Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш курслари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.06.2018 й. 453-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 14 июндаги

453-сон қарорига

2-ИЛОВА



Юридик кадрларни халқаро стандартлар

бўйича қисқа муддатли профессионал

ўқитиш курслари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказида (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш қисқа муддатли курсларини ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш курслари (кейинги ўринларда профессионал ўқитиш курслари деб аталади) - инвестиция ва тижорат фаолиятида халқаро ҳуқуқ асосларини шакллантиришни таъминлашга, шунингдек, халқаро юридик амалиётда уларнинг касбий компетенциясини ривожлантиришга қаратилган юридик кадрларни қисқа муддатли ўқитиш шакли;


талабгорлар - халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш курсларида таълим олишни хоҳловчи, инглиз тилини амалиётда эркин қўллай олиш даражасида биладиган шахслар;


тингловчилар - суҳбатдан муваффақиятли ўтиб белгиланган миқдордаги контракт пулини тўлаган ҳамда Марказ директорининг буйруғи билан профессионал ўқитиш курсларига қабул қилинган шахслар.


3. Ўқитиш курслари қуйидаги шаклларда ташкил этилади:

таянч курс - халқаро тижорат фаолияти, халқаро арбитраж ва суд низоларини ҳуқуқий таъминлаш соҳасида асосий малака ва кўникмаларни ривожлантириш;

соҳавий курс - халқаро инвестиция ва тижорат фаолиятини самарали ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш билан таъминлаш, халқаро хусусий, тижорат ҳуқуқи, халқаро арбитражнинг моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш, илғор адвокатлик техникаси, активларни халқаро қидириш ва уларни қайтариш, халқаро тергов қилиш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш ва бошқа шу каби муайян соҳага оид билим ва кўникмаларни ривожлантириш учун зарур бўлган курслар.


4. Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш қисқа муддатли курсларининг ташкил қилиниши ва ўтказилиши мазкур Низомнинг иловасидаги схема бўйича амалга оширилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда Адлия вазирлиги деб аталади) томонидан, қоида тариқасида, ҳар йили 15 ноябрга қадар вазирликлар ва идораларнинг, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг буюртмалари асосида кейинги календарь йил учун таълим йўналишлари кесимида профессионал ўқитиш курслари тингловчиларнинг ойлик дастлабки рўйхатини шакллантирилади.


6. Ўқитиш курсларининг муддати ўқитиш дастурларидан келиб чиққан ҳолда, қоида тариқасида, бир ойдан кам бўлмаган муддатда Марказ томонидан белгиланади.

7. Тингловчиларни қабул қилиш Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган ўринлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда ва суҳбат натижаларига кўра амалга оширилади.

Профессионал ўқитиш курсларида таълим олиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.


8. Суҳбат:

халқаро хусусий ва оммавий ҳуқуқ соҳасидаги билимлар;

инглиз тилини билиш даражасини аниқлаш учун амалга оширилади.


9. Профессионал ўқитиш курсларида дарс машғулотлари асосан инглиз тилида олиб борилади. Дарс машғулотлари заруратга қараб бошқа тилларда ҳам олиб борилиши мумкин.


10. Курсларда ўқитиш тингловчининг асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади. Иш берувчининг розилигига кўра курсларда ўқиш давомида Марказ тингловчиларининг асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланади.



2-БОБ. ПРОФЕССИОНАЛ ЎҚИТИШ КУРСЛАРИГА

ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА

ҚАБУЛНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Марказ директори ҳар йили 15 январдан кечикмай тингловчиларнинг дастлабки рўйхати асосида кейинги йил учун профессионал ўқитиш курсларини ўтказиш жадвалини тасдиқлайди.

Зарур ҳолларда Марказ томонидан Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда жадвалдан ташқари, шунингдек, бошқа турли мавзуларда қўшимча курслар ташкил этилиши мумкин.


12. Тингловчиларни қабул қилиш тўғрисидаги маълумот ва суҳбатни ўтказиш жадвали Марказнинг расмий веб-сайтида, қоида тариқасида, профессионал ўқитиш курсларида ўқиш бошланишидан бир ой олдин жойлаштирилади.


13. Суҳбат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг буйруғи асосида ташкил этилган комиссия томонидан амалга оширилади.


14. Суҳбат, қоида тариқасида, инглиз тилида ўтказилади. Суҳбатда талабгорларнинг инглиз тилини билиш даражаси камида В2 даражасига мувофиқ бўлиши лозим.


15. Чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи В2 ва ундан юқори даражадаги давлат малака сертификатига ёки халқаро сертификатлардан CEFR (Common European Framework of Reference) В2, IELTS (International English Language Testing System) бўйича 6,0 балл, TOEFL (Test of English as a Foreign Language) бўйича 95 балл ва ундан юқори даражага эга бўлган талабгорлар инглиз тилини билиш даражасини аниқлашга қаратилган суҳбатдан ўтишдан озод қилинади.


16. Комиссия суҳбат натижалари бўйича талабгорни курсга ўқишга тавсия қилиш ёхуд ўқишга тавсия қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Комиссия қарори баённома билан расмийлаштирилади.


17. Суҳбат натижалари Марказнинг расмий веб-сайтида суҳбат якунланганидан кейинги иш кунида жойлаштирилади.


18. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган талабгорлар ўқув машғулотлари бошланганидан кейин уч кун мобайнида паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатнинг асл нусхаларини тақдим этадилар.

19. Тингловчиларни қабул қилиш учун суҳбат қайта ўтказилмайди.


20. Суҳбат натижалари юзасидан шикоят қилиниши ва апелляция тартибида кўрилиши мумкин эмас.


21. Профессионал ўқитиш курсларига қабул қилиш:

суҳбатдан муваффақиятли ўтилган;

суҳбат натижалари эълон қилинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кечиктирмай контракт тўлови суммаси ўтказилган тақдирда Марказ директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади.


22. Тегишли намунадаги контракт бланкалари суҳбат натижалари эълон қилинган кундан бошлаб юридик шахслар учун уч нусхада, жисмоний шахслар учун икки нусхада берилади ҳамда Марказнинг раҳбари ва бухгалтери имзолари билан тасдиқланади.


23. Профессионал ўқитиш курсларида ўқиш учун контракт маблағларининг миқдори Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.



3-БОБ. ПРОФЕССИОНАЛ ЎҚИТИШ

КУРСЛАРИДА ЎҚУВ ЖАРАЁНИ


24. Марказ Адлия вазирлиги, шунингдек, хорижий юридик компаниялар ва таълим муассасалари билан биргаликда эҳтиёжлардан келиб чиқиб профессионал ўқитишнинг талаб юқори бўлган йўналишларини аниқлайди.


25. Профессионал ўқитиш курсининг дастури Марказ томонидан хорижий юридик компаниялар ва таълим муассасалари билан биргаликда профессионал ўқитишнинг аниқланган йўналишидан келиб чиқиб, халқаро арбитраж муҳокамаларида иштирок этиш доирасида юзага келадиган долзарб муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Профессионал ўқитиш курси дастури Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.


26. Аудитория машғулотларининг давомийлиги курс дастурига мувофиқ белгиланади.


27. Ўқув жараёнида амалиётга йўналтирилган, шу жумладан, видео-конференц-алоқадан фойдаланган холда ўқитишнинг замонавий интерфаол усуллари қўлланилади.


28. Марказда ўқув машғулотларини ўтказиш учун асосан хорижий юристлар ва тегишли чет эл мутахассисларини жалб қилиш шартнома асосда амалга оширилади.

Ўқув машғулотларини ўтказишга арбитраж, суд процессларини ўз ичига олган халқаро ҳуқуқни қўллаш тажрибасига эга бўлган, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширувчи хорижий юридик компаниялар ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ходимлари ҳам жалб этилиши мумкин.


29. Курслар тамомлангандан кейин тингловчиларга Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган намунадаги сертификат берилади.


30. Адлия вазирлиги курсларни муваффақиятли тамомлаган тингловчилар орасидан уларнинг кўникма ва касбий компетенциялари шаклланганлиги ва ривожланганлиги даражасини инобатга олган ҳолда хорижий юридик компаниялар ва халқаро арбитраж институтлари, шунингдек, бошқа тегишли муассасаларда стажировкаларни ташкил этиш учун тингловчиларни танлаб олади. Стажировка, қоида тариқасида, икки ойдан уч ойгача бўлган муддатда ташкил этади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Адлия вазирлиги тингловчиларнинг ўқув жараёни ва стажировкаси мониторингини олиб боради, улар билан доимий алоқада бўлади.


32. Тингловчи профессионал ўқитиш курсида ўқишни давом эттиришни рад этган тақдирда тўланган контракт суммаси қайтариб берилмайди.


33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Юридик кадрларни халқаро стандартлар

бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш

курсларини ташкил қилиш ва ўтказиш

СХЕМАСИ

    

Босқичлар

Субъектлар

Чора-тадбирлар


Бажариш муддатлари




1-босқич

Адлия вазирлиги




Марказ



1. Вазирликлар ва идоралар, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг буюртмалари асосида профессионал ўқитиш курслари тингловчиларининг дастлабки контингентини шакллантиради.


2. Кейинги йилда профессионал ўқитиш курсларини ўтказиш жадвалини ишлаб чиқилади ва тасдиқлайди.

ҳар йили 15 ноябргача




15 январдан кечикмай








2-босқич

Марказ

1. Қабулни эълон қилади ва суҳбат ўтказиш жадвалини тасдиқлайди.



2. Суҳбат ўтказишни ташкил этади.



3. Суҳбат натижаларини эълон қилади.

курслар бошланишидан

бир ой олдин


курслар бошланишидан

15 кун олдин


суҳбат ўтказилгандан

сўнг кейинги иш кунида




  

3-босқич

Марказ

1. Суҳбатдан муваффақиятли ўтган талабгорлардан ҳужжатларни қабул қилади.



2. Тингловчиларни профессионал ўқитиш курсларига қабул қилади.



3. Ўқув жараёнини ташкил этади.

суҳбат ўтказилгандан сўнг

3 кун мобайнида



суҳбат ўтказилгандан сўнг

10 кун мобайнида


цикл (дастурлар)

мобайнида




  

4-босқич

Марказ

Сертификат беради

курслар тамомлангандан кейин




       

   

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 18 июнь