Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 07.04.2017 й. ПҚ-2872-сонли қарорига 1-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2017 йил 7 апрелдаги

ПҚ-2872-сонли қарорига

1-ИЛОВА



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



Ўзбекистон Республикаси Олий

суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини

таъминлаш департаменти тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Судлар тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг (кейинги ўринларда - Олий суд ҳузуридаги Департамент) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини, шунингдек фаолиятини ташкил этишни белгилаб беради.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Олий суд ҳузуридаги Департамент Ўзбекистон Республикаси Олий судининг идоравий бўйсунувида бўлиб, ўз фаолияти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ҳисобот беради.


2. Олий суд ҳузуридаги Департамент судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича функцияларни амалга оширувчи давлат органи ҳисобланади.

Олий суд ҳузуридаги Департамент тузилмасига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлимлари киради.

Олий суд ҳузуридаги Департамент ўз фаолиятини бевосита ва ҳудудий бўлимлар орқали амалга оширади.


3. Олий суд ҳузуридаги Департамент ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Олий суд ҳузуридаги Департамент ўз фаолиятини судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат идоралари ҳамда ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширади.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Олий суд ҳузуридаги Департамент фаолиятига раҳбарликни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш, шунингдек, унинг ишини меъёрий-услубий таъминлаш йўли билан амалга оширади.


6. Олий суд ҳузуридаги Департамент ўз фаолиятини судларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши принципига асосланган ҳолда амалга оширади. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг судларнинг одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.



II. ОЛИЙ СУД ҲУЗУРИДАГИ ДЕПАРТАМЕНТНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ, ФУНКЦИЯЛАРИ,

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича ишни ташкил этиш, шунингдек уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

судлар биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағларнинг самарали ўзлаштирилишини таъминлаш, судлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирларни кўриш;

судьялар ва суд аппарати ходимларининг меҳнат шароитларини, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашнинг жорий аҳволини тизимли таҳлил қилиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлашни ривожлантириш юзасидан узоқ муддатли комплекс дастурлар тайёрлаш;

судьялар ва суд процессларининг хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкил этиш.


8. Олий суд ҳузуридаги Департамент, унга юклатилган вазифаларига мувофиқ:

судларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда навбатдаги молия йилида уларнинг фаолиятини молиялаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда молиявий маблағларни тегишли шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали судларга етказади;

судлар фаолиятини зарур даражада таъминлаш масалалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

судьялар ва суд процессларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди, ушбу мақсадлар учун ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг куч ва воситаларини белгиланган тартибда жалб қилади;

ҳудудий бўлимларни бошқаради ва уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

Олий суд билан биргаликда марказий аппарат, ҳудудий бўлимлар кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйишни амалга оширади, уларни касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилади;

ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари, таклифлари ва шикоятларини кўриб чиқади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.


9. Олий суд ҳузуридаги Департаменти ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларга ҳақли:

ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ, судлар ва Олий суд ҳузуридаги Департамент органларини моддий-техник таъминлаш бўйича буюртмачи сифатида иштирок этиш;

ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун тегишли органлар ва ташкилотлардан зарур маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа материалларни белгиланган тартибда олиш;

фуқаролик-ҳуқуқий битимларни тузиш.


10. Олий суд ҳузуридаги Департамент судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича ишларни самарали ташкил этиш учун жавоб беради.



III. ОЛИЙ СУД ҲУЗУРИДАГИ ДЕПАРТАМЕНТ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Олий суд ҳузуридаги Департаментга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

Олий суд ҳузуридаги Департамент директори моддий, тиббий ва транспорт таъминоти шарт-шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ўринбосарига тенглаштирилади.


12. Олий суд ҳузуридаги Департамент директори ўринбосари ва ҳудудий бўлимлари бошлиқлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси билан келишилган ҳолда Олий суд ҳузуридаги Департамент директори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.

Олий суд ҳузуридаги Департамент марказий аппаратининг бошқа ходимлари Олий суд ҳузуридаги Департамент директори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.

Ҳудудий бўлимларнинг ходимлари (ёрдамчи ходимлардан ташқари) ҳудудий бўлим бошлиғи тақдимномасига кўра Олий суд ҳузуридаги Департамент директори томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.


13. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари жойларда судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш ишларини амалга оширадилар.

Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари юридик шахс ҳисобланади, бевосита Олий суд ҳузуридаги Департамент томонидан молиялаштирилади ва ўз фаолияти тўғрисида Олий суд ҳузуридаги Департамент директорига ҳисоб беради.


14. Олий суд ҳузуридаги Департамент директори:

1) Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолиятига раҳбарлик қилади;

2) Олий суд ҳузуридаги Департамент ходимларини лавозимига тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;

3) Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари бошлиқларининг ҳисоботларини эшитади;

4) Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига қуйидагиларни киритади:

Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бўлимлари тўғрисидаги низомлар лойиҳаларини;

Олий суд ҳузуридаги Департамент ваколатига тааллуқли масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини;

Олий суд ҳузуридаги Департамент ходимларига мансаб даражалари бериш тўғрисидаги таклифларни;

Олий суд ҳузуридаги Департамент фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни;

Олий суд ҳузуридаги Департамент ходимларини Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тавсия этиш тўғрисидаги таклифларни;

5) Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг марказий аппарати бўлимлари тўғрисидаги низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

6) ўз ваколати доирасида Олий суд ҳузуридаги Департамент фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича барча ходимлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, кўрсатмалар ва фармойишлар чиқаради;

7) ажратилган маблағлар доирасида Олий суд ҳузуридаги Департамент ходимларига устама ҳақи, мукофотлар ва бошқа рағбатлантиришлар тўлаш тартиби ва шартларини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилайди;

8) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг директори Олий суд ҳузуридаги Департаментга юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


15. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг директори бўлмаган тақдирда унинг ваколатларини директор ўринбосари амалга оширади.


16. Олий суд ҳузуридаги Департамент директорининг ўринбосари, бўлим бошлиқлари ва бошқа ходимлари ўз фаолиятларини Олий суд ҳузуридаги Департамент директори томонидан тасдиқланадиган функционал вазифаларга мувофиқ амалга оширадилар.


17. Олий суд ҳузуридаги Департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ходимлари учун ўрнатилган тартибда меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, мансаб даражалари татбиқ этилади, шунингдек қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда эгаллаб турган лавозими ва иш стажига мувофиқ узоқ муддат хизмат қилганлик учун устама ҳақ тўланади.


18. Олий суд ҳузуридаги Департамент юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга, шахсий ғазна ҳисобварақларига ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган банк ҳисоб рақамларига эга.

Олий суд ҳузуридаги Департамент оператив бошқарув ҳуқуқи асосида алоҳида мулкк эга.


19. Судлар ва Олий суд ҳузуридаги Департамент фаолиятини молиялаштириш республика бюджети ҳамда Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Судлар ва Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг таъминоти учун республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар алоҳида сатрда кўрсатилади.


20. Олий суд ҳузуридаги Департаментнинг молиявий фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг назорат-тафтиш Бош бошқармаси томонидан амалга оширилади.


21. Олий суд ҳузуридаги Департаментни тугатиш ёки қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига кўра амалга оширилади.

Олий суд ҳузуридаги Департамент қайта ташкил этилган ёки тугатилган тақдирда ишдан бўшатилаётган ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ кафолатланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 7 апрель