Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.03.2018 й. 244-сон "Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

28.03.2018 й.

N 244


БОЛАЛАРНИ ДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТЛАРИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА

ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШНИНГ

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон Фармонига мувофиқ ҳамда болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва 2018 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилсин.

2. Белгилансинки:

2018 йил 1 апрелдан бошлаб, давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали мурожаат қиладилар;

давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги бўш жойларнинг электрон ҳисобини юритиш, болаларни ташкилотларга қабул қилиш учун электрон навбатни шакллантириш ва йўлланмаларни расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таьлим вазирлигининг Мактабгача таълимни бошқариш ахборот тизими томонидан амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги қуйидагиларни таъминласин:

ўн кун муддатда - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган намунавий шаклларни, ҳужжатлар бланкаларини ҳамда бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

бир ҳафта муддатда - туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари расмий веб-сайтлари (саҳифалари)ни такомиллаштириш, уларда давлат мактабгача таълим муассасалари ҳақидаги маълумотларни жойлаштириш;

2018 йил мобайнида ҳар чоракда камида бир марта Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда, Давлат хизматлари марказлари, туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари, давлат мактабгача таълим муассасалари ходимлари иштирокида, ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламентни амалда қўлланиш самарадорлиги ва натижадорлиги даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарлари ўтказиш.


4. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда 2018 йил 1 апрелгача бўлган муддатда:

туман (шаҳар) давлат мактабгача таълим бўлимлари, давлат мактабгача таълим муассасалари ҳамда давлат хизматлари кўрсатишда иштирок этувчи бошқа тузилмаларнинг ЯИДХПга уланишини таъминласин;

ЯИДХПда болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳар бир босқичида жисмоний шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиботини жорий этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ва бошқа ташкилотларнинг улар томонидан болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг белгиланган тартибини амалга оширишга доир фаолияти юзасидан, шу жумладан ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

ушбу қарор билан тасдиқланган Маъмурий регламент талаблари бузилганлиги учун туман (шаҳар) давлат мактабгача таълим бўлимлари ва бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо чораларини белгиланган тартибда қўлласин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 30-сон, 732-модда) билан тасдиқланган Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисидаги низомга 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


8. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва Адлия вазирлиги раҳбарлари ушбу қарорда назарда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб берадилар.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В. Акмалов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 28 мартдаги

244-сон қарорига

2-ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги

528-сон қарори билан тасдиқланган Давлат

мактабгача таълим муассасаси тўғрисида

низомга киритилаётган ўзгартиришлар


1. 20-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"20. Давлат мактабгача таълим муассасасига болаларни қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда бериладиган йўлланма асосида амалга оширилади".


2. 21 - 31-бандлар ва 1 - 3-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 31 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 апрель, 13-сон, 248-модда