Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.07.2018 й. 572-сон "Наманган вилоятида балиқ етиштириш бўйича мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.07.2018 й.

N 572




НАМАНГАН ВИЛОЯТИДА БАЛИҚ ЕТИШТИРИШ

БЎЙИЧА МАВЖУД ИМКОНИЯТЛАРДАН

САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Республикада балиқчилик соҳасини жадал ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, балиқчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, интенсив технологияларни жорий этиш кўламини кенгайтириш ҳисобига балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва таннархини пасайтириш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда.

Жорий йил бошидан буён республиканинг барча ҳудудларида балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича ҳудудий чора-тадбирлар дастури қабул қилиниб, унинг ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар ташкил этилди.

Бироқ, ўрганишлар ва мониторинг натижаларига кўра, сунъий сув ҳавзаларидан самарали фойдаланиш, ҳавза ҳосилдорлигини ошириш, соҳага хорижий илғор тажрибаларни жалб этиш борасида ишлар етарлича амалга оширилмаяпти.

Республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, балиқ етиштириш технологиясини илмий асосланган ҳолда ташкил этиш ҳамда Наманган вилояти ҳудудидан ўтувчи Норин дарёси бўйларида балиқ етиштириш бўйича мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, "Ипотека-банк" акциядорлик тижорат ипотека банки, "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси ва Наманган вилояти ҳокимлигининг Наманган вилояти ҳудудидан ўтувчи Норин дарёси бўйларида балиқчилик хўжаликларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Наманган вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда:

бир ой муддатда Норин дарёси бўйларида балиқчилик хўжаликларини ташкил этиш учун Наманган вилоятининг Учқўрғон, Норин ва Уйчи туманлари ҳудудидан иловага мувофиқ белгиланган тартибда ер участкалари ажратилишини;

икки ой муддатда балиқчилик тармоғи бўйича янгидан ташкил этиладиган лойиҳаларга ажратиладиган ер участкалари ҳудудида мол-мулкларни баҳолаш ишларининг якунланиши ва уларнинг эгалари бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга белгиланган тартибда пул компенсациялари тўланишини;

ушбу қарордан келиб чиққан ҳолда, ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш режасига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.

Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарорга иловага мувофиқ ташкил этилаётган балиқчилик хўжаликларига ажратилиши назарда тутилган ер участкалари ҳудудида фаолият юритаётган фермер хўжаликлари балиқчилик тармоғи бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги ўз мурожаатлари бўйича танловларда иштирок этишга ҳақли.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Касб-ҳунар таълим маркази Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмасининг буюртманомалари асосида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, Наманган давлат университети ва Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги Янгиер қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида балиқчилик соҳаси учун кадрлар тайёрлашни ташкил этсин.

Касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни мувофиқлаштириш республика комиссияси Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги Янгиер қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини кўп тармоқли касб-ҳунар коллежи сифатида фаолият юритиши юзасидан таклиф киритсин.

Белгилаб қўйилсинки, Наманган давлат университети ва Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги Янгиер қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида балиқчилик соҳаси учун кадрлар тайёрлаш бўйича Хитой Халқ Республикаси ва Туркия Республикаси тажрибаларини ўрганиш ва малакали мутахассисларини жалб этиш масалаларига Наманган вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда Наманган давлат университетининг ўқув ишлари бўйича проректори масъул этиб бириктирилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси билан биргаликда балиқ етиштириш бўйича интенсив технологиялар ва илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида икки ой муддатда малакали мутахассислар ва балиқчилик хўжаликлари раҳбарларининг балиқчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатларга хизмат сафарини ташкил этсин.

Хизмат сафари якуни бўйича хорижий давлатларда ўрганилган тажрибалар асосида республикамиздаги дарё ва канал бўйларида ресурс тежайдиган технологияларни қўллаш ҳисобига аквакультурани ривожлантиришга доир таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексига киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Норин дарёси бўйларида янгидан ташкил этиладиган балиқчилик хўжаликларининг талабномасига кўра, сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш учун махсус техникалар ажратсин ва имтиёзли нархларда хизмат кўрсатишни таъминласин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва "Ўзбекбалиқсноат" уюшмаси билан биргаликда балиқ ва балиқ маҳсулотлари, консерва ва ярим тайёр маҳсулотлар сотадиган ҳамда овқатланиш шахобчасини ўз ичига олган замонавий инфратузилмага эга савдо мажмуаларининг (кейинги ўринларда савдо мажмуалари деб аталади) барпо этиш бўйича 2018-2019 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласинлар.

Мазкур чора-тадбирлар дастурида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилсин:

инфратузилма объектлари учун ер ажратиш, 2018-2019 йилларда қуриладиган савдо мажмуаларини манзилли жойлаштириш ва қуриш учун пудрат ташкилотлари ҳамда ташаббускорларни аниқлаш;

савдо мажмуаларини молиялаштириш манбалари, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш ва тугатиш муддатлари, фойдаланишга қабул қилиш давлат комиссиялари томонидан ишга тушириш (қабул қилиш) далолатномаларини расмийлаштириш;

биринчи навбатда, бўш турган биноларни хатловдан ўтказиш ва ушбу биноларга савдо мажмуаларни жойлаштириш.


7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги савдо мажмуаларини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш доирасида лойиҳа-смета ҳужжатларининг экспертизадан ўтказилишини ҳамда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини ўрнатсин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Қурилиш вазирлиги билан биргаликда савдо мажмуаларини қурилишини ўз муддатларда ва сифатли тугатилишига шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари З.Т. Мирзаев ва "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси раиси А.Ш. Эргашев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                     А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил 24 июлдаги

572-сон қарорига

ИЛОВА



Наманган вилояти ҳудудидан ўтувчи

Норин дарёси бўйларида балиқчилик

хўжаликларини ташкил этиш учун

ажратиладиган ер участкалари

МАЙДОНИ

                   

Наманган вилояти туманларининг номи

    

Ажратиладиган ер участка майдони, гектар

шундан: массивлар бўйича

массив номи

ер майдони, гектар


контур рақами

Учқўрғон

139,2

Олтин водийсервис


91,4

40, 50, 53, 58, 59, 71, 72, 75, 76, 78, 80, 81, 82 83, 84, 85, 86, 88, 90, 91, 119, 121

Мададкор Ҳамзаобод


27,8

36, 62, 96

Наманган ўрмон хўжалиги


20,0

5, 7, 8, 11, 20

Норин

62,9

Норинкапа

24,5

4, 24

Пахтакор


38,4

5, 99, 10, 101, 102

Уйчи

49,7

Уйчи Гулистон


49,7

285, 296, 389, 390, 400, 401, 402, 406

Жами:


251,8

х

251,8

х

    


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 24 июль