Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.01.2018 й. ПҚ-3493-сон "Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

25.01.2018 й.

N ПҚ-3493



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ОДАМНИНГ ИММУНИТЕТ ТАНҚИСЛИГИ

ВИРУСИ КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИГАН КАСАЛЛИК

ТАРҚАЛИШИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ТИЗИМИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида:


1. 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб аталади) иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилаб қўйилсинки, 2018 йил 1 июлдан бошлаб ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш билан шуғулланувчи туманлараро диагностика лабораториялари ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказлари таркибига киритилади ва марказларга ушбу лабораторияларни молиялаштириш, моддий-техник таъминлаш ҳамда фаолиятига ташкилий-методик раҳбарлик қилиш юкланади.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамоат ташкилотлари фаолияти ва ҳамкорлигини мувофиқлаштирсин;


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Давлат дастурига киритилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағларни ажратсин;

келгуси йилларда ретровирусга қарши препаратлар ва ОИВ инфекциясини юқтирган шахсларни даволаш самарадорлиги мониторингини олиб бориш учун зарур бўлган тест-системалар билан таъминлашга Давлат бюджетидан маблағлар ажратиш босқичма-босқич ошириб борилишини назарда тутсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инновацияларни ривожлантириш вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда ОИВ инфекцияси ва қўшимча касалликларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун зарур бўлган диагностикумлар ва тест-системаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда Давлат дастурида белгиланган тадбирлар ижроси устидан мониторинг олиб борилишини ва ҳар чоракда амалга оширилган тадбирлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоботлар тақдим этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташки ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грант маблағларини жалб этиш бўйича зарур чоралар кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Инновацияларни ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ОИВ инфекциясининг олдини олиш, ташхис қўйиш ҳамда даволаш соҳаларида илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича тизимли ишларни олиб борсин, илмий ва инновацион тадқиқотлар натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига татбиқ этилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитаси, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгаши, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда ОИВ инфекцияси юқиш хавфи юқори бўлган гуруҳлар, хусусан, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила-аъзолари, шунингдек, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ходимлари орасида ОИВ инфекциясининг профилактикаси бўйича тушунтириш-тарғибот ишларини ҳамкорликда амалга ошириш шартлигини назарда тутувчи тартиб ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;


6. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳоли орасида ОИВ инфекциясининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш масалалари бўйича ахборот-маърифий ишлар олиб борсинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича тармоқ режасини тасдиқласин ва бажарилишини таъминласин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:

даволаш-профилактика муассасаларини эҳтиёжларидан келиб чиққан холда, стерилизация бўлимлари ва пунктларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий аппаратлар ва асбоб-анжомлар билан тўлиқ жиҳозлаш учун зарур маблағ ажратилишини назарда тутсин;

даволаш-профилактика муассасаларини бир маротаба ишлатиладиган тиббий асбоб-анжомлар, тест-системалар, диагностикумлар ва сарфловчи материаллар билан таъминласин;


9. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

Ўзбекистон Республикасида 2018 йилда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган Давлат дастурининг ижроси таҳлили натижалари бўйича 2019 йилда ОИВ инфекциясига қарши курашиш соҳасидаги комплекс чора-тадбирларни янада такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарордан келиб чиққан холда қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар тақдим этсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р. Касимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ. Акмалов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 25 январь


"Халқ сўзи", 2018 йил 26 январь