Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 26.05.2018 й. 3016-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг 15.05.2018 й. 185-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матнини ўқиш учун авторизация қилинг

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 26 майда 3016-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги

Лойиҳа бошқаруви миллий

агентлиги директорининг

2018 йил 15 майдаги

185-сон буйруғига

ИЛОВА



Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил

этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ (бундан буён матнда Қонун деб юритилади) харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


аванс тўлови - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат буюртмачиси ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси томонидан киритиладиган, операторнинг воситачилик йиғимини ва томонларнинг закалатини ўз ичига олган молиявий маблағлар суммаси;


давлат буюртмачиси (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади) - давлат харидларини амалга оширувчи юридик шахс;


давлат харидлари тўғрисидаги шартнома - давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида буюртмачи ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим;


ягона етказиб берувчи - табиий монополия субъекти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида фармонларида, қарорларида ва фармойишларида ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган субъектлар, шунингдек давлат томонидан харид қилинаётган, бозорда муқобиллари мавжуд бўлмаган ноёб товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи;


танлов - шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топиладиган харид қилиш тартиб-таомилини амалга оширишнинг тури;


танлов таклифи - танлов ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ иштирокчининг танлов предметига нисбатан тақдим этиладиган таклифи;


лот - турли белгилари бўйича гуруҳлаштирилган (фойдаланиш, техник ва функционал хусусиятларига кўра) бир хил турдаги товарларнинг жамланмаси сифатида буюртмачи томонидан белгиланган ва алоҳида шартнома бўйича харид предметининг миқдорий қисми;


таклифни таъминлаш - буюртмачининг талабига биноан иштирокчи томонидан таклифлар ва мажбуриятларнинг гаров, кафолат, закалат тарзида ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усулда таъминланиши;


шахсий кабинет - электрон давлат харидларида иштирок этишни ҳамда зарур ахборотни жойлаштиришни ва ундан фойдаланишни таъминлайдиган, буюртмачи ёки харид қилиш тартиб-таомили иштирокчисининг махсус ахборот порталдаги индивидуал саҳифаси;


режа-жадвал - товарлар (ишлар, хизматлар) харидининг ҳажмлари ва жойлаштириш муддатларини назарда тутувчи ҳужжат;


давлат харидлари бўйича тўғридан-тўғри шартнома - махсус ахборот порталида рўйхатга қўйилиши шарт бўлган, давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида буюртмачи ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим;


қадам ўлчови - нархни пасайтириш учун аукционнинг бошланғич нархини ёки олдинги иштирокчи нархининг фоиз билан белгиланадиган камайтириш пул миқдори;


ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (бундан буён матнда ҲККП деб юритилади) - аванс тўловларини депонентлаш ва уларни ҳисобга олиш йўли билан шартномалар бўйича мажбуриятларни бажара оладиган иштирокчиларни электрон харидларга киришини таъминловчи махсус ахборот порталининг таркибий бўлинмаси;


ягона етказиб берувчилар реестри - ваколатли орган билан келишилган ҳолда махсус ахборот портали оператори томонидан юритиладиган ахборот ресурси;


захира ижрочиси - харид қилиш тартиб-таомиллари якунига кўра харид комиссиясининг қарорига мувофиқ ғолиб деб топилган иштирокчининг таклифидан сўнг таклифи энг мақбул деб топилган иштирокчи;

махсус ахборот портали (бундан буён матнда портал деб юритилади) - операторнинг давлат харидлари ўтказилишини, давлат харидлари тўғрисидаги эълонлар, давлат харидлари якунлари, харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиларининг таклифлари ҳақидаги ахборотнинг ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ахборотнинг электрон шаклда жойлаштирилишини ва кўрилишини, шунингдек электрон давлат харидлари ўтказилишини таъминловчи веб-сайти ва махсус электрон платформаси;


табиий монополия субъекти - табиий монополия шароитларида товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқариш ва/ёки реализация қилиш билан банд бўлган хўжалик юритувчи субъект (юридик шахс);


тендер таклифи - тендер ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ тендер предметига нисбатан иштирокчининг таклифи;


давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган (бундан буён матнда ваколатли орган деб юритилади) - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги;

давлат харидларининг электрон тизими (бундан буён матнда электрон тизим деб юритилади) - электрон давлат харидлари жараёнида давлат харидлари субъектларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайдиган ташкилий, ахборот ва техник воситаларнинг дастурий мажмуи;

электрон давлат харидлари - давлат харидлари субъектларининг ахборот-коммуникация технологиялари воситаларидан фойдаланган ҳолда давлат харидларини амалга ошириш шакллари.

2. Харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш турлари қуйидагилардан иборат:

электрон дўкон;

бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион (бундан буён матнда аукцион деб юритилади);

танлов;

тендер;

ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари.

Давлат харидлари электрон шаклда амалга оширилиши мумкин.


3. Харидларга тайёргарлик ўз ичига қуйидагиларни олади:

порталда харидларнинг йиллик ва чораклик режа-жадвалларини жойлаштириш;

порталда харидлар ўтказилиши ҳақидаги эълонларни жойлаштириш;

буюртмачилар ва харид жараёнлари иштирокчилари (бундан буён матнда иштирокчи деб юритилади) томонидан харидларда уларнинг иштирокини таъминловчи аванс тўловларини киритиш.


4. Порталда жойлаштириладиган режа-жадвал қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

харид предмети;

харид ўтказиладиган ой;

буюртмачининг номи ва манзили;

харид предметини молиялаштириш манбалари;

товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш жойи (манзили), муддатлари ва шартлари.



2-БОБ. ЭЛЕКТРОН ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ


1-§. Электрон давлат харидларини

ўтказишнинг умумий шартлари


5. Буюртмачи ва иштирокчилар ҲККПдаги шахсий ҳисобварақларига аванс тўловларини киритганларидан сўнг электрон давлат харидларига (бундан буён матнда электрон харидлар деб юритилади) қўйилади.


6. Буюртмачи ва иштирокчилар электрон харидлардаги иштирокларини электрон рақамли имзоларидан (бундан буён матнда ЭРИ деб юритилади) фойдаланган ҳолда амалга оширади. Буюртмачи ва иштирокчи томонидан ЭРИдан фойдаланиш, электрон тизимда тузиладиган шартномаларни ҳақиқий деб топиш учун асос бўлиб ҳисобланади.


7. Харид қилиш тартиб-таомилларини электрон дўкон ёки аукцион орқали амалга оширишда корпоратив буюртмачи ва иштирокчи томонидан киритилган закалат шартнома мажбурияти бажариладиган вақтга қадар ёки шартнома қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилингунга қадар хатлаб қўйилади, бундан мазкур Низомнинг 8-бандида белгиланган ҳоллар мустасно.

8. Электрон дўкон ва аукцион иштирокчиларининг закалати бошқа иштирокчилар томонидан пастроқ нархдаги таклиф берилгунга қадар хатланади.

8-1. Бюджет буюртмачиси томонидан электрон танлов ёки электрон тендер ўтказишда иштирокчиларнинг закалати оператор томонидан ғолиб аниқлангунга қадар хатлаб қўйилади. Электрон танлов ёки электрон тендер ғолибининг закалати шартнома тузилгунига қадар хатланади.

Корпоратив буюртмачи томонидан электрон танлов ёки электрон тендер ўтказишда иштирокчилар томонидан закалат киритиш зарурати ва миқдори корпоратив буюртмачи томонидан белгиланади ҳамда киритилган закалат оператор томонидан электрон танлов ёки электрон тендер ғолиби билан шартнома тузилгунига қадар хатланади. Бунда закалат миқдори товар (иш, хизмат) қийматининг 3 фоизидан ошмаслиги керак.

11. Оператор томонидан буюртмачи ва иштирокчилардан ундириладиган воситачилик ҳақи миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.


12. Операторнинг электрон тизими автоматик режимда қуйидагиларни амалга оширади:

киритилган аванс суммасига мувофиқ ҳар бир лот бўйича электрон харидлардан фойдаланиш;

электрон харидларни ўтказиш;

электрон харидлар натижаси бўйича иштирокчиларни аниқлаш;

битимни рўйхатга олиш ва шартномани шакллантириш.



2-§. Электрон дўкондан фойдаланиш


13. Электрон дўкон иштирокчиларнинг таклифларидан шакллантирилади. Иштирокчининг электрон дўконга қўйилган таклифи буюртмачиларга юборилган оммавий офертадир.


14. Қонуннинг 43-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ электрон дўконда қуйидаги давлат харидлари амалга оширилиши мумкин:

бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан (бюджет буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан) ошмайдиган, бироқ бир йилда бир буюртмачи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг беш юз баравари миқдордаги суммадан кўп бўлмаган товарлар;

бир буюртмачи учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан ошмайдиган миқдордаги ишлар, хизматлар.

15. Иштирокчи электрон дўконга жойлаштирилган ўз таклифида қуйидагиларни кўрсатади:

таклиф этилаётган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) номи;

сотиш нархи;

товарнинг энг кўп ва энг кам тўпи;

товарнинг русуми ва техник параметрлари (техник паспорт ёки бошқа ҳужжат асосида);

товарнинг фотосурати;

товар етказиб бериладиган (иш бажариладиган, хизмат кўрсатиладиган) ҳудуд;

товарни ишлаб чиқарувчи ва товар келиб чиққан мамлакат тўғрисидаги ахборот;

кафолат шартлари ва муддати тўғрисидаги ахборот;

товар ишлаб чиқарилган йил;

товарнинг яроқлилик муддати;

ишни бажариш, хизматни кўрсатиш муддати;

зарур бўлганда, лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжат ёки сертификат мавжудлиги тўғрисидаги ахборот.


16. Иштирокчи электрон дўконда жойлаштирилган ахборотнинг ишончлилиги бўйича тўлиқ жавобгар бўлади.


17. Иштирокчининг офертаси у электрон дўконга жойлаштирилган пайтдан бошлаб ўн беш календарь кун мобайнида амал қилади. Ушбу муддат тугаганидан сўнг иштирокчи уни яна ўн беш календарь кунга активлаштириши мумкин.


18. Оферта буюртмачи томонидан акцептлангунга қадар иштирокчи офертани ҳар қандай муддатда чақириб олиши ёки унга тузатишлар киритишга ҳақли.


19. Буюртмачи электрон дўконда иштирокчиларнинг оферталарини ўрганиш йўли билан ўзи учун зарур бўлган товарни (ишни, хизматни) танлайди ва товар (иш, хизмат) танлангач, харажатлар моддасини белгилаган ҳолда нархлар сўрови механизмидан фойдаланади.


19-1. Давлат буюртмачилари электрон дўконнинг қўшимча саҳифасидан фойдаланган ҳолда, давлат харидларини ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) кесимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (иш бажарувчилар, хизмат кўрсатувчилар) ўртасида амалга ошириши мумкин.

Бунда, электрон дўконнинг қўшимча саҳифасидан фойдаланиш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:

буюртмачи электрон дўконда "миллий дўкон" ячейкасини танлайди;

электрон тизим буюртмачи жойлашган ҳудуд бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг (иш бажарувчиларнинг, хизмат кўрсатувчиларнинг) таклифлари жойлаштирилган қўшимча саҳифани очади.

"Миллий дўкон" ячейкасининг "қидирув" тугмасидан фойдаланилганда электрон тизим буюртмачи жойлашган ҳудуддаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (иш бажарувчилар, хизмат кўрсатувчилар) томонидан етказиб бериладиган товарни (ишни, хизматни) қидиради.

Электрон дўконнинг қўшимча саҳифасида харид қилиш тартиб-таомили якунига кўра товар (иш, хизмат) мавжуд эмаслиги сабабли шартнома тузилмаган бўлса, давлат буюртмачиси электрон дўконнинг асосий саҳифасидан фойдаланмасдан мустақил равишда танланган етказиб берувчи билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга ҳақли эмас.

20. Портал автоматик режимда, нархлар сўрови механизмини амалга оширган ҳолда офертани таклиф этган иштирокчига ҳамда электрон дўконда ўхшаш товарларни (ишларни, хизматларни) таклиф этаётган барча иштирокчиларга харид қилиш тартиб-таомилида иштирок этиш тўғрисида таклифлар юборилишини таъминлашга мажбур.

20-1. "Миллий дўкон" орқали харидларни амалга оширишда электрон тизим нархлар сўрови механизмини фақат буюртмачи жойлашган ҳудуддаги (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) маҳаллий ишлаб чиқарувчилар (иш бажарувчилар, хизмат кўрсатувчилар) орасида юборилишини таъминлайди.

21. Нархлар сўрови механизми, буюртмачига ўхшаш товарларни (ишларни, хизматларни) таклиф этаётган иштирокчилардан пастроқ нархни сўраш имкониятини тақдим этадиган электрон тизимнинг функциясидан иборат .


22. Иштирокчилар нархлар сўровида иштирок этиш тўғрисидаги таклиф портал томонидан юборилган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соат ичида ўз таклифларини беришга ҳақли.


23. Иштирокчиларнинг манзилига юборилаётган нархлар сўровида иштирок этиш тўғрисидаги таклиф буюртмачи томонидан танланган иштирокчининг офертасига ҳаволани ўз ичига олади.

Иштирокчилар нархлар сўровида иштирок этиш ҳақидаги таклифни олган вақтдан бошлаб буюртмачи томонидан танланган оферта нархидан пастроқ нарх бўйича таклиф киритишга ҳақли.


24. Корпоратив буюртмачилар ва иштирокчилар харидларни электрон дўконда тартиб-таомили орқали амалга оширишдан олдин ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига иштирокчи оферта қийматининг 3 фоизи миқдоридаги закалатни жойлаштиради.

25. Агар нарх сўрови мобайнида иштирокчи томонидан таклиф қилинган нарх буюртмачи томонидан танланган нархдан 15 ва ундан ортиқ фоизга паст бўлса, иштирокчи буюртмачи томонидан танланган офертанинг нархи ва ўзи томонидан таклиф этилган нархнинг фарқи миқдоридаги қўшимча закалатни харид предметининг ҳар бир бирлиги учун олдиндан киритиши шарт.

Қўшимча закалат мавжуд бўлмаган тақдирда ушбу таклифлар электрон тизим томонидан автоматик равишда рад этилади.


26. Иштирокчилар томонидан берилган нарх бўйича таклифларни таққослаш портал томонидан автоматик режимда амалга оширилади.


27. Иштирокчилар тўғрисидаги маълумотлардан буюртмачи ёки иштирокчилар якуний натижалар эълон қилингунига қадар фойдалана олмайди. Ижрочининг номи ва унинг таклиф қилган нархи ғолиб аниқланган пайтда порталда акс эттирилади.


28. Портал шартномани буюртмачи томонидан танланган иштирокчининг офертасида баён этилган шартларга мувофиқ ҳамда иштирокчилар томонидан таклиф этилган энг паст нархда шакллантиради.


29. Портал тузилган битимни рўйхатга олади, буюртмачи ва иштирокчининг шахсий ҳисобварағидан операторнинг воситачилик ҳақини ечиб олади. Битимни рўйхатга олиш электрон тизим томонидан шартномани шакллантириш ва унга ўзига хос рақам бериш билан амалга оширилади.


30. Порталда рўйхатдан ўтказилган иштирокчиларнинг ҳеч бири дастлабки таклифдан пастроқ нархни таклиф қилмаса, портал буюртмачи ва ижрочи ўртасидаги битимни рўйхатдан ўтказади.


31. Харид қилиш тартиб-таомили якунига кўра электрон дўконда товар (иш, хизмат) мавжуд эмаслиги сабабли шартнома тузилмаган бўлса, буюртмачи мустақил равишда танланган етказиб берувчи билан шартнома тузиш орқали тўғридан-тўғри харидни амалга оширишга ҳақли. Бунда ушбу Низомнинг 14-бандида белгиланган давлат харидларининг суммаларга оид мезонлари амал қилади.


32. Тўғридан-тўғри харид натижасида тузилган шартнома у тузилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай порталга жойлаштирилиши лозим. Тўғридан-тўғри харид учун жавобгарлик буюртмачининг зиммасида бўлади.



3-§. Аукцион ўтказиш


33. Қонуннинг 46-моддасига асосан аукцион воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

товарнинг стандарт хусусиятларга эга бўлиши;

товарнинг техник, эксплуатация қилиниш хусусиятларини ва бошқа хусусиятларини баҳолаш ҳамда таққослаш заруратининг мавжуд эмаслиги;

хизматларнинг, ишларнинг давлат хариди объекти бўлмаслиги;

товарнинг қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан кам бўлиши. Бюджет буюртмачилари учун аукциондаги давлат харидлари бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг беш юз бараваридан ортиқ бўлмаслиги керак.

34. Буюртмачи аукцион ўтказиш ҳақида харидлар режа-жадвалига мувофиқ порталга эълон жойлаштиради.

Корпоратив буюртмачилар ва иштирокчилар томонидан аукционда иштирок этишдан олдин ҲККПдаги шахсий ҳисобрақамларига аукционнинг бошланғич нархдан 3 фоиз миқдорида закалат маблағи ўтказилади.

35. Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон аукцион ғолибини аниқлангунга қадар камида беш кун аввал жойлаштирилиши керак.

36. Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

буюртмачининг номи ва манзили;

аукционнинг биринчи ва охирги куни (аукцион ўтказиладиган давр);

аукцион предметининг бошланғич нархи;

аукцион предметининг хусусиятлари (аукцион предметининг таснифи);

аукцион предметини лотлар бўйича бўлиб чиқиш ва ҳар бир лотнинг ҳажми;

товарларни етказиб бериш муддатлари ва шартлари;

товарлар етказиб бериладиган жой (манзил);

лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг мавжудлиги ҳақида талаб (зарур бўлганда);

товарнинг ўзига хос хусусий параметрларини ифодаловчи алоҳида шартлар.


37. Аукцион буюртмачининг эълонида баён этилган талабларни инобатга олган ҳолда ўтказилади.


38. Агар буюртмачининг эълонида бошқа ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, иштирокчи янги товарни етказиб бериши шарт.


39. Аукцион электрон тизимда бошланғич нархни қадам-бақадам пасайтириш йўли билан ўтказилади. Қадам ўлчови оператор томонидан ваколатли орган билан келишилган ҳолда белгиланади, лекин иштирокчи томонидан киритиладиган закалат миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


40. Бюджет буюртмачисининг эълони буюртмачи томонидан эълон жойлаштирилган вақтдан ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат молиясини бошқариш ахборот тизими пул маблағлари мавжудлиги ҳақидаги тасдиғи олингандан сўнг активлаштирилади ва иштирокчиларнинг таклифларини қабул қилиш бошланади.

41. Агар таклиф нархи буюртмачи томонидан берилган бошланғич нархдан паст ва/ёки бошқа иштирокчининг таклиф қилган нархидан паст бўлса, портал иштирокчиларнинг таклифларини қабул қилишни таъминлайди.

Аукционни ўтказиш чоғида иштирокчилар аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълон чоп этилган кундан эътиборан ва у тамом бўладиган пайтга қадар бутун муддат ичида нарх бўйича таклифларни чекланмаган миқдорда беришга ҳақли.

Аукцион уни ўтказиш ҳақидаги эълонда кўрсатилган муддатда (сана ва вақт), бироқ охирги таклиф келиб тушган вақтдан сўнг беш минутдан кам бўлмаган вақтда тугаган деб ҳисобланади.

Мазкур вақт ичида янги таклиф берилган тақдирда, иштирокчилардан таклифларни қабул қилиш муддати охирги таклиф олингандан сўнг яна беш минутга узайтирилади.

Бунда, аукционнинг тугаш муддати операторнинг иш куни ва иш вақтига тўғри келиши лозим.

Иштирокчиларнинг номи ва улар билан боғланишга доир маълумотлар аукцион ғолиби аниқланмагунига қадар порталда акс эттирилмайди.

Агар аукцион мобайнида иштирокчи томонидан таклиф қилинган нарх бошланғич нархдан 15 ва ундан ортиқ фоизга паст бўлса, иштирокчи бошланғич нарх ва ўзи томонидан таклиф этилган нархнинг фарқи миқдоридаги қўшимча закалатни харид предметининг ҳар бир бирлиги учун олдиндан киритиши шарт.

Қўшимча закалат мавжуд бўлмаган тақдирда ушбу таклифлар электрон тизим томонидан автоматик равишда рад этилади.


42. Аукцион тугайдиган вақт келганда портал аукцион ўтказилган вақт давомида берилган таклифлар орасида энг паст нархни таклиф қилган таклифни автоматик равишда аниқлаб олади. Энг паст нарх кўрсатилган таклифни берган иштирокчи аукцион ғолиби сифатида портал томонидан саралаб олинади. Ижрочининг номи порталда акс эттирилиб, ушбу тизим тузилган битимни автоматик равишда қайд этади ва буюртмачининг буюртманомасида баён этилган шартларга мувофиқ шартномани шакллантиради.


43. Агар аукционда бир нафар иштирокчи иштирок этган бўлса ёки ҳеч ким иштирок этмаган бўлса, аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланади ва ғолиб аниқланмайди, буюртмачи аукционни беш кунга узайтиради. Аукционни узайтириш аввалги аукцион тамом бўлган пайтдан эътиборан уч кун ичида буюртмачи томонидан амалга оширилади. Аукционни узайтиришда буюртмачи бошланғич нархни, техник талабларни, хусусиятларни ёки техник топшириқни қайта кўриб чиқишга ҳақли.


44. Агар қайта аукцион таклифлар мавжуд эмаслиги сабабли ўтказилмаган деб топилган бўлса, буюртмачи Қонуннинг 48-моддасида назарда тутилган тартиб-таомил бўйича танлов ўтказишга ҳақли.



3-БОБ. ТАНЛОВ ЎТКАЗИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


1-§. Танлов воситасида харидларни ўтказиш шартлари

45. Танлов воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил ва аниқ таърифини таърифлаш имконияти мавжуд;

ғолибни аниқлаш мезонлари товар (иш, хизмат) давлат харидининг нафақат пул ифодасига, балки миқдорий ва сифат баҳосига ҳам эга бўлади.

Корпоратив буюртмачилар томонидан қуйидаги ҳолларда танлов орқали харидлар амалга оширилади:

товар қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни;

хизматларнинг, ишларнинг қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан йигирма беш минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этганда.

46. Бюджет буюртмачилари томонидан қуйидаги ҳолларда танлов орқали харидлар амалга оширилади:

товарнинг қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг беш юз бараваридан олти минг бараваригача бўлган миқдорни;

ишларнинг, хизматларнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан олти минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этганда.

47. Товарнинг (ишнинг, хизматнинг) қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан ошган ҳолларда танлов бўйича техник топшириқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги қошидаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) билан келишиб олиниши лозим.

48. Агар инвестиция лойиҳалари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари билан буюртмачиларга тендерни ўтказмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар билан шартномалар тузиш ҳуқуқи берилган тақдирда, харид қилиш тартиб-таомили давлат харидининг суммасидан қатъи назар танлов ўтказиш орқали амалга оширилади. Бунда танлов ҳақидаги эълон буюртмачи томонидан таклифларни қабул қилиш муддати тугагунига қадар камида ўн кун олдин порталда жойлаштирилади.



2-§. Танлов ўтказишда харид комиссияси

фаолиятини тартибга солиш


49. Буюртмачи танловни ўтказиш учун тоқ сонли аъзолардан (камида бешта кишидан) иборат харид комиссиясини (бундан буён матнда танлов комиссияси деб юритилади) тузади.


50. Танлов комиссияси аъзоларининг таркиби ва сони олинадиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўзгариши мумкин.


51. Харид қилиш хўжалик фаолияти доирасида ўтказилганда харид комиссияси буюртмачининг вакиллари орасидан, зарур бўлган тақдирда овоз бериш ҳуқуқига эга экспертлар жалб этилган ҳолда шакллантирилади.


52. Харид қилиш лойиҳа фаолияти доирасида ўтказилганда танлов комиссияси вазифаларини белгиланган тартибда ташкил этиладиган лойиҳани амалга оширувчи гуруҳ бажаради, у харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш натижалари тўғрисида қарорлар қабул қилади.


53. Қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан ортиқ миқдордаги давлат харидлари ўтказилганда танлов комиссияси таркибига буюртмачининг вакилларидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзинжиниринг" республика лойиҳалаштириш институтининг вакиллари киритилади.

54. Танлов комиссияси буюртмачининг тегишли қарори билан тузилади ва тарқатиб юборилади.


55. Танлов ўтказиш бўйича харид комиссиясининг тезкор фаолиятини унинг масъул котиби ташкил этади.



3-§. Танлов ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва танлов

ўтказилиши ҳақида эълон бериш


56. Буюртмачи томонидан танлов ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг буюртмачининг мутахассислари ёки танловни ташкиллаштириш ва ўтказиш учун масъул шахс томонидан танлов ҳужжатларининг, шартнома ва танлов ўтказиш ҳақидаги эълоннинг матни ишлаб чиқилади.


57. Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги ахборот бўлиши керак:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил тавсифи ва нархи;

танлов ўтказиладиган жой манзили;

танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

буюртмачининг иштирокчилар билан алоқада бўлиш учун боғловчи шахслар сифатида белгиланган бир ёки бир нечта мансабдор шахсининг ёки бошқа ходимларининг Ф.И.О., лавозими ва манзили;

танлов ҳужжатлари қоидаларини изоҳлаш учун сўров бериш шакли;

таклифларни бериш муддати тугайдиган сана ва вақт;

танлов таклифларини расмийлаштиришга доир талаблар.

Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.


58. Танлов ҳужжатларида қуйидагилар бўлиши керак:

танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ахборот;

шартнома баҳосини ва ижрочилар билан ҳисоб-китобларни шакллантириш учун фойдаланиладиган валюта ҳамда тўлов тартиби ҳақидаги ахборот;

танловда иштирок этиш учун таклиф қайси тилда тайёрланиши кераклиги бўйича талаб;

танлов иштирокчиларига танлов ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, тақдим этиш муддати бошланадиган ва тугайдиган сана;

агар товарнинг (ишнинг, хизматнинг) муқобил вариантларига йўл қўйилса, лотни алмаштириш бўйича муқобил таклифларни баҳолаш тартибининг тавсифи;

техник топшириқ;

Қонунга мувофиқ иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби.


59. Танлов ҳужжатларига уларнинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилинади.


60. Буюртмачи танлов ҳужжатларини кўриб чиқиш учун танлов ўтказиш бўйича харид комиссиясига киритади.


61. Танлов комиссияси ўз мажлисларида танлов ҳужжатларини Қонун талабларига мувофиқлигини кўриб чиқади ва қуйидагиларни:

таклифлар қабул қилинадиган муддатларини;

таклифларни очиш тартиб-таомилларини;

таклифларни баҳолаш мезонларини;

таклиф киритиш тартибини, ҳажмини ва уни таъминлаш шаклини белгилайди.


62. Танлов ҳужжатлари танлов комиссияси томонидан келишилгандан сўнг танловни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинади.


63. Танлов ҳужжатларида камчиликлар аниқланган тақдирда, аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан сўнг, танлов комиссияси томонидан танлов ҳужжатлари қайта кўриб чиқилади.


64. Буюртмачи танлов комиссияси томонидан кўриб чиқилган танлов ҳужжатларини ўзининг имзоси ва муҳри билан тасдиқлайди.


65. Тасдиқланган танлов ҳужжатлари, шартнома лойиҳаси, шунингдек танлов ўтказиш ҳақидаги эълон танлов иштирокчиларининг таклифларини қабул қилиш муддати тугашидан камида ўн кун аввал буюртмачи томонидан порталга жойлаштирилади.

66. Танлов ўтказиш ҳақидаги эълон қўшимча равишда буюртмачининг расмий веб-сайтида ёки ўзининг юқори турувчи органи расмий веб-сайтида, шунингдек оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилиши мумкин.


67. Зарур ҳолларда буюртмачи танлов ҳужжатларига ўзгартириш киритиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.


68. Буюртмачи танлов ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида танловда иштирок этиш учун таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида уч кун олдин қарор қабул қилишга ҳақли.


69. Танлов ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш давомида товарни (ишни, хизматни) ёки унинг хусусиятларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


70. Танловда таклифлар бериш тугайдиган муддат танлов ҳужжатларига ўзгартишлар киритилган санадан эътиборан камида ўн кунга узайтирилиши керак.


71. Шу билан бир вақтда, агар эълонда кўрсатилган ахборот ўзгартирилган бўлса, танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонга ўзгартишлар киритилади.


72. Зарур ҳолларда буюртмачи танлов комиссияси қарори асосида таклифларни бериш муддатини узайтиришга, шунингдек иштирокчиларга уларнинг таклифларини амал қилиш муддатини муайян даврга узайтириш тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилиши мумкин.


73. Танлов ҳужжатларида буюртмачи ҳар бир товарни (ишни, хизматни) харид қилишда алоҳида лот сифатида эълон қилиши мумкин. Бундай ҳолда буюртмачи товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун танловнинг ҳар хил лоти бўйича бир нечта иштирокчиси билан шартномалар тузиши мумкин, бунда ҳар бир лот учун фақат битта ғолиб аниқланиши мумкин.



4-§. Танлов таклифларини бериш тартиби


74. Порталда эълон қилинган танлов иштирокчиларининг таклифлари эълонда белгиланган тартибда танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзил бўйича муҳрланган конвертларда тақдим этилади.


75. Танлов иштирокчиларининг таклифлари ип билан тикилган, рақамланган, муҳр қўйилган ва иштирокчининг ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган ёки таклифларнинг ҳар бир варағи имзоланган ҳолда тақдим этиш тавсия этилади.


76. Танлов иштирокчиларининг таклифлари эълонда белгиланган тартиб асосида танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзилга муҳрланган конвертларда (конвертнинг елимланган жойига иштирокчининг муҳри босилади) тақдим этилади, унда техникавий, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлигига оид маълумотлар техник ва тижорат таклифлари билан бирга бўлиши керак.


77. Таклифлар солинган конверт танловни ташкиллаштириш ва ўтказишга масъул шахсга рўйхатга олиш китобида топширувчи ва қабул қилувчи шахслар имзоси остида, қабул қилишнинг санаси ва вақтини қайд этиш йўли билан қабул қилинади. Рўйхатга олиш китоби ип билан тикилган, рақамланган ва муҳрланган бўлиши керак.


78. Таклифлар билан бирга иштирокчилар харид объекти бўлган товарнинг эскизи, расми, чизмаси, фотосурати ва бошқа тасвири, нусхаси, намунасини тақдим этиши мумкин.


79. Танлов иштирокчиси битта лотга фақат битта таклиф беришга ҳақли.


80. Танлов иштирокчиси тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги учун жавобгар бўлади.


81. Танлов иштирокчиси тақдим этилган таклифларни бериш муддати тугагунига қадар берилган таклифни чақириб олишга ёки унга ўзгартишлар киритишга ҳақли.


82. Танловга таклифларни қабул қилиш порталда чоп этилган эълонда кўрсатилган муддат келиши билан тугатилади.


83. Танлов иштирокчиси танлов ҳужжатларидаги талабларни, танлов ўтказиш учун эълонда белгиланган шаклда тушунтириш талаби билан буюртмачига сўров юборишга ҳақли.


84. Буюртмачи сўров келиб тушган санадан эътиборан икки иш куни ичида, агар мазкур сўров буюртмачига таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида икки кун олдин келиб тушган бўлса, ушбу сўровга жавоб юбориши шарт.


85. Буюртмачи харид қилиш тартиб-таомилига нисбатан иштирокчилар томонидан таклифларнинг таъминланиши зарурлиги тарзида талаб белгилаган тақдирда, таклифлар юборилгунига қадар иштирокчи таъминотнинг мақбуллигини тасдиқлаш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Буюртмачи бундай сўровга дарҳол жавоб беради.


86. Танловда қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлган иштирокчилар қатнаша олади:

шартномани бажариш учун зарур техникавий, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;

шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалик;

солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;

ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;

инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги.



5-§. Танлов натижаларини сарҳисоб қилиш


87. Агар таклифлар бериш муддати тугаган пайтда танлов комиссияси томонидан танлов иштирокчиларидан танлов ҳужжатларида кўрсатилган талабларга мос келадиган камида иккита таклиф олинган бўлса, танлов ўтказилган деб топилади.


87-1. Уч ёки ундан ортиқ танлов иштирокчилари - маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлган тақдирда давлат харидлари буюртмачининг танловига кўра маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга оширилиши мумкин.

88. Танловда битта иштирокчи иштирок этган ёки биронта иштирокчи иштирок этмаган тақдирда танлов ўтказилмаган деб топилади. Бундай ҳолатда буюртмачи танловни айни ўша шартларда ҳамда товарга (ишга, хизматга) доир айни ўша мезонларга ва талабларга мувофиқ такроран амалга ошириши шарт.


89. Танлов ҳужжатларининг шартлари ўзгартирилмасдан такроран танлов ўтказилганда такроран танлов ўтказиш тўғрисидаги эълон иштирокчилардан таклифлар қабул қилинадиган муддат тугайдиган санадан камида ўн кун олдин буюртмачи томонидан порталга жойлаштирилади.


90. Товарга (ишга, хизматга) нисбатан баҳолаш шартлари, мезонлари ва талабларни ўзгартириш зарурати пайдо бўлганда харид комиссияси асосларни келтирган ҳолда тегишли қарорни қабул қилади.



6-§. Танлов иштирокчиларининг таклифларини

кўриб чиқиш ва баҳолаш


91. Танлов иштирокчилари томонидан берилган таклифлар солинган конвертлар танлов комиссияси йиғилишида очилади.


92. Танлов иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш муддати таклифлар бериш тугаган пайтдан эътиборан ўн кундан кўп бўлиши мумкин эмас.


93. Эълонда танловни ўтказиш вақти сифатида кўрсатилган вақтда танлов комиссияси танлов иштирокчилари томонидан берилган таклифлар солинган конвертларни таклифларни баҳолаш учун очади. Танлов иштирокчисининг ваколатли вакили конвертларни очиш тартиб-таомили чоғида ҳозир бўлишга ҳақли.


94. Таклифлар солинган конвертларни очишда уларда барча ҳужжатларнинг мавжудлиги ва тўғри расмийлаштирилганлиги текширилади. Тегишли ҳужжатлар конвертда мавжуд бўлмаган ҳолатда, танлов комиссияси ушбу таклифни кўриб чиқиш ва баҳолашга қўймасликка ҳақли.


95. Танлов таклифлари солинган конвертларни очиш жараёни буюртмачи томонидан видеоёзувга туширилади. Конвертларни очиш давомида иштирокчилар тақдим этган барча ҳужжатлар ва тижорат таклифининг нархи ўқиб эшиттирилади.


96. Агар таклифни киритган танлов иштирокчиси Қонунда белгиланган талабларга мос келмаса ёхуд танлов иштирокчисининг таклифи танлов ҳужжатлари талабларига мос келмаса, харид комиссияси таклифни рад этади.


97. Танлов комиссияси ғолибни аниқлаш учун рад этилмаган таклифларни танлов ҳужжатларида қайд этилган мезонлар асосида баҳолашни амалга оширади.


98. Танлов ҳужжатларини баҳолаш мақсадида танлов комиссияси комиссия аъзолари ва экспертлардан иборат бўлган баҳоловчи гуруҳ тузишга ҳақли.


99. Таклиф Қонуннинг ва танлов ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлса, у тегишли тарзда расмийлаштирилган деб топилади.


100. Баҳолаш пайтида танлов комиссияси танлов иштирокчиларидан таклифлари бўйича тушунтиришлар сўрашга ҳақли. Мазкур жараён расмий равишда ёзма шаклда танлов ташкилотчиси орқали белгиланган тартибда олиб борилади. Тушунтириш жараёнида таклифнинг моҳияти, шунингдек нархи юзасидан бирор-бир ўзгартиришларга йўл қўйилмайди.


101. Танлов таклифи танлов ҳужжатлари билан белгиланган муддат мобайнида кучида қолади.


102. Танлов иштирокчисининг конвертини очишда танлов комиссияси томонидан танлов таклифининг малакага оид, техник ва нарх қисми бўйича ўрганиш ўтказилади. Танлов комиссиясининг танлов таклифларининг техник ва нарх қисмини баҳолаш ҳақидаги қарори танлов ғолибини аниқлаш ҳақидаги баённомада қайд этилади.


103. Танлов ҳужжатларида ва таклифда кўрсатилган мезонлар асосида шартномани бажаришнинг энг яхши шартларини таклиф қилган танлов иштирокчиси ғолиб деб топилади.


104. Танлов комиссияси ижрочини ва захира ижрочини аниқлайди ёки танловни ўтказилмаган деб топади.


105. Агар танлов ҳужжатларида танловнинг ҳар бир товари (иши, хизмати) харид қилиш тартиб-таомилининг алоҳида лоти сифатида кўриб чиқилиши назарда тутилган бўлса, танлов комиссияси ғолибни танловнинг ҳар бир лоти бўйича аниқлайди.


106. Танлов ўтказиш бўйича харид комиссиясининг ҳар бир аъзоси овоз беришда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки унда иштирок этишдан бош тортиши мумкин. Харид комиссиясининг раиси овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.


107. Танлов ўтказиш бўйича харид комиссиясининг мажлислари юзма-юз ёки сиртдан (сўров орқали, барчанинг иштирокисиз) ўтказилиши мумкин. Юзма-юз мажлислар конференциялар (видеоконференциялар ва ҳоказо) шаклида ўтказилиши мумкин.


108. Танлов ўтказиш бўйича харид комиссиясининг қарори комиссия аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


109. Таклифларни кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш натижалари баённомада қайд этилади ва танлов ўтказиш бўйича харид комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади. Баённомадан кўчирма у имзоланган кундан эътиборан уч иш куни ичида порталда эълон қилинади.


110. Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасида қуйидаги ахборот бўлиши керак:

танлов таклифлари кўриб чиқиладиган ҳамда баҳоланадиган сана ва вақт тўғрисидаги;

ҳозир бўлган харид комиссияси аъзоларининг ва танлов иштирокчилари ваколатли вакилларининг таркиби ҳақидаги;

таклифлари кўриб чиқилган танлов иштирокчилари тўғрисидаги;

таклифлари уларни рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда рад этилган танлов иштирокчилари ҳақидаги;

танлов ғолиби тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақидаги;

танлов ғолибининг номи (юридик шахслар учун), фамилияси, исми, отасининг исми (жисмоний шахслар учун), турган жойи (почта манзили).


111. Танловнинг исталган иштирокчиси таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси эълон қилинганидан сўнг буюртмачига танлов натижаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тўғрисида сўров юборишга ҳақли.


112. Буюртмачи бундай сўров келиб тушган санадан эътиборан уч иш куни ичида танлов иштирокчисига тегишли тушунтиришларни тақдим этиши шарт.



7-§. Танлов натижалари бўйича шартнома тузиш


113. Буюртмачи ғолиб бўлган таклиф акцептига қадар исталган вақтда танловни бекор қилиш ҳуқуқига эга. Танлов бекор қилинган тақдирда буюртмачи порталда мазкур қарорнинг асослантирилган сабабларини эълон қилади.


114. Буюртмачи танлов бекор қилинганлиги учун жавобгар бўлмайди, бундан буюртмачининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида бекор қилинган ҳоллар мустасно.


115. Буюртмачи ўтказилган танлов якунлари бўйича ғолиб бўлган таклифнинг акцепти тўғрисида бир иш куни ичида қарор қабул қилади.


116. Ғолиб бўлган таклифнинг акцепти қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин, агар:

давлат харидлари бекор қилинмаган бўлса;

ғолиб бўлган таклифни юборган иштирокчи четлатилмаган бўлса;

харид қилиш тартиб-таомили бузилмаган бўлса.


117. Танлов натижалари бўйича шартнома танлов ҳужжатларида ва ўзи билан шартнома тузилаётган танлов иштирокчиси томонидан берилган таклифда кўрсатилган шартлар асосида ғолиб аниқланган вақтдан эътиборан ўн кундан кечиктирилмаган муддатда тузилади.


118. Танлов натижалари тўғрисидаги ахборот буюртмачи томонидан порталда эълон қилинади ва буюртмачилар билан тузилган шартномалар реестрига киритилади.


119. Танлов ғолиби танлов шартлари асосида шартнома тузишдан бош тортган ҳолларда шартнома тузиш ҳуқуқи захира ижрочисига ўтади ва танлов ғолибига таъминот суммаси қайтариб берилмайди. Бунда захира ижрочиси танлов ғолиби таклиф қилган нархда шартнома тузиши мумкин ёки шартнома тузишдан бош тортиши мумкин.


120. Буюртмачи қуйидаги ҳолатлардан бири юз берган тақдирда таклифни таъминлаш суммаси тўланишини талаб қилмайди ва таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатни дарҳол қайтаради ёки кейин унинг қайтарилишини таъминлайди:

таклифни таъминлашнинг амал қилиш муддати тугаши;

давлат харидлари тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ва ушбу шартноманинг бажарилиши таъминланиши, агар бундай таъминлаш давлат хариди шартларида талаб этилса;

давлат харидларининг бекор қилиниши;

таклифларни юборишнинг охирги муддати тугагунига қадар таклифнинг чақириб олиниши, агар давлат хариди шартларида бундай қайтариб олишга йўл қўйилмаслиги айтиб ўтилмаган бўлса.


121. Икки ёки ундан ортиқ буюртмачиларнинг харидлар режасига мувофиқ қўшма танловлар ўтказилиши мумкин.


122. Қўшма танловлар бир давлат дастури ёки лойиҳалар портфелида иштирок этаётган буюртмачилар доирасида шакллантирилиши шарт.


123. Танлов иштирокчилари танлов шартлари ва танловни ўтказиш тартиб-таомиллари бузилган ҳолатларда танлов натижалари устидан белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.


124. Танлов комиссияси харидларнинг бошқа субъектлари томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар учун жавобгар бўлмайди.


125. Танлов комиссиясининг ўз ваколати доирасида қабул қиладиган қарорлари Қонуннинг 19-моддасига асосан барча иштирокчилар учун мажбурийдир.



3-1-БОБ. ЭЛЕКТРОН ТАНЛОВ ЎТКАЗИШ

ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


1-§. Электрон танлов воситасида харидларни ўтказиш

шартлари ва танлов ўтказишда харид комиссияси

фаолиятини тартибга солиш


125-1. Электрон танлов воситасидаги харидларни ўтказиш шартлари мазкур Низомнинг 3-боби 1-параграфига мувофиқ белгиланади.


125-2. Буюртмачи электрон танловни ўтказиш учун тоқ сонли аъзолардан (камида беш кишидан) иборат харид комиссиясини тузади.


125-3. Харид комиссияси аъзоларининг таркиби ва сони олинадиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўзгариши мумкин.


125-4. Электрон танлов хўжалик фаолияти доирасида ўтказилганда харид комиссияси буюртмачининг вакиллари орасидан, зарур бўлган тақдирда овоз бериш ҳуқуқи билан экспертлар жалб этилган ҳолда шакллантирилади.


125-5. Электрон танлов лойиҳа фаолияти доирасида ўтказилганда харид комиссияси вазифаларини белгиланган тартибда ташкил этиладиган лойиҳани амалга оширувчи гуруҳ бажаради, у харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказиш натижалари тўғрисида қарорлар қабул қилади.


125-6. Қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан ортиқ миқдордаги электрон танлов ўтказилганда харид комиссияси таркибига буюртмачининг вакилларидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "ЎзИнжиниринг" республика лойиҳалаштириш институти вакиллари киритилади.


125-7. Харид комиссияси буюртмачининг тегишли қарори билан тузилади ва тарқатиб юборилади.


125-8. Электрон танлов ўтказиш бўйича харид комиссиясининг тезкор фаолиятини унинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган масъул котиби ташкиллаштиради.

Харид комиссиясининг масъул котиби:

иштирокчиларнинг таклифларини танлов ҳужжатларининг расмийлаштириш талабларига мос келиши бўйича текширишни амалга оширади ва текшириш натижаларини харид комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим қилади;

танлов ҳужжатларида белгиланган мезонлар бўйича иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш натижаларини электрон тизимга киритади.


125-9. Буюртмачи харид комиссиясининг ҳар бир аъзосига ва масъул котибига ўз вазифаларини амалга ошириш учун электрон тизимда шахсий кабинет очади.


125-10. Харид комиссиясининг ваколатига киритилган масалаларни кўриб чиқиш учун харид комиссиясининг аъзолари ва масъул котибининг электрон тизим томонидан ёпиқ чат орқали мулоқот қилиш имконияти таъминланади.


125-11. Электрон тизимдаги шахсий кабинетга биринчи маротаба кирилаётганда харид комиссиянинг ҳар бир аъзоси, шу жумладан унинг раиси иштирокчилар билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари мавжудлиги тўғрисида маълумотларни киритиши шарт. Оператор харид комиссияси аъзолари томонидан киритилган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш бўйича жавобгар бўлади.


125-12. Харид комиссияси аъзоларида иштирокчилар билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжуд бўлган тақдирда, харид комиссиясининг бундай аъзоси бу масала кўтарилган мажлисда ўзини ўзи рад этиши ва мазкур масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги керак, бу ҳақда баённомада қайд этилади.

Иштирокчиларнинг харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда харид комиссияси аъзосининг ушбу иштирокчи билан аффилланганлиги мавжуд бўлганда тизим ушбу харид комиссияси аъзосининг овозини мазкур масала бўйича овоз бериш натижаларидан чиқариб ташлайди.


125-13. Харид комиссияси раисининг аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари мавжуд бўлса, электрон танловни ўтказиш жараёни буюртмачи томонидан янги харид комиссияси раиси тайинлангунига қадар тўхтатилади.


125-14. Харид комиссиясининг ҳар бир аъзоси ўзининг шахсий кабинети орқали овоз беришда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки унда иштирок этишдан бош тортиши мумкин. Харид комиссияси аъзоси қарши овоз берганда электрон баённомада шарҳ қолдириши шарт. Белгиланган муддатларда харид комиссияси аъзоси шахсий кабинети орқали овоз беришдан бўйин товлаган тақдирда, у овоз беришдан бош тортган деб тан олинади. Харид комиссия раиси овоз беришда бош тортишга ҳақли эмас.



2-§. Электрон танлов ўтказишда танлов ҳужжатларини

ишлаб чиқиш ва электрон танлов ўтказилиши

ҳақида эълон бериш


125-15. Буюртмачи томонидан электрон танлов ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг буюртмачининг мутахассислари ёки электрон танловни ташкиллаштириш ва ўтказиш учун масъул шахс томонидан танлов ҳужжатларининг, шартнома ва электрон танлов ўтказиш ҳақидаги эълоннинг матни ишлаб чиқилади.


125-16. Электрон танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қуйидаги ахборот бўлиши керак:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил тавсифи ва нархи;

электрон танлов ўтказадиган операторнинг номи ва унинг веб-сайтига ҳавола;

электрон танлов иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

буюртмачининг иштирокчилар билан алоқада бўлиш учун боғловчи шахслар сифатида белгиланган бир ёки бир нечта мансабдор шахсининг ёки бошқа ходимларининг Ф.И.О., лавозими ва манзили;

танлов таклифларини бериш муддати тугайдиган вақт ва сана;

танлов таклифларини расмийлаштиришга доир талаблар.

Электрон танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.


125-17. Танлов ҳужжатларида қуйидагилар бўлиши керак:

электрон танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ахборот;

шартнома баҳосини ва ижрочилар билан ҳисоб-китобларни шакллантириш учун фойдаланиладиган валюта ҳамда тўлов тартиби ҳақидаги ахборот;

электрон танловда иштирок этиш учун танлов таклифи қайси тилда тайёрланиши кераклиги бўйича талаб;

электрон танлов иштирокчиларига танлов ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, тақдим этиш муддати бошланадиган ва тугайдиган сана;

агар товарнинг (ишнинг, хизматнинг) муқобил вариантларига йўл қўйилса, лотни алмаштириш бўйича муқобил таклифларни баҳолаш тартибининг тавсифи;

техник топшириқ;

Қонунга мувофиқ иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби.


125-18. Танлов таклифининг техник ва нарх қисми бўйича буюртмачининг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжларини қондириш учун таклифнинг ҳар бир қисмини баҳолаш аҳамиятига қараб нисбий қиймати белгиланади.

Танлов ҳужжатларида балларнинг бошланғич қийматлари белгиланиши мумкин ва улардан ўтмаган иштирокчи электрон танловдан четлатилади.

Танлов таклифининг техник қисми учун миқдорий кўрсаткичлардан (малакали мутахассислар сони, етказиб бериш муддати, иш тажрибаси ва бошқалар) ёки эксперт баҳосидан келиб чиққан ҳолда баҳолаш мезонлари белгиланади.

Балл усулидан фойдаланганда танлов таклифининг техник қисмининг ҳар бир баҳолаш мезони бўйича нисбий қиймат белгиланиши мумкин. Энг паст нарх усулидан фойдаланганда иштирокчининг танлов таклифи танлов ҳужжатларида белгиланган талабларга мос келиши ёки мос келмаслигини аниқловчи мезонлар белгиланиши мумкин.

Танлов ҳужжатларида белгиланган мезонлар ўта муҳим қийматга эга бўлиши мумкин. Бунда танлов таклифининг белгиланган мезонларга мос келмаслиги иштирокчини электрон танловнинг ҳар қандай босқичида четлатилишига олиб келади.

Шартнома суммаси (нарҳи) танлов таклифи нарх қисмининг ягона мезони ҳисобланади.


125-19. Танлов ҳужжатларига уларнинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилинади.


125-20. Буюртмачи танлов ҳужжатларини келишиш учун электрон шаклда харид комиссиясига киритади.


125-21. Харид комиссияси танлов ҳужжатларини юзма-юз мажлисда ёки масофадан туриб Қонун талабларига мувофиқлигини кўриб чиқади ва қуйидагиларни белгилайди:

танлов таклифлари қабул қилинадиган муддатлар;

танлов таклифларини баҳолаш усуллари ва мезонлари;

танлов таклифлари қисмларининг ва зарур ҳолларда техник қисмининг ҳар бир баҳолаш мезонларининг нисбий қиймати;

танлов таклифини таъминлаш ҳажми ва шакли.


125-22. Электрон танловни ўтказиш ҳақида қарор танлов ҳужжатлари харид комиссияси томонидан келишилганидан сўнг қабул қилинади.


125-23. Танлов ҳужжатларида камчиликлар аниқланган тақдирда, аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан сўнг, харид комиссияси томонидан танлов ҳужжатлари қайта келишилиши керак.


125-24. Буюртмачи харид комиссияси билан келишилган танлов ҳужжатларини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди.


125-25. Тасдиқланган танлов ҳужжатлари, шартнома лойиҳаси, шунингдек электрон танлов ўтказиш ҳақидаги эълон электрон танлов иштирокчиларининг таклифларини қабул қилиш муддати тугашидан камида ўн кун аввал буюртмачи томонидан порталга жойлаштирилади.


125-26. Электрон танлов ўтказиш ҳақидаги эълон қўшимча равишда буюртмачининг расмий веб-сайтида ёки ўзининг юқори турувчи органи расмий веб-сайтида, шунингдек оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилиши мумкин.


125-27. Зарур ҳолларда буюртмачи танлов ҳужжатларига ўзгартириш киритиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.


125-28. Танлов ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор электрон танловда иштирок этиш учун танлов таклифларини бериш муддати тугайдиган санадан камида уч кун олдин қабул қилиниши мумкин.

Бунда ушбу электрон танловда танлов таклифларини бериш тугайдиган муддат танлов ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган санадан эътиборан камида ўн кунга узайтирилиши керак. Шу билан бир вақтда, агар эълонда кўрсатилган ахборот ўзгартирилган бўлса, электрон танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонга ўзгартиришлар киритилади.

Танлов ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш давомида товарни (ишни, хизматни) ёки унинг хусусиятларини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


125-29. Танлов ҳужжатларида буюртмачи ҳар бир товар (иш, хизмат) алоҳида лот сифатида кўриб чиқилишини эълон қилиши мумкин. Бундай ҳолда буюртмачи товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун танловнинг ҳар хил лоти бўйича бир нечта иштирокчи билан шартномалар тузиши мумкин, бунда ҳар бир лот учун фақат битта ғолиб аниқланиши мумкин.



3-§. Танлов таклифини бериш


125-30. Электрон танлов ўтказилганда иштирокчилар танлов таклифларини электрон конверт кўринишида ўзларининг шахсий кабинетлари орқали электрон танловни ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган муддатдан кечиктирмай тақдим этадилар.


125-31. Иштирокчининг танлов таклифининг ажралмас қисми бўлган электрон ҳужжатлар оператор томонидан белгиланган форматларда тақдим этилади. Ҳар бир жойлаштирилган электрон ҳужжат иштирокчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


125-32. Танлов таклифи билан биргаликда иштирокчилар эскизлар, расмлар, чизмалар, фотосуратлар ва бошқа ҳужжатларни файл сифатида жойлаштиришлари мумкин.

Бунда иштирокчиларнинг танлов таклифлари электрон тизимдаги шаблонларга мувофиқ ҳужжатларни бириктириш орқали тақдим этилади. Иштирокчи томонидан кўрсатилган маълумотлар бириктирилган ҳужжатлардаги маълумотларга мос келиши керак.


125-33. Танлов таклифларини очиш муддати етиб келгунга қадар улар электрон танлов иштирокчилари, шу жумладан харид комиссияси масъул котиби ва аъзолари томонидан кўрилишига йўл қўйилмайди, бундан ушбу таклифларни тақдим этган иштирокчи мустасно. Мазкур талабнинг бажарилишига оператор жавобгар ҳисобланади.


125-34. Электрон танлов иштирокчиси битта лотга фақат битта танлов таклифини беришга ҳақли.


125-35. Электрон танлов иштирокчиси тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги учун жавобгар бўлади.


125-36. Электрон танлов иштирокчиси тақдим этилган танлов таклифларини бериш муддати тугагунига қадар берилган танлов таклифини чақириб олишга ёки унга ўзгартиришлар киритишга ҳақли.


125-37. Электрон танлов иштирокчиси танлов ҳужжатларидаги талабларни тушунтириш талаби билан буюртмачига очиқ электрон чат орқали танлов таклифларини бериш муддати тугайдиган санадан камида икки кун олдин сўров юборишга ҳақли.


125-38. Буюртмачи сўров келиб тушган санадан эътиборан икки кун ичида ушбу сўровга очиқ электрон чат орқали тушунтириш юбориши шарт.


125-39. Буюртмачи харид қилиш тартиб-таомилига нисбатан иштирокчилар томонидан танлов таклифларининг таъминланиши зарурлиги тарзида талаб белгилаган тақдирда, танлов таклифлари юборилгунига қадар иштирокчи таъминотнинг мақбуллигини тасдиқлаш тўғрисида очиқ электрон чат орқали сўров юборишга ҳақли. Буюртмачи бундай сўровга дарҳол жавоб беради.


125-40. Электрон танловда қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлган иштирокчилар қатнаша олади:

шартномани бажариш учун зарур техникавий, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;

шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалик;

солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;

ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;

инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги.



4-§. Электрон танлов натижаларини сарҳисоб қилиш


125-41. Уч ёки ундан ортиқ электрон танлов иштирокчилари - маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлган тақдирда давлат харидлари буюртмачининг танловига кўра маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга оширилиши мумкин.


125-42. Электрон танловда битта иштирокчи иштирок этган ёки биронта иштирокчи иштирок этмаган тақдирда танлов ўтказилмаган деб топилади. Бундай ҳолатда буюртмачи танловни айни ўша шартларда ҳамда товарга (ишга, хизматга) доир айни ўша мезонларга ва талабларга мувофиқ такроран амалга ошириши шарт.


125-43. Электрон танлов харид комиссияси томонидан белгиланган муддатда ўтказилганда электрон тизим автоматик равишда иштирокчилар томонидан жойлаштирилган ва уларнинг танлов таклифларини ташкил этувчи электрон хужжатларни кўриш имкониятини беради.

Иштирокчи томонидан бириктирилган файллар унинг танлов таклифида кўрсатилган маълумотларига мос бўлиши ҳамда электрон тизимдаги электрон майдонлар тўлдирилиши керак.

Электрон тизим иштирокчи таклиф этган нархни бошланғич нархга мувофиқлигини ва электрон майдонларнинг тўлдирилганлигини ҳамда бириктирилган файлларнинг мавжудлигини текширади. Иштирокчи томонидан таклиф этилган нарх бошланғич нархдан юқори бўлса, шунингдек тўлдирилмаган майдонлар мавжуд бўлса ёки бириктирилган файллар тўлиқ бўлмаса, электрон тизим рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда иштирокчининг таклифини рад этади. Бириктирилган файллардаги маълумотларнинг иштирокчининг танлов таклифида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлигини текшириш харид комиссиясининг масъул котиби томонидан амалга оширилади.


125-44. Агар танлов таклифи Қонуннинг ва танлов ҳужжатларининг талабларига мувофиқ бўлса, у тегишли тарзда расмийлаштирилган деб топилади. Танлов таклифи тегишли тарзда расмийлаштирилганлиги ёки расмийлаштирилмаганлиги бўйича харид комиссияси масъул котибининг қарори унинг асосланган сабаблари билан харид комиссияси томонидан тасдиқланиши лозим.


125-45. Танлов таклифларини баҳолаш вақтида харид комиссиясининг масъул котиби электрон танлов иштирокчиларидан уларнинг танлов таклифлари юзасидан тушунтиришлар сўрашга ҳақли. Мазкур жараён электрон шаклда ўтказилади.


125-46. Танлов таклифи танлов ҳужжатлари билан белгиланган муддат мобайнида кучда қолади.


125-47. Танлов таклифининг техник қисмини миқдорий кўрсаткичларга асосан баҳолаш, шунингдек таклифнинг нарх қисмини баҳолаш электрон тизим томонидан автоматик равишда амалга оширилади.

Миқдор кўрсаткичларига эга бўлмаган таклифнинг техник қисмининг мезонлари (эксперт мезонлари) бўйича иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш ва таққослаш харид комиссияси томонидан овоз бериш орқали амалга оширилади.

Танлов ҳужжатлари шаблонларини тўлдиришда миқдорий (ўлчов бирлигини белгилаган ҳолда) ва эксперт мезонларни харид комиссияси тасдиқлайди.


125-48. Танлов ҳужжатларида белгиланган шартлардан келиб чиқиб электрон тизим автоматик равишда:

танлов таклифининг техник ва нарх қисмларини баҳолашни ҳисобга олган ҳолда энг юқори балл тўплаган иштирокчини (балл усулидан фойдаланганда);

танлов таклифларининг техник қисмини баҳолаш натижаларига кўра электрон танловда иштирок этишни давом эттиришга рухсат берилган иштирокчилар орасидан энг паст нархни таклиф этган иштирокчини (энг паст нарх усулидан фойдаланганда) ғолиб сифатида аниқлайди.

Икки ёки ундан ортиқ иштирокчилар бир хил балл тўплаган бўлса (балл усулидан фойдаланганда) ёки бир хил нарх таклиф қилган бўлса (энг паст нарх усулидан фойдаланганда), танлов таклифини барчадан олдин жойлаштирган иштирокчи ғолиб деб топилади.

Захира ижрочисини аниқлаш мазкур бандда белгиланган тартибда амалга оширилади.


125-49. Танлов таклифларини кўриб чиқиш натижаларига кўра харид комиссиясининг масъул котиби электрон тизимда харид комиссияси йиғилишининг электрон баённомасини тузади ҳамда тасдиқлаш учун харид комиссияси аъзоларига юборади.

Харид комиссияси аъзолари электрон баённомани электрон рақамли имзоларидан фойдаланган ҳолда тасдиқлайди.


125-50. Харид комиссиясининг қарорлари унинг аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


125-51. Танлов таклифларини кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш натижалари электрон баённомада қайд этилади ва электрон танлов ўтказиш бўйича харид комиссияси аъзолари томонидан электрон рақамли имзоларидан фойдаланган ҳолда имзоланади. Электрон баённомадан кўчирма порталда автоматик равишда эълон қилинади.

Бунда, баённомада қуйидаги ахборот бўлиши керак:

танлов таклифлари кўриб чиқиладиган ҳамда баҳоланадиган сана ва вақт;

харид комиссияси аъзоларининг ва электрон танлов иштирокчилари ваколатли вакилларининг таркиби;

танлов таклифлари кўриб чиқилган электрон танлов иштирокчилари;

танлов таклифлари уларни рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда рад этилган электрон танлов иштирокчилари;

электрон танлов ғолиби тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида маълумот;

электрон танлов ғолибининг номи (юридик шахслар учун), Ф.И.О. (жисмоний шахслар учун), турган жойи (почта манзили).


125-52. Электрон танловнинг исталган иштирокчиси электрон баённома эълон қилинганидан сўнг буюртмачига электрон танлов натижаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тўғрисида сўров юборишга ҳақли.


125-53. Буюртмачи бундай сўров келиб тушган санадан эътиборан уч иш куни ичида электрон танлов иштирокчисига тегишли тушунтиришларни тақдим этиши мажбур.


125-54. Электрон танлов ўтказиш натижаларига кўра шартнома мазкур Низомнинг 3-боби 7-параграфига мувофиқ тартибда электрон шаклда тузилади, томонларнинг электрон рақамли имзолари билан тасдиқланади ҳамда шартномалар реестрига киритилади.



4-БОБ. ТЕНДЕР ЎТКАЗИШ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


1-§. Тендер ўтказиш шартлари


126. Тендер воситасидаги давлат хариди қуйидаги шартлар бир вақтнинг ўзида бажарилган тақдирда амалга оширилади:

ғолибни аниқлаш мезонлари товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) нафақат пул билан баҳоланишини, балки миқдорий ва сифат жиҳатидан баҳоланишини ҳам ўз ичига олади;

корпоратив буюртмачилари учун товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш минг бараваридан ортиқ миқдорни ташкил этади;

бюджет буюртмачилари учун тендердаги давлат харидлари бир шартнома бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг олти минг бараваридан ортиқ суммани ташкил этиши керак.

127. Тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонларни фақат молиялаштириш манбалари ва миқдорлари мавжудлиги тасдиқланган тақдирдагина порталга ва бошқа оммавий ахборот воситаларига жойлаштириши шарт.



2-§. Тендерни ўтказишда харид комиссияси

фаолиятоини тартибга солиш


128. Тендер ўтказиш учун буюртмачи ҳузурида тоқ сонли (етти кишидан кам бўлмаган) аъзолардан иборат харид комиссияси (бундан буён матнда тендер комиссияси деб юритилади) тузилади.


129. Тендер комиссиясининг аъзолари таркиби ва сони харид қилиш тартиб-таомилининг турига боғлиқ бўлади ҳамда олинаётган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хусусиятлари инобатга олинган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.


130. Тендер хўжалик фаолияти доирасида ўтказилганда тендер комиссияси буюртмачининг вакиллари орасидан, зарур бўлган тақдирда овоз бериш ҳуқуқига эга экспертлар жалб этилган ҳолда шакллантирилади.


131. Тендер лойиҳа фаолияти доирасида ўтказилганда тендер комиссияси вазифаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этиладиган лойиҳани амалга оширувчи гуруҳ бажаради, у тендер натижалари тўғрисида қарорлар қабул қилади.


132. Тендер комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзинжиниринг" республика лойиҳалаштириш институтининг вакиллари киритилиши шарт.

133. Тендер комиссияси буюртмачининг тегишли қарорлари билан шакллантирилади ва тарқатиб юборилади.


134. Тендер комиссиясининг тезкор фаолиятини унинг масъул котиби ташкил этади.



3-§. Тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тендер

ўтказилиши тўғрисидаги эълонни жойлаштириш


135. Буюртмачи томонидан тендер ўтказиш ҳақидаги қарор қабул қилинганидан кейин буюртмачи мутахассислари ёки унинг масъул шахслари тендер ҳужжатлари лойиҳаси, шартномаси ва эълонининг матни ишлаб чиқарилади.


136. Тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги ахборот бўлиши керак:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил тавсифи ва нархи;

тендер ўтказиладиган жой манзили;

тендер иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

буюртмачининг иштирокчилар билан алоқада бўлиш учун боғловчи шахслар сифатида белгиланган бир ёки бир нечта мансабдор шахсининг ёки бошқа ходимларининг номи, лавозими ва манзили;

тендер ҳужжатлари қоидаларини тушунтириш учун сўров бериш шакли;

таклифлар бериш муддати тугайдиган сана ва вақт;

тендер таклифларини расмийлаштиришга доир талаблар.

Тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.


137. Тендер ҳужжатларида қуйидагилар бўлиши керак:

тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ахборот;

шартнома баҳосини ва ижрочилар билан ҳисоб-китобларни шакллантириш учун фойдаланиладиган валюта ҳамда тўлов тартиби ҳақидаги ахборот;

тендерда иштирок этиш учун таклиф қайси тилда тақдим этилиши кераклиги бўйича талаб;

тендер иштирокчиси таклифининг техник ва нархга оид қисми, уларни баҳолаш тартиби тўғрисидаги ахборот;

тендер иштирокчиларига тендер ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, тақдим этиш муддати бошланадиган ва тугайдиган сана;

техник топшириқ;

Қонунга мувофиқ тендер иштирокчиларининг таклифларини баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби.


138. Ишлаб чиқилган тендер ҳужжатларини лойиҳаси буюртмачи томонидан тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун Марказга юборилади.


139. Тендер комиссияси ўзининг мажлисида тендер ҳужжатлари лойиҳасини Қонун талабларига мувофиқлиги бўйича кўриб чиқиб, қуйидагиларни:

таклифлар қабул қилинадиган муддатларни;

таклифларни очиш тартиб-таомилларини;

таклифларни баҳолаш мезонларини;

таклиф киритиш тартибини, ҳажмини ва уни таъминлаш шаклини белгилайди.


140. Тендер ҳужжатлари лойиҳаси унда белгиланган талаблар билан бирга муҳокамага қўйилади.


141. Тендер комиссияси томонидан тендер ҳужжатлари лойиҳаси маъқулланган ҳолда тендер ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинади.


142. Тендер ҳужжатлари маъқулланмаган холларда у қайта ишлаш учун қайтариб юборилиши ёки тендер комиссияси мажлисида қайта ишланиши мумкин.


143. Маъқулланган тендер ҳужжатларини буюртмачи ўзининг муҳри ва имзоси билан тасдиқлайди.


144. Тасдиқланган тендер ҳужжатлари, шартнома лойиҳаси, шунингдек тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон тендер иштирокчиларидан таклифларни қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида ўттиз кун олдин ва кўпи билан қирқ беш кун олдин порталга буюртмачи томонидан жойлаштирилади.


145. Тендер ўтказишни амалга ошириш ҳақидаги эълон қўшимча равишда буюртмачининг расмий веб-сайтида ёки ўзининг юқори турувчи органи расмий веб-сайтига, шунингдек оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилиши мумкин.


146. Зарур бўлган ҳолларда буюртмачи томонидан тендер ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарор қабул қилиши мумкин.


147. Тендерда иштирок этиш учун таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида уч кун олдин тендер ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.


148. Тендер ҳужжатига ўзгартириш таклифлар бериш муддати тугаётганда киритилган тақдирда тендер, тендер ҳужжатларига ўзгартишлар киритилган санадан эътиборан ўн кундан кам бўлмаган муддатга узайтирилиши лозим. Шу билан бир вақтда, агар эълонда кўрсатилган ахборот ўзгартирилган бўлса, тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонга ўзгартишлар киритилади.


149. Тендер ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш жараёнида товарни (ишни, хизматни) ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


150. Зарур бўлган ҳолларда буюртмачи томонидан таклифлар бериш муддати узайтирилиши ёки тендер иштирокчиларига таклифлар қабул қилиниши муддати тендер комиссияси қарори билан маълум вақтга узайтириш таклифи билан мурожаат қилиши мумкин.


151. Тендер ҳужжатларида буюртмачи ҳар бир товарни (ишни, хизматни) харид қилишда алоҳида лот сифатида эълон қилиши мумкин. Бу ҳолатда буюртмачи товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун тендернинг бир нечта иштирокчиси билан шартномалар тузиши мумкин, бунда ҳар бир лот учун фақат битта ғолиб аниқланиши мумкин.



4-§. Тендерда иштирок этиш учун таклиф бериш тартиби


152. Порталда эълон қилинган тендер иштирокчиларининг таклифлари эълонда белгиланган тартибда, тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзил бўйича муҳрланган конвертларда тақдим этилади.


153. Тендер иштирокчиларининг таклифлари ип билан тикилган, рақамланган, муҳр қўйилган ва иштирокчининг ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган ёки таклифларнинг ҳар бир варағи имзоланган ҳолда тақдим этиш тавсия этилади.


154. Тендер иштирокчиларининг таклифлари эълонда белгиланган тартиб асосида тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзилга муҳрланган конвертларда (конвертнинг елимланган жойига иштирокчининг муҳри босилади) тақдим этилади, унда:

алоҳида муҳрланган ички конвертда техник таклиф (шу жумладан, техник, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги оид маълумотлар);

алоҳида муҳрланган ички конвертда таклифнинг нархга оид қисми бўлиши керак.


155. Таклифлар солинган конверт рўйхатга олиш китобида топширувчи ва қабул қилувчи шахс имзоси остида, қабул қилинган сана ва вақти, конвертлар сонини қайд этиш йўли билан тендерни ташкиллаштириш ва ўтказишга масъул шахсга тақдим этилади. Рўйхатга олиш китоби ип билан тикилган, рақамланган ва муҳрланган бўлиши керак.


156. Таклиф билан бирга харид объекти бўлган товарнинг эскизи, расми, чизмаси, фотосурати ва бошқа тасвири, нусхаси, намунаси бўлиши мумкин.


157. Тендер иштирокчиси битта лотга фақат битта таклиф беришга ҳақли.


158. Тендер иштирокчиси тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги учун жавобгар бўлади.


159. Тендер иштирокчиси таклифларни бериш муддати тугагунига қадар берилган таклифни қайтариб олишга ёки унга ўзгартишлар киритишга ҳақли.


160. Тендерга таклифларни қабул қилиш порталда чоп этилган эълонда кўрсатилган муддат келиши билан тугатилади.


161. Тендер иштирокчиси тендер ўтказиш учун эълонда белгиланган шаклда буюртмачига тендер ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришлар бериш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Мазкур сўров келиб тушган санадан эътиборан икки иш куни мобайнида буюртмачи, агар мазкур сўров буюртмачига таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида икки кун олдин келиб тушган бўлса, тендер ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни белгиланган шаклда юбориши шарт.


162. Буюртмачи томонидан тендер ўтказиш тартиб-таомилига нисбатан иштирокчилар томонидан таклифларнинг таъминланиши зарурлиги тарзида талаб белгилаган тақдирда, таклифлар юборилгунига қадар иштирокчи таъминотнинг мақбуллигини тасдиқлаш тўғрисида сўров юборишга ҳақли. Буюртмачи бундай сўровга дарҳол жавоб беради.


163. Тендерда, қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлган иштирокчилар қатнаша олади:

шартномани бажариш учун зарур техникавий, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;

шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалик;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;

ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;

инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги.



5-§. Тендер натижаларини сарҳисоб қилиш


164. Агар таклифлар бериш муддати тугаган вақтда харид комиссияси тендер иштирокчиларидан тендер ҳужжатларида кўрсатилган талабларга мос келадиган камида иккита таклиф олган бўлса, тендер ўтказилган деб топилади.


164-1. Уч ёки ундан ортиқ тендер иштирокчилари - маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлган тақдирда давлат харидлари буюртмачининг танловига кўра маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга оширилиши мумкин.

165. Тендерда битта иштирокчи иштирок этган ёки биронта иштирокчи иштирок этмаган тақдирда тендер ўтказилмаган деб топилади. Бундай ҳолатда буюртмачи тендер ҳужжатидаги шартларда ҳамда товарга (ишга, хизматга) доир айни ўша мезонларга ва талабларга мувофиқ такроран амалга ошириши шарт.


166. Тендер ҳужжатларининг шартлари ўзгартирилмасдан такроран тендер ўтказилганда, такроран тендер ўтказиш тўғрисидаги эълон таклифлар қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида йигирма кун олдин буюртмачи томонидан порталга жойлаштирилади.


167. Товарга (ишга, хизматга) нисбатан баҳолаш шартлари, мезонлари ва талабларни ўзгартириш зарурати пайдо бўлганда тендер комиссияси томонидан асослар келтирган ҳолда тегишли қарор қабул қилади.



6-§. Тендер иштирокчиларининг таклифларини

очиш, кўриб чиқиш ва баҳолаш


168. Тендер иштирокчиларининг таклифлари мавжуд бўлган конвертларини очиш тендер комиссияси мажлисида икки босқичда амалга оширилади.


169. Тендер иштирокчиларининг таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш муддати таклифлар бериш тугаган пайтдан эътиборан олтмиш кундан кўп бўлиши мумкин эмас.


170. Эълонда тендерни ўтказиш вақти сифатида кўрсатилган вақтда тендер комиссияси тендер иштирокчилари томонидан берилган таклифлар солинган конвертларни уларни баҳолаш учун навбатма-навбат очади. Тендер иштирокчисининг ваколатли вакили таклифлар солинган конвертларни очиш тартиб-таомилида ҳозир бўлишга ҳақли.


171. Агар таклифни киритган тендер иштирокчиси ушбу Қонунда белгиланган талабларга мос келмаса ёки тендер иштирокчисининг таклифи тендер ҳужжатлари талабларига мос келмаса, тендер комиссияси таклифни рад этади.


172. Тендер таклифлари солинган конвертларни очиш жараёни буюртмачи томонидан видеоёзувга туширилади. Конвертларни очиш давомида иштирокчилар тақдим этган барча ҳужжатлар ва тижорат таклифининг нархи ўқиб эшиттирилади.


173. Тендер комиссияси таклифларни кўриш натижасида уларнинг ҳамма таклифлари рад этилганда ёки таклифлардан фақат бири талабга мувофиқ киритилган тақдирда тендер ўтказилмаган деб топилади.


174. Тендер комиссияси рад этилмаган таклифларни баҳолашни тендер ҳужжатларида кўрсатилган мезонлар асосида тендер ғолибини аниқлаш учун амалга оширади.


175. Тендер ҳужжатларини баҳолаш мақсадида тендер комиссияси комиссия аъзолари ва экспертлардан иборат бўлган баҳоловчи гуруҳ тузишга ҳақли.


176. Агар таклиф Қонуннинг ва тендер ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келса, у тегишли тарзда расмийлаштирилган деб топилади.


177. Тендер таклифларни баҳолаш вақтида тендер комиссияси тендер иштирокчиларидан уларнинг тендер таклифлари бўйича қўшимча тушунтириш беришларини сўрашлари мумкин. Ушбу жараён тендер ташкилотчилари орқали ёзма равишда расмийлаштирилади. Тушунтириш бериш жараёнида берилган таклиф ва нарх бўйича ўзгартиришларга йўл қўйилмайди.


178. Тендер таклифлари тендер ҳужжатларида кўрсатилган муддатда ўз кучида қолади.


179. Биринчи босқичда иштирокчиларнинг техникавий, молиявий, моддий, кадрлар ва бошқа ресурсларга оид маълумотлар ва техник таклифлар жойлаштирилган конверт очилади.


180. Тендер комиссияси томонидан иштирокчиларнинг техникавий, молиявий, моддий, кадрлар ва бошқа ресурсларга оид маълумотлар ўрганилади ва техник қисми баҳоланади. Тендер комиссиясининг тендер таклифининг техник қисмини баҳолаш бўйича қарори баённома билан расмийлаштирилади, баённомада тендернинг биринчи босқичи ғолиблари аниқланади. Тендер иштирокчисининг ваколатли вакили таклифлар солинган конвертларни очиш тартиб-таомилида ҳозир бўлишга ҳақли.


181. Тендернинг биринчи босқичи ғолиблари тендернинг иккинчи босқичида қўйилади.


182. Тендернинг иккинчи босқичида таклифнинг нархга оид қисми очилади ва баҳоланади. Тендер комиссиясининг тендер таклифининг нархга оид қисмини баҳолаш бўйича қарори баённома билан расмийлаштирилади, баённомада тендернинг иккинчи босқичи ғолиби аниқланади. Тендер иштирокчисининг ваколатли вакили таклифлар солинган конвертларни очиш тартиб-таомилида иштирок этишга ҳақли.


183. Тендер ҳужжатларида ва таклифда кўрсатилган мезонлар асосида шартномани бажаришнинг энг яхши шартларини таклиф қилган тендер иштирокчиси ғолиб деб топилади.


184. Тендер комиссияси томонидан ижрочи ва захира ижрочиси аниқланади ёки тендер ўтказилмаган деб топилади.

185. Агар тендер ҳужжатларида тендернинг ҳар бир товари (иши, хизмати) тендернинг алоҳида лоти сифатида кўриб чиқилиши назарда тутилган бўлса, тендер комиссияси ғолибни тендернинг ҳар бир лоти бўйича аниқлайди.


186. Ғолиб овоз бериш натижасида аниқланади. Тендер комиссиясининг ҳар бир аъзоси овоз беришда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки унда иштирок этишдан бош тортиши мумкин. Тендер комиссиясининг раиси овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.


187. Тендер комиссиясининг умумий сонидан келиб чиқиб кўпчиликнинг овози билан қарор қабул қилинади.


188. Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижалари таклифларни кўриб чиқиш ҳамда баҳолаш баённомасида қайд этилади. Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси тендер комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади ҳамда ундан олинган кўчирма у имзоланган кундан эътиборан уч иш куни ичида порталда эълон қилинади.


189. Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасида қуйидаги ахборот бўлиши керак:

тендер таклифлари кўриб чиқиладиган ҳамда баҳоланадиган сана ва вақт тўғрисидаги;

ҳозир бўлган харид комиссияси аъзоларининг ва тендер иштирокчилари ваколатли вакилларининг таркиби ҳақидаги;

таклифлари кўриб чиқилган тендер иштирокчилари тўғрисидаги;

таклифлари уларни рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда рад этилган тендер иштирокчилари ҳақидаги;

тендер ғолиби тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақидаги;

тендер ғолибининг номи (юридик шахс учун), фамилияси, исми, отасининг исми (жисмоний шахс учун), турган жойи (почта манзили).


190. Тендернинг исталган иштирокчиси таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси эълон қилинганидан сўнг буюртмачига тендер натижалари бўйича тушунтиришларни тақдим этиш тўғрисида сўров юборишга ҳақли.


191. Буюртмачи бундай сўров келиб тушган санадан эътиборан уч иш куни ичида тендер иштирокчисига тегишли тушунтиришларни тақдим этиши шарт.



7-§. Тендер натижалари бўйича шартнома тузиш


192. Буюртмачи ғолиб бўлган таклиф акцептига қадар исталган вақтда тендерни бекор қилиш ҳуқуқига эга. Тендер бекор қилинган тақдирда буюртмачи порталда мазкур қарорнинг асослантирилган сабабларини эълон қилади.


193. Буюртмачи тендер бекор қилинганлиги учун жавобгар бўлмайди, бундан тендер буюртмачининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида бекор қилинган ҳоллар мустасно.


194. Буюртмачи ўтказилган харид қилиш тартиб-таомиллари якунлари бўйича ғолиб бўлган таклифнинг акцепти тўғрисида бир иш куни ичида қарор қабул қилади.


195. Ғолиб бўлган таклифнинг акцепти қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин, агар:

давлат харидлари бекор қилинмаган бўлса;

ғолиб бўлган таклифни юборган иштирокчи четлатилмаган бўлса;

тендер қилиш тартиб-таомили бузилмаган бўлса.


196. Тендер натижалари бўйича шартнома тендер ҳужжатларида ва шартнома тузилаётган тендер иштирокчиси томонидан берилган таклифда кўрсатилган шартлар асосида ғолиб аниқланган вақтдан бошлаб ўн кунлик муддатдан кечиктирмасдан тузилади


197. Тендер натижалари тўғрисидаги ахборот порталда эълон қилинади ва шартномалар реестрига киритилади.


198. Тендер ғолиби тендер шартлари асосида шартнома тузишдан бош тортган ҳолларда шартнома тузиш ҳуқуқи захира ижрочисига ўтади ва тендер ғолибига таъминот қайтариб берилмайди. Бунда захира ижрочисининг таклифи бўйича шартнома тузилиши ёки захира ижрочиси шартнома тузишдан бош тортиши мумкин.


199. Буюртмачи қуйидаги ҳолатлардан бири рўй берган тақдирда таклифни таъминлаш суммаси тўланишини талаб қилмайди ва таъминлаш тўғрисидаги ҳужжатни дарҳол қайтаради ёки унинг қайтарилишини таъминлайди:

таклифни таъминлашнинг амал қилиш муддати тугаган бўлса;

давлат харидлари тўғрисидаги шартноманинг кучга кириши ва ушбу шартноманинг бажарилиши таъминланиши, агар бундай таъминлаш давлат хариди шартларида талаб этилса;

давлат харидларининг бекор қилиниши;

таклифларни юборишнинг охирги муддати тугагунига қадар таклифнинг чақириб олиниши, агар давлат хариди шартларида бундай қайтариб олишга йўл қўйилмаслиги айтиб ўтилмаган бўлса.


200. Икки ёки ундан ортиқ буюртмачиларнинг харидлар режасига мувофиқ қўшма тендерлар ўтказилиши мумкин.


201. Қўшма тендерлар бир давлат дастури ёки лойиҳалар портфелида иштирок этаётган буюртмачилар доирасида шакллантирилиши шарт.


202. Тендер иштирокчилари тендер шартлари ва тендерни ўтказиш тартиб-таомиллари бузилган ҳолатларда тендер натижалари устидан белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.


203. Тендер комиссияси давлат харидларининг бошқа субъектлари томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар учун жавобгар бўлмайди.


204. Тендер комиссиясининг ўз ваколати доирасида қабул қиладиган қарорлари Қонуннинг 19-моддасига асосан барча иштирокчилар учун мажбурийдир.



4-1-БОБ. ЭЛЕКТРОН ТЕНДЕР ЎТКАЗИШ

ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


1-§. Электрон тендер орқали давлат харидларини амалга

ошириш шартлари ва харид комиссияси

фаолиятини тартибга солиш


204-1. Электрон тендер орқали давлат харидларини амалга ошириш шартлари мазкур Низомнинг 4-боби 1-параграфига мувофиқ белгиланади.


204-2. Электрон тендер ўтказиш учун буюртмачи ҳузурида тоқ сонли (етти кишидан кам бўлмаган) аъзолардан иборат харид комиссияси тузилади.


204-3. Харид комиссияси аъзоларининг таркиби ва сони харид қилиш тартиб-таомилининг турига боғлиқ бўлади ҳамда олинаётган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) хусусиятлари инобатга олинган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.


204-4. Электрон тендер хўжалик фаолияти доирасида ўтказилганда харид комиссияси буюртмачининг вакиллари орасидан, зарур бўлган тақдирда овоз бериш ҳуқуқига эга экспертлар жалб этилган ҳолда шакллантирилади.


204-5. Электрон тендер лойиҳа фаолияти доирасида ўтказилганда харид комиссияси вазифаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этиладиган лойиҳани амалга оширувчи гуруҳ бажаради, у электрон тендер натижалари тўғрисида қарорлар қабул қилади.


204-6. Харид комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "ЎзИнжиниринг" республика лойиҳалаштириш институти вакиллари киритилиши шарт.


204-7. Харид комиссияси буюртмачининг тегишли қарорлари билан шакллантирилади ва тарқатиб юборилади.


204-8. Электрон тендер ўтказиш бўйича харид комиссиясининг тезкор фаолиятини унинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаган масъул котиби ташкиллаштиради.

Харид комиссиясининг масъул котиби:

иштирокчиларнинг таклифларини тендер ҳужжатларининг расмийлаштириш талабларига мос келиши бўйича текширишни амалга оширади ва текшириш натижаларини харид комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим қилади;

тасдиқланган мезонлар бўйича иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш натижаларини электрон тизимда жойлаштиради.


204-9. Буюртмачи харид комиссиясининг ҳар бир аъзосига ва масъул котибига ўз вазифаларини амалга ошириш учун электрон тизимда шахсий кабинет очади.


204-10. Харид комиссиясининг ваколатига киритилган масалаларни кўриб чиқиш учун харид комиссиясининг аъзолари ва масъул котибининг электрон тизим томонидан ёпиқ чат орқали мулоқот қилиш имконияти таъминланади.


204-11. Электрон тизимдаги шахсий кабинетга биринчи маротаба кирилаётганда харид комиссиянинг ҳар бир аъзоси, шу жумладан унинг раиси иштирокчилар билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжудлиги тўғрисида маълумотларни киритиши шарт. Оператор харид комиссияси аъзолари томонидан киритилган маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш бўйича жавобгар бўлади.


204-12. Харид комиссияси аъзоларида иштирокчилар билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжуд бўлган тақдирда, харид комиссиясининг бундай аъзоси бу масала кўтарилган мажлисда ўзини ўзи рад этиши ва мазкур масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги керак, бу ҳақда баённомада қайд этилади.

Иштирокчиларнинг харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда харид комиссияси аъзоларининг ушбу иштирокчилар билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжуд бўлганда тизим ушбу харид комиссияси аъзосининг овозини мазкур масала бўйича овоз бериш натижаларидан чиқариб ташлайди.


204-13. Харид комиссияси раисининг аффилланганлик хусусиятига эга алоқалари мавжуд бўлса, электрон тендерни ўтказиш жараёни буюртмачи томонидан янги харид комиссияси раиси тайинлангунига қадар тўхтатилади.


204-14. Харид комиссиясининг ҳар бир аъзоси ўзининг шахсий кабинети орқали овоз беришда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки унда иштирок этишдан бош тортиши мумкин. Харид комиссияси аъзоси қарши овоз берганда электрон баённомада шарҳ қолдириши шарт. Белгиланган муддатларда харид комиссия аъзоси шахсий кабинети орқали овоз беришдан бош тортган тақдирда, унинг овози бетараф сифатида қабул қилинади. Харид комиссия раиси овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас.



2-§. Электрон тендер ўтказишда тендер ҳужжатларини

ишлаб чиқиш ва тендер ўтказилиши тўғрисидаги

эълонни жойлаштириш


204-15. Буюртмачи томонидан электрон тендер ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг буюртмачининг мутахассислари ёки электрон тендерни ташкиллаштириш ва ўтказиш учун масъул шахс томонидан тендер ҳужжатларининг, шартнома ва электрон тендер ўтказиш ҳақидаги эълоннинг матни ишлаб чиқилади.


204-16. Электрон тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги ахборот бўлиши керак:

товарнинг (ишнинг, хизматнинг) батафсил тавсифи ва нархи;

электрон тендер ўтказадиган операторнинг номи ва унинг веб-сайтига ҳавола;

электрон тендер иштирокчиларига қўйиладиган талаблар;

буюртмачининг иштирокчилар билан алоқада бўлиш учун боғловчи шахслар сифатида белгиланган бир ёки бир нечта мансабдор шахсининг ёки бошқа ходимларининг Ф.И.О., лавозими ва манзили;

тендер таклифларини бериш муддати тугайдиган сана ва вақт;

тендер таклифларини расмийлаштиришга доир талаблар.

Электрон тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.


204-17. Тендер ҳужжатларида қуйидагилар бўлиши керак:

электрон тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ахборот;

шартнома баҳосини ва ижрочилар билан ҳисоб-китобларни шакллантириш учун фойдаланиладиган валюта ҳамда тўлов тартиби ҳақидаги ахборот;

электрон тендерда иштирок этиш учун тендер таклиф қайси тилда тайёрланиши кераклиги бўйича талаб;

электрон тендер иштирокчиси тендер таклифининг техник ва нархга оид қисми, уларни баҳолаш тартиби тўғрисидаги ахборот;

электрон тендер иштирокчиларига тендер ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби, тақдим этиш муддати бошланадиган ва тугайдиган сана

техник топшириқ;

Қонунга мувофиқ иштирокчиларнинг тендер таклифларини баҳолаш усуллари, мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби.

Тендер ҳужжатларида электрон тендер иштирокчилари малакасига оид талаблар назарда тутилиши мумкин.


204-18. Тендер таклифининг техник ва нарх қисми бўйича буюртмачининг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эхтиёжларини қондириш учун таклифнинг ҳар бир қисмини баҳолаш аҳамиятига қараб нисбий қиймати белгиланади.

Тендер ҳужжатларида балларнинг бошланғич қийматлари белгиланиши мумкин ва улардан ўтмаган иштирокчи электрон тендердан четлатилади.

Тендер таклифининг техник қисми учун миқдорий кўрсаткичлардан (малакали мутахассислар сони, етказиб бериш муддати, иш тажрибаси ва бошқалар) ёки эксперт баҳосидан келиб чиққан ҳолда баҳолаш мезонлари белгиланади.

Балл усулидан фойдаланганда тендер таклифининг техник қисмининг ҳар бир баҳолаш мезони бўйича нисбий қиймат белгиланиши мумкин. Энг паст нарх усулидан фойдаланганда иштирокчининг таклифи тендер ҳужжатларида белгиланган талабларга мос келиши ёки мос келмаслигини аниқловчи мезонлар белгиланиши мумкин.

Тендер ҳужжатларида белгиланган мезонлар ўта муҳим қийматга эга бўлиши мумкин. Бунда тендер таклифининг белгиланган мезонларга мос келмаслиги иштирокчини электрон тендернинг ҳар қандай босқичида четлатилишига олиб келади.

Шартнома суммаси (нархи) тендер таклифи нарх қисмининг ягона мезони ҳисобланади.


204-19. Тендер ҳужжатларига уларнинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилинади.


204-20. Буюртмачи тендер ҳужжатларини келишиш учун электрон шаклда харид комиссиясига киритади.


204-21. Харид комиссияси ўзининг юзма-юз мажлисида ёки масофадан туриб тендер ҳужжатлари лойиҳасини Қонун талабларига мувофиқлиги бўйича кўриб чиқади ва қуйидагиларни белгилайди:

тендер таклифлари қабул қилинадиган муддатлар;

тендер таклифларини баҳолаш усуллари ва мезонлари;

тендер таклифи қисмларининг ва зарур ҳолларда техник қисмининг ҳар бир баҳолаш мезони бўйича нисбий қиймати;

тендер таклифини таъминлаш ҳажми ва шакли.


204-22. Тендер ҳужжатлари лойиҳаси унда белгиланган талаблар билан бирга муҳокамага қўйилади.


204-23. Харид комиссияси томонидан тендер ҳужжатлари лойиҳаси маъқулланган ҳолда электрон тендер ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинади.


204-24. Тендер ҳужжатлари маъқулланмаган ҳолларда улар қайта ишлаш учун қайтариб юборилиши ёки харид комиссияси мажлисида қайта ишланиши мумкин.


204-25. Ишлаб чиқилган тендер ҳужжатлари лойиҳаси буюртмачи томонидан тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун Марказга юборилади.


204-26. Маъқулланган тендер ҳужжатларини буюртмачи электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.


204-27. Тасдиқланган тендер ҳужжатлари, шартнома лойиҳаси, шунингдек электрон тендер ўтказиш тўғрисидаги эълон электрон тендер иштирокчиларидан тендер таклифларини қабул қилиш муддати тугайдиган санадан камида ўттиз кун олдин ва кўпи билан қирқ беш кун олдин порталга буюртмачи томонидан жойлаштирилади.


204-28. Электрон тендер ўтказишни амалга ошириш ҳақидаги эълон қўшимча равишда буюртмачининг расмий веб-сайтида ёки ўзининг юқори турувчи органи расмий веб-сайтига, шунингдек оммавий ахборот воситаларига жойлаштирилиши мумкин.


204-29. Тендер ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарор электрон тендерда иштирок этиш учун таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида уч кун олдин қабул қилиниши мумкин.

Бунда ушбу электрон тендерда тендер ҳужжатига ўзгартириш таклифлар бериш муддати тугаётганда киритилган тақдирда электрон тендер, тендер ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилган санадан эътиборан ўн кундан кам бўлмаган муддатга узайтирилиши лозим. Шу билан бир вақтда, агар эълонда кўрсатилган ахборот ўзгартирилган бўлса, электрон тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонга ўзгартиришлар киритилади.


204-30. Тендер ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш жараёнида товарни (ишни, хизматни) ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


204-31. Зарур бўлган ҳолларда буюртмачи томонидан тендер таклифларини бериш муддати узайтирилиши ёки электрон тендер иштирокчиларига тендер таклифлари қабул қилиниши муддати харид комиссияси қарори билан маълум вақтга узайтириш таклифи билан мурожаат қилиши мумкин.


204-32. Тендер ҳужжатларида буюртмачи ҳар бир товар (иш, хизмат) алоҳида лот сифатида кўриб чиқилишини эълон қилиши мумкин. Бу ҳолатда буюртмачи товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун тендернинг бир нечта иштирокчиси билан шартномалар тузиши мумкин, бунда ҳар бир лот учун фақат битта ғолиб аниқланиши мумкин.



3-§. Электрон тендерда иштирок этиш учун таклиф бериш


204-33. Электрон тендер ўтказилганда иштирокчилар тендер таклифларини электрон конверт кўринишида ўзларининг шахсий кабинетлари орқали электрон тендерни ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган муддатдан кечиктирмай тақдим этадилар.


204-34. Иштирокчининг тендер таклифини ташкил этувчи электрон ҳужжатлар оператор томонидан белгиланган форматларда тақдим этилади. Хар бир жойлаштирилган электрон ҳужжат иштирокчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


204-35. Тендер таклифи билан биргаликда иштирокчилар эскизлар, расмлар, чизмалар, фотосуратлар ва бошқа ҳужжатларни файл сифатида жойлаштиришлари мумкин.

Бунда иштирокчиларнинг тендер таклифлари электрон тизимда шаблонларга мувофиқ ҳужжатларни бириктириш орқали тақдим этилади. Иштирокчи томонидан кўрсатилган маълумотлар бириктирилган ҳужжатлардаги маълумотларга мос келиши керак.


204-36. Тендер таклифларини очиш муддати етиб келгунга қадар улар электрон тендер иштирокчилари, шу жумладан харид комиссияси масъул котиби ва аъзолари томонидан кўрилишига йўл қўйилмайди, бундан ушбу таклифларни тақдим этган иштирокчи мустасно. Мазкур талабнинг бажарилишига оператор жавобгар ҳисобланади.


204-37. Электрон тендер иштирокчиси битта лотга фақат битта тендер таклифини беришга ҳақли.


204-38. Электрон тендер иштирокчиси тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги учун жавобгар бўлади.


204-39. Электрон тендер иштирокчиси тендер таклифларини бериш муддати тугагунига қадар берилган тендер таклифини қайтариб олишга ёки унга ўзгартиришлар киритишга ҳақли.


204-40. Жойлаштирилган эълонда кўрсатилган муддат ва вақтда электрон тизим тендер таклифларини қабул қилишни тўхтатади.


204-41. Тендер таклифлари тендер ҳужжатларида кўрсатилган муддатда ўз кучида қолади.


204-42. Электрон тендер иштирокчиси тендер ҳужжатларидаги талабларни тушунтириш талаби билан буюртмачига очиқ электрон чат орқали тендер таклифларини бериш муддати тугайдиган санадан камида икки кун олдин сўров юборишга ҳақли.


204-43. Буюртмачи сўров келиб тушган санадан эътиборан икки кун ичида ушбу сўровга очиқ электрон чат орқали тушунтириш юбориши шарт.


204-44. Буюртмачи электрон тендер ўтказиш тартиб-таомилига нисбатан иштирокчилар томонидан тендер таклифларининг таъминланиши зарурлиги тарзида талаб белгилаган тақдирда, тендер таклифлари юборилгунига қадар иштирокчи таъминотнинг мақбуллигини тасдиқлаш тўғрисида очиқ электрон чат орқали сўров юборишга ҳақли. Буюртмачи бундай сўровга дарҳол жавоб беради.


204-45. Электрон тендерда қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлган иштирокчилар қатнаша олади:

шартномани бажариш учун зарур техникавий, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;

шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалик;

солиқлар ва йиғимлар бўйича қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;

ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;

инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги.



4-§. Электрон тендер натижаларини сарҳисоб қилиш


204-46. Уч ёки ундан ортиқ электрон тендер иштирокчилари - маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлган тақдирда давлат харидлари буюртмачининг танловига кўра маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга оширилиши мумкин.


204-47. Электрон тендерда битта иштирокчи иштирок этган ёки биронта иштирокчи иштирок этмаган тақдирда танлов ўтказилмаган деб топилади. Бундай ҳолатда буюртмачи тендерни айни ўша шартларда ҳамда товарга (ишга, хизматга) доир айни ўша мезонларга ва талабларга мувофиқ такроран амалга ошириши шарт


204-48. Электрон тендер харид комиссияси томонидан белгиланган муддатда ўтказилганда электрон тизим автоматик равишда иштирокчилар томонидан жойлаштирилган ва уларнинг тендер таклифларини ташкил этувчи электрон ҳужжатларни кўриш имкониятини беради.

Иштирокчи томонидан бириктирилган файллар унинг тендер таклифида кўрсатилган маълумотларига мос бўлиши ҳамда электрон тизимдаги электрон майдонлар тўлдирилиши керак.

Электрон тизим иштирокчи таклиф этган нархни бошланғич нархга мувофиқлигини ва электрон майдонларнинг тўлдирилганлигини ҳамда бириктирилган файлларнинг мавжудлигини текширади. Иштирокчи томонидан таклиф этилган нарх бошланғич нархдан юқори бўлса, шунингдек, тўлдирилмаган майдонлар мавжуд бўлса ёки бириктирилган файллар тўлиқ бўлмаса, электрон тизим рад этиш сабабини кўрсатган ҳолда иштирокчининг тендер таклифини рад этади. Бириктирилган файллардаги маълумотларнинг иштирокчининг тендер таклифида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлигини текшириш харид комиссиясининг масъул котиби томонидан амалга оширилади.


204-49. Тендер таклифларини баҳолаш қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилади:

тендер таклифининг тендер ҳужжатларида кўрсатилган талабларга мос равишда расмийлаштирилганлигини текшириш;

иштирокчининг малака талабларга (тендер ҳужжатларида назарда тутилган бўлса) мувофиқлигини баҳолаш;

тендер таклифининг техник қисмини баҳолаш;

тендер таклифининг нарх қисмини баҳолаш.

Бунда электрон тизим тендер таклифининг малака, техник ва нарх қисмларида мавжуд бўлган маълумотларни тендер таклифининг олдинги қисми баҳоланиши якунлангандан сўнг кетма-кетлик билан ошкор қилинишини таъминлайди.


204-50. Агар тендер таклифи Қонуннинг ва тендер ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келса, у тегишли тарзда расмийлаштирилган деб топилади. Тендер таклифи тендер ҳужжатларининг талабларига мувофиқлиги ёки номувофиқлиги бўйича харид комиссияси масъул котибининг қарори унинг асосланган сабаблари билан харид комиссияси томонидан тасдиқланиши лозим.


204-51. Иштирокчининг тендер таклифи талабларга мос келмаганлиги тўғрисидаги қарор, ушбу қарор қабул қилинган кунда иштирокчининг шахсий кабинетига юборилади.


204-52. Электрон тендер ғолибини аниқлаш учун рад этилмаган тендер таклифларини баҳолаш тендер ҳужжатларида белгиланган мезонлар ва усул асосида амалга оширилади. Буюртмачи иштирокчиларнинг тендер таклифларини баҳолаш усулини (энг паст нарх усулини ёки балл усулини) ва мезонларини ишлаб чиқади ва харид комиссиясига келишиш учун киритади.


204-53. Тендер таклифларини баҳолаш вақтида харид комиссиясининг масъул котиби электрон тендер иштирокчиларидан уларнинг тендер таклифлари юзасидан тушунтиришлар сўрашга ҳақли. Мазкур жараён электрон шаклда ўтказилади.


204-54. Тендер таклифининг техник қисмини миқдорий кўрсаткичларга асосан баҳолаш, шунингдек таклифнинг нарх қисмини баҳолаш электрон тизим томонидан автоматик равишда амалга оширилади.

Миқдор кўрсаткичларига эга бўлмаган таклифнинг техник қисмининг мезонлари (эксперт мезонлари) бўйича иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш ва таққослаш харид комиссияси томонидан овоз бериш орқали амалга оширилади.

Тендер ҳужжатлари шаблонларини тўлдиришда миқдорий (ўлчов бирлигини белгилаган ҳолда) ва эксперт мезонларни харид комиссияси тасдиқлайди.


204-55. Миқдор кўрсаткичларига асосланган мезонларни баҳолашда:

тендер ҳужжатларида кўрсаткичларнинг энг кам ва энг кўп қийматлари белгиланиши мумкин;

миқдор кўрсаткичлари энг кам ва энг кўп ҳисобга олинадиган қийматлари оралиғида бўлган иштирокчилар учун балл коэффициенти унинг миқдор кўрсаткичининг энг кам ва энг кўп ҳисобга олинадиган қийматларининг фарқига бўлган нисбатини аниқлаш орқали ҳисобланади;

агар маълум бир мезон бўйича иштирокчининг миқдор кўрсаткичи тендер ҳужжатларида белгиланган шартларга мувофиқ энг кам ҳисобга олинадиган қийматидан кам бўлса, иштирокчига энг кам балл қўйилади;

агар маълум бир мезон бўйича иштирокчининг миқдор кўрсаткичи энг кўп ҳисобга олинадиган қийматидан юқори бўлса, унинг кўрсаткичи энг кўп ҳисобга олинадиган қийматидан қай даражада юқорилигидан қатъи назар унга ушбу мезон бўйича энг юқори балл берилади;

миқдорий ёки эксперт мезонини баҳолаш электрон тизим томонидан баллни ушбу мезоннинг ҳисобга олинадиган қийматига кўпайтириш орқали автоматик равишда амалга оширилади.


204-56. Харид қилинаётган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) ўзига хос хоссалари ва хусусиятларидан келиб чиқиб, харид комиссияси иштирокчиларга шартномани бажариш учун зарур профессионал ва техник малака маълумотларига, касбий ва техник компетенцияга, молиявий ресурсларга, жиҳозларга ва бошқа моддий имкониятларга, бошқарув малакага, ишончлилигига, тажрибага ва обрўга, шунингдек инсон ресурсларига эга эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун қўшимча мезон ва талабларни белгилаш ҳуқуқига эга.

Бунда иштирокчиларни камситишга олиб келиши мумкин бўлган мезонларни, талабларни ва тартиб-таомилларни қўллашга йўл қўйилмайди.


204-57. Тендер ҳужжатларида электрон тендер иштирокчисининг малака талабларига мос келишини тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон тизимга бириктирилиши назарда тутилиши мумкин. Буюртмачи тендер ҳужжатларида назарда тутилмаган мезонлар бўйича иштирокчининг малакасини баҳолашга ёки тендер ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этилишини талаб қилишга ҳақли эмас.


204-58. Тендер ҳужжатларида белгиланган шартлардан келиб чиқиб электрон тизим автоматик равишда:

тендер таклифининг техник ва нарх қисимларини баҳолашни ҳисобга олган ҳолда энг юқори бал тўплаган иштирокчини (бал усулидан фойдаланганда). Икки ёки ундан ортиқ иштирокчилар бир хил балл тўплаган бўлса, тендер таклифини барчадан олдин жойлаштирган иштирокчи ғолиб деб топилади;

тендер таклифларининг техник қисмини баҳолаш натижаларига кўра электрон тендерда иштирок этишни давом эттиришга рухсат берилган иштирокчилар орасидан энг паст нархни таклиф этган иштирокчини (энг паст нарх усулидан фойдаланганда) ғолиб сифатида аниқлайди.

Захира ижрочисини аниқлаш мазкур бандда белгиланган тартибда амалга оширилади.


204-59. Харид комиссиясининг қарорлари унинг аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


204-60. Тендер таклифларини кўриб чиқиш натижаларига кўра харид комиссиясининг масъул котиби электрон тизимдаги мавжуд шаблонлар асосида харид комиссия йиғилишининг электрон баённомаларини шакллантиради ҳамда тасдиқлаш учун харид комиссияси аъзоларига йўллайди.

Харид комиссияси аъзолари йиғилишининг электрон баённомаларини электрон рақамли имзоларидан фойдаланган ҳолда тасдиқлайди. Электрон баённомадан кўчирма порталда автоматик равишда эълон қилинади.


204-61. Тендер таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасида қуйидаги ахборот бўлиши керак:

тендер таклифлари кўриб чиқиладиган ҳамда баҳоланадиган сана ва вақт тўғрисида;

ҳозир бўлган харид комиссияси аъзоларининг ва электрон тендер иштирокчилари ваколатли вакилларининг таркиби ҳақида;

тендер таклифлари кўриб чиқилган электрон тендер иштирокчилари тўғрисида;

тендер таклифлари уларни рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган ҳолда рад этилган электрон тендер иштирокчилари ҳақида;

электрон тендер ғолиби тўғрисида қабул қилинган қарор ҳақида;

электрон тендер ғолибининг номи (юридик шахс учун), фамилияси, исми, отасининг исми (жисмоний шахс учун), турган жойи (почта манзили).


204-62. Электрон тендернинг исталган иштирокчиси тендер таклифларини кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомаси эълон қилинганидан сўнг буюртмачига электрон тендер натижалари бўйича тушунтиришларни тақдим этиш тўғрисида сўров юборишга ҳақли.


204-63. Буюртмачи бундай сўров келиб тушган санадан эътиборан уч иш куни ичида электрон тендер иштирокчисига тегишли тушунтиришларни тақдим этиши шарт.


204-64. Электрон тендер ўтказиш натижаларига кўра шартнома тузиш мазкур Низомнинг 4-боби 7-параграфига мувофиқ тартибга солинади. Бунда шартнома электрон ҳужжат шаклида тузилади, томонларнинг электрон рақамли имзолари билан тасдиқланади ва оператор томонидан шартномалар реестрига киритилади.



5-БОБ. ЯГОНА ЕТКАЗИБ БЕРУВЧИ БИЛАН АМАЛГА

ОШИРИЛАДИГАН ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ


1-§. Ягона етказиб берувчи билан шартнома тузиш асослари


205. Қонуннинг 67-моддаси иккинчи қисмига асосан ягона етказиб берувчи билан давлат харидлари қуйидаги алоҳида ҳолларда амалга оширилади:

бозорда муқобиллари бўлмаган ва фақат ягона етказиб берувчидан харид қилиш мумкин бўлган техник жиҳатдан мураккаб товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди;

маданий қимматликларни олиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосидаги давлат харидлари;

табиий монополия субъекти товарларининг (ишларининг, хизматларининг) давлат хариди;

ўз ваколатларига мувофиқ фақат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ёки уларнинг тасарруфидаги давлат муассасалари ва ташкилотлари томонидан бажарилиши мумкин бўлган ишларга ёки кўрсатилиши мумкин бўлган хизматларга эҳтиёж пайдо бўлиши;

товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тарифлар бўйича давлат хариди.

Ваколатли орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда ягона етказиб берувчи билан давлат харидларини амалга оширишнинг бошқа ҳоллари ҳам белгиланиши мумкин.



2-§. Ягона етказиб берувчилар билан шартнома тузиш


206. Ягона етказиб берувчилардан харидни амалга ошириш учун буюртмачилар ягона етказиб берувчилар реестридан (бундан буён матнда Реестр деб юритилади) фойдаланади.


207. Ягона етказиб берувчидан товар (иш, хизмат) олиш зарур бўлган тақдирда, у ва буюртмачи ўртасида порталда рўйхатга олиниши лозим бўлган тўғридан-тўғри шартнома тузилади.


208. Тўғридан-тўғри шартнома қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ёзма шаклда тузилади ва унда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

шартнома предмети;

товарлар (ишлар, хизматлар) сони, сифати, ассортименти;

етказиб бериладиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархи;

товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматларни кўрсатиш муддати;

ҳисоб-китоб тартиби;

томонларнинг мажбуриятлари;

шартномавий мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

низоларни ҳал этиш тартиби;

томонларнинг реквизитлари;

шартнома тузилган сана ва жой;

харидлар тўғрисидаги шартномалар учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган ёки томонлардан бирининг аризасига мувофиқ келишувга эришилиши лозим бўлган бошқа муҳим шартлар.


209. Ягона етказиб берувчи билан амалга оширилган харид натижасида тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумот, шартнома тузилган кундан уч кунлик муддатдан кечиктирмасдан порталга жойлаштирилиши лозим.



3-§. Ягона етказиб берувчилар реестрини юритиш


210. Реестр, қоғоз ва электрон шаклда ягона етказиб берувчилар ва уларнинг давлат харидлари учун рухсат этилган товарлари (ишлари, хизматлари) ҳақидаги маълумотларни ўз ичига оладиган ахборот ресурси ҳисобланиб, унда ягона етказиб берувчи ҳақидаги маълумотлар йиғилади, сақланади, қайта ишланади.


211. Реестрда контрагент мавжуд бўлмаса, буюртмачи тўғридан-тўғри шартномани тузишга ҳақли эмас.


212. Реестрни юритиш оператор томонидан ваколатли орган билан келишилган ҳолда ахборот ресурсига ягона етказиб берувчилар ҳақидаги маълумотларни киритиш, ушбу маълумотларни янгилаш, ягона буюртмачи ҳақидаги маълумотлари реестрдан чиқариш йўли билан амалга оширилади.


213. Реестр оператор томонидан порталга жойлаштирилади ва ундан ҳамма эркин фойдаланиши мумкин.


214. Реестрга ягона етказиб берувчилар ҳақидаги маълумотларни киритиш учун оператор қуйидаги маълумотлардан фойдаланади:

табиий монополия субъектларининг давлат реестридан;

ваколат доирасида фақат шу органлар ёки уларнинг тасарруфидаги давлат муассасалари ва ташкилотлари томонидан бажариладиган ишлар ёки хизматларни кўрсатадиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳақидаги маълумотлар;

тарифлари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланадиган товарлар (ишлар, хизматларнинг) тарифлари ҳақида маълумотлар;

ваколатли орган томонидан тақдим этилган маълумотлар.


215. Оператор ягона етказиб берувчилар ҳақида ваколатли орган томонидан юборилган ҳамда мазкур Низом 217-банди иккинчи-тўртинчи хатбошиларидаги келишилган маълумотларни бир иш куни мобайнида Реестрга киритади.


216. Ваколатли орган операторга Реестрга ягона етказиб берувчилар сифатида киритиш учун юридик ва жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиб боради.


217. Ваколатли орган таҳлил ўтказиш ва тегишли маълумотларни йиғиш орқали қуйидагиларни аниқлайди:

бозорда муқобиллари бўлмаган техник жиҳатдан мураккаб ва ноёб товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи) хўжалик юритувчи субъектларни;

тегишли бозорда муқобиллари бўлмаган товарларни (ишларни, хизматларни) ишлаб чиқарувчи (етказиб берувчи) Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг давлат реестрига киритилган монополист-корхоналарни;

тарихий, бадиий ёки бошқа маданий аҳамиятга эга бўлган маданий қимматликларнинг эгаларини, шунингдек, ушбу қимматликларни давлатнинг музей, ахборот-кутубхона, архив фондларини, кино фондларини, фотосуратлар фондларини ва шунга ўхшаш фондларни тўлдириш учун зарурлигини.


218. Мазкур Низомнинг 217-бандида кўрсатиб ўтилган шахслар Реестрга ягона етказиб берувчи сифатида киритиш ҳақидаги ариза билан ваколатли органга мурожаат этишлари мумкин.


219. Реестрга ягона етказиб берувчи сифатида киритиш ҳақидаги аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

хўжалик юритувчи субъект ҳақида - юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатига олинганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг санаси ва рўйхатга олиш рақами, жисмоний шахс ҳақида - шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги тегишли маълумотлар;

номи, техник хусусиятлари, нархи кўрсатилган ишлаб чиқарилаётган (етказиб берилаётган) бозорда муқобиллари бўлмаган техник жиҳ<