Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.06.2018 й. 487-сон қарорига 2-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 28 июндаги

487-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ

хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини

ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси

маблағларини шакллантириш ва улардан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва қуйидаги мақсадларда ташкил қилинади:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) ва унинг ҳудудий бўлинмалари моддий-техника базасини ривожлантириш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасига инновацион технологияларни жорий қилиш;

"Маъмурий-хўжалик хизмати" давлат муассасаси, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари, туманлар (Қувасой ш.) қишлоқ хўжалиги бўлимларининг ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш.


2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ


3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

Вазирлик таркибига кирувчи ўзини ўзи молиялаштирадиган ташкилотлар соф фойдасининг ўз ихтиёрида қолдириладиган қисмидан тузилган шартномалар асосидаги ажратмалари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармасига тушумларнинг 0,2 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

вақтинча бўш турган бюджетдан ташқари маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари;

халқаро грантлар ва техник кўмак маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Жамғармага келиб тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган махсус ғазначилик ҳисобрақамида жамланади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ


5. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

а) Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари, туманлар (Қувасой ш.) қишлоқ хўжалиги бўлимлари моддий-техника базасини ривожлантириш, шу жумладан:

қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш учун техника ва технологиялар, экологик мониторинг тизими, ускуналар, компьютер дастурлари ва алоқа воситаларини харид қилиш;

бошқа харажатларга (бино, иситиш тизимини таъмирлаш, туташ ҳудудни ободонлаштириш, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, эҳтиёт қисмлар ва ёнилғи-мойлаш материалларини харид қилиш ва бошқ.);

лойиҳа-қидирув ишларини амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги объектлари, шу жумладан марказий аппарат бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, техник қайта жиҳозлаш;

б) қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасига инновацион технологияларни жорий қилиш, шу жумладан:

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда инновацион лойиҳалар ва замонавий технологияларни жорий қилишни рағбатлантириш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини ривожлантириш бўйича мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ноширлик ва илмий-тадқиқот фаолиятини молиялаштириш;

илмий ишланмалар, инновацион лойиҳалар ва илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, ихтиролар яратиш ва илмий ишларни рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти масалалари бўйича услубий кўрсатма ва мақолалар чоп этиш, илмий-амалий анжуманларни ташкил этиш ва ўтказиш;

ҳудудий бўлинмалар ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, шу жумладан хорижий таълим муассасаларида тажриба оширишини ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасини ривожлантириш бўйича халқаро кўргазмалар, лойиҳа ва дастурларда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикасида бўлиш даврида хорижий ва халқаро ташкилотлар раҳбар ва мутахассисларини қабул қилиш ва уларга ҳамроҳлик қилиш, шунингдек, анжуманлар ташкил этиш ва ўтказиш;

в) ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш, шу жумладан Марказий аппарат ва "Маъмурий-хўжалик хизмати" давлат муассасаси ходимларининг ойлик лавозим маошларига қўшимчалар (мукофотлар, моддий ёрдам, транспорт ва овқатланиш харажатлари, хизмат муддати учун тўловлар) белгилаш йўли билан моддий рағбатлантириш харажатларини, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари, туманлар (Қувасой ш.) қишлоқ хўжалиги бўлимлари ходимларини сақлаш ва моддий рағбатлантириш харажатларини қоплаш;

в-1) Жамғарма Кенгашининг қарорига асосан:

вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва тузилмасига кирадиган ташкилотлар фаолиятини ташкил этиш ҳамда такомиллаштириш билан боғлиқ тўловлар, айрим ҳолларда устав фондини шакллантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий таълим ва касб-ҳунар таълими ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг инновацион ғоялари ва ишланмаларини амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш;

касб байрами билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш;

в-2) озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш, шу жумладан:

озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини тайёрлаш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш;

озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги ташкил этилаётган истиқболли лойиҳаларнинг инфратузилмасини таъминлаш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш;

озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш соҳасига хорижий экспертларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин ҳар бир лойиҳа учун 50 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш;

г) вазифалар бажарилишини таъминлаш билан боғлиқ қонунчиликда назарда тутилган бошқа мақсадларга.


6. Жамғарма маблағларидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири (кейинги ўринларда Вазир деб аталади) томонидан ҳар йили тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметасига (кейинги ўринларда смета деб аталади) мувофиқ фойдаланилади.


7. Жамғарма сметаси келгуси йил учун кутилаётган молиявий маблағлар тушуми прогнози ва тадбирларни амалга ошириш заруратидан келиб чиққан ҳолда тузилади.


8. Вазирлик Марказий аппарати бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари, туманлар (Қувасой ш.) қишлоқ хўжалиги бўлимлари даромадлар ва харажатлар сметасига киритиш учун Жамғарма маблағларини ажратиш ҳақида буюртманома (кейинги ўринларда буюртманома деб аталади) беради.


9. Буюртманомада тадбирлар, уларни ўтказиш заруратининг асоси, зарур маблағлар миқдори кўрсатилади.

Келгуси молиявий йил учун буюртманомалар жорий йилнинг 1 июнига қадар Вазирликка тақдим қилинади.

Буюртманома ёзма ёки электрон шаклда тақдим қилинади.

Буюртманомада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

ташкилотнинг тўлиқ номи ва аниқ манзили, банк реквизитлари;

тадбир (лойиҳа) номи;

лойиҳани амалга ошириш зарурати асосланган, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш (тўлиқ ёки қисман ва белгиланган муддатларда) имкониятлари, талаб этиладиган маблағлар миқдори, маблағлардан фойдаланиш мақсадлари, лойиҳани амалга ошириш учун маблағ мавжуд эмаслигининг асоси, шунингдек, кутилаётган натижалар баён этилган тушунтириш хати;

сўралаётган маблағлар ҳисоб-китоби (лойиҳани амалга ошириш учун фойдаланиладиган маблағлар калькуляцияси ёки лойиҳани амалга ошириш сметаси).

Зарур ҳолларда, буюртманомани асослайдиган тегишли ҳужжатлар, тадбирлар режаси ёки қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва бўлинмаларнинг муаммоли масалаларини ҳал этиш бўйича дастурий ҳужжатлар буюртманомага илова қилинади.


10. Ҳудудий бўлинмалардан келиб тушган буюртмаларни кўриб чиқиш, кутилаётган молиявий тушумлар ҳақида маълумотларни ўрганиш ва тегишли қарорларни қабул қилиш мақсадида Жамғарма Кенгаши тузилади. Жамғарма Кенгашининг шахсий таркиби Вазирлик томонидан шакллантирилади ва вазир томонидан тасдиқланади.


11. Буюртманомаларни қабул қилиш, умумлаштириш ва уларни Жамғарма Кенгашига тақдим этиш Вазирликнинг Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси томонидан амалга оширилади, Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши бўйича доимий мониторинг эса иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича вазир ўринбосари томонидан юритилади.


12. Жамғарма Кенгаши:

ушбу Низомда назарда тутилган мақсадлар учун Жамғарма маблағларининг ажратилиши ҳақида буюртманомаларни кўриб чиқади;

қабул қилинган буюртманомалар орасидан энг долзарб ва асосланганларини танлаб олади, уларни умумлаштиради ва маблағлар ажратилиши ҳақида қарор қабул қилади;

ажратилган маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда молиялаштиришни тўхтатади ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармасига ажратилган маблағларни қайтариш ҳақида топшириқ беради;

маблағ олувчиларнинг маблағлардан фойдаланиш ва бажарилган ишлар ҳақидаги ҳисоботларини эшитади;

ўз ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.


13. Келгуси йил учун тақдим қилинган буюртманомалар ҳар йили 1 июнга қадар Жамғарма Кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари белгиланади ҳамда улар асосида маблағлар ажратиш ҳақида қарор қабул қилинади.


14. Вазирлик тасдиқланган сметага асосан Жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ УЧУН ҲИСОБДОРЛИК,

НАЗОРАТ ВА ЖАВОБГАРЛИК


15. Жамғарма маблағларидан оқилона ва қатъий мақсадларда фойдаланилиши юзасидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


16. Иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича вазир ўринбосари, Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси бошлиғи - Вазирликнинг бош ҳисобчиси бухгалтерия ҳисобининг тўғри юритилиши, Жамғармага маблағлар тушуми ва улардан фойдаланиш тўғрисида ҳисоботларни тузилиши ва тақдим этилишига жавобгар ҳисобланади.


17. Жамғарма маблағларини олувчилар Жамғарма маблағларидан фойдаланиш ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни Вазирликка тақдим этади.


18. Молиялаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси бошлиғи - Вазирликнинг бош ҳисобчиси Жамғарма маблағларини олувчилардан маблағлардан фойдаланиш ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларни қабул қилади ва улар Жамғарма Кенгашида эшитилганидан сўнг умумлаштиради.

Жамғарма даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисобот ҳар чоракда ҳисобот даври тугагандан сўнг 25 кундан кечикмасдан, йиллик ҳисоботлар эса келгуси йилнинг 30 январидан кечикмасдан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим қилинади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


19. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар, қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 29 июнь