Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 26.03.2018 й. 230-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 26 мартдаги

230-сон қарорига

ИЛОВА



Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг

малакасини ошириш бўйича махсус ўқув

курслари ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом оила институти соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус ўқув курсларининг (кейинги ўринларда махсус ўқув курслари деб аталади) мақсад ва вазифаларини, улардан ўтиш, шунингдек махсус ўқув курсларининг ўқув жараёнини ташкил этиш ва тингловчиларнинг билимини баҳолаш тартибини белгилайди.


2. Махсус ўқув курслари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази (кейинги ўринларда "Оила" маркази деб аталади), Хотин-қизлар қўмитаси ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг касбий малакасини оширишга йўналтирилган.

Малака ошириш бўйича махсус ўқув курсларида Оила институтини мустаҳкамлаш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи бошқа ташкилотлар ходимларининг иштироки тавсия хусусиятига эга.


3. Махсус ўқув курслари "Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳузурида ташкил этилади.



2-БОБ. МАХСУС ЎҚУВ КУРСЛАРИНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Махсус ўқув курсларининг мақсади кадрларнинг хотин-қизлар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар билан мақсадли ишлашни ташкил этиш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштириш бўйича касбий билимлари, қобилиятлари ва кўникмаларини тизимли янгилаб боришдан иборат.


5. Қуйидагилар махсус ўқув курсларининг вазифалари ҳисобланади:

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоли ҳолатларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш ҳамда оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

оила институтини мустаҳкамлаш, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланиши, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш;

эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатлар, шунингдек замонавий оиланинг намунали шаклини ҳамда "Оила жамият ва давлат ҳимоясида" конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш;

замонавий намунали оиланинг мезонларини белгилашда иштирок этиш, замонавий оилани ривожлантириш муаммолари, оиланинг ички муносабатлари, шахслараро муносабатларни, бой маданий тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятларни ўрганиш;

оила-никоҳ муносабатлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро тажрибани ўрганиш;

оила институтини ривожлантириш ва унинг замонавий шаклини жорий этиш.



3-БОБ. МАХСУС ЎҚУВ КУРСЛАРИДАН

ЎТИШ ТАРТИБИ


6. Ушбу Низомнинг 2-банди биринчи хатбошида назарда тутилган ходимлар мунтазам, йилига камида бир мартда тегишли йўналишлар бўйича бепул асосда малака оширишдан ўтишлари шарт.


7. Махсус ўқув курсларидан ўтиш тегишли йўналишлар бўйича тасдиқланган малакавий талаблар, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ташкил этилади. Ўқув режалари ва дастурлари ҳар йили оилага оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари асосида такомиллаштирилади.


8. Қайта тайёрлашнинг қанча давом этиши илгари олинган олий таълим даражасига, қайта тайёрлашнинг тури ва кўп меҳнат талаб қилишига, ўқитиш шаклларига боғлиқ бўлади ва асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитилганда камида 576 соат бўлиши керак.

Ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади. Асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитишда аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми ҳафтасига 24 соат этиб белгиланиши керак.

Ўқув юкламасининг умумий ҳажми фанлар блоклари бўйича, кадрлар буюртмачиси томонидан белгиланадиган қайта тайёрлашга талаблардан келиб чиққан ҳолда тақсимланади.


9. Малака ошириш курсларида ўқиш "Оила" маркази томонидан тасдиқланган 72 соатлик ўқув дастурлари бўйича икки ҳафта давомида ишдан ажралган ҳолда амалга оширилади.

Ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади. Ўқув юкламасини режалаштиришда тингловчиларнинг мустақил ишлашига алоҳида эътибор қаратилади.


10. "Оила" маркази Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили малака ошириш курсларидан ўтишнинг белгиланган даврийлигига мувофиқ ўқитиш йўналишлари бўйича малака ошириш курслари тингловчилари таркибини шакллантиради ва тасдиқлайди.


11. Махсус ўқув курсларига келган тингловчиларни қабул қилиш тасдиқланган режа-жадвал асосида "Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан амалга оширилади.


12. Тасдиқланган режа-жадвалга киритилган ва махсус ўқув курсларига ўқишга йўлланган тингловчиларнинг асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даврида сақланиб қолади.


13. Махсус ўқув курсларига йўлланган тинловчиларга таълим олиш жойига бир марта бориб келиш бўйича сарфланган харажатлар уларни юбораётган томон ҳисобидан белгиланган тартибда қопланади.



4-БОБ. МАХСУС ЎҚУВ КУРСЛАРИ

ТАШКИЛОТЧИЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


14. "Оила" маркази:

махсус ўқув курслари фаолиятига ўқув-услубий раҳбарликни амалга оширади;

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда махсус ўқув курсларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда уларнинг доимо янгиланишини таъминлайди;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш механизмлари ва усулларини белгилайди;

махсус ўқув курслари ўқитувчиларининг малакасини оширишни ташкил этади;

малака ошириш тизимига ўқитишнинг замонавий шакл ва методларини, илғор педагогика, ахборот-коммуникация ва инновация технологияларини жорий этади;

махсус ўқув курсларида таълим олиш ва ўқитиш жараёни мониторингини олиб боради.


15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг ўқув-методик асосларини ишлаб чиқишга кўмаклашади;

махсус ўқув курсларида ўқув машғулотларини ўтказиш учун олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчилар таркибини жалб этишда амалий ёрдам кўрсатади;


16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари "Оила" марказининг буюртманомалари асосида:

махсус ўқув курсларини ташкил этиш учун ажратиладиган хона ва аудиторияларда таъмирлаш-тиклаш ишларини бажаради, шунингдек, уларни зарур мебель ва жиҳозлар, компьютер техникаси ва ўқув техникаси воситалари билан жиҳозлайди;

махсус ўқув курсларига юборилган тинловчиларга таълим муассасаларининг талабалар уйларидан жой ажратилишини таъминлайди.



5-БОБ. ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ТИНГЛОВЧИЛАРНИНГ

БИЛИМЛАРИНИ БАҲОЛАШ


17. Махсус ўқув курслари тегишли йўналишлар бўйича малакавий талаблар, ўқув режалари ва дастурларини ҳисобга олган ҳолда, курслар фаолиятини ва ресурс таъминотини бюджетдан ташқари молиялаштириш асосида, тингловчиларни сифатли ўқитиш учун моддий-техник база, профессор-ўқитувчилар таркиби мавжуд бўлган ҳолда ташкил этилади.

Мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар таркиби шартнома асосида жалб этилади.


18. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари қўлланилади:

маъруза;

интерактив семинар;

амалий машғулот;

сайёр машғулот;

тажриба алмашиш;

мустақил ўқиш;

битирув ишини ҳимоя қилиш.

Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда махсус ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилиши мумкин.


19. Аудиторияда ўтказиладиган барча машғулотлар турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус камида 10 дақиқани ташкил этади.


20. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда тингловчилар сони, қоидага кўра, камида 15-20 кишини ташкил этган академик гуруҳларда ташкил этилади.


21. Узрли сабаблар билан ўқишни давом эттира олмайдиган тингловчилар ўз аризасига кўра тингловчилар сафидан чиқарилади. Узрсиз сабаблар билан 30 соатдан кўп ҳажмда машғулотларда қатнашмаганлик учун курсларнинг тингловчилари "Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбарининг буйруғи билан тингловчилар сафидан чиқарилади.

Тингловчилар сафидан чиқариш "Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан расмийлаштирилади.


22. Махсус ўқув курсларида машғулотлар ўтказишга шартнома асосида юқори малакали кадрлар, хорижий мутахассислар, ўқув-услубий ходимлар ва амалиётчи мутахассислар жалб этилади.


23. Қайта тайёрлаш курслари тингловчиларининг билими битирув ишини ҳимоя қилиш, малака ошириш курслари тингловчиларининг билими эса суҳбат асосидан баҳоланади.

Махсус ўқув курслари тингловчиларини баҳолашни ташкил этиш ва ўтказиш учун "Оила" марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари томонидан тегишли соҳаларнинг илғор мутахассислари орасидан камида 3-5 кишидан иборат комиссия шакллантирилади.


24. Баҳолаш жараёнида узрли сабаб билан иштирок этмаган тингловчилар навбатдаги гуруҳ тингловчилари билан биргаликда иштирок этишлари мумкин.


25. Қайта тайёрлаш бўйича ўқув дастурлари талабларини муваффақиятли бажарган тингловчиларга ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ давлат намунасидаги қайта тайёрлаш тўғрисида диплом, малака ошириш ўқув дастурлари талабларини бажарган тингловчиларга эса - ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ сертификат берилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Махсус ўқув курсларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатларни, шу жумладан, ўқув машғулотларини ўтказишга жалб этиладиган мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш, курслар тингловчилари учун ўқув, тарқатма материаллар ва канцелярия анжомларини харид қилиш харажатларини молиялаштириш Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Қайта тайёрлаш ҳақида

ДИПЛОМ


(тавсифи)



Қайта тайёрлаш ҳақида давлат намунасидаги диплом А4 форматли оқ қоғоздаги варақда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч пушти рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг юқори қисми марказида лотин ёзуви билан давлат тилида "Qayta tayyorlash haqida DIPLOM" сўзлари босилади. Диплом икки лотин ҳарфи қисқартмаси - QТ ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч пушти ранг фонда босиб чиқарилади.

Диплом:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.




Ўзбекистон Республикаси

Давлат герби тасвири



Qayta tayyorlash

haqida


DIPLOM

QT N 000000

          

            


(Mutaxassisning familiyasi, ismi, otasining ismi)

            

20


yil


dan 20


gacha

           


da

(Qayta tayyorlash muassasasining nomi)


            


soatga moljallangan

        


(Qayta tayyorlash kursining nomi)

          

qayta tayyorlsh kursida talim olib,


        


mavzusida bitiruv ishini Davlat attestatsiya

    

komissiyasida


bahoga himoya qildi va unga

      


huquqi berildi

              

     


Muhr o`rni



Direktor ____________


Sana ______________


      

        

Qayd raqami ________

        





Низомга

2-ИЛОВА



Малака ошириш ҳақида

СЕРТИФИКАТ


(тавсифи)



Малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги сертификат А4 форматли оқ қоғоздаги варақда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч кул рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг юқори қисми марказида лотин ёзуви билан давлат тилида "Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT" сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи қисқартмаси - MO ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.




Ўзбекистон Республикаси

Давлат герби тасвири



Malaka oshirish haqida


SERTIFIKAT

MO N 000000

         

          


(Mutaxassisning familiyasi, ismi, otasining ismi)

          



20


yil


dan 20


gacha



          


da

(Malaka oshirish muassasasining nomi)


        

jami


soatli

        


(Malaka oshirish kursining nomi)

      

            

bo`yicha malakasini oshirdi.





Muhr o`rni



Boshqarma boshlig`i ______________

        

Sana ________________ Qayd raqami ______


       


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 27 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 2 апрель, 13-сон, 245-модда