Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Соғлиқни сақлаш вазирининг 25.12.2017 й. 131-сон "Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Буйруғи (АВ томонидан 27.12.2017 й. 2649-2-сон билан рўйхатга олинган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

27.12.2017 й.

N 2649-2




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ВАЗИРИНИНГ

25.12.2017 й.

N 131


БУЙРУҒИ



Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан

ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби

тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 ноябрдаги 920-сон "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш давлат тизими ташкилотларини кадрлар билан таъминлашни яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг 2014 йил 18 декабрдаги 21-сон буйруғи (рўйхат рақами 2649, 2015 йил 19 январь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 3-сон, 32-модда) билан тасдиқланган Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Вазир                                                                   А. Шадманов






Буйруққа

ИЛОВА



Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан

ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби

тўғрисидаги низомга киритилаётган ўзгартиришлар


1. 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"7. Малака тоифасини олиш учун мурожаат қилган врачларнинг мутахассислик бўйича иш стажи Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат муассасалари тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомнинг 3-иловасига мувофиқ аниқланади.

Мутахассислик бўйича иш стажини ҳисоблаб чиқишда мазкур Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган турдош мутахассисликлар бўйича иш стажи ўзаро ҳисобга олинади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходими мутахассислигининг номи ўзгарганда, унинг олдинги мутахассислиги бўйича олган малака тоифаси ва у бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари сақланади, кейинчалик янги номдаги мутахассислик бўйича малака тоифасини олиш учун мурожаат қилганда олдинги мутахассислиги бўйича иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади.

Қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий ёки кўп тармоқли марказий поликлиникаларда умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаётган тор мутахассисликка эга бўлган врачлар иш фаолиятини тор мутахассислиги бўйича давом эттирган тақдирда, уларнинг умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаган даврда олган малака тоифаси сақланиб қолади, шунингдек тор мутахассислиги бўйича малака тоифасини олиш учун мурожаат қилганда умумий амалиёт шифокори лавозимида ишлаган давридаги иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади ҳамда улар тегишли тор мутахассислиги бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганидан сўнг аттестациядан ўтказилади.

Тиббиёт муассасаларида тор мутахассислиги бўйича ишлаётган врачлар қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий ёки кўп тармоқли марказий поликлиникаларга умумий амалиёт шифокори лавозимига ишга ўтган тақдирда, уларнинг тор мутахассислик бўйича олган малака тоифаси сақланиб қолади, шунингдек умумий амалиёт шифокори лавозими бўйича малака тоифасини олиш учун белгиланган тартибда мурожаат қилганда тор мутахассислиги бўйича ишлаган даврдаги иш стажи ва олган малака тоифаси инобатга олинади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда малака оширганидан сўнг аттестациядан ўтказилади.

Соғлиқни сақлаш муассасаларининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқарув ходимлари жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил қилиш мутахассислиги бўйича, давлат санитария-эпидемиология назорати хизмати раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда бошқарув ходимлари умумий гигиена ва эпидемиология мутахассислиги бўйича малака тоифаси олиш учун мурожаат қилишлари мумкин.".


2. 1-илованинг 6-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"

6.

"Умумий амалиёт шифокори"


Барча тор мутахассисликлар

".

3. Мазкур ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 27 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2017 йил 30 декабрь, 52-сон, 1265-модда