Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.07.2018 й. ПҚ-3877-сон "Ташқи молиялаштириш манбаларини диверсификациялаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

21.07.2018 й.

N ПҚ-3877



ТАШҚИ МОЛИЯЛАШТИРИШ МАНБАЛАРИНИ

ДИВЕРСИФИКАЦИЯЛАШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликнинг мустаҳкамлигини таъминлашга ҳамда хусусий, шу жумладан хорижий инвестициялар учун республиканинг инвестиция муҳитини тубдан яхшилашга қаратилган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга мамлакатни халқаро капитал бозорларига интеграциялаштириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаётганлиги ташқи молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини жалб қилиш ва уларнинг ҳажмларини кенгайтириш имкониятларини чекламоқда.

Ўтказилган ўрганиш Ўзбекистоннинг етакчи банклари ва йирик корхоналари томонидан корпоратив рейтингларни олиш ҳамда давлат кафолатисиз хорижий инвестиция ва қарзларни жалб қилиш бўйича республиканинг имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирадиган мамлакатнинг суверен кредит рейтингини олиш зарурлигини кўрсатмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, ташқи молиялаштириш ҳажмини кенгайтириш ва манбаларини диверсификациялаш, хорижий инвесторлар учун мамлакатнинг жозибадорлигини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Марказий банкининг жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини олиш, шунингдек, ўтказилган танлов натижаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини олиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг суверен облигацияларини эмиссия қилиш учун молиявий маслаҳатчи сифатида "J.P. Morgan Chase" бошчилигидаги банклар консорциумини тайинлаш бўйича таклифларига розилик берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси молия вазирига "J.P. Morgan Chase" бошчилигидаги банклар консорциуми, шунингдек, танлов натижаларига кўра тегишли халқаро компаниялар билан Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини олиш, суверен облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш жараёнида консультацион ва бошқа хизматлар кўрсатиш ҳақида ҳамда рейтинг агентликлари билан Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини олиш учун тегишли битимларни имзолаш ваколати берилсин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги суверен қарзлар, шу жумладан корпоратив (банк) қарз мажбуриятлари эмиссиясини мувофиқлаштириш бўйича барча операцияларни амалга оширувчи ваколатли орган ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини олиш, суверен облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш учун мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган маслаҳатчи ва бошқа молиявий ҳамда юридик консультантларни, рейтинг агентликларини, шунингдек, фискал, тўлов, трансфер ва листинг агентларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳаларни комплекс экспертизадан ўтказиш ва импорт контрактлари маркази" ДУКда тендер (танлов) савдолари ва экспертиза ўтказмасдан, рўйхатга олмасдан, тўғридан-тўғри шартномалар тузиш йўли билан жалб қилишга ҳақли;

Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини олиш, суверен облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш бўйича экспертлар, молиявий консультантларнинг хизмат сафари билан боғлиқ харажатларни қоплаш, шунингдек, юридик консультантлар, рейтинг агентликлари, фискал, тўлов, трансфер ва листинг агентларининг хизматлари учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

молиявий консультантларнинг хизматлари учун шартномаларга мувофиқ тўловлар Ўзбекистон Республикасининг суверен облигацияларини жойлаштиришдан тушадиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


5. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини олиш, суверен ва корпоратив (банк) облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш жараёнини мувофиқлаштириш мақсадида иловага мувофиқ таркибда Идоралараро ишчи гуруҳ;

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасида бошқарув ходимларининг сони 16 та штат бирлигидан иборат Давлат суверен, корпоратив (банк) қарз мажбуриятлари ва давлат қарзи бошқармаси ташкил этилсин ва вазирликка:

Ўзбекистон Республикасининг кредит рейтингини олиш ва сақлаб туриш жараёнида ҳамда суверен ва корпоратив (банк) облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш давомида халқаро рейтинг агентликлари, молиявий ва юридик консультантлар ва бошқа шахслар билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси субъектларининг суверен ва корпоратив кредит рейтингини олиш, шунингдек, суверен ва корпоратив (банк) облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш жараёнида фойдаланиладиган макроиқтисодий ва бошқа кўрсаткичлар бўйича статистика ва ахборот материалларини кейинчалик хорижий шерикларга тақдим этиш учун тайёрлаш;

экспертлар, рейтинг агентликлари, молиявий консультантлар ва хорижий инвесторлар тавсияларини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат қарзини ҳисобга олиш ва ҳисоботини юритиш ҳамда ўз ваколати доирасида уларни бошқариш, шунингдек, давлат ташкилотларининг ташқи қарзини ҳисобга олиш бўйича қўшимча фунциялар юклатилсин.


6. Белгилансинки, молиявий ва юридик консультантлар ҳамда суверен облигациялар эмиссияси жараёнига жалб этиладиган бошқа шахслар хизматларининг нархи Идоралараро ишчи гуруҳнинг тўғридан-тўғри музокаралари асосида белгиланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини олиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг суверен облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш бўйича "Йўл харитаси" лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўн кун муддатда киритсин.


8. Ўзбекистон Республикасининг халқаро облигацияларини жойлаштиришдан тушадиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига асосан белгиланган мақсадларга йўналтирилади.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2018 йил 21 июлдаги

ПҚ-3877-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит

рейтингини олиш, суверен ва корпоратив (банк)

облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш жараёнини

мувофиқлаштириш Идоралараро ишчи гуруҳ

ТАРКИБИ

     

Ж.А.Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири, идоралараро ишчи гуруҳ раҳбари


Б.А.Ходжаев

-

иқтисодиёт вазири, идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари ўринбосари


Р.А.Гулямов

-

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси


Б.А.Бегалов

-

Давлат статистика қўмитаси раиси


Т.А.Ишметов

-

Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари


А.Я.Ҳайдаров

-

молия вазирининг биринчи ўринбосари


Н.С.Жўраев

-

адлия вазирининг биринчи ўринбосари


Ш.А.Вафаев

-

Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори


лавозим бўйича

-

Молия вазирлигининг Давлат суверен, корпоратив (банк) қарз мажбуриятлари ва давлат қарзи бошқармаси бошлиғи, идоралараро ишчи гуруҳ котиби


      

Изоҳ: Идоралараро ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёки тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 23 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 23 июль, 29-сон, 602-модда