Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.07.2018 й. ПҚ-3838-сон "Иммунология ва инсон геномикаси соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар хамда инновацион ишларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.07.2018 й.

N ПҚ-3838



ИММУНОЛОГИЯ ВА ИНСОН ГЕНОМИКАСИ

СОҲАСИДА ФУНДАМЕНТАЛ ВА АМАЛИЙ

ТАДҚИҚОТЛАР ХАМДА ИННОВАЦИОН

ИШЛАРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


Иммунология ва инсон геномикаси бўйича илмий тадқиқотларни янада такомиллаштириш, кенг тарқалган касалликларнинг иммунодиагностикаси, иммунопрофилактикаси ва иммунотерапиясида инновацион технологияларни яратиш, шунингдек, мазкур соҳада юқори малакали маҳаллий илмий кадрларни тайёрлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика иммунология илмий марказини Иммунология ва инсон геномикаси институти (кейинги ўринларда Институт деб юритилади) этиб қайта ташкил қилган холда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тасарруфига ўтказиш;

Институтнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган филиалларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

биотиббиётнинг умумжаҳон ютуқлари билан ўзаро боғлик, иммуногеном технологияларнинг кенг спектри ишлаб чиқилишини таъминловчи комплекс тадқиқотларни амалга ошириш;

онкологик, аутоиммун ва метоболик патологияларда аутоиммун-яллиғланиш жараёнларини шакллантиришнинг тизимли иммунологик, геномик ва хужайра-молекуляр механизмларининг умумийлиги ва фарқлари тўғрисида янги тасаввурларни ўрганиш ва таърифлаш;

маҳаллий хом ашёдан тайёрланган иммунотроп дори воситаларини ўрганиш мақсадида янги фармацевтика технологияларини ишлаб чиқиш учун тизимли иммунология ва геномиканинг ютуқларидан фойдаланиш;

халқаро талабларга мувофиқ мультиомилли (бирикмали) касалликларни диагностика қилиш ва даволаш учун янги иммунобиогенетик, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқишда таҳлилий ва технологик асосларни яратиш;

иммунология, тиббий генетика соҳасида ва улар билан боғлик йўналишларда юқори малакали ёш мутахассислар ва олий малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида фан ва таълимни интеграциялаш шаклларини такомиллаштириш;

инновацион илмий тадқиқотларни ривожлантирадиган янги дастур ва услубларни ишлаб чиқиш, ўқув жараёнини услубий таъминлаш, шунингдек, Институт илмий ходимларининг соҳадаги олий таълим муассасаларининг таълим жараёнида фаол иштирок этишини таъминлаш.


3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институтининг тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

Иммунология ва инсон геномикаси соҳасида фундаментал ва амалий тадқиқотларни, шунингдек, инновацион ишларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентига, заруратга кўра, Институтнинг тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва давлат тилидаги ўз номи тасвирланган муҳрга ва ғазна ҳисобрақамларига эга бўлади;

Институт ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;

Институтнинг бино ва иншоотларини сақлаш хамда ходимлар (илмий ходимлардан ташқари) меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлар грантлари, хўжалик фаолиятидан келадиган тушумлар, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:

бир ой муддатда Институтнинг уставини ўрнатилган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғликни сақлаш вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги Республика иммунология илмий марказининг ўтказиб берилаётган илмий-техник лойиҳалари, ускуналари, моддий бойликлари ва бошқа мулкини, жумладан автотранспорт воситалари ва ёқилғи-мойлаш материаллари лимитларини инвентаризация қилсин хамда уларни Институтга ўтказиб берсин;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, "Ўзбекнефтгаз" АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда Институт филиалларини зарур мебель, компьютер техникаси ва замонавий илмий ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек, уларни юқори малакали мутахассислар билан тўлдириш чораларини кўрсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Институт ҳузурида иммунология ва инсон геномикаси соҳасида ҳақ эвазига мутахассислар малакасини оширадиган ва уларни қайта тайёрлайдиган ихтисослашган марказ ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарор қоидаларидан келиб чиққан ҳолда 2018 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларига зарур ўзгартиришлар киритсин.


8. Қуйидагилар:

Институт Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Яҳё Ғуломов кўчаси, 74-уй манзилидаги бинони Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига оператив бошқарув ҳуқуқи билан ўтказган ҳолда ушбу манзилга;

Институтнинг Андижон филиали бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида Андижон шаҳри, Атабеков кўчаси, 1-уй манзилдаги Андижон давлат тиббиёт институтининг биносига;

Институтнинг Нукус филиали бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида Нукус шаҳри, А.Достаназаров кўчаси, 108-уй манзилдаги Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг биносига жойлаштирилсин.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги икки ҳафта муддатда Институт Қашқадарё филиалининг бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 30 сентябрдаги "Иммунология соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2620-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р. Холмурадов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С. Қосимов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С. Юлдашев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 5 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 9 июль, 27-сон, 551-модда