Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Кредит бюроларини рўйхатга олиш ва уларнинг фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 25.07.2018 й. 3042-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 28.04.2018 й. 16/23-сон қарори билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 25 июлда 3042-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2018 йил 28 апрелдаги

16/23-сон қарорига

ИЛОВА



Кредит бюроларини рўйхатга олиш ва

уларнинг фаолиятини лицензиялаш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом кредит бюроларини рўйхатга олиш ва уларнинг фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситалари - ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун унинг криптографик алмаштирилишини амалга оширувчи техник ва дастурий воситалар;


банк телекоммуникация тармоғи - банк тизимининг идоравий телекоммуникация тармоғи;


кредит ахбороти алмашинуви тизими (бундан буён матнда тизим деб юритилади) - кредит ахбороти алмашинуви иштирокчилари ўртасида вужудга келадиган муносабатлар мажмуаси;


электрон ахборот - Ўзбекистон Республикасининг "Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ тизим иштирокчилари ўзаро алмашадиган электрон маълумот;


VPN тармоғи - электрон ахборот алмашинуви жараёнида алоқа каналларида бир ёки бир нечта тармоқлари боғланишларини таъминлайдиган виртуал тармоқ.


2. Кредит бюролари фаолиятини кредит бюроси фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) асосида амалга оширади.

Кредит бюроларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


3. Лицензия амал қилиш муддати чекланмасдан берилади.


4. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Марказий банк Бошқаруви қарори билан амалга оширилади.



2-БОБ. КРЕДИТ БЮРОСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


5. Кредит бюросини ташкил этиш тўғрисидаги таъсис шартномасини имзолаган юридик шахслар ва (ёки) норезидент юридик шахслар кредит бюросининг муассислари бўлиши мумкин.


6. Имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудларда (оффшор ҳудудлар) рўйхатга олинган норезидент юридик шахслар кредит бюросининг муассислари бўлиши мумкин эмас.


7. Кредит бюроси ўзининг фирма номи ёзилган штампларга, бланкаларга ва ўз эмблемасига эга бўлишга ҳақли.

8. Қуйидаги шахслар кредит бюросининг ижро органи раҳбари лавозимига мувофиқ эмас деб топилади ҳамда ушбу лавозимни эгаллаши мумкин эмас:

олий иқтисодий маълумотга эга бўлмаган шахслар;

камида беш йиллик иш тажрибасига, шу жумладан кредит амалиёти билан боғлиқ йўналишда камида уч йиллик иш тажрибасига эга бўлмаган шахслар;

ижро органи аъзоси, кузатув кенгаши аъзоси ёки ҳал қилувчи эгаликка эга бўлган иштирокчи (акциядор) сифатида ёхуд бошқа усулда ўзи томонидан назорат қилинган юридик шахсни ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги оқибатида тўловга қобилиятсизлик ва мажбурий ликвидация ҳолатига олиб келган шахслар;

иқтисодиёт соҳасидаги ёки бошқарув тартибига қарши жиноят учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар.


3-БОБ. КРЕДИТ БЮРОСИДА ДАСТУРИЙ ВА ТЕХНИК

ВОСИТАЛАР, АХБОРОТ ХАВФСИЗЛИГИ ВА

МУҲОФАЗАСИНИ ТАЪМИНЛАШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


9. Кредит бюроси ахборот тизимларида қўлланиладиган ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасининг лицензияланган ва сертификатланган дастурий-техник воситалари қуйидагиларни таъминлаши керак:

тизим иштирокчилари бўлган кредит ташкилотлари ва бошқа ташкилотларни ҳамда уларнинг ходимларини идентификация ва аутентификация қилишни;

тизимдаги ахборотларнинг махфийлигини;

аутентификацияланган маълумот алмашинувини;

ахборотни шакллантириш, узатиш, фойдаланиш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнларида маълумотларнинг бутлигини;

нормал фойдаланиш шароитида тизимнинг барча ресурсларига авторизациялашган рухсат ёрдамида киришни;

фойдаланувчиларнинг ресурсларга кириш чегараларини белгилашни;

фойдаланувчиларнинг тизимга кириш ва чиқиш бўйича ҳаракатларини ҳамда кириш ҳуқуқларини бузишга уринишларини қайд этишни;

фавқулодда ҳолатларда тизимнинг хавфсизлиги ва узилишларсиз фаолиятини;

ахборот хавфсизлиги бўйича хавфларни аниқлаш ва олдини олишни;

маълумотларни захиралаш ва қайта тиклаш имкониятини.

Кредит бюроси ахборот тизимларида қўлланиладиган ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасининг лицензияланган ва сертификатланган дастурий-техник воситалари таркибий қисми ҳисобланувчи скоринг бўйича дастурий таъминотга эга бўлиши лозим.

9-1. Кредит бюросининг скоринг бўйича дастурий таъминоти потенциал қарз олувчининг кредитга лаёқатлилик даражасини баҳолаш ва мавжуд кредит ахбороти алмашинуви тизимига интеграциялашув имкониятини бериши ва қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

анкета саволлари;

баллаш тартиби;

ишлатиладиган коэффициентлар (моделларнинг ишончлилик даражасини тасдиқловчи кўрсаткичлар, эҳтимолий дефолт кўрсаткичлари);

математик моделлар.

10. Кредит бюросининг сервер хоналарида:

сервер хонасининг аппаратурасига ҳимоя қилинган алоҳида электр таъминот тармоғи кўзда тутилган;

қўриқлаш, ёнғин сигнализацияси, ёнғин ўчириш тизими, ёритиш ва авария ҳолатида ёритиш тизимлари;

мустаҳкам деворлар, тўсиқлар ва панжаралар;

махсус кодли ёки бошқа турдаги қулфлар билан жиҳозланган мустаҳкам эшиклар;

ташқи кузатувга қарши ҳимоя воситалари;

захира электр таъминот манбаларига уланиши ва совутиш тизимлари мавжуд бўлиши лозим.


11. Кредит бюроси серверларини ташқи таъсирдан ҳимоялаш учун тармоқлараро экранлар (Firewall) ҳамда ахборотни муҳофаза қилувчи лицензияланган техник ва дастурий воситалар ўрнатилиши зарур.


12. Кредит ахборотлари алмашинуви қатнашчиларини аутентификация қилиш ва кредит бюроси ахборот тизимларини пароль ва антивирус билан ҳимоялаш чоралари кўрилиши лозим.


13. Компьютер ва бошқа жиҳозлар ишдан чиққан ҳолларда кредит бюросининг узилишсиз фаолият юритишини таъминлаш мақсадида тизимнинг захира тикланиш режаси ҳамда зарур дастур ва воситалар бўлиши шарт.


14. Кредит бюро серверлари ва компьютерлари электр энергия билан узилишларсиз таъминлаш учун энергия таъминоти қурилмалари ва дизель-генератор бўлиши керак.


15. Кредит бюро тизим иштирокчилари билан ахборот алмашинуви учун банк телекоммуникация тармоғи ёки умумий фойдаланишдаги телекоммуникация (интернет) тармоғидан фойдаланади.


16. Кредит ахбороти алмашинуви жараёнида тизим иштирокчилари ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларидан фойдаланишлари лозим.


17. Кредит бюросининг Марказий банк ва кредит ташкилотлари билан электрон ахборот алмашинуви Марказий банкнинг "Ахборотлаштириш бош маркази" давлат унитар корхонаси билан тузилган шартнома асосида банк телекоммуникация тармоғи орқали амалга оширилади. Бунда қуйидаги хавфсизлик чоралари кўрилиши керак:

а) кредит ахборотлари билан ишлаш учун фақат тегишли рухсатга эга бўлган ходимлар қўйилади;

б) фойдаланувчиларнинг тизимга кириши учун аутентификация қилиш:

логин ва пароль (8 та белгидан кам бўлмаган рақам ва символлар комбинацияси ҳамда пароль ва логинларни муддати тугашига қараб ўзгартириш имконияти бўлиши лозим. Паролнинг амал қилиш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим);

аппарат-дастурий воситалар ёрдамида амалга оширилади;

в) кредит бюросининг кредит ахборотлари алмашинувида қатнашувчи ходимларининг серверлар ва компьютерлар телекоммуникация тармоқлари орқали ишлаши учун аппарат-дастурий воситалар билан жиҳозланиши керак;

г) кредит бюросидаги ахборотларни қайта ишлаш, узатиш ва қабул қилиш учун ажратилган серверлар ва компьютерларга умумий локал тармоққа уланган бошқа компьютерлардан кириш имконияти бўлмаслиги керак;

д) кредит бюроси томонидан узатиладиган ва қабул қилинадиган ҳар қандай ахборот электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши ҳамда бажарилган ишлар бўйича маълумот автоматик равишда электрон журналга киритилиши керак. Бунда электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгаси қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланиш устидан назоратни таъминлаши;

электрон рақамли имзо калити сертификатини берган электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказига электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланиш режими бузилганлиги ёки бузилиши эҳтимоли борлиги тўғрисида хабар қилиши ва электрон рақамли имзо калити сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туришни ёхуд мазкур сертификатни бекор қилишни талаб қилиши;

ўзи вакил бўлган юридик шахс қайта ташкил этилганда ва тугатилганда, бу ҳақда электрон рақамли имзо калити сертификатини берган электрон рақамли имзолар калитларини рўйхатга олиш марказига хабар қилиши;

е) электрон рақамли имзо очиқ калитининг фойдаланувчиси электрон рақамли имзонинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган ҳолларда электрон рақамли имзонинг ёпиқ калити эгасига хабар беради;

ж) кредит бюросини тизимларда кредит ахборотига тегишли бўлмаган ахборотларнинг узатилиши тақиқланади;

з) кредит бюроси томонидан узатиладиган ва қабул қилинадиган маълумотлар сўнгги янгиланган базали антивирус дастури ёрдамида вируслар мавжудлигини аниқлаш учун текширилиши керак;

и) электрон ахборотлар алмашинувида виртуал тармоқлар VPN тармоқлари асосида ташкил этилган ва ҳимояланган алоқа каналлари қўлланилиши керак.

Ахборотнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча ахборотни муҳофаза қилиш воситалари қўлланилиши мумкин.


18. Мазкур Низомнинг 17-бандида кўрсатилганлардан ташқари тизим иштирокчилари кредит ахборотлари алмашинуви учун умумий фойдаланишдаги телекоммуникация тармоқларидан тегишли шартномалар асосида фойдаланишлари мумкин. Бунда:

фойдаланувчиларни тизимга киришида аутентификация қилиш логин ва пароль (8 та белгидан кам бўлмаган рақам ва символлар комбинацияси) ёки аппарат-дастурий воситалар ёрдамида амалга оширилади. Аутентификация натижаси уч марта нотўғри бўлган ҳолда, тизим беркитилиши лозим;

кредит бюросининг фойдаланувчилар, ахборотни етказиб берувчилар ва бошқа кредит бюроси билан электрон ахборот алмашинуви жараёнида ахборотларни криптографик ҳимоялаш ва хавфсиз узатишни кўзда тутадиган протокол (SSL протокол) бўйича амалга оширилиши, виртуал хусусий тармоқлар VPN тармоқлари асосида ташкил этилган ва ҳимояланган алоқа каналлари қўлланилиши керак;

кредит бюроси серверлари томонидан узатиладиган ва қабул қилинадиган маълумот сўнгги янгиланган базали антивирус дастури билан вируслар текширилиши зарур.



4-БОБ. КРЕДИТ БЮРОСИНИ ДАВЛАТ

РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ШАРТЛАРИ


19. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун Марказий банкка жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилган ҳолда ариза берилиб, унга қуйидагилар илова қилинади:

муассислар умумий йиғилишининг кредит бюросини ташкил этиш тўғрисидаги баённомаси;

кредит бюросининг таъсис ҳужжатлари;

кредит бюросининг раҳбари ва муассислари ҳақидаги маълумотлар;

кредит ахборотини рухсат этилмаган ҳолда унга киришдан, йўқ қилиб юборишдан, ўзгартиришдан, ундан фойдаланишдан ёки уни ошкор этишдан ҳимоя қилишни таъминловчи дастурий-техникавий комплекснинг параметрлари ва жойлашуви ушбу Низом талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

кредит бюросининг устав фонди шакллантирилганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати;

давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати.

Аризада муассисларнинг электрон манзили кўрсатилиши мумкин ва уларнинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида хабарномани ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга розилиги ҳисобланади.


20. Мазкур Низомнинг 19-бандида келтирилган барча ҳужжатлар икки нусхада ёки электрон шаклда тақдим этилади.


21. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия олиш юзасидан тақдим этилган аризага ва унга илова қилинган ҳужжатлардаги барча маълумотларнинг тўғрилигига кредит бюроси муассислари жавобгардир.


22. Марказий банк давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз кун ичида кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади ва унга лицензия беради ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


23. Марказий банк кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни қуйидаги ҳолларда рад этиши мумкин:

давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун зарур бўлган, мазкур Низомнинг 19-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

таъсис ҳужжатлари ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаганда;

давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

кредит ахборотини рухсат этилмаган ҳолда унга киришдан, йўқ қилиб юборишдан, ўзгартиришдан, ундан фойдаланишдан, уни ошкор этишдан ҳимоя қилишни таъминловчи дастурий-техникавий комплекс мавжуд бўлмаганда ёки дастурий-техникавий комплекс мазкур Низомнинг 3-бобида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

кредит бюросининг раҳбари белгиланган малака талабларига мувофиқ бўлмаганда.


24. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, рад этиш сабаблари ҳамда ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, такроран кўриб чиқиш тўғрисидаги ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда, ариза берувчига ёзма ва/ёки электрон шаклда юборилади. Бунда кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.


25. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун тақдим этилган ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, ариза ва унга илова қилинган барча зарур ҳужжатлар олинган кундан эътиборан ўн кунда амалга оширилади. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган ариза янгидан берилган ҳисобланади.


26. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш тўғрисидаги ариза такроран кўриб чиқилаётганда давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


27. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.


28. Лицензияни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.


29. Марказий банк ариза берувчини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақида ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни ичида ёзма хабардор қилиши керак.

30. Кредит бюроси Кредит бюроларининг давлат реестрида рўйхатга олинган вақтдан бошлаб юридик шахс мақомини олади. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда унга лицензия берилади.

Лицензия унинг ҳаққонийлигини онлайн текшириш имконини берадиган, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидаги тегишли ахборот ресурси манзилига ҳаволани ўз ичига олган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган электрон ҳужжат кўринишида берилади.

31. Лицензия реестрида мавжуд бўлган маълумотлар Марказий банкнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.


32. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.

Кредит бюросига лицензия берганлик учун давлат божи ундирилмайди.


5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИБ

ТУРИШ, ТУГАТИШ, ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ

ВА ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

33. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикасининг "Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Қонунида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.


6-БОБ. КРЕДИТ БЮРОСИНИ ҚАЙТА

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


37. Кредит бюросини қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикасининг "Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


38. Қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин кредит бюроси бу ҳақда бир иш кунидан кечиктирмай Марказий банкка ёзма шаклда хабар қилади ва икки ой мобайнида оммавий ахборот воситаларида ҳар ҳафта тегишли эълон бериб боради.


39. Кредит бюроси қайта ташкил этилган тақдирда, кредит ахбороти маълумотлар базаси кредит бюросининг ҳуқуқий ворисига, агар у лицензияга эга бўлса, топширилади. Бу ҳолда кредит бюросининг ҳуқуқий вориси бу ҳақда кредит ахбороти етказиб берувчиларни ва Марказий банкни кредит ахбороти маълумотлар базаси олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида ёзма шаклда хабардор этиши шарт. Бунда оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилган эълонларда кредит бюросининг кредит ахбороти маълумотлар базаси унинг ҳуқуқий ворисига топширилганлиги кўрсатилади.


40. Кредит бюросининг ҳуқуқий вориси лицензияга эга бўлмаса, шунингдек кредит бюроси тугатилган, лицензиянинг амал қилиши тугатилган ёки у бекор қилинган ҳолларда, кредит ахбороти маълумотлар базаси Марказий банкка текин топширилади.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


41. Кредит бюросининг муассис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда Марказий банкда рўйхатдан ўтказилиши керак.


42. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


43. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 25 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 30 июль, 30-сон, 630-модда