Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида ташкил этиладиган қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларига қўйиладиган Давлат талаблари (ЎзР ВМ 04.05.2018 й. 336-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 4 майдаги

336-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги

ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли

кадрларни тайёрлаш институтида ташкил этиладиган қайта

тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларига қўйиладиган

ДАВЛАТ ТАЛАБЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу давлат талаблари Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтида (кейинги ўринларда Институт деб аталади) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари (кейинги ўринларда буюртмачи деб аталади) кадрларини қайта тайёрлаш ва кадрлар малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларини белгилайди.

2. Давлат талаблари Институтда истиқболли кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларида ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, ўқув жараёнини ташкил этиш, таълим сифатини назорат қилиш ва баҳолаш тартибини белгилаш учун асос ҳисобланади.


3. Истиқболли кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларининг мазмуни ва сифатига қўйиладиган асосий талаблар қуйидагилардан иборат:

замонавий билим, кўникма, малака ва компетентлигини шакллантириш ва унинг касб ва лавозимларга мувофиқлиги;

замонавий бошқарув технологияларига таяниш;

таълим дастурлари мазмунининг қайта тайёрлаш ва малака ошириш турлари ва шаклларига мувофиқлиги.


4. Истиқболли кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курсларининг ўқув юкламасида маърузалар ҳажми умумий аудитория соатининг 40 фоизидан ошмаслиги керак.


5. Қайта тайёрлаш ўқув курсларида ўқиш касбий фаолиятдан ажралган ҳолда, малака ошириш ўқув курсларида ўқиш касбий фаолиятдан ажралган ёки ажралмаган ҳолда, шунингдек масофавий таълим технологияларидан фойдаланиш асосида амалга оширилиши мумкин.



2-БОБ. ИСТИҚБОЛЛИ КАДРЛАРНИ ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШ ЎҚУВ КУРСЛАРИ


6. Истиқболли кадрларни қайта тайёрлаш ўқув курслари - тингловчини мамлакатда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни модернизация қилиш, давлат ва жамият бошқаруви соҳасида халқаро стандартлар ва талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган таълим дастурлари асосида ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича янги зарурий ҳамда етарли билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштириш, янги касбий фаолиятга йўналтиришдан иборат.


7. Қайта тайёрлаш ўқув курсларининг ўқув юкламаси Институт томонидан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурлари асосида белгиланади, улар Институт Илмий кенгашида тасдиқланади. Ўқув юкламасини режалаштиришда асосий эътибор тингловчиларнинг мустақил таълимига қаратилади.

8. Қайта тайёрлаш муддати ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда 16 ҳафта (амалиёт (стажировка) ўташни ҳисобга олган ҳолда, жами 576 соатдан кам бўлмаган ҳажм)ни ташкил этади. Аудитория машғулотлари ҳафтасига 36 соатдан, ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 54 соатдан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади.


9. Қайта тайёрлаш ўқув курсини тўлиқ ўзлаштирган ҳамда малакавий амалиёт (стажировка)ни муваффақиятли ўтаган тингловчилар якуний аттестацияга киритилади.


10. Қайта тайёрлаш ўқув курсини ўзлаштирган ва якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга мазкур давлат талабларининг 1-иловасида белгиланган намунадаги диплом берилади.



3-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ ЎҚУВ КУРСЛАРИ


11. Малака оширишнинг мақсади - тегишли таълим турлари бўйича Давлат талабларидан келиб чиққан ҳолда, малака ва кўникмаларни мунтазам равишда янгилаб бориш орқали касбий маҳоратнинг ўсишини таъминлашдан иборат.


12. Малака ошириш ўқув курсларининг ўқув юкламаси ҳажми Институт томонидан буюртмачи билан келишган ҳолда тасдиқланадиган ўқув режаси асосида белгиланади.


13. Малака ошириш ўқув курсларининг дастурлари 18 соатдан кам бўлмаслиги лозим. Малака ошириш ўқув курсларининг муддатлари, ўқув режаси ва фан дастурлари буюртмачи билан келишган ҳолда Институт Илмий кенгашида тасдиқланади.


14. Малака ошириш ўқув курсларини тўлиқ ўзлаштирган тингловчилар якуний аттестацияга киритилади. Бунда якуний аттестацияни ўтказиш тартиби Институт томонидан малака ошириш ўқув курсларининг давомийлигидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Малака ошириш ўқув курсини ўзлаштирган ва якуний аттестациядан муваффақиятли ўтган тингловчиларга мазкур давлат талабларининг 2-иловасида белгиланган намунадаги сертификат берилади.



4-БОБ. МАЛАКАВИЙ АМАЛИЁТ

(СТАЖИРОВКА)НИ ЎТАШ


15. Малакавий амалиёт (стажировка)ни ўташ - таълимнинг илм-фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциялашуви, бошқарувчилик малакаси ва кўникмасини амалий жиҳатдан узлуксиз такомиллаштириб боришни таъминлаш, ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш соҳасидаги янги ютуқлар билан таништириш мақсадида аниқ йўналишлар бўйича касбий таълим дастурларини ўзлаштиришдан иборат.


16. Малакавий амалиёт (стажировка) ўташ - давлат, нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектларида тингловчиларининг назарий ва амалий билимлари, малака ҳамда кўникмаларини чуқурлаштиришга қаратилган.


17. Қайта тайёрлаш ўқув курси тингловчиларининг малакавий амалиёт (стажировка)ни ўташ тартиби Институт томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва Агентлик билан келишилган ҳолда белгиланади ва Институт Илмий кенгашида тасдиқланади.

18. Агентлик билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган дастурлар асосида тингловчиларнинг хорижий давлатлар таълим муассасаларида ва давлат органларида малакавий амалиёт (стажировка)ни ўташлари ташкил этилиши мумкин.


5-БОБ. ТИНГЛОВЧИЛАРНИНГ ТАЙЁРГАРЛИГИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


19. Қуйидаги мавзулар ва муаммолар истиқболли кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курслари тингловчиларининг тайёргарлигига қўйиладиган умумий талаблар доирасига киради:

ёшларга оид давлат сиёсати, ёшлар муаммолари;

давлат ва жамият бошқарувининг конституциявий-ҳуқуқий ва ташкилий асослари;

Давлат бошқаруви тарихи, Ўзбекистонда давлатчилик тарихи;

бошқарувнинг миллий-маънавий негизлари ва ахлоқий жиҳатлари;

фуқаролик жамияти асослари, фуқаролик жамияти институтлари ва ижтимоий шериклик;

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳияти ва аҳамияти;

ёшлар менежменти;

ёшлар билан ижтимоий ишлаш;

стратегик менежментни ва инсон ресурсларини бошқариш;

ахборот хавфсизлиги ва мафкуравий таҳдидлар;

бошқарув социологияси ва психологияси;

лидерлик психологияси;

бошқарув қарорларининг самарадорлигини баҳолай олиш;

аниқ вазиятлар таҳлилида ёшлар муаммоларини аниқлаш, уларни ҳал қилишнинг усулларини белгилай олиш ва кутилаётган натижаларни баҳолай олиш;

раҳбар шахси ва раҳбарлик услублари;

маҳаллада ёшлар билан ишлашни ташкил қилиш;

ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ҳамда бўш вақтини ташкил қилишга доир муаммоларини аниқлаш ва мос ечимлар топиш;

ёшларнинг норасмий гуруҳлари билан ишлаш;

ёшларда ноижтимоий ҳолат профилактикаси хусусиятлари;

ёш оилалар билан ишлаш технологиялари;

ёшлар ОАВлари ва ижтимоий тармоқлар билан ишлаш;

лойиҳавий бошқарув;

ахборот-таҳлилий фаолият асослари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизими ва фаолият йўналишлари;

тизимли таҳлил ва бошқарув қарорларини қабул қилиш, бошқарув тамойиллари ва механизмлари тўғрисида назарий билимлар;

вазиятлар таҳлили ва босқичлари ҳамда бошқарув қарорларини қабул қилиш ва амалга ошириш усуллари;

низоларни ҳал этиш технологиялари;

ходимларни баҳолаш ва шахснинг ўз-ўзини бошқариш услублари;

жамоага таъсир этиш услублари;

оммавий мулоқот ва нотиқлик маҳорати;

бошқарувни ташкил қилиш ва самарали амалга ошириш;

ташкилот маданиятини шакллантириш ва бошқариш;

ташкилотнинг ички имкониятларини таҳлил қилиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни ечишнинг самарали йўлларини топиш;

ташкилотнинг инновацион фаолиятини таҳлил қилиш ва баҳолаш;

ташкилотчилик, шахсий ташаббускорлик, қарорлар қабул қилиш, музокаралар олиб бориш;

ўз фикрларини ҳам ёзма, ҳам оғзаки баён этиш компетенцияларига эга бўлиш;

идоравий бошқарув ва иш юритиш технологиялари;

кадрларни бошқаришнинг инновацион усуллари;

молиявий фаолият бошқаруви.


6-БОБ. ТАЪЛИМ СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


20. Истиқболли кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ўқув курслари сифатини назорат қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

Институтда тасдиқланган тегишли ички-тартиб қоидалар асосида ўқув жараёни даврида амалга ошириладиган ички назорат;

қайта тайёрлаш ўқув курси тингловчиларининг фанлар бўйича аттестацияси ва битирув малакавий иши ҳимоясига қаратилган якуний давлат назорати;

ваколатли давлат органи, жамоат ташкилотлари, кадрлар буюртмачилари томонидан олиб бориладиган давлат-жамоатчилик назорати;

таълимни бошқаришга ваколатли орган томонидан амалга ошириладиган ташқи назорат.



7-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ

ЎҚУВ КУРСЛАРИ ТИНГЛОВЧИЛАРИНИ

АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ


21. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари тингловчиларини аттестациядан ўтказиш бўйича Институт директорининг буйруғи билан аттестация комиссияси тузилади.


22. Аттестация комиссияси қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курслари тингловчиларини қуйидаги шаклларда аттестациядан ўтказади:

қайта тайёрлаш курслари тингловчилари учун битирув малакавий иши ҳимояси ёки чиқиш тести;

малака ошириш ўқув курслари тингловчилари учун курс иши ҳимояси ёки чиқиш тести.

23. Аттестация комиссиясининг қарори қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган тингловчиларга белгиланган намунадаги диплом ёки сертификат бериш тўғрисидаги Институт директори буйруғини расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.


24. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларида ўқиш якунлари бўйича аттестациядан ўтмаган тингловчилар бир йил мобайнида пулли асосда кейинги қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курси якунида аттестациядан ўтиши мумкин.

Истиқболли кадрларни Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини такроран ўзлаштириши асосий ишдан ажралмаган ҳолда ўқув курсларининг дастурларини мустақил равишда ёки масофадан ўқитиш усуллари орқали ўзлаштириш асосида амалга оширилади.

Мустақил равишда ёки масофадан ўқитиш усуллари орқали қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларининг дастурлари бўйича тайёрланиб келган тингловчилар якуний аттестацияга киритилади.


25. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсларида узрсиз сабабларга кўра дарс қолдиргани учун тингловчилар сафидан чиқарилган тингловчилар пулли асосда қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув курсидан такроран ўтиши ҳамда кейинги қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсида аттестациядан ўтиши мумкин.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


26. Мазкур Давлат талабларига мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат ташкилотлари эҳтиёжларини ўрганишдан, истиқболли кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг замонавий шакллари ва усулларини жорий этишдан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.






Давлат талабларига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби


O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI


Qayta tayyorlash haqida


DIPLOM QT № 000000


       

  

(Tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

        

        

20


yil

"


"


dan

20


yil

"


"


gacha

   


(Qayta tayyorlash talim muassasasining nomi)

   

da




soatga mo'ljallangan


        

(Qayta tayyorlash kursining nomi)

  

kursida ta'lim olib,




mavzusida bitiruv ishini Yakuniy attestatsiya komissiyasida

   


bahoga himoya qildi va qayta tayyorlash o'quv kursini muvaffaqiyatli tamomladi.

    


Attestatsiya komissiyasi raisi

Direktor





muhr o'rni









Qayd raqami



(sana)





Қайта тайёрлаш ҳақида давлат

намунасидаги дипломнинг

ТАВСИФИ


Қайта тайёрлаш тўғрисидаги диплом А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч пушти рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 30 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида "O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI. Qayta tayyorlash haqida DIPLOM" сўзлари босилади. Диплом икки лотин ҳарфи - QТ ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч пушти ранг фонда босиб чиқарилади.

Диплом:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.






Давлат талабларига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби


O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI


Malaka oshirish haqida


SERTIFIKAT MO № 000000


       

  

(Tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

        

        

20


yil

"


"


dan

20


yil

"


"


gacha


   


(Malaka oshirish talim muassasasining nomi)

   

da



jami


soatli


        

(Malaka oshirish kursining nomi)

bo'yicha malakasini oshirdi.



Direktor





muhr o'rni









Qayd raqami



(sana)





     


Малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат

ТАВСИФИ


Малака ошириш тўғрисидаги сертификат А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч кул рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 30 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида "O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI. Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT" сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи - MO ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 4 май