Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Баҳоловчиларга тоифалар бериш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 11.08.2018 й. 3052-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг 11.07.2018 й. 215-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2018 йил 11 августда 3052-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Президенти ҳузуридаги

Лойиҳа бошқаруви миллий

агентлиги директорининг

2018 йил 11 июлдаги

215-сон буйруғига

ИЛОВА



Баҳоловчиларга тоифалар бериш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 июндаги ПҚ-3764-сон "Баҳолаш хизматлари бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ баҳоловчиларга тоифалар бериш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 июндаги ПҚ-3764-сон "Баҳолаш хизматлари бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан баҳоловчиларга қуйидаги тоифалар берилади:

сертификатланган баҳоловчи;

иккинчи тоифали баҳоловчи;

биринчи тоифали баҳоловчи;

олий тоифали баҳоловчи.

Сертификатланган баҳоловчи тоифаси баҳоловчига малака сертификати берилаётган вақтда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) томонидан берилади.


2. Баҳоловчилар иккинчи, биринчи ва олий тоифалар олиш учун қуйидаги асосий талабларга жавоб беришлари лозим:

иккинчи тоифага - тоифа берилаётган вақтда баҳоловчи ташкилотда баҳоловчи сифатидаги бир йилдан кам бўлмаган иш тажрибасининг, шунингдек турли баҳолаш объектларини баҳолаш бўйича камида 15 та мустақил равишда бажарилган ишларнинг мавжудлиги;

биринчи тоифага - тоифа берилаётган вақтда баҳоловчи ташкилотда баҳоловчи сифатидаги уч йилдан кам бўлмаган иш тажрибасининг, шунингдек турли баҳолаш объектларини баҳолаш бўйича камида 25 та мустақил равишда бажарилган ишларнинг мавжудлиги, шу жумладан бизнес бўйича;

олий тоифа - тоифа берилаётган вақтда баҳоловчи ташкилотда баҳоловчи сифатидаги беш йилдан кам бўлмаган иш тажрибасининг, шунингдек турли баҳолаш объектларини баҳолаш бўйича камида 35 та мустақил равишда бажарилган ишларнинг мавжудлиги, шу жумладан бизнес бўйича.

Баҳоловчиларга тоифа беришда қўшимча талаблар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўрнатилади.


3. Мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган асосий талабларга жавоб берган баҳоловчиларга Марказ томонидан иккинчи, биринчи ва олий тоифалар берилади.


4. Баҳоловчи тегишли тоифани олиш учун Марказга қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилади:

а) меҳнат дафтарчасидан нусха (баҳоловчи ташкилот томонидан аслига тўғрилиги тасдиқланган бўлиши лозим);

б) баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг нусхалари (баҳоловчи ташкилот томонидан аслига тўғрилиги тасдиқланган бўлиши лозим);

в) баҳоловчи малака сертификатининг нусхаси;

г) тоифа олиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдоридаги тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Баҳоловчидан мазкур бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


5. Ҳужжатлар баҳоловчи томонидан Марказга бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан бирга почта алоқаси воситаси ёки электрон почта орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар Марказнинг масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


6. Нотўғри маълумотлар тақдим этилганлиги учун баҳоловчи қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


7. Марказ ариза келиб тушган кундан бошлаб уч иш кун мобайнида баҳоловчининг ҳужжатларини тоифа бериш махсус комиссияга (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) йўллаш учун қарор қабул қилади.


8. Баҳоловчи томонидан тақдим этилган аризага баҳоловчини тегишли тоифа учун мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинмаган бўлса, баҳоловчининг аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар Марказ томонидан баҳоловчига камчиликларни бартараф этиш учун қайтарилади.

Марказ томонидан ариза қайтарилишининг аниқ сабаблари кўрсатилган ёзма хабарнома баҳоловчига икки иш куни ичида юборилади.


9. Аризаси қайтарилган баҳоловчи, қайтариш учун асос бўлган камчиликларни бартараф этганидан сўнг мазкур Низомда белгиланган тартибда Марказга қайта мурожаат қилишга ҳақли.



2-БОБ. БАҲОЛОВЧИЛАРГА ТОИФА БЕРИШ


10. Баҳоловчиларга тегишли тоифани бериш Агентлик директорининг буйруғи билан тасдиқланадиган камида 5 нафар аъзодан иборат комиссия томонидан амалга оширилади.

Марказ комиссиянинг ишчи органи вазифасини бажаради.

Комиссия таркиби Агентлик, Марказ, баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар бирлашмалари вакилларидан ташкил топади.

Тоифа олиш учун талабгор бўлган баҳоловчи комиссия йиғилиши ўтказиладиган сана, вақт ва жой ҳақида комиссия йиғилиши ўтказиладиган кундан камида ўн кун олдин Марказ томонидан хабардор қилинади.

Комиссия йиғилишлари ўтказиш жараёнларининг шаффофлиги ва холислигини таъминлаш мақсадида комиссия йиғилишлари ўтказиш жараёнлари узлуксиз равишда видеоёзувга туширилади.

Комиссиянинг йиғилишлари ҳар икки ойда камида бир маротаба ўтказилади. Комиссия йиғилиши унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.


11. Комиссия йиғилишлари комиссия таркибини эълон қилиш ва тоифа олишга талабгор бўлган баҳоловчи фаолияти билан таништиришдан бошланади.


12. Комиссия йиғилишида талабгор томонидан тегишли тоифани олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар ўрганилади, баҳоловчи томонидан турли баҳолаш объектларини баҳолаш бўйича тузилган баҳолаш ҳисоботлари таҳлил қилинади ва комиссия томонидан баҳоловчига тоифа бериш ёки тоифа беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Қабул қилинган қарор баённома шаклида расмийлаштирилади.


13. Боҳоловчи мазкур Низомнинг 2-бандида белгиланган талабларга жавоб берган тақдирда, комиссия томонидан баҳоловчига тегишли тоифани бериш тўғрисида қарор қабул қилинади.


14. Комиссия томонидан рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, комиссия баҳоловчига ёзма равишда сўралган тоифани беришда рад этилганлиги сабабларини кўрсатган ҳолда хабар беради.


15. Комиссиянинг қарори баҳоловчининг малака сертификатига тегишли ўзгартиришларни киритишга асос бўлади.


16. Комиссия томонидан баҳоловчига тоифа беришни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

а) баҳоловчи тоифа учун белгиланган талабларга жавоб бермаса;

б) баҳоловчининг тоифа учун белгиланган талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжатларидаги маълумотлар нотўғри ёки ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланса.


17. Комиссия томонидан қарор баҳоловчи иштирокисиз, очиқ овоз бериш орқали кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда комиссия раиси овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссия раиси ва аъзолари овоз беришда бетараф қолиш ҳуқуқига эга эмаслар. Комиссия раиси энг охирида овоз беради.


18. Баҳоловчи томонидан сўралган тоифани бериш рад этилганда, баҳоловчи мазкур Низомга мувофиқ ҳужжатларни қайта тақдим этишга ҳақли.


19. Баҳоловчининг малака сертификатига ўзгартиришлар киритиш учун, баҳоловчи Марказга малака сертификатни қайта расмийлаштириш ҳақида ариза беради, бунда малака сертификатини асл нусхасини ва комиссия котибининг имзоси билан тасдиқланган тоифани бериш ҳақидаги комиссиянинг қарор нусхасини илова қилади.



3-БОБ. ТОИФАНИ ТАСДИҚЛАШ

ТАРТИБИ


20. Баҳоловчига нисбатан бир неча бор асосланган шикоятлар келиб тушган тақдирда, баҳоловчига тоифа берилган кундан бошлаб бир йилдан сўнг Марказ тоифани тасдиқлаш жараёнини амалга ошириши мумкин, сертификатланган баҳоловчи тоифаси бундан мустасно.


21. Тоифани тасдиқлаш жараёни, баҳоловчини фаолияти ҳақида баҳоловчи ташкилотлардан, жамоат ташкилотларидан ҳамда бошқа жисмоний ва юридик шахслардан, баҳоловчини фаолияти натижалари ва сифати бўйича, шунингдек унинг баҳолов фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш, баҳолов ҳисоботи сифатини ошириш тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва уларни таҳлил қилишдан иборат бўлади.


22. Марказ томонидан баҳоловчининг амалдаги тоифасига мувофиқлиги тўғрисида шубҳа туғдирувчи маълумотлар аниқланган тақдирда, Марказ комиссияга баҳоловчини тоифасини қайта кўриб чиқиш тўғрисида ҳужжатларни юборишга ҳақли.


23. Баҳоловчини тоифасини қайта кўриб чиқиш бўйича ҳужжатларни кўриб чиқиш, комиссия томонидан тоифани бериш юзасидан баҳоловчининг аризасини кўриб чиқиш тартибига асосан амалга оширилади.


24. Тоифаси пасайтирилган баҳоловчи, бир йилдан сўнг тоифасини тиклаш юзасидан комиссияга мурожаат этишга ҳақли.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


25. Комиссиянинг баҳоловчига тоифа беришни рад этиш тўғрисидаги қарори юзасидан баҳоловчи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиши мумкин.


26. Комиссия аъзолари баҳоловчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги махфий маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.


27. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


28. Мазкур Низом Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази, Ўзбекистон баҳоловчилар жамияти ва Ўзбекистон баҳоловчи ташкилотлар ассоциацияси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 13 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2018 йил 20 август, 33-сон, 685-модда