Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.12.2017 й. 1036-сон "Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларни ижтимоий рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.12.2017 й.

N 1036



ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА АҲОЛИНИ

ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШДА ФАОЛ ИШТИРОК

ЭТАЁТГАН ИШ БЕРУВЧИЛАРНИ ИЖТИМОИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сон қарори билан тасдиқланган Меҳнат органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури 5-бандининг ижросини таъминлаш, шунингдек, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларни ижтимоий рағбатлантиришнинг самарали механизмларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг:

2018 йилдан бошлаб янги иш ўринларини фаол ташкил этаётган, шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаётган иш берувчиларга нисбатан рағбатлантириш чора-тадбирларини қўллашни назарда тутувчи "Ижтимоий масъулият ва самарадорлик" рейтинг тизимини жорий этиш;

жорий этилаётган "Ижтимоий масъулият ва самарадорлик" рейтинг тизими доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Савдо-саноат палатасининг маблағлари ҳисобидан молиялаштиришни ташкил этиш;

иш берувчилар ўртасида "Ижтимоий масъулият ва самарадорлик" республика ва ҳудудий танловларини (кейинги ўринларда танлов деб аталади) ҳар йили ўтказиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


2. Янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашда фаол иштирок этаётган иш берувчиларнинг рейтингини аниқлаш, шунингдек, уларга ижтимоий рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда:

а) иш берувчиларнинг иш ўринлари ташкил этиш ва уларни сақлаш, аҳолини ишга жойлаштириш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича фаолиятини баҳолаш натижалари асосида уларнинг рейтингини тузиш методикасини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) ҳар йили 15 декабргача "ТОП-100" энг яхши юзта ташкилот рейтинги оммавий ахборот воситаларида эълон қилинишини ва ушбу ташкилотларга (иш берувчиларга) тегишли сертификатлар берилишини таъминласин;

в) "Ижтимоий масъулият ва самарадорлик" республика танлови ва ҳудудий танловлар тўғрисидаги низомларни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин ҳамда унда:

танловда иштирок этиш учун ахборот тақдим этиш шакллари;

танлов ғолибларини танлаш мезонлари;

танловни ўтказиш ва унинг ғолибларини мукофотлаш тартиби;

танловни ўтказиш билан боғлиқ бошқа тадбирларни амалга ошириш тартиботларини белгилаш назарда тутилсин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

а) республика танлови қуйидаги номинацияларда ўтказилади:

"Иш ўринларини ташкил этгани ва аҳолини ишга жойлаштиришни ривожлантиргани учун";

"Меҳнатни самарали муҳофаза қилгани ва ишлаб чиқаришда хавфсиз меҳнат шароитларини яратгани учун";

"Ижтимоий шерикликни ривожлантиргани учун";

"Ташкилотда ёшларга оид фаол сиёсатни амалга оширгани учун";

б) ҳудудий танловлар номинациялари тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан белгиланади;

в) танловларни ўтказиш тадбирлари танлов ташкилотчилари томонидан молиялаштирилади.

Танлов ташкилотчилари Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда 2018 йил 1 февралгача ҳар бир номинация бўйича танлов ғолибларига мукофотлар эскизларини тайёрласин ва тасдиқласинлар.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳудудий танловларнинг юқори ташкилий савияда ўтказилишини ва ғолибларнинг республика танлови номинациясига тақдим этилишини таъминласинлар.


6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига танловларнинг кенг ёритилишини ташкил этиш, уларнинг иштирокчилари ва ғолиблари тўғрисидаги ахборот материалларини республика ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш тавсия этилсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Молия вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.А. Хаитов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                 А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 январь