Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.04.2018 й. ПҚ-3674-сон "Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Илғор технологиялар марказини ташкил қилиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.04.2018 й.

N ПҚ-3674



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ВАЗИРЛИГИ

ҲУЗУРИДА ИЛҒОР ТЕХНОЛОГИЯЛАР

МАРКАЗИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда республикада мамлакатнинг инновацион салоҳиятини янада ривожлантириш учун кулай шарт-шароитларни яратишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқишга, илмий-инновацион фаолиятни ривожлантириш ва уни хар томонлама кўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ёш олимлар ва талабаларга дунё амалиётидаги илғор илмий-тадқиқот усулларини ва замонавий технологияларни ўзлаштиришлари учун ва замонавий инновацион инфратузилма ва қулай шароитларни яратиш мақсадида "Юқори технологиялар ўқув-экспериментал маркази" давлат корхонаси (кейинги ўринларда - Юқори технологиялар маркази) ташкил этилди.

Ўтган давр мобайнида Юқори технологиялар марказининг моддий-техник салоҳиятини мустаҳкамлаш ва илмий-тадқиқот фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Унда диагностика тўпламларини ишлаб-чиқишга ва қимматбаҳо ўсимликларнинг ниҳолларини микроклонал усулда кучайтиришга мўлжалланган иккита ишлаб-чиқариш майдончаси ташкил этилди.

Айни вақтда мамлакатда инновацион фаолият ривожланишининг ҳозирги ҳолати ва асосий йўналишлари самарали инновацион технологияларни қўллаш билан боғлик бўлган ва жаҳон стандартлари даражасида маҳсулот ишлаб чиқаришга имкон берувчи ишланмаларга эга, иқтисодиётнинг илмий ҳажмдор тармоқларидаги юқори технологик корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни талаб этади.

Ҳозирги шароитда Юқори технологиялар маркази замонавий фан ва ишлаб-чиқаришнинг ҳақиқий эҳтиёжларини тўла таъминламайди. Унинг фаолиятидаги мавжуд камчиликлар инновацион жараёнларни жадаллаштиришга ҳамда замонавий илмий ютуқлар ва ишланмаларни ишлаб-чиқаришга жорий этишга тўсқинлик қилади.

Илмий ва инновацион фаолиятнинг ривожланишини фаоллаштириш, фан, таълим ва ишлаб-чиқаришнинг янада кенг интеграциясини таъминлаш, янги билимларни яратиш ва кўллаш, илғор инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни ишлаб-чиқиш ва жорий этишда илмий-инновацион салоҳиятдан ва илмий лаборатория базасидан самарали фойдаланиш бўйича шароитлар яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар Академияси хамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг "Юқори технологиялар ўқув-экспериментал маркази" Давлат корхонасини Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказига (кейинги ўринларда - Илғор технологиялар маркази) айлантириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Илғор технологиялар марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб куйидагилар белгилансин:

фундаментал, амалий илмий тадқиқотларни ўтказиш ва илғор технологиялар бўйича инновацион ишланмаларни амалга ошириш;

дунё талаблари ва стандартлари даражасида мақсадли илмий-техник ва инновацион дастурларни бажариш, ишлаб-чиқариш корхоналарида тадқиқот-синов ишларини бажаришга кўмаклашиш;

олимлар ва тадқиқотчиларни ҳамкорлик қилишга жалб этиш учун зарурий шароитларни яратиш, илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва рақобатбардош маҳаллий инновацион технологияларни яратиш мақсадида фан, таълим ва ишлаб-чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш;

иқтисодиёт соҳасида илмий ва олий таълим муассасаларининг янги истиқболли ғоялари ва инновацион ишланмаларини шакллантиришга кўмаклашиш, ускуналар ва инфратузилмадан ҳамкорликда фойдаланиш асосида юқори технологик инновацион ишлаб чиқаришларни ҳар томонлама кўллаб-қувватлаш;

академик, олий таълим ва тармоқ фанлари билан ҳамкорликнинг самарали шаклларини ривожлантириш, ҳамкорликда илмий-тадқиқотларини бажариш;

халқаро даражада патентлаш имкониятига эга бўлган илмий ҳажмдор ва илғор технологияларни яратиш, янги инновацион маҳсулотларнинг намуналарини макетлаштириш, моделлаштириш, тайёрлашда ва уларни текширишда иштирок этиш;

ёш олимлар томонидан илмий тадқиқотлар ўтказишнинг замонавий, дунё амалиётида илғор бўлган усул ва технологияларини ўзлаштиришлари мақсадида илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият учун кулай шарт-шароитлар яратиш;

маҳаллий ва хорижий илмий ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда, шу жумладан инновацион фаолиятни ташкил этиш ва бошқариш, технологияларнинг трансфери ва интеллектуал мулк объектларини коммерциализациялаш масалалари юзасидан илмий конференциялар, семинарлар, тренинглар ва маҳорат дарсларини ташкиллаштириш;

илмий фаолиятни натижадорлигини ошириш ва илмий тадқиқотларни ташкил этишнинг янги шаклларини кўллаб-қувватлашга қаратилган янги услубий ишланмаларни амалиётга жорий қилиш учун информацион-коммуникацион технологияларининг имкониятларидан кенг фойдаланиш;

халқаро илмий-техник ҳамкорлик шаклларини ривожлантиришда иштирок этиш, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда илмий-техник ва инновацион лойиҳаларни, шу жумладан халқаро дастурлар ва жамғармаларнинг грантларини жалб этган холда бажариш;

Марказ фаолияти, шу жумладан тижоратлаштириш, илмий тадбиркорлик ва бизнес бўйича билим ва кўникмаларни ошириш бўйича пулли тўлов асосида ўқув ва тренинг курсларини ташкил этиш;

яратиладиган ўз биотехнологик маҳсулотларнинг тажриба-синов ишларини ташкил этиш;

биотехнологик маҳсулотларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини бажариш;

тирик организмлар культивацияси ва биотехнологик жараёнларни масштаблаштириш;

ўзак ҳужайралари намуналарини тўплаш ва сақлаш;

биотехнологик препарат моддаларини тозалаш ва ишлаб чиқариш бўйича технологик ечимларни ишлаб чиқиш;

технологияларга асосланган маҳаллий биотехнологик маҳсулотлардан вакцина ва рекомбинат оқсиллар ишлаб чиқариш;

саратон ва аутоиммун касалликларини даволаш учун моноклонал антитаначаларга асосланган юқори технологияли дори препаратларини яратиш;

биотехнологик йўл билан коронавирус инфекциясига қарши янги авлод маҳаллий вакциналарни яратиш технологияларини ишлаб чиқиш ва клиник олди синовларини ўтказиш ва оммавий ишлаб чиқариш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Илғор технологиялар маркази давлат илмий муассасаси шаклидаги юридик шахс бўлиб, давлат тилидаги номи ва Ўзбекистон Республикасининг герби тасвири туширилган муҳрига ва бланкларига, мустақил балансига, банкларда ҳисоб рақамларига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида ғазна ҳисоб рақамларига эгадир;

Илғор технологиялар марказининг директори олий таълим, фан ва инновациялар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

Илғор технологиялар маркази ходимларига лавозим маошлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий муассасаларидаги тегишли лавозимларга белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади;


5. Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги:

Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Фанлар Академияси ва иқтисодиёт реал секторининг корхоналари - истиқболли буюртмачилар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Илғор технологиялар марказининг 2018-2020 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси"ни киритсин;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқарув академияси, Фанлар Академияси билан биргаликда икки ой муддатда "Инновацион менеджмент" ва "Инвестицион лойиҳаларни бошқариш" фанлари бўйича махсус ўқув дастурларини яратиш ва Давлат бошқарув академиясида раҳбар кадрларининг малакасини ошириш бўйича ўқув режаларига жорий этишни таъминласин.


6. Илғор технологиялар маркази фаолиятининг молиявий манбалари этиб куйидагилар белгилансин:

бинолар, хоналар ва иншоотларни сақлаш бўйича харажатларни молиялаштириш ҳамда Илғор технологиялар маркази ходимларининг ушбу қарорда белгиланган умумий штат бирликлари доирасида меҳнатига ҳақ тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар;

Илғор технологиялар марказининг фаолиятига мос йўналишлар бўйича хўжалик шартномаларини бажариш асосида олинган маблағлар;

хайрия қилувчилар - юридик ва жисмоний шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг ўрнатилган тартибда бериладиган маблағлари;

халқаро молиявий ташкилотлар ва институтларнинг грантлари ва кредитлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирига куйидаги ҳуқуқлар берилсин:

зарур ҳолларда, Илғор технологиялар марказининг ташкилий тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий штат бирлиги ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартишлар киритиш;

Илғор технологиялар маркази ходимларининг лавозим маошларига (тариф ставкаларига) асосий эгаллаб турган лавозими бўйича, қонунчиликда кўрсатилган бошқа қўшимчалар ва устамалардан қатъий назар Илғор технологиялар марказининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан устамалар белгилаш.

8. Илғор технологиялар марказига беғараз асосда:

Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Талабалар шаҳарчаси, 3а-уй манзилида жойлашган Юқори технологиялар марказининг биноси, иншоотларини унга туташ ҳудуд билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи билан;

Юқори технологиялар марказининг лаборатория ускуналари, мебель, компьютер техникалари ва бошқа мулклари берилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташки ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг буюртманомаларига биноан Марказга ишга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга ўрнатилган тартибда кириш визаларини консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштиришни таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг буюртманомаларига биноан Марказга ишга жалб этиладиган хорижий мутахассисларга давлат божи ундирилмасдан кўп марталик кириш визалари берилиши ва уларнинг муддати узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишини ва унинг муддати узайтирилишини давлат божи ундирилмасдан таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


13. Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:

бир ой муддатда Илғор технологиялар марказининг низомини ишлаб чиқсин ва ўрнатилган тартибда тасдиқлаб, давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Илғор технологиялар марказининг илмий-тадқиқот ишларини самарали мувофиқлаштиришни, асосий эътиборни амалиётга йўналтирилганлик ва натижадорликка қаратган холда, уларни замонавий фаннинг талабларига ва дунё илмий ютуқларининг даражасига мос келишини таъминласин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С. Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг раиси С.Р. Холмуродов ва Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 19 апрелдаги

ПҚ-3674-сонли қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган деб ҳисобланган

айрим қарорларининг рўйхати


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 26 октябрдаги "Тошкент шаҳрида Кембридж университетининг иштирокида Юқори технологиялар марказини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-1631-сонли қарори;


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги ПҚ-2699-сон қарорининг 37-иловаси 6-банди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 20 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 23 апрель, 16-сон, 335-модда