Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

А. Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг Устави (ЎзР ВМ 01.12.2017 й. 961-сон қарорига 4-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2017 йил 1 декабрдаги

961-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



А. Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар

ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш

ва малакасини ошириш институтининг

УСТАВИ


1-боб. Умумий қоидалар

2-боб. Институтнинг вазифалари ва функциялари

3-боб. Институтнинг ҳуқуқлари

4-боб. Институт фаолиятини ташкил этиш

5-боб. Институтни молиялаштириш, моддий-техник

таъминлаш, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш

ва уларни моддий рағбатлантириш

6-боб. Якунловчи қоида



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Устав А. Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг (кейинги ўринларда Институт деб аталади) мақоми, мақсади, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, фаолиятини ташкил этиш ва молиялаштириш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини белгилайди.


2. Институт Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва халқ таълими тизимидаги раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиради ҳамда раҳбарлик қилади, халқ таълими тизимида янги илғор педагогик технологияларни жорий этиш, ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш масалаларида узлуксиз методик таъминотни амалга оширади.


3. Институтнинг расмий номланиши:

а) давлат тилида:

тўлиқ - А. Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, қисқартмаси - А. Авлоний номидаги XTTРMXҚTMOИ;

б) рус тилида:

тўлиқ - Институт переподготовки и повышения квалификации руководителей и специалистов системы народного образования имени А. Авлони, қисқартмаси - ИППКРССНО имени А. Авлони;

в) инглиз тилида:

тўлиқ - Retrаining аnd in-service institute оf mаnаgers аnd speciаlists оf system оf public educаtiоn nаmed аfter A. Avlоni, қисқартмаси - RIIMSSPE nаmed аfter A. Avlоni.


4. Институт тингловчиларини ўқитиш кундузги, масофавий ва қонунчиликда белгиланган бошқа шаклларда амалга оширилади.


5. Институт ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек ушбу Уставга амал қилади.


6. Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади.


7. Институт халқ таълими тизимининг раҳбар ҳамда мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш фаолиятини амалга оширувчи таълим муассасаси сифатида мазкур йўналишдаги ўқув, илмий-методик, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий ҳамда ташкилий-методик ишларни амалга оширади.



2-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

халқ таълими раҳбар ва мутахассис ходимларнинг касбий лаёқат ва маҳоратини янада ошириш, уларга янги билимлар бериш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет глобал тармоғидан самарали фойдаланиш компетенцияларини ривожлантириш;

раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда таълим жараёнининг юқори самарадорлигини таъминлаш, илмий тадқиқотларга интилиш, ижодий маҳорат ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш;

ғоявий-тарбиявий ишлар олиб бориш, раҳбар ва мутахассис ходимларнинг ўқув-тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил қилиш, бошқаришни назорат қилиш ҳамда таълим сифатини баҳолаш кўникмаларини мустаҳкамлаш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг самарали шаклларини (уйғунлаштирилган, масофадан ўқитиш, ўқитишнинг якка тартибдаги шаклини, "устоз-шогирд" усулини ва шу кабиларни) жорий этишнинг илмий-методик ва ташкилий-методик асосларини ишлаб чиқиш;

халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда ўқув-методик ишларни олиб бориш, педагогика соҳасининг таълимда менежмент йўналиши бўйича олий малакали мутахассисларни тайёрлаш.


9. Институт ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) халқ таълими раҳбар ва мутахассис ходимларнинг касбий лаёқат ва маҳоратини янада ошириш, уларга янги билимлар бериш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет глобал тармоғидан самарали фойдаланиш компетенцияларини ривожлантириш соҳасида:

халқ таълими муассасалари раҳбар ва мутахассис ходимларини жисмоний ва психик ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари мутахассис-педагоглари учун қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини уларда ижодий тафаккурни ривожлантиришга йўналтирилган ўқитишнинг интерфаол усулларидан фойдаланган тарзда ташкил этиш ва ўтказиш;

халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимлари, шу жумладан, жисмоний ва психик ривожланишида нуқсонлар бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари мутахассис-педагоглари учун қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича намунавий ўқув режалар, дастурлар, ўқув-методик ва норматив ҳужжатларни таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш;

раҳбар ва мутахассис ходимларнинг таълимни бошқариш ва мутахассислик бўйича билимларини ошириш;

ўқув семинарлари, тренинглар, қисқа муддатли мақсадли, муаммоли ва муаллифлик курсларини, шу жумладан, таянч таълим муассасалари негизида, ташкил этиш ва ўтказиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларида илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет глобал тармоғидан самарали фойдаланиш компетенцияларини ривожлантириш;

халқ таълими тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича бошқа ташкилотлардан тақдим этилган дастурлар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва улар бўйича хулосалар тайёрлаш;

педагог ходимларни қайта тайёрлаш курсларини халқ таълими муассасаларининг мурожаати ва буюртмалари асосида ташкил этиш;

Вазирликка халқ таълими муассасалари раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

б) раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим жараёнининг юқори самарадорлигини таъминлаш, илмий тадқиқотларга интилиш, ижодий маҳорат ва мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш соҳасида:

раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги халқаро тажрибани, шунингдек, халқаро эътироф этилган таълим муассасаларининг ютуқларини умумлаштириш асосида илмий асосланган инновацияларни ўрганиш ва жорий этиш;

Институт кафедралари профессор-ўқитувчиларининг ўқув машғулотларини самарали ташкил этиш ва сифатли ўтказиш бўйича билим ва кўникмаларини узлуксиз такомиллаштириш;

курслар тингловчиларининг ўз эгаллаб турган лавозимлари бўйича фаолиятлари самарадорлигини оширишга доир тадқиқот ишларини олиб боришга жалб қилади;

курслар тингловчиларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришга доир мустақил фикрлаш ва ижодий маҳорат кўникмаларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш;

в) ғоявий-тарбиявий ишларни олиб бориш, раҳбар ва мутахассис ходимларнинг ўқув-тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил қилиш, бошқаришни назорат қилиш ҳамда таълим сифатини баҳолаш кўникмаларини мустаҳкамлаш соҳасида:

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари тингловчиларида миллий мустақиллик ғояларига, бой миллий маданий-тарихий меросга, миллий урф-одатлар ва умуминсоний қадриятларга содиқлик ҳиссини мустаҳкамлашга йўналтирилган тадбирларни (семинарлар, давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар, ижодий учрашувлар ва бошқаларни) ташкил этиш ва ўтказиш;

тингловчилар учун мамлакат ва жамиятни ижтимоий-иқтисодий ва маданий ривожланишининг долзарб масалалари бўйича қўшимча машғулотлар ўтказиш;

тингловчилар ўртасида мамлакат ва жамиятнинг нишонланадиган кунларига бағишланган танловлар ва викториналар ўтказиш;

раҳбар ва мутахассис ходимларнинг ўқув-тарбиявий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил қилиш ва бошқаришни назорат қилиш ҳамда таълим сифатини баҳолаш кўникмаларини мустаҳкамлаш бўйича семинар-тренинглар ўтказиш;

курслар тингловчиларининг истаклари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш дастурларини ишлаб чиқиш;

г) қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг самарали шаклларини (уйғунлаш-тирилган, масофадан ўқитиш, ўқитишнинг якка тартибдаги шаклини, "устоз-шогирд" усулини ва шу кабиларни) жорий этишнинг илмий-методик ва ташкилий-методик асосларини ишлаб чиқиш соҳасида:

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг янги ташкилий шаклларини ривожлантириш ва жорий этиш бўйича тадқиқотлар ўтказиш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг (уйғунлаштирилган, масофадан ўқитиш, ўқитишнинг якка тартибдаги шаклини, "устоз-шогирд" усулини ва шу кабилар) самарали шаклларини жорий этиш бўйича норматив ва методик ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

Институтнинг масофадан қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича имкониятларини ривожлантиради ва кенгайтиради;

масофадан малака ошириш курслари ва уларда ўқитиладиган тингловчилар сонини ошириш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг (уйғунлаштирилган, масофадан ўқитиш, ўқитишнинг якка тартибдаги шаклини, "устоз-шогирд" усулини ва шу кабилар) турли шаклларини ташкил этишнинг ўқув-методик базасини такомиллаштириш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидаги ўқув-тарбия жараёнининг илғор педагогик технологияларини яратиш, замонавий ўқув-методик мажмуаларини ва дидактик таъминотини яратиш;

д) халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда ўқув-методик ишларни олиб бориш, педагогика соҳасининг таълимда менежмент йўналиши бўйича олий малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасида:

халқ таълими ходимларини ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ривожлантириш ва такомиллаштириш стратегияси, улардан самарали фойдаланиш, халқ таълими муассасалари раҳбар ва мутахассис ходимларида замонавий бошқарув кўникмаларини шакллантириш, меҳнатга руҳлантириш ва рағбатлантириш масалаларига доир илмий тадқиқотларни ўтказиш;

халқ таълими тизими учун таълим менежменти бўйича олий малакали илмий педагог кадрларни тайёрлаш;

халқ таълими тизими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муаммолари бўйича республика ва халқаро конференциялар, семинарлар ва бошқа илмий-амалий анжуманларни ташкил этиш ва ўтказиш.



3-БОБ. ИНСТИТУТНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


10. Институт ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таълим мазмунини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича Вазирликка таклифлар киритиш;

халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича дастурлар, ўқув қўлланмалари, илмий-тадқиқот ишлари тўпламлари, илмий-амалий конференция материаллари, методик кўрсатмалар ва халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассислари учун қўлланмалар тайёрлаш ҳамда чоп эттириш;

аҳолига, турли ташкилотларга пулли таълим хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатиш, шунингдек, қонунда тақиқланмаган, асосий фаолиятга салбий таъсир кўрсатмайдиган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш;

Вазирликка мавжуд кафедралар ва бўлинмаларни ўзгартириш, янгиларини ташкил этиш ҳамда тугатиш, штат бирлигини бир бўлимдан бошқасига ўтказиш бўйича таклифлар киритиш;

Институтнинг профессор-ўқитувчилари, бошқа ходимларининг маошларига белгиланган тартибда рағбатлантирувчи устамалар тайинлаш;

Институт ходимларини меҳнатдаги юқори кўрсаткичлари учун давлат ва идоравий мукофотлар билан тақдирлаш тўғрисида Вазирликка таклифлар киритиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш фаолиятининг сифати ва самарадорлигини таъминлаш чораларини кўриш;

ҳамкорлик доирасида муаллифлик ишларини ишлаб чиқиш учун тажрибали мутахассис ва педагог ходимларни жалб қилиш (заруриятга кўра шартнома асосида);

қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга мувофиқ Институт ўқув дастурларига тузатишлар киритиш;

ўз ваколати доирасида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш;

тажрибали хорижий мутахассис педагогларни жалб қилган ҳолда, илғор чет эл тажрибасини жорий этиш мақсадида таълим муассасалари раҳбар ва мутахассислари малакасини доимий ошириш учун қисқа муддатли ва мақсадли курсларни ташкил этиш;

илғор методик ва инновацион педагогик технологияларни ўрганиш ва ўқитиш, тажриба алмашиш учун тажриба орттириш, семинар ва конференцияларда иштирок этиш учун Институт ходимларини чет элга юбориш;

халқ таълими тизимининг долзарб ва истиқболли вазифаларини ҳал қилиш учун тузилган ишчи гуруҳларда иштирок этиш;

ўз фаолиятини кенг ёритиш мақсадида расмий веб-сайтлар яратиш, ижтимоий тармоқларда саҳифалар очиш;

Институтнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўзининг маънавий эскирган, фойдаланиш муддатлари ўтиб, яроқсиз бўлиб қолган ўқув адабиётлари, жиҳозлар, транспорт воситалари ва техника воситалари, асбоб-ускуналарни қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳисобдан чиқариш;

ўзини ўзи маблағ билан таъминлайдиган хўжалик ҳисобидаги таркибий бўлинмалар (марказлар ва шу кабилар) ташкил этиш ва тугатиш;

Институт тингловчилари ва ходимлари соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида соғломлаштириш хизматларини ташкил этиш ва кўрсатиш.

Институт қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



4-БОБ. ИНСТИТУТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Институт ўз фаолиятида бевосита Вазирликка бўйсунади ва ҳисобот беради.


12. Институтга Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган ректор раҳбарлик қилади.


13. Қуйидагилар ректорнинг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, ушбу Устав талабларига риоя қилиш;

Институт фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, ўқув-методик, илмий-тадқиқот жараёнини, маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш;

ташкилотлар билан Институт номидан хўжалик шартномалари тузиш, Институт манфаатларини ифодалаш, ўз фаолияти бўйича Вазирликка ҳисобот бериш;

Институтнинг Илмий кенгаши тавсиялари асосида ўқув-мавзу режалар, дастурлар ва илмий-методик ишлар режасини тасдиқлаш;

ўз ваколатлари доирасида буйруқлар чиқариш ва ишончномалар бериш;

Институт ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалалари тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

қайта тайёрлаш ва малака оширишга қўйиладиган давлат талаблари, ўқув режалари, ўқув дастурлари ва бошқа ўқув-методик ҳужжатларнинг ўқув жараёнига татбиқ этилишини таъминлаш;

Институтда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ва илмий-методик ишларни мувофиқлаштириш;

тингловчиларга маиший хизматлар кўрсатишни ташкил этиш, Институт ўқув-методик ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ишларини амалга ошириш;

Институтнинг ички тартиб-қоидаларини тасдиқлаш, унга ходимлар ва тингловчилар томонидан риоя этилишини назорат қилиш;

Институт фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлари ва тадбирлари, концепциялар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

Институтнинг ўқув-методик ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;

жамоада соғлом маънавий-ижодий муҳитни шакллантириш;

Институт ректори қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14. Институтдаги ўқув-методик ишларга раҳбарлик ўқув-методик ишлар бўйича проректор, маънавий-маърифий ва илмий ишларга раҳбарлик маънавий-маърифий, илмий ишлар бўйича проректор, молия ва иқтисод ишларига раҳбарлик молия ва иқтисод ишлари бўйича проректор томонидан амалга оширилади.

Проректорлар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.


15. Институт фаолиятига тегишли асосий масалаларни кўриб чиқиш учун ректор раислигида Илмий кенгаш ташкил этилади.

Илмий кенгаш таркиби институт ректорининг буйруғи билан тасдиқланади. Илмий кенгаш таркибига проректорлар, кафедра мудирлари ва бўлим бошлиқлари ҳамда етакчи профессор-ўқитувчилар, жамоат ташкилотлари вакиллари киритилиши мумкин.

Илмий кенгаш қарорлари Институт ректорининг буйруқлари билан амалга оширилади.

Илмий кенгаш раиси ва котиби мунтазам равишда кенгаш қарорларининг ижро этилиши бўйича назорат олиб боради ва қабул қилинган қарорлар ижроси бўйича кенгаш аъзолари олдида ҳисобот беради.

Илмий кенгаш аъзолари кенгашда муҳокама қилинган масалалар бўйича қабул қилинадиган қарорларнинг тўғри ва аниқ ижро этилиши учун жавоб берадилар.

Илмий кенгашнинг иш тартиби Институт йиллик иш режасига мувофиқ ташкил этилади.


16. Қуйидагилар Илмий кенгашнинг вазифалари ҳисобланади:

Институт, унинг кафедралари ҳамда бўлимларининг режа ва ҳисоботларини кўриб чиқиш, курсларнинг ишчи ўқув режалари ва дастурларини, Институт фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсияларни муҳокама қилиш;

Институтнинг илмий-методик ва ташкилий ишлари асосий йўналишларини аниқлаш ва таъминлаш, самарали қайта тайёрлаш ва малака ошириш, илмий-тадқиқот ишларини таҳлил қилиш ва уларни мувофиқлаштириш, маънавий-маърифий ишларни бугунги кун талаблари даражасида ташкиллаштириш

қайта тайёрлаш ва малака оширишга қўйиладиган давлат талаблари, ўқув режалари ва дастурларнинг Институт томонидан бажарилишини кўриб чиқиш;

Институт кафедра ва бўлимларини ташкил этиш, ўзгартириш ва тугатишга боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;

менежмент бўйича Институт докторантлари ва изланувчиларининг илмий фаолиятларини амалга ошириш;

дарсликлар, ўқув қўлланмалари, илмий, ўқув-методик адабиётларни нашр қилиш тавсия этиш масалаларини ҳал қилиш;

Институтни ривожлантиришнинг жорий (йиллик) ва истиқболли режаларини тасдиқлаш.



5-БОБ. ИНСТИТУТНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ,

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, ХОДИМЛАР

МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА УЛАРНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


17. Институт республика бюджети, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштирилади.


18. Институт ходимларининг иш ҳақи уларнинг лавозим маоши, мукофот пули, қўшимча ҳақ, устама ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа тўловлардан иборат бўлади.


19. Институт ходимларига олий таълим муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари ва миқдорлари жорий этилади. Бунда Институт профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари сонининг бир нафар ўқитувчи ҳисобига нисбатининг чекланган меъёрлари олий таълим муассасаларида белгиланган бир нафар ўқитувчи ҳисобига талабалар сони нисбатининг чекланган меъёрларидан 25 фоиз паст этиб белгиланади.


20. Институт ходимларининг лавозим маошига қўшимча рағбатлантирувчи тусдаги ҳар ойлик устама ва қўшимча ҳақлар Вазирлик томонидан тасдиқланган низомга мувофиқ амалга оширилади.


21. Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси, бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар Институт ходимларига иш ҳақи тўлаш ва моддий рағбатлантириш амалга ошириш манбалари ҳисобланади.


22. Институтнинг моддий-техник базасига унга тегишли бўлган ер майдонлари, бинолар, коммуникация, машина ва асбоб-ускуналар, транспорт воситалари, шунингдек, ўқув-тарбия жараёнида фойдаланиладиган бошқа мол-мулк киради.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


23. Институтни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2017 йил 4 декабрь