Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини ишлаб чиқиш ҳамда ишга жойлаштиришга муҳтож, меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини ҳисоблаш Методикаси (ЎзР ВМ 22.12.2017 й. 1011-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 22 декабрдаги

1011-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ресурслари, бандлик

ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини ишлаб чиқиш

ҳамда ишга жойлаштиришга муҳтож, меҳнат билан

банд бўлмаган аҳолини ҳисоблаш

МЕТОДИКАСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини ишлаб чиқиш ҳамда ишга жойлаштиришга муҳтож, банд бўлмаган аҳолини ҳисоблаш, методикаси (кейинги ўринларда Методика деб аталади) ишга жойлаштиришга муҳтож, меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли сонини ҳудудлар бўйича ҳисоблаб чиқиш, аҳоли бандлиги бўйича ўрганиш ва меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини ишлаб чиқиш тартибини белгилайди, шунингдек, мазкур методика халқаро стандартларга мувофиқ шаклланадиган статистик методология ҳисобланиб, меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини шакллантириш ва ҳисоблаб чиқиш, ҳамда ҳар бир навбатдаги календарь йилга банд аҳоли сонини баҳолаш учун қўлланади.


2. Ишга жойлаштиришга муҳтож, банд бўлмаган аҳоли сони ва меҳнат ресурслари балансини ҳисоблаб чиқишда идоравий статистик маълумотлар ва бандлик масалалари бўйича ўрганишлар натижаларидан фойдаланилади.


3. Ушбу Методикада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли (ишсизлар) - қонун ҳужжатларига мувофиқ расман ишсиз сифатида рўйхатдан ўтказилган шахслар, шунингдек, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирувчи машғулотга эга бўлмаган, мустақил равишда иш изловчи ва бундай иш таклиф этилса, ишга жойлашишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли ёшдаги вақтинча меҳнат билан банд бўлмаган шахслар;


расмий равишда рўйхатга олинган ишсизлар - 16 ёшдан пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олиш ёшигача бўлган, меҳнат органларида иш қидирувчи, ишлашга, касб бўйича тайёргарликдан ва қайта тайёргарликдан ўтишга, малака оширишга тайёр шахс сифатида рўйхатга олинган шахслар;


меҳнат билан банд бўлган фуқаролар:

а) ёлланиб ишлаётганлар, шу жумладан ишларни тўлиқ бўлмаган иш вақти мобайнида ёки уйда иш ҳақи олиб бажараётган, шунингдек, ҳақ тўланадиган бошқа ишга, шу жумладан вақтинчалик ишга эга бўлган фуқаролар;

б) касаллик, таътил, қайта тайёргарлик, малака ошириш, ишлаб чиқаришнинг тўхтаб туриши туфайли, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ вақтинчалик ишда бўлмаган ходим учун иш жойи сақланиб қоладиган бошқа ҳолатларда иш жойида вақтинчалик бўлмаган фуқаролар;

в) ҳақ тўланадиган лавозимга сайланган ёки тайинланган фуқаролар;

г) ўзини мустақил равишда иш билан таъминловчи фуқаролар, жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчилар, ўзини ўзи банд қилган шахслар, ҳунармандлар, деҳқон хўжаликлари, ишлаб чиқариш кооперативлари аъзолари, фермерлар, ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчилар;

д) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида, жумладан, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати қўшинларида хизматни, шунингдек, муқобил хизматни ўтаётган фуқаролар.

е) нодавлат нотижорат ташкилотларида, шу жумладан, ўз фаолиятини қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган диний ташкилотларда ишловчилар;


иқтисодий фаол аҳоли - меҳнат билан банд бўлган фуқаролар ва ишсизлар;


иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли - меҳнат билан банд деб ҳисобланмайдиган шахслар, шу жумладан:

ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётган ўқувчилар ва талабалар;

уй бекалари ва болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ишламаётган аёллар;

ихтиёрий равишда меҳнат билан банд бўлмаган шахслар;


меҳнат ресурслари - меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли ҳамда меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги меҳнат билан банд бўлган шахслар;


меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли - ишламаётган биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслардан ва ёшига кўра имтиёзли шартларда пенсия олувчи шахслардан ташқари, меҳнатга лаёқатли ёшдаги шахслар (16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қизлар);

меҳнат ресурслари баланси - меҳнат ресурслари сони ва таркиби мавжудлигини ҳамда уларни меҳнат билан банд бўлган фуқаролар, ишсизлар ва иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли бўйича тақсимланишини акс эттирувчи кўрсаткичлар тизими.



2-БОБ. ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШГА

МУҲТОЖ МЕҲНАТ БИЛАН БАНД БЎЛМАГАН

АҲОЛИНИ ҲИСОБЛАБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


4. Ишга жойлаштиришга муҳтож, меҳнат билан банд бўлмаган шахслар (ишсизлар) сони меҳнат ресурслари сонидан меҳнат билан бандлар сонини ва иқтисодий фаол бўлмаганлар сонини чиқариб ташлаган ҳолда қуйидаги формула бўйича аниқланади:


U = LR - E - EIP, бунда:


U - ишга жойлаштиришга муҳтож, меҳнат билан банд бўлмаган шахслар (ишсизлар);

LR - меҳнат ресурслари;

E - меҳнат билан банд бўлган фуқаролар;

EIP - иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли.


5. Меҳнат ресурслари сони меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли сони ва меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик ва катта ёшдаги ишловчилар сони йиғиндиси сифатида қуйидаги формула бўйича аниқланади:


LR = WAPM - WTP, бунда:


LR - меҳнат ресурслари;

WAPM - меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли;

WTP - ишлаётган ўсмирлар ва пенсионерлар.


6. WAPM сони меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли (16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қизлар) сонидан меҳнатга лаёқатли ёшдаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, имтиёзли шартларда пенсия олаётган меҳнатга лаёқатли ёшдаги шахслар сонини чиқариб ташлаш йўли билан аниқланади:

WAPM = Мp(16 - 59) + Wp(16 - 54) - Ip - PP, бунда:


Мp (16 - 59) - 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар;

Wp (16 - 54) - 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган хотин-қизлар;

Ip - меҳнатга лаёқатли ёшдаги I ва II гуруҳ ногиронлари;

PP - имтиёзли шартларда пенсия олаётган меҳнатга лаёқатли ёшдаги пенсионерлар.

Ахборот манбаи:

Мp (16 - 59), Wp (16 - 54) - статистика органларининг маълумотлари;

Ip - бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маълумотлари;

PP - бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маълумотлари.

WTP - статистика органлари ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маълумотлари.


7. Меҳнат билан бандлар сони қуйидаги формула бўйича ҳисоблаб чиқилади:


E = EOs + EIs + LM, бунда:


Eos - иқтисодиётнинг расмий секторида меҳнат билан бандлар;

EIs - иқтисодиётнинг норасмий секторида меҳнат билан бандлар;

LM - мигрант меҳнатчилар - чет элларда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эллардаги Ўзбекистон Республикаси ваколатхоналарида ишловчилардан ташқари.

Ахборот манбаи:

Eos - статистика органлари маълумотлари;

EIs - Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бандлик масалалари бўйича ўрганишлар маълумотлари;

LM - ички ишлар, божхона органларининг ҳамда меҳнат органлари томонидан бандлик масалалари бўйича ўтказиладиган ўрганишларнинг маълумотлари.


8. Иқтисодиётнинг расмий секторида меҳнат билан банд бўлганлар сони давлат статистика ҳисоботи, давлат ижтимоий суғурта бадали тўловчиларнинг давлат солиқ ҳисоби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотлари бўйича аниқланади.


9. Иқтисодиётнинг расмий секторида меҳнат билан банд бўлганлар жумласига қуйидагилар киради:

давлат ижтимоий суғурта бадали тўлови бўйича корхона, муассаса ва ташкилотларнинг солиқ ҳисоботларида қайд этилган шахслар;

ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари ходимлари ҳамда қонунчиликка мувофиқ давлат ижтимоий суғурта бадали тўловидан озод этилган ташкилотлар ходимлари;

якка тартибдаги тадбиркорлар, деҳқон хўжалиги аъзолари, ўзини ўзи банд қилган шахслар қорамол ўстириш билан банд бўлган ва шахсий ёрдамчи хўжаликларда ишлаб чиқарилган чорвачилик маҳсулотларини сотиш билан банд бўлганлар, ҳамда давлат ижтимоий суғурта бадали тўловини мажбурий ёки ихтиёрий равишда амалга ошираётган шахсий ёрдамчи хўжаликларда бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан банд бўлганлар.

10. Иқтисодиётнинг норасмий секторида меҳнат билан банд бўлганлар жумласига солиқ органларида ҳисобга турмаган қуйидаги шахслар киради:

давлат ижтимоий суғурта бадали тўламасдан ҳақиқатда деҳқон хўжаликларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган деҳқон хўжаликлари аъзолари;

уйда пулли хизматлар кўрсатиш бўйича меҳнат муносабатларини расмийлаштирмаган тадбиркорларда (энагалар, уй хизматчилари, уй ошпазлари, автомобиль ҳайдовчилар, қоровуллар ва бошқалар) ёлланиб ишлаш билан мустақил банд бўлган шахслар;

тадбиркорларга ёлланиб ишловчи шахслар, шу жумладан уларнинг оила аъзолари ҳамда давлат ижтимоий суғурта бадали тўловисиз ва меҳнат муносабатлари расмийлаштирилмаган жисмоний шахслар (қурувчилар, юк ташувчилар, фаррошлар, ишчилар ва бошқалар).


11. Иқтисодиётнинг норасмий секторида бандлик мезонларига қуйидагилар киради:

ҳафтасига камида икки соат иқтисодиётнинг норасмий секторида ҳақ тўланадиган ҳар қандай фаолият тури билан бандлик;

бандлик мунтазамлиги - иқтисодиётнинг норасмий секторидаги бандликдан тушган ҳар ҳафталик даромаднинг мавжудлиги;


10 сотих ер майдонида шахсий ёрдамчи хўжалигини юритиш учун фойдаланиладиган уй хўжалиги бошқарувидаги ер майдонининг мавжудлиги.


12. Иқтисодиётнинг норасмий секторида меҳнат билан банд бўлганлар сони мазкур методиканинг иловасига мувофиқ бир йилда тўрт маротаба меҳнат органлари томонидан ўтказиладиган бандлик масалалари бўйича танлаб ўрганишлар (кейинги ўринларда ўрганиш деб аталади) асосида аниқланади.


13. Ўрганиш маълумотлари асосида иқтисодиётнинг норасмий секторида меҳнат билан банд аҳоли сонини аниқлаш учун:

а) иқтисодиётнинг норасмий секторида мазкур методиканинг иловасига мувофиқ фаолиятнинг тегишли турлари билан шуғулланувчи шахслар сонининг меҳнатга лаёқатли ёшдаги сўраб чиқилганларнинг умумий сонидаги салмоғи қуйидаги формула бўйича аниқланади:


RDIi = NIi : NI * 100, бунда:


RDIi - иқтисодиётнинг норасмий секторида фаолиятнинг тегишли тури билан шуғулланувчи сўраб чиқилганлар салмоғи;

NIi - иқтисодиётнинг норасмий секторида фаолиятнинг тегишли тури билан шуғулланувчи сўраб чиқилганлар сони;

NI - меҳнатга лаёқатли ёшдаги сўралганлар сони, ҳаммаси;

б) олинган салмоқ кўрсаткичи бўйича иқтисодиётнинг норасмий секторида фаолиятнинг тегишли тури билан шуғулланувчи аҳоли сонининг ҳисоби қуйидаги формула бўйича аниқланади:


EIsi = WAP * RDIi : 100, бунда:


EIsi - иқтисодиётнинг норасмий секторида иқтисодий фаолиятнинг тегишли тури билан шуғулланувчилар сони;

WAP - меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли сони.

в) иқтисодиётнинг норасмий секторида меҳнат билан бандларнинг умумий сонини аниқлаш учун иқтисодий фаолиятнинг ҳар бир тури бўйича иқтисодиётнинг норасмий секторида иш билан бандлар сони тўғрисидаги маълумотлар жамланади:








1





EIs

=

1


EIsi


,

бунда:






i






      

EIs - иқтисодиётнинг норасмий секторида меҳнат билан бандлар сони, ҳаммаси.


14. Меҳнат ресурсларини ҳисоблаб чиқишда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга кетган шахслар сони ҳисобга олинади. Уларнинг сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элларга кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳисобга олишни такомиллаштириш тўғрисида" 2007 йил 15 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Схема бўйича, қуйидагиларни ўз ичига олувчи интеграциялашган ахборотлар модули асосида аниқланади:

а) чет элга кетганларнинг сони ва мақсади тўғрисида божхона декларациясининг такомиллаштирилган шакли асосидаги ҳар чораклик статистика ҳисоботи маълумотлари;

б) аҳоли ҳисобини юритиш бўйича ички ишлар органлари маълумотлари;

в) меҳнат фаолиятини чет элда амалга ошириш учун фуқароларга Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан берилган рухсатномалар маълумотлари;

г) чет элдаги консуллик муассасаларидан олинган маълумотлар;

д) уй хўжаликларини меҳнат билан бандлик масалалари бўйича ўрганишлар.


15. Иқтисодий фаол аҳоли сони қуйидаги формула бўйича аниқланади:


EP = U + E, бунда:


EP - иқтисодий фаол аҳоли.


16. Иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли қуйидаги формула бўйича аниқланади:


EIP = PS + IW + VUP, бунда:


EIP - иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли;

PS - ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқиётган ўқувчилар ва талабалар;

IW - болаларни парвариш қилаётган ишламайдиган аёллар;

VUP - уй бекалари ва мустақил равишда иш билан банд бўлмаган шахслар, шунингдек, кўчар ва кўчмас мулкдан даромад оладиган ишламайдиган шахслар;

Ахборот манбалари:

PS - статистика органларининг маълумотлари;

IW - статистика органларининг ҳисобланган маълумотлари;

VUP - меҳнат органлари томонидан меҳнат билан бандлик масалалари бўйича ўрганишлар маълумотлари.


17. Мустақил равишда иш қидираётганлар сони ишга жойлаштиришга эҳтиёж сезадиган аҳолининг ҳисобланган сонидан ҳисобот даври охиридаги ҳолати бўйича туман ва шаҳарлар Бандликка кўмаклашиш марказларида расман ишсизлар сифатида рўйхатдан ўтказилган шахслар сонини чиқариб ташлаш йўли билан қуйидаги формула бўйича аниқланади:


US = U - UO, бунда:


US - иш билан банд бўлмаганлар, мустақил равишда иш қидираётганлар;

U - ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳоли (ишсизлар);

UO - ишга жойлаштиришга муҳтож бўлганларни аниқлаш пайтида расман рўйхатдан ўтказилган ишсизлар.


18. Бандликка кўмаклашиш туман (шаҳар) марказлари маълумотлари расман рўйхатдан ўтказилган ишсизлар бўйича ахборот олиш манбаи ҳисобланади.



3-БОБ. АҲОЛИНИНГ МЕҲНАТ БИЛАН

БАНДЛИГИНИ ЎРГАНИШ ТАРТИБИ


19. Аҳолининг иш билан бандлигини ўрганиш танлаб олинган уй хўжаликлари аъзоларидан сўровнома ўтказиш йўли билан мазкур методиканинг иловасига мувофиқ амалга оширилади.


20. Уй хўжаликлари бўйича сўровнома ўтказиш Бандликка кўмаклашиш туман (шаҳар) марказлари ходимлари томонидан ҳамда зарурат бўлган ҳолатларда Бандликка кўмаклашиш жамғарма маблағлари ҳисобига тўлов шартнома асосида Республика аҳоли бандлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш илмий маркази ва бошқа ташкилотларнинг махсус тайёрланган мутахассисларини жалб этган ҳолда амалга оширилади.


21. Уй хўжаликлари бўйича сўровнома ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган махсус анкета сўровномаси орқали амалга оширилади.


22. Уй хўжаликлари бўйича сўровнома ўтказишнинг сифати учун жавобгарлик уй хўжаликлари бўйича сўровни ўтказган ходимга юкланади.


23. Сўровнома ўтказиш, маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари томонидан қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

уй хўжаликлари бўйича анкета сўровномаси ўтказиш - бир йилда тўрт маротаба (ҳар чоракда);

маълумотлар базасини шакллантириш - ҳисобот чорагининг охирги ойидан кейинги анкета сўровномаси ўтказиш ойининг 1-кунигача;

анкета сўровномаси натижаларини қайта ишлаш ва таҳлил қилиш - ҳисобот чорагининг охирги ойидан кейинги анкета сўровномаси ўтказиш ойининг охиригача;

ўрганиш натижалари бўйича таҳлилий маълумотнома ва жадвалларни тайёрлаш - ҳисобот давридан кейинги ойнинг 3-кунигача.



4-БОБ. МЕҲНАТ РЕСУРСЛАРИ

БАЛАНСЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ


24. Мазкур методикага мувофиқ ишлаб чиқилган маълумотлар ва ҳисоб-китоблар асосида меҳнат ресурслари, аҳоли бандлиги ва ишга жойлаштириш баҳолаш (ҳисоб-китоб), ҳисобот ва прогноз баланслари томонидан ишлаб чиқилади.


25. Баҳолаш (ҳисоб-китоб) баланси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда ҳар чоракда шакллантирилади.

26. Баҳолаш (ҳисоб-китоб) баланси асосида аҳоли бандлигини таъминлаш, зарур ҳолатларда иш ўринлари ташкил этиш параметрларига тузатишлар бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.


27. Меҳнат ресурсларининг ҳисобот баланси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда ҳар йили ишлаб чиқилади.


28. Меҳнат ресурсларининг прогноз баланси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда келгуси даврга (мақсадга қараб - 1, 5, 10 ва ҳоказо йилгача) ишлаб чиқилади.

29. Меҳнат ресурсларининг прогноз баланси ишлаб чиқишда қуйидагилар ҳисобга олинади:

меҳнат ресурслари сонини ва иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли турли тоифаларини (ўқувчилар, 3 ёшгача бўлган бола парвариши бўйича таътилда бўлган аёллар ва бошқалар) шакллантирадиган келгусидаги демографик жараёнлар динамикаси;

ишга жойлаштиришга муҳтож бўлган меҳнат билан банд бўлмаган аҳолининг (ишсизларнинг) амалдаги ва кутилаётган сони;

ишлаётганлар сонининг белгиланган параметрлари, иш билан бандликнинг ўсиши ва инвестиция дастурлари, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларини амалга оширишнинг мўлжалланган натижалари муносабати билан иш билан бандликнинг ўсиши ва унинг таркибий ўзгариши;

касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш;

меҳнат ресурслари, аҳоли бандлиги ва ишга жойлаштириш балансининг прогноз кўрсаткичларига мувофиқ таълим муассасаларида кадрларни касбга тайёрлаш йўналишларини қайта ихтисослаштиришни такомиллаштириш.


30. Меҳнат ресурсларининг прогноз балансидан ҳудудларнинг демографик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда янги иш ўринлари ташкил этишга эҳтиёжларни ва келгусида ҳудудий аҳолини бандлиги дастурлари параметрларини аниқлашда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини ишлаб чиқиш ҳамда ишга жойлаштиришга муҳтож, меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини ҳисоблаш методикасига






Методикага

ИЛОВА



Бандлик масалалари бўйича уй хўжаликларини

бандлик масалалари юзасидан танлаб

ўрганишларни ўтказиш

ТАРТИБИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Тартиб банд бўлмаган аҳоли сонини ҳисоблаш учун маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлган фуқаролар сонини аниқлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бандлик масалалари бўйича уй хўжаликларини танлаб ўрганишларни (кейинги ўринларда ўрганиш деб аталади) ташкил этиш ва ўтказиш механизмини белгилайди.

Ўрганишни ўтказиш тартиби Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) тавсияларига асосланади.

Ўрганиш асосида меҳнат ресурсларининг баҳолаш (ҳисоб-китоб), ҳисобот ва прогноз баланслари ҳамда иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлган фуқароларнинг сифат таркиби тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.


2. Ушбу Тартибда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


уй хўжалиги - ўз даромадларини бутунлай ёки қисман бирлаштириш умумий хўжалик юритувчи бирга яшайдиган шахслар йиғиндиси. Бунда уй хўжалиги аъзоларининг яқин қариндошлик алоқалари мавжудлиги талаб этилмайди.


анкета - уй хўжаликларининг бандлик масалалари тўғрисидаги маълумотларни олиш учун аниқ белгиланган саволлар рўйхатини ўз ичига олган, белгиланган тартибда тасдиқланган ҳужжат;


интервьюер - ўрганиш жараёнида танлашга тушган уй хўжаликларининг аъзоларидан сўров (интервью) ўтказадиган ҳудудий меҳнат органлари ходими;


уй хўжалиги бошлиғи - уй хўжалиги аъзолари хоҳиши бўйича танланади. Бунда, уй хўжалиги бошлиғи энг ёши катта аъзоси ёки хўжалик юритувчи ёхуд уй хўжалигига энг кўп даромад келтирувчи аъзоси бўлиши мумкин;


респондент - интервью саволларига жавоб берадиган ўрганилаётган уй хўжалиги аъзоси. Респондент уй хўжалигининг бошлиғи ёки бошқа энг кўп маълумотга эга аъзоси бўлиши мумкин.


3. Ўрганиш ҳар чоракда (март, июнь, сентябрь, декабрда) ўтказилади.


4. Ўрганиш жараёнида уй хўжаликлари кузатув бирликлари ҳисобланади. Уй хўжаликларининг 15 ёшдан ошган аъзолари кузатув объектлари ҳисобланади.


5. Ҳар бир уй хўжалигида ўрганиш жараёнида мазкур манзилда доимий истиқомат қилувчи, жумладан, сўров ўтказилаётган пайтда доимий яшаш манзилидан ташқарига вақтинчалик чиққан, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган, тиббиёт муассасаларида даволанаётган, туризм сафарларида саёҳат қилаётган, бошқа шаҳарда таълим олаётган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида даромад олиш мақсадида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахслар ҳисобга олинади.


6. Уй хўжаликлари таркибида суд қарорига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган шахслар ҳисобга киритилмайди.



2-БОБ. ЎРГАНИШНИ ТАНЛАШНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


7. Ўрганиш махсус танлаш орқали танланган уй хўжалиги аъзоларидан сўров ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


8. Уй хўжаликлари бўйича сўров ўтказиш ҳар чорак сўнгги ойининг иккинчи ўн кунлигида туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари ходимлари томонидан ҳар чоракда ўтказилади.


9. Сўров ўтказиладиган уй хўжаликларини саралаш ҳар бир туман (шаҳар) бўйича маълумотларнинг намунавийлигини таъминлайдиган ҳар бир туман (шаҳар) бўйича пропорционал танлашда 0,3% дан кам бўлмаган қамраб олиш орқали амалга оширилади.


10. Ўрганиш натижалари намунавий бўлиши лозим:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида - ҳар бирида аниқлиги 95 фоизгача;

кузатув объектлари бўйича - танлашнинг жами йиғиндиси бўйича аниқлиги 90 фоизгача;

аҳоли пункти турлари (шаҳар, қишлоқ ва бошқалар) бўйича - аниқлиги 90 фоизгача.


11. Уй хўжаликларини танлаш икки босқичда амалга оширилади, биринчи босқичда ҳар чоракда аҳоли пунктлари саралаб олинади, ушбу жараён ҳар уч ойда, бир йилда тўрт маротаба такрорланади. Аҳоли пунктларини саралаб олиш эҳтимоли ундаги мавжуд уй хўжаликлари (ёки аҳоли) сонига боғлиқ.


12. Саралашнинг биринчи босқичидан олдин олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда жойлашган аҳоли пунктлари рўйхатдан чиқариб ташланади. Рўйхатдан чиқаришга сабаб ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг республика умумий аҳолиси сонидаги салмоғи ҳисобланади.


13. Уй хўжаликларини саралаш танлашнинг иккинчи босқичида амалга оширилади. Меҳнат органларининг ҳудудий бошқармалари белгиланган тартибда барча уй хўжаликлари рўйхатини (манзил, уй хўжалиги бошлиғининг исми ва фамилияси) саралаб олинган аҳоли пунктлари бўйича электрон тарзда шакллантиради. Ушбу рўйхат асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги уй хўжаликларини саралашнинг иккинчи босқичини амалга оширади ҳамда келгуси уч ойдаги ўрганишда фойдаланиладиган уй хўжаликлари рўйхатини шакллантиради.


14. Ҳар бир ўрганиш ўтказилганда танланганларнинг учдан бир қисми янгиланади: ҳар бир кетма-кет ўрганишда ўрганилган уй хўжаликларининг учдан икки қисми сақланади, учдан бир қисми эса янгиланади.



3-БОБ. ЎРГАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Ўрганишни методологик таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилади.


16. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қуйидагиларни ишлаб чиқади:

анкета;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича уй хўжаликларини танлаш;

интервьюерлар учун кўрсатма материаллар;

маълумотлар базасини шакллантириш ва компьютерда қайта ишлаш технологияси.


17. Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари:

анкеталарни зарур миқдорда кўпайтиришни таъминлайди;

саралаб олинган уй хўжаликларининг жойлашувидан келиб чиқиб ҳар бир интервьюерлар учун ҳисоб-китоб участкаларини шакллантиради;

ҳар беш интервьюерлар битта супервайзер асосида ҳар бир туманда (шаҳар) супервайзерларни тайинлайди;

интервьюерлар ишининг танлаш асосида текширилишини таъминлайди;

ўрганиш натижаларининг компьютерга киритилишини таъминлайди.


18. Туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари:

интервьюерларнинг фамилияси бўйича рўйхатини шакллантиради;

ўрганиладиган уй хўжаликларининг почта манзили кўрсатилган интервьюерлар маршрут варағини шакллантиради;

интервьюерларни тайёрлайди ва уларни зарур анкеталар билан таъминлайди;

ўтказиладиган ўрганишлар тўғрисида аҳолига маълумот беришни таъминлайди;

ўрганишларни ўтказишда ўз-ўзини бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

тўлдирилган анкеталарни бирламчи назорат қилади ва кодлаштиради.



4-БОБ. ЎРГАНИШ АНКЕТАСИ


19. Ўрганиш анкетаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири томонидан тасдиқланган давлат ва рус тилларидаги (зарур ҳолатларда қорақалпоқ тилида) савол ва жавоб вариантлари мавжуд анкета;

ўрганиладиган уй хўжаликларининг почта манзили кўрсатилган интервьюерлар маршрут варағи;

уй хўжаликларига ташриф карточкаси;

алоҳида саволлар анкетасини кодлаштириш бўйича қўлланма;

бошқа зарур кўрсатма ва методик материаллар.



5-БОБ. ИНТЕРВЬЮЕРЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


20. Интервьюерлар сифатида уй хўжаликларидан сўровнома ўтказиш учун қуйидагилар жалб этилади:

фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ҳудудларига бириктирилган туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари ходимлари;

зарурат бўлганда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари ҳамда Бандликка кўмаклашиш марказларининг бошқа ходимлари.


21. Уй хўжаликларига ташриф буюрганда интервьюер қуйидагиларга амал қилиши керак:

озода кийинган бўлиши;

исми, фамилияси ва иш жойи кўрсатилган бейджиги бўлиши;

сўровнома ўтказиш учун барча зарур бўлган анжомларнинг (тўлиқ анкета тўплами, ручка ва ҳ.к.) мавжудлиги;

респондентлар билан хушмуомалали ва сабрли бўлиши;

ўрганиш натижасида олинган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши.



6-БОБ. УЙ ХЎЖАЛИКЛАРИДА

СЎРОВНОМА ЎТКАЗИШ


22. Сўровнома интервьюернинг маршрут варақасида қайд этилган уй хўжаликаларида бевосита бўлиш йўли билан амалга оширилади.


23. Ахборотлар тўплами фақат интервьюерлар томонидан маълумотларни анкетага киритиш йўли билан шакллантирилади.


24. Барча кузатув бирликлари бўйича анкета саволларига жавоблар уй хўжалиги бошқа аъзоларининг бандлигини аниқлашда ўзини ваколатли ҳисоблайдиган 18 ёшдан кичик бўлмаган уй хўжалиги аъзосидан олинади.


25. Интервьюерлар уй хўжаликларига ташриф буюрганда қуйидагиларни амалга оширади:

ташриф варақасини тўлдиради;

анкетага мувофиқ ёши белгиланган шахслар билан сўровлар ўтказади ҳамда респондентларнинг жавобларини анкета бланкаларида қайд этади;

жавобларнинг бирламчи мантиқий назоратини (турли саволларга жавоблардаги аниқ қарама-қаршиликларни аниқлашни) амалга оширади;

ташрифлар давомида тўлдирилган анкета ва карточкаларни ҳар икки кунда бир маротаба Бандликка кўмаклашиш маркази директорига топширади.


26. Бандликка кўмаклашиш маркази директори ўринбосари:

интервьюерлар гуруҳи ишларини бошқаради ва улар учун белгиланган иш ҳажмининг бажарилишини назорат қилади;

интервьюерлардан анкеталарни қабул қилади ва тўлдирилган анкеталарнинг тўлиқлиги ва сифатини назорат қилади;

ташрифларни танлаб назорат қилади;

тўлдирилган анкеталар учун кўчириш далолатномаси тузади ва имзолаб туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш маркази директорига ёки унинг ваколатли вакилига топширади.


27. Сўровнома ўтказиш жараёнида зарурат бўлган респондентларга анкетанинг алоҳида саволлари бўйича тушунтиришлар беради. Бунда тушунтиришлар асосланган бўлиши шарт.



7-БОБ. ЎРГАНИШ НАТИЖАЛАРИНИ

ҚАЙТА ИШЛАШ ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


28. Ўрганиш натижаларини қайта ишлаш анкетада акс эттирилган шахсий маълумотлардан рухсатсиз фойдаланишни тақиқловчи шартлар бўйича амалга оширилиши шарт.


29. Ўрганиш натижаларини қайта ишлаш анкета сўровларига олинган шахсий маълумотларнинг анонимлигини таъминлаш шартларида амалга оширилади.


30. Анкета сўровнома маълумотлари Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари ходимлари томонидан махсус компьютер дастурига қуйидагиларни таъминлаган ҳолда киритилади:

хатосиз киритиш ва киритилган маълумотларни назорат қилиш;

маълумотларнинг ахборот базасини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига маълумотлар базасини тақдим этиш;

жадвал, график ва диаграммаларни шакллантириш.


31. Ахборот тизимидаги маълумотлар уй хўжалигининг ҳар бир аъзоси бўйича зарур демографик ва бандлик мақоми кўрсаткичларини ўзида акс эттирган маълумотлар ҳисобланади.


32. Ўрганиш натижалари бўйича ахборот-таҳлилий ишлар ҳудудлар бўйича таҳлилий ҳисобот ва тезкор балансларни шакллантириш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилади.


33. Ўрганиш натижаларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилади.


34. Ташриф давомида тўлдирилган анкета ва карточка бланкалари Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармаларида беш йил мобайнида сақланади ва ушбу муддат тугагач белгиланган тартибда йўқ қилинади.



8-БОБ.ЎРГАНИШЛАР ЎТКАЗИШ

ИШЛАРИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ


35. Ўрганишлар ўтказиш ишларини умумий мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилади.


36. Ўрганишлар ўтказиш мобайнида олинадиган маълумотларнинг тўғрилиги ва сифатлилигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари томонидан уй хўжаликларига ташриф буюрган ҳолда текширувлар амалга оширилади, бунда ҳар чоракда ўрганиш ўтказилган уй хўжаликларининг қарийб 5 фоизи текширилади.


37. Жойларда ўрганишлар ўтказишни мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бандлик бош бошқармалари томонидан амалга оширилади.


38. Туман (шаҳар) ҳудудларида ўрганишларни ташкил этиш ва ўтказиш учун шахсий жавобгарлик туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказлари директорларига юкланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 23 декабрь