Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"Спортчи" лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 10.08.2018 й. 3051-сон билан рўйхатга олинган Жисмония тарбия ва спорт вазирининг 20.07.2018 й. 11-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 10 августда 3051-сон

билан рўйхатга олинган

Жисмоний тарбия ва

спорт вазирининг

2018 йил 20 июлдаги

11-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



"Спортчи" лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга

ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом "спортчи" лавозимига қўйиладиган талаблар, уларга ойлик иш ҳақи ва устамалар белгилаш тартибини назарда тутади.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Спортчи" лавозими Спорт турларини ривожлантириш республика марказлари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг штат жадвалларида назарда тутилади.

2. Спорт турларини ривожлантириш республика марказлари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларида "спортчи" лавозими бўйича штат бирликлари сони спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

3. Мусобақаларга тайёргарлик кўриш, юқори натижаларга эришиш, Ўзбекистон Республикасини халқаро миқёсда юқори ўринларга кўтариш, шунингдек спорт турлари бўйича спорт мутахассислари ўртасида касбий тажриба алмашиш "спортчи" лавозимининг асосий вазифалари ҳисобланади.



2-БОБ. "СПОРТЧИ" ЛАВОЗИМИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


4. "Спортчи" лавозимига қабул қилиш учун қўйидаги талаблар қўйилади:

танлаган Олимпия спорт турлари билан мунтазам шуғулланиши, доимо ўзининг спорт маҳоратини ошириб бориши ва спорт тадбирларида қатнашиши;

Спорт турларини ривожлантириш республика марказлари ёки ихтисослаштирилган спорт мактабларининг бирида шуғулланиши;

Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг асосий таркибидаги спортчи бўлиши;

танлаган Олимпия спорт турлари бўйича тегишли спорт унвонлари ёки спорт разрядларига эга бўлиши.


5. "Спортчи" лавозимидаги спортчининг мажбуриятлари:

спорт режимига, интизомга амал қилиш;

оммавий спорт тадбирларини ташкиллаштиришда ёрдам бериш, шунингдек қатнашиш;

спорт-соғломлаштириш машғулотларини ўтказилишига кўмаклашиш;

касбий касаллик ва спорт жароҳатининг олдини олиш мақсадида мажбурий даврий тиббий кўриклардан ўтиш;

мусобақа қоидаларига асосан тақиқланган услублардан, шунингдек сунъий стимулятор  допинг ва бошқа тақиқланган воситалардан фойдаланмаслик.


6. "Спортчи" лавозимидаги спортчиларнинг меҳнат муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилиги нормалари билан тартибга солинади.


7. Спортчилар Ўзбекистон миллий терма жамоаларининг асосий таркибидан чиқарилган тақдирда улар билан тузилган меҳнат шартномаси белгиланган тартибда бекор қилинади. Бунда у фақат "спортчи" лавозимидан озод қилинади, бироқ спортчи шуғулланаётган Спорт турларини ривожлантириш республика маркази ёки ихтисослаштирилган спорт мактабида шуғулланишини давом эттириши мумкин.


3-БОБ. "СПОРТЧИ" ЛАВОЗИМИГА ОЙЛИК

ИШ ҲАҚИ ВА УСТАМАЛАР БЕЛГИЛАШ


8. "Спортчи" лавозими бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 15 июлдаги 235-сон "Бюджет ташкилотларида ишлайдиган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги мутахассисларнинг касблари ва лавозимлари бўйича тариф разрядларини тасдиқлаш ҳақида"ги қарори асосида ва тегишли ҳудудларда район коэффициентини қўллаган ҳолда иш ҳақи тўланади.


9. "Спортчи" лавозимига устамалар Спорт турларини ривожлантириш республика марказлари ҳамда ихтисослаштирилган спорт мактаблари раҳбари томонидан Олимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатларида ва бошқа спорт мусобақаларида эришган натижаларидан келиб чиқиб, Спорт турларини ривожлантириш республика маркази ва ихтисослаштирилган спорт мактаби тренерлар кенгашининг қарорига асосан уларнинг лавозим иш ҳақига нисбатан моддий рағбатлантириш жамғармаси доирасида белгиланади.

10. "Спортчи" лавозимига Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 177, 1995 йил 20 сентябрь) мувофиқ устамалар берилади.

Бунда, спорт мусобақаларида юқори ютуқларга эришганлик учун лавозим маоши (тариф ставкаси)нинг кўпи билан 50 фоизи миқдорида шахсий устамалар берилиши мумкин.


11. "Спортчи" лавозимидаги спортчининг спорт натижалари ёмонлашганда ва у "спортчи" лавозимига қўйилган талабларни лозим даражада бажармаганда, спортчи томонидан меҳнат интизоми бузилганда устамалар Спорт турларини ривожлантириш республика маркази ва ихтисослаштирилган спорт мактаби тренерлар кенгашининг қарорига асосан бекор қилинади ёки камайтирилади.

12. "Спортчи" лавозими бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш харажатлари Спорт турларини ривожлантириш республика маркази ва ихтисослаштирилган спорт мактабининг тасдиқланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида амалга оширилади.


4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


13. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


14. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 11 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 13 август, 32-сон, 672-модда