Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.12.2017 й. 964-сон "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин қизлар бандлигини таъминлашга доир фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.12.2017 й.

N 964



ФУҚАРОЛАРНИНГ ЎЗИНИ ЎЗИ

БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИНИНГ АҲОЛИ,

БИРИНЧИ НАВБАТДА, ЁШЛАР ВА ХОТИН ҚИЗЛАР

БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР ФАОЛИЯТИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Маҳалла институтининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" 2017 йил 3 февралдаги ПФ-4944-сон Фармони билан тасдиқланган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш комплекс чора-тадбирлари дастурини бажариш ҳамда аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича амалга оширилаётган ишларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва меҳнат органларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг:

аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигига кўмаклашиш масалаларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси туман (шаҳар) бўлинмалари ва меҳнат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмини;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси туман (шаҳар) бўлинмалари ходимларини ишсизларни ва банд бўлмаган фуқароларни ишга жойлаштиришда фаол кўмаклашганлиги учун моддий рағбатлантириш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигига кўмаклашиш масалаларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) бўлинмалари ва меҳнат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин ҳамда у 2018 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳар бир органини, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг туман (шаҳар) бўлинмаларини бутунжаҳон Интернет тармоғига улаган ҳолда компьютер билан ҳамда Бўш иш ўринларнинг миллий базасидан фойдаланиш имконини берадиган конфигурация билан жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар кўрсинлар.


4. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги уч ой муддатда аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигига кўмаклашиш масалаларида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси туман (шаҳар) бўлинмалари ходимларини Бўш иш ўринлари миллий базасига бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни киритиш ва фуқароларни ишга жойлаштириш тўғрисидаги маълумотларни расмийлаштириш учун Бўш иш ўринлари миллий базасидан фойдаланиш кўникмаларига ўқитишни таъминласин.


5. Фуқароларни ишга жойлаштирилганлик учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш тўғрисидаги маълумотлар билан тасдиқланган тўловларни амалга ошириш, шунингдек, Бўш иш ўринлари миллий базасига микрофирмалар, кичик корхоналар, оилавий корхоналар, фермер ва деҳқон хўжаликларидаги, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ҳунармандлардаги бўш иш ўринларининг мавжудлиги тўғрисидаги ишончли маълумотларни киритиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) бўлинмалари ходимларини моддий рағбатлантириш тизими 2018 йил 1 апрелдан бошлаб жорий этилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.А. Хаитов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                       А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 7 декабрь