдаланиш;

киновидео-томоша ташкилотининг айби билан репертуарда режалаштирилган фильм тўхтатилган, алмаштирилган ёки сифатсиз намойиш қилинган тақдирда кириш чиптаси учун тўланган маблағни тўлалигича қайтариб олиш;

киновидео-томоша ташкилотларидан муайян фильмни оммавий намойишини амалга ошириш учун бир марталик рухсатномани кўрсатишни талаб қилиш;

фильм намойиши учун ёшга доир чекловнинг (ўз ёшига тааллуқли) мавжудлиги ҳақида маълумотнинг йўқлиги сабабли фильмни томоша қилишдан бош тортиш ва кириш чиптаси учун тўланган маблағни тўлалигича қайтариб олиш.

Томошабинлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


21. Томошабинлар қуйидагиларга мажбурдир:

киновидео-томоша ташкилотида ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган тақиқларга ҳамда киновидео-томоша ташкилоти томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибга риоя қилиш;

чиптани киносеанс охиригача сақлаб қолиш ва назоратчи ёки маъмурият талаби билан кўрсатиш;

ўз чиптасида кўрсатилган ўриндиққа ўтириш.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


22. Ушбу Низомда белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш "Ўзбеккино" Миллий агентлиги, шунингдек, ваколати доирасида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва бошқа назорат органлари ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан амалга оширилади.


23. Киновидео-томоша ташкилотлари томонидан ушбу Низом талаблари бузилган тақдирда, бунинг оқибатида томошабинларга етказилган зарар киновидео-томоша ташкилоти ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундирилади.


24. Томошабин ўзи сабабли киновидео-томоша ташкилотига етказилган моддий зарар бўйича белгиланган тартибда мулкий жавоб беради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 9 апрель