Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.01.2018 й. 64-сон "Архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.01.2018 й.

N 64




АРХИТЕКТУРА ВА ҚУРИЛИШ СОҲАСИДАГИ

ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА СИРТҚИ

(МАХСУС СИРТҚИ) ТАЪЛИМНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Архитектура ва қурилиш соҳасини етук ва малакали мутахассислар билан таъминлаш, ушбу соҳанинг, айниқса жойларда олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш ва уларни тайёрлаш тизимини сифатли ташкил этишни янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлигининг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Тошкент архитектура-қурилиш институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва Наманган муҳандислик- қурилиш институтида (кейинги ўринларда архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасалари деб аталади) сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб сиртқи (махсус сиртқи) таълим учун қабул квоталарини белгиланган тартибда шакллантирсин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларида сиртқи (махсус сиртқи) таълим жараёнини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги 930-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади;

махсус сиртқи таълим шаклига архитектура ва қурилиш соҳасидаги ёки турдош таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида уч йиллик амалий иш стажига эга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан тавсиянома берилган ҳамда тест синовлари ва (ёки) касбий (ижодий) имтиҳондан муваффақиятли ўтган абитуриентлар ҳисобидан амалга оширилади;

сиртқи (махсус сиртқи) таълимда ўқиш тўлов-контракт асосида ташкил этилади;

сиртқи (махсус сиртқи) таълимда тегишли таълим йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари, фан дастурлари ҳамда ўқув ва ўқув-методик адабиётларни ишлаб чиқиш бўйича Тошкент архитектура-қурилиш институти таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

а) Давлат тест маркази билан биргаликда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларининг сиртқи (махсус сиртқи) таълимига талабаларни қабул қилиш жараёнлари юқори савияда ва адолатли ташкил этилишини таъминласин;

б) 2018 йил 1 июнгача:

сиртқи (махсус сиртқи) таълим йўналишларининг малака талаблари, ўқув режаси ва фан дастурларини тасдиқлаш, шунингдек, уларга мувофиқ фанлар бўйича ўқув адабиётлари билан таъминлаш;

сиртқи (махсус сиртқи) таълимда дарс беришга юқори салоҳиятга эга бўлган етакчи мутахассислар ва профессор-ўқитувчиларни, шу жумладан, хорижий таълим муассасалари ва илмий муассасалар билан ҳамкорлик доирасида чет эллик мутахассисларни жалб этиш чораларини кўрсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда улар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Қ.В. Акмалов ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б.И. Зокиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 1 февраль