Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.03.2018 й. 238-сон "Фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.03.2018 й.

N 238



ФУҚАРОНИ ЖАМҒАРИБ БОРИЛАДИГАН ПЕНСИЯ

ТИЗИМИДА ҲИСОБГА ҚЎЙИШ БЎЙИЧА ДАВЛАТ

ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШНИНГ МАЪМУРИЙ

РЕГЛАМЕНТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига мувофиқ ва фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматлари тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2018 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилсин.


2. Белгилансинки, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматлари олиш учун фақат Давлат хизматлари марказига ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали мурожаат қиладилар.


3. АТБ "Ўзбекистон Республикаси Халқ банки" (кейинги ўринларда Халқ банки деб аталади):

ўн кун муддатда - давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг намунавий шаклларини, бланкаларини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланишини;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2018 йил 1 апрелгача бўлган муддатда давлат хизматлари кўрсатувчи бўлинмаларнинг ЯИДХПга уланишини;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда 2018 йил мобайнида ҳар чоракда камида бир марта Халқ банки ва Давлат хизматлари марказларининг ходимлари иштирокида тасдиқланган маъмурий регламентни амалда қўллашнинг самарадорлиги ва натижадорлиги даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2018 йил 1 апрелгача бўлган муддатда ЯИДХПда фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш давлат хизмати кўрсатишнинг ҳар бир босқичида жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиботини жорий этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги:

фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш давлат хизматлари кўрсатишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан Халқ банки ва бошқа ташкилотлар фаолияти юзасидан, шу жумладан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

тасдиқланган маъмурий регламент талабларини бузганлик учун Халқ банки ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазолар кўлласин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида" 2004 йил 21 декабрдаги 595-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2004 й., 12-сон, 110-модда) 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


7. Белгилаб қўйилсинки, Халқ банки ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 26 мартдаги

238-сон қарорига

2-ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг "Фуқароларнинг жамғариб

бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон

Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари

ҳақида" 2004 йил 21 декабрдаги 595-сон қарорига

киритилаётган ўзгартиришлар



1. 6-бандда:


а) иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;


б) учинчи хатбоши иккинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


2. 1-иловада:


а) 7-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"7. Иш берувчилар, шунингдек, меҳнат фаолиятини меҳнат шартномаси асосида амалга ошираётган фуқаролар учун жамғариб бориладиган пенсия тизимида қатнашиш мажбурий ҳисобланади, агар қонун ҳужжатларида бошқача ҳоллар назарда тутилмаган бўлса.

Фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Халқ банкининг филиали фуқаро жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олингандан бошлаб икки иш куни мобайнида жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасини расмийлаштиради";


б) 8 ва 9 бандлар, 1, ва 2-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


в) 10-банднинг биринчи хатбошидаги "филиалидан" сўзи чиқариб ташлансин;


г) 11-банднинг иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин;


д) 12-бандда:

биринчи ва иккинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;

учинчи хатбоши биринчи хатбоши деб ҳисоблансин;


е) 28-банднинг учинчи хатбошидаги "филиалидан" сўзи чиқариб ташлансин.


3. 2-иловада:


а) 9 ва 10-бандлар куйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"9. Фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга олишда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағининг доимий шахсий тартиб рақамини бериш белгиланган тартибда амалга оширилади.

10. Фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш давлат хизмати олишда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағини очиш учун сўровнома асос ҳисобланади";


б) 11 ва 12-бандлар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 28 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 апрель, 13-сон, 246-модда