Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.05.2018 й. 363-сон Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат молиявий назорати бош бошқармаси тўғрисида низомга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.05.2018 й.

N 363




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ ДАВЛАТ

МОЛИЯВИЙ НАЗОРАТИ БОШ БОШҚАРМАСИ

ТЎҒРИСИДА НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШЛАР

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пахтачилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 28 ноябрдаги ПҚ-3408-сон қарорига мувофиқ ҳамда пахта маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, тайёрлаш ва чиқариш жараёнлари, шунингдек, тайёрланган пахта хом ашёси ҳажмларининг статистик ҳисоботлар ва мавжуд маълумотларга мувофиқлиги устидан тизимли ҳамда таъсирчан назоратни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 870-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси тўғрисида низомга иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                      А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 15 майдаги

363-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлигининг Давлат молиявий

назорати бош бошқармаси тўғрисида низомга

киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчалар


1. 7-бандда:

а) қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"пахта тозалаш корхоналарида ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг ҳаққонийлиги устидан давлат назоратини амалга ошириш";

б) тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилар тегишли равишда ўнинчи ва ўн биринчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


2. 8-банд қуйидаги мазмундаги "ж-1" кичик банди билан тўлдирилсин:

"ж-1) пахта тозалаш корхоналарида ҳисобга олиш ва ҳисоботнинг ҳаққонийлиги устидан давлат назоратини амалга оширилишини таъминлаш соҳасида:

пахта хом ашёсини қабул қилиш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни реализация қилиш жараёнларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали мониторинг қилиш ва профилактика тадбирларини ташкиллаштириш;

пахта хом ашёсини қайта ишлашдан олинган тайёр маҳсулотлар ҳақиқий миқдорини ҳамда ишлаб чиқариш куйиндиларининг тасдиқланган нормативларга мувофиқлигини текшириш;

қабул қилинган пахта хом-ашёси ва уни қайта ишлашдан олинган тайёр маҳсулотлар ҳаракати ҳисоби ва ҳисоботлари ҳаққонийлигини назорат қилиш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларидан қабул қилинган пахта хом ашёси учун амалга оширилган якуний ҳисоб-китобларнинг тўғрилиги юзасидан назорат олиб бориш;

тайёрланган уруғлик чигитларнинг техник талаблар ҳамда навларни жойлаштиришнинг белгиланган топшириқларга мувофиқлиги юзасидан назоратни амалга ошириш;

маълумотлар базасини шакллантириш, умумлаштириш ва ҳисобини юритиш орқали қонун бузилиши ҳолатлари олдини олиш бўйича профилактика ишларини олиб бориш".


3. 9-банднинг ўн учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"давлат молиявий назоратини амалга ошириш жараёнида аниқланган хато камчиликларни бартараф этиш, мақсадсиз ва ноқонуний харажатларни, пул маблағлари ва товар-моддий бойликлар камомадини ундириш, пахта хом-ашёси ва унинг маҳсулотлари миқдорини аниқланган камомадга асосан ҳисоботлардан чиқариб ташлаш ҳамда назорат объекти айбдор шахсларини жавобгарликка тортиш юзасидан мажбурий тусга эга тақдимномалар киритиш".


4. 12-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"12. Бош бошқарма ходимлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари Бош бошқарма бошлиғининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси молия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ҳудудий бошқармалар бошлиғи ўринбосарлари - бўлим бошлиқлари, бўлим бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, сектор мудирлари, бош мутахассислар, бош назоратчи-тафтишчилар, етакчи назоратчи-тафтишчилар ва назоратчи-тафтишчилар, бош молия инспекторлари, молия инспекторлари ҳудудий бошқармалари бошлиғи тавсияномасига кўра, Бош бошқарма бошлиғи таклифига асосан Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ҳудудий бошқармалар бош бухгалтери, ходимлар ва махсус ишлар бўйича мутахассиси, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича инспектори, бош юрисконсульти, шунингдек техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар белгиланган тартибда ҳудудий бошқарма бошлиғи томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади".


5. 14-бандда:

а) иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги раҳбариятига Бош бошқарманинг ҳудудий бошқармалари бошлиғи ўринбосарлари - бўлим бошлиқлари, бўлим бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, сектор мудирлари, бош мутахассислар, бош назоратчи-тафтишчилар, етакчи назоратчи-тафтишчилар ва назоратчи-тафтишчилар, бош молия инспекторлари ва молия инспекторларини ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш ва ишдан ишга ўтказиш бўйича таклифлар киритади;"

б) бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"бошқарма ишларини ташкил этиш ва бошқариш, ўзининг ваколати доирасида бошқарма ходимларига бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 май