Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.06.2018 й. 424-сон "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.06.2018 й.

N 424



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУДОФАА

ВАЗИРЛИГИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИНИ

ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Кейинги йилларда мамлакатда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг ҳарбий хизматни ўташини ташкил этиш ва зарур амалий шарт-шароитлар билан таъминлаш тизимини комплекс ислоҳ қилишга йўналтирилган салмоқли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг контракт бўйича ҳарбий хизматчиларига бериладиган имтиёзлар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини, шу жумладан, уларга имтиёзли истеъмол кредитлари, турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш йўли билан янада такомиллаштириш бўйича аниқ чоралар амалга оширилмоқда.

Ҳарбий хизматни ўташ тизимини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигини бутлашни сифат жиҳатидан яхшилашга, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлигини ва интеллектуал камол топишини жиддий равишда оширишга, ёшлар ва умуман аҳоли ўртасида ҳарбий хизматнинг нуфузи ўсишига кўмаклашмоқда.

Республикада муддатли ҳарбий хизматни ва сафарбарлик чақириғи захирасида хизматни ўтаган фуқароларни ишга жойлаштириш бўйича комиссиялар ташкил этилган, шу жумладан, иш ўринларини захирага қўйишни ташкил этиш, жойларда ҳар чораклик семинарлар, давра суҳбатлари ва фуқароларни ишга жойлаштириш учун бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкил этиш уларнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда Мудофаа вазирлигининг контракт бўйича ҳарбий хизматчиларига мамлакатда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситалари сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилишини ташкил этишга фаол кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг:

а) АТ "Ўзсаноатқурилишбанк" ва АТ "Халқ банки" билан биргаликдаги:

камида олти ой хизмат қилган муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари орасида тадбиркорлик фаолияти учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва кредитлар бериш тартибини тушунтириш бўйича семинарлар, давра суҳбатлари, конференциялар ва амалий машғулотлар ўтказиш;

кўрсатиб ўтилган тадбирлар якунлари бўйича муддатли ҳарбий хизматнинг энг ўрнак кўрсатган ҳарбий хизматчиларига тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитларни расмийлаштиришга тегишли сертификатлар бериш;

б) Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва "Ўзавтосаноат" АЖ билан биргаликдаги:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг жанговар қисмлари ва жанговар таъминот бўлинмаларининг офицерларига ҳамда сержантлар ва оддий аскарлар таркибининг контракт бўйича ҳарбий хизматчиларига ҳар бир ҳарбий қисмдан жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда энг ўрнак кўрсатган 10 нафаргача кишига мамлакатда ишлаб чиқарилган бюджет енгил автотранспорт воситаларини (кейинги ўринларда автотранспорт воситалари деб аталади) сотиб олиш учун қуйидаги шартларда имтиёзли кредитлар бериш ҳақидаги таклифларига розилик берилсин;

кредит муддати - уч ойлик имтиёзли давр билан 10 йил;

дастлабки бадал - сотиб олинадиган автотранспорт воситаси қийматининг 15 фоизи;

фоиз ставкаси - 2019 йил 31 декабрга қадар кредит бериш санасида йиллик 7 фоиз. 2020 йил 1 январдан бошлаб кредитлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасида, 2021 йил 1 январдан эса тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда, фоиз харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш механизмидан фойдаланиш имконияти билан.

2. "Ўзавтосаноат" АЖга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг тақдимномалари бўйича жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда энг ўрнак кўрсатган офицерлар ҳамда сержантлар ва оддий аскарлар таркибининг хоҳловчи контракт бўйича ҳарбий хизматчиларига банкларнинг кредитлари ҳисобига мамлакатда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини сотиб олишда кўмаклашиш тавсия этилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

Мудофаа вазирлигининг "Сафарбарлик чақириқ захираси маблағлари" Махсус ҳисоб рақамининг бўш маблағларини кейинчалик Мудофаа вазирлигининг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда энг ўрнак кўрсатган офицерлари ҳамда сержантлари ва оддий аскарлар таркибининг хоҳловчи контракт бўйича ҳарбий хизматчиларига автотранспорт воситалари сотиб олишга имтиёзли кредитлар бериш учун иштирок этувчи тижорат банкларининг депозитларига йиллик 5 фоиздан ортиқ бўлмаган ставка бўйича жойлаштирсин;

муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчиларини, офицерларни ва сержантлар ва оддий аскарлар таркибнинг контракт бўйича ҳарбий хизматчиларини уларга кредитларнинг тегишли турларини расмийлаштириш учун тақдимномалар бериш учун танлаб олиш мезонларини ишлаб чиқсин;

АТ "Ўзсаноатқурилишбанк" ва АТ "Халқ банки" билан биргаликда тижорат банкларининг ҳудудий филиаллари жойлашишидан келиб чиқиб потенциал қарз берувчиларни тақсимласин;

ҳарбий хизматчилар орасида кредитлар олиш шартлари ва тартиби тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этсин.


4. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири А.А. Азизов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                           А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 7 июнь